Агар одамга нисбатан олинадиган бўлса, “соғлом фарзанд” бўлиши керак эмасми?
Келгуси 2014 йил Ўзбекистонда “Соғлом бола” йили деб номланадиган бўлди…
“Ўзбекистон Президентига мактублар” туркумидан
1.
Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!
Ўзбекистон Конституциясининг 21 йиллиги муносабати билан қилган маърузангиздан ниҳоятда ҳаяжонландим.
Сизнинг нутқингизни тинглаб, ўзимни олис Канадада эмас, балки ўша Сиз нутқ ирод этаётган муҳташам форумлар кошонасида ўтиргандай ҳис қилдим.
Марузадаги ҳар бир сўз, ҳар бир жумла – Сиз ўз умрингизни бахт саодати йўлида бахшида этган шу халқ томонидан нечоғлиқ қайноқ меҳр ва муҳаббат билан кутиб олинганини тез тез бўлиниб турган давомли ва илҳомли қарсак садолари ҳам тасдиқлаб турди.
Бу табиий эди, албатта.
Зотан Сиздек жасоратли юртбошиси бўлган халқ ва миллат ўз ҳукмдорига меҳру муҳаббат ва эҳтиромини баъзан у ёки бу байрамлар баҳонасида мана шундай эҳтиросли ва гулдуросли қарсад садолари билан билдириб турса, бунинг нимаси ёмон?
2.
Ислом Абдуғаниевич!
Форумлар саройидаги маърузангиз менинг Сизга ҳамиша шайдо юрагимни ана шундай ёруғ ва мунаввар туйғуларга ошно этди.
Олисда бўлсам ҳам шундай улуғ Ватаним ва Сиздек қутлуғ Президентим борлигидан қалбимда ажиб бир фахр туйдим. Шу ғурур ва шу фахр бизни ҳеч қачон тарк этмаслигини истардим.
Шу билан бирга маъруза давомида, баъзи нохуш ҳисларга ҳам ошно бўлдимки, ўз ҳайрат ва ҳавасим баробарида бу ҳасрат ва дардимни ҳам бугун Сизга айтмасам бўлмас…
3.
Кейинги йилни “Соғлом бола йили” деб эълон қилибсиз.
Соғлом бола – аслида соғлом ота-онадан туғилишини Сиз яхши биласиз-ку, Ислом ака.
Элнинг ярмидан кўпи оч наҳор яшаб юрган шу аёзли кунларда бунақанги олди қочди гаплар билан уларнинг хаёлини паришон қилиш кимга ва нимага керак бўлиб қолди?
Қолаверса, бизнинг ўзбек лексиконида “Бола” сўзининг юртбоши оғзидан айтилиши учун ўнлаб ўзига хос ва мос, гўзал синонимлари бор: “Фарзанд”, “Дилбанд”, “Жигарбанд”, “Чақалоқ”, “Гўдак”, “Пушти камаримиз”, “Келажак авлод” “Кўз нури ва гавҳарларимиз” ва ҳокозо…
Мотив тўғри. Лекин тил жиҳатидан сингмайди бу. Сўз қурилиши нотўғри бу ерда.
Назаримда Сиз атрофингиздаги ёрдамчиларингизга кейинги йилни “Год здорового младенца” ёки “Год здорового ребенка” деб рус тилида айтгансиз.
Улар эса Сизнинг бу топшириғингизни рус тилидан ўзбек тилига эркин ва ижодий таржима қилишдан қўрқиб, сўзма сўз таржима қилишган.
Оқибатда кейинги йил – мана шундай ноқулай ва ғализ бир ном билан аталадиган бўлди…
Яна бир гап.
“Бола” сўзи одамдан кўра кўпроқ ҳайвонот оламига тегишли.
Масалан: “Сигир бола ташлади” дейилади…
“Сигир одам ташлади” дейишмайди…
Қолаверса, “Соғлом бола” – “Соғлом авлод” олдида бир қадар рангсиз ва жарангсиз чиқди…
4.
Майли, Сиз-ку мутахассислиги инженер бўлган, кўнглида борини шартта шутта айтадиган содда ва самимий раҳбарсиз.
Лекин ёнингизда эртадан кечгача Сизга ўз илоҳий садоқатини изҳор қилиб турган сўз заргарлари нима қилиб ўтиришибди?
Наҳот марузадаги ғализ ва тушунарсиз сўзларни холис ва тушунарли жумлаларга айлантириб бериш улар учун оғир бўлса?
Президентнинг олтин косаларидан сув ичиш насиб этаётган бу омадли мулозимларлар, нега юртбошининг юкини кўтаришдан, ўз касбий вазифаларини инсоф ва адолат билан адо этишдан ор қиладилар?
5.
Биламан, Сиз ҳамиша соғлом авлод ва соғлом келажак ҳақида қайғурадиган, ўз халқи учун жонини ҳам фидо қилишга тайёр йўлбошчисиз.
Кейинги йилни “Соғлом бола йили” деб эълон қилишингиздан асосий мақсад ҳам ана шу келажак авлод ва унинг бахт саодати-ю, порлоқ келажагини янада мустаҳкамлаш ва барқарор этишдан иборат.
Залда ўтирганлар Сизни севиши, ҳар бир сўзингиздан ҳаяжонланиб кетиши бу табиий.
Лекин негадир бу гал, Ислом ака, маърузангиздан ҳамма орзиқиб кутган нарса чиқмади.
Бундай улуғ анжуманда ҳар гал Сиз халқимиз олдига қўядиган вазифалар анча салобатли, улуғвор ва мафтункор эди.
Бу гал эса негадир ундай бўлмади.
Яна такрор айтаман: “Соғлом бола” – “Соғлом фарзанд” олдида бир қадар рангсиз ва жарангсиз чиқди…
6.
Ислом ака!
Тил масаласида юрагимда бир тугун бор эди, кеч бўлса-да, шуни ҳам айтай.
Ўтган йили Сиз 2013 йилни – “Обод турмуш йили” деб эълон қилган эдингиз.
“Обод турмуш” деган сўз йўқ тилимизда.
“Ҳаётимиз обод бўлсин” деймиз. Лекин “турмуш обод бўлсин” дейилмайди. Турмуш бу – одамнинг ҳаёти.
Хуллас, “Обод турмуш йили” дегани ҳам ғализлигича қолиб кетди.
“Фаровон турмуш” деб айтиш керак эди аслида.
Обод турмуш бўлмайди. Фаровон турмуш бўлади…
7.
Ислом ака.
Битта сўзга шунча ғавғоми деб ўйларсиз.
Лекин Сизнинг оғзингиздан айтилган ҳар бир сўз биз учун бир кунлик ёки бир йиллик эмас, абадий дастуриламал бўлиб қолиши керак.
Баъзан маърузангиздаги у ёки бу атаманинг ўзбек тили грамматикаси ва лексиконига мос тушмаслиги, унинг ажойиб эквивалентлари турган бир пайтда атайлаб дағал ва тўпори вариантлари танлаб олиниши – бу ҳам Сизнинг оёғингиз остига чағир тош тўкишнинг янги бир усули эмасмикан деган хавотирим ҳам йўқ эмас.
Мени маъзур тутинг-у, баъзан ёрдамчиларингиз тил масаласида Сизни боши берк кўчага олиб кириб, устингиздан кулмаяптимикан деб ўйлаб қоламан.
Сизнинг хар бир қадамингиз, янада шахдам, ҳар бир сўзингиз янада ўткир бўлишини истаганим учун ҳам мен бугун ушбу сўзларни Сизга тўғридан тўғри йўллашга қарор қилдим.
Сизга “маймунларча” тасқара хизмат қилаётган ёрдамчиларингиз эса мени маъзур тутишсин…
8.
Анжуманда иштирок этаётганларнинг умумий кўриниши, бир хил кийиниши, мутелик кайфияти, бўлар бўлмас гапга ўрнидан ирғиб туриб чапаквозлик қилиши менга бир оз эриш туюлди.
Бугун мен бу мавзуни бежиз кўтармадим.
Сизнинг ҳар бир сўзингиз, одамлар билан учрашувлар, мулоқотлар ўта суньийлашиб бормаптими?
Вилоятлардан келаётган ахбарларга кўра – Сиз билан учрашув учун танланган кишилар оғир чиғириқлардан ўтказилаётганидан хабардор бўлмасангиз керак.
Уларга айтиладиган ҳар бир сўзнинг матни тайёрлаб берилиши – бу совет давридан қолган касллик эди, албатта.
Энди бу касалликка уларни бир хилда кийинтириш, матннинг қаерида нафас олиб, қаерида жилмайишигача белгилаб берилар экан.
Сиз борадиган дала шийпонларини-ку айтмай қўя қолайлик. Ҳатто шийпон атрофидаги пахта далаларидаги чаноқларига қўшимча пахталар осиб чиқиш, сунъий пахтазор яратишга қадар етиб боришаётганига ақл бовар қилмайди.
Сунъий пахта далалари, суньий одамлар, суньий сўзлар, сунъий кийим бош, сунъий табассум ва сунъий меҳр муҳаббатдан мақсад нима?
Бу кўз бойлашларга қачонгача тоқат қилиш мумкин?
Мен билган, мен кўрган Ислом Каримовдай ҳушёр, ер тагида илон қимирласа биладиган, бировнинг киприк қоқиши ва қадам олишидан унинг ичига кириб чиқадиган, ўткир ва зукко одамнинг ҳушёр ва тийран нигоҳи қаерда қолди экан деб бошим қотади баъзан…
9.
Мен ўзимнинг профессионал соҳам бўйича шунга гувоҳ бўлдимки, Сизнинг ҳушёр нигоҳингиз сустлашувида – бундай кўзбойловчилик ролини ниҳоятда усталик ва маҳорат билан ўйнашда — Ўзбекистон телевидениясининг роли оз мунча эмас экан.
Яқинда шахсан Сизнинг измингиз билан Тошкентга борганимда буни кўзим билан кўриб, ўзим ҳайратда қолдим.
Эрта-ю кеч бўялган, сунъий ва ясама ҳаётни кўрсатиш билан бандлиги -Ўзбекистон телевидениясининг умумий йўналишига айланиб қолганлигини ўз кўзим билан кўрдим-ку.
Ўзбекистонда шамол турмаслиги, тошқин бўлмаслиги ва ҳатто ер қимирласа ҳам уни айтмаслик одат тусига кириб қолганлигини ҳамкасбларим кула кула менга айтиб беришди…
10
Ислом ака.
Туну кун ҳақиқий ҳаётдан Сизни бебаҳра қолдириш кимнинг ижоди бўлди экан?
Дунёнинг бугунги манзараси, афсуски, фақат Ўзбекистон телевидениясидан иборат эмас-ку.
Бу телевизор Сизнинг кўзингизни боғлаши мумкин. Лекин 30 ярим миллионлик республика аҳолисининг кўзини боғлаши мумкин эмас-ку!
Ранг баранг ҳаёт, ранг баранг манзаралар, ранг баранг турмуш кўринишлари қаёқда қолди?
11.
Ислом ака !
Мен Сизни бир марта бўлса ҳам одатдаги белгиланган маршрутлардан чиқиб кетиб, қўриқчиларсиз, улар кутмаган манзаралар, улар кутмаган кўчалардан бориб – халқ Сизни орзу қилиб кутаётган пахта далаларида, лойга ботган қишлоқ кўчаларида, газ ва сув қувурлари узиб ташланган шаҳар ва посёлкаларда, Хизир бобо каби қўққисдан пайдо бўлишингизни ниҳоятда орзу қиламан.
Бу нафақат менинг, балки Сизга ишонган ва ортингиздан эргашган миллион – миллион ўзбек халқининг азалий орзуси бўлса ажаб эмас.
Бу учрашувлар самараси қандай бўлишини мен яхши биламан.
“Обод турмуш” деб аталаётган ҳаёт Ўзбекистонда аслида нақадар фожеали якун топишидан қатъий назар, бу учрашувдан Сиз мамнун бўласиз. Халқнинг ҳам боши осмонга етади.
Лекин шу билан бир қаторда эрта-ю кеч Сизнинг қадамингизни ўлчаш, йўлингизни тўсиш ва кўзингизни боғлаш билан фикри ёди банд бўлган сеҳргар кўзбойлагичларингиз – “Обод турмуш” учун Сиз жавобгар қилиб белгилаган олий ва маҳаллий раҳбариятнинг ҳуши қай даражада оғиб қолишини ҳозирдан тасаввур қилиб турибман.
12.
Ҳурматли Ислом ака!
Бугунги кунлар назаримда улкан бир синовга ўхшайди.
Эртами кечми Сиз бу синовларни барҳам топтириб, ҳақиқий ҳаётга қайтишингизга ишонаман.
Лекин афсуски, “Синов даври” узоқ чўзилиб кетмадимикан?
Бу синов оқибатида ўтган йиллардаги – “Она ва бола йили”, “Қариялар йили”, “Меҳр оқибат ва мурувват йили”, “Соғлом авлод йили” каби – “Обод турмуш йили” ҳам ўлда-жўлда қолиб кетмасмикан?
Бугун унинг натижаси билан қизиқишга ҳатто тарихчилар ҳам вақт топмаяпти-ку.
Энди эса оз эмас кўп эмас, яна бир йил “Соғлом бола”ни орзу қилиб, оғзимиз чарчамайди…
13.
Ислом ака!
Кўзингизни боғлашга зўр бериб уринаётган ўзбек матбуоти “Соғлом бола” атрофида аюҳаннос солишдан олдин мен юрагимда туғилган самимий ва беғараз фикримни Сизга очиқ ойдин тўкиб солишга шошилдим.
Ҳозирдан сезиб турибман: шақиллоқ ўзбек матуботи бу сўз сийқасини чиқариб, охир оқбат – одамларнинг ер тепиб: “Соғлом болани сигир туғадими?” деб асабий қичқириғига олиб келмасайди деб қўрқаман…
Сизга ҳурмат ва эҳтиром билан,
Исмат Хушев
8 декабрь, 2013 йил, Канада
Хурматли Исмат ака! Сизнинг куйиб-ёнишларингизга узга давлатлар рахбарлари амал килишаяпди шекилли, жуда куплари ривожланиб кетишаяпди. Мен жуда купчиликга, хали курасизлар, узгаришлар булади, жужани кузда санаймиз деган эдим. Бир карасам, бахор келибди-ажабо вактнинг утишини каранга! Ёнимдаги хамхонам эса Каршидан, 1991 йил тугилган, 5 йилдан буён Россияга келиб ишлаяпди экан! Умр утаяпдида, окар дарё! Агар шу бола юрт фарзанди булганида, узга юрт кучасида супурги кутариб юрмас эди! Фарзандим дейдиган ОТА керак!!!
Ислом ака !
Мен Сизни бир марта бўлса ҳам одатдаги белгиланган маршрутлардан чиқиб кетиб, қўриқчиларсиз, улар кутмаган манзаралар, улар кутмаган кўчалардан бориб – халқ Сизни орзу қилиб кутаётган пахта далаларида, лойга ботган қишлоқ кўчаларида, газ ва сув қувурлари узиб ташланган шаҳар ва посёлкаларда, Хизир бобо каби қўққисдан пайдо бўлишингизни ниҳоятда орзу қиламан
орзуга айб йук ома
О, Ахмаджон! 26 йил давомида тожу тахт ёпишиб кетган булса, мамлакат бойлиги 80 га 20 пропорциясида умарилаяпган булса, маршрутдан чикилган пайти ушбу ва минглаб арзлар битилса жавоби кани? Ислом акангиз барчасини жуда яхши биладилар, бекорга бунча тан сокчи куриклайди дейсизми. Халк билан учрашаман десалар ШЕСТЬ СЕКУНД, аммо хохишлари йук! Айб АХАДда эмасканку! Битта одам шикоят килса, мингта одам ишдан кетади, хакикат учун эмас, нимага уша одам мажлисга киритилгани учун. Бечора Орган, рахбарлар, аввало ХАЛКИ!!!