• Вт. Окт 15th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: НИШОНОВГА АЙТГАНЛАРИМ ВА УЛАРДАН ҚАЙТГАНЛАРИМ (13-бобнинг давоми)

Мар 9, 2014

ИСМАТ ХУШЕВ

UzbekDunyo@hotmail.com

Оқланмаган ишонч қиссаси (ёхуд «Президент эркаси»нинг хотиралари)

 

Иккинчи китоб, 13 боб

Умри – сaбoқ, дaрслигиггумoн йўқ,
Муб
oҳaсa, бaҳслигиггумoн йўқ.
Т
aрихий шaхс эмaсдир-у влекин,
Исм
aтжoннинг шaхслигиггумoн йўқ.

 

(Mуҳаммад РAҲМOН)

 

Мен ва Президент

Исмат Хушев (ўртада) Президент Ислом Каримов билан аэропортдаги матбуот анжуманида, Тошкент — 1994 йил.  

 

13-боб

 

НИШОНОВГА АЙТГАНЛАРИМ ВА УЛАРДАН ҚАЙТГАНЛАРИМ

Ёки  унга ёзилган очиқ хат тарихи

 

(давоми)

 

18.

Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.

Инсоф билан айтганда, Нишонов ёмон одам эмас эди.

Сал кам чорак асрлик умримизни саробга айлантирган Каримов билан  солиштирганда у бугун кўзимизга фаришта бўлиб кўринаётган бўлса бундан ҳайратланмаслик керак.

Тақдир ва қисмат бизнинг пешонамизга — шундай кўнгилчан, содда  ва самимий  одамнинг ўрнига  нега  Каримовдай — бемеҳр, мураккаб табиатли ва шафқатсиз одамни раво кўрганидан ҳайратланиш керак.

Биз  мустақиллик журналисти эканмиз деб бир умр очилмаган гулимизни, экилмаган дарахтимизни мақтаб,  фахрланиб келдик.

Бу орада бир неча авлод бу ёруғ дунёни тарк этиб ҳам кетишди. 

Мустақилликка етиб келганлар совет даврида ёзганларидан бошларини кўтаролмай юрган бир пайтда бизнинг мустақилликда айтган гапларимиз ундан-да бадтар бўлди.

Мен ҳам шу довуллар ичида қолдим. Бешафқат тақдир йўлларида адашдим.

Бугун ҳам Ватан ичида йўлини тополмай, ўша довулларни соғиниб яшаётганлар қанча…

 

19.

 Менинг авлодимнинг фожеаси шуки, биз бир умр сиёсатчилар қўлидаги қўғирчоқ бўлиб келдик.

 Янаям аниқроқ айтадиган айтадиган бўлсак — истаса истаган мақомга солиб чаладиган ҳуштаги бўлдик.

Хоҳласа чалади, хоҳламаса, итқитиб ташлайди.

Лекин нафсиламбирини айтганда, совет замони журналистларни нисбатан инсоф билан «ҳуштак қилиб чалган» бўлса, энг   муҳими – қорнимизни тўхлаб, устимизни бутлаб, текин таълим  ва текин бошпана берганлигини қайд этмаслик инсофдан эмас.

Биз туғилган ва яшаган совет даври  — мўл кўлчилик, иқтисодий бақувват даврга тўғри келди.

Шу боисми, билмадим, қорнимизни тўйғизиб, тилимизга усталик билан буров солишганини кеч билдик.

Шу билан бирга бугун хориж бекатида ўтган умримни сарҳисоб қилиб яхшилаб ўйлаб қарасам,  фақат қорнинг  тўйиб юриши ҳам бахт эмас экан…

 

20.

Ислом Каримов эълон қилган мустақиллик – аслида чиқиб бўлмас тубсиз бир ғор экан.

Биз ўша ғорни Ватан деб билдик.

Бугун Исмат Хушевнинг ўша ғордан чиққани рост,  лекин мустақилликнинг айрим қадамларини, унинг асл моҳиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмаслиги ҳам рост ва бор гап.

 Бунга менда шубҳа йўқ.

Мен унинг беқиёс фазилат ва неъматлари ҳақида минглаб қоғозларни қоралашим мумкин.

Лекин ҳозир бунинг ўрни эмас.

Афсуски, бизнинг Ватанимизда мустақиллик неъматларини куйлаш, унга ҳадеб ҳамду сано ўқиш — чексиз ва оламшумул масштабга айланиб кетди.

Назаримда, амалий ишга ўтиш ва халққа ҳақиқий мустақиллик бериш каби  муқаддас вазифалар секин аста унутилди.

Корруция, ишсизлик ва ундан ҳам оғирроқ бўлган — сирли ва сеҳрли «ошкоралик» етишмаслиги, давлат раҳбари ва Олий ҳукумат мулозимларининг фаолиятида  шаффофлик йўқлиги — даҳшатли фожеаларга айланиб кетди.

Шуларни ўйлаганда, совет даврининг фожеалари ҳам ҳолва экан деб айтгим келади…

 

21.

Шу сабаб, бугун Қашқадарёнинг Китобида туғилиб,  ўзини ўзи тебрата олмай турган ночор ватандошларимнинг фарзандлари энди палон пулга китоб сотиб олиб, мактабга бора олармикан?

Ўн миллионлик контракт пулларини тўлаб, олий таълим олишга қурби етармикан?

Аё, уни бир амаллаб, қарз ҳавола билан тугатгач, таги чириб битган шу жамиятда ўзига муносиб иш топа олармикан?

Ёки чўнтагида олий дипломи бўла туриб, Россиянинг беҳудуд гўшаларида ахлат ташиб, фаррошлик илмини ўзлаштиришга мажбур бўлармикан?

 

22.

Мен ҳали ҳануз совет даврида мутлақо барҳам топган бу ижтимоий фожеалар мустақиллик даврига келиб нега яна қайта  туғилганининг тагига етолмайман.

Айнан ана шу фожеаларни мушоҳада қилиб, таг томирига етиш, ўрганиш ва таҳлил қилиш — менинг журналистик касбим эди.

Мен-ку бугун Ватанимдан ўн минг километр узоқда бўлсам ҳам,  бу фожеларнинг оташин тафтида ёниб, кулга айланаман.

Бироқ, Ватаним ичидаги дўстларим, ҳамкасбларим – совет даврида анча мунча ижтимоий касофатларнинг олдини ола билган, илдизини оча билган журналистлар бугун қаёққа қараяпти экан деб ажабланаман.

Ажабо, наҳотки уларнинг ҳаммаси ҳам бугун бедаво гунг бўлсалар?

Ўз тажрибамдан яхши биламан, журналистнинг тилини кесиш ва гунг қилишдан осони йўқ. Уни матбуот майдонидан масуво қилсалар бас, гунглик қисмати ўз ўзидан бошланади.

Худди мана шундай аянчли бир қисмат бугун Ўзбекистонда оммавий ижтимоий дард эканлигини кўриб турибман.

Минг афсуски, биз яшаган давр ва умргўзаронлик қилган кунлар — ана шундай аччиқ ва аламли бир қисматни ўз ичига олади…

 

23.

Энди Нишонов мавзусини якунлар бўлсак, мен балки совет даврида ҳам бу аҳволга тушмасдим.

Боласи отасининг соқолидан тутамлаб унга ақл ўргатгандек йўл тутмасдим, албатта.

Бироқ, на чора, мен мустақилликни зор инстизор кутган содда ва ишонувчан  журналист эдим.  Уни бизга ҳадя этган Президентни ҳимоя қилиш — менинг биринчи галдаги бурчим деб ўйлаганман. 

Овоз меники – «пуф-пуф» меники, бироқ, ғоя меники эмас эди…

Энг аянчли томонида шундаки, мустақилликнинг дастлабки йилларида менга ўхшаганлар нисбатан кам эди.

Бугун эса  бутун Ўзбекистон  оммавий ахборот воситалари — «пуф-пуф»чилардан иборат.

Мамлакатнинг тутуриқсиз ғояси эса  —  бир гуруҳ оёғи остидан нарини кўролмаётган калтабинлар қўлида қолди…

Бунинг оқибатида матбуот деб аталмиш асримизнинг улуғ ва муқаддас қуролини батамом ўлдириб   бўлдилар.  

 

24.

Матбуот – бу  бир муқаддас ва илоҳий соз. Бу сознинг ижодкори ҳам, яратувчиси ҳам — халқнинг ўзидир.

Биз журналистлар эса унинг доимий чолғувчисимиз, холос.

Биримиз ўқиганмиз, биримиз ўқимай чаламиз. Турли хил маҳоратларимиз ҳам ана шундан…

Матбуот нимаси билан муқаддас? 

 Матбуот —  бир гуруҳ менга ўхшаш «довдир» журналистлардан  иборат эмас.  

Унинг муқаддаслиги шундаки – ҳақиқий матбуот  халқнинг кўзи ва овозидир!

Ўзингиз ўйлаб кўринг — халқнинг кўзи ва сўзи ўлса, овози бўғилса, у сўқир ва гунгга айланса  —  у қандай халқ бўлади?

Унинг келажаги «буюк ва порлоқ»лиги ҳақида айтиб ҳам ўтирмайлик!

 

25.

Бугун ўзбек ҳукумати халқнинг кўзини ўйиб, овозини ўчириб, уни матбуот минбаридан мосуво илиб, журналистларни ўз «уртўқмоғи» —  дубинкасига айлантириб олди.

Ҳукумат бу дубинкани бир пайтлар менинг ҳам қўлимга берган эди. Мен Нишоновни урдим.

Яна  биримиз — Усмонхўжаевни, бошқа биримиз эса — Мирсаидовнинг бошини ёрдик.

Ҳукуматга ишониб, отамизни ўлдирган шулар экан деб,  ўзимизни тўхтатолмай, ғазаб билан уларни  роса саваладик.

Савалаб, савалаб вазифамизни бажариб бўлгач, «энди йўлимизга ғов бўлиб, ўзимизни ҳам савалаб қолишмасин» деб, бизни итқитиб ташладилар…  

Оқибатда биримиз олис Канадада, яна биримиз Туркияда, бошқа биримиз эса Америкада жон сақлаб юрибмиз.

Қолган асосий ва катта қисми эса Ватан ичидаги эмигрантларга айлантирилди…

Афсус ва андуҳларим шундаки, ўшанда Нишоновга нисбатан айтганларим  — ўзимга тегишли эмас эди.

Бироқ, мана бугун олис Канадада туриб ўша сўзларимдан қайтганларим — мутлақо ўзиминикидир, виждоним амридир…

 

нишанов р.н.

http://dunyouzbeklari.com/ 

Один комментарий к “Исмат Хушев: НИШОНОВГА АЙТГАНЛАРИМ ВА УЛАРДАН ҚАЙТГАНЛАРИМ (13-бобнинг давоми)”
  1. Хурматли Исмат ака! Тарихнинг узи олий хакам, деган буюк хакикатни яна бир бор исботладингиз. Мард ва авлоди тоза инсонларгина тарихий хикматларга амал кила оладилар. Сиз яна бир хикматни, инкор этиб булмас даражада исбот килдингизки, бунинг учун сизга бош эгиб таъзим киламан. Машойихлар айтмиш; КАРИЙСАН, КАРТАСАН, УЗ НАСЛИНГГА ТОРТАСАН! ЁМОНДАН ЯХШИ ЧИКДИ ДЕБ КУВОНМА, ХУДДИ ШУНИНГДЕК ЯХШИДАН ЁМОН ЧИКДИ ДЕБ КУЙИНМА!ХАР ИККИСИДА ВАКТИ КЕЛИБ УЗ НАЗГИГА ТОРТАДИ! Офарин, койил колмасликка имкон колмади заррача!!!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *