• Пт. Окт 4th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

 

ИСМАТ ХУШЕВ

 

Оқланмаган ишонч қиссаси

(ёхуд «Президент эркаси»нинг хотиралари)

 

Иккинчи китоб, 15 боб

 

Умри – сaбoқ, дaрслигиггумoн йўқ,
Муб
oҳaсa, бaҳслигиггумoн йўқ.
Т
aрихий шaхс эмaсдир-у влекин,
Исм
aтжoннинг шaхслигиггумoн йўқ.

 

(Mуҳаммад РAҲМOН)

 

Исмат Хушев Зелемхон Хайдаров билан

Суратда: Чапдан ўнгга – Ўзбекистон Президентининг биринчи матбуот котиби Ирисмат Абдухолиқов, Тошкент шаҳар милиция Бошқармаси бошлиғи, ички ишлар генерали Эркин Норжитов, Президент Девони Ишлар Бошқармаси Бошлиғи Зелемхон Ҳайдаров, Зелемхон аканинг биринчи ўринбосари Элдор Ғофуров, “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушевлар  Президент Қароргоҳида…

 

Ўн бешинчи боб

 

 «АРГУМЕНТЫ И ФАКТЫ» САБОҚЛАРИ

Ёки Президентнинг биринчи масъул топшириғи ва бунинг мукофоти тариқасида менинг “и.о”дан қутулганим тарихи хусусида

 

1.

Ўша пайтларда Ислом Каримов раҳбарлиги остида Ўзбекистонда амалга оширилаётган жиддий ўзгаришлар кўпчиликни ғоят қизиқтирарди.

Нафақат собиқ Иттифоқнинг турли бурчакларидан, балки бутун дунёдан етакчи матбуотларининг ходимлари ҳам тез-тез юртимизга ташриф буюриб туришарди.

Аксарият ҳолларда мухбирлар ҳис-ҳаяжонга берилиб, бир томонлама хулоса чиқариб кетишарди.

Матбуотда Ўзбекистон тўғрисида нохолис мақолалар эълон қилинарди. Биласиз, жамоатчилик фикрини шакллантиришда матбуот муҳим восита ҳисобланади.

Айниқса, жаҳон ҳамжамиятига дадил қадамлар билан кириб бораётган республика учун, унинг ғайратли раҳбари учун жамоатчилик фикрининг тўғри шаклланиши, Ўзбекистон тўғрисида обьектив ва холис тасаввур уйғониши катта аҳамиятга эга эди.
Муқаддам, Р.Нишонов Москвада ўтириб олиб, турли-туман фисқу-фасод қўзғаётгани ва унга очиқ хат билан мурожаат қилганимни ҳикоя қилиб берганман.

Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистонда Президентлик бошқарувини жорий этган пайтда Президентнинг матбуот котиби Ирисмат Абдухолиқов эди.

Асли Туркистон тарафлардан бўлган бу ажойиб инсон Ўзбекистон Президентининг биринчи матбуот котиби бўлгани билан тарихда қолади.

Ирисмат ака ниҳоятда маданиятли, мулоҳазали ва зийрак мулозим эди.

Кунлардан бир куни Москвадан “Аргументы и факты” газетасининг икки нафар махсус мухбири Тошкентга ижодий сафарга келади.

Бу газета ўша пайтларда салкам ўн миллион нусхада чоп этилар, бутун дунёда севиб ўқиладиган ва янги сонининг чиқиши интизорлик билан кутиладиган довруғли оммавий нашрлардан бири эди.

“Аргументы и факты” газетасида Ислом Каримовга бағишланган саҳифа берилиши лозим экан.

Бу газета иқтисодий жиҳатдан ҳам, сиёсий жиҳатдан ҳам аллақачон ростакамига мустақил бўлиб олган, унга ҳатто М.С.Горбачёвнинг ҳам тиши ўтмасди – СССР нинг биринчи раҳбари тўғрисидаги нохуш фактлар ҳам бу газетада бемалол эълон қилинаверарди…

 

2.

Қисқаси, нуфузли газетанинг мухбирлари Ўзбекистонда бир ҳафта давомида маълумот тўплашлари, мухолифат раҳбарлари билан учрашишлари лозим экан.

Улар сафар сўнггида Ислом Абдуғаниевич билан учрашиб, “ништарли” саволларига жавоб олишни олдиндан режалаштириб қўядилар.

— Майли, Ўзбекистондаги аҳволни ўз кўзлари билан кўрсинлар, истаган маълумотларини тўпласинлар, –дейди Ислом Каримов. – Мен уларнинг ҳар қандай саволига жавоб бераман. Фақат уларга Исмат Хушевни бириктириб қўйинглар!

Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов менга Ислом Абдуғаниевичнинг топшириғини етказди.

Улар янги олган уйимизнинг шундоққина ёнгидасида, ҳукуматнинг “Шелковичная” меҳмонхонасида жойлашган эканлар.

Бориб танишдим. Бирининг исми Дима экан – Дмитрий Макаров. Иккинчиси фотомухбир, унинг исми, Саша – Александр эди, шекилли.

Агар “Аргументы и факты” газетасини ўқисангиз, давлат раҳбарлари билан суҳбатлар, дунёнинг қайноқ нуқталаридан репортажлар, жангариларнинг кўзга кўринган дала командирлари, хусусан Толибон ҳаракатининг раҳнамолари билан ошкора мулоқотлар, хусусан, Араб дунёси ҳақидаги турли туман, қизиқарли ва долзарб мақолалар муаллифи Дмитрий Макаров эканининг гувоҳи бўласиз.

Дима Афғонистон ва Чеченистоннинг уруш жанггоҳларида бўлган, нима кўрган-кечирган бўлса ўшани ёзган ҳақиқатпараст журналист сифатида ном қозонган эди.

Менга энг ёққан томони шундаки, у араб тилини мукаммал билар, Шарқ маданиятига чексиз эҳтиром билар қарарди.

Яна эътиборли ва муҳим жиҳатларидан бири, у исломий эътиқодни юксак қадрлайдиган виждонли йигит эди.

Инглиз тилини ҳам яхши гапиради, билимдон ва ўта маданиятли ижодкор.

Танишганимиздан сўнг бирданига ёқтириб қолганим балки шундандир…

 

3.

Мухбирларни кун бўйи ўзлари истаган жойга хизмат машинамда олиб борардим-да, кечқурун уйимга меҳмонга таклиф қилардим.

Хонадонимиз бекаси – Наргизни улар жуда ёқтириб қолишди. Келинингиз аксарият ўзбек қизлари каби паловни ниҳоятда ширин пиширади, умуман пазандалик борасида унча-бунча ошпазларга дарс бериб қўяди.

Айниқса Наргиз пиширган сомса, манти, норинни еб Москвалик дўстларимнинг боладек қувонганларини бир кўрсангиз эди…

Бир куни улар мендан:

— Норасмий ташкилотларнинг раҳбарларини топиб берасан, –деб илтимос қилишди.

Мен уларга сўраган кишиларининг манзил ва телефонларини бердим.

Назаримда, норасмий ташкилотлар билан алоқам борлигини билгани учун ҳам Ислом ака мени уларга қўшиб қўйганди.

Мухбирлар норасмий ташкилотларнинг раҳбарлари билан тонг отгунча телефонда гаплашган бўлса керак. Лекин бевосита учрашганларини билмайман. Эҳтимол, телефон орқали зарур маълумотларни олишгач, кифояланишгандир. Қайдам.

Мен уларни айтган жойларига олиб борардим.

Беш кун Ўзбекистонни роса айланишди. “Неформаллар”нинг идораларига бордик, аммо Муҳаммад Солиҳ билан учрашиш насиб этмади – “Эрк”нинг Бош котиби Аҳмад Аъзам билан учрашиб суҳбатлашдилар.

Муҳаммад Солиҳ ўша пайтда чет элга сафарга кетган экан. Меҳмонларни Чорсу, Олой бозорларига олиб бордим.

Бешёғочнинг “Бўрижар”ида ўша пайтлар лағмонни зўр қилишарди.

“Сквер”даги “циплята табака” ҳам биз борадиган манзиллардан бири эди.

“Чиғатой”даги туну-кун меҳмон кутадиган хонадонлар…

Эҳ-е, нимасини айтасиз. Роса мазза қилгандик ўшанда…

 

4

Хуллас, биз оғайни бўлиб қолдик.

Мен Москвада ўқиган эмасманми, улар билан ҳар қандай мавзуда эмин-эркин гаплашаверардим.

Аксинча, Президентга бўлган самимий эҳтиромимни кўриб, улар дастлаб ҳайратланишди, сўнг қойил қолишди.

Беш кун давомида Ўзбекистоннинг янги раҳбари тўғрисида одамлардан ҳар хил гапларни эшитишди ва Ислом Каримовнинг хатолари кўп экан деб, ўзларича бир қулоқ “наштарли” саволлар тузишди.

«АиФ» ҳақида менда олдиндан баъзи бир тасаввурлар мавжуд эди. Улар билан учрашгач бунга яна бир бор шахсан ишонч ҳосил қилдим.

Масалан, демократик матбуот мухбирига ҳатто бош муҳаррир ҳам ўз ғоясини тиқиштиролмайди. Ундан берухсат бирорта сатрини ҳам ўзгартиролмайди. Мақоланинг мантиқ ва ғоясига  тузатиш киритишга ҳаққи йўқ.

“АиФ” буни собиқ иттифоқда биринчи бўлиб ўзлаштирган ва ҳозиргача шу кредосидан қайтмаган газета.

Мен бунга “АиФ” мухбирлари билан Тошкентдаги бир ҳафталик ҳамкорлик даврида яна бир бора  иқрор бўлдим.

Мабодо менда ҳам қайсидир масалада баъзан исёнкорлик сезилиб қолса,  бу менга  “АиФ” мухбирлари  билан Тошкентдаги дўстлашувимиздан йуққан, қонимга сингган бўлиши мумкин.

Улар бир ғоя билан келиб, бутунлай бошқа ғоя билан кетиши ҳам мумкин экан.

Улар ўз ғоясини ҳимоя қилиш учун ҳеч кимга сиғинмаслигини кўрдим.

Мен Ислом Каримов қошида бу тоифа журналистларни биринчи бора кўришим эди…

 

5.

Ниҳоят, охирги кунларнинг бирида Президентнинг матбуот котиби Ирисмат Абдухолиқов менга қўнғироқ қилиб:

— Исмат ака, мухбирларни шанба куни соат бирда – тушлик пайтида Ислом ака қирқ минут қабул қилади. Меҳмонлар билан учрашув уйингизнинг ёнидаги Президентнинг ёзги қароргоҳида бўлади, – деди.

— Хўп бўлади, уларга айтаман, – дедим шалвираб…

Рости, ўшанда Президентдан ҳам, унинг матбуот котибидан ҳам жуда хафа бўлдим. Чунки Ирисмат ака: “Ўзингиз ҳам бирга келинг” деб таклиф қилмади.

Мен эса “Ислом ака мени ҳам чақирса керак” деб ишониб юрган эдим…

Хуллас, белгиланган муддатда мухбирларни хизмат машинамда қароргоҳга жўнатдим. Улар боришган экан:

— Исмат қани? – деб сўрабди Ислом ака.

Бирдан тўполон бўлиб кетди. Президент мухбирларни қабул қилмай туриб бирпасда мени топиб қароргоҳга олиб боришди.

Назаримда, Р.Нишоновга ёзган очиқ хатимга жавобан Ислом Абдуғаниевич ўзига хос тарзда миннатдорчилик изҳор қилгандек бўлди.

Шуниси қизиқки, Ислом ака биринчи бўлиб Москвалик мухбирларни эмас, балки мени қабул қилди…

 

6.

Мен қувон билан Президентнинг – янги уйимизнинг шундоққина ёнгинасидаги ёзги резиденциясига кириб боргнаимда мухбирлар ичкарида экан.

Мен, Зелемхон ака, Ирисмат ака уччовимиз яп янги  машинада қароргоҳга кириб келган Президентни зинапоя ёнида кутиб олдик.

Ислом ака, одатдагидек, соқчиси Зиёдулла билан “Волга”да кириб келди.

Ислом ака машинадан тушган заҳоти:

— Қани улар? – деб сўради.

— Ичкарида, – деди Зелемхон ака.

Сўнг менга қараб:

— Уларнинг таассуроти қалай? – дедилар.

— Яхши, Ислом ака, – жавоб қилдим шошиб.

— Яхшилигини ўзим ҳам биламан. Лекин фикри қанақа? – деб қайта сўрадилар кўзларимга тикилиб.

— Қўлимдан келганча уларни олиб юрдим… Фикраларини энди ўзингиз эшитасиз…, – дедим…

— Нима қилиб бўлса ҳам биз уларни бу ердан яхши фикр билан жўнатишимиз керак.

— Ислом ака, мен қўлимдан келган ишни қилдим. Ўзи ниҳоятда билимдон йигит экан. Лекин жиддий саволлари ҳам кўпга ўхшайди…

— Бўпти, ҳар қанча саволи бўлса, жавоб берамиз, – деб бир оз ўйланиб турдилар-да, сўнг: – Буларга нима совға берамиз? – дедилар Зелемхон Ҳайдаровга қараб.

Зелемхон ака аввал шошиб қолди. Таомил бўйича Президент билан учрашган меҳмонларга нимадир совға бериш керак экан.

Аниқ эсимда, ўшанда Зелемхон аканинг мулозимлари Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллиги муносабати билан ўртасига шоирнинг сурати туширилган лаган келтиришди. Бу лаганлар жуда чиройли ва бежирим қилиб ишланган ғилофларга солинган эди.

— Бўлади, лаганларни тайёрлаб қўйинглар, – деди Ислом ака. Сўнг: –Овқат тайёрми? – деб сўрадилар.

— Тайёр, Ислом ака, – деб жавоб берди Зелемхон ака.

— Бир пас шошмай туринглар. Биз аввал бир оз гаплашиб олайлик. Мухбирларни чақиринглар, – деди Ислом ака.

Дима билан фотомухбирни чақириб чиқишди…

 

7.

Ислом ака улар билан жуда самимий сўрашдилар.

Қизиқ, бир лаҳзанинг ўзидаёқ улар орасидаги ётсираш ва тортинишдан асар ҳам қолмади.

Ислом Абдуғаниевич ўз ҳамсуҳбатини биринчи дақиқаларданоқ ўзига ром эта олиш санъатини мукаммал эгаллаган эди.

Салом – аликдан сўнг улар боғни айлангани отланишди. Дмитрий Макаровнинг қўлида диктафон, савол бериб Ислом аканинг жавобларини ёзиб ола бошлади.

Хуллас, Горбачевнинг таъбири билан айтганда «процесс пошел» яъни ижодий мулоқот жараёни бошланди…

Биз уларга халақит бермадик.

Нималарни гаплашганини мен эшитганим йўқ. Соқчи йигит Зиёдулла билан мен анча орқада уларнинг изидан аста-секин боравердик.

Бир соатга яқин гаплашдилар.

Сўнг биргалашиб тамаддихонага кирдик…

 

8.

Ўшанда мен ҳаётимда биринчи маротаба Президент қароргоҳининг олий мартабали меҳмонларга зиёфат бериладиган емакхонасига  киргандим.

Тамаддихона доира шаклида эди. Ислом ака, улкан айлана столнинг ўнг тарафига ўтирдилар.

У кишининг рўпарасида Дмитрий Макаров ўтирди. Унинг ёнидан фотомухбир жой олди. Ундан кейин -уларнинг қаторидан мен ўтирдим.

Худди Москвадан келган мухбирлардан биттасига ўхшардим.

Ислом ака битта ўзи ўтирди. Орадан олти ёки еттита стул қолдириб, Ирисмат Абдухолиқов битта стулнинг четгинасига омонатгина ўтирди.

Стулнинг учгинасида ҳам ўтириш мумкинлигини кўриб ўшанда ҳайрон қолгандим…

 

9.

Президент емакхонасида рўй берган бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди.

Хонанинг четроғида икки нафар официант йигит қоққан қозиқдай тик турар экан. Биз ўрнимизга жойлашиб ўтирганимиздан сўнг улардан бири панжаларининг орасига ароқ, коньякларнинг турли-туманини олиб Ислом аканинг рўпарасига келтириб тутди.

Ислом ака “Русская водка” деган ёзувнинг устига бир чертиб қўйдилар. Дмитрий Макаров коньякка чертди. Жуда зўр коньяги бор экан.

Фотомухбир ҳам бир нарсага чертиб қўйди, нимани чертганини ҳозир эслолмайман. Чунки фикру-хаёлим Ислом ака чертган ароқда эди.

Официант менинг ёнимга келгач, “Русская водка”нинг айнан Ислом ака чертган жойига оҳистагина чертиб қўйдим…

Энди билсам, бундай қилмаслик керак экан, сув-пув ичиб ўтиришим лозим экан. Ирисмат ака минераль сув ичиб ўтирди…

Овқатлар келтирилгач, Ислом ака Россия ва Ўзбекистоннинг порлоқ истиқболи учун қадаҳ кўтаришни таклиф қилди.

Ислом ака қадаҳ сўзини чўзиб ўтирмади, рус мухбирлари билан худди эски оғайнилари каби муомила қилдилар.

Қирқ минутга мўлжалланган тушлик кечки соат олтигача давом этди…

 

10.

Суҳбат ниҳоятда қизиб кетди.

Тўрт соат давомида бўлган воқеаларни айтаман десам, бу фасл чўзилиб кетади. Шунинг учун фақат айрим тафсилотларга тўхталиб ўтаман, холос.

Овқатланиб ўтирганимизда Ислом ака кутилмаганда:

— Чеснок борми? – деб сўрадилар менга тик қараб. Мен ортимга ўгирилиб, боягина бошимизда қоққан қозиқдай тик турган официантларни кўрмадим.

Дастурхонда саримсоқ пиёз йўқ экан.

Ўрнимдан дик этиб туриб, рўпарамиздаги эшикни бориб шахд билан очсам, Крайнов, Зелемхон Ҳайдаров ва Исмат ака деган қароргоҳнинг директори — уччови ҳам қалқиб оёққа туриб кетишди.

Георгий Алексеевич Крайнов – Ислом аканинг биринчи ёрдамчиси. Зелемхон Ҳайдаров – Ишлар Бошқармасининг бошлиғи. Исмат ака эса – Президент дачасининг директори.

Улар мени Ислом ака чиқди деб ўйлашибди.

 Мен ҳам худди Ислом акага ўхшаб:

— Чеснок борми? – деб сўрадим важоҳат билан.

Президент сўрамаса, мен ўзим бундай дадиллик қилолмаслигини билишди шекилли, уччови ҳам   ўринларидан ирғиб туриб, зир югуриб қолишди…

Лекин Президентнинг қароргоҳидан саримсоқ пиёз топилмади. Кечгача ҳам дастурхонга саримсоқ пиёз келмади.

Шундоққина қароргоҳнинг ёнгинасида жойлашган Бешёғоч бозорига бориб келиш бировнинг хаёлига келмадими, ҳайронман…

 

11.

Тамаддихонада икки соатча қизғин суҳбатларни тинглаб ўтирганимдан сўнг, ростини айтсам, мен зерикиб кетдим. Ташқарига чиққим келди.

Секингина ўрнимдан туриб яна бояги эшикдан ташқарига чиқдим.

Тамаддихонадан чиқишим билан яна Крайнов, Зелемхон ака ва директор ўринларидан ирғиб туришди.

Мен ҳар гал шу эшикдан шитоб билан ташқарига чиқарканман,   бу учала мулозим ҳам ирғиб ўринларидан туриб, менга ажиб бир мутелик билан таъзим бажо этиб туришарди…

Одатда, тасаввур ва инстинкт бир неча дақиқа одамга бўйсунмай туради. Шунинг учун бўлса керак, мен ҳар гал бу эшикдан чиқсам, улар ўринларидан ирғиб туришарди.

Уларнинг назарида, зарб билан очилган бу эшикдан  шаҳаншоҳлари Ислом Каримов чиқиб келиши керак эди.

Лекин, ажабки, уларнинг рўпарасида бу гал Ислом Каримов эмас, балки мен  жилмайиб турардим.

Ҳа, бу қиёфа энди Ислом Каримовга эмас, балки Исмат Хушевга тааллуқли эди.

Ҳаммасида алоҳида бир мулойим жилмайиш ва хушомадга йўғрилган ажиб бир такаллуф бор эди. Бу қарашларни  фақат Президентга йўналганини мен кейинчалик сездим…

Ва ҳар гал ўша сирли эшикдан чиқарканман, мен уларни — менга таниш бўлмаган бу ажиб қиёфада кўриб ҳайрон қолардим.

Кейин билсам, бу эшикдан фақатгина Президент эмин-эркин кириб чиқиши мумкин экан…

 

12.

Бу ҳол менга Шароф Рашидовнинг укаси Асил Рашидовдан эшитган шунга ўхшаш бошқа бир қизиқ воқеани эслатди.

Бир куни ҳукумат дачасидаги оилавий маросимда қатнашган Асил акани  Шароф Рашидов ётиб қолишга таклиф қилади.

Асил ака эрталаб Шароф ака чиқадиган эшикдан ташқарига чиққанида комиссар дарҳол машина эшигини очиб, у кишига мулозамат кўрсатади.

Асил ака “демак  мен машинага кириб туришим керак экан-да”  деб, виқор билан бориб, машинага ўтиради.

Комиссар эса ўша заҳотиёқ  шофёрнинг ёнига ўтириб, машина ГАИ лар қуршовида шитоб билан шаҳар марказига йўл олади.

Ўзбекистон раҳбарининг машиналар карвони Яланғочга етганида телефон жиринглаб, Шароф ака қолиб кетганини айтишади.

Шундагина Ўзбекистон раҳбарининг хавфсизлик хизмати  мулозимлари Рашидов ўрнига унинг укасини олиб кетаётганларини сезиб қолишади.

Рост-да, улар давлат раҳбарининг кўзига тикилиб, унинг соқоли олинганми йўқми, қараб ўтиришмайди ку…

Комиссар машина эшигини очганида Асил ака ҳам “Демак мен ўтиришим керак экан” деб ўйлаган.

Қолаверса, Асил Рашидов Шароф акага жуда ўхшаркан.

Уларни кутиб турган Шароф ака эса: Сизлар хоҳласангизлар бизни ҳам ташлаб кетар экансизлар-да, — деб самимий ҳазил қилган эканлар…

 

13.

Хуллас, мен ҳам Ислом Каримов чиқадиган эшикдан ҳар гал ташқарига чиқарканман, Президентнинг ёрдамчилари  ҳам ҳар гал ўринларидан ирғиб туриб кетишарди.

Хали хаёлан улар менинг қиёфамда давлат раҳбарини тасаввур қилиб туришарди шекилли.

То бу хаёл бир оз чекиниб, сўнг уларнинг тасаввурида Ислом Каримов эмас, балки  Исмат Хушев пайдо бўларди.

Бу ҳол бир неча маротаба такрорланди…

Бу сирли эшикдан охирги бор чиққанимда ҳам — Қандай хизмат бор, Исмат ака? – дейишди улар яна ҳовлиқиб.

Мен улардан хожатхона қаердалигини сўрадим.

Шамоллаб чиққанимдан сўнг тепа қаватдаги биллиардхонага кириб, адашим Исмат ака билан ярим соатча биллиард ўйнадим.

Қайтиб тушиб емакхонага кирсам, Ислом ака билан меҳмонлар ҳамон суҳбатлашиб ўтиришибди.

Бир нарсага қойил қолдимки, Ирисмат Абдухолиқов иккидан олтигача ташқарига бирор марта ҳам чиққани йўқ, овқат ҳам емади, фақат бир ҳўплам, ярим ҳўплам сув ичиб, стулнинг учида омонатгина ўтирди.

Мен шунга ҳайрон қолдим.

Бу Ислом акага нисбатан ҳурмат ва эҳтиром белгисимиди ва ё у кишидан ҳайиқиш ва қўрқув туйғусимиди, билолмадим.

Мен бўлсам, бемалол ароқ ичиб, овқатланиб, кириб-чиқиб юрдим.

Москвада ўқиганим учунми, ҳар қалай ўзимни эмин-эркин тутардим.

Кейин билсам, шу ҳам нотўғри экан…

 

14.

Соат олтиларга бориб, ниҳоят, суҳбат ҳам якунланди.

Энди Дмитрий Макаровнинг Ислом ака билан учрашгунча бўлган кайфиятидан асар ҳам қолмади.

Унинг Ўзбекистон Президенти ва унинг авторитар сиёсати ҳақидаги бурунги фикр ва тасаввурлари бутунлай ўзгариб, остин-устун бўлиб кетди.

Улар шу пайтгача қаттиққўл,  авторитар ва диктатор деб билган Ўзбекистон Президенти билан қадрдон оғайни бўлиб қолдилар…

 

15.

Ташқарига чиққанимиздан сўнг меҳмонларга бояги лаганлар совға қилинди.

(Улар ҳам учрашув чоғи редакциядан эсдалик деб Президентга ҳам, менга ҳам тумшуғига “АиФ” деб ёзилган қимматбаҳо биллур кулдон совға қилишган эди.

Ислом ака кейинчалик бу совғани нима қилди, билмадим, лекин мен, сигарет чекмаганим боис, уни Ўзбекистон ҳукуматининг энг ҳалол ва истеъдодли аъзоси, менга кўп яхшиликлар қилган вазир Эльёр Ғаниевга 1-январь – туғилган куни муносабати билан совға қилган эдим…)

Шунда Дмитрий Макаров менинг қўлтиғимдан олиб:

— Бу йигит Сизга жуда садоқатли экан, Ислом Абдуғаниевич, – деди.

— Шунинг учун ҳам уни ҳурмат қиламан, – деди Ислом ака ҳам чин юракдан.

Бу мавзуда бошқа гап бўлмади. Иккови ҳам самимий шу гапни айтишди.

Ислом ака елкамдан қучоқлаб олди. Шу пайт Москвалик фотомухбир:

— Келинглар, суратларингни оламан, – деб қолди.

Четроқда, зинапояда турган Зелемхон ака имо-ишора қилиб: “Мени ҳам чақир!” деган маънода илтимос қилди.

— Ислом ака, шу Зелемхон ака ҳам келсинлар, – дедим ҳаддим сиғиб.

— Бўпти, – деб истамайгина розилик бердилар.

Ислом ака, мен, Дима ва Зелемхон ака биргаликда суратга тушдик…

(Сурат берилади)

 

16.

Сўнг:

— Машина борми? – деб сўрадилар  Ислом ака мендан.

— Бор, Ислом ака, – деб яп-янги хизмат машинамни кўсатдим.

Редакциянинг янги “13-58 ТНВ” рақамли “Волга” автомашинаси бизга хизмат қилиб юрган эди.

Ислом ака ҳаммамиз билан хайр-хушлашдилар.

У кишига янги уй учун миннатдорчилик билдирдим. Ислом ака ниҳоятда хурсанд бўлдилар, кайфиятлари кўтарилиб кетди.

Мухбирлар ўша куниёқ Москвага учиб кетишди…

 

17.

Орадан кўп ўтмасдан “Аргументы и факты» газетасида “Ислам Каримов: Мое кредо – порядок и дисциплина!” ( “Ислом Каримов: Менинг шиорим – тартиб ва интизом!”) номли мақола чоп этилди.

Бу мақола ўша куниёқ республикадаги барча каттаю-кичик газеталарда кўчириб босилди. Дмитрий Макаровнинг Президент ҳақидаги бу мақоласи жуда ижобий йўналишда ёзилган эди.

Москвалик мухбирларда Ислом ака билан учрашгунча умуман ижобий мақола ёзиш нияти йўқ эди, лекин у киши билан учрашиб, суҳбатлашганларидан сўнг барча фикрлари ўзгариб кетди ва нуфузли Москва газетада Ўзбекистон ҳақида ижобий мақола эълон қилинди.

Бу Ислом Каримов ҳокимият бошқарувига келганидан бўён Ўзбекистон тўғрисида эълон қилинган биринчи ижобий мақола эди!

Албатта, бунда менинг ҳам озми-кўпми хизматим борлигини Ислом ака эътироф этадилар…

 

18.

Кези келганда яна бир воқеани эслатиб ўтмасам, ҳақиқатга хиёнат қилган бўламан. Қолаверса, тез-тез қовун тушириб турмасам, мен гўё ўзимга ўхшамай қолардим.

Ўшанда Ислом ака Дмитрий Макаровнинг гапига жавобан мени қучоқлаб: “Мен шунинг учун бу йигитни ҳурмат қиламан!” деганларидан кейин, нима жин урди-ю, шу қулай вазиятдан фойдаланмоқчи бўлдим.

Ислом акани “Волга”си томон кузатиб бораётиб:

— Ислом ака, мен ҳамон “и.о” бўлиб юравераманми? – дедим тап тортмай.

Шу тобда ўша айтган гапимни қоғозга туширдим-у, бирданига қизариб кетдим.

Орадан шунча йиллар ўтиб кетган бўлса ҳам, ўша аҳмоқчилигим учун ҳалигача уялиб юраман, ўз-ўзимдан нафратланиб кетаман.

Шу қадар тамаъгир эканманми?!

“Мана, меҳмонларингизни яхши олиб юрдим, энди менга амал беринг!” деб сўраган эканман-да!

Мени ахир Марказқўмнинг Бюросида “и.о.” қилиб сайлашган эди-ку!

Аслида, “и.о.” бўлдим нима-ю, бош муҳаррир бўлдим нима?

Барибир бош муҳаррир эдим, иккала журналнинг ҳам ягона хўжайини ўзим эдим-ку!

Ислом ака “Волга”нинг эшигини ушлаб энди ўтираман деган пайтларида таққа тўхтадилар-у, Зелемхон акани ёнларига чақирди:

— Ҳамидовга айтинг, тайинласин! Нимага бу ҳалиям “и.о.” бўлиб юрибди? – дедилар кулиб.

Сўнгра машинага ўтириб жўнаб кетдилар…

 

19.

Мен қувонганимдан Зелемхон акани маҳкам қучоқлаб олдим.

Бояги тамаддихонанинг қабулхонасида “вертушка” – ҳукумат телефони бор экан. Зелемхон ака шу ердан Ҳамидовга сим қоқди.

Ўшанда Бахтиёр Султонович Ҳамидов — “Госплан”нинг раиси эди.

— Топшириқни ёзиб олинг! – деди Зелемхон ака Бош вазир ўринбосарига. – Исмат Хушев “Ҳаёт ва иқтисод” – “Экономика и жизнь” журналларининг Бош муҳаррири этиб тайинлансин! – деб трубкани жойига қўйдилар…

Шанба куни эди. Якшанба куни иш йўқ. Мен меҳмонларни кузатиб уйга келгунимча (аэропортдан уйга етиб келгунимча) Госпландан бизникига одам бориб: “Душанба куни Исмат Хушев Госпланда бўладиган коллегия мажлисига борар экан”, деб таклиф қилиб кетишибди.

Душанба куни мени Бош муҳаррир лавозимига тайинлашди.

Бу, албатта, яхши эди.

Лекин бу гал ҳам амалимни ўзим сўраб олган эдим…

 

20.

Бугун орадан шунча йиллар ўтиб кетганидан кейин Ислом Каримов салтанатига яқин бўлган давр хотираларини қоғозга туширарканман, «Аргументы и Факты» газетаси  мухбирлари билан бўлган ўша бир ҳафталик мулоқот менинг ҳаётимни чақмоқдек ёритиб, журналистик фаолиятимда ўчмас из қолдирганини алоҳида таъкидлаб  ўтишни истардим.

 “АиФ” сабоқларини мен нималарда кўраман?

Мен  Москва  Давлат университетининг журналистика факультетини битирганман, москвалик журналистларни, уларнинг феъли — атворини  яхши билардим.

Улар тўкин-сочин дастурхон ва турли илтифотлар олдида тез тез ўз фикрини ўзгартириши ва кутилмагандаги ғоявий синишларининг кўп бор гувоҳи бўлганман.

Уларнинг иш тартиби “АиФ”дан мутлақо фарқ  қилишини айтиб ўтишим керак.

“АиФ” эса айнан шу жиҳати билан ҳам  бошқа иттифоқ газеталаридан мутлақо фарқ қилар экан.

Бугун орадан қарийб чорак аср вақт ўтгандан кейин мен “АиФ”га тегишли хотирларимни Канада призмасида хаёлимдан қайта ўтказар эканман, бу тартиб қоида дунёнинг эркин ва демократик матбуотига хос эканлигини яна бир карра ўз ҳаётимда кўриб турибман.

Америка журналистикасидаги ўта муҳим бир қоидани шу ўринда муҳтарам ўқувчиларимизга эслатиб ўтишни жоиз деб биламан.

АҚШ Президентига расмий сафарларда ҳамроҳлик қиладиган журналистлар давлат раҳбари билан бир самолётда учгани учун пул тўлашади.

Бунинг сабаби шуки —  улар президент билан бир самолётда учсалар, унга сафарда ҳамроқлик қилсалар – унинг нуқтаи назарини ҳимоя қилишга мажбур эмаслар.

Шунинг учун ҳам Президент билан учгани учун парвоз пулини ўзлари редакция ҳисобидан тўлаб учишади.  

Бу тартиб АҚШ маъмурияти томонидан эмас, балки демократик давлатдаги оммавий ахборот воситалари  ўз мустақил овозини сақлаб қолиш учун кўрилган чора тадбирлардан эканини таъкидлашни истардим.

Бу тартиб — демократик матбуотнинг тартиби. Улар сафарда Президентга ҳамроҳ бўлиши мумкин, лекин    ғояда эмас…

 

21.

Бу борада улар биздан — ҳар қандай шароитда ҳам ўз мустақил овозларига эга бўлиш хусусияти билан кескин фарқ қилади.

Бизда-чи? Бизда Президент билан сафарда ҳамроҳ бўлиш нарёқда турсин, у билан замондош бўлсанг бас,   бир умр унинг ашуласини айтишга мажбурсан.

Подшоликнинг ички томонини кўриш ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган камёб воқеа.

Мен Ислом Каримовга яқин бўлган салтанатдаги ўтган кунларимни ёзар эканман, ўша давр воқеа ҳодисаларини қандай бўлса, шундайлигича авлодларга етказишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.

 

Шу маънода “АиФ” сабоқлари менинг ҳаётимда бундан чорак аср муқаддам ўзига хос тарбия ролини ўйнаганини  миннатдорлик билан эслайман…

 

(Давоми бор)

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *