• Вс. Фев 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбек матбуоти ‘турғунлик даврини бошдан кечирмоқда’

Май 4, 2012
Ўзбек матбуоти ‘турғунлик даврини бошдан кечирмоқда’
Ўзбек матбуоти ‘турғунлик даврини бошдан кечирмоқда’

Ўқувчи камлиги боис ҳукумат расмий нашрларнинг баҳосини туширган
Ўзбекистонда Жаҳон Матбуот куни ҳукуматпараст журналистлар ва оммавий ахборот воситаларини мукофотлаш тадбири билан нишонланган.

Журналистлардан бир гуруҳига анъанавий «Олтин қалам» мукофоти ва бошқа совринлар топширилган.

Тошкентнинг «Туркистон» саройидаги йиғинда иштирок этган журналистлардан бирининг айтишича, бу каби танловларнинг ҳаммаси давлат бюджети ҳисобига амалга оширилгани боис, мукофотлар биронта мустақил фикрловчи ОАВга ҳам, журналистга ҳам насиб этмайди».

Унинг айтишича, нотиқлар «матбуотнинг аянчли аҳволи» ҳақида лом-мим дейишмаган.

«Турғунлик даври»
«Бугунги ўзбек матбуоти кейинги ўн йил ичида ўзининг мутлақ турғунлик даврини бошидан ўтказаяпти, — дейди номи ошкор этилишини истамаган журналистлардан бири Би-би-си билан суҳбатда.
«Мустақил фикрлайдиган рўзнома ҳам, радио ёки телевидение ҳам қолмади»
Маҳаллий журналист
«Матбуот турли қонунлар ва қонуности ҳужжатлари билан тамомила қўлсиз ва оёқсиз шаклга киритилди. Бир томондан, хорижий оммавий ахборот воситаларининг Ўзбекистондан қувиб чиқарилгани бўлса, иккинчи томондан, ОАВни бутунлай давлатга қарамликка тушириш борасидаги давлат сиёсати бугунги ўзбек матбуотини бутунлай йўққа чиқараётир».
Журналистнинг сўзларига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш жамоат фонди ва Парламент комиссияси сингари давлат идорлари ҳар қандай эркинлик илдизига болта ураяпти.
«Бугун Ўзбекистонда мутлақо мустақил фикрлайдиган, воқеа-ҳодисаларга танқидий ёндоша оладиган матбуот нашри ҳам, радио ёки телевидение ҳам қолмади. Мисол учун, Абдухолиқов бошчилигидаги ЎзЭОАВМА республикадаги барча телерадиостанциялар тизгинини қўлига олди. Бу медиамагнат исталганча мазкур телерадиостанцияларга зуғум ўтказиши ҳам, буйруқ бериши ҳам мумкин. Журналистлар ижодий уюшмаси деган ташкилот эса журналистикадан анчайин узоқ Ғуломов қўлига топширилиб, фақат ва фақат аллақандай танловчалар, конкурслар ўтказиш билан банд», — дейди журналист.
‘Қачонгача қўрқиш керак?’
Фарғоналик мустақил журналист Баҳодир Элибоевнинг айтишича, маҳаллий нашрлар одамларнинг муаммоларини кўтариб чиқмайди.
«Аксинча, муаммони кўтарган одамни улар лаънатлаб ёзишади», — дейди журналист.
Унинг ўзи ўтган йили хориж радиостанцияларига Риштонда сув,газ ва электр муаммолари ҳақида интервюлар бериши ортидан маҳаллий расмий матбуотнинг нишонига айланганини айтади.
«Риштон ҳақиқати» маҳалла фаолларининг имзоси билан «ўз ватанини ёмонлаган одамни биз лаънатлаймиз» қабилида мақола уюштирди. Уйимга келиб, огоҳлантириб кетишди»,-дейди журналист.
Баҳодир Элибоев юзага келган вазиятда журналистларни айблайди.
«Одамларнинг дардини эшитиб, кейин уларнинг саволларини амалдорларнинг олдига қўйса бўлади. Аммо журналистларимиз лаганбардорлик билан овора. Ёзсам, менга бир нарса қилишлари мумкин, деган қўрқув билан ёзмаслик фожиа-ку. Қалам чархланган бўлса, турли ифодалар билан муаммони кўрсатса бўлади. Қачонгача қўрқиш керак?» ,- дейди фарғоналик мустақил журналист.
Қассобга ‘сўз қайғуси»ми?’
Ўзбекистон ҳукумати бу йил нашрларга кўпроқ пул ажратиш ҳақида қайғурган.
Шунингдек, «Халқ Сўзи» сингари расмий рўзномаларнинг нархлари туширилган.
Мустақил журналистларга кўра, одамлар маҳаллий рўзномаларни ўқишмайди ва маҳаллий қассоблар улардан «гўшт ўрашда фойдаланадилар».
Айни сана арафасида Журналистларни Ҳимоя қилиш Қўмитаси Ўзбекистонни матбуот энг кўп цензура қилинадиган 10 та давлат рўйхатига киритган.
Ташкилотнинг баёнотида айтилишича, Ўзбекистон, Саудия Арабистони ва Белорусдаги тузумлар барқарорлик ва ривожланишни таъминлаш баҳонаси билан мустақил ахборот йўлини тўсиб, эвазига ўз ташвиқотларига зўр бермоқдалар.
АҚШ Давлат департаменти Жаҳон Матбуот куни арафасида қамоқдаги журналист Дилмурод Саййидни озод қилишга чақирган.
«Биз Ўзбекистон ҳукуматини Дилмурод Саййидни озод қилишга, у ҳибсда сақлаб турилган пайтида зудлик билан тегишли тиббий муолажа билан таъминлашга ҳамда Ўзбекистондаги мустақил журналистлар бирор бир қўрқув ёки таъқибсиз фаолият юритишлари учун сиёсий фазони яратиш чораларини кўришга чақирамиз», — дейилади АҚШ Давлат департаментининг баёнотида.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *