Тошкент бозорларига ўт кетди…
Журналист шарҳи
Бозорларнинг ўчоғига олов қалаётганлар ким?
Ўзбекистон бозорларида ҳамма нарса бор. Фақат инсоф ва назорат йўқ!
Тошкент бозорлари аллақачон мафия қўлига ўтиб кетган…
1.
Қадимдан бирор давлат ва ё мамлакат аҳолисининг яшаш тарзини билмоқчи бўлганлар аввал унинг бозорларига боришган.
Бугун Ўзбекистон бозорларига борган одам у ердан инсульт ёки инфаркт бўлиб чиқиши ҳеч гап эмас.
Одатда биз деҳқон бозори деб улуғлайдиган мўл кўл бозорларимиз бугун бозор эмас – халқ озорига айланди.
Нега?
Нега одамлар бозорга қадам қўйганда, ҳар куни бир газ сакрайдиган нарх наволарни кўриб, юрак ҳовучлайдиган бўлиб қолишди?
Нега?
2.
Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин. Лекин энг асосий ҳаёт манбаи бўлмиш — нон, гўшт ва картошка нархининг осмонга чиқиб кетганига чидаши қийин.
Бир пайтлар Ислом Абдуғаниевич “Биз ноннинг нархини ҳеч қачон оширмаймиз!” деб халққа энг олий ва улуғ минбардан туриб ваъда берган эдилар.
Лекин минг афсуски, кейинчалик бу ваъдага вафо қилинмади.
Бугун Ўзбекистонда бир қоп қозоқ уни 100 000 сўм! Уни килолаб сотганда эса нархи 150 000 сўмга чиқади.
Бу дегани — бугун Ўзбекистонда бир кило ун нархи 3000 сўмга чиқди дегани бу.
Ўзбек уни эса — буханка нон ёпишдан бошқа нарсага ярамай қолди. Унинг ҳам ичига пичоқ солсангиз, увадаланиб, тўкилиб кетади…
Худди нондек одамнинг қорнини тўйғизадиган (оқсил моддаси бор ахир) бир кило картошка нархи эса 2500 сўм!
Сўмнинг минг марта қадрсизланганини ҳисобга олсак, бугун бир кило картошка — 2 ярим миллион сўм демакдир!
Совет даврида кўча куйда вагон вагон тўкилиб ётадиган 18 тийинлик картошка бугунги мустақиллик даврига келиб анқонинг уруғига айланди.
СССРда 1 сўм 80 тийин бўлган бир кило гўшт нархи эса бугунги мустақил Ўзбекистонда — 25 000 сўм!
Сўмнинг минг бор қадрсизланганини ҳисобга олганда — 25 миллион сўм дегани бу!
Тошкентда қўзиқориндек кетма кет очилаётган супер маркет ва мини маркетларда эса – 35 000 сўмга қадар етди!
Бу нарх наво — аллақачон руҳи синган ўзбек халқининг энди тишини ҳам синдирди…
3.
Кейинги ўн йилдан бўён бозорларимизда ҳукм суриб келаётган бу адолатсизлик бугунга келиб ўзининг авж пардасига чиқди, кульминацион нуқтасига етди…
Бу ташвишли ҳол — ўн йилдан бўён ўзбек ҳукуматига раҳбарлик қилиб келаётган Шавкат Мирзиёев қаёққа қараяпти деган табиий ва ҳақли саволни кун тартибига олиб чиқади.
Лекин бозорларни кезган одам бу давлатни ҳукумат эмас, балки мафия бошқараётгандек тасаввурга эга бўлади…
Ўзбекистонда ҳукумат борми ўзи? Агар ростдан ҳам бор бўлса, у қаёққа қараяпти? Нега чора тадбир кўрмаяпти?
Бу инқирознинг илдизи аниқ, сабаби ойдин-ку!
Қўшни давлатлар билан маҳсулот айир бошлаш ва ўзъаро савдо сотиқни тўғри йўлга қўя билмаслик, иқтисодий масалаларни тўғри еча билмаслик оқибати эканини наҳот ҳукуматдагилар тушунмаса, билмаса.
Агар ростдан ҳам тушунмаса, билмаса – ҳукуматда нима қилиб ўтиришибди улар?
Бир долларга пахтани сотиб, икки долларга картошка олиш билан баробар уларнинг қилаётган иши…
4.
Бугун ўзбек бозорларидаги энг сара маҳсулотлар, ажабки четдан олиб келинади.
Жамики арзон гаров матоҳ – Хитойдан, Европа стандартидан чиқиб кетган кийим кечак (исқирти) – Туркиядан, техника жиҳозлари ва ҳакозо – Кореядан, писта бодом — Эрондан, анор – Тожикистондан, буғдой, ун ва нон – Қозоқистондан, мева чевалар — Қирғизистондан, кўрпа-тўшак, кийим-кечак, гиламлар, турли туман чит ва матолар – Туркманистонда келяпти…
Ажаб, Ўзбекистоннинг ўзи нима ишлаб чиқаради деган саволга баъзан жавоб тополмай каловланиб қолади киши.
Майли, бунга ҳам чидаш мумкин.
Лекин ўз сабзовоти, ширин шакар мева чеваси билан бутун Осиёда маълум ва машҳур бўлган Ўзбекистон наҳот уларни ҳам ҳам бугун четдан олиб келса?
Қадимда ҳалол ва меҳнаткаш деб ном қозонган ўзбек бободеҳқони қаерда қолди бугун?
Ўзбекистон билан қиёслаганда унинг қулоғича чиқмайдиган жажжи Қирғизистон мана неча йилдирки Ўзбекистоннни сара мева — чева билан таъминлаб келаётган эди.
Мана бу йилдан бошлаб энди картошка ҳам ўша ёқдан келяпти.
Шунинг учун ҳам унинг нархи бугун бозорларимизда 2 500 сўмга чиқди!
Ўшани ҳам баъзан мулозимлар келиб кўрсин деб соттирмай туришади, топиш қийин…
1 кило қирғиз олмаси бугун бозорда 9-10 минг сўм!
Ўзбекистон бозорларига нима бўлди?
Ўзбек ҳукумати қаёққа қараяпти?
5.
Бугун бутун дунёда чекланиб, сотилиши тобора таъқиқланиб бораётган зарарли ва заҳарли парранда гўшти бутун “отход”и билан Ўзбекистонга оқиб келаяпти.
Уларнинг муддати ўтгани ва чеклангани билан ҳеч кимнинг иши йўқ.
Бу билан шуғулланаётган давлат мулозимлари учун — халқ соғлиғи ва жонидан кўра, ўз ҳузури ва кармонини ўйлаш муҳим бўлиб қолди…
Бу қачонгача давом этиши мумкин?
6.
Ўзбекистонда кечагина маҳсулот бериб турган миллион гектардан ортиқ сувли ер қишлоқ хўжалиги аборотидан чиқиб кетгани ҳақида олимлар, зиёлилар қайғуриб бонг уришмоқда.
Ҳатто Ўзбекистондан ўн минглаб километр олис Канадага — “Дунё ўзбеклари” мустақил интернет нашрига ҳам уларнинг бу дод войлари етиб келди.
Лекин бу ҳақли ва адолатли талаблар расмий Тошкент ҳукуматига ҳануз етиб борганича йўқ…
Уларни тинглайдиган одамнинг ўзи йўқ бугун Ўзбекистон Олий раҳбариятида.
Ҳукумат мулозимлари Ўзбекистоннинг сувли ва унумли ерларини сотиш билан овора…
Ҳукумат раиси бу нарсаларни билмайди деб ўйлаш соддалик бўларди.
Ҳолбуки, “ер тагида илон қимирласа биладиган” Шавкат Миромонович ҳақида бундай дейиш адолатдан бўлармикан?
Йўқ, бу – у кишини яхши билмасликдан далолат…
7.
Бугун Ўзбекистоннинг табиий бойлигини, она заминини авайлаб-асраб, унга барака киритишни ўйлайдиган раҳбарнинг ўзи йўқ.
Минг-минг гектар сувли ва унумли ерлар экинсиз қолиб кетяпти.
Ерлар чайқовчи ижарачиларга нақд пулга сотиляпти…
Ҳукумат раисининг она юрти бўлмиш — Жиззахда сўнгги ўн йилликда Россия мафияси хуфия қовун етиштириш билан шуғулланяпти.
Арнасой ва Форишда бир гектар қовунбоп ер — 5 миллион сўмга чиқди.
Бошқа жойда бир гектар ер нархи — 500 000 сўм. Қовунбоп ер эса — 5 миллион сўм!
Отингни сот, молингни сот — ҳукумат раисига яқин бўл экан…
Биз бу масалага ҳали қайтамиз…
8.
Мирзиёев ҳукуматининг яна бир тутуриқсиз фалсафаси ҳақида.
Энди келгуси йилдан пахта йиғим теримида инқилобий бурилиш ясашни ваъда қилаётган Ўзбекистон ҳукумати Корея давлатидан олтиндан ҳам қиммат пахта териш машиналарини сотиб олиши ҳақидаги узун қулоқ гап сўзлар қулоғимга чалинди.
Бу хусусда ҳукуматлар аро мулоқотлар олиб борилаётгани, махсус “переговор”лар бўлаётганини эшитдим.
Кореядаги пахта териш машиналарининг ҳар бири — 400 000 доллар эканлигини бу мулозимлар билармикан?
Ваҳоланки, эллигинчи йилларда иш бошлаб, етмишинчи йилларга келиб дунёга — ўн минглаб замонавий ва мукаммал, энг сўнгги жаҳон андозаларига мос пахта териш машиналарини етказиб бериш қувватига эга бўлган “Тошсельмаш” заводи мустақиллик йилларида ҳеч бир сабабсиз бузиб ташланди.
Ана шундай бир шароитда бир дона ер ҳайдов трактори 100 миллиондан ошса, Олтой трактори 200 миллионга етиб қолди.
Хуллас, Ўзбекистон келгуси икки уч йилда пахтанинг 90 фойизини машинада йиғиб териб олишини башорат қилмоқда.
Шундоқ ҳам кундан кунга ғариблашиб бораётган ўзбек фермерлари муштумзўр ҳукумат раиси томонидан — ҳар бири 400 минг долларлик пахта териш машиналарини олишга мажбур этилса, бунинг оқибати нима бўлиши ўз ўзидан аён.
Ўзбек деҳқонининг шу кунгача косаси оқармаган эди.
Энди иштонидан ҳам айрилса, ажаб эмас…
9.
Хуллас, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида даҳшатли таназзул бошланганига анча бўлди.
Аниқроғи ўн йилдан ошди…
Ҳукуматнинг юмшоқ ва айланмачоқ креслоларида ўтириб, ўз нодон ва калтабин сиёсати билан бозорларга ўт қалаётганлар — чўнтагидан бошқа нарсани ўйламаётган мафиячи корчалонлар эканини афсуски ҳамма ҳам билавермайди.
Лекин бозорларнинг ёнаётганлиги ва ундан бурқсиб чиқаётган тутун кўланкаси эндиликда кўп нарсаларни ошкор қилса ажаб эмас…
Ўзбекистон Президенти энди кескин чоралар кўрмаса бунинг оқибати фожеа билан тугашига шубҳа қилмаса ҳам бўлади…
10.
Бозорлар нима учун ёнади?
Ўзбекистон бозорларида ҳамма нарса бор. Фақат инсоф ва назорат йўқ!
Улар шунинг учун ёнади.
Бозорларнинг ўчоғига олов қалаётганлар ким?
Ўзбекистон мулозимлари! Олий раҳбарият!
Бунинг олдини олиш учун Президент ҳам, Бош вазир ҳам, МХХ раиси ҳам – барча Олий раҳбарият бозорларга бориб туриши керак.
Ҳозиргидек олдиндан айтиб, махсус “тўлдириб ташланган” “сув текин” бозорларга эмас, табиий фаолият юритаётган ҳар кунлик оддий бозорларга улар тез тез бориб туриши керак.
Агар давлат ишлари боис уларнинг бунга вақти етмай, қўли тегмаса – уларнинг хонимлари, фаришталари, дилбар рафиқалари борсин.
Агар улар ўз шаҳоншоҳ ва ҳукмдорлари билан вақт бевақт бозорларга бориб, у бу нарса харид қилиб туришганида эди, Ўзбекистон бозорлари бугунгидек ёнмасди…
Лекин минг афсуски, бизда Олий раҳбарлар бозорларга тушмайди. Тушса ҳам олдиндан бонг уриб тушишади.
Бозорни “ушлаб турганлар” эса уларнинг кўзларини боғлашади. Чунки уларнинг ортида катта мафиялар турибди.
Улар бозорларни бозорқўмлари билан қўшиб шахмат тошидай у жойдан бу жойга силжитади.
Бозорларнинг тепасида бугун оддий мафиялар эмас, ўта моҳир кўз бойловчилар туришибди.
Бу кўз бойловчиларнинг бир қўли ҳукумат чўнтагида бўлса, бошқа қўли давлат хазинасида турибди…
11.
Хуллас, шу пайтга қадар Президентга ишониб келган халқ — бугун иккиланиб, ўйланиб қолди.
Узоқ вақт юртбошига меҳр қўйиб, унга бўлган ҳурмат ва ишончини тишининг кавагида асраб келаётган эди бу халқ.
Бозорлардаги бугунги нон, картошка ва гўшт нархи халқнинг ўша сабр тишини ҳам синдирди…
Одатда биз деҳқон бозори деб улуғлайдиган мўл кўл бозорларимиз бугун бозор эмас – халқ озорига айланди.
Нархни суньий ва атайлаб ошириш навбати айнан камбағаллар кун кўрадиган озиқ овқат маҳсулотларига қаратилгани мени турли ва сирли хаёлларга олиб кетади: халқни кимдир атайлаб Ислом Каримовга қарши қўзғамаяптимикан деб ўйлаб ҳам қоламан баъзан…
Менинг бу хавотирим махсус хизматлар идораси учун жиддий мушоҳада мавзуси бўлишини истардим…
Майли, нима бўлганда ҳам охири бахайр бўлсин.
Лекин кўнгилда барибир нозик бир савол қоляпти:
Бозорларда гуриллаб ёнаётган бу оловни ким ўчиради?
12.
Сўнгги ўн йил (Мирзиёев ҳукуматга раҳбарлик қилган давр) да Чорсу, Олой, Юнус Обод, Фарҳод ва Қўйлиқ бозорларининг раҳбарлари ўн марталаб алмаштирилди.
Баъзан уларнинг раҳбарлиги уч ойга ҳам етмади, ярмидан кўпи қамалиб кетди…
Пойтахт Бозорлар департаменти бошлиғи — шахсан ҳукумат раиси «суҳбат қилиб» ўзи тайинлайдиган ва ишдан оладиган юксак мартабали арбобга айланди…
Чилонзор бозори метронинг ёнида — истемолчиларга қулай жойда эди.
У негадир бузиб ташланиб, ўрнига сон саноқсиз супер маркет магазинлари қурилиб, палон пулда тезлик билан сотиб ҳам юборилди…
Ҳукумат раиси фаолиятига оид яна бир маълумот:
Мирзиёев ҳукумат тепасига келганида гўшт 2000-2500 сўм эди. Ўн йилда унинг нархи ўн баробар ошибди.
Шавкат Миромонович ҳали бери ўз ихтиёри билан бу лавозимдан кетиш истаги йўқ. Аксинча…
Демак, бугунги 25 000 сўм ҳам – гўштнинг охирги нархи эмас…
13.
Дунёнинг ишлари ростдан қизиқ.
Биз қарасангиз, бозор қошида халқ ожизга ўхшаб кўринади.
Гўёки, бозорга борилмаса, унинг куни ўтмайди.
Лекин бир ўйлаб кўринг, бу халқ озорига айланган бозорларга халқ тушмай қўйса унда нима бўлади?
Тошкент бозорларининг ҳеч ким ўчиролмайдиган ёниши ана ўшанда бошланади…
Бу кун ҳам узоққа ўхшамайди…
10 апрель, 2014 йил,
Торонто, Канада.
Шеър излайман бугун Тошкент кўчаларида,
Секингина зирқирайди беором қалбим.
Мен умримнинг бу суронли кечаларида,
На бир таскин топа олдим, на шеър тополдим…
Суратда: Исмат Хушев Тошкент бозорларида…
(«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири ўтган йили Ўзбекистонга борганида олинган расмлар)
Офарин,Хурматли Исмат ака! Баайни хакикатни ёзгансиз! Мен хам шу йил 10 мартигача Президентга хурматим бор эди. Охирги ишонч толаси хам узилди. Мамлакат ободчилиги, халкининг фаровон яшаши хамма хаммаси биринчи рахбарнинг хохиш иродасига боглик. Мен 1991 йилда Митан шахарчаси чойхонасида бир муйсафид билан хамгап булиб колган эдим. Сухбатимиз якунида, у киши, УFЛИМ МЕНИНГ АЙТГАНИМ ЁДИНГДА ТУРСИН, АГАР ШУ РАХБАРИМИЗ ИШЛАБ ТУРСА УЗБЕК ХАЛКИ ВАТАНГАДО БУЛАДИ, КАМОКХОНАЛАРДА ЧИРИТИЛАДИ!!!
Ер хали хам уз эгасини топгани йук булиб, махаллий хоким амалдорлар кулида бойиш манбаи сифатида фойдаланилмокда. Ерни тадбиркор хусусий мулкдорларга беришдан, жахон стандардларига мос ислохатлар олиб боришдан амалдорларнинг, утдан куркандай куркишини сабаби ерни етмаслиги, ишсизликни ортиши эмас, балки уз жиноий даромадларидан ажралиб колиш хафи туфайлидир. Бозорлардаги нарх-навони юкорилиги мафияга эмас, ерлардан маъмурий буюрукбозлик бошкаришнинг самарасиз услубининг натижасидир.
Бозор — Озор — Мозор., Мирзиёев ҳукумат раҳбари бўлганидан буён нон билан гўштнинг нархи қанча ошган бўлса, одамнинг нархи шунча тушди. Одамлар ишқилиб бундан баттар бўлмаса эди деб Худога нола қилиб яшаяпти. Исматжон олис Торонтода туриб халқимизнинг аччиқ қисмати ҳақида қайғураётганлигингиз учун рахмат! Ишқилиб, охири бахайр бўлсин
Mirziyoyev Jizzaxda hokim payti yaqinda Moskvaga borganini, u yerda narx-navo «yonib» ketganini, «xatto bir kelo go’sht 25so’m(25rubl) ekanligini aytib, bizdagi orzongarchilikka odamlarni mahliyo etgandi. Oradan hech qancha vaqt o’tmay O’zbekistonda 25 rublga bir kelo o’pka ham ololmaydigan payt keldi. Narxning o’sishiga rublning qadrsizligi sabab qilindi.Qirg’z somini chiqqanida iqtisodchi yurtboshimiz Akayevni «ahmoq»qa chiqargandi. Bizda som kupon, undan so’ng yangi o’zbek somi joriy etildi.
Moskvada go’sht narxining 25 rubl ekanligini tanqid qilgan Mirziyoyevning o’zi rahbar bo’lgan Jizzaxda ham, o’zi bosh vazir bugungi mustaqil O’zbekistonda ham narxnavoning osmonlashini hech bir davlatning narxiuga qiyoslab, haspo’shlolmaydigan davrini ham ko’rdik. Maoshning o’sishi hech ham narxning o’sishini bo’ylagan emas: Sovet davrida qozonidan go’sht arimagan dehqon, bir oyda bir kelo go’sht sotib olishga qurbsiz, qozoni go’shtsiz qaynaydigan ham bo’lib qoldi.
Odam organizmi uchun hamma yegulik kabi go’sht ham o’ta muhim. Bilasizlarmi, o’z organizmining go’shtga talabni o’smirlar qanday qondirgandi? Buni eslash ham dahshat: bu voqea jizzaxdagi hamma xo’jlikda bo’lgandi: O’smirlar itlarga qiron keltirgandi. Ular qishloqdoshlarining itlarini o’g’irlab, dalayu dashtda so’yib, go’shtini pishirib yeshardi!
Buni Mirziyoyev va Karimovlar eshitmagan deysizmi? Yo’q, ular «kerak bo’lsa biz halqqa tekin (it)go’sht yedirib qo’yibmiz!»- deb miriqib kulishgandir. Mustaqil davlatimizning statitikasi o’zbek xalqining emagini, hususan go’shtni miqyoslaganda kula-kula yeyilib ketgan it go’shtlarini ham statistika xujjatlariga kirim qilgandir…
Agar siz xalqdan uzulmagan bo’lganingizda edi, Ismat aka, Karimovni madh etib she’r va asarlar yozmagan bo’lardingiz…
Ismat aka,
O’zbekiston bozorlari emas, butun boshli davlat boshqaruvi mafia qo’liga o’tib ketganiga ancha bo’ldi. Lekin siz buni endi his qila boshladingiz, shekilli. Bu mafianing boshida sizning sevimli «Islom akangiz» turibdi. Hozir vatanimizda poraho’rlik davlat boshqaruvining eng yuqori qatlamlariga etib bordi. Bugun davlatda yuqori lavozimda o’tirganlarning aksariyati, afsuski, O’zbek halqining, O’zbekistonning ildiziga bolta urayotganlardir.
Жуда долзарб масалалар кутарилипти. Хар бир суз жуда уринли ва хак айтилган. Умуман олганда, Мирзиёев бошга тушган бало булди. Айни мана шу одам премьер булгандан сунг Узбекистон иктисодиёти гуркираб пастга шунгий бошлади. Бу одам иктисодиёт нималигини умуман тушунмайди, кишлок хужалигини хароб килди. Одамлар уни Мирзиёнов дейишади яна. Мен Аллохдан факат бир нарсани, илохим шу Мирзиёев президент булмаслигини. Агар булса, Узбекистон мустакиллигини йукотади, худди Януковичдек Россияга сотворади.
ОЛдин бозорлар талон тарож қилинди, сўнгра ЎТ қўйилди, ва бу давом этиши мумкин! Жуда ўт қўйишни иложи бўлмаса, қора маскалик, автомтлар блан қуроллантирилган ваҳший жаллодлари ёрдамида бор бутуни талаб, ўзини мунгсиз қолдириб кетиш осон! Чунки Аргентинадан бошпана олиш учун ҳарбир «қочқин» 20 миллиар АҚШ долларига эга бўлиши шарт! Бундай (жисмоний қотиллик блан узоққа бораолмадилар)
ИҚТИСОДИЙ ҚОТИЛЛИКНИ КИМЛАР УЮШТИРАДИЛАР ЎЗБЕКИСТОНДА, ИСМАТ ШЕР?!