• Пт. Окт 4th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Гулноранинг шамолида учган “варрак”лар

Май 24, 2014

 

Яхши-суъратим

 

Исмат Хушев: Гулноранинг шамолида учган “варрак”лар

 

Собиқ молия вазири ва Ўзбекистон халқ артисти қамоққа олинган.

 

Навбат энди кимники?

 

Муҳожиротдаги журналист Ватандаги ҳибсга олишлар ҳақида

 

 

Ҳозиргина бизга етиб келган ишончли манбалар хабарига кўра Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов билан республиканинг собиқ молия вазири ва “Кредитбанк” раҳбари Жамшид Сайфуддиновлар ҳибсга олинган.

Яқин соатлар ичида “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушевнинг бу ҳибсга олишларга бағишланган “Гулноранинг шамолида учган “варрак”лар” номли таҳлилий мақоласи билан танишасиз.

 

1.

Ўзбек халқининг мақолларида ҳикмат кўп: “Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр” деб бежиз айтишмаган.

Шу пайтга қадар Ўзбекистонда “Ўзи хон – кўланкаси майдон” бўлган Гулноранинг энди олдинги довруғидан асар ҳам қолмади.

Унинг барча бизнес лойиҳалари, теле ва радио каналлари, тилло тақинчоқли  магазинлари, кафе, ресторан ва ошхоналари ёпилди.

Гулноранинг асосий ишхонаси ва салтанати ҳисобланган “Фонд форум” тамомила тугатилиб,  барча бино ва  саройлари мусодара қилинди.

Фуқаровий  турмуш ўртоғи Рустам Мадумаров  ва фарғоналик амакиси Акбарали Абдуллаев дохил  унга яқин бўлган барча бизнес ҳамкорлари МХХ томонидан ҳибсга олинди.

«Келажак овози» Ёшлар ташаббуслари марказининг фаоллари терроризмда айбланиб, қамалди….

 

2.

Гулнора ҳақида гап сўз кўпайиб,  унинг атрофида чанг тўзон кўтарилса-да, шамол унинг ўзини қўзғатолгани йўқ.

“Президентнинг  қизи” деган ном уни бегумон ҳибсдан сақлаб турибди.

Лекин унинг атрофидагилар бир бир озодликдан маҳрум бўлмоқдалар.

Яқинда собиқ молия вазири ва “Кредитбанк” акционерлик жамияти раиси Жамшид Сайдуддинов билан Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов ҳам ҳибсга олиндилар.

Маълумки, бизда бунинг сабаблари айтилмайди, ҳисобот берилмайди.

Лекин англашимизча, бу тегирмоннинг шамоли битта бўлса керак.

Ҳибсга олинган ҳар иккала мулозим (бири иқтисод ва банк тизимида, иккинчиси – театр ва санъат соҳасида) ҳам “Фонд форум” атрофидаги фаоллардан эди.

Гулнорага у ёки бу сабаб яқин бўлган ва турли соҳаларда ҳамкорлик қилган бошқа кўплаб санъаткорлар, олим ва зиёлилар  ҳам  оёғи куйган товуқдай тергов идорасига қатнаб туришибди…

 

3.

Жамшид Сайфиддинов Ислом Каримовнинг энг яқин мулозимларидан бўлиб, бир пайтлар Ўзбекистон Давлат Солиқ Қўмитаси билан Молия вазирилигини бошқарган эди.

Вазирлар Маҳкамаси ва ҳукумат йиғилишларида ҳамиша биринчи қаторда ўтирарди.

Кейинги пайтда у “Микрокредитбанк” акциядорлик Компанияси  Бошқаруви раиси эди.

Асли самарқандлик бўлган бу олифта мулозим кейинги йилларда телевизор экранларидан сира тушмасди:

-Кафолат бўлса бас, беш миллионгача кредит олишингиз мумкин, — деб кўп гапирарди…

У ўзи билан бирга “микрокредитбанк”нинг бир қатор олчоқ ходимларини ҳам экранга олиб чиқиб, беармон тарғиб қилар, уларнинг вилоятма вилоят юриб “Фонд Форум” соясида кредит тарқатишлари катта бир ҳиммат ва жасорат сифатида талқин қилинарди.

Ҳолбуки, улар дунё банк кредит тизимининг қоидаларига кўра яхшигина фоиз асосида тиламчидай қўл чўзиб турган бечора ишбилармонларга садақа мисол кредит тарқатишарди.

Жамшид Сайфиддиновнинг ўзи — истаган одамига чўнтагидан узатгандай миллион миллион кредит бериш қудратига эга эди.

Жамшид Сайфуддинов билан бирга унинг ўғлини ҳам қамашган.

У ўғлининг номига фирма очган экан.

Чет элдан лизинг орқали Ўзбекистонга келаётган қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиб, қолаверса,   бевосита янада каттароқ найрангбоз – отаси кўмагида унинг “олди сотдисидаги найранглар” туфайли ота бола бир бўлиб давлатнинг  миллиардларини ўғирлашган.

Ўзбекистонинг машҳур давлат  арбобларидан бири, собиқ молия вазири, солиқ қўмитаси раисининг карьераси шу зайл инқирозга юз тутди.

Ўзбекистон иқтисоди таназзулинининг асл сабабларига биз ана шу ҳибслар ортидаги тергов жараёни якунларидан сўнг яна қайтамиз…

 

4.

Гулноранинг шамолида ҳибсга олинган “машҳур”лардан яна бири –   Муқимий номидаги академик драмтеатрининг директори, Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов.

У  кейинги пайтларда  артистлик фаолиятидан ташқари Фонд Форум қанотида Ўзбекистон телевидениясида ” Ошга марҳамат” деб номланган  махсус эшиттиришни ҳам олиб борарди.

Ошпазларга ҳакамлик бўйича ҳар пайшанба куни махсус  кўрсатмалар берарди…

Бир сўз билан айтганда Ўзбекистоннинг довруғли  халқ артисти – ош мусобақаларининг бош ҳаками ҳам эди.

У фақат ошга ҳакамлик қилиш билан чегараланмай, Гулноранинг қанотида  анча бунча қилтир  -шилтир ишлар қилишга ҳам улгурган кўринади.

“Фонд Форум”нинг маданият ва санъат бўйича Гулноранинг етакчи маслаҳатчиларидан бири сифатида  турли туман маданий тадбирларда  Мурод Ражабов доимо тўрда эди.

Мана энди Гулноранинг шамоли бирин кетин унинг атрофидагиларни учираяпти.

Бугун бу аччиқ қисмат – Мурод Ражабовнинг ҳам бошига тушди.

У машҳурлигидан ташқари ўзбек артистлари орасида тарозиси энг юқори тош босадиган ҳайбатли ва бесунақайлиги, товуши баланд ва галварслиги билан ажралиб турадиган одам эди.

Унинг бўйи икки метрдан баланд бўлиб,  овози бутун Ўзбекистонни гумбурлатиб турарди…

 

5.

Ҳар ҳолда Ўзбекистон халқ артисти ва юқори даражада таниқли санъат арбобини зиндонга олиш аввало осон эмас, қолаверса энг юқори доираларда ҳал бўлиши ҳисобга олинса, машҳур артистнинг зиндондан чиқиб келиши осон кўринмайди.

Мурод Ражабов совет давридаги “Бу воқеа Қўқонда бўлган эди” фильмида Эргаш қўрбоши ролини ўйнаб, халойиқ тўпланган катта майдонга оқ тулпор отида бостириб келиш саҳнаси билан жуда машҳур бўлган эди.

Бу сафар Мурод Ражабов яна оқ отга қайтиб мина оладими йўқми, бу энди даргумон…

 

6.

Гулноранинг шамолида осмонга учган навбатдаги “варрак”лар ҳақида гапирарканмиз, Ўзбекистон ижтимоий сиёсий ҳаётида катта бомба бўлиб портлаган Президент оиласидаги машмашаларга ҳам бир оғиз муносабат билдириб ўтишимиз керак бўлади.

Шу муносабат билан кўплаб хорижий оммавий ахборот воситалари, хусусан  ўзбек мухолифати Президент оиласидаги можаро ҳақида гапириб, Гулнора атрофидаги машмашалар  – Ислом Каримов салтанати инқирозидан далолат деб бонг уришди.

Ўзбекистон давлати ва  мамлакатини бошқариш жилови МХХ измида, Каримов хавфсизлик хизматлари қўлида  “гаров”да турган қўғирчоқ раҳбар деб аюҳаннос солишди.

Лекин аслида бундай эмаслигини Ислом Каримовни билган ва Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги асл вазиятдан хабардор кишилар  яхши билишади.

Ислом Каримов бугун ҳам ўша ўша — Ислом Каримов.  У бошқарув жиловини бировга бериб қўйгани йўқ.

Ўзбекистон жилови бугун ҳам Ислом Каримовнинг қўлида мустаҳкам ва маҳкам турибди. Уни ҳеч ким тортиб олгани йўқ.

Яқин беш-ўн йилда тортиб ололмаса ҳам керак…

 

7.

Гулноранинг шамолида учган “варрак”лар ҳақидаги бугунги мулоҳазаларимиз ана шулардан иборат.

Энди варрак учиш кимнинг навбати…

 

23 май, 2014 йил, Торонто шаҳри, Канада

5 комментариев к «Исмат Хушев: Гулноранинг шамолида учган “варрак”лар»
  1. Катта рахмат Исмат ака! Давримизга ва келажагимизга тугри бахо беришда, хамда бугунги кунларимизнинг нозик томонларини хам когозга ураб кистириб утгансиз. Бу хакикатни тушуниб колган кенчалаб казоларнинг уйкуси кочиб, халовати йуколди. «БУ БИР НАРСАНИ БИЛАДИ, МЕН ХАКИМДА ЁЗГАН ШЕКИЛЛИ, ИСМИ ФАМИЛИЯМНИ ЁЗМАГАНУ, ЛЕКИН ШУ АЙНАН МЕН» дейишиб пайтавасига курт тушгани канча! Буйнида иллати борнинг оёги калтирайди. Юкоридаги кимсалар, нафсининг курбони, хатто Гитлерга хам хизмат килар эдилар ва шундайлар хали куп!

  2. Odatdagidek, I.Hushev maqolani o’lganni ustidan tepgan usulida yozgan. Hayron qolarli joyi Murod Rajabov haqida u hibisga olinmasdan oldin nima uchun yuqoridagi «iliq» gaplar yozilmadi? Muallif o’z odatiga ko’ra qiyinchilikka duchor bulgan, urilgan insonlarni kulishni juda boplapti. Uzi KRESLOda o’tirgan vaqtida halqni milionlarini jig’ildoniga urganlari esdan chigan shekilli. Endi toroziga soladigan bulsak Murod Rajabov kimu I. Hushev kim. Rajabovni butub uzbekiston qolaversa markaziy osiyo uzbeklari tanishadi va u Uzbek sanati, teatri, kinosi uchun salmoqli va tarihda qoladigan ishlar qilib qo’ygan. Uni millionlab odamlar tanidi va hali u ijro etgan rollar ancha yillar halq orasida yuradi. I.Hushevni kim tanidi, uziga o’hshagan laganbardor 10-15 ta jurnalist, sobiq hismatdoshlari va boring ushbu sayt o’quvchilari. Maqola noprofisional, biryoqlama, kaltabin yozilgan. Uzbekda yana «Karvon utadi….» degan maqol ham bor, janobi muallif.

    1. Хушев креслосида ўтирган пайт миллионларни ўмарганини хали исботлаш керак, бу иддао хам итни акиллашидек 1 гап. Энди Ражабовни бутун Ўзбекистон билиши турган гап фақат қай тариқада -масхарабозу, бир палов ейувчи суллох шаклида, аммо хақиқатни хечам очиқ гапирмаган, қолаверса ўша палов кўрсатувида қатнашганлардан пора олган деган версиялар хам бор. Хушев эса хақиқатни айтгувчи 1 сиймо, қолаверса у ўзи ватанпарвар бўлган, аммо давлат унутган(ишдан олган) қахрамонларни хам бот бот сизга ўхшаганларга эслатиб туради. Хушевни таниганларни хисоблашни кераги йўқ, асосийси сиз танийсизку, қолаверса Ражабов қулоғини ушлаб кетти, Хушев эса орамизда…Мақолни ўрнида ишлатибсиз, фақат карвон бу ерда сиз эмассиз…Ишингизни қилинг карвон эса кетаверсин…(Қўполлик учун узр).

      1. Talant aka, sizning sozlaringiz huddi oqday nishonga tegdi-d! Bitta hasadguy jurnalist bor horijda, u avval Ozbekistonda dushman edi Hushevga, keyin horijda dushmanligini davom ettirayapti, bu ham bulsa, Jahongir Mmatov boladi, bu humpar Karimovning kerak joyini yalab TV ga boshliq bolib olgandi, u erdan haydalgandan keyin esa «muholf»ga aylandi xamaleon misoli! Uning oyoq izlari huddi malum mavjudot oyoq izlariga uxshab darrov blinib qoladi, shunday iplos gaplarni usha yozadi, Hushev nimani ugirlaganini yozalmaydi,chunki hamamni uziga uxshagan ugri deb biladi, uzi kolxoz raislarni peleton yozaman ustingdan deb,shantaj qilib ulardan pora olganini Samarqandi azimda tumonot odam biladi bu xaromkurni, balki siz bu haqida uqigandirsiz Talant aka.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *