Буғма илон каби ўз ўлжасини кутиб турган ўзбек ҳукумати шакар ялайман деб интилган халқнинг бўйнига янги сиртмоқ ташлади.
Бу ширин сиртмоқнинг номи, во ажаб, шакар бўлди.
Ўзбекистонда шакар – заҳарга айланди…
Унинг нархи осмону фалакка сапчиди…
Бу — Президентга – аталган бомба эмасмикан?
Муҳожиротдаги ўзбек журналисти шарҳи
1.
Ўтган гал биз “Дунё ўзбеклари” ўқувчилари ва мухлисларини — бу йил Ўзбекистонда қурғоқчилик бўлиши кутилаётгани ҳақида огоҳлантириб, “Ўзбекистон: Чорвачилик хавф остида” номли мақола эълон қилган эдик.
Минг афсуски, нохуш башоратимиз ҳақиқатга айланди.
Бу йилги қурғоқчилик муносабати билан пишиқчилик нисбатан эрта бошланиб, қулупнай мўл бўлди.
Шакарнинг нархи осмонга сапчиди…
2.
Жамики байрамлар арафасида ўзбек магазинлари ва бозорларида ёғни яшириб сотиш одат бўларди.
Айниқса рўза ва қурбон ҳайити каби диний маросимларда чалпак, бўғирсоқ, қатлама ва чак-чаклар пишириш учун зарур бўлган ёғнинг нархи тепага сапчиб, осмону фалакка чиқиб кетарди.
Энди унинг ёнига шакар ҳам қўшилди…
3.
Ҳадемай қулупнай ўтиб, унинг ортидан гилос, олча, малинага навбат келади.
Ўзбек халқи бу каби мевалардан рус тилида “варений” деб аталувчи турли хил ширинликлар — мураббо ва шарбатлар тайёрлашни одат қилган.
Шакар яна вариллаб осмонга чиқиб кетади…
4.
Хуллас, Ўзбекистонда қурғоқчилик бошланиб, қаҳатчилик қайси соҳадан ниш уриши кузатиб турилган бир ҳолатда кутилмаганда шакар қаҳатчилиги бошланди.
Ваҳоланки, Ўзбекистон мана бир неча йилдирки, ғалла мустақиллигига эришдик деб, кўкрагига ургани каби, Хоразмда улкан шакар заводи ишга туширилиши муноабати билан шакар мустақиллилига эришганлиги ҳақида оламга жар солганига ҳам мана тўрт беш йил бўлиб қолди.
Лекин шунга қарамай, май ойи тугамай — қулупнай пишиқчилиги бошланиши билан Ўзбекистонда ҳақиқий шакар жанги бошланди…
5.
Хўш, шакарга нима бўлди? У бирдан камайиб, йўқолиб қолдими?
Йўқ, унга ҳеч нарса бўлгани йўқ.
Шакар бизда етарли.
Мафиялашган ўзбек ҳукумати (КабМин) шакарни босяпти, уни атай яшириб “списать” қиляпти, кейин яна қимматига сотиш учун…
6.
Буни қандай тушуниш мумкин деб сўрашингиз табиий.
Буни шундай тушуниш керак: Мафиялашган ўзбек ҳукумати аҳолига килосини — 2800 сўмдан палон тонна шакар сотдик деб расмийлаштириб, “уриб” ё “яшириб” қолган юзлаб қоп шакарни “списать” қиляпти…
Бугун бозорда 4000 сўмдан сотилаётган шакар – ана ўша ўз нархида сотилаётганидан “уриб” ва “яшириб” қолинган шакар…
Бу — мафиянинг иши.
Унинг бир учи эса шубҳасиз Шавкат Мирзиёев бош бўлган ҳукумат биносига бориб тақалаяпти…
7.
Хуллас, Ўзбекистонда шакар йўқолиб кетгани йўқ, дўкон ва магазинларда бор, бироқ унинг нархи бирданига осмонга сапчиб, 35-40 фоизга ошиб кетди.
Қишлоқ жойларида 50 фоизга кўтарилди.
Нега бундай бўлди?
Чунки юқорида айтганимиздек, пишиқчилик бошланиши билан табиий равишда шакарга эҳтиёж ортди.
Демак шакарга истаганча нарх қўйса бўлади.
Ўзбек мафияси бундан дарҳол “унумли” фойдаланишга ўтди…
8.
Шу боис шакарнинг расмий нархи бир кунда 2800 сўмдан – 3800 сўмга кўтарилди.
Шакар ҳеч бир ўзга мамлакатдан келтирилаётгани йўқ, у Ўзбекистоннинг ўз заводларида ишлаб чиқарилмоқда.
Бироқ ўзбек мафиясининг нафси ҳаккалак отган.
У қайси бир маҳсулотга эҳтиёж ошдими, унинг нархини истаганча кўтариб қўя олади. Мафиялашган ўзбек ҳукумати бу ҳақда ҳеч кимдан сўраб ўтирмайди.
Сўрайдиган одамнинг ўзи йўқ бугун Ўзбекистонда. Ўзи ҳукумат бўлгач, кимдан сўрайди?
Бошқалар ундан сўрасин…
Хуллас, ўз ўзидан – мафиянинг бошида ким турганлиги маълум: Ўзбек ҳукумати…
9.
На Республика Олий мажлиси, на унинг Қонунчилик палатаси ва на Сенати бундай “майда — чуйда” нарх — наволар устида бош қотиришга одатланмаган.
Лекин энг ажабланарлиси шундаки, Тошкент шаҳар бозорларида ҳеч кутилмаганда ярим яширин, ярим очиқ “савдо точкалари” пайдо бўлиб қолди.
Бу жойда аллақандай сирли ҳолатда “хўжам кўрсин” учун, бир икки соат 2800 сўмдан шакар сотиш тажрибаси пайдо бўлди.
Бироқ бу савдо точкалари атрофида тўпланган юзлаб харидорларнинг ўзъаро жанги ва навбат талашувлари, бақириқ чақириқлари остида бу ерда шакар сотиляптими ёки жон олиб жон бериш юз бераяптими деб ёқангизни ушлайсиз.
Шакар жангида эртадан кечгача туришга мадори етмаган пенсионер ва қарти қартанглар шакарни оширилган нархда олишга мажбур бўлишмоқда.
Арзон нархдаги шакарни эса ярим тундан навбат олган, тили ва қўли узун, бели бақувватларга насиб этади, холос.
Бу — бир пайтлар Тошкентда ўн йиллаб қизғин фаолият олиб борган валюта айирбошлаш пунктларидаги ҳолатни эслатади…
10.
Файзулла Муллажонов бошлиқ ўзбек банки қарийб чорак аср халққа валюта сотяпмиз деган баҳона билан мамлакатдаги минглаб валюта шохобчаларида ҳукумат аъзолари ва савдо карчалонларига валюта улашиб келди.
Бу шахобчалардан валюта оламан деган одам “валюта жанги”га дуч келарди.
Бугун ушбу жанг Тошкент бозорларида шакар сотиладиган шохобчаларга кўчди.
Ўзбек ҳукуматининг “ижодкорлигига” тасанно айтмай иложингиз йўқ.
Чорак аср миллиардлаб ўзбек валютаси карчалонлар қўлига осонгина ўтгани каби, бугун арзонлаштирилган савдо шохобчаларидан минг минг тонналаб шакар, афсуски, қашшоқ халққа эмас — савдо ва мафия карчалонларининг қўлига ўтмоқда…
11.
“Дунё ўзбеклари” ишончли манбаларининг тасдиқлашича — мафиялашган ўзбек ҳукумати (КабМин) рухсати билан Тошкент шаҳар ҳокимияти қашшоқ аҳоли қисмини “ арзон гаров шакар билан таъминлаш” мақсадида шаҳар бозорларида дотация ҳисобига шакар сотишни йўлга қўйган эмиш…
Бироқ аслида минг минг тонналаб шакарлар арзон гаров сотилди деган баҳона билан энг баланд нархларда реализация қилинган ҳолда, бозордаги сирли точкаларда номигагина бир неча қоп шакар сотиш ва аслида шакар жанги қай даражага чиққанлигини кўрсатиб қўйиш асл мақсад бўлса эмас.
“Мана бизда шакарнинг аҳволи, чидасанг шу, бўлмаса катта кўча!” демоқчими бу билан ҳукумат, билмадим…
Бозордаги шакар точкасида одамлар ярим кечадан келиб навбат олиб, то кун ярмигача турган ҳолда беш (5) кило шакар олишга гоҳ муссар бўладилар, гоҳ бу ҳам насиб этмайди.
Чунки шакар ҳаш паш дегунча тугаб қолади ёки шакар навбати — шакар жанггига айланиб кетиб, шакар ялаш ўрнига одамнинг оғзи бурни қонаши ҳам ҳеч гап эмас…
12.
Маълумки, Ўзбекистон бозорларига Президент томонидан ҳукумат бошлиғи шахсан масъул қилиб тайинланган.
Доимо халқдан юзини яшириб юрадиган ҳукумат бошлиғи жаноб Мирзиёев томонидан эса ўз навбатида Тошкент шаҳридаги барча бозорларга ҳукумат аъзоларидан масъул шахслар биркитилган.
Масалан, Республика солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев – Фарҳод ва Чорсу бозорларига масъул ҳисобланади.
У ҳар ҳафтада камида бир икки марта намойишкорона бозор кезади.
Унинг бозорга ташрифи олдидан бозор ва бозорлар атрофи шу даражада “тозаланадики” — бозор гўё атом реактори жойлашган зонадай тозалик, жим-житлик ва сукунат касб этади.
Ботир Парпиев бозор кезаркан, унинг атрофида шаҳар ва туман ҳокимлари, казо казо назорат органлари дум бўлиб катта бир калоннани ташкил қилишади.
Айни пайтда бозорларда нархи осмонга сапчиган гўшт, нон, картошка ва ёғ каби маҳсулотларнинг нархи бир зумда (бир неча дақиқага) ўзгариб қолади.
Лекин шу ўзгарган – арзон нархда ҳеч ким ҳеч нарса ололмайди…
Жаноб Парпиев ва унинг “дум”лари ҳамма бало қазо ва касофатларни кўриб туришгани ҳолда гўё ҳеч нимани пайқашмайди.
Улар бозор чегарасидан чиқиб кетишлари биланоқ бозордаги “жаннат” бир зумда яна асл ҳолига қайтиб, “дўзах”га айланади…
Бу “дўзах”нинг ичидаги шакар жанги ҳаммасидан ошиб тушди…
13.
Бу сафар — шакар жангини ким ўйлаб топди экан?
Бир замонлар — мустақиллик йилларининг бошларида Ўзбекистон савдо вазири бўлган машҳур биринчи ўзбек олигархи Мираброр Усмонов ана шундай бомбалар ясаш бўйича илк тажрибани йўлга қўйган эди.
У Ўзбекистоннинг юз минглаб савдо ва маиший шахобчаларини ҳеч қандай аукционсиз – савдо ходимларининг ўзига катта отасидан мерос қилиб қолдириш ташаббускори бўлганди.
Бунинг оқибатида — бир кўз очиб юмгунча халқнинг мулки бўлган не не савдо ва маиший обьектларни ўз шахсий мулкига айлантирган ўзбек олигархининг шогирдлари магазинларни шип шийдон қилиб, жамики маҳсулотни бозорга ҳайдаб – “бозор иқтисоди” деган қонуний иборани байроқ қилиб — давлат корхоналарида ишлаб чиқарилаётган озиқ овқат ва саноат маҳсулотларини беш — ўн баравар қимматига пуллашнинг ижодкори бўлишганди.
Ана шу “ижод” асосида 9 тийинлик оби нон – 500-600 сўмга, 20 тийинлик ун – 2000-3000 сўмга, 1 сўм 80 тийинлик гўшт – 20-30 минг сўмга етиб қолди.
60 тийинлик чит – 2000-3000 сўмга, 1 метр сурп – 2500-3500 сўмга, ҳеч ким қарамайдиган бир чақалик дока (бинт, марла) минг сўмга чиқди.
Агар биз ўтган мустақиллик йилларида сўм бирлигимиз минг мартага қисқарганини ҳисобга олсак, гугурт бугун – 100 минг сўм, оби нон – 500 минг сўм, бир кило ун – 3 миллион сўм, гўшт – 25-35 миллион сўмга чиқди деган гап бу.
Буларнинг ёнига — совет даврида биз Украина шакари деб танлаб оладиган сариқ олтиндай товланадиган шакар ўрнида анча бунча тахир бўлган Хоразм шакарини ҳам қўшсак, бугун бир кило шакар 4-5 миллионга чиққанини кўриш мумкин…
14.
Мираброр Усмонов — ихтиёридаги барча халталарни тўлдириб, савдо вазирлигини футбол Президентлигига алмаштириб, келажакда жаҳон чемпиони бўлишга Президентни ишонтириб, бунга халқ олдида қасам ичиб, ҳатто қачон чемпион бўлишининг аниқ муддатини айтиб берганига ҳам мана бир неча йиллар бўлиб қолди.
Лекин мустақилликнинг дастлабки йилларида Осиё чемпиони бўлган ўзбек футболчилари Мираброр Усмонов бошчилигида — миллиард миллиард евро ва долларнинг бошини еб, қуруқ аравани шалдиратиб шаталоқ отганига қарамай, мана чорак асрки, ҳануз жаҳон чемпионлиги нарида турсин, қитъа чемпионлигини ҳам қўлга кирита олмади.
Савдо қиролининг футболдан омади чопмаса чопмагандир, лекин савдодаги шогирдлари оламшумул “ғалабалар” кетидан “ғалабалар” қучишмоқда.
Бугун Ўзбекистонда, хусусан Тошкент шаҳрида дунё архитектураси билан баҳслашадиган, буюк Петр қасрлари билан бўйлашадиган жамики тўйхоналарнинг тагини кўтарсангиз унинг соҳиблари — Мираброр Усмоновнинг шогирдлари ёки қариндошлари бўлиб чиқади.
Масалан Усмоновдан кейин савдо вазирлигини унинг яқин қариндоши Зафар Файзиев эгаллади.
Бугун Тошкентдаги энг машҳур тўйхона ҳам ўшанга қарашли.
Ҳатто ҳозир собиқ “Янги ТошМИ” деб аталадиган бекат — унинг тўйхонаси шарафига “Зафар Файзиев маҳалласи” деб аталадиган бўлди.
Яқин келажакда Тошкентдаги барча маҳаллаларнинг минг йиллик номи ўзгариб, олигархлар номи билан юритилса, ажаб эмас.
Ана шу олигархлар боис – бугун Ўзбекистонда картошка, гўшт, ёғ ва нон “жанг”ларидан кейин мана энди – “шакар жанги” бошланиб кетди…
15.
Шавкат Мирзиёев ҳукумати Мираброр Усмонов ва Зафар Файзиев бошчилигидаги ўзбек мафияси билан ҳамкорликда халқни обдон шилиб олишнинг янги – янги йўллари ва ўйинларини ўйлаб топмоқда.
Гўшт, картошка ва қатор чорва маҳсулотлари қаҳатчилигидан кейин мана энди шакар қаҳатчили оёқ остидан чиқиб турибди.
Хуллас, буғма илон каби ўз ўлжасини кутиб турган ва тамомила мафиялашган ўзбек ҳукумати шакар ялайман деб интилган халқнинг бўйнига яна сиртмоқ ташлади.
Шакарнинг нархи осмону фалакка сапчиди.
Биз ҳукумат амалга ошираётган “Шакар операцияси” тафсилотларини мамлакатдаги тегишли идоралар ёрдамида батафсил ўрганиб, бу мавзуга яна қайтамиз…
Мафиялашган ўзбек ҳукумати қаҳатчилик бостириб келаётган бу йилги даҳшатли қурғоқчилик арафасида “жонажон халқи”га яна қандай бомба тайёрлаётган экан?
16.
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, Ўзбекистонда қачон ва қаерда портлаши номаълум бўлган бомбалар сони тобора кўпайиб бораяпти: Ишсизлик, коррупция, порахўрлик, тўрачилик…
Уларнинг ёнига бозорлардаги нарх навони ҳам қўшиш керак: Гўшт, нон, ун, картошка, ёғ…
Мана энди булар сирасига кутилмаганда “шакар бомбаси” ҳам қўшилди.
Бу бомба — Тошкент бозорларидан бошланиб, Ўзбекистон бўйлаб шитоб билан қанот қоқмоқда.
Президентга бомба тайёрлаётганлар эса пана панада сўмларни доллар ва еврога айлантириб, саноғига етолмай овора.
Президент ўз оёғи остига қўйилаётган бомбаларни қачонгача сезмаслиги ва кўрмаслиги мумкин?
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири
26 май, 2014 йил, Торонто шаҳри, Канада.
Xozirgi xukumatning asosiy maqsadi Uzbek degan nasli nufuzli xalqni batomom och-gadoy xonavayron badnom etishdan iborat.Bunga malum darajada erishildi xam.Axolining asosiy qismini yemogi non va shu shakar choy bolib turgan bir paytda shuni xam kup kurishibdi-da dono raxbarlarimiz,,xa mayli bu ishlar xam utkinchi xamma narsaning javobi bor!!!!
Назаримда илгари валютада булгани каби спекуляциялар иктисодиётнинг барча сохаларида авж олишни бошлади. Бу хеч нарсадан тап тортмайдиган монопол уйинчиларнинг купайганлигидан ёки илгаридан мавжуд монопол уйинчиларнинг ишлаш микёсининг ортганлигидан далолат. Халкнинг сабрини качонгача синаш мумкин?! Бу пуфак бир кунмас бир кун албатта ёрилади.
Ачинарлиси, корчалонлар халкнинг куп кисмини узларига ухшаган ноинсофларга айлантиришга улгуришди…
…Яъни агар бошкарувга келишса, худди узидан аввалги амалдорлар каби «узим учун ишлаб колай, колгани бир гап булар» деган шор остида ишлашади. Узбекчилик хам бир ажойиб сифат эди. Афсус — бу энди утмиш.
Президент юкоридаги муаммолардан хабари булса хам, булмаса хам асосий жавобгар хисобланади. Сабаби — мамлакатда шунча угирликлар, нохакликлар булаяптию БИР МИЛЛИОН кишилик куч ишлатар ходими булатуриб бу нарсалардан бехабарми?! …
Агар ростдан хам бехабар булса нима қилиб юрибди 75 ёшида президентликда?! «Мен яна ишласам нимаси ёмон» эмиш. Бир томчи кам Брежнев булиб колдингизку УРТОК КОММУНИСТ Ислом Абдуганиевич. Беринг энди ёшларга ишни, сизни кутиб бутун бошли авлод кун курмасдан кариб кетдику. Факат, илтимос сиздан БАРАКА ТОПГУР, Мирзияев ёки Азимов кабиларни колдирманг. Узини уйласа хам, узидан кейин халкни уйлайдиган одамни куйиб кетинг.
…Яъни агар бошкарувга келишса, худди узидан аввалги амалдорлар каби «узим учун ишлаб колай, колгани бир гап булар» деган шор остида ишлашади. Узбекчилик хам бир ажойиб сифат эди. Афсус — бу энди утмиш.
Президент юкоридаги муаммолардан хабари булса хам, булмаса хам асосий жавобгар хисобланади. Сабаби — мамлакатда шунча угирликлар, нохакликлар булаяптию БИР МИЛЛИОН кишилик куч ишлатар ходими булатуриб бу нарсалардан бехабарми?!…