Исмат Хушев:
Усмонхўжаевнинг Жорж Бушдан нимаси кам?
Буш ким-у, Усмонхўжаев ким?
Мустақил Ўзбекистонда тарихий шахслар – давлат ва жамоат арбоблари камситилишининг боиси нима?
Қадриятларга қайтиш замонида бу нима кўргулик?
1.
Ўн йилдирки, оилам ва фарзандларим билан Канаданинг Торонто шаҳрида яшайман.
Биз яшаб турган юрт Канадага қараса ҳам, лекин умумий тилда – Шимолий Америка қитьаси деб аталади.
Яқинда Американинг CNN телевидениясидан кўриб қолдим: Барак Обама АҚШнинг собиқ Президентларини “Оқ уй”га таклфи қилди.
“Овальный” залидаги суҳбат жараёни бизга маълум бўлмаса-да, ғоятда шинавандалик ва дўстона вазиятда, ҳамжиҳатликда ўтди.
Собиқ Президентларнинг Обама билан қайта – қайта қучоқлашиб тушган суратлари бутун дунёга кўз кўз қилинди.
Ҳатто Билл Клинтон Обаманинг латофатли аёли Мишель хонимни астойдил қўлтиғлаб олди.
Барак Обама ҳам “Овальный” кабинетидаги ўзи ўтирадиган курсисига ёпишиб олмасдан, у ерга бошқа собиқларни ҳам ўтирғизиб, улар билан тенг ҳуқуқли ва дўстона суҳбат қурди.
Қандай ажиб ҳолат. Мен бу учрашувни кўриб ғоят таъсирландим. Бундан ҳеч ким ютказгани йўқ.
Аслида негрларнинг узоқни кўра биладиган бу оқ кўнгил шум боласи ҳам ўз курсисини бошқаларга бериб қўядиган анойилардан эмас.
Бироқ, демократик мамлакатда жамиятнинг барча жабҳасини кўздан қочирмаслик, унинг турли қатламидаги одамлар ҳурматини қозониш давлат раҳбари учун жуда муҳим.
Уларнинг бу тарихий учрашувини нафақат миллионлаб америкаликлар, балки бутун дунё кўриб, ҳавас қилиб турди десам, муболаға бўлмас…
2.
Бундан роппа роса уч йил муқаддам – 2010 йилнинг май ойида Иномжон Бузруковичнинг 80 ёшга тўлганини эшитган эдим.
Ўзбекистоннинг собиқ биринчи раҳбари 80 ёшга тўлганида уни ҳукуматдан ҳеч ким эсламаганини, юбилей ўзи ва оила аъзолари даврасида ниҳоятда камтарона нишонланганини айтишди.
Ҳолбуки, Шароф Рашидовдан кейин республикага биринчи этиб тайинланган Иномжон Усмонхўжаев – Ўзбекистон тарихининг энг фожеали даврида мамлакатга раҳбарлик қилди.
Аслида шахсан Рашидов туфайли одам бўлган ва раҳбарликка кўтарилган Иномжон Бузруковичга тақдир жуда мушкул ва маломатли бир қисматни раво кўрди:
Рашидовнинг ўрнига Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари этиб сайланаркан, унинг зиммасига айнан “Рашидов шахсига сиғиниш” оқибатларини тугатиш ёки бошқача айтганда, ўз оёғига ўзи болта уриш ва ўзи ўтирган шохни кесиш каби жуда оғир ва адолатсиз бир вазифа юкланган эди…
3.
Бу вазифани Иномжон Бузрукович учун оғир ва адолатсиз дейишимиз бежиз эмас.
Оғирлиги – у ўзини одам қилган, раҳбарликка кўтарган марҳум устозига – қарши курашиши керак эди.
Адолатсизлиги – Рашидовни ёмон отлиқ қилиш, унинг номини ўчиришга бўлган ҳаракат самарасиз ва бефойда эди.
Халқ ундан меҳрини узмаган эди. Халқ меҳрини узмаган одамга тош отиш, унинг номини қора қилиш бефойда эди.
Бу бемаъни сиёсат Кремлга – КПСС Марказий Комитетига обрў келтирмас эди…
Кейинчалик Иномжон Бузруковични айнан мана шу “бўшлиги” учун ишдан олиб, ҳибс этишади.
“Рашидов шахсига сиғинишни қаттиқ фош этолмади. Унга тошни астойдил отмади” деб уни қатьиятсизликда, Рашидовга меҳрибонликда ва унинг айбини хаспўшлашда айблашди…
4.
Иномжон аканинг дадалари Бузрукхўжа ота – Ўзбекистонда колхоз қурилишининг атоқли намоёндаларидан бири, Фарғонадан чиққан Ўзбекистоннинг буюк арбоби Усмон Юсуповнинг қадрдон дўсти бўлган.
Маълумки, Усмон Юсупов – Шароф Рашидовнинг раҳбарлик ҳаётида муҳим рол ўйнаган, устозлик қилган шахс эди.
Усмон Юсупов 1950 йилда – 32 ёшли Шароф Рашидовни Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми раислигига тавсия қилиб, Сталиннинг тасдиғидан ўтказа олган раҳбар эди.
Тарихий шахсларнинг таъкидлашича, бу ўринга аслида Ўзбекистон Фанлар Академияси Президенти бўлиб ишлаб турган Тошмуҳаммад Саримсоқов номзоди тавсия қилинган экан.
Ўзбекистоннинг Қори Ниёзийдан кейинги энг буюк математиги ҳисобланган Саримсоқов айни пайтда Ўзбекистон Олий Советининг раиси вазифасини ҳам адо этган.
Рашидов сайланган Пленумда унинг ҳам номзоди тавсия қилинган, “расмият” учун овозга қўйилиб, муҳокама бўлган.
Лекин номзодларни таништириш ва фаолиятини тушунтиришда Усмон Юсупов ўзига хос партиявий маҳорат ила, “Доҳий” Сталин билан келишилган номзод – 32 ёшли Шароф Рашидовга ён босган…
5.
Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов кунлардан бир куни ёзги дачасига ташриф буюрган Бузрукхўжа отани меҳмон қиларкан, унга ҳурмат юзасидан: “Бизга нима хизмат бор?” деб сўрайди.
Шунда Бузрукхўжа ота Рашидовга: “Фарзандларимдан битта кенжасининг одам бўладиган шашти бор” деб айтади.
Рашидов “Исми нима?” деб сўраганида: “Иномжон!” деб жавоб беради Бузрукхўжа ота…
Шароф ака ўша жойдан бу йигитни қидириб топишларини буюради.
Ўша пайтларда Иномжон Усмонхўжаев Фарғона шаҳар архитектори экан. Шу билан бирга партия мактаби (партшкола)да сиртдан ўқиркан.
Рашидов уни Тошкентга чақириб, суҳбатлашади.
“Партшкола”даги ўқишини тугатганидан сўнг, “Чўлга бориб ишлайсиз” – деб, Гулистонга – ижроқўм раиси қилиб юборади.
Ишга чанқоқ, ғайратли йигитни кўп ўтмай Гулистон горкомига биринчи секретарь қилиб кўтаришади.
Ундан кейин эса Сирдарё обкомининг саноат секретари этиб сайланади.
Обком секретарлигидан эса КПСС Марказий Комитетига инструктор бўлиб кетади.
У ердан тажриба орттириб, марказдагиларнинг ишончини қозониб кўп ўтмай Наманган область ижроия қўмитаси (облисполком) га раис бўлиб келади.
Икки йилдан сўнг эса Андижон обкомига биринчи секретарь бўлади…
6.
Абдулла Ориповнинг “Омад деганлари дунёда бор гап, Бу ерда ҳар қандай хурофот бекор” деб бошланадиган яхши бир ҳикматли шеъри бор.
Шароф Рашидовнинг оталарча беминнат меҳри туфайли Иномжон Усмонхўжаевнинг ҳам омади келади.
Уни энди Ўзбекистон миқёсидаги катта ва масъулиятли бир лавозим кутар эди.
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг навбатдаги Пренумида у кўпчилик учун кутилмаган бир пайтда Назар Маткаримович Матчонов ўрнига Ўзбекистон Олий Совети Президиуми раислигига тавсия қилинади.
Унинг бу лавозимга тавсия қилинишининг ҳам ўзига хос ажиб бир тарихи бор.
Пленумда Шароф Рашидов кутилмаганда Матчоновнинг ишдан бўшаш ҳақидаги аризасини ўқиб эшиттираркан: “Энди бу кишининг ўрнига кимни сайлаймиз, кимда қандай таклиф бор?” дейди.
Ва паузани тугатмай яна давом этади: “Ўзбекистон раҳбариятида қадимдан яхши бир анъана (традиция) бўлган. Назаримда бу жуда тўғри анъана. Биз ҳам шунга амал қилсак ёмон бўлмайди” дейди сирли қилиб.
Сўнг яна давом этади: “Республиканинг асосий уч раҳбари — (Марказқўм (ЦК), Олий Совет Президиуми ва Министрлар Совети (СовМин) дан бири ҳамиша Фарғона водийси регионидан тайинланган. Агар Иномжон Бузруковични Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети шу ўринга тавсия қилса, нима дейсизлар?” – дейди.
Ўша тарихий Пленумда иштирок этганлар менга шахсан айтиб беришган эди.
Рашидов ўшанда Усмонхўжаев ҳақида: “Оталари социализм қурилишида катта хизмат қилган ажойиб одамнинг ўғли бу киши” деб яхши харакатеристика беради.
Одамлар Шароф аканинг бу сўзини қарсаклар билан олқишлаб, бир овоздан қабул қилишади.
Кутилмаган бу тайинловдан шошиб қолган Иномжон Бузрукович залда ўриндан туриб, икки қўлини кўксига қўйиб, қуллуқ қилган экан.
Шунда Шароф Рашидов: “Саҳнага чиқиб қуллуқ қилинг, ҳамма кўрсин!” деган эканлар ярим ҳазил, ярим чин қилиб…
Усмонхўжаев тавсияси билан боғлиқ ўша тарихий воқеа бор йўғи икки-уч дақиқа давом этган экан…
7.
Дарвоқе, Матчоновнинг ишдан кетиш сабаби ҳам жуда қизиқ бўлган.
Ўзбекистонда мазкур Пленум ўтказилганидан бир оз муқаддам Москвада узоқ йиллар Брежнев билан бирга ишлашиб, оқибатда ўзъаро “шохлашиб” қолган СССР Олий Совети Президиуми раиси Подгорний ҳам вазифасидан олинган эди.
Икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнаши амри маҳол деганлари шу бўлса керак-да.
Кейин маълум бўлишича, ҳали Ўзбекистон Олий Совети раиси бўлиб ишлаб турган кўнгли тоза, содда ва самимий инсон Матчонов собиқ раҳбарининг подмосковсийдаги дачасига бориб, ундан ҳол аҳвол сўраб, кўнглини кўтариб қайтган экан…
Бу яширин сафар махсус хизматларнинг кузатув камераларига туширилган.
Шундан сўнг Брежнев Рашидовга телефон қилиб: “Дурак что ли он. Почему туда сюда катается. Убрать!” деб буйруқ берганини эшитганлар бор.
Яқинда Назар Маткаримович Матчонов ҳам қазо қилганини айтишди…
8.
Халқимизда “Беайб – Парвардигор!” деган бир гап бор.
Бугун Усмонхўжаевнинг хатоларини титкилаб ўтириш одобдан эмас.
Тан олишимиз керак, у — Ўзбекистон учун жуда оғир ва фожеали бир даврда мамлакатга раҳбарлик қилди.
Рашидовга ҳужум қилган одам – Усмонхўжаев эмас!
Унга Андропов бошчилигидаги Политбюро ҳужум қилди. Уларга Ўзбекистонни тиз чўктириш керак эди.
Рашидовни эса Брежнев учун жазолашди.
Брежневнинг яқинларини ҳам аяб ўтиришмади. Унинг қизи ва куёвини ҳам қамашди.
Ваҳоланки Галина Брежнева ва Юрий Чурбановнинг тўйида қадаҳ кўтариб, уларнинг пешонасидан ўпган Андропов ҳокимиятга келганидан сўнг уларни қамоққа жўнатишдан ҳам тап тортмади…
9.
Усмонхўжаев биринчи секретарь этиб сайланганидан кейин Москвага бориб, Марказий Комитетнинг Сиёсий Бюро йиғилишида Рашидовни айблашимиз нотўғри деб гапиргани Лигачев билан Горбачевга ёқмаган бир пайтда Ўзбекистон Олий Совети раиси Рафиқ Нишонов тўхтамай Рашидовни сўкаётган эди.
У – СССР Бош прокуратурасининг терговчи генераллари Тошкентга ҳақиқий адолатни олиб келишди деб Москва газеталарига кетма кет интервьюлар бера бошлайди…
Бу ҳатти ҳаракати билан чет элда анча мунча мунофиқлик тажрибасини орттириб қайтган СССРнинг Шри Ланкадаги собиқ элчи бир ўқ билан икки қуённи мўлжалга олган эди.
У ўзини оғир гуноҳ билан бўлса-да, чет элга бадарға этган Шароф Рашидовни бадном этиш билан бир қаторда республиканинг биринчи раҳбари бўлиб турган Усмонхўжаевни остига сув қўя бошлади.
Тез кунда бу мунофиқлик Москвад томонидан муносиб баҳоланди…
Агар Рашидовни қаттиқроқ танқид қилганида – Усмонхўжаев ишдан кетмасди, қамалмасди.
Совуқ ва рутубатли Нижний Тагилга бориб дарахт кесмасди.
10.
Владимир Анишчевнинг яқинда чоп этилган “Восточный Орнамент” номли китобида ҳам Шароф Рашидов номи чуқур ҳурмат билан эсланади.
Биз юқорида тилган олган воқеалар таҳлили ҳақида гапираркан, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг иккинчи секретари бўлиб ишлаган Владимир Петрович Рашидовга бўлган ҳужумни ўзбек зиёлилари орасида биринчи бўлиб ёзувчи Шукрилло қаттиқ қоралаганини ёзади.
Шукрилло ака ўша нозик ва қалтис пайтдаёқ қайсидир бир учрашувда сўз олиб: “Ўртоқ Анишчев, Рашидовга бўлаётган ҳужумлар ноҳақ, Халқ туриб кетиб қолади. Эҳтиёт бўлинглар!” деб Марказқўмнинг котибига дадил айта олган экан.
“Унинг бу жасоратидан кейин мен у билан тез тез маслаҳатлашиб турадиган бўлдим” – деб хотирлайди Анишчев ўз китобида…
Жиззах обкомининг биринчи секретари Ислом Султонович Умаров “Рашидовни танқид қилишдан эҳтиёт бўлинг!” деб қулоғига шивирлаганини эслайди Анишчев…
Раҳбарлар эса бизда ҳамиша тулки бўлишади. Ёки янада аниқроқ айтадиган бўлсак, тулкилик қилишади.
Халқнинг ёзувчи Шукрулло ва мулозим Ислом Султонович Умаровга ўхшаш кам сонли инсофли ва диёнатли вакиллари Рашидовни ёмонлаш оқбати яхшилик билан тугамаслигини айтиб турган бир пайтда аксарият раҳбарларимиз тўтиқушдай эртаю кеч тинмай Рашидовни ёмонлашни машқ қилишарди.
Буларнинг ҳаммаси Иномжон Бузрукович Усмонхўжаевнинг раҳбарлик чекига тушган эди…
11.
Рашидовни нима учун танқид қилиш керак бўлди?
Политбюронинг “Рашидовнинг изини супуриб ташлаш керак!” деган кўрсатмаси бор эди.
Чунки Политбюрода биринчи раҳбарликни қўлга олган андроповчи Горбачевнинг асосий мақсади – Брежнев даврини қоралаш, уни ёмон отлиқ қилиш эди.
Бу йўлда Брежнев билан узоқ вақт ҳамкор бўлиб ишлаган республика раҳбарлари Шароф Рашидов (Ўзбекистон), Динмуҳаммад Қунаев (Қозоғистон), Федор Романов (Ленинград), Медунов (Краснодар), Москва шаҳрининг биринчи котиби Владимир Гришин, Политбюро аъзолари Черненко, Пельше, Шербицкий, Мазуров ва бошқа бир гуруҳ кекса ветеранларни Политбюродан Брежневнинг думи сифатида сиқиб чиқариб, ўрнига ўзларининг думларини тиқиш бош мақсад эди…
Рашидовнинг Ўзбекистондаги изини супуриш учун 25 000 катта кичик мансабдаги мулозим терговга тортилиб, ҳибс этилади.
Бу СССР миқёсида мисли кўрилмаган ноҳақлик ва адолатсизлик эди…
12.
Республиканинг амалдаги биринчи раҳбари – Усмонхўжаев (Марказқўм), Салимов (Олий Совет Президиуми раиси), Худойбердиев (СовМин раиси) олдинма кейин қамалди.
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Бюро аъзолари Осетров, Абдуллаева, Айтмуродов ва 13 областнинг биринчи раҳбари ҳибсга олинди.
Уларнинг орасида иттифоққа машҳур обкомнинг биринчи секретарлари, Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари Мирза Маҳмуд Мусахонов (Тошкент), Рўзмат Ғойибов (Қашқадарё), Бектош Раҳимов (Самарқанд), дунёга машҳур пахтакорлар: Аҳмаджон Одилов (Ленин номли Поп Аграсаноат Бирлашмаси раҳбари, Наманган), Бобомурод Омонов (“Коммунизм” колхози раиси, Улуғ Ватан уруши қатнашчиси, Сариосиё), Ман Гим Хван (Тошкент вилоятидаги юкск механизациялаштирилган “Политотдел” номли пахтачилик агропроми бошлиғи) ва бошқалар бор эди…
Тарихда, ҳатто Сталин қатағони даврида ҳам бутун бир республиканинг барча биринчи раҳбарлари бу даражада бир варакайига ҳибс этилмаган эди…
Кремлдагилар Ўзбекистонни жазолаш орқали – ўзларини гўё адолат посбонлари ва ҳақиқат жарчилари деб эълон қилишмоқчи бўлишди.
Москванинг ўзбек халқига нисбатан бошлаган бу адолатсиз қирғинини жон дили билан қўллаган маҳаллий раҳбарлар ҳам орамизда жуда кўп эди.
Рафиқ Нишонов уларнинг энг илғор байроқдори эди.
Шунинг учун ҳам кўп ўтмай бу вазифани “эплолмаган” Иномжон Усмонхўжаев ўрнига айнан ўз юрти – Ўзбекистонга тинимсиз сопқон отаётган Нишоновни Ўзбекистоннинг янги биринчи раҳбари этиб тайинлашади…
13.
Бу борада Қозоғистон ва қозоғистонликлар ўз раҳбарларининг қадр қимматини сақлашда ўзбекларга ибрат бўладиган иш қилишди.
Қозоғистонга 25 йил биринчи раҳбарлик қилган, Марказий Осиёда биринчи ва охирги Политбюронинг ҳақиқий аъзолигига сайланган ягона шахс – Динмуҳаммад Аҳмедович Қўнаевнинг ўрнига Москвадан Колбин тайинланган эди.
Қозоқ халқи бу адолатсизликка қарши бош кўтариб, Олма отанинг Бош майдонини бир неча кун сиёсий зилзила майдонига айлантириб турди ва оқибатда Колбинни Қозоғистондан чиқиб кетишга мажбур қилди.
Шундан кейингина Москва Кунаев даврида сиёсий майдонга чиққан Нурсултон Абишевич Назарбоевни Қозоғистонга биринчи раҳбар қилиб тайинлашга мажбур бўлади.
Мен бу воқеаларни 1992 йил Тошкентга келганида Қозоғистоннинг собиқ биринчи раҳбари Динмуҳаммад Қўнаевдан шахсан эшитганман.
Қўнаев Назарбоевни Қарағанда конларининг бирида қоп қора кўмирга беланиб ишлаб юрганида топганини айтади.
Уни оддий инженераликдан ўзи ишлаётган Темир Тов конида партком серетари, сўнг Қараганда горкомига биринчи қилади ва ниҳоят обком секретарлигига кўтаради.
Орадан кўп ўтмай кечаги оддий инженерни Қозоғистон Компартияси Марказий Комитетининг саноат бўйича секретарлигига тавсия этади.
Ниҳоят Қўнаев Назарбоевни ўзининг вориси сифатида Ашимов (ҳозир ҳам барҳаёт) нинг ўрнига Қозоғистон Министрлар Советининг раиси этиб тайинлайди…
14.
Шу ерда ўрни келди, айтиб ўтиш керак: Нурсултон Назарбоев Қозоғистоннинг собиқ раҳбарларини кўчага ҳайдаб қўйгани йўқ.
Уларга иззат ҳурмат билан қараб, ҳолидан хабар олиб турибди. Табаррук ёшга етганларини йўқлаб, мукофотлаб, юбилейларини ўтказиб бераяпти.
Нафақат республика миқёсидаги амалдорлар, балки район ва вилоятда ишлаган раҳбарларнинг ҳам ўз юбилейлари муносабати билан биринчи раҳбар номидан табрик телеграммаси олиши – Қозоғистонда яхши бир анъана ва одат тусига кирган.
Улар Президентнинг бу табригини фахр билан рамкаларга солиб, эъзозлаб юришаркан.
Бу – мамлакатнинг биринчи раҳбари билан маҳаллий халқни бирлаштириш ва ўзъаро ишонч ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бизда чи…
Қозоғистонда оддий халқ давлат раҳбарининг рамкадаги чиройли ҳошияланган табрик ва қутловига — қиблага қараб намоз ўқигандай фахр ила боқиб, бола чақаси билан таъзим қилишади.
Бу табиийки, уларга нон – ош бермаслиги мумкин.
Бироқ, бутун умрини мамлакат тараққиётига бағишлаган у ёки бу шахснинг юзлаб ёру биродарлари, қариндош уруғлари ва хешу ақраболарини мамлакатнинг биринчи раҳбарига чексиз бир эҳтиром билан оҳанграбодек ўзига тортиб, уларни бирлаштириб туришига шубҳам йўқ.
Бизда-чи?
15.
Иномжон Усмонхўжаев ҳозир Фарғона шаҳрининг қоқ ўртасида яшайди.
Бу ерда меҳнат ветерани Бузрукхўжа Усмонхўжаев яшаган бир қаватли уй бор.
Тагидан зах ўтиб ётибди. Икки соатда бир чой қайнади. Газ ниҳоятда пас…
Иномжон аканинг Сизу биз билмаган яна бир касби – у киши ниҳотда яхши рассом ҳам.
500 дан зиёд катта кичик полотна ва суратларни рамкага солиб қўйибди.
У киши бир пайтлар Архитектура институтини битирган. Касби – ахитектор.
Жуда оддий ва камтарона яшаш тарзини қабул қилган.
Бир кеча Усмонхўжаевнинг уйида меҳмон бўлган собиқ мулозим дўстим айтиб берган бу сўзлар менга ҳануз тинчлик бермай келади…
16.
Иномжон Бузрукович ҳозир 84 ёшда.
Ўзбекистон тарихи ва тақдирида, яхшими ёмонми, ўз ўрнига эга бўлган, чақмоқдай из қолдирган бундай табаррук ва мўътабар кишилар бугун жуда кам қолди.
Биз уларни тириклигида қадрлашимиз, иззат-ҳурматини ўз ўрнига қўя олишимиз керак.
Акс ҳолда эрта бир кун келажак авлод ва янги тарих олдида хижолат ва уятдан, армон ва маломатдан бош эгиб қолишимиз мумкин.
Бугун Фарғонада Иномжон аканинг обрў эътибори жуда катта. Одамлар у кишини бошларига кўтариб юришади…
17.
Ўзбекистонга бир пайтлар бош бўлган Иномжон Усмонхўжаев 84 га кирган бўлса, Хоразмга 20 йил раҳбарлик қилган, етти – саккиз йил ноҳақ турмада ётган Мадиёр Худойберганов 90 дан ошди.
Биров сўрамади.
Раҳмонқул Қурбонов, Нормуҳаммад Худойбердиев, Нуриддин Муҳиддиновлар ҳам бутун умр совет даврида яшаб, раҳбарлик қилиб, мустақил бўлганимиздан кейин қадр кўрмай, хорлик ва зорликда вафот этганларини ўйласам, юрагим сиқилади…
18.
Бизда бир пайтлар давлат ва жамоат ишларида ишлаб, эътибор топганлар бугун негадир эътиборсиз қолаётгани ажабланарли ҳолдир.
Бир пайтлар Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари ва КПСС Марказий Комитетининг котиби, Политбюро аъзоси бўлган Нуриддин Акромович Муҳиддиновнинг уч йил бурун вафот этганини яқинда Тошкентга бориб эшитдим.
Мен Нуриддин Акромовични яхши билардим, у кишидан интервью олиб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилиш бахтига муяссар бўлган эдим.
Вафот топганларини эшитиб, юрагимдан нимадир узилиб тушгандай бўлди…
Бундай табаррук инсонлар ҳар доим ҳам туғилавермайди.
Наҳотки, уларнинг вафоти ҳақида матбуотда уч сатр бўлса ҳам хабар бериш мумкин эмас эди?
На ўлиги, на тиригини Ўзбекистонда ҳеч ким билмайдиган фақат Нуриддин Акромович эмас. .
Ёдгорой Насриддинова ҳам худди шундай изсиз кетди…
19.
Ўзбек халқининг севимли фарзанди Насриддинова Ёдгор Содиқовна – Москвада Миллатлар советининг раиси эди.
Қўқонда – болалар уйида тарбия топиб, Ўзбекистон Олий Совети Президиуми раислигигача кўтарилган бу латофатли ўзбек аёлининг, шахсиятидаги баъзи камчиликларга қарамай, Кремлдаги олиймақом курсилардан бирида ўзига хос ўзбекона таманно ва ибо билан, қўр тўкиб ўтириши биз учун ифтихор эмасмиди?
Умрининг сўнгги йилларини Ўзбекистондан олис Москвада – ёлғизлик ва аросатда ўтказган Ёдгор опанинг 42 ёшли ўғли кутилмаганда жон таслим қилганидан кейин ўзлари ҳам фарзанд доғида куйиб, вафот этганларини айтишди.
Бунга ҳам беш йиллар бўлибди…
Нега буни икки оғиз таъзия билан халққа билдириш мумкин эмас эди?
20.
Ўзбекистонда ўн йилдан ортиқ Совминнинг раиси бўлган, унга қадар Андижон обкомининг биринчи секретари сифатида Андижон пахтачилигини иттифоққа танитган Раҳмонқул Қурбонов 101 ёшида вафот этди.
Уни Тошкент қабристонларида ҳурмат эътиборини бажо қилиш масаласи — Чиғатойдан жой олиш ҳам анча гап сўз бўлибди.
Горисполкомда ўтирган – оғзидан ҳали она сути кетмаган бир олифта – қабр учун шаҳар ҳокимияти номидан “Розиман!” деб, қўл қўйиши керак экан.
Ўзбекистон ҳукуматига 14 йил раҳбарлик қилган мўътабар бир одамнинг ўлиги давлат ва жамият олдида ҳеч ким бўлмаган бир гўдакнинг ихтиёрида қолса, бундан ортиқ шармандагарчилик ва адолатсизлик бўлиши мумкинми?
Ўзбекистоннинг нуфузли қабристонига, масалан, Чиғатойга кўмилиш учун шаҳар ҳокимиятидаги бир мулозим қўл қўйиши, (аслида унга юқоридан қўнғироқ қилиниши керак) кун тартибига кирган, қоида қилиб олинган.
Раҳмонқул Қурбоновга рухсат сўралганда ўша тирранча мулозим “Ким у, биз танимаймиз!” деган…
Ўликнинг бир неча соат қаерга кўмилиши муаммо бўлиб турган…
Ҳақиқат юзасидан айтганда аслида ўша тирранча ҳақ: Чунки, Ўзбекистоннинг биринчи раҳбарлиги лавозимида ишлаган собиқ арбобларни бугун ҳеч ким билмайди, танимайди…
Вақтида ўз халқининг суюкли ва ардоқли фарзандлари бўлган мўътабар ва азиз инсонларнинг безовта руҳи ва ҳақоратланган хотираси олдида ким жавоб беради?
Бугун бўлмаса эртага бу ноҳақлик ва калтабинлик учун жавоб бериш кераклигини наҳотки бугунги раҳбарлар ўйлашмаса?
21.
Ўзбекистоннинг собиқ раҳбарларидан яна бири – Рафиқ Нишонов ҳозирда ҳаёт.
Яқинда у кишининг 88 ёшга тўлганини Москва жамоатчилиги, оммавий ахборот воситалари кенг нишонлади.
Примаков бошчилигидаги собиқ мулозимлар шахсан иштироки билан қутлашган бўлса, Путин бошчилигидаги ҳозирги раҳбарлардан табрик хатлари келди.
Лекин Ўзбекистон раҳбарияти тугул, халқидан ҳам биров бориб табрикламади.
Рафиқ Нишонов, биров истайдими йўқми, Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари бўлиб ишлаган.
Бутун бир халққа – каттакон бир давлат ва мамлакатга, оллоҳнинг инояти бўлмаса, раҳбарлик қилиш ҳар кимга ҳам насиб этаваермайдиган олий бир шараф, ноёб бир ҳодисадир.
Бугун Москвада умргўзаронлик қилиб юрган бу одам ким бўлишидан қатьий назар, Ўзбекистонга келиб кетиб юриши керак.
Лекин, минг афсуски, Рафиқ Нишонов ўз юртига эмин эркин келиб кетиш имконидан ҳам маҳрум этилган.
Буни ҳам ҳамма билавермайди…
22.
Бугунги раҳбарларимиз наҳот эрта бир кун Иномжон Бузруковичдек 84 га, Оқил Умрзоқович Салимовдек 85 га, Мирзаолим Иброҳимовдек 90га киришларини ўйлашмаса?
Бу дунёда амал ва салтанат ҳам, умр ва тириклик ҳам бир лаҳзалик неъмат эканини наҳот улар унутдилар?
Албатта, биз раҳбарларимизнинг узоқ умр кўришлари ва шаҳаншоҳлик гаштини яна кўпроқ суришларига қарши эмасмиз.
Лекин бу дунёда ҳаёт ва умрнинг инсонга бўйсунмайдиган – аксинча, уни ўзига бўйсўндирадиган шафқатсиз қонун ва қоидалари ҳам бор.
Ўзбекистон Олий раҳбариятидагилар у ёки бу жамоат арбоби, меҳнат ва ё уруш ветерани табаррук ёшга етганида дунёнинг ўткинчилиги ва тирикларнинг қадрини ўйлаб, ҳаёт ва умр мазмуни ҳақида яна бир бор мушоҳада юритсалар садағалари кетадими?
Ўзбекистонда мустақиллик йилларидан бўён фақат бир киши табаррук ёшда, барча ютуқларимиз ҳам фақат бир кишининг муборак номи билан боғланган.
Биз давлатнинг биринчи шахсини улуғлаш, унинг обрў эътиборини – ҳозирги тил билан айтганда – “имиджи”ни яратиш – дунё сиёсий тажрибасида борлигини ҳам яхши биламиз.
Лекин Ўзбекистонда бу сиёсатни қарор топтириш мутлақо нодон ва калтафаҳм мулозимларнинг қўлида қолганлиги ҳам сир эмас.
Биринчи шахсни улуғлаш учун уни албатта ўз ўтмишдошлари – аввалги арбоблар ва машҳур шахслар билан тўқнаштириш шарт бўлмаса керак.
Лекин минг афсуски, Ислом Каримовнинг ёнида юрган бугунги арбоблар ана шундай бемаъни йўлни танлаган кўринади.
Бугун Ўзбекистон тарихида Амир Темурни ҳисобга олмаганда биронта ҳам бадном этилмаган тарихий шахс қолмади.
Бугунги Ўзбекистон раҳбарлари тахтдан аллақачон кетган одамлар билан тахт талашиб ётганга ўхшайди.
Тарихий сиймолар обрў эътиборини кўролмасликка ўхшаган бемаъни бир туйғу бордек уларнинг хаёлида.
Назаримда, бугунги раҳбарлар кўнглида – улар бу дунёда абадий яшайдигандек, тагидаги тахт ҳеч қачон қуламайдигандек ғалати бир ишонч мустаҳкам ўрнашиб олгандек гўё.
Булардан олдин қулаган тахтларнинг ҳаммаси ҳам шуларникига ўхшаган баланпарвоз тахтлар бўлган…
23.
Давлат тепасида турган одамга ҳам осон эмас.
Бугун эски чопон ва ё жулдур кийим кийиб, шаҳар айланадиган араб подшоси Хорун Ал Рашидлар даври эмас.
Хорун Ал Рашидлар даврида бугунги терррочилар бўлган эмас. Бугун давлат раҳбарини ҳар бир қадамида етарлича душмани ҳам кутиб ётади.
Хуллас, бугун Президент кўчага чиқиб ўзи ҳақида барча гап сўзни ўз қулоғи билан эшитадиган замон эмас.
Президентни ахборот олиш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, буткул иҳоталаб ташлаган унинг айрим нодон мулозимлари бизнинг вазифамиз “мақташ ва улуғлаш” деган калтабин шиор остида ўз вазифасини ўз қаричи билан ўлчаб, арбобни мақташ билан эрта-ю кеч овора-ю машғул бўлишни кундалик одатга айлантиришган.
Ўзбекистонда бу вазифа давлат маслаҳатчиси томонидан – унинг раҳбарлиги остида – ўзбек матбуоти ва телевиденияси зиммасига юкланган…
Наҳотки шу ягона йўли бўлса. Бу борада дунё тажрибасига ҳам қарайлик.
24.
Тарих ва тарихий сиймолар билан бугунги раҳбарнинг алоқасини мустаҳкамлашни ҳам ўйлашимиз керак
Мен бу мақолада Обамага бежиз ҳавас қилмадим.
Дунё сиёсий тажрибаси шундан иборат. Ҳаёт синовидан ўтган бундай сабоқлардан билиб билмай, кўр – кўрона юз ўгириш нодонликдан бошқа нарса эмас…
Қаранг, Манделланинг кечаги дафн маросимида Обама Картергача бўлган барча собиқ Президентларни олиб келди.
Узоққа бормайлик. Атрофимиздагилар ҳам шундай қилишяпти.
Хитой яқинда Мао Цзе Дуннинг 120 йиллигини қандай нишонлаганини бутун дунё кўриб қойил қолди.
“У бизга мустақиллик байроғини бериб кетган, ундан асло юз ўгирмаймиз!” деб онт ичишди хитойликлар.
Путин ҳам бирорта ўтмишдошини ранжитгани йўқ.
Россиядаги уруш ва меҳнат ветеранларини Кремлнинг мукофотлар ва зиёфатлар саройида тез тез кўриш мумкин…
Ҳатто шунча гап сўз бўлган Брежневнинг уйида куни кеча мармар лавҳа ўрнатишди…
Бизда-чи…
25.
Яқинда Тошкентга борганимда ёстиқдай ёстиқдай ўн икки китобдан иборат Ўзбекистоннинг мустақиллик Энциклопедиясини – тишимни тишимга қўйиб, эринмай варақлаб чиқдим.
“Миллий Энциклопедия” деб ном олган китобда миллийликдан асар ҳам йўқ эди.
Бу сохта ЭНЦИКЛОПЕДИЯГА кўра Амир Темирдан Ислом Каримовга қадар ўзбек давлатчилик тарихи, бизга раҳбарлик қилган тарихий сиймолар саҳифаси — саҳрои кабирдай бўм бўш, бомба тушгандай вайрон…
Фақат бир икки кишининг номи қолибди, холос.
Қолганлар гўё бу дунёда умуман яшамагандай, Ўзбекистон тарихида ўз ўрни ва овозига эга бўлмагандай, юртимизда ҳеч қачон раҳбарлик қилмагандай, номи тугул, изи ҳам йўқ, тарих саҳифаларидан батамом супуриб ташланган.
Бу қандай кўргилик!?
Гўё бу дунёда Ўзбекистонда Амир Темур билан Ислом Каримовдан бошқа олампаноҳлар, хонлар ва амирлар, шоҳлар ва беклар, вазирлар, саркарда ва йўлбошчилар яшаб ўтмагандек, туғилмагандек, дунёга келмагандек ажиб бир янгилик кашф этилибди…
Гўй бу яқин ўтмишда Ўзбекистонда – Ислом Каримовдан бошқа тарихга арзигулик сиймо ўтмаган…
Ажаб, “Совет энциклопедияси” хон ва бекларга қарши кураш билан овора эди. 70 йил Амир Темурдан бошлаб барча хон ва бекларимизни рад этиб келди.
Самарқанду, Бухоро, Қўқон ва Хива хонлари-ю бекларининг илдизини супуриш билан овора бўлди.
Бугун энди қолганларининг изини супириш – мустақиллик энцеклопедияси чекига тушибди.
Бугунги биринчи раҳбар билан бирга ишлаган сафдошлардан бирортаси йўқ…
Ўтмишимиз ва тарихимизнинг – Амир Темурдан то бугунги отамиз – олампаноҳ ва шаҳаншоҳимизга қадар бўш туриши кимнинг ғояси?
Сиёсий ҳаётда бу шахслар кимгадир рақиб бўлиши мукин.
Лекин тарихда ҳар кимнинг ўз ўрни бор. Уларни ўчириб ва ё ўрнидан силжитиб бўлмайди.
Биз истаймизми, йўқми, улар тарихдаги шу ўринни барибир эгаллайди…
26.
Мустақиллик йилларида чоп этилган янги энцеклопедияга кўра бизда Олий Совет Президиуми ва Министрлар Совети раислари гўё сайланмаган, тайинланмаган.
Уларнинг ўрни бўм бўш…
Ҳолбуки, бизда Ўзбекистон Олий Совети Президиуми раиси бўлган ўнлаб раҳбарлар бор.
Ёдгор Насриддинованинг Москвада ниҳоясига етган аччиқ ва аламли, фожеали тақдирини айтиб ўтдик.
Ўн йилдан ортиқ Ўзбекистон Олий Совети Президиуми Раиси бўлган Матчонов 90 ёшда вафот этганига икки йил бўлди.
Ўзбекистон Фанлар Академиясининг ҳақиқий Академиги, Олий Совет Президиуми Раиси бўлган Пўлат Қирғизбоевич Ҳабибуллаев ҳам ном нишонсиз кетди. Унинг вафотини ҳам биров билиб, биров билмай қолди.
Бугун яна бир Олий Совет Президиуми раиси бўлган Мирзаолим Иброҳимов 90 ёшда.
У кишининг шу муборак ёшида ёнига бориб, ҳолидан хабар олиш, давлат меҳри мурувватидан бенасиб қолган ўксик кўнглига далда бериш кимнинг вазифаси?
85 ёшга тўлган Оқил Умрзоқович Салимов ўз яқинларига ош беришдан нарига ўтолмади…
Мустақиллик йилларидаги Олий Совет раисларидан Шавкат Юлдошев – 60, Эркин Халилов – 50 ёшга етмасдан туриб, кўчага ҳайдаб юборилди…
27.
Ўзбекистоннинг мустақиллик энциклопедиясида Министрлар Совети (СовМин) раислари ҳам кўринмайди…
1959 йилдан узоқ йиллар Совмин раиси бўлган Ориф Алимов ўлганда ҳатто оддий фуқарога мансуб бўлган уч қаторлик таъзия ҳам берилмади.
Раҳмонқул Қурбонов ҳам шундай ўтиб кетди. Унга ҳатто Чиғатойдан қабр бериш ҳам муаммо бўлгани ҳануз юрак бағримизни эзади.
Бу ҳақда юқорида батафсил айтдик.
Ўн тўрт йил Совминга раис бўлган Худойбердиев ном нишонсиз – ўзи туғилиб ўсган Форишга олиб кетиб кўмилди…
Ғайрат Ҳамидович Қодиров – совет иттифоқи пайтидаги энг сўнгги Бош вазир мустақилликнинг дастлабки кунларида Москвага сургун қилинди.
Яхшими, ёмонми, Ўзбекистоннинг совет даври равнақига ўз улушини қўшган, халқ бахт саодати йўлида ҳормай толмай меҳнат қилган собиқ бош вазирнинг бор йўқлигини бугун биров билмайди…
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Бош вазирлиги муҳрини биринчи бўлиб қўлга киритган Мирқосимов Мираҳмад Мирҳожиевич ҳам пенсия ёшига эсон-омон эсон етиб келолмади.
Ўзбекистондаги барча гостербайтерлар қатори ишсиз қолди.
Ўзбекистоннинг жасоратли раҳбари деб Президент томонидан таърифланган Шукрилло Мирсаидов қисқа муддатда ўзининг энг яқин сафдоши билан тўқнашувда “ҳалокат”га учраб, ўзи айтганидай: “Тиз чўкиб яшашдан кўра, тик туриб ўлиш”ни афзал кўрди.
Бир неча ой Олий Суд курсисида ўтирди…
Шукрилла ака йигирма йиллик ишсизликдан сўнг умрининг сўнгги кунларини оғир мусибатда – ёлғизлик ва мажруҳликда ўтказганини Ўзбекистондаги сафарим давомида у кишининг уйига – таъзияга борганимда оиласи Дилбар опадан эшитиб, юрак-бағрим эзилди, зардобга тўлди…
Мирсаидовнинг ўрнига келган – “Тегирмончи” деб лақаб олган Абдуҳошим Мўталов қисқа муддатда яна ўзининг тегирмонига қайтиб кетди…
Собиқ авиасозлик заводи Чкаловдан чиққан самолётсоз Ўткир Султонов ўзи ишлаб чиқарган самолётлар юқорига қандай парвоз қилган бўлса, ўша шитоб билан пастга шўнғиди.
Ҳозир у ернинг қайси қаватида эканини ҳам биров билмайди…
28.
Ва ниҳоят унинг ўрига келган Шавкат Мирзиёев ўн йилга яқин вақт Бош вазирлик курсисида ўтирган бўлса-да, ҳали унинг юзини халқ на газетада ва на телевиденияда кўрган эмас.
Бу кўринмаслик “сири“ни халқ билмаслиги мумкин, лекин Олий Ҳокимият доирасидагилар яхши билишади.
Ўзини бозорга солган раҳбарни Президент ёқтирмайди…
Бугунги Бош вазир Президентни шу даражада яхши ўрганганки, давлат раҳбарининг кўзи ўнггида саҳнадаги ўз ролини шу даражада қойил мақом қилиб ўйнаяптики, бунга таъриф ожиз.
Лекин бу ўйин қачонгача давом этаркин?
Бош вазир бугунги роли билан кифояланиб қолармикан?
Буни энди яқин келажак кўрсатади…
29.
Энди бир оғиз сўз – ҳар йили Тошкент марказидаги ўн минг кишилик амфитеатрда ваҳимаю дабдаба билан нишонланадиган муборак ва қутлуғ айём – Наврўз байрами ҳақида.
Бизнинг мусулмон Шарқида Наврўз айнан ана шундай муқаддас ва қутлуғ кун.
Уришганлар – сиёсий жанг майдонидаги рақиблар бир бири билан ярашадиган, юз кўрмас душманлар бир бирига салом бериб қўл узатадиган, озми кўпми аразлашган дўстлар ярашиб, гина кудуратни унутадиган байрамимиз бу.
Биз эса, мана йигирма йилдан ошибдики, мустақиллик байрамини фақат амфитеатрда рақс тушиб, бир биримизни кўрмагандай ачомлашиш билан нишонлаб келаяпмиз.
Ваҳоланки, халқ Наврўз каби улуғ ва мўътабар байрамлардан улуғ ва муборак туҳфалар кутади.
Ўз ўтмиш тарихини кемтиклик ва камчиликлардан халос қилиб, уни бус- бутун кўриш орзусида яшайди халқ…
Бизнинг сабр ва бардошли, улуғ халқимиз шундай туҳфага муносиб эмасми?
30.
Ярим кун тантанали байрам бўлади-ю, наҳотки ўн мингдан ошиқ одам тўпланган майдонда бир гуруҳ Ўзбекистоннинг ижтимоий сиёсий ҳаётидаги собиқ жамоат арбобларига, уруш ва меҳнат ветеранларига амфитеатрнинг бир чеккасидан жой топилмаса?
Иномжон Усмонхўжаев, Рафиқ Нишонов, Мирзаолим Иброҳимов, Ғайрат Қодиров, Оқил Салимов, Раъно Абдуллаева, Раҳим Ражабов, Маҳкам Камолов, Алихон Отажонов, Исмоил Жўрабеков, Қаюм Ҳаққулов, А.Шоғазатов, Айдарқулов, Мўминжон Йўлдошев, Тўхтамиш Боймиров, Виль Шодмонов, Ўлжа Отақулов, Шавкат Йўлдошев, Мираҳмад Мирқосимов, Абдуҳошим Мўталов, Ўткир Султонов, Зокиржон Алматов, Бахтиёр Ғуломов, Тоштемир Қаҳрамонов, Эркин Халилов ва бошқа Ўзбекистон давлатининг тамал тошини қўйишда ўз ўрнига эга бўлган собиқ Ўзбекистон Олий раҳбариятини негадир биз Наврўз байрами тантаналарида умуман кўрмаймиз.
Шу билан бирга маълум пайт замонанинг зайли билан республика ҳаётида маълум даражада салбий роль ўйнаган, кейинчалик мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган (Ислом ака мардона ва адолатли тарзда уларнинг думини тугиб юборди) Владимир Петрович Анишчев, Александр Ефимов, Геннадий Нистеренко, Сатин, Александр Федорович Клепиков, Антонов каби собиқ оғаларимиз ва “доҳийларимиз”ни ҳам мустақиллик тантаналарига чорласак, қай даражада чуқур ижтимоий оҳанг касб этмасмиди?
Ҳатто мустақиллик байрамига қатнашувчилар рўйхатини номма ном тузиб, минг бир чиғириқдан ўтказадиган собиқ давлат маслаҳатчилари Мавлон Умрзоқов ва Темур Алимовнинг ўзлари ҳам бу “муборак” рўйхатлардан тушиб қолишди…
Бу амфитеатрларни лойиҳалаштириб, йигирма йил қуриб келган Ўзбекистоннинг собиқ бош қурувчиси Козим Тўлаганов ишдан кетди-ю, ўзи қурган амфитеатр эшиклари ҳам унинг учун тақа тақ ёпилди.
“Госплан” раиси, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, Қашқадарё ҳокими бўлиб ишлаган Ҳамидов Бахтиёр Султоновичга ҳам айнан шундай аччиқ қисмат насиб этди.
Улар ҳам Президентнинг кўзига кўринмай, байрамнинг бир чеккасида ўтирса амфитеатр емирилиб қолармиди.
Узоқ йиллар Ислом ака билан бирга ишлаб, мустақилликка баҳоли қудрат ҳисса қўшган собиқ ҳукумат аъзолари, вазирлар, вилоят ҳокимлари учун ҳам уларнинг орқасида яна бир синиқ курси топилмасмиди?
Раҳмонқул Қурбонов, Ориф Алимов, Нормуҳаммад Худойбердиев, Нуриддин Муҳиддинов, Ёдгорой Насриддинова, Назар Матчонов, Одил Ёқубов, Пўлат Ҳабибуллаев, Шукрилла Мирсаидов, Адҳамбек Фозилбеков, Шаҳобиддин Зиёмов каби не не улуғ ва мўътабар фахрийларимиз, алломаларимиз мустақиллик йилларида байрам ўтадиган амфитеатр эшигини кўрмай бу дунёдан армон билан ўтиб кетишди
Бу армон бугун халқнинг юрагига кўчганини наҳотки билмасак?
31.
Бизда эса у ёки бу баҳонаи сабаб билан ишдан олинган ёки табаррук ёшга етиб мустақиллик даврига келиб узоқроқ яшаб қолган фахрийларимиз негадир жамиятнинг ўгай ва исталмас, биз билан яшаб юришга гўё маънавий ҳақ-ҳуқуқи бўлмаган бегоналар қаторига чиқарилди.
Қачонлардир давлат ва ҳукумат ишларида ишлаган бу мўътабар инсонларни байрамга таклиф қилиш у ёқда турсин, ҳатто ўша кунлари бу бечораларни уйидан узоққа кетмаслик хусусида ҳам огоҳлантиришаркан.
Кўпдан бери кўча юзини кўрмай келаётган бу бечоралар одам гавжум бўлган байрам кунида йўлини тополмай, адашиб кетишмасин деб ўйлашса керак-да…
Бу тутуриқсиз йўл йўриқ ва кўрсатмаларнинг бари фақат бир нарсадан – бугунги олий раҳбарият – тахт бизнинг пешонамизга абадий битилган деб ўйлашидан далолат беради!
32.
Хуллас, Наврўз майдонида ҳар йили Президент бутун Ўзбекистон халқи вакилларини байрамга йиғади.
Бундай тантанали йиғилишлар Президентнинг ўзига хос рақси билан тугаш одат тусига кирди.
Нафсиламбирини айтганда, Ислом аканинг йилдан йилга ўйин машқи ошяпти.
Хоразм рақсини ҳам у киши яхшигина ўзлаштирди.
Шу ўйинларда турли артистларни, жумладан, Гулсанам ва Зулайхога ўхшаш жозибали раққоса ва санъаткорларнинг бирданига учтасини бағрига босиб ўпгани қаторида – кеча ўзининг сиёсий майдонга чиқишида елка тутган содиқ дўстлари ва раҳбарларни – эндиликда собиқ мулозимларни ҳам байрамга чақириб, расмият юзасидан бўлса-да, уларга қўл узатиб қўйса асакаси кетармиди.
Ҳолбуки у киши ҳар икки гапининг бирида “Ўз халқига бағрикенглик тилаш”ни одат тусига киритган.
Афсуски, бағрикенгликни тилаш бошқа-ю, унга амал қилиш бошқа экан-да.
Ёки арбобларнинг айтганини қил-у, қилганини қилма, деганлари шумикан…
33.
Нафсиламбирини айтганда, эзгуликнинг кечи йўқ…
Эллигинчи йилларнинг охирида министрлар советининг раиси креслосида ўтирган Ориф Алимов, унинг давомчилари бўлган Раҳмонқул Қурбонов (олтмишинчи йиллар), Нормуҳаммад Худойбердиев (етмишинчи йиллар) лардан тортиб то Ғайрат Қодиров (саксонинчи йиллар), Мираҳмад Мирқосимов, Шукрилла Мирсаидов, Абдуҳошим Мўталов, Ўткир Султоновларни ҳам назарга олганда, республика ҳукуматига раҳбарлик қилган қарийб ўнга яқин табаррук сиймо мустақиллик йилларида амфитеардаги Президент ўтирадиган партер сафларини олтин жавоҳирлар каби безашлари мумкин эди.
Ҳолбуки, Ислом ака ҳам бошқалардек сиз билан бизнинг орамиздан, халқдан чиққан арбоб:
Нуриддин Акромович Муҳиддинов Ўзбекистонга биринчи раҳбар бўлган давр – 1955 йилда Самарқандда мактаб ўқувчиси эди, Ориф Алимов даврида талаба бўлган, Саидкарим Зиёдуллаев ва Қудрат Аҳмедовларнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган, Нормуҳаммад Худойбердиев СовМинга раислик қилганида унинг қўлида Молия вазири бўлган…
Кейинчалик тақдир у кишига шундай улуғ бир неъмат – Ўзбекистонга юртбоши бўлиш бахтини ато этди.
Шу сиймолар ичидан қай бирларидир – муҳтарам Президентимиз ва уни бугун метин каби қуршаб олган бир гуруҳ номенклатура учун — қай бир маънода раҳбар ва устозлик ҳам қилишганидан кўз юмиш мумкинмикан?
34.
Тасаввур қилинг-а, Президент амфитеатрга кириб келганда биринчилар қатори Ўзбекистон тарихига у ёки бу даврда муносиб ҳисса қўшган ушбу тарихий сиймоларни олқишлаб, агар лозим топса, улар билан ўзбекона қўл олишиб, лозим топса ўзлари ғоятда суйган таъбир билан айтганда “бағрига босиб” омонлашса, осмон узилиб ерга тушармиди…
Ўрни келди – яна бир гапни айтай: Муҳтарам Президент — кечагина тухумидан чиққан бир гуруҳ ”Ёш гвардия” ни бугун Олий раҳбарият қилиб, ёнига олиб, уларнинг сохта ва “карчагин”ча олқишига маҳлиё бўлиб, ўзининг тарихдаги буюк ўрни ва муқаддас бурчини баъзан ёш гўдакдай унутиб қўйганлигига ишонгиси келмайди одамнинг…
Биз Президентни чин дилдан ҳурмат қилганимиз учун ҳам айтаяпмиз бу гапларни. Мамлакатда бўлаётган жуда кўп воқеалар у кишининг обрўи ва номига доғ бўлиб тушмоқда. Наҳотки ернинг тагида илон қимирласа биладиган шоҳимиз буни билмасалар…
Ўз даврида халқнинг ва миллатнинг фахрига айланган не-не буюк алломалар, таниқли сиймолар ақл бовар қилмайдиган адолатсизликка ва камситилишга дучор қилинганлигига ажабланасан киши.
Уларнинг тириклик даврида камситилгани етмагандек, бу дунёдан кўз юмгач – уларга нисбатан бўлаётган ҳурматсизлик тоқат қилиб бўлмас даражага етиб келди.
Узоққа бормайлик, шундай буюк сиймолардан бири – меҳнат ва уруш ветерани, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, жуда кўп давлатларнинг фахрий фуқароси, буюк ва бетакрор режиссёр Малик Қаюмов эди.
Москвага даволанишга базўр етиб борган Малик Қаюмовнинг хоки тупроғи ҳам бегона юртларда – Москвада қолиб кетди…
Ўзбекистоннинг фахрли фарзанди Ёдгорой Насриддиновага ҳам юртимизда кўмилиш насиб этмади…
35.
Бизда “Беайб – Парвардигор!” деган ҳикматли бир гап бор.
Собиқ раҳбарлар ҳақида гапирганимизда, улар фаолиятига баҳо берганимизда – у ёки бу даражада хато ва гуноҳлари бўлишидан қатьий назар, биз уларни кечира билиш қудратига ҳам эга бўлишимиз керак эмасми?
Кечиримли бўлиш – инсоннинг қадри – қимматини ошириш билан бирга унинг куч ва қудратининг буюклигидан, закийлик ва салоҳиятидан ҳам далолат беради-ку.
Кечирмаслик, ҳар қадамда писанда қилиш – инсоннинг ожизлигидан дарак эмасми?
36.
Усмонхўжаев ким бўлишидан қатьий назар у водийнинг фарзанди.
Йўлдош Охунбобоев, Усмон Юсупов, Аминжон Эрматович Ниёзовлар ўтирган ўриндиққа кўтарилган, фарғона водийси байроғи ва обрўйини ўз пайтида элга танитган таниқли шахс эканлигини ким рад эта олади?
Қолаверса, бугунги Ўзбекистон Президентини аввал республика Госпланига раис ва сўнг бир йил ўтар ўтмас – Қашқадарёга кўтарган ким эди?
Инсоф ва адолат билан айтганда Иномжон Усмонхўжаевнинг таклиф ва тавсиясига зид ўлароқ бу амал ва вазифаларнинг остонасига келиш мумкинмиди?
Агар ўша йиллар архивини кўтарсак – 1986-88 йилларда Қашқадарёдан Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари номига қанчадан қанча байрам табриклари, сертакаллуф телефон қўнғироқлари бўлганини кўришимиз мумкин.
Булардан кўз юмиб бўладими?
Агар биз келажакда ўз қадр-қимматимиз ва шаъну шавкатимизни сақлаб қолишни ният қилсак, бугун тарихга нисбатан ўзимиз ҳам худди шундай мурувват кўрсатишимиз керак эмасми?
Акс ҳолда – “Ўтмишга тўппончадан ўқ узсанг, келажак сенга замбаракдан жавоб ўқини отажак!” дейишган…
37.
Энди бевосита мақоламиз сарлавҳасига қайтсак.
Хўш, Усама бен Ладенни Америкага топширмади дея 2001 йил охирида Афғонистонга бостириб кирган, сўнг кўп ўтмай химиявий қуролларни яширди деб Саддам Ҳусайнни йўқотиш мақсадида Ироққа қўшин тортган кичик Жорж Буш Американинг халқаро обрўсига, унинг иқтисодиётига катта зарар келтирганини ким билмайди?
Ўз мамлакатида ва халқаро майдонда тинимсиз қораланишига қарамасдан уни ва отаси Жорж Бушни Президент Барак Обама Вашингтондаги “Оқ уй”нинг мўҳташам “Овальний” залида қулоч ёйиб, қутласаю – Россия ўрмонларида дарахт кесиб, бели букилиб, сочи оқарган Усмонхўжаевни Ўзбекистон Президенти бугун эсламаса, ўлик-тиригини назар писанд қилмаса – шу адолатданми?
Иномжон аканинг саксон йиллигида нафақат Ислом ака, балки унинг ҳукумат аъзоларидан биронтаси ҳам эсламади…
Гап бу ерда ҳайкал қўйиш устида кетаётгани йўқ. Умуминсоний муносабат ва қадр-қиммат устида кетяпти.
Давлат тарихининг у ёки бу қисмида алоҳида хизматга эга бўлган шахс -айни пайтда давлатнинг тарихига айланади. Гап ана шу тарихни қадрлаш, эслаш ва муносиб ҳурматлаш устида боряпти.
Ироқ билан Афғон халқининг уйини куйдирган Жорж Бушдан – Ўзбекистонга «Пахта иши» деб найза ва қилич кўтариб келган терговчи “десантчи”лар қорнини тўйғизган Иномжон Усмонхўжаевнинг гуноҳи шунчалар кўп ва оғирмиди?
Чуст дўпписи кийган Иномжон аканинг – “Ковбой шляпали” Жорж Бушга қараганда — халққа кўрсатган хизматлари ҳам, кўриниши ҳам, ақли фаросати ҳам салмоқлироқ бўлса борки, сира кам эмас.
Гуноҳини ҳам айтиб ўтдик.
Бутун америкаликлар тилида “Уруш Президенти” деб абадий ном олган Жорж Буш — бировнинг бурнини ҳам қонатмаган, боладек беғубор ва ҳалол Иномжон аканинг этагида номоз ўқиса ҳам арзийди…
38.
Мен ушбу сатрларни – Иномжон аканинг бетоблигини эшитиб ёздим.
Янги йил оқшомида айтишди: Иномжон аканинг мазалари йўқ деб…
У киши сал олдинроқ биринчи инфарктни ўтказган эканлар.
Шукрилла Мирсаидовнинг ҳам мазалари йўқ, соғлиги яхши эмас деб мақола ёзганимиздан кейин орадан икки ойлар ўтиб, вафот этган эдилар…
Иномжон ака ҳам ёш эмас.
Ўзбекистондаги оғир қисматидан ташқари 5 йил Нижний Тагил турмасида қаҳратон қишда ўрмон кесувчилик вазифасини бошидан ўтказганини ҳисобга олсак, ҳалиям Иномжон аканинг жонлари пўлатдан экан…
У кишининг умрлари узоқ бўлсин!
Лекин бетоблик барибир хаёлларимизни безовта ва сархуш қилиши табиий.
Иномжон Бузруковичнинг бугунги кунда ҳам бетоб эканликларини эшитиб – суяк суягимга қадар зирқиради.
Нега Иномжон аканинг бетоблиги мени олис Канадада ҳам безовта қилиб, ташвишга солмоқда?
Ҳар бир сиёсий арбобнинг томири у ёки бу даражада Сизнинг ҳам томирингизга улашиб кетган бўлса, ажаб эмас…
Ахир биз шу бепарволигимиз оқибатида қанчадан қанча арбобларимизни йўқотдик. Уларнинг охирги кунлари ҳақида эслайдиган айтарли ҳеч нарса йўқ хотирамизда.
Ҳолбуки бундай табаррук ва улуғ инсонлар йилдан йилга камайиб боряпти.
Вилоятларда Ўзбекистон мустақиллиги учун катта ҳисса қўшган не не арбоб ва алломаларларни ҳам бугунги раҳбарият мутлақо унутганлигини ачиниш билан қайд этгим келади.
Тириклигида уларнинг қадрига етишимиз керак эмасми…
39.
Ислом ака бизни “одам бўлиб, ақли кирсин” деб сургун қилган озод ва обод Канаданинг сирли ва сукунатли, сўлим тонгларининг бирида мен ширин уйқудан туриб баъзан орзу қиламан:
Ғаройиб кунларнинг бирида Ўзбекистоннинг “Оқ сарой”-у, “Кўк сарой”ида Ўзбекистоннинг собиқ раҳбарияти – тўқсонлардан ошган Рафиқ Нишонов, Мирзаолим Иброҳимов, саксон бешни қоралаб қолган Иномжон Усмонхўжаев, Раҳим Ражабов, Жаҳонгир Ҳамидов, Оқил Салимов, Раъно Абдуллаева, Исмоил Жўрабеков, Алихон Отажонов, Шавкат Йўлдошев, Мираҳмад Мирқосимов, Абдуҳошим Мўталов, Ўткир Султонов, Қаюм Ҳаққулов, Ганжа Ёқубов, Бахтиёр Назаров, Шукрилло, Тўхтамиш Боймиров, Мавлон Умрзоқов ва бошқаларни Президент ҳузурида кўргим келади…
Кунда эмас, ҳар куни эмас, онда сонда бўлса-да, бу табаррук инсонлар – давлат ва мамлакат раҳбарлари эътибори ва мурувватидан баҳраманд бўлиб туришларини орзу қиламан.
Бундай орзу – битта менинг юрагимда бўлмаса керак.
Агар адолат учун айтар бўлсам, менга бу шахсларнинг баъзилари билан кўришиш имконияти ҳам насиб этмаган.
Ва бальакс айримларидан алоҳида яхшилик ҳам кўрмаганман, қўлларидан мукофот ҳам олмаганман.
Лекин барибир бу эътибор ва иззат ҳурмат уларнинг ҳаққи эканлигини яхши ҳис қиламан. Ич-ичимдан шунга аминман.
Бундан кўз юмиш мумкин эмас!
Бу – уларнинг катта кичик йўл қўйган гуноҳини ювиш ҳам эмас.
Тарих саҳифасида уларнинг ўз ўрни бўлганлиги учун ҳам мен шу орзудан воз кечолмайман.
Қолаверса, буюк маданият ва буюк қадриятларга эга бўлган миллатимнинг олий кошонаси саналган – Оқ саройга ҳам сиёсий маданият шабадаси эртами – кеч кириб боришини истайман..
“Оқ сарой”даги бу ажойиб учрашув бизнинг бугунги мўъжизакор телевидениямиз орқали бутун Ўзбекистонга ва ҳатто Марказий Осиёга янги қуёш порлагандай, янгича меҳр ва мурувват нурини таратса дейман.
Бу нур – ўттиз миллионлик ўзбек халқининг қалбида узоқ йиллардан бўён интиқ кутилган меҳр ва муҳаббат, инсоф ва диёнат ҳамда адолат нури порлаганидан далолат ва дарак берса деб орзу қиламан…
40.
Сўнг сўз ўрнида:
Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги мулозимлар, Президент командаси аъзолари диққатига!
Мен ”Дунё ўзбеклари” сайтида эълон қилинаётган ҳар бир сўзимиз ва фикримиз “Оқ сарой” ва “Кўк сарой”ларда синчиклаб ўрганилиб, уларнинг мағзи данакдек чақилиб турилишидан яхши хабардорман.
Шу аснода ишлаётган оқ сарой мулозимларидан бир илтимосим бор:
Муҳтарам Президент ўзига ва Ўзбекистонга оид ҳамма нарсани ўқиб ўрганишга шахсан вақт тополмаслигини ҳам яхши биламан.
Лекин ушбу мақолада кўтарилган гап сўзларни Президентнинг қулоғига етказишларингизни истардим.
Устозларига, ўз ўтмишдошлари ва сафдошларига мурувват кўрсатиш ҳисси Ислом акага бегона эмас.
Бироқ унинг чор атрофини чирмовиқдек ўраб ташлаган “номенклатура” баъзан Президентнинг нафақат вақтини, балки ақлу ҳушини ҳам ўғирлаётгани энди сир бўлмай қолди.
Эй, Президентни қуршаган муҳтарам зотлар!
Бизнинг юқоридаги мурувватга қоришган орзу истагимизни муҳтарам Президентга етказишингиз шарт!
Бу – Сизнинг инсоний ва виждоний бурчингиз, агар билсангиз.
Токи бир кун ушбу адолатсизлик ўз бошимизга тушмасин десангиз, бугун тахт ва тож атрофида гирдикапалак бўлиб айланган чоғингизда тош қотган қалбингизни мурувватга ошно қилинг.
Сизга берилган қудрат ва бахтли онлар ҳам чексиз эмас. Уларнинг ҳам чегараси, бир кун етиб келар ўз бекати бор…
Токи, буюк сиймолар арвоҳини шод этиб, тирикларининг руҳини чоғ этиш имкони бор экан, Сиз уни қўлдан чиқарманг!
Токи бир кун бу қудрат қўлдан кетгач, аттанг деб афсусланманг…
Халқ эса ҳаммасини кўриб билиб турибди!
Сиз яхшиликни, мурувватни — бозорга солмай қилаверинг:
Билса – холиқ, билмаса – балиқ…
Сизга янги йил саломи билан:
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири
5 январь, 2014 йил, Торонто шаҳри, Канада
Суратда: Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Иномжон Бузрукович Усмонхўжаев…
«Усмонхўжаевнинг Жорж Бушдан нимаси кам?» Усмонхўжаевнинг камчилиги шунда-ки уни халқ сайлаган эмас. У ҳам Жорж Буш каби халқ сайлаган президент бўлганида эди…
Тарихни адолат билан ёритишга мисол бўлаоладиган мақола экан.
Бу маколани тулдирилган холда яна эълон килиниши жуда катта вокеа булибди. Декин хали бу одамлар хакида куп ва хуп маколалар босилади — деб умид киламиз. Муаллифга ажойиб макола учун катта рахматлар айтамиз. Доимо бор булинг.
Исмат ака, факат Рафик Нишонович 92 ешда эмас 88 ешда. Москвада.
Якинда у киши китоб езди «Деревья зеленеют до метелей» деган. Хозир Москва китоб дуконларида сотилмокда (агар хохласангиз олиб жунатиб юбораман сизга).
Иномжон-тога эса Фаргонада. Якинда бориб зиерат килиб келдим. Анча тетик, умрини узок килсин. Анча сухбатлашиб утирдик.
«Дунё ўзбеклари»дан: Раҳмат, Адолат. Бу китоб мен бор, миннатдорман.