Исмат Хушев
Торонто шаҳри, Канада
ШАМСИ ОДИЛНИНГ КУЁВИ
Абдусаид Кўчимов ҳақида
“Мулозимлар ҳақида мулоҳазалар” туркумидан
1.
Бугун 15 май – атоқли ўзбек адиби, таниқли давлат ва жамоат арбоби Абдусаид Кўчимов туғилган кун.
Одатда машҳур ва довруғли кишилар ҳақида таваллуд кунлари баҳонасида бирор жўяли гап айтиш кўп ҳолларда қийин кечади.
Бунинг ўзига хос обьектив ва субьектив сабаблари бўлиши мумкин.
Лекин Абдусаид акадек дилга яқин ва диёнатли инсонлар ҳақида биз унинг укалари ва шогирдлари ҳамиша ўз сўзимизни дадил ва ошкор айта оламиз.
Бунинг энг асосий сабаби шуки, у киши табиий ва самимий инсон!
Аксар ҳолларда — табиий ва самимий инсонлар катта давлат лавозимларига чиқишса, улар ҳақида бу сифатни айтиб бўлмай қолади.
Абдусаид ака эса ўз мулозимлик қисмати билан бу эски ақидага ҳам зарба берди…
2.
Мен бу билан унинг мулозимлик даври – тамомила оппоқ ва шаффоф, хато ва гуноҳларсиз эди демоқчи эмасман.
У ҳам – Ўзбекистон Олий раҳбариятига алоқадор бўлган барча бахтли ва омадли мулозимлар каби то Президент назаридан қолгунига қадар беармон давру даврон сурди, мамлакатда «айтгани айтган – дегани деган» бўлди.
Одатда бундай тоифадаги юқори мартабали арбоблар, давлат мулозимлари ҳақида гапирганда ҳушёр бўлиб гапириш керак.
Чунки бундай доирадаги раҳбарлар қандай имкон ва имтиёзларга эга бўлишини, улар ўз мансаб пиллапоясида қандай фаолият олиб борганини одамлар, хусусан унинг қўл остида ишлаганлар яхши билишади.
Шунинг учун ҳам биз Абдусаид Кўчимов ҳақида, унинг раҳбарлик йиллари хусусида, яхшими – ёмонми, фақат бор гапларни айтишга қарор қилдик.
Мақсадимиз – мамлакат олий раҳбариятида ишлаётган ҳар бир мулозим шуни ёдда тутиши керак: унинг бу улуғ ва муборак даргоҳдаги ҳар бир фаолияти, амалга оширган яхши ва ёмон ишлари қандай бўлса шундайлигича эрта бир кун албатта элга ошкор бўлади…
3.
Сарлавҳани ўқиб баъзилар ҳайрон бўлиши мумкин, нега Исмат Хушев Абдусаид Кўчимов ҳақидаги мақоласига «Шамси Одилнинг куёви» деган сарлавҳа қўйди, ким ўзи бу Шамси Одил? – деб…
Шамси Одил – ўз вақтида таниқли болалар шоири бўлган.
Асли каттақўрғонлик бу ажойиб ва бағри дарё инсон ўзбек болалар адабиётининг кўзга кўринган вакилларидан бири эди.
У пайтларда Абдусаид Кўчимов «Ленин учқуни»да ишлар, ҳали унинг шонли ва суронли келажагидан мутлақо дарак йўқ, пионер газетасининг келажаги мутлақо ноаён бўлган оддий бир ходими эди.
Бағри кенг ва беғубор болалар шоири Шамси Одилнинг эса пионер нашрларидаги обрў-эътибори анчайин баланд, таъсир доираси кенг эди.
У «Ёш гвардия» нашриётининг етакчи муҳаррирларидан бири бўлган.
Болалар ёзувчиси бўламан деб чиранган ҳар бир шоир ва ёзувчининг пешонаси шу нашриётга келиб урилиши турган гап.
Чунки шеър ва мақола газеталарда чиқаверади. Лекин болалар ҳақидаги китоб фақат мана шу нашриётда чоп этилади.
Демак болалар адабиёти оламида Шамси Одилнинг муҳим ўрни бор эди.
Бундан албатта Абдусаид Кўчимов бебаҳра қолгани йўқ.
«Пионер газетасининг мухбири» деган номидан кўра, «Шамси Одилнинг куёви» деган унвон Абдусаид Кўчимов учун шубҳасиз мартабалироқ эди.
Бир сўз билан айтганда – одамлар уни «Пионер газетасининг мухбири» сифатида эмас, балки Шамси Одилдек таниқли шоирнинг куёви сифатида яхшироқ билишарди…
4.
Шу ерда яна бир муҳим гапни ҳам айтиб ўтмасак бўлмас.
Мақолани нима учун айнан «Шамси Одилнинг куёви» деб номлашимизга асос бўлган воқеа бу.
Ҳуқуқшунос шоир Исматулло Йўлдош бир фурсат дўсти Фарҳод Бобожон билан Ўзбекистон радиосида сухандонлик қилган.
У асли ургутлик бўлиб, Абдусаид Кўчимовга қўшни қишлоқдан. А.Кўчимов Ургутнинг Қул қишлоғида туғилган.
Исматулло Йўлдош ТошДУнинг юрфагида ўқиб кейинчалик Собир Рахимов туман прокуратурасининг девонхона мудири бўлиб ишлаган пайтларида Абдусаид Кўчимов ҳаётини кейинги мулозимлик пиллапояларига ойдин йўл очган бир воқеа рўй беради.
Абдусаид Кўчимов ўша пайтда Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика институтининг кечки факультетида ўқиб, Бешоғоч даҳасида ижарада яшаб, айни пайтда босмахонада ишлаб юрган дамлар эди.
Ана шундай ажойиб ва ғаройиб кунларнинг бирида Собир Раҳимов район прокуратурасига А.Кўчимов армиядан қочиб юрганлиги тўғрисида ҳарбий комиссариат (венкомат)дан маълумот келади.
Шундан сўнг Исматулло Йўлдош ҳамқишлоғига ёрдам беришни сўраб туман прокурорига илтимос қилгач, прокурор ишни бир йилга кечиктирамиз, агар ҳамқишлоғинг шу бир йил ичида уйланса армиядан қутулиши мумкин дейди.
Прокурорнинг бу маслаҳатини эшитган А.Кўчимов тезда камторона тўй қилиб курсдоши – каттақўрғонлик шоир Шамси Одилнинг қизига уйланади…
5.
Хуллас, Абдусаид Кўчимов «мансаб поғонаси»да биринчи қадамни анчайин муваффақиятли ташлашга муяссар бўлганди.
Агар рус тилидаги «карьера» сўзини ўзбек тилига – «амал ёки мансаб шотиси» деб ўгириш мумкин бўлса, Абдусаид Кўчимов бу шотининг биринчи поғонасига Шамси Одилнинг елкасидан чиқиб борди.
Яхши ниятли ҳамқишлоғи ва соф кўнгилли прокурорнинг маслаҳатига амал қилмаганида шафқатсиз ҳаёт ўзани уни қай бир ёт ва ёқимсиз манзиллар сари бошлаб кетмасди деб ким кафолат бера оларди…
Унинг ўзи ҳам буни рад этолмаса керак.
Лекин бир кун келиб Кўчимов бу шотининг энг учига – чўққисига ўрмалаб кетишини ҳеч ким хаёлига келтирмаган эди…
6.
Мен Абдусаид акани “Ленин учқуни” (Ҳозирги “Тонг Юлдузи”) газетасида ишлаб юрган муҳаррирлик пайтидан бўён яхши билардим.
Назаримда у киши жамиятнинг бу эътиборсиз пионерлар даргоҳида узоқ ишлаб қолгандек эди.
Шунинг учунми, билмадим, ўша пайтларда у кишининг эрта бир кун юқори давлат лавозимларига кўтарилиб кетишини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаган бўлиши мумкин.
Кутилмаганда у кишини Ёзувчилар уюшмасига ишга ўтганларини эшитдим.
Сўнг кўп ўтмай у киши Вазирлар Маҳкамасига ишга ўтиб, маданият масалалари билан шуғуллана бошлади.
Агар адашмасам кейинчалик Ўзбекистон Маданият ва спорт вазири бўлиб, фожеали ўлим топган Анвар Жабборов (Ёзувчи Жуманиёз Жабборовнинг ўғли) ҳам у киши билан бирга ишлар эди.
У кишининг Вазирлар Маҳкамасида ишлашини эслаб қолганимга сабаб, тўқсонинчи йилларнинг бошида Ислом Каримов тўй қилганида (тўнғич қизи Гулнорани турмушга узатганида) “Дархон” кафесида бўладиган эрталабки ош таклифномаларини Президент девонидагиларга – Шароф Убайдуллаев, Вазирлар Маҳкамасидагиларга – Абдусаид Кўчимовлар тарқатишган эди.
Бу ҳақда “Оқланмаган ишонч қиссаси”нинг Ислом Каримов тўйи ҳақидаги қисмида батафсил ҳикоя қилинган.
Вазирлар Маҳкамасидан Абдусаид аканинг Ўзбекистон радиосига раҳбар бўлиб кетганини биламан.
Сўнг Президент девонига ишга олинди.
Мен у пайтларда Ислом Каримов доирасига алоқадор бўлиб, ўзимни осмону фалакда сезганим учунми, билмадим, аллақандай Абдусаид акадек биров бор ё йўқлигини билмайдиган одамларни назар писанд қиладиган ҳолатда эмас эдим.
Биз улардан жуда баландда, шон шуҳрат чўққисининг энг юқори қаватларида эдик…
7.
Маълумки, амал шотининг тепасидаги одам ёки қишлоқча оддий сўз билан айтсак – мамлакат олий раҳбариятидаги мулозим кўзга яққол ташланиб туради.
Албатта бу мансаб шотисига тирмашганлар, унга чиқишни орзу қилганлар кўп бўлади.
Амал шотисига чиқиб, юқорига кўтарилаверсангиз – имкон ва имтиёзлар кенгайиши билан бирга Сизнинг ҳар бир қадамингиз чор атрофдагилар назари ва диққат эътиборида бўлишини ҳам унутмаслик керак.
Мулозим мансаб шотисидан кўтарилавергани сайин – атрофдагиларга ҳам тобора яққолроқ кўриниб туради.
Буни у баъзан билади, баъзан бизга ўхшаб билмай қолиши ҳам мумкин…
8.
Шароф Рашидов Ўзбекистон Олий Раҳбариятига ишга олинаётган мулозимлар билан суҳбатлашганида:
– Олтинчи қаватга ҳавас қилганлар жуда кўп. Лекин олтинчи қаватдан бутун республика кўриниб тургани каби, Сизни ҳам бутун республика кузатиб туради. Ҳар бир қадамингиз одамларнинг нигоҳи остида бўлади. Шунга қараб иш тутинг, – деган гапни такрор такрор айтишни яхши кўрарди…
Абдусаид Кўчимов ҳам энг юқори мансаб пиллапоясида турганида – буни баъзан билди, баъзан назардан қочирди.
Биз унинг шонли «карьера»сидаги бу ажиб ҳолларга ҳам ҳали қайтамиз…
9.
Абдусаид Кўчимов ўзининг мулозимлик бахти ва карьераси учун энг аввало истеъдодли ўзбек шоираси Ҳалима Худойбердиева ва унинг турмуш ўртоғи – Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовдан миннатдор ва бурчдор бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим.
Бу миннатдорлик ва бурчдорлик қандай ниҳоя ва якун топгани ҳам алоҳида мавзу бўлади…
10.
Умуман, Ҳалима Худойбердиева ва Мавлон Умрзоқовлар тўқсонинчи йилларнинг бошида жамиятдаги мансаб мавқелари боис бир гуруҳ таниқли ва истеъдодли ижодкорларнинг юқори давлат мартабаларига чиқишида муҳим рол ўйнаган эдилар.
Эркин Самандар, Бахтиёр Назаров, Шароф Убайдуллаев, Омон Матжон, Усмон Азимов, Муҳаммад Раҳмон, Мурод Муҳаммад Дўст, Маматкул Ҳазратқулов, Саъдулла Ҳаким, Сафар Остонов, Эркин Аъзамов, А. Тошхўжаев, Мирзо Кенжабоев, Ғаффор Ҳотамов, Хайриддин Султонов ва Абдусаид Кўчимовлар шулар жумласидандир.
Ижод аҳли ва зиёли одамни давлат тепасига келиши ҳамиша жамият учун ҳам, давлат учун ҳам фойдали бўлган.
Лекин биз юқорида тилга олган қаҳрамонларимизнинг раҳбарлик қисмати – Ўзбекистон ва унинг халқи учун нимани англатишини эса биз Абдусаид Кўчимов раҳбарлиги мисолида батафсил ўрганиб чиқиш ниятидамиз…
11.
Абдусаид Кўчимовнинг мамлакат сиёсий ҳаётига шитоб билан кириб келиши – 1990 йилда Ургутдан Ўзбекистон Олий Кенгашига депутат этиб сайланиши билан боғлиқ.
Биз унинг депутатлик учрашувлари, ундаги тенгсиз кураш ва қарама қаршиликлар ҳақида гапирмоқчи эмасмиз.
Ургут — азалдан истеъдодли ижодкорлар, таниқли адабиёт сиймолари етишиб чиққан муборак даргоҳ.
Барот Бойқобилов, Маматқулов Ҳазратқулов, Абдусаид Кўчимов, Карим Баҳриев каби таниқли адабиёт, санъат ва журналистика намояндалари шулар жумласидандир.
Тўқсонинчи йиллардаги ошкоралик эпкинлари боис бир гуруҳ халқ суйган зиёлилар мамлакат Олий Кенгашига халқ ноиби этиб сайланган эдилар.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, ўшанда пойтахтдаги таниқли журналист ва ёзувчилар, шоир ва санъаткорлар ўз туғилиб ўсган юртидан депутат этиб сайланиши одат тусига кириб қолган эди.
Абдусаид Кўчимовга ҳам ана шундай олий бир саодат насиб этиб, у ҳеч ким кутмаган бир пайтда ўзи туғилиб ўсган Ургутдан Ўзбекистон Олий Кенгашига депутат этиб сайланади.
Кейинчалик ургутликлар ёдида Кўчимовнинг ўзи, сўзи ва ё юзи эмас, балки унинг ишончли вакили этиб тайинланган журналист Шуҳрат Жабборовнинг сайловолди учрашувларида сўзлаган оташин нутқлари сақланиб қолади…
12.
Абдусаид Кўчимовнинг кутилмаганда Олий Кенгаш депутати этиб сайланиши Ургутнинг ўша пайтдаги машҳур ва довруғли раҳбари Ўлмас Маҳматмуродовга ёқмай қолади.
Кўчимовнинг Ургутга бориб, ўз сайловчилари билан учрашувлари қийинлашади, бир сўз билан айтганда Ургут унинг учун ёпиб қўйилади.
Ўлмас ака Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов билан жуда яхши ва ишончли алоқада эди.
Мавлон аканинг ўринбосари бўлган таниқли журналист Шароф Убайдуллаев бир куни Президент девонидаги ҳокимлар мажлисидан сўнг Ўлмас акани «Гап бор» деб, кабинетига таклиф қилади.
Бу ерда Абдусаид Кўчимов уларни кутиб турарди.
— Кўчимов бизнинг одам. У билан алоқани яхшилаб, биргалашиб ишланглар, Ўлмас ака, – деб гапнинг пўсткалласини рўй рост айтади Шароф Убайдуллаев.
Ўта ҳушёр одам бўлган Ўлмас ака Олий раҳбарият вакилининг бу гапидан тезда хулоса чиқариб, узун қулочлари билан Кўчимовни қучоғлаб, бугундан бошлаб дўстмиз деб бағрига босади.
Бу ярашув ўша куни оқшом чоғи «Панорама» атрофидаги «Ёшлик» меҳмонхонасининг «Шодлик» ресторанида янада ишончлироқ бўлиши учун яхшилаб « ювилиб», мустаҳкамланади…
13.
Ўзбекистон халқ депутати Абдусаид Кўчимовнинг депутатлик фаолияти ҳақида бирор нарса айтиш фикридан йироқмиз.
У ҳам барча халқ ноиблари каби сайловчиларга нималарнидир ваъда қилган ва бу ваъдаларининг қайси биринидир албатта бажарган бўлиши табиий.
Фақат шуни айтмоқчимизки, Кўчимовнинг Ургутдан Олий Кенгаш депутати этиб сайланиши – унинг кейинги ҳамма қатори бўлган «оддий» ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди…
14.
Абдусаи Кўчимов биринчи планга чиқмай, ўзини ошкор ва ё намоён этмай, «парда ортидан иш юритиш» фазилатига эга эканини Ислом Каримов у Президент девонининг «Ахбарот маркази»га ишга олинганида сезган бўлса, эҳтимол.
Умуман, Ислом Каримовга худди ана шундай – камтар ва камсуқим, айни пайтда биринчи планга чиқмай иш қиладиган, ўзи «парда ортида» туриб асосий «режиссерлик»ни қойилмақом қилиб бажара оладиган ҳушёр ва айёр мулозимлар ёқишини мен кейинроқ англаб етдим.
Бир сўз билан айтганда артист ва ўйинчи бўлиши керак экан раҳбар энг аввало.
Абдусаид Кўчимов мулозимлик шотисининг энг чўққисига чиқиб «айтгани айтган, дегани деган» шаҳаншоҳ пайтларида ҳам эски ҳамкасбларини кўрганида ҳамиша икки қўлини кўксига қўйиб: «Ўша, ўша, жамон жўқ, – деб туришини одамлар бугун ҳам ажиб бир ҳайрат билан эслаб юришади…
15.
Абдусаид Кўчимов ўзининг «ичимдагини топ» қабилидаги сирли ва сеҳрли характери, дилида бир фикр бўла туриб, лекин тилидаги бошқа фикрни ростдек бемалол юзингизга ўта сиполик билан ижро этиш қобилияти, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак – артистлиги билан ўта ҳушёр сиёсатчи Ислом Каримов ишончини қозонган бўлса ажаб эмас.
Лекин Ислом аканинг ўзи билан ҳеч қачон бундай иккиламчи ва алдамчи муносабатда бўлиш – артистлик қилиш мумкин эмас.
Мутлақо.
У киши буни кечирмайди, ҳазм қилолмайди.
Лекин бошқаларга нисбатан артистлик қилсангиз, у киши буни ниҳоятда қадрлайди…
Ислом Каримов суҳбатдошининг кўзларига тикилиб туриб, унинг кўнглидан нималар кечаётганини жуда яхши англаб олиш фазилатига эга бўлган зукко раҳбар.
Шундай бир пайтда Абдусаид Кўчимов Ўзбекистон телевиденияси раҳбарлигига – Президент суҳбатидан қандай ўта олган экан, унинг синчков нигоҳларига қандай дош бера олган экан деб ўйланиб кетаман баъзан…
16.
Мен Ислом Каримовни яхши ва яқиндан билган одам сифатида шунга кафолат беришим мумкинки, у киши ҳеч қачон ичидагини бирдан тўкиб солаган, очиқ кўнгил ва далли ғулли одамни раҳбарлик лавозимига кўтармайди.
Агар жуда ёқтириб қолиб, кўтарса ҳам – мендек – иккинчи даражали бирор ишга қўйиши мумкин, кўнгли чўкмасин деб…
17.
Кечагина «Пионерлар газетасининг оддий мухбири» бўлган А.Кўчимов – ўзбек жамиятида «Муҳтарам ва ҳурматли Абдусаид Кўчимович» бўлиб асосан Ўзбекистон телерадиокомпаниясига раҳбар бўлган йилларда танилди.
Кўчимовнинг Ўзбекистон ижтимоий сиёсий ҳаётида, унинг олий раҳбариятида муҳим ва ҳал қилувчи нуфузга эга бўлишида телевидениянинг роли ниҳоятда катта бўлди.
У «Ўзтелерадиокомпания»га 1997 йилда раҳбар этиб тайинланиб, 2005 йилгача қотириб ишлади.
Саккиз йил кечаги «Пионерлар газетасининг оддий мухбири» мамлакат олий раҳбариятининг энг ишончли вакили сифатида Ислом Каримовнинг сафида ва назарида турди.
Бундай дейишимга сабаб шуки – Ислом ака ўзининг Президентлик салтанатини, унинг бор бўй басти ва шон шуҳратини, имконият ва қудратини – телевидения призмаси орқали кўрадиган раҳбар.
Бир сўз билан айтганда Ўзбекистон телевиденияси – Ислом Каримов учун президентлик ҳаётининг мазмун ва моҳияти, орзу умидлари, қувонч ва ютуқларини ифода этувчи олтин мезонга айланиб қолган.
Буни биз нималарда кўршимиз мумкин?
18.
Авваламбор шуни айтишим керак: Ўзбекистон телевиденияси – Ислом Каримов салтанатини ушлаб ва мустаҳкамлаб турган асосий давлат пойдеворларидан биридир.
Агар таъбир жойиз бўлса – Ислом Каримовни Ислом Каримов қилиб турган жамиятдаги ўта муҳим ижтимоий сиёсий устқурма бу.
Миллий Хавфсизлик Хизмати билан Ўзбекистон телевидениясига раҳбар тайинлашда Ислом Каримовнинг кечаю кундуз узоқ мулоҳаза юритиб, номзод танлашининг сабаби ҳам балки шундадир.
Ўзбекистон Президентининг Ўзбекистонда ишонган ва суянган биринчи даражали одами иккита деб биламан: Бири МХХ раиси бўлса, иккинчиси – сўзсиз ЎзТВ бошлиғидир…
19.
Ўзбекистон телевидениясини бошқариш ва назоратда ушлаб туриш – Президент учун Миллий Хавфсизлик Хизматига раҳбарлик қилишдан ҳам зарурроқдек назаримда.
Бошқача айтганда – Ўзбекистон телевиденияси фаолияти Ислом ака учун баъзан МХХ фаолиятидан ҳам муҳимроққа ўхшайди.
Президент учун МХХни назоратда ушлаб туриш унчалик қийин эмас.
Негаки, ҳарбийлашган бу идора Ислом ака истаган пайтда кнопкасини босиши билан унинг измида бўлади.
Президентнинг айтган куйига мос рақсга тушаверади.
Бироқ Ўзбекистон телевиденияси – қачон портлаши номаълум бўлган ўз бомбасини қўлтиғи остида яшириб юрадиган минглаб журналист ва артистлардан иборат.
Ислом Каримовнинг МХХ дан кўра кўпроқ Ўз ТВ га бўлган диққат ва эътибори сабабига биз ҳали қайтамиз…
Суратда: Абдусаид Кўчимов
20.
Ислом Каримовнинг Ўзбекистон телевидениясига бу қадар қаттиқ боғланиб қолганидан ҳайратланиб баъзан ўйлаб кетаман:
Ажойиб кунларнинг бирида – Ислом Каримов Президент девони раҳбари Зелемхон Ҳайдаров ва ёрдамчиси Георгий Крайновлар билан Исмат Хушевнинг Канададан туриб ёзган ушбу мақоласини муҳокама қилиб турган хушнуд ва муборак дамларнинг бирида беихтиёр мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон телевидениясидан чиқиб «Биз Ватанга қайтдик ва телевиденияни ишғол этдик!» деб эълон қилиб қолса, улар қай аҳволга тушиши мумкин?
Ислом ака, худо кўрсатмасин, сўзсиз инсульт ва ё инфаркт бўлиши таббий.
Бу – у киши учун осмонда гумбурлаб портлаган чақмоқнинг кучидан кам бўлмаган бомбадай таъсир қилиши турган гап.
Лекин муҳими бу эмас.
Чорак асрдан бўён Ислом аканинг қудратли ўнг ва чап қўли бўлиб садоқатлилар садоқатлиси сифатида мамлакат олий раҳбариятида ишлаб келаётган икки арбобнинг қай аҳволга тушиши мени кўпроқ ўйлантиради.
Ажабо, улар энди қайси музикага ўйнаб, қайси армияга хизмат қилишни билмай бир зум бошлари қотса ажаб эмас.
Шароф Рашидов томонидан собиқ Марказқўмга ишга олинган ва қарийб 40 йилдан бўён республика бош штабида неча неча оқимларни ҳаммадан олдин пайқаб, қайси армияга ўтишни бехато белгилаган бу ажиб ва ноёб талантли шахслар агар Ўзбекистон телевидениясидан Президентнинг машҳур ва ашаддий душмани Тошкентга оқ отда кириб келишини кўрсалар нима бўларкин?
Менинг ҳам ўз тахминим бор: Улар ўша заҳоти Президентни қай аҳволда бўлса ўша зайлда ёлғиз қолдириб, мамлакат туғини Муҳаммад Солиҳга топшириш учун Ўзтелестудия даргоҳига қараб чопсалар ажаб эмас.
Чунки ғолиблар минган оқ отнинг ортидан қолмаслик керак-да.
Уларнинг 40 йиллик санъати – бор ҳунари ҳам ана шундан иборат…
21.
Таниқли рус революцеонери, машҳур фитначи ва инқилобчи Владимир Ильич Ленин ҳам давлатни бошқариш учун энг аввало почта ва телеграфни қўлга киритиш кифоя деб бежиз айтмаган.
Кечаги «Почта ва телеграф» нинг функцияси бугун телевиденияда мужассамлашган.
Ўзбекистонда мамлакат ва халқ эртадан кечгача бутун вужуди билан табиийки телевиденияни кузатади ва уни ҳукуматнинг энг асосий кўрсатмаси деб билади.
Ислом ака, худо кўрсатмасин, минбарда бир гапни айтса-ю, лекин телевизор бошқа гапни айтиб турса, халқ тирик Президент қолиб, «ўлик» ТВ орқасидан кетаверади.
Биз кейинги йигирма беш йилда халқнинг бир неча авлодини мана шу руҳда манқуртларча тарбиялаб – ясаб бўлдик…
Энди телевиденияга дунёнинг энг қудратли кучи сифатида сажда қилиш ва уни назорат остида ушлаб туришдан бошқа иложимиз йўқ…
22.
Шунинг учун ҳам мен баъзан Ўзбекистон телевидениясини – Атом бомбасига қиёслагим келади.
Чунки бутун давлатни битта ҳукмдор ўз қўлида ушлаб турган тоталитар мамлакатда телевидения – Атомдан ҳам кучли қудратга эга эканини Ўзбекистон мисолида яққол кўриб турибмиз.
Эҳтимол шунинг учун ҳам бугун телевиденияни – атом бомбасидан кўра кўпроқ назорат қилиб туришга тўғри келаятгандир.
Хуллас, Ўзбекистон халқи бугун ТВ нима деса, шунга ишониб, унинг орқасидан кетаверади.
Ўзбекистондаги ҳаёт бугун Президент назарида фақат телевизордаги ҳаётдан иборат бўлиб шаклланган экан, унинг бу соҳага катта эътибор ва аҳамият беришини ҳам тўғри тушуниш керак.
Мен баъзан Ислом Каримов Ўзбекистонни фақат телевизор орқали кўриб, бошқариб турса керак деган фикрга ҳам бораман…
23.
Унинг ишхонасида ҳам бир эмас тўртта телевизор туриши тасодифий ҳол эмас.
Кабинетидаги иш столининг ёнида битта кичикроқ, катта ва узун столининг олдида эса каттароқ телевизор қўйилганини биламан.
Кичигидан – ўзи, каттасидан эса – ҳузурига у ёки бу масалада чақиртирилганлар билан кўплашиб эшиттириш кўриши мумкин.
Президентнинг дам олиш хонаси ва ошхонасида ҳам телевизор доим ишлаб туради.
Хуллас, Ислом ака идорасининг ўзидаёқ бир эмас, тўртта телевизордан бутун Ўзбекистонни ҳушёрлик билан кузатиб туради…
24.
Президент қаёққа қарамасин, унинг кўзи албатта телевизорга тушади. Бу телевизорларнинг ҳар бирида ҳар хил каналлар ишлаб туради.
У бир пайтнинг ўзида Ўзбекистон телевидениясининг барча асосий каналлари билан бир қаторда Москва ТВ сини ҳам назардан қочирмайди.
Агар Москва ТВ сида Ўзбекистон ҳақида «келишилмаган» бирор бир хабар ўтиб кетса ҳам албатта «Ўзтелерадиокомпания» раҳбари балога қолади.
Ислом аканинг назарида у шунинг ҳам уддасидан чиқиши керак.
Шу билан бирга Президент матбуот котибининг ҳам бошида албатта ёнғоқ чақилади.
Уларга Ислом ака томонидан бериладиган саволларни ўзбек тили луғатидан ҳарчанд уринманг, тополмайсиз, агар ўзбек жаргонидан изласангиз ҳам, барибир тополмай овора бўласиз…
25.
Бир гал Ислом аканинг ҳузурига кирганимда у киши телевизордан Жаҳонгир Маматовнинг чиқишини кузатиб ўтирган эканлар.
Жаҳонгир телевизордан қандайдир балиқ мафияси ҳақида гапираётган эди.
У махсус рейд уюштириб, Айдаркўлдаги балиқ мафияси ҳақида эшиттириш тайёрлаган экан.
Ўша кунларда Жаҳонгир эндигини Ўзбекистон телерадиокомпания раиси Эркин Ҳайитбоевга ўринбосар этиб тайинланган кезлар эди.
Ислом ака кутилмаганда телефон гўшагини кўтариб, ғазаб билан Эркин Ҳайитбоевни сўка бошладилар:
— Бунинг нима деятганини эшитяпсанми? Телевизорни кўраяпсанми ўзинг?
Репродуктор очиб қўйилган, ундан Эркин аканинг титроқли ва ҳаяжонли товуши эшитилиб турарди:
— Жаҳонгирингиз «мен фақат Президентга бўй сунаман, унинг топшириғини бажараяпман», — дейди. — У менга қулоқ солмайди, Ислом ака…
Шу ва шунга ўхшаш бошқа дадил чиқишлари боис Жаҳонгир Маматовнинг телевидениядаги раҳбарлик фаолияти бир ойга ҳам етмади: роппа роса 22 кунда якун топди…
26.
Эркин Ҳайитбоев қақшаганча бор эди.
Жаҳонгир Олий Кенгаш сессиясида Ислом Каримовга ташланиб қолиши билан ном қозонишдан ташқари, у телевиденияга Ўзбекистон президентининг ёрдамчиси деган вазифадан келганлиги учун ҳам – унга унча бунча одамнинг танбеҳ беришга ҳадди сиғмасди.
Шу ерда мустақил журналистларнинг тақдири ҳақида яна бир сўз.
Биринчи мустақил газета деб расмий жар солинган ва нашрнинг энг тепасига ўқловдай қилиб «Мустақил газета» деб ёзиб қўйилган «Ҳуррият»га шахсан Президент томонидан Бош муҳаррир этиб тайинланган истеъдодли журналист Карим Баҳриевнинг «Мустақиллик одими» бир ҳафтадан нарига ўтмади.
У газетанинг беш сонини чиқариш билан мустақил газетадаги Бош муҳаррирлик фаорлиятини тўхтатишга мажбур бўлди.
Ўшанда «Озодлик» радиоси кутилмаганда ишдан олинган Каримжон билан суҳбатлашган эди.
«Озодлик» нинг «Нима Сизга халақит берди?» деган саволига Карим Баҳриев: «Биз газетани ошкоралик асосида қурмоқчи эдик. Газета орқали халқимизни ошкораликка ўргатмоқчи эдик» деб жавоб беради.
Радионинг «Нима, халқ ошкораликка тайёр эмас эканми?» – деган кинояли саволига эса:
Карим: «Халқ аллақачон тайёр. Лекин раҳбарлар тайёр эмас экан…» – деб жавоб бергани ҳали ҳануз ёдимда.
Яна шу нарса ёдимдаки, «Ҳуррият» айнан Абдусаид Кўчимов бош бўлган Ўзбекистон телевидениясини танқид қилишга жазм этгани учун ҳам ёпилган эди…
27.
Ўзбекистон телевиденияси жуда нотинч ва ғалвали даргоҳ.
Бу ер – бутун Ўзбекистон жамияти – сиёсат, мафия ва жиноят олами вакилларининг ўзъаро манфаати кесишган ва кўп ҳолларда тўқнашган жой.
Бу ерда узоқ раҳбарлик қилиш жуда қийин.
Лекин Абдусаид Кўчимов бу «нотинч « даргоҳда бошқа раисларга қараганда нисбатан узоқ ишлади.
Жаҳонгир Маматовнинг Ўзбекистон телевидениясидаги 22 кунлик, Карим Баҳриевнинг “Ҳуррият” газетасидаги бир ҳафталик фаолиятини Абдусаид Кўчимов унутмаган шекилли, у бу «ғалвали» ва «мафиялашган» даргоҳда оз эмас, кўп эмас – 9 йил фаолият олиб борди.
Тўққиз йил у шон шуҳрат чўққисида, республика олий раҳбариятининг елкасида – бошида турди.
Тўққиз йил унинг айтгани айтган, дегани деган бўлди.
Бу дунёга келиб нима топган бўлса – шу ерда топди.
Нима йўқотган бўлса ҳам – шу ерда йўқотди…
28.
Тўққиз йил ургутлик оддий бир инсон Кўчим бобонинг ҳеч ким танимаган ва билмаган ношуд ули – Ўзбекистонни эрталаб соат олтидан уйғотиб, кун бўйи ўтирғизиб турғизиб, тонгги уч-тўртларда секин аста аллалаб ухлатадиган бўлди.
Бу даврда Абдусаид Кўчимовдан миннатдор бўлганлар қаторида ундан хафа бўлиб, кўнгли қолганлар ҳам кўпайиб борди.
Лекин у ҳеч қачон баъзи оқ от минган амалдорлар каби босар тусарини билмай қолгани йўқ.
У ўзининг асл келиб чиққан жойи – оддий одамлар орасида эканини, эрта бир кун бу шон шуҳратлар тугаганидан кейин яна ўша – одамлар орасига қайтиб боришини ҳамиша ёдида тутди.
Лекин одамларнинг ўзи уни бошларига кўтариб, қаршисида таъзим ва тавозе қилавериб ёмон ўргатишди…
29.
Мен Абдусаид Кўчимовнинг шон шуҳратга бурканган ўша суронли йилларини яхши эслайман.
Буни бошқалар ҳам ҳали унутгани йўқ.
Унинг биринчи сайловолди учрашувларида ишончли вакили бўлган ҳамкасб дўсти Шуҳрат Жабборов тўй қилганида бўлган бир воқеани менга ўша тўйда бўлганлар айтиб беришган эди.
Тўй бўлаётган ҳовлига Ўзбекистон телевидениясининг қудратли раҳбари кириб келганида бутун тўйхона ўрнидан туриб кетганини биламан.
Ҳатто ўша тўйда иштирок этган Шароф Рашидовнинг укаси – бир пайтлар Абдусаид Кўчимовни Низомий пединститутида ўқитган адабиётшунос олим Асил Рашидов кўплар қатори беихтиёр жойидан туриб чапак чаларкан, ҳайратланиб, ёнидагилардан: «Нима бўлди ўзи, ким келди, ёпирай, Ислом Каримов кеб қолдими?» – деб таажжубланиб сўраган экан.
Унга Абдусаид Кўчимов келганлигини айтишганида: «Ия, шунга шунчами?» – деб ажабланган экан анча маҳал ўрнидан туриб беҳуда қарсак чалганига афсусланиб…
30.
Шу ўринда адолат ҳаққи ҳурмати яна бир гапни ҳам айтиб ўтиш керак бўлади.
Абдусаид Кўчимов мансаб поғонасида турганида ўзи ишонган ва меҳр қўйган, бир сўз билан айтганда ўзига ёққан дўстлари, ҳамкасблари, шогирдларини унутмади.
Шуҳрат Жабборовнинг тўйига бориб, унга ўз эҳтиромини билдириши, Собир Ўнар, Муҳаммад Исмоил ва Ҳусан Эрматов каби истеъдодли ижодкорларни имкон қадар қўллаб қувватлагани – бу унинг яқинларига бўлган садоқати ва ҳурматидан, қолаверса оддий инсоний мурувватидан далолат.
Уларнинг кўпини ёнига олиб, уйли жойли, бой бадавлат бўлишида, китоб ва асарлари тўпламининг нашр этилишида бош-қош бўлди, муҳим ва асосий рол ўйнади.
Ўзбек адабиёти ва санъати намоёндалари, зиёлилар орасида бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин…
31.
Абдусаид Кўчимов Ўзбекистон телевидениясига раҳбарлик қилганлар орасида энг узоқ ишлагани билан ҳам тарихда қолади.
Унга қадар бу даргоҳга – Убайдулла Иброҳимов, Инқилоб Юсупова, Наим Ғойибов, Ганжа Ёқубов, Эркин Ҳайитбоев ва Шавкат Яҳёевлар раҳбарлик қилишган.
Убайдулла Иброҳимов бошқаларга қараганда нисбатан кўп ишлаганини ҳам ҳисобга олиш керак.
Лекин Ислом Каримов раҳбарлиги остида эҳтимол Убайдулла Иброҳимов ҳам бунча кўп ишлаш бахтига муяссар бўлолмасди деб ўйлайман…
32.
Бугун Ўзбекистон сиёсий саҳнасида Ислом Каримовни, унинг бежилов ҳатти ҳаракатини, ғоят инжиқ ва мураккаб табиатини Абдусаид Кўчимовчалик ҳеч ким яхши билмаса керак деган фикрдаман.
Ислом Каримовнинг бевосита раҳбарлиги остида узоқ вақт ишлаш учун киши энг аввало артист ва ўйинчи бўлиши керак.
Ўзбекистон телевиденияси – энг аввало айнан артист ва ўйинчилар даргоҳи эканини ҳисобга олсак, Абдусаид Кўчимов бу вазифани шараф билан уддалаган кўринади.
Йўқса у бу даргоҳда тўққиз йил ишлай олмаган бўларди…
33.
Абдусаид Кўчимовнинг “Ўзтелерадиокомпания”га раис бўлган сафдошларидан яна бири – Шавкат Яҳёев.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза.
Маълумки, Ўзбекистон Олий раҳбариятида – Президент девонида ишлаш ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган олий бир саодатдир.
Бу ердан яхши жойларга кўтарилиб кетиш эса – ундан ҳам олийроқ саодат.
Қанчадан қанча раҳбарлар Президент девонига ишга ўтиб, сўнг кўп ўтмай урилиб, ҳатто қамалиб кетганларини ҳам биламиз.
Шу маънода Абдусаид Кўчимов каби Девондан обрў билан кетганлардан яна бири – Президентнинг собиқ матбуот котиби Шавкат Яҳёевдир.
Биз “Оқланмаган ишонч қиссаси” китобининг “Президентнинг матбуот котиблари” номли қисмида бу киши ҳақида батафсил маълумот берганмиз.
Хусусан, унинг матбуот котиблигига ҳам ким орқали тасодифий келиб қолганини ёзганмиз.
Лекин, ажабки, Президентнинг тўққиз матбуот котиби орасидан фақат Шавкат Яҳёевгагина обрў билан кетиш насиб этган, холос.
Абдусаид Кўчимов ЎзТВ раҳбарлигига Президент девонидаги “Ахборот маркази”раҳбарлигидан келган бўлса, Шавкат Яҳёев – Президентнинг матбуот котиблигидан келди.
34.
Асли қўқонлик бўлган Шавкат Яҳёев бир пайтлар Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг лекторлар гуруҳида ишлаган, матбуот бўйича бўлим мудирининг ўринбосари бўлган.
Шу билан бирга у Марказқўмнинг партком котиби ҳам эди.
Марказқўмнинг партия аъзоларига лиммо лим тўла кичик залидаги мажлисларни очганида унинг бир ўзи Президиумда бўлиб, ҳатто Марказқўмнинг биринчи секретари Шароф Рашидов ҳам ҳамма қатори пастда – залда ўтирган, мажлис очилиб, президиумга сайланганидан кейингина юқорига кўтарилган.
Шавкат Яҳёевнинг ўзи қоида бўйича аввал президиумда ўтириб, республика раҳбарини кейин ёнига чақирарди.
Шавкат Яҳёев Марказқўмнинг лекторлар гуруҳида ишлагани боис ҳам – яхшигина нотиқ ва артист эди.
Артистлигига сабаб – у ростдан ҳам Тошкент театр ва рассомчилик институтида нутқ маданиятидан дарс берган.
Хуллас, у яхшигина нотиқ ва …артист эди.
Кейинчалик унинг бу одати – Ўзбекистон “телерадиокомпанияси”га раис этиб тайинланганида ҳам яхши самара берди.
Шавкат Яҳёев – Шароф Рашидовнинг кўзи олдида (партия мажлисларида) артистлик қилган бўлса, Абдусаид Кўчимов – Ислом Каримовдан беш юз ё минг метрлик масофадан туриб артистлик қилди.
(Президент девонидан Ўзбекистон телевиденяси тахминан шунча масофада жойлашган)
Артистлик қилганида ҳам тўққиз йил қойилмақом қилиб артистлик қилди…
35.
Абдусаид Кўчимовнинг яна бир сафдоши Эркин Ҳайитбоев ҳақида юқорида айтдик. Яна айтамиз.
«Ўзтелерадиокомпания» раҳбарлари – уларни Президент чор тарафдан кузатиб туришини назарда тутган ҳолда ишлашини ҳисобга олсак, уларнинг сабр ва матонатига, ақл ва жасоратига ҳам қойил қолишимиз керак бўлади.
Шу маънода телевидениянинг олдинга раҳбари, раҳматли Эркин Ҳайитбоев яхши ва самимий, очиқ кўнгил ва дилкаш одам эдилар.
Асли наманганлик бўлган Эркин ака билан биз қўшни эдик. Анҳор бўйидаги Марказқўм уйларида ёнма ён яшардик.
Ҳар куни эрталаб тўрт беш қўшни – Солижон Мамарасулов, Рашидовнинг қўриқчиси бўлган полковник Аҳмаджон Азизов, ёзувчи Нурали Қобул, Убай Абдураззоқов ва Эркин Ҳайитбоевлар бир бўлиб, Анҳор бўйларини айланиб, суҳбатлашиб ўзимизча бадантарбия қилган бўлардик.
У киши менга баъзан: «Исматжон, телевиденияга раҳбар бўлганимдан бўён доим кўрадиган энг қўрқинчли ва даҳшатли тушларим Ислом ака билан боғлиқ…» деб ҳасрат қилиб қолардилар.
Эркин аканинг ана шу ноласидан ҳам у киши эгаллаб турган вазифа – қанчалар оғир ва муваққат, нотинч ва ғалвали, маломатли эканини англаб етиш мумкин.
Ажойиб инсон, дилкаш ва ҳазилкаш Эркин Ҳайитбоевнинг ҳам телевидениядаги раҳбарлиги кўп давом этмади…
36.
Мен Абдусаид Кўчимов билан кўп маротаба учрашиб, гаплашганман, суҳбатлашганман.
Саксонинчи йилларнинг охирлари — аниқроғи 1986 – 1987 йил эди чамамда.
Ислом Каримов Қашқадарёда обкомнинг биринчи секретари бўлган пайтларда мен Тошкентда – «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг махсус мухбири бўлиб ишлардим.
Ана ўша – шов шувли мақола ва суд очерклари чиқариб юрган довруғли кунларимнинг бирида Абдусаид ака ва у кишининг оилалари билан Китобнинг Ҳисор тоғлари этагидаги сўлим ва баҳаволи «Минг чинор» ресторанида бир пиёла чой ичган эдик.
Ўшанда Абдусаид ака адашмасам, ҳануз «Ленин учқуни» газетасида муҳаррир эдилар, шекилли.
Китоб районининг ўша пайтдаги прокурори Хасан Эштемиров бизни меҳмон қилган эди.
Ўшанда на мен, на Хасан ака бугун рўпарамизда икки қўлини кўксига қўйиб, ажиб бир камтарлик ва камсуқумлик билан тавозе қилиб турган пионерлар газетасининг бу муҳаррири — эрта бир кун Ўзбекистон Олий раҳбариятининг энг нуфузли мулозимларидан бири бўлади деб хаёлимизга ҳам келтирмаган эдик…
37.
Яна бир гап.
Мен Президентнинг ғазабига учраб, унинг давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов билан бирга қамалиб чиққанимдан сўнг, Ислом Каримов мурувват кўрсатиб, қилган хато ва гуноҳларимни кечириб, мени яна Бош муҳаррир этиб тайинлаганини “Оқланмаган ишонч қиссаси”нинг иккинчи китобида батафсил ҳикоя қилганман.
Ўшанда нима жин урди-ю, олдинги шон шуҳратни қўмсаб қолдим шекилли, Ўзбекистон ойнаи жаҳонидан чиқишни истаб қолдим.
Ҳолбуки, мендек урилиб, ҳибс этилиб, сўнг яна давлат лавозимга чиққанлар учун бу унчалик исталмаган бир ҳол эди.
Янаям аниқроқ айтадиган бўлсам, Ўзбекистон Олий раҳбарияти, томонидан рағбатлантирилмайдиган, қўллаб қуватланмайдиган истак эди бу…
38.
Лекин мен бир нарсани орзу қилсам, ўшанга етишмагунча уйқуси келмайдиган одамман.
Хуллас, телевизордан чиқиб, “Исмат Хушев энди ҳеч қачон раҳбарликка қўйилмайди!” деганларга, “Халқ сўзи”да мен ҳақимда “Муттаҳамнинг парвози” деб мақола ёзган (Мурод Муҳаммад Дўст)ларга ўзимни бир кўрсатиб қўймоқчи бўлдим.
Бугун ўйлаб қарасам, жуда жўшқин бўлиш билан бирга, анчагина …худбин йигит ҳам эканман.
Телевизордан чиқмасам ҳам менинг қайтадан Бош муҳаррир этиб тайинланганимни аллақачон ҳамма билган ва Президент Ислом Каримовнинг нобакор Исмат Хушевга нисбатан бўлган бу ҳурмат ва мурувватидан ажиб ҳайрат ва ҳасратларга ошно бўлган эди-ку.
Йўқ, бизга бу гўёки камдек, энди ойдин рухсоримиз яна ойнаи жаҳондан ажиб бир табассум ва ғолиблик билан жилваланиши лозим эди…
39.
Хуллас, 1994 йил бошланган узоқ ҳибс ва ишсизлик, унутилиш ва урилишдан сўнг яна Бош муҳаррир бўлиб телевизордан чиқиш иштиёқида “Ўзтелерадиокомпания” раисининг ҳузурига бордим.
1998 йилнинг олча гулга кирган эрта баҳор кезлари эди. Табиат келиндек яшариб, олам менга яна кулиб қарай бошлаган дамлар…
Кўчимовнинг бу пайтга келиб обрў эътибори энг юқори чўққига чиққан, нафақат телевиденияда, балки бутун Ўзбекистонда ҳам унинг “айтгани айтган, дегани деган” пайтлар эди.
Қабулхонага кирган заҳоти – Тошкентнинг ҳеч бир гўшасида учратмаган ҳуркаккина оҳу мисол, дилбар ва қаламқош котибани кўриб, аканинг дидига тан берган эдим…
Абдусаид ака ўша ўша ўзгармаган – мени одатдагидек узун ва мўл кабинетининг ярмигача юриб келиб, самимий қарши олди.
Ўз креслосига эмас, балки рўпарамда ўтириб мулозамат қилди.
Яна муҳаррир бўлганим билан табриклади ва энди ҳушёр бўлиб ишлашимни қайта ва қайта таъкилади.
Кўчимовга амал ниҳоятда ярашганини ўшанда яққол сезгандим.
Рўпарамда – хийла тўлишиб, ҳатти ҳаракатларида ажиб бир чаққонлик касб этган, ўзидан ва раҳбарлигидан ўта мамнун бир мулозимни кўриб турардим.
Фақатгина сочлари оппоқ оқарган ва бу улуғворлик унга жуда ярашган. Юзлари янада майинлашган, сиполашган ва …киборлашган эди, холос…
Фурсатдан фойдаланиб, кўнглимни ёрдим – эрталабки “Ассалому алайкум” кўрсатувида чиқсам яхши бўлишини айтдим.
Абдусаид ака ўша заҳотиёқ, стол устидаги “кнопка”ни босиб, “Аҳмад Аъзамни улади.
Агар адашмасам ўшанда Аҳмад Аъзам қайсидир каналда директор бўлиб, “Ассалому алайкум” ҳам у кишига қараркан…
-Яқинда яна бош муҳаррир этиб тайинланган Исмат Хушев олдингизга боради. Эртага “Ассалому алайкум”дан бир кўриниш берсинлар! – деб гапни қисқа қилди Абдусаид ака…
40.
Аҳмад Аъзам билан олдиндан келишмасдик.
У мени негадир ёқтирмас, мен ҳам унга нисбатан қалбимда илиқлик сезмасдим.
Лекин илтифот билан сўрашдик.
Ўша заҳотиёқ мени бўш студияларнинг бирида “ёзиб” олишди – “запись” қилишди.
Эртаси куни тонгги олтида бошланган “Ассалому алайкум” кўрсатувининг энг биринчи кадри – Исмат Хушев бўлиб, у роппа роса соат тонги 6.05 да эфирга узатилди.
Мен эса ҳамма уйқудан туриб, дастурхон атрофида ўтирган пайт – тонги 8.00 ларда телевизордан чиқишимни истаган эдим.
Суриштириб билсам, Абдусаид ака “Исматни барвақтроқ эфирга бериб юборинглар, республика раҳбарияти уйқудан уйғониб, дастурхон атрофида ўтирганида кўринмасин” деб айтган экан…
41.
Дарвоқе, Аҳмад Аъзам ҳақида икки оғиз сўз.
У билан келишмаслигимиз сабаби – олис талабалик йилларига бориб тақалади.
ТошДУнинг журналистика факультетида ўқиганимда, жиззахлик Фароғат Камолова деган курсдошимиз бўларди.
Биз йигитлар курсимиздаги барча қизларни, жумладан Фароғатни ҳам жуда ҳурмат қилиб, уларни бегона ва ёмон кўзлардан ўзимизча “авайлаб ва асраб” юрардик.
Фароғат камтар ва камсуқум қиз бўлиб, яхшигина шеърлар ҳам ёзарди.
Факультет ва “Вуз городок”даги биз яшаган 2-ётоқхонада Ўзбекистонда танилган шоир ва ёзувчилар билан тез тез учрашув ва шеърият кечалари бўлиб турарди.
Абдулла Орипов, Омон Матжон, Маҳкам Маҳмудов, Эркин Эъзамов, Усмон Азим, Муҳаммаджон Раҳмонов, Қадам Саидмуродов, Аҳмад Аъзам, Мирпўлат Мирзо, Азим Суюн, Йўлдош Эшбековлар биз талабалар ҳузурига тез тез келиб туришарди.
Журналистика факультети талабалари бўлган Сирожиддин Саидов, Мирзо Кенжабоев, Фароғат Камоловалар ҳам бундай учрашувларда ўз шеърларнини ўқиб, энди энди ном чиқариб келаётган даврлар эди.
Ана шундай учрашув ва мушоиралардан сўнг ёши биздан анчагина катта бўлган узун бўйли ёзувчи бир йигит Фароғатнинг атрофида айланадиган бўлиб қолди.
Учинчи курсдан эътиборан эса ётоқхонага ҳам уни излаб тез-тез келадиган бўлди…
42.
Сўраб суриштирсак асли жомбойлик бўлган бу озғин ва дароз йигит – Аҳмад Аъзам экан.
Жаҳли тез чиқиши шундоққина сариқлигидан кўриниб турган, ҳамиша нимадандир норозидай, афтини бужмайтириб юрадиган тажанг бир йигит эди.
Табиийки, биз йигитлар – Фароғатнинг курсдошлари уни ўз ўзидан ёмон кўриб қолдик.
Биз Фароғатни курсдош сифатида яхши маънода “ёши катта” ёзувчи йигитдан қизғонардик, холос.
Ҳолбуки, бу пайтга келиб ҳаммамизнинг ҳам ўз яхши кўрган қизларимиз бор эди.
Лекин ажабки, курсимиздаги қизларнинг ҳам биров билан юриши мумкинлигини хаёлимизга ҳам келтиролмайдиган худбин ва нодон йигитлар эдик…
43.
Орадан йиллар ўтиб, улар турмуш қуришди.
Кейин билсак, Аҳмад Аъзам Фароғатдан бор йўғи тўққиз ёш катта экан, холос.
Бир пайтлар улар орасидаги бу фарқни катта деб билган ва айнан шунинг учун ҳам жиззахлик курсдошини Аҳмад Аъзамдан қизғанган Исмат Хушевнинг ўзи ҳам йиллар ўтиб ўзидан роппа роса ўн ёш кичик бўлган қизга уйланди…
Аҳмад Аъзам билан Фароғат Камолова яхши яшашганига шубҳам йўқ: бола чақали бўлишди, ҳар иккаласи ҳам жамиятда ўз ўринларини топишди.
Лекин адабиётда Аҳмад Аъзамдан фарқли ўлароқ Фароғат ўз ўрнини тополмади.
Ҳолбуки у талабалик йилларидаёқ яхшигина шеърлар ёзарди.
Турмуш ташвишлари – бола чақа ва рўзғор, назаримда, унинг яхши шоира бўлиб етишишига халақит берди, шекилли…
44.
Орадан бир бирини қувиб йиллар ўтди.
Мулозимликнинг шонли ва суронли дамлари тугаб, инқироз, мағлубият ва адолатсизликлардан безган, ранжиган зада ва садпора дил хориж эллар сари юз тутди.
“Дунё ўзбеклари”ни эндигина ташкил қилиб, ижодкорлар ҳақида бирин кетин мақола ва асарлар эълон қила бошлаган кунларнинг бирида Ватандаги ёзувчи дўстларимдан бири Аҳмад Аъзам оғир касаллигини айтиб, унинг ижодини “Дунё ўзбеклари”да тез тез бериб туришимни илтимос қилди.
-У “Дунё ўзбеклари”ни тез тез ўқиб турибди. Ҳикояларини бериб турсангиз кўнгли кўтарилади, – деди…
Икки йил давомида имкон борича Аҳмад Аҳъзам асарларини – мақола, суҳбат ва ҳикояларини эълон қилдик.
Ўша илтимос қилган дўстимиз бир куни Аҳмад Аъзам: “Исматга салом айтинг” деганини айтиб қолди.
Демак, асарларини берганимиз учун қайсидир маънода миннатдорчилик рамзи эди бу “Салом”…
Кейин кутилмаганда унинг вафот этганини эшитдим.
Аҳмад Аъзам – яхши ёзувчи эди.
Худо раҳматига олиб, жойи жаннатда бўлсин, илоҳим…
45.
Абдусаид Кўчимов Аҳмад Аъзам каби бир қатор истеъдодли ижодкорлар, шоир ва ёзувчиларни ўз бағрига олди – телевидениянинг энг нуфузли мансабларини уларга бериб қўйди.
Аҳмад Аъзамни телевидения янада машҳур қилди, элга танитди.
Унинг алоҳида ўз эшиттириши бор эди.
Сибирга сургун бўлган, ноҳақ жабр кўрган ва қатағон қилинганлар ҳақида туркум кўрсатувлар қилди.
Қашқадарёлик бахшига бағишланган кўрсатуви ҳам яхши чиққан эди.
Унинг бу эшиттириши, назаримда – ўттиз еттинчи йил қатағонларига келиб тўхтаб қолди, шекилли…
Аҳмад Аъзамнинг Ўзбекистон телевидениясида эмин эркин ижод қилиб, эл ёдида қолган кўрсатувлар тайёрлашида Абдусаид Кўчимов катта рол ўйнаганини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим.
Бу катта даргоҳда бир пайтлар оз эмас, кўп эмас – олти минг одам хизмат қиларди.
Нима бўлганда ҳам адабиёт ва санъат намоёндаларининг , журналист ва ижод аҳлининг энг сара ва истеъдодлилари Ўзбекистон телевидениясида ишласа, бундан миллат ва жамият фойда кўради, холос.
Абдусаид Кўчимовнинг бу борадаги хизматини тан олмаслик мумкин эмас.
Мен телевиденияда ишлаб обрў ътибор кўриб, жамиятда ўз ўрнини топган жуда кўп ҳамкасбларим ва адабиёт вакиллари номини келтириб ўтишим мумкин.
Лекин ҳозир гап бунда эмас.
Гап Абдусаид Кўчимов ЎзТВ га раҳбар бўлганида ўзбек халқи ва миллати ютдими ё ютқаздими – асосий гап мана шунда…
46.
Ҳар бир раҳбарнинг кадрлар билан ишлаш бўйича ўз сиёсати бўлади. Ҳамма ҳам ўзи бош бўлган жамоага ўз командаси билан боради ёки ўша ерда уни тузади.
Абдусаид Кўчимов ҳам одам танлаш ва амалга қўйишда ўзига хос сиёсатни олиб борди.
Мен бугун у кимларни қайси вазифага қўйганини муҳокама ва ё таҳлил қилиш фикридан йироқман.
Зотан, бу унинг ҳуқуқи эди.
Фақат бир воқеа боис унинг кадрлар танлашда ўз фикри ва қарашлари борлигини ва бу борада у ҳеч кимга, ҳатто Президентнинг ёнидагиларга ҳам қулоқ солмаганини яхши биламан.
Ажойиб ва диёнатли инсон, камтар ва камсуқум раҳбар Саъдулла Ҳаким Президентнинг давлат маслаҳатчиси бўлганида Кўчимовдан журналист Ҳамроқул Асқарни телевиденияга ишга олишини илтимос қилган эди.
Ҳужжатлар тахланиб, тавсияномалар йиғилганидан сўнг “Ўзтелерадиокомпания” раисининг ўринбосари Фарҳод Рўзиев Ҳамроқулни ҳатто “Энди бирга ишлаймиз” деб табриклаган ҳам эди.
Абдусаид ака ҳам Ҳамроқул билан бир неча бор суҳбатлашган. Лекин ишга олмаган.
Ҳолбуки, Ҳамроқул Асқар яхшигина ижодкор, қалами ўткир журналист эди. Бир пайтлар Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасига раислик қилган Одил Ёқубовнинг ёрдамчиси бўлган.
Ҳалол ва виждонли, эҳтиқодли йигит.
Қолаверса, уни тавсия қилган одам ҳам кичкина вазифада эмас эди…
47.
Мен бугун Абдусаид Кўчимов нима учун ўшанда Ҳамроқулни ишга олмаган эди деб аюҳаннос солмоқчи эмасман. Асло.
Мен фақат бу билан Абдусаида ака телевиденияга раҳбарлик қилганида Президентнинг мутлақ ишончида бўлганини яна бир таъкидламоқчиман, холос.
Бўлмаса қандайдир Кўчимов деган бир мулозим — Президент давлат маслаҳатчисининг айтганини қилмай кўрсин-чи, нима бўларкин.
Лекин Абдусаид ака бундан мустасно бўлиб, Президент унга катта ҳақ ва ҳуқуқ – чексиз имконият бериб қўйган эди…
48.
Ҳа, Абдусаид Кўчимовнинг Ислом Каримов атрофидагилардан ҳайиқмаганича бор эди.
Бу Президентнинг у билан тўғридан тўғри – бевосита алоқада экани билан ҳам боғлиқ.
Бирор кўрсатув ёки эшиттириш ҳақида мулоҳаза туғилиб қолса, Ислом ака ўша заҳотиёқ бировларнинг ёрдамисиз Абдусаид Кўчимовнинг шахсан ўзи билан боғланиши табиий ҳолга айланиб қолган эди.
Кўчимов бир кунда баъзан бир неча маротаба давлат раҳбари билан суҳбатлашиш бахтига муяссар бўларди.
Ҳолбуки Ўзбекистондаги не не мулозимлар, министрлар, ҳукумат аъзолари Президентга учраб, бир оғиз сўз айтиш учун ойлаб, ҳатто йиллаб навбат кутишини биламан…
49.
Тўққиз йил шон шуҳратга бурканиш, олий раҳбариятга мансуб бўлиш ва шоҳга яқинлик ҳисси билан яшаш – истайсизми, йўқми, Сизнинг юриш туришингизда, шахсий ва маиший ҳаётингизда ҳам маълум ўзгаришлар ясаши, янгиликлар киритиши табиий бир ҳолдир.
Негаки Сизнинг қўлингизда – қудрати атом бомбасига тенг бўлган қурол – инсонлар онгига бевосита таъсир қилиш воситаси ва имкони бор.
Абдусаид Кўчимов Ўзбекистон «телерадиокомпания» сига раҳбар бўлганида қўлида олти минг (6000) дан зиёд ходим ишлашини юқорида айтдик.
Бу – у олти минг оиланинг тақдири ва қисматига бевосита алоқадор раҳбар деган гап.
Шунча инсон ва оила тақдирига алоқадорлик ҳисси ва масъулияти – Президентнинг Кўчимовга билдирган жуда катта ва улуғ ишончидан далолат эди…
50.
Давлат раҳбарининг Абдусаид Кўчимовга бўлган ана шу эътиборидан келиб чиқиб, унинг Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги обрў эътибори ва имкон доирасини ҳам тасаввур қилиш мумкин.
Президент ўзининг мамлакат ва давлатга ҳумдорлик ҳаётини – ўз салтанатини – телевидения орқали тасаввур қиларкан, унга раҳбар бўлган одамнинг ҳам ишонч ва эътибор даражаси шунга яраша бўлади.
Мамлакат олий раҳбариятига алоқадор мулозим сифатида фойдаланиши лозим бўлган давлат имтиёзларини-ку айтмаса ҳам бўлаверади. Улар ниҳоятда катта, кенг ва беқиёс эди…
Энди унга вазир ва ҳокимлар тугул, ҳатто ҳукумат аъзолари ҳам ўйлаб рўпара бўлишади.
Ҳатто Президент атрофидагилар ҳам, адлия, прокуратура ва куч ишлатар тизими раҳбарлари, хавфсизлик хизмати мулозимлари ҳам энди у билан ўйлаб муомила қилишади.
Энди унинг бир оғиз гапи, истак ва ё илтимоси – республиканинг катта -кичик мулозимлари учун бажарилиши шарт ва зарур бўлган фармойиш қаторида қабул қилинади.
Ўзбекистоннинг энг нуфузли Олий ўқув юртидаги имтиҳонлар, давлат божхона ва солиқ қўмитаси ихтиёридаги мўмай даромад манбалари, махсус хизматлар диққат эътиборида турган тергов жараёнлари (милиция, прокуратура ва суд тизимидаги маҳкамаларни айтиб ўтирмаймиз), ҳисоб рақамида миллион миллион доллар маблағи бўлган фойдали ва қимматбаҳо бизнес лойиҳалари – буларнинг бари энди бу лавозим соҳиби учун бир оғиз имо-ишора бўлса, муҳайё қилинадиган имкониятлардир.
Лекин Абдусаид Кўчимов ана шу «жаннат боғлари»нинг меваларига маҳлиё бўлмай, ўз нафси ва обрў эътиборини сақлаган ҳолда – Президент унга атай яратиб қўйган бу имкон ва имтиёзларга учмай, ўзлигини йўқотмай – бу олий, муборак ва муқаддас даргоҳда тўққиз йил ишлади…
51.
Абдусаид Кўчимовнинг Ўзбекистон телевидениясига раҳбар бўлганида бошидан ўткарган яхши – ёмон кунлари кўп бўлди.
Шу билан бирга юқорида айтганимиз каби, у жуда кўп журналистлар, ижодкорлар, шоир ва ёзувчиларнинг (улар яхшими, ёмонми, бундан қатьий назар) бошини силади, уларнинг обрў эътиборли, бой бадавлат бўлишида жонбозлик кўрсатди.
Биз бугун икки қўлимизни кўксимизга қўйиб, шуни рўй рост айтишимиз керакки, Ўзбекистон телевиденияси – ўзбек жамиятида бир бири билан курашаётган икки тўлқин, икки куч – давлат ва мафия манфаатларининг ўзъаро кесишган ва тўқнашган жойи.
Биз буни олдин ҳам айтик, яна айтамиз.
Бу ерда жуда катта пул айланади.
Биз буни нималарда кўришимиз мумкин?
52.
Узоққа бориб ўтирмай, ЎзТВ да ҳар оқшом тунги соат тўққизда эфирга узатиладиган “Ахборот” кўрсатувини олиб кўрайлик.
Бугун “Ахборот”нинг махсус мухбири бўлиш, унга кўрсатув тайёрлаш ҳуқуқини қўлга киритиш, агар таъбир жойиз бўлса, Ўзбекистон газеталарига Бош муҳаррир этиб тайинланишдан ҳам ортиқроқ нуфузга эга бўлса эгаки, ундан асло кам эмас.
“Ахборот”нинг ҳар бир сонини шахсан Президент ва унинг командаси синчиклаб томоша қилишини, унда кўтарилган мавзу ва масалалар Олий раҳбарият томонидан муҳокама ва таҳлил манбаи бўлишини ҳисобга олсак – башоратимиз янада ойдинлашади.
“Ахборот” ижодий ходимларининг вилоятларга хизмат сафарига бориши, уларга яратилган шарт шароит ва кўрсатилган иззат икромларни айтиб ўтирмаймиз.
У ёки бу мавзудаги танқидий хабар ва маълумотлар – жуда катта пул ва инъом, “илтимос” ва совға салом эвазига эфирдан олиб қолинишини мен яхши биламан.
Чунки, мабодо, худо кўрсатмасин бундай эшиттириш эфирга узатилса ўша соҳага бевосита алоқадор ва шахсан гуноҳкор мулозим ишдан олиниб, урилиб кетиши, ҳибс этилиши бугун Ўзбекистонда ҳеч гап эмас.
Шунинг учун ҳам нафақат “Ахборот”да, умуман Ўз ТВ да танқидий кўрсатувлар берилмайди. Берилса ҳам кам берилади.
Ўшанда ҳам юқоридагиларнинг кўрсатмаси ва тавсияси асосида…
53.
Шу ерда, ўрни келди, телевидениядагиларнинг пул ишлашига оид бир воқеани айтиб ўтиш керак бўлади.
Буни мен ўтган йили Тошкентга борганимда ЎзТВ даги дўстларимдан ва ўша вилоятдаги мулозимлардан ўз қулоғим билан эшитган эдим.
Ўзи жимгина юрадиган жим жит журналист бола – қама қама ўчоғи бўлган вилоятлардан бирига боради.
Исмини шартли равишда А. Қ. деб оладиган бу “жим-жит” йигит — прокуратурадаги дўстлари орқали устидан жиноий иш қўзғатилган юздан зиёд вилоят миқёсидаги мулозимларнинг рўйхатини олиб, уларни қўрқитиб, шантаж қилиб жуда катта пул йиғади.
Олдин республика миқёсидаги нуфузли газетанинг ўша вилоят бўйича мухбири бўлган бу журналист энди Абдусаид Кўчимовнинг ёнидаги “олғир” йигитлар ёрдамида Ўз ТВ га ишга жойлашади.
Яна қаерга денг айнан “Ахборот” кўрсатувида бошловчи бўлиб…
Кейинги сафар у вилоятга телевидения мухбири бўлиб бораркан, энди укасининг Тошкентдаги жиноячилар гуруҳи томонидан “гаров”га олинганини баҳона қилиб, пул йиғади. “Катта миқдордаги пул эвазига укамни жиноятчилар қўлидан қутқазишга ёрдам беринглар” деб мулозимлардан очиқ ойдин пул талаб қилади.
Ажабки, Ўзбекистон телевидениясининг қудрати шу қадар катта эканки, бирорта раҳбар унга шубҳа билан қарамайди.
Аксинча, унга ёқиш ва яхши кўриниш учун айтган пулини йиғиб беришади.
Кейин маълум бўлишича, у бу гал ҳам одамларни лақиллатиб кетган экан.
Унинг “шубҳали” ва “учар” материаллари “Ахборот”нинг энг юқори чўққисига кўтарилди. Лекин телевидениядаги ўз нутқида – қишлоқдаги шеваси ва “жўқчи”лигидан барибир қутула олмади…
Унинг кимлигини, бу воқеа қайси вилоятда содир бўлганини бугун Ўзбекистон телевидениясидаги каттаю, кичик – ҳамма яхши билади.
54.
Шу билан бирга яна бир гап.
Бизнинг бу мулоҳазаларимизни ўқиётган ўқувчи – Ўзбекистон телевидениясида ишлаган ҳар бир ходим шунақа пул йиғиш имкониятига эга экан деб ўйламаслиги керак.
Бу даргоҳда ҳам ўз касбига садоқатли, ҳалол ва ситқидилдан меҳнат қилган ижод аҳли талайгина.
Улар баъзи “учар” ҳамкасблари каби фақат ўзини, ўз шахсий манфаатини эмас, балки миллат дардини, маънавият муаммоларини ўйлашди.
Бу борада ҳалоллик ва диёнатни биринчи ўринга қўйиб, ўз имконлари даражасида баҳоли қудрат фаолият фаолият олиб боришди.
Мен Ўзбекистон телевидениясида 17 йил ҳалол меҳнат қилиб, ўзбек маданияти ва маънавияти ривожига катта ҳисса қўшган истеъдодли шоир Хуршид Даврон, Аҳмад Аъзам, Орзиқул Эргашев, Назар Эшонқул каби таниқли ёзувчилар номини эҳтиром билан тилга олиб ўтишни истардим.
Шу билан бирга Зебо Мирзаева, Элмира Раҳматуллаева, Алишер Нарзилло, Нодир Жонузоқ, Туроб Ниёз, Ориф Тўхташ, Шуҳрат Иброҳимов ва Анвар Холматов каби бир гуруҳ истеъдодли ижодкорлар ҳам борки, улар айнан Абдусаид Кўчимов раҳбарлиги остида Ўзбекистон телевидениясида ўз ўринларини топишди, элимизнинг маданияти, маърифати ва маънавияти ривожига муносиб ҳисса қўшишди.
Ажабки, Абдусаид Кўчимов ўз атрофидаги бир гуруғ “юлғичлар” билан бирга ана шундай истеъдодларни ҳам бирдай қўллаб қувватлаб келди, уларни ёмон кўз ва гап сўзлардан, турли туман “иғво” ва “бўҳтон”лардан ҳимоя қилди…
55.
Абдусаид Кўчимов жуда кўнгилчан ва андишали мулозим бўлиш билан бирга, анча мулоҳазали, узоқни кўра оладиган раҳбар экан.
Бундай дейишимга сабаб шуки, агар у телевидениянинг мана шу чексиз ва беқиёс имкониятларидан фақат ўз манфаати йўлида берамон фойдаланганида эди, жимгина ишдан бўшатилиб, биров бор ё йўқлигини билмайдиган “Хабар” газетасига муҳаррир этиб ўтказилмаган бўларди.
Агар, худо кўрсатмасин, мабодо у ҳибсга олинганида борми, бугун Кўчимовдан юз ўгириб кетган, вақтида унинг ўнг ва чап қаноти бўлиб юрган телевидениядаги не не казо казо “лўттибоз” журналистлар, ижодкорлар, инженер-техник ходимлар қамалиб кетмасди деб ким кафолат бера оларди.
Шундоғам у ишдан олинганидан сўнг бир пайтлар ёнига олиб одам қилган – тўрт беш танга пул топиб босар тусарини билмай қолган не не “садоқатли” шогирд ва шотирлари уни сотмади, номига лой чапламади дейсиз…
56.
Одатда шунақа бўлади.
Бировнинг бошини силасанг, саховат ва мурувват кўрсатсанг – аксар ҳолларда садоқат ва вафо ўрнига хиёнат ва жафо кўрасан.
Мен Абдусаbд Кўчимов каби минг минглаб ходимлари бўлган катта ташкилотни бошқармаган бўлсам ҳам, мўъжаз умрим давомида бундайларни жуда кўп кўрдим.
Абдусаид ака ҳам мансабдаги парвоз ва инқирознинг сабоқларидан ўзига яраша аччиқ ва аламли хулосалар чиқарганига шубҳа қилмайман.
Албатта, Кўчимовнинг даври ўтиб, ЎзТВ даги муборак ўринни бўшатганидан сўнг, унинг атрофида гирдикапалак бўлиб юрганлар — янги раҳбарият томонидан бир сидра тозаланган бўлса керак.
Бу табиий, албатта.
Шу маънода Абдусаид Кўчимовни билмадиму, лекин Убайдулла Иброҳимов “Ўзтелерадиокомпания”га раҳбарлик қилган даврда бирорта ҳам кадрнинг боши ёрилмаганини айтиб ўтишим керак.
Убайдулла Ёқубович — кенг ҳажмли, гавдали, лекин жуда тарбия кўрган, сўзида маҳкам турадиган, эътиқодли ва принципиал раҳбар эди.
Ўзбекистон телевиденияси мазмун ва моҳият жиҳатидан қайта қурилиб, эшиттириш ва кўрсатувлар даражаси – сиёсий, маданий ва идеологик мавзуларда энг юқори поғонага кўтарилган давр ҳам Убайдулла Иброҳим номи билан боғлиқ.
Унинг раҳбарлик даврида бирорта ҳам ходим ноҳақ ишдан урилиб, кўчада қолмаган.
Бир сўз билан айтганда — “Ўзтелерадиокомпания”га раҳбарлик қилганлар орасида Убайдулла Иброҳимов — телевидения байроғини баланд кўтариб кетди…
57.
Телевидениянинг кучи, таъсир доираси ва қудрати ҳақида гапирганда энг аввало СССР телевиденияси биз журналистлар учун ўз даврида катта маҳорат мактаби бўлганини айтиб ўтиш керак.
СССР телерадиокомпаниясига Сергей Лапин раҳбарлик қилган етмишинчи ва саксонинчи йилларда телевидения қудрати энг юқори поғонага чиққан давр эди.
КПСС Марказий Комитетининг Бош секретари Леонид Брежнев яхши кўриб, қизиқиб томошо қиладиган кўрсатуви “Голубой огонек” эканини биз ўшанда билдик.
Муслим Магамаев билан Алла Пугачеваларнинг илк чиқишларини Брежнев мана шу кўрсатув орқали томоша қилиб, сўнг уларнинг катта катта концерт ва учрашувларига рухсат берган экан.
Шу билан бирга телевиденияда бир қатор чеклов ва тақиқлар ҳам айни шу йилларда таомилга киртилгани билан ёдимизда қолган.
Масалан, телевидения бошловчилари костюм ва галстуксиз, аёллар эса шимда эшиттиришга қўйилмасди. Зангори экрандан соқолли кишиларнинг чиқиши мумкин эмас эди.
Тўғридан тўғри эфирга бериладиган “Қувноқлар ва зукколар” (“Клуб веселых и находчивых”) тўхтатиб қўйилди.
Таниқли киношунос Алексей Каплер олиб борадиган машҳур ва довруғли “Кинопанорама” кўрсатуви тақиқланди ва ҳокозо.
Шу муносабат билан таниқли кинорежиссер Элдар Рязановнинг СССР телевиденияси ва унинг раҳбари фаолиятига берган мана бу баҳоси — ўша давр сиёсий руҳини яққол кўрсатиб беради:
-Мен адабиёт ва санъатни ниҳоятда чуқур тушунган, ўта маданиятли ва ҳар томонлама билимдон киши бўлган бу нозик дидли раҳбарда, мана шу гўзал ва ноёб фазилатлар билан бирга тақиқлов ва чеклашдек бемаъни қусур (запретительские наклонности) ҳам борлигидан ниҳоятда ҳайратдаман…
Лекин бундан қатьий назар СССР телевиденияси айнан Сергей Лапин раҳбар бўлган даврда журналистлар учун катта ижодий мактабга, жамиятнинг қудратли кучига айланган эди…
58.
Ўзбекистон “Телерадиокомпания” раҳбари Убайдулла Иброҳимов СССР телевидениясининг ўша довруғли тажриба мактабининг яхши томонларини қабул қилган бўлса, Абдусаид Кўчимов ундан ҳам илгарилаб кетди.
Биз буни нималарда кўришимиз мумкин?
Кўчимов раҳбарлиги даврида телевиденияга қалами ўткир журналистларни олиб келиш билан бир қаторда, ушлаган жойини кесиб оладиган учар ва олғир, ўз атрофида доим енг шимариб турган ғайратли шоввозларни ҳам бирин кетин ойнаи жаҳон устунларига айлантира бошлади.
Улар ТВ дек муқаддас даргоҳ журналистикасининг ўзига хос профессионал хислат ва фазилатидан, журналистик иқтидоридан нечоғлик узоқ бўлишларига қармай телевидениянинг шундай қудратли қирраларини кашф этдиларки, тез орада бунга ТВ раисининг ўзи ҳам тан бера бошлади.
Чунки, айнан Абдусаид Кўчимов даврига келиб ТВ жуда катта олди берди майдонига айланди, сиёсий мафия учоғи бўлиб қолди…
59.
Биз буни нималарда кўришимиз мумкин?
“Уни уриб бериш, буни йўқотиш” каби сиёсий ўйин ва лўттибозликлар айнан Кўчимов раҳбар бўлган даврда авжига чиқди.
Телевидениядаги ана шундай кўзга кўринмас, бироқ ғоят унумли бўлган “дарча”лардан бири – у ёки бу соҳадан урилган -сурилган ёки озми кўпми шубҳали соя остида қолган раҳбар ва раҳбарчалар Ўзбекистон телевидениясидан чиқиш орқали ўз обрўларини гўёки тиклаб олиш йўлига ўта бошладилар.
Вилоятларда ҳам, туман доирасида ҳам у ёки бу шахс, гарчи у жамиятдаги иккинчи ё учинчи даражали ижтимоий ўрнига қарамай телевидениядан чиқиши оқибатида — аввалгидан ҳам баландроқ нуфуздаги қаҳрамонга айланиб юртига қайтарди.
Бундай “сирли ва сеҳрли” чиқишлар қуруққа бўлмасди, албатта…
60.
Республика раҳбари билан телевидения бошлиғининг ижодий мулоқоти — халқнинг бахти бўлиши керак аслида.
Етмишинчи йилларнинг охирларида пахтакорларнинг қурултойида иштирок этиш ва уларни қутлаш учун Шароф Рашидов Андижонга келади.
Андижоннинг биринчи раҳбари Иномжон Усмонхўжаев республика раҳбари олдида қувонч билан маърўза қилган Қурултойдан сўнг вилоят филармонияси залида катта байрам концерти бўлади.
Ўшанда концертда маҳорат билан қўшиқ айтган мактаб ўқувчиси Санобар Раҳмонованинг жарангдор овозидан ҳайратланган Шароф Рашидов ўша ердан туриб телевидения раҳбари Убайдулла Ёқубовичга Санобар ҳақида яхши бир фильм яратишга кўрсатма беради.
Ўшанда оддий бир чўпоннинг қизи бўлган Санобар олтинчи синфда ўқиркан.
Шароф ака водийни бир айланиб келгунича кино тайёр бўлади ва у Ўзбекистон телевиденияси орқали намойиш этилади.
Кейинчалик жуда машҳур бўлиб, эл оғзига тушган “Куйла, Санобар” номли ҳужжатли фильм ана шу тариқа дунёга келган экан…
61.
Ислом Каримов ҳам Қашқадарёда раҳбар бўлганида Ўлмас Саиджонов кашф этилган.
Қаршига хизмат сафари билан келган республика қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Исмоил Жўрабеков Ўлмаснинг овозини эшитиб:
-Шу кичик ва нозик жуссангга шундай катта ва қудратли овоз қандай сиғди экан, — деб ўз ҳайратини яширмаган.
Ўшанда Ўлмас Саиджонов – республика қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Қарши филиалида оддий техник ходим бўлиб ишларди.
Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари бўлиб Тошкентга келганидан сўнг кўп ўтмай Ўлмас Саиджоновни “Ўзбекнаво” концерт Бирлашмасига Бош директор этиб тайинлайди.
Шу ўринда қизиқ бир ҳолат бор.
Ўлмас Саиджонов бу санъат даргоҳида кўп ишламади. Артистлар оламининг ўзига хос бўлган мураккаб ва зиддиятли қирралари кўп экан.
Ажаб, орқасида Ислом акадек қудратли одами бўлган Ўлмас Саиджонов ҳам артистлар дунёсини бошқара олмади.
Ҳозир у буюк қўшиқчи – машҳур ҳофиз.
У ўзбек халқининг қалбида абадий кўмилган Маъмуржон Узоқовнинг тирик намунаси.
Ўлмас аканинг дажаси шу қадар…
Ана шундай бир вазиятда, артист ва санъаткорлар уяси бўлмиш Ўзбекистон телевидениясига тўққиз йил раҳбарлик қилиш ҳам жуда катта гап.
Шу маънода Абдусаид Кўчимов Ўлмас Саиджонов каби таниқли артист бўлмаса ҳам, у ҳам аслида яхши артист, бироқ Сиз ва биз тилга оладиган тоифадаги артист, сиёсий майдондаги артист.
Ислом Каримов бу тоифага ғоятда аниқ ва тиниқ тавсиф бериб айтадиларки, улар сиёсий ўйинчилар, бу ролни ҳам қойиллатиб бажариш ҳаммагаям насиб этавермайди.
Шу боис кўплар сиёсий майдондан тез пастга шўнғиса, Абдусаид Кўчимов кабилар бу майдонда узоқ ва самарали «ижод» қиладилар…
62.
Таниқли ҳофиз – Ўзбекистон ва Туркманистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамовнинг ҳам ижод майдонига кириб келиши ўзига хос тарихга эга.
Олтмишинчи йилларнинг бошида Урганчдаги қурилиш майдонларининг бирида — 16 метрлик баландликдаги қурилиш крани (строительная башня) остида оломоннинг “кўчма” концерти одат тусига киради.
Отаси ўрнига қурилиш башнясида ишлашни ҳавас қилган ёшгина ўспирин йигитча – осмону фалакда кран бошқариш ҳавосини олган ҳолда беихтиёр Комилжон Отаниёзов қўшиқларини куйлар, башня остида эса одам тўплангандан тўпланарди.
Унинг ширали овозига маҳлиё бўлганлар ашулани мароқ билан эшитиб, ҳар пауза орасида “Яша, Бобомурод” деган ҳайқириқлар янграб, қарсак садолари билан қутлар эдилар.
Худди ана шундай кўчма концерт бўлиб турган қурилиш майдонига Хоразм обкомининг ўша пайтдаги биринчи секретари Мадиёр Худойберганов келиб қолади.
Мана шу аснода Бобомурод Ҳамдамовнинг ҳақиқий ижод парвози бошланади…
Суратда: «Ўзтелерадиокомпания»нинг қудратли раиси Абдусаид Кўчимов (чопонда), Бобомурод Ҳамдамов (чапда) ва Муҳаммад Исмоил..
63.
Одатда, донишмандларнинг зукко бир фалсафаси бор:
Талант ва истеъдодларга ёрдам беринг — булоқнинг кўзини очиб юборинг. Ноталантлар эса ўзлари йўл топиб олишади…
Истеъдодли одамлар, худо берган талант билан бирга баъзан буюк инжиқликка ҳам гирифтор бўлиши мумкин. Ҳамманинг атрофида парвона бўлаверишмайди.
Улар доим ёрдамга, меҳрга зор бўлишади.
Агар мабодо омадлари чопиб, мансабга чиқиб қолишса ҳам, тез кетиб қолишади.
Шу боисдан бугун ижоднинг турли соҳаларидаги буюк талантлар Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Гулчеҳра Нуруллаева, Эътибор Охунова, Ҳалима Худойбердиева, Омон Матжон, Дадахон Хасанов, Фаррух Зокиров, Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова, Моҳира Асадова, Баҳодир Жалолов, Жавлон Ўмарбеков, Қизлархон Дўстмухамедова, Элёр Эшмуҳамедов, Али Ҳамроев ва бошқалар нақадар талантли ва истеъдодли бўлмасинлар, улар барибир ёлғиз ва меҳрга зор, давлат ва ҳукумат эътиборидан четда.
Ҳолбуки улар ўзбек халқининг мулки, мулклар ичидаги энг улуғ ва буюк мулкдирлар.
Абдусаид Кўчимов — иккинчи тоифага мансуб.
Бу саҳнада шунинг учун ҳам у узоқ турди…
64.
Баъзан ўйлаб қоламан, буюк Навоий, худо кўрсатмасмин, 20 асрда – Советлар даврида яшаганда эди, албатта партияга киролмасди ва катта майдонга чиқолмасди.
Мабодо чиққудай бўлса ҳам, бирор бир нарсадан баҳона топиб партиядан ўчириларди.
Мустақиллик йилларида эса унинг кўргилиги албатта бундан ҳам оғирроқ бўларди…
65.
Ҳар қалай совет даврида биз буюк Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор ва Ҳамид Олимжонга эга бўлдик.
Уларни олий маҳкамаларга депутат қилдик. Кўкси орден — медалларга тўла бўлди.
Давралардаги обрў эътибори ҳеч бир сиёсий арбобдан кам бўлмади.
Бугун, минг афсуски, давримизнинг буюклари ҳақида шундай дея оламизми?
Қолаверса, буюклик саҳнасида бугун кимлар турибди?
Маҳмуд Тоир, Иқбол Мирзоларми? Яқинда уларга сардор этиб тайинланган Муҳаммад Алими?
Ва ёки ўн беш йилдан бўён бу сафнинг бошида туриб ўзбек маънавияти, адабиёти ва санъатини ўз қаричи доирасида белгилаб келаётган Хайриддин Султонми?
Ахир улар Абдусаид Кўчимовнинг кечаги сафдошлари-ку…
66.
Биз истаймизми, йўқми мустақилликнинг чорак асри якунланиб, ғалвир сувдан кўтарилганда — адабиётимиз, санъатимиз ва умуман маданиятимиз устида кимларни кўрамиз?
Майли, шахсларни бир бири билан таққослаш ҳамма вақт ҳам ўринли бўлавермас.
Абдулла Қодирий, Ғофур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон ва Абдулла Қаҳҳорларнинг ўз ўрни бўлганидек — бу катта тарих саҳнида М. Али, А.Кўчимов, Х.Султон, М.Тоир ва И.Мирзоларнинг ҳам ўзига яраша ўрни булиши турган гап.
Лекин адабиёт ва санъатда яна бир шундай чекиниб бўлмас мезон (кретерия) борки, ундан барибир қочиб қутулаолмайсиз.
Хўш, “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Кўкан батрак, “Шум бола”, “Қутлуғ қон”, “Навоий”, «Зайнаб ва Омон», «Россия», “Сароб” ва “Синчалак” каби ўлмас асарлар билан мустақиллик йилларидаги бугунги “буюк”ларимизнинг “Танланган” ва ё “Танланмаган” қайси бир асарларини қиёслаш ё таққослаш мумкин?
67.
“Менга қандай яшамоқни ўргатмагин сен” қўшиғи билан “назар”га тушган Иқбол Мирзо ёки қўнғир ва жингалак сочларини гоҳ чапга, гоҳ ўнгга силаб, ярим сафсата гаплар билан “Зангори экран”да умрини ўтказиб келаётган Маҳмуд Тоирдан бошқа наҳот ўзбек адабиётида бошқа истеъдодлар бўлмаса?
Давлат маслаҳатчисининг “ҳамқишлоғи” ва мандати “паркентлик” бўлишидан ташқари Маҳмуд Тоирнинг яна қандай адабий бир хислати бўлди экан?
Бу адабиёт ва санъат майдони — заҳматкашлар майдони.
Депутатлик ва сенаторлик значогини тақиб, бу жангда ғолиб бўламан деганлар қаттиқ адашади.
Орқасида Хайриддин Султоновдек тоғлари турганига ишониб қолиш хатодан бўлак нарса эмас…
68.
Лекин энг аянчлиси ҳам бу эмас – ҳар бир сохта санъаткор ва сохта адиб, аслида у буюк бир ижодкорнинг ўрнини банд қилиб турган ёки унинг йўлига ғов ташлаган бўлади.
Бугун маълум маънода Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева, Рауф Парфи, Омон Матжон кабиларнинг овози маълум маънода буғилган экан, бунга телевизордан икки кўзи доим йилтиллаб турадиган сенатор дўстларимизнинг ҳам хизмати кам эмас.
Худди шунингдек Шерали Жўраев, Дадахон Хасан, Фахррух Зокиров, Юлдуз Усмонова, Моҳира Асадова, Севара Назархон каби халқ муштоқлигидан юраги ёниб қумсаб соғинганларнинг зангори экрандан кўринмаслиги, радио тўлқинларидан берилмаслиги – бугун радио ва телевизорни ўзининг иккинчи уйи қилиб олган Озодбек, Гулсанам ва Ғуломжонларнинг виждонига ҳавола.
Ваҳоланки уларнинг кўпчили Шерали ва Юлдузнинг елкасидан санъат оламига чиқиб келишган…
69.
Мен баъзан ўйлаб қоламан.
Нега мустақиллик — ҳақиқий буюклик сари қадам қўймаяпти?
Мустақиллик йилларида ўзбек санъати бешигини кимлар тебратди?
Санъатимиз штурвали — рулида бугун кимлар ўтирибди?
Телевизорнинг қулоғини бурасангиз — Озодбек Назарбеков билан Гулсанам Мамазоҳидова қўшиқлари дўлдек тўкилади:
“Кеча бағримда эдинг, яна соғиндим…”
Ёки:
“Озод акамни ўпмасам қўймайман, қанча ўпай, тўймайман…”
Шу қўшиқ бўлдими?
Бу иккови — ётоқхонанинг ичидан маҳкам беркитиб олиб, тўйгунча айтадиган қўшиғини нега уялмай нетмай кўп миллионли телевизор экранига олиб чиқади?
70.
А, хўп, санъаткорнинг ҳам ижодкор каби баъзан томи кетиб, ҳуши учиб туриши мумкин.
Лекин уларни экранга олиб чиқиш учун анча мунча режиссер ва муҳаррирларнинг ҳам рухсати бўлиши керак-ку.
Наҳотки Комилжон Отаниёзов ва Ҳалима Носировалар асос солган буюк ўзбек санъати бугун шу аҳволга тушган бўлса?
Уларни — худди шу гапларни айтган ҳолда телевизордан чиқиб: “Мен сени ўпаман, сен ҳам ўпасанми?” деб туришини тасаввур қилиш мумкинми?
Ё бизнинг бугунги телевидения жуда ўсиб кетган, ёки биз жуда орқада қолиб кетаяпмиз.
Ҳар ҳолда кенг халқ оммаси буни ҳазм қилолмаяпти…
Бунга Абдусаид Кўчимовнинг ҳам алоқаси бор.
Чунки, биз тилга олган бу мулоҳазалар бевосита унинг раҳбарлик фаолиятига бориб тақалади….
71.
Шароф Рашидов даврида ижод аҳлига тааллуқли “Буюк еттилик” – (“Великая семерка” )деган яхши бир тавсиф бор эди: Адабиётда – Комил Яшин, кинода – Малик Қаюмов, матбуотда — Есенбоев, Қориев ва Тимофеев, телевиденияда — Убайдулла Иброҳимов ва матбаачиликда — Ислом Шоғуломов.
Нимага? Нега улар бу улуғ номга сазовор бўлишди? Уларнинг тилини узун қилган нарса нима эди?
Уларнинг ҳар бири — ўз ижод армиясига – жамоасига ҳар томонлама ибрат бўлиб, садоқат билан хизмат қилди.
Агар эътибор қилган бўлсангиз – раҳбарлик эмас, хизмат қилди дедик: Яхши кунида — тўй томошаси тепасида турди. Худо кўрсатмасин, бошига мусибат тушса – уларга ҳамдард ва ҳамнафас бўлди.
Турғун Алиматов қамоққа тушиб қолганида — Убайдулла Иброҳимов шахсан Рашидовнинг олдига кириб, уни турмадан олиб чиққан.
Ўлмас Умарбеков — Ўзбек трассасининг 72 километрида — Сирдарёнинг “Правда” колхози ҳудудида яп- янги “Волга” автомашинасида бир ҳомиладор аёлни қорнидаги боласи билан тасодифан уриб юборган.
Ўшанда раҳматли Ўлмас ака “Ўзтелерадиокомпания”нинг адабиёт редакциясида Бош муҳаррир эди.
Қамоқ эшигини кўрмади.
Озод Шарофиддинов Янги йўлда қўлтиқлашиб келаётган чолу кампирни эҳтиётсизлик қилиб, билмасдан — нариги дунёга жўнатиб юборди.
Ёзувчилар уюшмаси раиси Абдулла Қаҳҳор Шароф Рашидовнинг олдига кириб, Озод акани асраб қолган.
Озод Шарофиддинов Шароф Рашидовнинг бу яхшилигини “унутмади”, боплаб қайтарди…
72.
Ёки — иккинчи мисол:
Улар орден ва медаллар, турли давлат мукофотлари борасида ҳам ўз армиясини ҳеч кимга хору зор қилиб қўйишмаган.
Ўша давр қонунларига кўра адабиёт ва маданият вакиллари ҳам райком, горком ва обком деган идораларнинг филтиридан ўтиши керак эди.
Бироқ уларнинг тақдири, ўша “Буюк еттилик” туфайли тўғридан тўғри Шароф Рашидовнинг столида ҳал бўлар эди…
73.
Учинчи сабаб.
Булар — ўз ходимларига нисбатан қилинган маънавий ғамхўрлик бўлса, амалий ғамхўрлик ҳам ундан кам эмас эди.
Уларнинг ҳар бири ҳар йили Тошкент ва бошқа марказий шаҳарларда баланд баланд иморатларни қуриб, ўз ходимларини уй жой билан муттасил таъминлаб борарди.
Дўрмонда ёзувчи ва шоирлар учун қурилган дача ва коттежлар, пойтахт маркази – Хадра (“Ц-14”) да ва “Голубое купола” атрофида (“Ленин проспекти – 40 А”) ги Зиёд Исломович Есенбоев ва Ислом Шомуродович Шоғуломов қурган уйларнинг шонли тарихини ҳозир бу ерда яшовчилар яхши билишади.
Дўрмондаги дача ва коттежларни билмадим-у, лекин Хадрадаги ўша уйларнинг ҳар бири ҳозир юз минг (100 000) АҚШ долларидан кам бўлмаса керак.
Убайдулла Ёқубович Иброҳимов ҳам Ўзбекистон телевиденияси учун уй-жой қурарди.
Бугун ўша дориламон кунларни фақат ширин армон билан эслаш мумкин, холос.
Билмадим, Абдусаид Кўчимов “Ўзтелерадиокомпания” раиси бўлганида ходимлари учун уй-жой қуролдими?
Тадиийки, йўқ…
74.
Нафақат Абдусаид Кўчимов, балки Мустақиллик йилларида “Буюк еттилик” — “Великая” ёки “Великолепная семерка” ўрнини эгаллаган бошқа арбоблар ҳам ўз ходимлари ва жамоаси учун айтарлик ҳеч иш қилишгани йўқ.
Уларнинг жамият ижтимоий сиёсий ҳаётида номи тугул, тузукроқ ўрни ҳам бўлмаган.
Масалан, Мақсуд Қориевдек таниқли ёзувчи ва давлат арбоби билан кейинчалик Бош муҳаррир этиб тайинланган Аббос Усмонов ва Ўткир Раҳматларни таққослаш қанчалик тўғри бўларкин?
Ёки Ислом Шоғуломов ва Зиёд Есенбоевларнинг ўрнига тайинланган Бобир Алимовни-чи?
Ўзбек киносининг буюк қироли — Малик Қаюмовнинг ўрнига кимлар келиб, кимлар кетди, уларнинг номини биров билмади.
Биз юқорида тилган олган “Буюк еттилик”нинг ҳар бири — ижтимоий сиёсий ҳаётда ўзига хос алоҳида ўрни бор шахслар эди. Улар ўзи бошқарган соҳаларнинг обрў эътиборини кўтардилар.
Шунинг учун ҳам буюк еттилик – ўзбек маданияти тарихида ўзининг улуғ номи ва хизмати, хислат ва фазилатлари билан абадий ёзилиб қолажак.
Уларнинг ўрнига келганлар эса, ўзининг бачкана қилиқ ва суюқ ижоди билан эгаллаб турган мансабнинг ҳам обрўсини туширдилар.
Бу дунё шундай қурилган экан: Кимдир эгаллаб турган мансабини янада безаб, обрўсини оширса, кимдир унинг йиллаб тўпланган нуфузини ер билан яксон қилар экан…
75.
Нима учун биз Абдусаид Кўчимов шахсига бу қадар кенг тўхталиб, батафсил баҳо беряпмиз?
Чунки, ўзбек урналистикаси бизда шу пайтга қадар бошқача таҳлил ва тадқиқ қилинган: Бош қаҳрамон бир четда қолиб, олди қочди гаплар асосий ўрин эгаллайди.
Одам ва унинг тақдири қолиб кетади. Кадр ҳақида мутлақо гапирилмайди.
У ким ва қайси мактабни ўтаган? Қайси муҳитда ўсиб улғайган ва вояга етган?
Унинг сиёсий қараши ва раҳбарлик қирраларининг шаклланиши ҳақида гапирилмайди.
Бир сўз билан айтганда, одамга – бош қаҳрамонга ташбеҳ бериш йўқ.
“Мулозимлар ҳақида мулоҳазалар” деганда биз энг аввало мана шуни назарда тутган эдик…
76.
Биз юқорида Президентнинг МХХ билан ЎзТВ раисига бўлган алоҳида муносабати ҳақида бежиз тўхталмадик.
Қолаверса, ЎзТВ га бўлган эътибор – МХХ га бўлган эътибордан бир неча бор кўплигини ҳам айтдик.
Қачон ва қаерда портлаши номаълум бўлган бомбали журналистларнинг нотинч ва ғалвали даргоҳи бўлгани учун ҳам Президент бу жойга охир оқибатда шу портлашлар билан бевосита шуғулланувчи идорадан раҳбар тайинлашга мажбур бўлди.
Биз Президентнинг Ўзбекистон телевидениясига, умуман оммавий ахборот воситаларига бўлган алоҳида ва ўткир эътиборини тўғри тушунамиз.
Бошқа давлатларни билмадим, лекин Ўзбекистонда матбуот ва телевидения – атом бомбасига тенг қудратга эга.
Бу қурол кимнинг қўлида экани ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистоннинг “атом бомба”си тўққиз йил Абдусаид Кўчимовнинг қўлида бўлди.
Тўққиз йил у Президентга садоқат билан бу бомбани портлатмай, авайлаб асраб келди. Ҳолбуки, портлатиши ҳам мумкин эди…
ЎзТВ раиси агар истаса — ўзбек халқи Ислом Каримов яратган мустақилликнинг ойдин ва муборак йўлидан порлоқ келажак сари шахдам қадамлар ташлаб ғолибларча кетавериши мумкин.
Мабодо, худо кўрсатмасин, фикри ўзгариб қолса, бу халқ шу йўлнинг бошида турган йўлбошчини бир имо билан ўзгартириб юбориши ҳам ҳеч гап эмас.
Ўзбекистон телевидениясини атом бомбасига тенглаштирганда мен ана шуни назарда тутган эдим…
77.
Абдусаид Кўчимов тўққиз йил ўткир пичоқ тиғида — қил устида юрди.
Икки қўлимизни кўксимизга қўйиб, адолат ҳаққи ҳурмати шуни айтишимиз керакки, Ислом Каримовдай мураккаб ва бежилов табиатли ҳукмдорнинг синчков нигоҳи остида тўққиз йил телевиденияга раҳбарлик қилиш – қачон портлаши номаълум бўлган бомбанинг устида ўтириш, ҳамманинг ҳам қўлидан келмайдиган, ҳамма ҳам дош ва бардош беролмайдиган аянчли ва фожеали қисмат.
Телевиденияга раҳбар бўлиб борганида Абдусаид аканинг қоп-қора бўлган сочлари тўққиз йил давомида батамом оқариб кетди.
Асаб ва юракни-ку, қўяверинг…
78.
Абдусаид Кўчимовнинг «Ўзтелерадиокомпания» га раҳбар бўлганида бошидан ўткарган энг катта фожеаси – 1999 йилги Тошкент портлашлари билан боғлиқ.
Ўшанда у ҳам – Вазирлар Маҳкамасидаги ҳукумат мажлисида иштирок этган Ўзбекистон олий раҳбариятидаги бир гуруҳ мулозимлар каби бомба портлашидан бир тасодиф боис омон қолган эди…
79.
1999 йилги Тошкент портлашлари — менинг уч бора ҳибсдан сўнг яна қайтадан Бош муҳаррир этиб тайинланган мулозимлик пайтимда рўй берган эди.
Ўша куни “Ҳамкор” – “Деловой партнер Узбекистана” газетаси редакциясидан чиқиб, ходимларим Виктор Крымзалов ва Рустем Нугмоновлар ҳамроҳлигида “Газ-31” русмли хизмат машинамда Тошкентнинг қоқ ўртасига – Марказий Универсал магазини (ЦУМ) га етганимизда, кутилмаганда кучли порташ овози эшитилди.
Бир неча дақиқадан сўнг у яна такрорланди.
Сўнг пойтахт кўчаларида — бўрондан олдинги сукунат чўкди.
Ҳамма турган жойида қотиб қолганди. Одамлар бир лаҳза эс ҳушини йўтиб, нима бўлганини англолмай қолди…
Биз машинани балан тутун кўтарилган, кучли порташ овози келган томонга қараб бурдик: Қизил Майдондаги Ҳукумат уйи ёнаётган эди.
Бу орада ҳамма ёқни қий чув тутиб, кўчларда бирин кетин милиция ва ўт ўчириш машиналари пайдо бўла бошлади.
Қизил Майдонга кириш жойи милиция ходимлари томонидан қизил ва сариқ ленталар билан тўсиб қўйилди.
Биз машинани Ҳукумат уйидан чапга буриб, Президент девони ёнидан ўта бошладик.
Шунда беихтиёр “Анҳор” кўпригидан телевидения томон шошганича яёв кетаётган Абдусаид Кўчимовни кўриб қолдим.
У гоҳ чопиб, гоҳ юриб борар эди.
Унинг орқасидан ва олдидан ҳам ҳозиргина ҳукумат уйидаги йиғилишдан портлаш туфайли қочиб чиққан мулозимлар бирин кетин югуриб кетишар эди.
Жон талвасасида хизмат машинасини ҳам кутмай ҳамма ҳар тарафга тумтарақай бўлиб қочаётган эди.
Абдусаид аканинг икки бортли яп янги костюми баданига ёпишиб қолган, унинг орқасидан оқаётган қон костюмидан сизиб чиқаётгани яққол кўриниб турарди.
Бомба портлаганда мажлислар залидаги ойналар синиб, том — потолок қулаб, йиғилишдагиларнинг айримларини яралаганини ўшанда сездим.
Абдусаид Кўчимов тезроқ ишхонасига етиб, вазиятни ўрганиш истагида югуриб кетаётган эди назаримда.
Ўшанда унинг ҳам, бомба портлашидан омон қолган республика олий раҳбариятидаги бошқа мулозимларнинг ҳам хаёлидан нималар ўтгани ёлғиз Худога аён.
Уларнинг орасида — мамлакат ва давлат аллақачон бошқа қўлга ўтиб кетди деб ўйлаганлар йўқ эди деб ҳеч ким кафолат беролмасди…
80.
Кейин ҳам мен Абдусаид акани ҳар эслаганимда унинг Анҳор кўпригидан телевидения томон гоҳ чопиб, гоҳ югуриб кетаётган саросимали ҳолати ёдимга тушади.
Ўзбекистон телевидениясидан ҳар гал ўша машъум Тошкент портлашларига оид кўрсатув ва эшиттириш бериларкан, менинг кўз ўнгимда энг аввало Абдусаид Кўчимов, унинг орқасига ёпишиб қолган яп янги ва қонли костюми намоён бўлади…
81.
Абдусаид Кўчимов – сиёсий ҳушёр йигит.
Айниқса “поворотный” муносабатларда жуда ҳушёр. Ўзига заррача ҳам сув юқтирмайди.
Лекин бу ҳаётда тандирнинг иссиқлигида қилинган яхшилик барибир қолар экан.
Бу яхшиликни қилиб, сен амалда қолмаслигинг ҳам мумкин. Лекин яхшилигинг барибир яшаб қолади.
Абдусаид Кўчимов эса бу яхшиликларни қилиши мумкин бўлганида ҳам қилмади. Унинг учун энг муҳими амалда қолиш керак эди.
Шу маънода уни “Ўзига заррача ҳам сув юқтирмайди” деб айтдик.
Ўзининг мансаб пиллапояларида эркин парвоз қилишига мустаҳкам замин яратган Мавлон Умрзоқов, Ҳалима Худойбердиева ва Шароф Убайдуллаевларга нисбатан у қилиши лозим бўлган яхшиликларни атай қилмади.
Чунки бу пайтга келиб улар мансаб курсисида эмас эдилар…
82.
Абдусаид Кўчимов Ўзбекистон телевидениясига тўққиз йил раҳбарлик қилди.
Вақти соати етиб, унинг ўзини ҳам ишдан олиш керак бўлганида Кўчимов — бошқа аксар мулозимлар каби кўчага улоқтириб ташланмади.
Ҳолбуки, улоқтириб ташланиши, ҳатто ҳибс этилиши ҳам мумкин эди.
Лекин Президент МХХ раҳбари Кўчимов ҳақида олдига олиб кирган барча “Мутлақо махфий” маълумотларни бир четга суриб, уни – биров бор йўқлигини билмайдиган “Хабар” газетасига муҳаррир этиб тайинлашга қарор қилади.
Бу — Абдусаид Кўчимовнинг омадли инсонлигидан, Ислом Каримовнинг унга нисбатан – кечиримли ва бағри кенглигидан далолат эди.
Ҳолбуки, Президентнинг бу бағри кенглиги ҳаммага ҳам насиб этавермайди…
83.
Абдусаид Кўчимов – Ўзбекистон телевиденияси тарихида, унга раҳбарлик қилганлар орасида — адабиёт ва санъатга бевосита алоқадор биринчи ва охирги шахс бўлиб қолди.
Унинг ЎзТВ га раҳбарлик фаолияти халқ учун, жамият ва давлат учун айнан шу жиҳати билан ҳам бошқа издошларига қараганда муҳим аҳамият касб этади.
Маълумки, ижодкор одам, адабиёт вакили — шахсий истакларидан кўра халқ ва миллат, давлат ва жамият манфаатини ҳамиша биринчи ўринга қўяди.
Бунга шубҳа бўлиши мумкин эмас!
Мен шу ўринда Ўзбекистон ойнаи жаҳони раҳбарлигига айнан Абдусаид Кўчимов номзодининг танланишини — Президент кейинги йилларда қабул қилган энг одил қарорлардан бири деб биламан…
84.
Абдусаид Кўчимовнинг асл касби журналист бўлмаса-да, журналистика унинг иқтидори эди.
Масалан, унинг олдинги издошларидан — Убайдулла Иброҳимов истеъдодли ва ҳалол раҳбар, моҳир ташкилотчи бўлгани билан, лекин унинг касби нима эканини биров билмасди.
Уни аввал Марказқўмда “лектор” бўлган дейишади. Сўнг радиога раҳбар этиб юборилган. У ердан -“Ўзтелерадиокомпания”га раис бўлиб ўтган.
Шу соҳаларда йигирма йилдан зиёд раҳбарлик қилиб, сўнг пенсияга чиқарилган…
Инқилоб Юсупова ҳам бутун умр партия Марказий Комитетида ишлаган – “орготдел”да бўлим мудирининг ўринбосари бўлган.
Унинг эри ҳам мулозимлар сафида эди.
Олдин Тошкент шаҳар ва вилоят миқёсида таниқли раҳбарлардан бири бўлган.
Инқилоб опа ҳам телевидения раислигидан урилганидан кейин республика болалар фондига раис бўлиб ўтган…
Инқилоб Юсупова ҳам, унинг эри ҳам – Раъно Абдуллаева даврида обрў эътибор топишган.
Ганжа Ёқубов Ўзбекистон телевидениясидан кетганидан кейин – “Госкомпечать” раисига “зам” бўлиб ўтди.
Эркин Ҳайитбоев – Ўзбекистон Телеграф агентлиги директорлиги (ЎзТАГ)дан ЎзТВ га раис бўлиб ўтган эди. Телевидениядан кетиши керак бўлганидан кейин – Маданият вазири этиб тайинланди.
Ваҳоланки, Эркин ака ишлаган бу уч соҳа ҳам аслида битта тизимга қарашли.
Шавкат Яҳёев телевидения раислигидан кетиб, кўп ўтмай вафот этди…
85.
Агар эътибор қилган бўлсангиз, уларнинг бирортаси ҳам — адабиёт ва санъат тугул, ҳатто оммавий ахборот воситаларининг бирор поғонасида ҳам ишламаган, матбуотга алоқаси бўлмаган тасодифий одамлар эди.
Ўзбекистон телевидениясига эса бу соҳадан мутлақо йироқ бўлган одамнинг раҳбар этиб тайинланиши – маданиятимиз ва маънавиятимиз учун жуда катта йўқотишдир.
Шу маънода Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, шоир ва ёзувчи Абдусаид Кўчимовнинг тўққиз йил Ўзбекистон телевидениясига раҳбарлик қилганини барибир олқишлаш керак бўлади…
86.
Абдусаид Кўчимов мансаб шотисининг энг юқори чўққисида бўлганида бундай олий саодатга эришган ҳамма бахтли мулозимлар каби тўй қилиш бахтига ҳам муяссар бўлди.
Лекин ўзининг шу муборак кунларга етишида йўл очган, елка тутган ва қўллаб қувватлаган «акалари»ни тўйга айтмади.
Абдусаид Кўчимов: «Ургутга боришга мени қўймаяпти, депутатлик ваколатимни амалга оширишга тўсқинлик қилаяпти» деганида Ургутнинг ҳокими билан уни яраштириб қўйган Девондаги акаларини назарда тутяпман.
У ўзини бир пайтлар аждарҳонинг оғзидан ажратиб олган халоскорларини ҳам омон омон кунларида бутунлай ёддан чиқарди.
Ҳатто юзлаб оддий одамлар қатори айтиладиган хурсандчилик онларига — тўй томоша ва зиёфатларга, ошларга — оддий одам қатори ҳам эслаб, таклиф қилишни лозим топмади.
Уни раҳбарликка кўтарган, Вазирлар Маҳкамасидаги оддий ишидан Радиокомитет раҳбарлигига шахсан олиб бориб қўйиб келган, энг оғир дамларида унга елка тутган «ака»лари, халоскорлари эди улар.
Чунки Кўчимов мансаб поғонасига хотиржам ўрнашиб олиб, тўй қилаётган ўша довруғли кунларида бу«ака»лари, афсуски, мансабда эмас эди.
Албатта, Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги энг нуфузли мулозимлардан бири сифатида «собиқ» акаларини тўйга айтиш унга обрў келтирмаслигини Кўчимов яхши биларди.
Мулозимлик ҳаётининг яна бир аччиқ сабоғи шуки – раҳбар бўлганингдан кейин сен истаган одамингни тўйга айтолмас экансан…
87.
Майли, мавзудан узоқлашмайлик.
Биз Абдусаид Кўчимовнинг бутун Ўзбекистон телевиденияси бориб хизмат қилган довруғли тўйи ҳақида гапираётган эдик.
Мен бу билан Абдусаид Кўчимовнинг тошкентликлар, ёзувчи ва шоирлар, унинг ҳамкасблари ҳали узоқ йиллар ажиб бир ҳавас ва ҳасад билан эслаб юрадиган ўша довруғли тўйини танқид қилмоқчи эмасман.
Зотан, раҳбарлар ҳам одам, улар ҳам фарзандларини турмушга бериб, уйлантириши керак.
Улар ҳам ким биландир қуда анда тутиниб, бир лаҳза бўлса-да, мулозимлик салтанатининг таҳликаю, армонлари, шубҳаю гумонларини унутиб, ўйнаб кулишга, амалдорликнинг сурури, завқи ва шавқини туйишга, оддий инсоний бахтдан баҳраманд бўлишга ҳақлидирлар.
Шу ўринда — ўзоқ йиллар Президент девонида ишлаган ажойиб инсон, истеъдодли шоир Муҳаммаджон Раҳмоновнинг бир шеърини «Дунё ўзбеклари» ўқувчиларига эслатиб ўтишни лозим топдим:
Айтинг, қайси қонунда бор,
Бир кун завққа тўлмасин.
Раҳбар одам ўйнамасин,
Раҳбар одам кулмасин,
Айтинг қайси қонунда бор…
87.
Дарвоқеа, Абдусаид аканинг қудалари ҳақида.
Абдусаид аканинг бир ўғли ва икки қизи бор.
Катта қудалари — яъни Ғаффор деган куёвининг отаси тошкентлик, тадбиркор ва савдо соҳасида ишлаган. Жуда яхши, бамаъни одам эди.
Беш олти йил бурун вафот этиб кетди, раҳматли.
Абдусаид ака у кишини жуда ҳурмат қилар, вақт бевақт эски ва синашта қадрдонлардай ўзига яқин олиб дардлашиб, ҳасратлашиб турарди.
Қизларининг бирини, кенжасини бўлса керак, асли ургутлик бўлган ажойиб ва камтарин инсон Алиқул аканинг ўғлига берган.
«Ўзтелерадиокомпанияси»нинг қудратли ва қўли узун раисига қуда бўлганида Алиқул ака Тошкентнинг Яккасарой туманида суд раиси эди.
Кейинчалик Тошкент шаҳар суди раисига ўринбосар бўлди.
Лекин қудасининг нуфузи билан бирга ўзининг ҳам жамиятдаги обрў эътибори юқори бўлишига қарамай, Алиқул ака ҳамиша камтар ва камсуқум бўлиб қолди…
Бугун уларнинг ҳар иккаласи ҳам невара чеваралик бўлиб, кечагина бошқалар учун «Ака» бўлиб юрган бу икки қуда, бугун энди ҳақиқий «Бобо» деган улуғ номга сазовор бўганлар…
Ўғли Ойбек тадбиркорлик билан шуғулланади…
88.
Абдусаид Кўчимовнинг Ўрикзордаги данғиллама ҳовлиси ҳақида ҳам айтмасак, у ҳақдаги ҳикоямиз кемтик бўлиб қолиши табиий.
Мен умуман бировларнинг, хусусан раҳбар одамнинг тўйи ва ҳовли жойи — уйи ҳақида гап сўз қилиш тарафдори эмасман.
Зотан, юқорида айтганимиздай улар ҳам ҳамма қатори тўй томошо қилиб, уйли жойли бўлишга, ҳовли қуришга ҳақлидирлар.
«Ўзтелекомпания» раиси бўлиб, раҳбарлик салтанатининг энг юқори чўққисига чиқиб «айтгани – айтган, дегани – деган» бўлган муборак кунларининг бирида — у ақллилик қилиб «Ўрикзор»нинг энг кўркам ва хушманзара гўшасидан ўзига ҳовли қурди – уйлик жойлик бўлди.
Бугун ўша мулозимлик йилларидан ёдгорлик бўлиб, балким ёлғиз шу данғиллама уйи қолган бўлса, не ажаб.
Бизда ярамас бир одат бор: Сен амалдор бўлсанг, ҳамма нарса сеники.
Президентнинг ғазабига учраб, амалдан кетган заҳотинг, раҳбарликда қўлга киритган барча бойликларингни тортиб олишади.
Шукрки, Абдусаид Кўчимов ишдан олингани билан, кўплар каби Президентнинг ғазабига учрамади.
Шунинг учун ҳам унга тегишмади, уйини давлат ҳисобига мусодара қилишмади.
Мен — Абдусаид Кўчимовнинг «Ўрикзор»да дағилламаи уйи борлигини тўғри қабул қилишларингизни истардим.
Киноя қилаётганим йўқ, ростдан ҳам у амалда бўлганида ижтимоий аҳволини — уй жойини яхшилаб олиб тўғри қилган.
Амал ва мансаб ўткинчи ва бевафо эканини у яхши билган.
Мана бугун у – ўша довруғли ва мансабдор кунларидан эсдалик бўлиб қолган «ўрикзор»даги данғиллама ҳовлисида ўтириб ўтган кунларини хотирларкан, «Яхшиям шу уйим бор экан, бўлмаса яна олдингидай қўп қаватли «дом»да яшаб юрар эдим» деб ўз ўзига тасалли бериб турган бўлса не тонг.
Ижодкор одамнинг, хусусан шоир ва ёзувчининг энг биринчи галда уйи – ўлан тўшаги, яхши ва шинам ижодхонаси бўлиши керак.
Шундагина кўнгли тинч ва хотиржам бўлади. Шундагина — ижод юракка сиғади…
89.
Абдусаид ака «Ўрикзор»даги ўша ҳашамдор ҳовлисининг учинчи қаватида — худди «Ўзтелерадиокомпания»даги довруғли кабинетини эслатадиган қилиб қурилган шинамгина ижодхонасида ўтириб «Дунё ўзбеклари»ни очиб, ўзи ҳақидаги хотираларни ўқиб бораётганига мен бугун шубҳа қилмайман.
Зотан, ҳозир унинг бундан бошқа қиладиган иши ҳам йўқ.
Баъзан маҳзун, баъзан ўйчан бўлиб интернет оламининг беҳудуд сарҳадларида кезаркан, истайдими ё йўқ, унинг бармоқлари клавиатура ҳарфларини излаб, «Дунё ўзбеклари» сўзини ёзиб, «Шамси Одилнинг куёви» номли мақолани излаб топишини хаёлан тасаввур қилиш мумкин.
Бировга бировнинг ўзи ҳақидаги мулоҳазасини ўқиш ҳамиша қизиқ.
Агар у бунинг устига — танқидийроқ бўлса, икки баравар қизиқарли ва «интрига»лидир.
Шу маънода мен бугун олис Канаданинг сирли ва сеҳрли, оромижон ва осуда ёз оқшомларида Абдусаид ака ҳақидаги ўз хотираларимни давом эттирар эканман, ёзар эканман, Абдусаид ака мендан хафа бўлмаслигини, мени тўғри тушунишини, менга маломат тошини отмаслигини истардим…
90.
Абдусаид ака ниҳоятда дипломат одам.
Бизда айнан шу фазилат етишмаслиги боис ҳам раҳбарлик лавозимида узоқ ишлай олмадик.
Президентнинг биринчи ва асосий ёрдамчиси Георгий Алексеевич Крайнов менга Ислом ака номидан бир неча маротаба телфон қилиб: “Дипломат» бўлишни ўрганаркансиз, Исмат ака” деб огоҳлантирганларини ўз хотираларимда ёзганман.
Яна ёзаяпман…
Агар биз ҳам Абдусаид акадай «дипломат» ва ҳушёр бўлганимизда эди, бугун чет эллардан сиёсий бошпана олиб, Ватанимиздан олис ва хориж Канадада умргўзаронлик қилиб юрмаган бўлардик.
Мен айнан шунинг учун ҳам Абдусаид Кўчимовнинг раҳбарлиги тимсолида – Ўзбекистон Олий раҳбарияти мулозимларнинг ҳаёти ва фаолиятига теранроқ назар ташлашга ҳаракат қилдим.
Яхши ва осуда ниятлар оғушида эрта бир кун раҳбар бўлишни орзу қилган бугунги авлодни мулозимликнинг даб даба-ю, ас- асаси билан бирга — унинг аччиқ ва аламли сабоқларидан ҳам огоҳ этишни истаган эдим…
91.
Абдусаид Кўчимов тимсолида — энг аввало ургутликлар, самарқандликлар, қолаверса бутун ўзбекистонлик уни яқиндан билган ва таниган одамлар — давлат ва жамиятнинг ҳақиқий, типик вакилини кўргандек бўлишди.
Демак, Ислом Каримов замонида — Ургутда туғилиб ўсган оддий тоғ боласи ҳам ўз кучи ва истеъдоди билан юқори давлат лавозимларига бемалол чиқиши мумкин экан деган фикр пайдо бўлди.
У олдинги сафдошлари – “Ўзтелерадиокомпания” га ўзига қадар раҳбарлик қилганлардан айнан ана шу ижтимоий келиб чиқиши билан ҳам ажралиб турарди.
Самарқанднинг Ургут тоғ тизмалари бағрида туғилиб, мол ва қўй эчки боқиб, пода ҳайдаб катта бўлган, оддий қишлоқ боласи учун ҳам биз унинг ҳаёти ва раҳбарлик фаолиятига батафсил тўхталиб ўтишни лозим топдик.
Бизда аксар ҳолларда истеъдодли раҳбар ва лидерлар йўқ деб айтишади. Мен бу гапларга мутлақо қўшилмайман.
Абдусаид Кўчимовни тўққиз йил қачон портлаши номаълум бўлган бомбанинг устига ўтириб, шундай ғалвали ва “нозик” идорани бемалол бошқара олади деб ким ўйлаган эди? Ҳеч ким!
Бугун Ўзбекистонда Кўчимовга ўхшаган, ёки ундан-да истеъдодлироқ, ундан-да ҳушёрроқ, моҳирроқ раҳбарлик қилиши мумкин бўлган одамлар йўқ деб ўйлайсизми?
Кўчимовнинг омади бор экан, яхши одамлар ёрдамида Президентнинг назарига тушиб, обрў эътибор топди.
Жамиятда ўз ўрнига эга бўлди.
Лекин аслида ундан ҳам яхшироқ , халқ ва жамият учун ундан ҳам фойдалироқ раҳбар бўлиши мумкин бўлган не не одамлар бугун ҳаётда Президент атрофидан суянчиқ тополмай овораи сарсон бўлиб юришибди.
“Суйганинг ўлса ўлсин, суянчиғинг ўлмасин!” — деб қозоқлар бекорга айтмаган экан…
92.
Хусусан шоир ва ёзувчилар, ижодкорлар орасида бундай кишиларни кўплаб учратиш мумкин.
Лекин бизда қизиқ бир одат бор.
Агар сен ниҳоятда халқпарвар, адолатпарвар одам бўлсанг, раҳбарликка чиқишинг жуда қийин бўлади.
Шунинг учун ҳам аксар ҳолларда – Кўчимовга ўхшаган “ичимдагини топ”тоифасидаги, ўз сафдошлари орасида “олтин ўрталиқ” (золотая середина) ақидасига амал қилганларгина бугун раҳбарликка танлаб олинади.
Москва Давлат университетини битириб келиб, раҳбар бўлишни астойдил орзу қилган пайтимда устозим Абдулла Орипов мени Шаҳрисабз горкомининг биринчи секретари, ёзувчи Евгений Ефимович Березиков ихтиёрига йўллаётиб айтган гаплари нақадар тўғри ва узоқни кўзлаб айтилганига мен кейинчалик кўп маротаба иймон келтирдим:
-Раҳмат бўлмоқчимисан, мулла Исмат, — деган эди ўшанда Абдулла ака. – Жуда масъулиятли орзу бу, ука. Лекин раҳбар бўламан деган одам ниҳоятда кам гапириши, гапирганда ҳам ярим гапи кўнглида қолиши, ҳеч маҳал юрагида борини охиригача тўкиб солмаслиги керак. Сен эса ниҳоятда очиқ кўнгил, далли ғулли йигитсан, характерингни тамомила ўзгартиришинг лозим. Бу туришда сендан раҳбар чиқишига ҳозирча кўзим етмай турибди, ука, — деган эди…
Менинг енгилтак ва беқарор табиатимдан келиб чиқиб — келажагимни яққол кўра билган улуғ шоиримиз ростдан ҳам донишманд одам экан.
Шахрисабздаги қисқа мулозимлик фаолиятим – Березиков томонидан ҳарбий хизматни ўташ учун мени Совет армиясига мажбуран жўнатиб юбориш билан якун топган бўлса, Президент салтанатига яқинлашиб Тошкентда Бош муҳаррир бўлгандаги адабий фаолиятим эса – уч маротаба ҳибс ва охир оқибат хориж элларга абадий сафар билан якунланди…
93.
Мен Абдусаид Кўчимовнинг бизга қараганда нисбатан муваффақиятли ўтган мулозимлик қисматига айнан ана шу мулоҳазалар туфайли ҳам батафсил тўхталиб ўтишни истаган эдим.
Мен бу билан собиқ амалдор – мулозимлик даври тугаб, яна оддий одамлар орасига тушганидан кейин ҳам ўз инсонлигини йўқотмай қандай қилиб яшаб юриши мумкин деган саволларга ҳам қайсидир маънода жавоб топишни истаган эдим.
Сир эмас, бугун Ўзбекистондаги аксар олий табақа мулозимлари судланган, ҳибсда, хорижда. Ватандагилари ҳам обрў эътиборсиз, унутилган ва рўйхатлардан ўчирилган ҳолда, шикаста дил, ярим кўнгил билан яшаб юришибди.
Ана шундай парадокс бир ҳолатда — Абдусаид Кўчимовнинг раҳбарлик ҳаёти ва олий мулозимлик курсисидаги фаолияти таҳлилига батафсилроқ тўхтатилишга тўғри келди.
Мен бу билан — бугунги Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги арбоблар ички дунёсига бир қўр назар ташламоқчи бўлдим.
Уларнинг орзу ўйлари, қувонч ва қайғуларини яқинроқдан яна бир бор кузатмоқчи бўлдим…
94.
Абдусаид Кўчимов телевидения раҳбарлигига — Президент девонидаги «Ахборот маркази»дан ўтган эди дедик.
Ундан кейин Саъдулла Ҳаким «Ахборот Маркази» раҳбари бўлди.
Ўткир Раҳмат ва Нарзулла Жўраевлар ўша пайтларда «госсоветник» эдилар.
Лекин Президент Абдусаид Кўчимовдан фарқли ўлароқ уларни телевиденияга лойиқ кўрмаган.
Нарзулла Жўраев узоқ йиллар Олий Кенгашда Қўмита раиси бўлиб, сўнг қайсидир олий даргоҳга кафедра мудири бўлиб кетди.
Ўткир Раҳмат эса айни пайтда «Халқ сўзи» газетасида Бош муҳаррир.
Лекин Абдусаид Кўчимов — номини биров билиб, биров билмайдиган «Хабар» газетасида ишлаяпти…
Менинг назаримда бу мутлақо нотўғри сиёсат. Биздаги сиёсатнинг алдамчи ва номардлиги, бевафолигидан далолат бу.
Тўққиз йил Ўзбекистон телевидениясига раҳбарлик қилган ҳушёр ва «дипломат» одамни Ислом Каримов бемалол ёнига олиб, энг камида Хайриддиннинг ўрнига Давлат маслаҳатчиси қилиб тайинласа бўларди. Абдусаид Кўчимов шу ўринга муносиб эди.
Хайриддинни эса айнан «Ўзтелерадиокомпания» раҳбарлигига юборса, ўша ердан у жойини топиб кетиши аниқ. Чунки ҳамма ҳам, ҳатто йигирма йилга яқин «госсоветник»лик қилган Хайриддин ҳам бу даргоҳда Кўчимовдек тўққиз йил тугул, тўққиз ой ҳам ишлолмаса керак…
95.
Абдусаид ака ниҳоятда дипломат одам дедик.
Бизда айнан шу фазилат етишмаслиги боис ҳам раҳбарлик лавозимида узоқ ишлай олмаганлигимизни ҳам очиқ айтдик.
Ажаб, катта ва тажрибали “дипломат” бўлган Кўчимовдай ҳушёр одам ҳам урилганидан кейин дурустроқ ишга лойиқ кўрилмади.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.
Дипломатликни уддалай олмаган ва шунинг учун ҳам уч марта қамалиб чиққан Исмат Хушевни эса Президент яна қайтиб Бош муҳаррир этиб тайинлаганлигига энди нима дейсиз?
Демак, ҳар кимнинг ҳам бу дунёда “дипломат” бўлиши баробарида омади чопиши, қайсидир маънода давлат раҳбарининг меҳрига ҳам сазовор бўлиши керак экан-да…
96.
Нега мен Ўзбекистонда ўзим билган ва таниган юзлаб раҳбарлар, мулозимлар, таниш билишларим орасидан айнан Абдусаид Кўчимовга тўхталиб, унинг раҳбарлик фаолиятини бунчалар кенг ва батафсил “тадқиқ этиш» га қарор қилдим.
Нимага у кишининг — кўплар учун ҳавасли ва ҳасадли бўлган мулозимлик ҳаётининг икир чикирларигача қаламга олишга журъат этдим?
Абдусаид Кўчимов — мустақиллик йилларида мансаб пиллапояларидан шитоб билан кўтарилиш, унинг оғир ва нишли сўқмоқларида адашмай қадам ташлаш ва аждаҳолар дамида ўзини узоқ сақлаб қола олиш фазилати билан алоҳида кўзга ташланиб турадиган бетакрор шахс.
Чунки бу нозик участкада, хусусан «Ўзтелерадиокомпания» тизимида Абдусаид Кўчимовдек узоқ ва самарали — «ишнинг кўзини билиб» ишлаган, давлатни ҳам ва ўзини унутмаган иккинчи раҳбар чиқмади.
Мен ўз давримнинг типик қаҳарамони бўлган бундай шахсни ўйлаб ва ё тўқиб яратишим ҳам мумкин эди.
Лекин ўшанда ҳам Абдусаид аканинг адабий протатипини яратиш осон бўлмасди.
Шу боис мен тирик “қаҳрамон”нинг ўзини — унга ҳар қанча озорли бўлса-да, оғирроқ ботса-да, унчалик хуш келмаса-да, минг бир истиҳола билан қаламга олишга жазм этдим.
Абдусаид Кўчимов биз кеча босиб ўтган мустақилликнинг дастлабки йиллари учун такрорланмас ва аниқ -тиниқ тимсолдир.
Менинг назаримда Абдусаид ака барибир ақлли, кенг фикрли ва мулоҳазали инсон. Шу билан бирга — шароитга қараб ғоятда ўзгарадиган ва мослаша оладиган зотдир.
Мана шу томонлари билан ҳам у мени — ажойиб ва ғаройиб “замонамиз қаҳрамони” сифатида диққат эътиборимни ҳамон оҳанграбодек ўзига тортиб туради…
97.
Бу тоифа инсонлар орасида Абдусаид Кўчимов албатта ёлғиз ҳодиса эмас.
Президент атрофида “уюшган маданият арбоблари” — Муҳаммад Али, Маматқул Ҳазратқулов, Аҳмаджон Мелибоев, Аббос Усмонов, Ўткир Раҳмат, Хайриддин Султонов, Жаббор Раззоқов, Қуддус Аъзам, Аҳрор Аҳмедов, Фарҳод Рўзиевлар ҳам шу тоифага мансуб.
«Ўтда куймас — сувда чўкмас» бу тоифа шахсларнинг «маҳорати»га ҳам қойил қолмай иложингиз йўқ.
Бир замонлар раҳбарликка пориллаб чиққан, ҳатто демократлиги билан тез орада элга танилиб алоҳида кўзга ташланган Қулман Очил ҳам тезда мавсумга қараб мослашиб олди.
Мана сал кам йигирма йилдирки, “олтин ўрталик” қоидасига амал қилиб яшаб келяпти, ютқазмади…
Уларнинг бир гуруҳи эса амал креслосида ўлганидан беармон кетди: Мирмуҳсин, Ҳамид Ғулом, Иброҳим Раҳим, Зиёд Есенбоев, ака ука Ислом ва Рустам Шоғуломовлар, Нормурод Нарзуллаев, Жуманиёз Жабборов, Барот Бойқобилов…
Биз уларнинг устидан кулмоқчи эмасмиз. Уларнинг бир қисми уруш қатнашчиси эди. Иккинчи бир қисми эса ўша урушга ҳам чап бериб қолган эди.
Ва умуман буларнинг ҳаммаси уруш асоратларини кўрган авлод эди.
Улар амални умр мазмуни деб билган, отдан тушсалар — ҳаёт улар учун тўхтагудай эди гўё.
Уларни ҳам тушуниш керак…
Чорак асрлик мустақиллик йилларида бошқа касб эгаларини айтмай қўя қолай, бирор бир ижодкор раҳбар ўз аризаси билан истеъфога кетмаганига мен ҳамон ёқамни ушлайман.
Демак бу хусусият бизда оммавий тус олган.
Амал билан ҳамнафаслик, амал кўчасига шўнғиб кетиш нафақат бизда оммавий тус олган, балки у бизнинг миллий хусусиятимизга ҳам айланган.
Истеъдодли ёзувчи Ўткир Хошимов адабиётда дунё муаммоларини кўтариб эл назарига тушган адиб эди. Ҳукуматнинг ичига кириб олганидан кейин — оёғини босолмайдиган даражада амалидан тушгиси келмади.
Тушдиям — кетворди…
Амал курсисига ниҳоятда ўрганиб қолган ижодкор мулозимларнинг кўпи — пиёда юришни ҳам эсдан чиқариб қўйган шекилли.
Бечора ўзбек амалдорларининг кўпчилиги оддий одамлар орасидан чиққанини унутиб қўйган бўлса нима қилсин.
Лекин буларнинг ичида Абдусаид ака ўз аломат парвози билан барибир ажралиб турарди…
98.
Абдусид Кўчимов ҳеч шубҳасиз бу – шахс. Бизнинг бугунги Ўзбекистон раҳбарияти учун ғоятда типик шахс.
Ҳеч ким кутмаган бир пайтда чиройли парвоз билан Ўзбекистон Олий раҳбарияти мулозимлари қаторига қўшилиб, тўққиз йил Ислом Каримовнинг энг яқин ва ишонган одами бўлиб юриш учун киши ниҳоятда ҳушёр ва шубҳакор, яна бир талай ноёб хислат ва фазилатлар соҳиби ҳам бўлиши керак.
Шундагина у бизга ўхшаб кутилмаганда ишдан олиниб, бу ҳам етмагандай, бир эмас, уч бора қамалиб кетмайди.
Айнан шунинг учун – келгусида Ўзбекистон сиёсий осмонида пайдо бўлажак янги янги Исмат Хушевлар учун аччиқ сабоқ бўлсин деб биз ушбу дилномани иншо этдик.
Иншоимиз, ижобий натижалар бериб, кимгадир асқатар, иншоОллоҳ!
Бугунги ўзбек сиёсатидаги мулозимлар ҳақидаги мулоҳазалардан кўзда тутилган асосий мақсад ҳам шу эди…
99.
99 боб га ҳам ниҳоят нуқта қўйдим.
Лекин мулоҳазалар ҳали тугамаган. Қолаверса, “99” рақами кемтик рақам эканлигини ҳам биламан.
Ҳаёт эса давом этаяпти.
Ҳали қаҳрамонларимизнинг, хусусан Абдусаид Кўчимовнинг ҳаёт боғида очилган ва очилмаган гулғунчалар кўзга ташланиб турибди. Мен буни сезаяпман.
Шу боисдан ҳам юзинчи боб – хотимани келажакка қолдирдим.
Ажаб, бир ойнинг нари берисида бу хотира — эссени ҳам юз мингдан зиёд киши ўқибди.
Қаҳрамонларимиз эса яшаяптилар. Яшаб, олдинга қараб бораяптилар.
Биз уларнинг ҳар бирига Ўзбекистон сиёсатининг гизли ва тиғли, оловли ва қаловли йўлларида — истеъфо бекатларида тинчлик хотиржамлик, бахт саодат тилаб қоламиз.
Лекин, шоир айтганидек:
Ҳали қай дилларда яшар тангри ҳам,
Ҳали афсоналар ўлиб кетмаган.
Ҳали соф туйғулар топмаган барҳам,
Инсон орзусига ҳали етмаган…
Шу боис юзинчи боб ҳам ҳали олдинда деб ўйлайман. Биз хайрлашмаймиз.
Юзинчи бобда кўришгунча…
Исмат Хушев,
Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири
1 июль, 2014 йил, Торонто шаҳри, Канада.
(Тамом)
Суратда: Абдусаид Кўчимов (ўртада) Абдулла Орипов ва бошқалар билан…
”Дунё ўзбеклари” учун махсус
Izohdagi imloviy xatolar uchun uzr so’rayman. Telefonda yozganim pand berdi shekilli 🙁
Barakalla!
ШАМСИ ОДИЛНИНГ КУЁВИ ни ҳарфма-ҳарф ўқиб чиқдим. Мавзу албатта керак. Фақат ўта чўзилган,такрор жойлар хаддан ташқари кўп. Имло хато жуда-жуда кўп. Исмат Хушев бу мақолани ёзишда аввалги принспда турмаган, Абдусаид Кўчимовнинг уйини майдонини, неча хоналигини, қанча долларга баҳоланишини айтмаган. Буни ёзиш керак эди, чунки ТВ рахбарининг маошига данғиллама уйни қуриш мумкинми?! Исмат Хушев бу ёғи энди сизнинг виждонингизга хавола! Биламан буни бермайсиз,шунга IP aдресим Торонто шаҳри дедим.