• Сб. Ноя 9th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Қўшчинорлар (Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатларига бир назар)

Июл 22, 2014

Марказий Осиёдаги икки қудратли давлат муносабатларига бир назар:

Қўшчинорнинг сояси мўл бўлади. Лекин бир кун келиб қулаганда шох шабада ва барги хазон ҳам мўл бўлади…

Тошкентда ўзбекнинг “оқ сарой-у, кўк сарой”лари билан беллашадиган Қозоғистоннинг кўркам ва маҳобатли элчихонаси очилди…

абай

(Лабзакда – элчихона майдонида – буюк қозоқ оқини Абайга улкан ҳайкал ўрнатилди)

Исмат Хушев

Журналист шарҳи

1.

Кейинги пайтларда Тошкентга келаётган чет эл давлати раҳбарларини асосан ташқи ишлар вазири, нари борса бош вазир кутиб оларди.

Ўзбекистон Президенти олий мартабали меҳмонларни протокол бўйича “Дўрмон”даги резиденциясида кутиб олар, расмий сафар тугагандан сўнг эса яна шу ердан эҳтиром билан кузатиб қўяр эди.

Бу ҳозир бутун дунёдаги аксар давлат ва мамлакат раҳбарлари амал қилаётган расмий тамоил.

Лекин Нурсултон Назарбоевга нисбатан ўзбек раҳбари бу протоколни бузишга қарор қилди.

Қозоғистон Президентини Ислом Каримов Тошкент аэропортидаги самолёт пиллапояси ёнида шахсан кутиб олди.

Бу – Марказий Осиё лидерлигига даъвогар бўлган икки мустақил давлат раҳбарларининг ўзъаро иноқ ва ишончли муносбатидан далолат сифатида ширин бир таассурот қолдириши мумкин бир қарашда.

Лекин аслидачи?

Аслини олганда эса Қозоғистон ва Ўзбекистон орасида, хусусан Нурсултон Назарбоев ва Ислом Каримовнинг ўзъаро муносабатида кейинги йилларда ўз ечимини топган аниқ ва равшан жавоблардан кўра сирли ва сукунатли саволлар кўпроқ.

Уларнинг самолёт пиллапояси ёнида бир бирини бағрига маҳкам босиб, қучоқлашларида мен бу гап олдинги  меҳр ва соғинчни сезмадим.

Аэропортдаги бу галги кутиб олиш менинг тасаввуримда сиёсий дипломатик ўйин сифатида таасурот қолдирди. Нега?

2.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Тошкентга қилган бу галги сафари расмий ўзбек матбуотида гарчи “давлатлараро ҳамда минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокамаси учун қулай имконият” сифатида талқин этилса-да, аммо ундаги асосий воқеа Абай ҳайкали ва Қозоғистон элчихонаси очилиши билан боғлиқ бўлди.

Ҳа, Абай кўчасининг бошида Лабзакда Абайга улкан ҳайкал қўйилди.

Ҳайкал ортидаги майдонда Қозоғистон элчихонаси қад ростлади.

У – Тошкент шаҳридаги жамики маъмурий бинолардан улканроқ ва кўркамроқ мўҳташам бир бинога айландики, буни бутун лойиҳа ва архитектура ечими билан Остонадаги Президент саройининг айнан кўчирма нусхаси (аналогияси) десак, муболаға бўлмас…

Мен ҳали Тошкентда эканман, Лабзакдаги қурилиш атрофларини айланиб, жуда тез суратлар билан қад ростлаётган элчихона биносининг  кўзни қамштирувчи оқ мармарли заррин деворларига боқиб, ажиб ҳайратларга ошно бўлган эдим.

Ҳали қуриб битказилмаган бу улкан кошонага боқиб, унинг бугунги қудрат ва маҳобатини тасаввур қила олган эдим ўшанда. Адашмаган эканман.

Бугун Тошкентнинг энг гўзал ва хушманзара гўшаларининг бирида буюк қозоқ оқини Абай Қўнанбоевга ўрнатилган бу ҳайкал ва қурилган бу улкан кошона  —  Қозоғистон ижтимоий сиёсий ҳаётининг, хусусан, Назарбоев асос солган сал кам чорак асрлик довруғли қозоқ салтанатининг ўзига хос тимсоли ёки иньикоси бўлди!

Биз бугун телевизордан кўриб, суратларини томошо қилган бу улкан бунёдкорлик ишлари – Қозоғистоннинг куч ва қудратини кўрсатувчи тимсоллардан бирига  айланди.

Шу кунга қадар биз ҳар куни камтар дастурхонимиздаги қозоқ буғдойининг бетакрор ва ўзига хос ширин таъмига тан берсак, бугун унинг меъморий ва архитектура истеъдодига, моддий қудрат ва имкониятига ҳам тан бердик.

Бундай улкан меъморий иншоотларни, масалан, Қирғизистон ёкиТожикистон, ҳатто Болтиқ бўйи ва Кавказ орти республикалари ҳам қуришини тасаввур қилиб бўлмайди.

Бугун икки давлат раҳбарлари иштирокида очилган бу элчихона – қозоқ ўзбек  дўстигининг азалий кошонаси сифатида қардош халқларимизнинг миннатдор хотирасида абадул абад яшаб қолишига ишонгим келади…

3.

Дарҳақиқат, буюк қозоқ халқининг ўзига хос янги элчихона биноси ва бино олдида – Олатовдай баланд ва муҳташам Абай ҳайкалининг қад ростлаши катта ва унутилмас ҳодиса бўлди.

Шу билан бирга янги қурилган маҳобатли элчихона атрофида паст баланд ва катта кичик шов шувлар ҳам талайгина.

Ўзбекистонда қозоқ халқи ва миллатига мансуб обьектлар, қурилишлар, ижтимоий сиёсий масканлар сўниб бораётган бир пайтда Тошкентда – Қозоғистон қудратини эслатувчи буюк ва ҳайбатли бир машъал порлади.

Кейинги йилларда расмий Тошкент ташаббусидан холи ҳолатда Ўзбекистоннинг бир қанча вилятларидаги қозоқ марказлари, дўстлик масканлари парокандаликка учради.

Бунга Қозоғистондаги бугунги ҳаётнинг оҳанграбодек ўзига тортиш кучи таъсир қилгани ва асосий рол ўйнагани ҳам сир эмас…

Яширмайман, мен бир пайтлар журналист сифатида бу “Оҳанграбодек тортиш”  билан шуғулланганда  Қозоғистон ҳукуматининг Ватанга қайтган ҳар бир қозоқ оиласига оёққа туриб, ўзини ўнглаб олиши учун ўн минг (10 000) АҚШ долларидан “подёмний” пул беришини эшитиб, аввалига рости ишонмаган эдим.

Назарбоевнинг бу хайрли ва савобли ишлари боис кейинги йилларда Ўзбекистоннинг қозоқлар яшайдиган бутун бир районлари деярли бўшаб қолди.

Хусусан, қозоқлар зич жойлашган Қорақалпоғистон Автоном Республикаси ва Навоий вилоятидан Қозоғистонга кўчиб ўтиш катта бир оқимга айланди.

Ана шу жараёнда Қозоғистоннинг Чимкент ва Жамбул вилоятларига кўчиб бориб ҳар бир оила – хўжалик ҳисобига (бир оилада бир неча хўжалик бўлиши мумкин)  40 000,  50 000 АҚШ доллари олган оилалар борлигини биламан.

Нега Ўзбекистон эмас, айнан Қозоғистон ўз халқини Ватанга чақириб оляпти деб савол бериш мумкин Ўзбекистонга қайтиш орзусида юрган баъзи ватандошларим.

Гап шундаки, Қозоғистоннинг бу ёғида бир миллиарддан зиёд аҳолига эга Хитой бўлса, у ёғида бепоён Россия ястаниб ётибди.

Ўз аҳолисининг ниҳоятда кўплигидан  нима қиларини билмай боши қотиб қолган Хитой эрта бир кун Манғишлоқдек эгасиз ерлари ҳаддан зиёд кўп бўлган Қозоғистонга кўз олайтирмайди деб ким кафолат бера олади?

Қозоғистон – ер юзи (территорияси) кенглиги бўйича дунёда олтинчи (6) ўринда. Аҳолиси эса жуда кам. Шунинг учун ҳам ўз ерларини авайлаб асраб, кўркам ва обод сақлаш учун, унга одам керак.

Ростдан ҳам Қозоғистоннинг одам яшамайдиган, Манғишлоқдек ҳаддан ташқари эгасиз ерлари кўп…

Муроджон Мансуровнинг бир романи ҳам бор эди. Геологлар оиласи тимсолида  беҳудуд ва кимсасиз чўлда йўқолиб кетган одамлар тақдирини беришга ҳаракат қилган…

4.

Дарвоқе, Абай ҳайкали ҳақида.

Абай кўчасининг бошида – Лабзакда  — “Ленинград” меҳмонхонасига туташган жойда Абайга улкан ҳайкал қўйилди.

Йўқ, “Ленинград” меҳмонхонаси эмас, узр. Унинг номи ҳозир “”Осиё” деб ўзгартирилган. Умуман бизда кейинги йилларда номи ўзгармаган жой қолмади ҳисоб.

Ҳар бир бино ва иншоот айтиш мумкинки ўз даврининг фарзанди. Ўтган замондан келгуси замонга ёки боболардан фарзандларга меросдир.

Қизиқ, ўтган замонларнинг фарзандлари номини замон руҳига мослаб ёппасига ўзгартираверсак қандай бўларкин? Қандай таассурот қолади одамлар назарида?

Эчки ёки қўйга белги солгандай қилиб “Москва”ни – “Чорсу”, “Ленинград”ни “Осиё” қилиб қўйдик. “Иван”ни – “Эшмурод” қилдик, “Анатолий” – “Тўхтамурод” бўлди…

Нима фарқи бор, тарихий бинолар замоннинг руҳини эслатиб тураверса бўлмасмиди?

Ҳатто шахсан Москва, Украина ва Белоруссия маблағларига қурилган “Москва”. “Украина”, “Белорус” гастрономлари эшматвой ва тошматвой қилиб ўзгартирилди.

Бир замонлар иттифоқ маҳсулотларидан  пештахталари лопиллаб турган бу савдо масканлари бугун деярли бўм бўш бўлиб қолди.

Харидорга магазиннинг – у ёки бу савдо ўчоғининг номи қандай аталиши муҳимми ёки унинг маҳсулотга бойлиги ва тўлалигими?

Ёки гап меҳмонхоналарнинг номидами ёки мазмунидами? Чунки “Москва” меҳмонхонаси номи “Чорсу” қилиб ўзгартирилганидан бўён дарвозасига каттакон қулф осиқлик, деразаларидан гувиллаб шамол кириб ётибди.

Туркларга арзон сотиб қўйилди деб улардан қайтариб тортиб олингач юз берган шармандали ҳол бу…

“Россия” меҳмонхонасининг ҳам номи ўзгарди. Ваҳоланки, Эшмат ва Тошмат каби ўзбек лўғатидан ном топилмади шекилли, унга “Мир гранд” деб ном қўйилди.

“Саёҳат” меҳмонхонаси номини ўзгартиришга навбат етмади шекилли, ҳозирча бу даргоҳ ўз ҳолича турибди…

5.

Зангори экрандан икки давлат раҳбарлари ўтказган матбуот анжуманини кўриб беихтиёр чўчиб турдим.

Дейлик, Ислом Каримов билан Нурсултон Назарбоев ачом-қучом қилиб, хушнуд бир кайфият билан матбуот анжумани ўтказиб турган бир пайтда бирорта азамат журналист ўрнидан туриб Собир Раҳимовни сўраб қолса нима бўларди?

Хайрият ҳеч ким буни сўрамади. Ислом Каримов енгил тин олиб матубот анжуманини тугатаркан, у ҳам қалтис саволлар бўлишини кутганлигини сездим.

Лекин бундай саволлар берилмади.

Нега унинг ҳайкалини Тошкентдан суғуриб ташладик. Унинг гуноҳи нимада?

Яна бир гап.

Қозоқлар жуда андишали ва ориятли халқ экан.

Собир Раҳимовнинг Тошкентдан ҳайкали олиб ташлангандан кўп ўтмай жасоратли ўзбек генералига Чимкент вилоятининг қоқ марказида маҳобатли ҳайкал ўрнатилди…

Лекин ҳайкални ўрнатаркан, инсофли ва  диёнатли қозоқлар бир оғиз ҳам бизга маломат тошини отишмади.

Баъзан ғазабим ичимга сиғмай кетади. Ким Президентни чалғитаяпти? Бу қайси нодоннинг иши?

Кўп миллатли ва элатли мамлакатда шундай бемаъни сиёсат олиб бориш мумкинми?

Ўзбекистон республикаси фақат ўзбекларники деган гап нотўғри!

Ўзбекистондаги барча миллат ва элатлар Ватанга нисбатан тенг ҳуқуқли бўлиши керак!

Буни яхши биламиз ва айтишдан чарчамаймиз.

Лекин амалда ўзбек зиёлиларининг бошини ёнғоқдек чақиб келяпти бу нодон сиёсат.

Бизда бир иш қилинса сабаби айтилмайди, изоҳ берилмайди.

Фақат матбуотда Сенатнинг манбаси номаълум, сирли ва ғалати  Қарори эълон қилинади, холос:  “Шу туманнинг аҳолиси талаб ва истакларини ҳисобга олиб, мазкур аҳоли яшайдиган ҳудудга фалончининг номини олиб, пистончининг номини қўйишга қарор қилинди…”

Эътибор беринг: “Шу туманнинг аҳолиси талаб ва истакларини ҳисобга олиб…”

Туман аҳолиси ҳам конкрет шахслардан иборат бўлиши керак-ку. Конкрет бир маҳалла ёки район шундай  бир бемаъни таклиф қилган экан, нега бунинг манбасини очиқ ойдин айтиб ошкор қилиш мумкин эмас?

Ахир бундай нозик масалалар аввало умумхалқ муҳокамасига чиқарилиб, кейин ақл ва идрок билан, оғир босиқ, вазмин ҳолатда ҳал қилиниши керак эмасми?

Бир пайтлар юздан зиёд миллат ва элатлари бор бўлган бўлган каттакон бир оиладан ажралиб, энди мустақил бўлдик деб истаган беманигарчиликни қилиш мумкин деб ўйлаганлар хато қилишади.

Улуғ Ватан урушида халқим деб, Ватаним деб жон фидо қилган бир инсоннинг номи ўз Ватанидан ноҳақ ўчирилса, бир пайтлар эҳтиром кўрсатиб қўйлган ҳайкали қўпориб ташланса ва бунга жиддий бир изоҳ берилмаса, бу не ноҳақлик ва не кўргулик бу?

Халқаро ва миллатлараро муносабатларга бу калтабин сиёсат ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.

Қозоғизстон ҳеч бир маломат ва изоҳсиз Чимкентнинг энг кўркам майдонларининг бирини Собир Раҳимов номи билан атаб, унга Тошкентдагидан ҳам улкан ва байҳабат ҳайкал ўрнатди.

Яқинда Тошкентда бўлганимда қозоғистонлик дўстларимнинг докторлик ҳимоясида иштирок этиш учун уч кунлик сафар билан Сайрамга борган эдим. Йўл йўлакай Чимкентга ҳам кириб генерал Собир Раҳимов ҳайкалини ўз кўзим билан кўриб, зиёрат қилдим.

Мен Чимкентда кўрган ўша манзара то ҳануз кўз ўнгимда сақланиб қолган. Унда эски ва жангговор шинелини елкасига ташлаб олган ғуссали ўзбек генерали узоқ узоқларга боқиб турарди.

Бу ҳолни кўрдиму, томоғимга аччиқ бир нарса келиб тиқилгандай бўлди.

Во ажаб! Ўз юртидан ҳеч бир изоҳсиз бадарға қилинган Собир Раҳимов узоқ узоқларга эмас, агар яхшироқ разм солсангиз айнан Тошкентга, ажиб бир хаёл ва ўкинч билан ўзи туғилиб ўсган она Ўзбекистонга ўйчан ва маъюс, айтиш мумкинки дардли боқиб турганини илғашингиз мумкин…

Биринчи ўзбек генерали Собир Раҳимов бизга нима ёмонлик қилган эди?

Ўзбекистон раҳбарига шунақанги бемаъни ғояларни ташвиқ қилаётган ғоявий маслаҳатчилар Президентнинг қулоғига эртадан кечгача шивир шивир қилиш ўрнига, майдонга ёки матбуотга чиқиб халққа изоҳ беришлари керак!

6.

Ҳар бир замон – ўзи қурган ва ўзи бунёд этган бино ва иншоотларда ўзини ва ўз даврининг номлари ва белгиларини ўчиришга шошмаслиги керак.

Кейинги пайтларда “Халқлар дўстлиги” саройини – “Истиқлол” деб, шу номдаги шоҳ кўчани -“Бунёдкор” деб ўзгартириш каби асоссиз шошма шоширликларга йўл қўйилди.

Бу бемаъни ишлар халқимиз томонидан ижобий қабул қилинмади. Жамоатчилик бунга кўникмаяпти…

Биз Абай ҳайкали ҳақида гаплашаётган эдик.

Дарвоқе, ҳайкаллар ҳақида.

Бир пайтлар Тошкентда Ленин ҳайкалидан улкан ва маҳобатли ҳайкал йўқ эди. Давр ва тузимлар ўзгариб, эгасидан кейин бу ҳайкалнинг ўзи ҳам йўқликка йўл олди.

Ленин ҳайкалини бутун республикадаги ном поми билан биринчи бўлиб  суғурган эдик.

Ҳолбуки бизга болаликдан:

“Ўқинг аъло,

Бўлинг доно”

деб тўғри йўлни кўрсатган, бизга яхши насиҳатлар қилган донишманд бобомизни бир зумда  ер билан яксон қилдик.

Қайсидир СНГ давлатларида бу каби ҳайкалларга  аввалгидай кунда таъзим бажо қилинмаса-да, улар ўз даврининг қадриятлари сифатида ҳануз иззат ва этиборда.

Калинин ҳайкали ва майдони ҳам бор эди Эски жувада.

Сўнг Джержинский, Фрунзе, Куйбишевларга навбат келди. Уларни ҳам Ленинни кўмган қабристонга олиб бориб кўмдик.

Ҳатто бир нарсадан қуриқ қолгандай чўлтоқ ҳассаси билан лўккиллаб қаёққадир югуриб кетаётган улуғ пролетар ёзувчиси Максим Горький ҳам ўзи билиб билмай, беихтиёр уларнинг ортидан йўл олди…

Ажаб, ўзбек ўз хўжасининг кўнглини олай деб бир ишга киришса шу қадар астойдил киришадики, асли сўраманг.

Мулозимларимиз бошқа миллатга тааллуқли ҳайкалларни қўпоришга қизишиб кетиб, беихтиёр сўраб нетиб ўтирмай ўзимизникиларни ҳам йўқ қилиб юборишганларини сезмай қолишди.

Республика оқсоқоли Йўлдош Охунбобоев ҳайкали бир кечада гум бўлди.

Олдин, Акмал Икромов ҳайкали бор эди Акмал Икромов районида, Собир Раҳимов ҳайкали бор эди Собир Раҳимов районида.  Уларни ҳам номлари билан бирга суғуриб ташладик…

Кейин навбат ёзувчиларга келди.

Ҳатто маърифатпарвар ва ҳур фикрлилиги учун бир пайтлар тошбўрон қилинган оташин инқилобий шоир ва драматург Ҳамза ҳам бизнинг кунларда қайтадан мустақиллик тошбўронига учради. Унинг Ҳамза районидаги ҳайкали ҳам негадир олиб ташланди.

Ҳатто Усмон Юсупов ва ниҳоят қаҳрамонимиз Собир Раҳимов ҳам аяб ўтирилмади.

Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.

Бир туркум коммунист арбоблар ҳеч бир сўроқсиз дорга осилиб турган бир пайтда саксонинчи йилларда обрў эътибори ер билан битта қилинган Шароф Рашидовга шаҳар марказида қайтадан бюст қўйилди…

Бундай масалалар албатта қайсидир мезонда халқ муҳокамасидан ўтиши керак. Референдум қилиш балки шарт эмасдир. Шаҳар сессияси бор, Республика депутатлари палатаси бор, Сенат бор.

Бугун кўмиб,  эртага қўпораверсак қандай бўларкин?

Ҳар бир давр арбобларининг кайфиятига қараб иш тутаверсак, тарихий қадриятларни асраб авайлашда кечириб бўлмас хатоликлар келиб чиқиши турган гап.

Дарвоқе, биз куни кеча Лабзакда очилган буюк қозоқ оқинининг улкан ва маҳобатли ҳайкали ҳақида гаплашаётган эдик.

Ҳозир Ўзбекистонда  Абай билан бўйлашадиган ҳайкал қолмади…

7.

Хуллас, Назарбоев ҳеч қандай ташвиқот ва тарғиботсиз мустақил Қозоғистоннинг бугунги бўю, бастини яққол кўрсатувчи қудрат тимсоли сифатида муҳташам ва кўркам элчихона биносини Тошкентнинг қоқ марказида кўз кўз қилиб қурди.

Буюк саркарда Амир Темурнинг “Бизнинг кимлигимизни билмоқчи бўлсанг, биз қурган иморатларга нигоҳ ташла!” деган ҳикматли гапларини эсладим беихтиёр қозоқларнинг Тошкентда янги қурган элчихонасини кўриб…

Қозоқ ва ўзбек халқларининг дўстлиги мустаҳкам ва абадий илдизларга эга.

Узоққа бориб ўтирмайлик, биргина Ғафур Ғулом билан Собит Муқоновнинг сўзларини эслаш кифоя. Бу гапларда катта  ҳикмат бор.

Бу дўстлик атрофида мустақиллик йилларида жуда кўп сўзлар бўляпти.

Лекин яшириб нима қиламиз, чорак асрдан бўён баландпарвоз гаплардан амалий ишга ўтиш жуда оғир кечаяпти.

Биргина Собир Раҳимов ҳайкалига бўлган тушунарсиз муносбатни олиб кўрайлик.

Кимнингдир ўйламай қўйган бу ножўя қадами ўзбек халқининг елкасида маломат юки бўлиб турибди.

Ўзбекистон хали бунга етарлича изоҳ беролгани йўқ. Қозоқ бўлгани учун десак, уят. Бошқа гуноҳини изоҳлаб беролмаяпмиз.

Бу Президент атрофидаги тасодифий ва ғоявий “доҳийлар”нинг иши. Уларнинг бу “доҳийлиги” ҳали бизга жуда қимматга тушиши мумкин.

Биз жим турган, ўйламай босилган бу қадамга жавоб беролмай лол қотиб турган бир пайтда қозоқлар ўз сўзини айта билди: Чимкентнинг қоқ марказида ўз юртидан – Ўзбекистондан қувилган ўзбек қаҳрамонига атаб муносиб ҳайкал ўрнатишди.

Бу калтабин ўзбек сиёсатчиларининг ҳатти ҳаракатига  берилган энг яхши ва мукаммал жавоб бўлди!

8.

Майли, яхши ва умидли гаплардан ҳам гаплашайлик.

Назарбоевни Каримов томонидан Тошкент аэропортида эҳтиром билан кутиб олиниши барибир кўнгилларга илиқ бир туйғу, ишонч уйғотди.

Бу икки жасоратли ва улуғ йўлбошчи сал кам чорак асрдан бўён шу икки қардош халқ дарду ташвишини, орзу умидини ўз елкаларида баҳоли қудрат кўтариб келишяпти.

Йўлбошчилик эса ҳеч қачон осон бўлмаган!

Шу икки халқ ор номуси, шон шуҳрати, давлат Қомуси ва Байроғи уларнинг қўлида.

Бир замонлар Кўнаев ва Рашидов ҳам бу байроқни имкон даражасида баланд кўтаришга муваффақ бўлишганди.

Худди кечагидек ёдимда:

1992 йил ноябрь ойида – ўша пайтда “Ўзбекистон овози” газетаси Бош муҳаррири Шароф Убайдуллаев ташаббуси билан ташкил этилган матбуот анжуманида Шароф Рашидовнинг 75 йиллик юбилейи муносабати билан Тошкентга ҳаммадан олдин келган Динмуҳаммад Кўнаев ўзбек журналистлари билан бўлиб ўтган матбуот конференциясида сўзга чиқиб, шундай деган эди:

Мен Шароф Рашидовнинг бир оғиз илтимосига кўра бир миллион гектарлик Бўстонлиқ районини тоғу тошлари ва еру сувлари билан ва ҳатто эл улуси билан Ўзбекистонга тақдим этган эдим. Шароф Рашидовнинг икки халқ келажагини ўйлаб, узоқни кўзлаб айтган бир оғиз сўзи билан биз шундай қарорга келган эдик!

Бугунги кунда мана шундай амалий қадамларни қўйишда ўта сустлик кўзга ташланади.

Қаранг, бир пайтлар бир миллион гектарлик ерни бизга берган қозоқларга биз Катта Ўзбек Трактининг Чиноз Сирдарё ва Жиззах қисмидаги дунё харитасига кирган арзимаган автомоиль йўлини 25 йилдан бўён на бериш ва на бермаслигимизни билмай, сан салорликка йўл қўйиб юрганимиз уят эмасми?

Ё бериш керак, ё очиш керак бу йўлни! Нимасини ўйлаймиз 25 йилдан бўён. Уят эмасми?

Ёки  Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг минг километрлаб чўзилган чегара ҳудудларида шу кунларда юз бераётган нохуш ва шармандали аҳвол бу икки халқнинг минг йиллик тарихида ҳам бўлган эмас.

Бунга ўхшаш нохуш ҳоллар талайгина.

Эндиги масала буларнинг газак олиб кетишига, ортиқ такрорланишига йўл қўймаслик.

Марказий Осиёда бугун Қозоғистон ва Ўзбекистон табиийки – бўйи бўйига тенг Чотқол ва Олатовдек қадди баланд қўш чинорлардир.

Бу икки  буюк ва қудратли давлатнинг қўлни қўлга бериб, елкама елка туриши уларнинг дунё харитасидаги ўрнини шак шубҳасиз безайди.

Улар иккалови бирлашса, дунё хартасида ўзларига нуфузли ўрин ва муҳим стратегик аҳамият касб этиши турган гап.

Аэропортда бир бирини кутиб олиш ва кузатиб қўйишлар ўз йўлига. Энг муҳими биз тилга олган муаммоларни ҳал этишда гап.

9.

Яна матбуот анжуманига қайтсак.

Бизда ҳамма нарса силлиқ. Биз оппозицион руҳдаги саволлардан абадий қутулганмиз.

Лекин Қозоғистонда бундай эмас. У ерда ҳақиқий мухолиф партиялар, давлат раҳбарининг юзи, кўзи демай истаган қалтис саволини берадиган мухбирлар бор.

У ерда  дунёнинг етакчи оммавий ахборот воситалари журналистлари фаолият олиб боришади.

Улар одатда Назарбоевни аяб ўтиришмайди.

Агар биз бугун Тошкентдаги матубот анжуманини хаёлан Остонага кўчирсак, у ерда Ислом Каримовга берилиши муқаррар бўлган бир қатор жиддий саволлар томоққа тиқилган суяк бўлиши мумкинлигини беихтиёр англаб етамиз.

Бу саволлар нималардан иборат бўлиши мумкин?

Собир Раҳимов номи ва ҳайкалининг қўпорилиши, Қозоқ ўзбек чегарасида минг минг ўзбек тупроқ ялаб, ўз чегарасидан чиқиб кетолмай боши тошга тегиб ётганлиги, арзимаган бир неча қарич ер учун Тошкент Сирдарё Жиззах ҳудудидаги Катта Ўзбек Трактининг чегара йўли 25 йилдан бўён фойдаланилмай сансалор бўлиб ётганлиги каби қатор оғриқли  саволлардан иборат бўлиши мумкин.

Маслаҳатни бошқалар берган. Негаки мен бу бемаъни ғоялар Президентдан чиққанига ишонмайман!

Лекин бу қалтис саволлар кўтарилганда бу масалаҳатчилар четда қолишади ва уларга жавоб бериш биринчи шахсан раҳбарнинг зиммасига тушади.

Бизнинг ғоявий масалаҳатчиларимиз эса бундай пайтда ҳар қачонгидек яна панада бўлишади.

Ҳар бир нозик масалани ўзларича “доҳиёна” ҳал қилаётган ғоявий “донишманд”лар аввало ўз халқига ҳисоб бериши керак.

Агар юқорида биз тилга олган муаммолар қандай юзага келгани ўз пайтида ечиб берилганида эди бу муаммолар бугунги даражада аланга олмас эди.

Ваҳоланки бу масалалар ва бу саволлар Ўзбекистонда то ҳануз жуда кўпчиликнинг юрагида   оғриқли бир тутун бўлиб тутаб ётибди…

10.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев билан Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўтган асрнинг саксонинчи йиллар охирларида олдинма кейин ҳокимиятга келишган.

Қозоғистонда бир муддат раҳбарлик қилган Москванинг номзоди Колбинга қарши қозоқлар бош кўтаргандан кейин, бу исён танклар билан бостирилган оғир ва фожиали пайтда Назарбоев ҳокимиятга келган бўлса, Фарғонада туркларга қарши қилинган қатлиом туфайли зудлик билан Москвага чақириб олинган Нишонов ўрнига Ислом Каримов Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари этиб тайинланган эди.

Иккалови ҳам КПСС Марказий Комитети Сиёсий Бюроси қўллови ва қарори билан аввал компартияларнинг биринчи секретари, кейинчалик эса бирин кетин мустақил давлат Президентлари этиб сайландилар.

Ажаб, аллақачон орадан бир бирини қувиб сал кам чорак аср вақт ўтиб кетибди.

Айтиш мумкинки, Марказий Осиёда бир бири билан рақобат қилиши мумкин бўлган ва   минтақа лидерлигига даъвогар давлат ҳам шу иккови.

Ўтган салкам чорак аср мобайнида   Марказий Осиё давлатларининг Қозоғистон ва Ўзбекистондан бошқа деярли барчасида Президентлар бирин кетин алмашиб кетди. Лекин бу икки давлат раҳбарлари ҳануз бошқарув жиловини бировга берганлари йўқ.

Бугун уларнинг иккалови ҳам етмишлардан ошиб қолишди. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Ислом Каримов (1938) – 75 да, Нурсултон Назарбоев (1940) – 73 да!

Ўтган бу йилларда ҳар иккала мустақил давлат ҳам оламшумул ва тарихий ютуқларни қўлга киритди.

Лекин икки қўлимизни кўксимизга қўйиб, соф виждон билан айтишмиз керак: Қозоғистон жуда кўп масалаларда Ўзбекистондан анча илгарилаб кетгани ҳам сир эмас.

Бугун ҳар бир қозоқ хонадонида биттадан ўзбек – хизматда, биттадан ўзбечка – “иззатда” деган аччиқ ва кинояли гапда ҳам маълум маънода жон бор.

Мен яқинда Тошкентга борганимда Москвада бирга ўқиган дўстимнинг докторлик ҳимоясида иштирок этиш учун Сайрамга сафар қилганимни муқаддам айтган эдим. Ўшанда мен қозоқлар бир бирини кўрганда ҳол аҳвол сўрашиб бўлгандан кейинги қўшимча савол жавобларига эътибор қилдим.

Улар бир бири билан: “Санда ҳозир нечта “қул бор” деб сўрашаркан. Бу дегани хонадонингда нечта ўзбек қулликда дегани экан.

Бугун ҳар бир қозоқнинг бой бадавлатлик даражаси ҳам асосан мана шу мезон билан ўлчаниб, баҳоланаркан…

Иқтисодда, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг бошқа жабҳаларида ҳам Қозоғистон биздан анча илгарилаб кетди.

Лекин Ислом Каримов ҳеч қачон буни тан олмаган ва тан олишни истамайди ҳам.

Бу икки раҳбар бир бирларига яхши муносабат қилиб, ўзъаро “дипломатия”ни сақлаганлари билан давлатларимиз орасидаги низо ва келишмовчиликлардан халқларимиз яхши хабардор.

Биз улар ҳақида юқорида баҳоли қудрат айтиб ўтдик.

Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев у ёки бу байрам муносабати билан бир бирларига мустаҳкам соғлиқ тилаб табрик телеграммаси йўлларкан, айни пайтда ҳар иккала давлат чекистлари ва хуфия хизмати идоралари бу икки Президент соғлиғи ҳақидаги турли миш мишларни кечаю кундуз  аниқлаш ва текшириш билан банд…

Бир сўз билан айтганда, Қозоғистон билан Ўзбекистон муносабатлари ҳеч қачон самимий бўлмаган.

Мен ҳали Ислом Каримовга яқин бўлиб юрганда ҳам Назарбоев Тошкентга жуда кўп келарди. Ва ҳар гал аэропортдаёқ улар матбуот анжумани ўтказиб, бир бирларини мақташни бошлаб юборишарди. Лекин мақташдан – амалий ишга ўтиш қийин кечарди…

Бундай кутиб олиш ва кузатиб қўйишларда баъзан мен ҳам иштирок этиб қолардим. (Сурат берилади)

И.Хушев, И Каримов, Назарбаев

Суратда: журналист Исмат Хушев (орқа планда) Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев билан Тошкент аэропортида, 1993 йил.  

Ислом аканинг қизиқ бир одати бор эди. Ҳар гал бирорта қўшни далат раҳбари бизга келаркан, унинг шарафига ўша миллатга алоқадор кимнидир юқори давлат лавозимига тайинлаб, сўнг уни олий мартабали меҳмон тилида роса мақтаб гапиртирарди…

Эсимда, ҳали барҳаёт Ҳайдар Алиев шарафига асли ўзбекистонлик Ойдин Азимов Озарбойжоннинг Ўзбекистондаги элчиси бўлди.

Асқар Акаев шарафига қирғиз тилини яхши билган Аҳмаджон Мелибоев Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланди.

Нурсултон Назарбоев ҳурматига асли қозоқ миллатига мансуб Турсунхон Худойберганов аввал Ўзбекистон Президентининг ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва куч ишлатар тизимлари бўйича, сўнг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимлари билан сийланди.

Бу мулозимларнинг ҳар уччалови ҳам ўша давлат раҳбарлари келган пайтда берилган зиёфат ва банкетларда қадаҳ кўтариб, ўз она тилларида нутқ ирод этганларида меҳмонларнинг қувонч ва ҳаяжонларини кўриш Ислом Каримовга хуш ёқар эди.

Кейин бу одат ҳам ўз самарасини бермаган шекилли, ҳозир бу мулозимларнинг уччалови ҳам  лавозимларидан бўшатилган…

Фарғонадан бир корейс олиб келинган эди. Баҳатбат корйс Жанубий Борганда)

Чжен маҳаллий саноат министри бўлди бир икки корейслар келган да кўринди.

Биз бугун бир бири билан қучоқлашиб кўришаётган Марказий Осиё лидерларига ҳурматимизни сақлаган ҳолда, ҳаётнинг бу ажиб ҳақиқатларини ҳам очиқ ойдин эътироф этишимиз керак бўлади…

Ислом Каримовнинг аэропортга чиқиб қозоқ ҳамкасбини кутиб олишида мен самимиятни сезмадим деганда ана шу очиқ, лекин аччиқ ҳақиқатларни назарда тутган эдим…

Яна бир гап. Қозоғистон ҳеч қачон Ўзбекистонни ва унинг Президентини тан олмаган. Олдин жуда қаттиқ инкор бор эди.

Куни кеча Қозоғистон Президенти Тошкентда туриб айтган мана бу гаплар эса мен учун жуда катта янгилик бўлди: “Ўзбекистон – бугун Марказий Осиёда энг буюк ва қудратли давлат!” деди Нурсултон Назарбоев мийиғида кулиб.

Қозоқларнинг содда эмаслигини, улар ҳар бир гапни, хусусан, Ўзбекистон ҳақидагини олдин етти ўйлаб, кейин айтишини ҳисобга олсак, бу ерда қандай сир бўлиши мумкин?

Менинг назаримда йигирма беш йилга яқин вақт бир бири билан рақобат қилиб келган бу икки лидер ниҳоят бир бирларини қўллаш лозимлигини англаб етишган кўринади.

Энди Ислом Каримов ҳам Остонага борса бутун жаҳон оммавий ахборот воситалари олдида айни гапни айтиши керак.

Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.

Бу иккала кекса сиёсатчилар шу пайтга қадар бири бирини доим инкор этсалар-да, лекин энди улар бир бирига суяниши лозимлигини ниҳоят англаб етган кўринадилар.

Агар, худо кўрсатмасин, Марказий Осиёда ҳам араб дунёсидаги шамоллар эсгудай ва довуллари етиб келгудай бўлса, президентлик муддати (срок) ни чўзишда бир бирига “устоз” бўлиб келган бу икки тажрибали ва ҳушёр лидернинг ҳар иккаласи ҳам бу қоядан баб-баравар қулаши мумкинлигини яхши билади. Ёки бирининг   қулаши — иккинчисини ҳам олиб кетиши турган гап. Қўшчиноарларнинг тақдири доимо шундай бўлган. Илдизлари омонатгина бўлиб турган бу икки чинорнинг аҳволи эса ўзингизга маълум.

Акс ҳолда ўз дунёсида ўзларини энг буюк деб биладиган бу икки арбоб, буюк санайдиган  бу икки чинор — шоҳлик салтанатига қандай келган бўлсалар, худди шундай кутилмаганда баб баравар қулашлари мумкин.

Бу икки қўшчинорлар атрофида, афсуски, барги хазон мўл бўлади…

“Дунё ўзбеклари” изоҳи:

Аслида бу сиёсий шарҳни расмий Тошкентнинг  акамиз ва устозимиз Маматқул Ҳазратқулов бош бўлган Ўзбекистон Ахборот Агентлиги (ЎзА) ёзиши керак эди.

Лекин уларнинг бу мавзудаги берган расмий мақолаларини ўқиб, биз уларда оддий бир хабар кўрдик, холос. Лекин журналистиканинг энг муҳим мезонларидан бири – таҳлилни кўрмадик.

Шунинг учун ҳам олис Канададан туриб ўзимиз баҳоли қудрат уларнинг вазифасини бажаришга  ҳаракат қилдик.

Буни қай даражада уддалаганимизни эса зукко ўқувчилар ҳал қилиши лозим, расмий идоралар эмас…

Хушев Назарбоев ва Каримов билан

Суратда: журналист Исмат Хушев (орқа планда) Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев билан Тошкент аэропортида, 1993 йил.

 

15 июнь, 2013 йил, Торонто шаҳри, Канада.

2 комментария к «Исмат Хушев: Қўшчинорлар (Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатларига бир назар)»
  1. Хурматли Исмат ака! Ушбу долзарб маколани кайтадан нашр килиб жуда тугри килибсиз. Ва албатта ушбу харакатингиз билан халкимизнинг фикрини, муносабатини ва мулохазасини билиш умидингиз хали хам сунмаганлигини билдирдингиз. Аммо афсус ва надоматлар булгайким, бизнинг халкимиз, бир неча ун миллиондан ортик булса хам, 3-4 тагина инсонларни демасангиз, колганларни келажак хаётимиз, эртанги кунимиз, Ватан ва халкимиз такдири умуман кизиктирмайди. Ёзилаётган шархларнинг аксарияти олди-кочди гаплар ва бугунги реал хаётимизга хеч кандай алокаси хам таъсири хам йукдир. Бундан бир аср мукаддам, интернет ва ОАВ, ТВ, радио ривожланмаган бир даврдаги аждодларимиз биздан кура тирикрок булишган, уз Ватанини биздан кура минг чандон купрок яхши куришган. Бугунги кунга келиб эса КУШЧИНОР ибораси уринсиз булиб колди ва буни тан олишимиз лозим. Ортикча чираниш, белга зиён; яъни «Зури бехуда, миёна мешиканад»! Холбуки бизнинг чинор Марказий Осиё минтакасидаги энг бакувват ва баланд, энг куркам ва мухташам чинор була олар эди!!!Битта ва бир нечта аммоси булмаса эди. Бизнинг чинордан, жуда куплаб шох ва шохчалари аёвсиз таланиб, курт ва кумурскалар томонидан, Бури ва Шоколлар томонидан таланиб, узга элларда кайта экилди ва экиб келинмокда. Албатта ушбу номардлик ва халк мулкини талон тарож килаётган виждонсиз ва шон-шарафсиз, Ватанимиз ва халкимиз, давлатимиз ва Конституциямизни менсимайдиган нопок кимсаларни аёвсиз жазоланишини Республика Бош Прокурори Рашитжон Кодировдан, Олий Суд Раиси Буритош Мустафоевдан ва ИИВ рахбариятидан сураб коламиз. Шундай килингизларки, ушбу нопок кимсалар, жигилдонлари кийналганидан уз мансаб вазифаларини тарк этишсин, Латвия, АКШ, ИСПАНИЯ, ФРАНЦИЯ ва дунёнинг бошка элларидан олган кучмас мулкларини узлари кайтариб юртимиз хазинасини обод килишсин. Узбекистон халки сиз, учалангизга умид кузи билан караб турибди. Ана шунда биз КУЧИНОР була оламиз, акс холда эса ЧИНОРНИНГ тагида усадиган алаф булиб колиб кетамиз!!! Яна бир бор офарин сизга Исмат ака! Халкимизни ухлаб колишига йул берманг, Чинор буламан деган эл, кукка буй чузиши, туну кун тинмасдан усиб-униши лозим!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *