Исмат Хушев: Президентликми, Подшоликми? (Ўзбекистон Президентликдан Подшоликка ўтиши мумкин)
Ўзбекистон Президентликдан Подшоликка ўтиши мумкин
Унда вилоятларда – Хон, пойтахтда – Ҳоқон пайдо бўлади…
Исмат Хушев,
Журналист шарҳи
1.
“Туркистон” газетаси Ўзбекистон матбуоти тарихида биринчи маротаба Президент Ислом Каримовни “Подшоҳ” деб тилга олди, лекин ундан нарига ўтмади.
Дунё матбуоти “Узметроном” сайтига таяниб бу ҳақда хабар бераркан, давлат раҳбарларини “Туркманбоши”, “Елбаси”, “Хон”, “Подшоҳ” “Ҳазрати Олийлари” каби иборалар билан аташ Марказий Осиё республикалари учун одатий ҳолга айланди деб ёзди.
Жамиятимизда кейинги пайтлардаги ишлатиладиган сиёсий ибораларни эътиборга оладиган бўлсак, ўзбекларга бундай атамаларнинг ҳеч қандай янгилиги йўқ ва улар бунга аҳамият бермаслиги мумкин.
Лекин бизнингча, бу масала жуда жиддий, кенгроқ ва синчковлик билан таҳлил қилишга арзийди.
2.
Тўқсонинчи йиллар бошида, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов обрў эътиборлари ниҳоятда баланд ва у киши раҳбарлиги билан боғлиқ ўзбек халқининг орзу умидлар жуда чексиз эди.
Пошшоликка яқинлигим боис ўша пайтларда давлат бошқарувидаги маслаҳат ва қарорлардан, ташкилотчилик ва фаоллик кўламидан, Олий раҳбариятдаги умумий кайфият ва руҳиятдан яхши хабардор эдим.
3.
Маълумки, Ислом Каримов 1989 йилнинг 23 июнь куни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари этиб сайланган, аниқроғи тайинланган эди.
1990 йилнинг мартида эса Олий Кенгаш сессияси Совет Иттифоқи республикалари орасида биринчи бўлиб у кишини Ўзбекистон Президенти этиб сайлади.
Шундан сўнг Ислом ака уч маротаба – (1991 йил декабрида, 2000 йил январида ва 2007 йил декабрида) умумхалқ сайловида Ўзбекистон Президенти этиб сайландилар.
Шу учала умумхалқ сайлови арафасида ҳар гал Олий Кенгашда Ислом Каримовни умрбод Президент этиб сайлаш масаласини кўтармоқчи бўлган депутатлар бўлган. Бунга туртки берган воқеа ва ҳодисалар ҳам йўқ эмас эди.
Масалан, Америка Қўшма Штатлари 1991 йил 25 декабрда Ўзбекистон мустақиллигини тан олиб, 1992 йилнинг март ойида Тошкентда ўз элчихонасини очади.
Шу муносабат билан АҚШ Президенти номидан Ислом Каримовга йўлланган табрик хати қуйидаги сўзлар билан бошланган эди:
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Жаноби Олийларига!
Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари!…»
Шунингдек, Ислом Каримов 1991 йил декабридаги умумхалқ сайловида Муҳаммад Солиҳни мутлақ кўп овоз билан ортда қолдириб биринчи маротаба Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан сўнг 1992 йилнинг мустақиллик байрами арафасида Хитой Халқ Республикаси Раиси номидан келган табрик хати ҳам айни сўзлар билан бошланган эди:
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Жаноби Олийларига!
Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари!…»
Бу Ислом Каримов расман давлат раҳбари этиб сайланганидан сўнг дунёнинг энг қудратли икки давлат раҳбаридан келган табрикномалар эди.
Бу қутловларда Ислом Каримов биринчи маротаба «Жаноби Олийлари» деб тилга олинади…
Худди кечагидай ёдимда: Мазкур табрикномалар расмий матбуотда эълон қилиниб, Ўзбекистон телевидениясининг «Ахборот»идан ўқиб эшиттирилганидан кейин Олий Мажлиснинг баъзи депутатлари Ислом Каримовни умрбод Президент қилиб сайлаш ташаббуси билан чиққан эдилар.
Бошқача айтганда улар Ислом акани ўшандаёқ Ўзбекистон Подшоси деб эълон қилиш тарафдори бўлган эдилар.
Булар Қашқадарё уруш ва меҳнат ветеранлар кенгаши раиси Сойиб Усмонов, сурхондарёлик машҳур колхоз раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Файзуллаев ва бошқалар.
Хоразм вилоят ҳокими Маркс Жуманиёзов, Қашқадарё вилоят ҳокими Темур Хидиров, Бухоро вилоят ҳокими Дамир Ёдгоров, Фарғона вилоят ҳокими Мирзажон Исломов ва Наманган вилоят ҳокими Рапиғали Бургуталиевлар ҳам бу масалани сессиялар кун тартибига киритишни қайта қайта кўтариб чиққанлари ёдимда.
Ҳолбуки, рамзий референдум ёки Олий Мажлис қарори билан Ўзбекистон Конституциясига бир зумда ўзгартишлар киритиб бу ташаббусни бемалол дастурий қонунга айлантириш мумкин эди.
Ислом ака ҳар гал ташаббусчиларга миннатдорчилик билдириб бу масалани сессия кун тартибига киритмасликни тавсия этар ва бундай “шоҳона” режалардан ростдан ҳам узоқ эдилар.
Қизиқ, ўшанда вилоят ҳокимларининг кўнглида Ислом акага ростдан ҳам абадий пошшоликни раво кўриш истаги устунмиди ё шу буюк пошшолик соясида ўзларининг кичик “ҳоқонлик” мартабаларини абадийлаштириб қолиш мақсади кўпроқмиди, бу энди ёлғиз Яратганнинг ўзига аён.
Лекин тақдирни қаранг, Ислом акага абадий подшолик тилаганларнинг бирортаси ҳам ўз салтанатини сақлаб қололмади.
Уларнинг бирортасига ҳам ўзларини сайлаган Кенгашлар билан хайр хушлашиб, чопон кийиб, ёруғ юз билан вилоят “хонлиги”ни тарк этиш насиб этмади.
Иззат ҳурмат ва кўтаринки кайфият билан сайланган бу ҳокимлар кейинчалик ҳатто “юзинг қурсин” дегандай, сессияга таклиф ҳам этилмай ўз вазифаларидан олиниб, кўчага улоқтирилдилар…
Майли, мавзудан узоқлашмайлик.
4.
Ўша пайтларда Президент атрофидаги мухлис амалдорлар Ислом акани ўзаро суҳбатларда «Хўжайин», “Буюк раҳбар” деб номлашдан ташқари, «Шоҳимиз», «Подшоҳимиз» деб тилга олардилар.
Ҳатто боғу роғлардаги зиёфатларда, тўй ва базмларда «Шоҳимиз омон бўлсинлар!», «Подшоҳимизнинг саломатликлари учун!» деб қадаҳ кўтариш, мачитлар минбаридан эса юртбоши шаънига мустаҳкам соғлик тилаб, тасаннолар ёғдириш одатий анъанага айланди.
5.
Орадан бир бирини қувиб йиллар ўтди.
Бугун мустақилликнинг йигирма икки йиллиги арафасида, (балки шу маросимга атаб) «Туркистон» газетасида Ўзбекистон Президентини «Подшоҳ» деб атаган мақолага кўзим тушаркан, беихтиёр тарихимизда Ислом ака билан боғлиқ бўлган юқоридаги воқеалар хаёлимда худди ўтмиш киносидай қайта жонланди…
Ислом Каримовга “Подшоҳ” мақомини бериш ғояси жамоатчилик орасида 90 нчи йилларнинг иккинчи ярмидан сўнг кенг тарқала бошлади.
Кейинги пайтларда “Озодлик” радиосининг “Эркин микрофон” ва тўғридан тўғри эфирга чиқадиган “Онлайн” дастурида, БиБиСи радиосида ҳам вилоятларда истиқомат қилувчи оддий фуқаролар Ислом акани “Подшоҳимиз”, “Подшоҳ олий жаноблари” дея кўп маротаба тилга олишяпти.
Таққослаш маъносида эътироф этиш керак: шу пайтгача бирор бир Ўзбекистон раҳбари, сал кам чорак аср республикани бошқарган Шароф Рашидов, ё-да 18 йил Олий Кенгаш Президиуми раиси бўлган Йўлдош Охунбобоев ва бошқалар ҳам ҳеч қачон “Подшоҳ” деб аталмаган.
Тан олиш керак, Шароф Рашидовни ўзаро суҳбатларда 80 нчи йилдан бошлаб қулоқ эшитар эшитмас “Ота” деган раҳбарлар бўлган…
Шу ерда яна бир гап.
Шароф Рашидов Навоий театридаги партия хўжалик активи йиғилишида Марказқўм котиби Оқил Умрзоқович Салимовнинг бир оғиз “Ҳаммамиз учун ҳурматли Шароф Рашидович” деган сўзи учун “Нега сиз ҳамманинг номидан гувоҳликка ўтиб, кафиллик оласиз” деб қаттиқ изза қилганини ўша йиғилишда қатнашганлардан эшитганман.
Ёки Қашқадарёга борганида обкомнинг мажлислар залидаги ўз портретини кўриб, Рўзмат Ғойибовга: “Агар мени ростдан ҳам ҳурмат қилсангиз, бу портретни уйингизга олиб бориб осиб қўйинг!” деб айтган экан…
6.
Мавзуга қайтсак: Кенг жамоатчилик Ислом Каримовни “Подшоҳ” деб атай бошлаши оддий ҳол ёки шунчаки тасодифий ибора дея таърифлаш соддадиллик бўлади.
Мустақилликка эришгандан сўнг Ўзбекистонда бир неча йил мобайнида мутлақ якка ҳокимлик тизими ўрнатилгандан сўнг, реал вазиятдан келиб чиқиб, халқ беихтиёр, табииий равишда Ислом Каримовни “Подшоҳ” деб атай бошлади.
Мана энди 20 йилдан сўнг эса Ислом Каримовга “Подшоҳ” мақомини Ўзбекистон расмий матбуоти ҳам бера бошлади.
Ўзбекистондаги расмий ҳукумат нашрида сал кам ўн йил муҳаррирлик қилиб, уни ичидан биладиган журналист сифатида таъкидлайман: давлат раҳбарини “Подшоҳ”га тенглаш, шундай иборани матбуотга олиб чиқиш бу шунчаки тасодифий ҳол эмас.
Бундай журъат ва жасоратга газета юқорининг рухсатисиз жазм этолмаслигини яхши биламан.
Энди бундан келиб чиқадиган хулосаларга ўтсак.
Ўзбекистонда ҳеч бир нарса ўз ўзидан содир бўлмаслигини яхши биламиз.
Хўш, унда бу ишора нимани энглатиши мумкин?
Менинг назаримда Ўзбекистонда “Подшоҳ” атамасининг оммавий ахборот воситалари орқали оммалаштиришга бўлган уриниш яқин келажакда мамлакатда жиддий сиёсий ўзгаришларни бошлаб бериши мумкин.
Хўш, бизнинг бундай жиддий хулоса қилишимизга асос борми?
Келинг, бу ҳақда биргаликда фикр юритайлик.
7.
Биринчидан, энди Ислом ака учун президент сайлови ўтқазиш, унда ўз номзодини қўйишнинг ўзи аслида катта муаммо. Сайловда ўзбек халқига эмас (у билан ким ва қачон ҳисоблашган, энди ҳисоблашарди?), халқаро ҳамжамиятга қонуний, легал президент сайланганини асослаш зарур бўлади. Бу жуда нозик вазифа.
Иккинчидан, Конституцияга хилоф равишда учинчи президентлик муддатига сайланганда юртбошимиз ҳеч кимга ҳисобот бермаганидек, ўтказиладиган сиёсий тадбирни қонунчиликка зид бўлса-да, тўртинчи президентлик муддати сифатида қўлга киритиши мумкин. Ватанимизда бунга ҳеч ким қаршилик қилолмайди. Лекин халқаро ҳамжамият, дунё раҳбарлари ва жамоатчилик исталмаган фикр ва ёқимсиз мулоҳазаларни келтириб чиқариши мумкин. Бу тадбирнинг сиёсий оқибатлари устида ҳозирча гап кетаётгани йўқ.
Учинчидан: бу энг муҳими: Тахтни бировга топширишнинг ҳеч иложи йўқ. Тафсилотига ўтмаймиз. Демак, юқорида айтилгандек “Подшолик” қарори қабул қилиниши эҳтимолдан йироқ эмас.
Тўртинчи масала: истаймизми, йўқми умр ўтиб бормоқда, табиат ривожини, кексаликни тўхтата оладиган, тахтни абадий сақлаб қоладиган куч ҳеч қаерда йўқ. Сиёсий ворисни танлаш, салтанатни, давлат бошқаруви жиловини кимгадир топшириш мавриди келган.
Бешинчидан, мустақил Ўзбекистонда яратилган сиёсий тизим, вазият шундайки, Ислом Каримов қай бир кимсани ўз ўрнига муносиб кўрса, у ким бўлишидан қатьий назар, шак шубҳасиз президентлик мансабини бемалол эгаллайди. Бунга шубҳа қилмаса ҳам бўлаверади.
Олтинчидан, агар Ислам ака ўз қизлари Гулнорага тўла ишонганларида, ўз раҳнамоликларида унинг давлатни бошқариш қобилиятига кўзлари етганида эди, меросхўр ким бўлажаги аломатлари бундан бир неча йил олдинроқ кўринган бўларди.
Президентлик курсисини қизларига расман топшириб, лекин давлат жиловини маҳкам сақлаб туриш мақсадида Бош вазир эмас, Ҳукумат раислиги ёки умрбод Сенат раиси лавозимига тайёрланиш тадбирлари ҳам аллақачон бошланган бўларди.
Сабаб: Конституцияга, конституциявий қонунларга тузатишлар киритишдек жиддий вазифани бир ҳафта ё бир ой мобайнида амалга ошириб бўлмайди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, хулоса қиладиган бўлсак, бугун Ўзбекистонда боши берк кўчага кириб қолган “Меросхўрлик” масаласи истаймизми, йўқми, бизни беихтиёр “Подшолик” сари бошлаб боришини кузатиш мумкин.
8.
Ислом ака Амир Темурнинг давлатни бошқариш санъати баён қилинган “Темур тузуклари”ни фақат ўқиб эмас, балки диққат билан ўрганиб ҳам чиққанларига менинг шубҳам йўқ.
Шунингдек, Наполеон, Мао Цзэдун, Де Голл, Сталин, Рузвельт ва Черчилларнинг сиёсий ҳаёт тажрибасини ўзлари учун дастуруламал қилиб олганларига ҳам ишончим комил.
Сўнгги 25 йилда айнан Ўзбекистонда шундай сиёсий тизим (система) яратилдики, бугун Ислом Каримов кимни ўз ўрнига муносиб кўрса, у ким бўлишидан қатьий назар, халқ томонидан сўзсиз қабул қилинади.
Бу Рустам Азимов ё Шавкат Мирзиёев бўладими, Гулнора Каримова ва ё Элёр Ғаниев бўладими, бунинг фарқи йўқ.
Ҳатто кейинги ўн йилда олис Канадада сиёсий муҳожир бўлиб юрган Исмат Хушевнинг номзоди қўйилса ҳам, у ҳеч бир муаммосиз бемалол Ўзбекистон Президенти этиб сайланиши мумкин.
Ислом Каримов қарор қилса, у афкор омма томонидан сўзсиз бажарилишига мен бугун заррача шубҳа қилмайман.
Бунга шубҳа қилувчи дўстларимиз бугунги Ўзбекистонни Россия ёки ҳатто Қозоғистон билан ҳам қиёсламасликлари керак.
Ўзбекистон бу Ўзбекистон. Уни фақат ва фақат Ўзбекистон билан қиёслаш мумкин.
Лекин, афсуски, гап бошқа томонда.
Менинг билганим, Ислом ака тожу тахт ва ҳукмдорлик масаласида олис Канададаги (укаси) гагина эмас, қоши қовоғи остида турган ўз фарзандига ҳам ишонмайдиган ўта ҳушёр сиёсатчи.
Яқин тарих, Сталиндан, Горбачевдан сўнг Совет Иттифоқини, Ироқ, Миср ё-да Ливияни ёдга олсак, тахт бирор яқин дўст, сиёсий меросхўрга муаммосиз ва бехавотир ўтмаган…
9.
Хуллас, зикр этилган масалалар устида фақат Ислом ака ва унинг яқинлари, йирик амалдорларнинггина эмас, балки бутун ўзбек халқининг, халқаро ҳамжамиятнинг боши қотиб турибди.
Хўш, шундай экан, бу бошқотирманинг ечими қаерда?
Менинг тахминимча, келгусидаги ажойиб ва ғаройиб кунларнинг бирида Сенат ё-да Олий Мажлиснинг қўшма йиғилишида, давлатни 25 йилдан бўён бошқариб келаётган Ислом Каримовнинг ўзбек халқи олдидаги буюк хизматларини, “Президентдан чексиз миннатдор барча Ўзбекистон фуқораларининг талаб ва истаклари”ни ҳисобга олиб, формал республика бошқарувидан ҳақиқий монархия тизимига ўтиб Ўзбекистон Подшоси расмий тахтига бу буюк зотни расман таклиф этиш ҳозирги замонда энг ўринли ечим, деб топилиши мумкин.
Халқ орасида Ислом акани аллақачон «Подшоҳ» деб тан олинган мақомини расмийлаштиришнинг техник ижроси қолди, холос, деган фикрдамиз.
Бундай тадбир яхшими ё ёмонми, унинг сиёсий ва тарихий оқибати не кечиши —бу ҳозирги ва келажак авлодларга ҳадя қилинадиган бошқа масала.
10.
Бизнинг фикримизни билган баъзилар «ҳукумат Исмат Хушев орқали халқ кўнглига қўл солиш мақсадида», мамлакат Олий раҳбариятининг «пробний шар»ини ўртага ташлади дейишлари ҳам мумкин.
Мухолифатдаги баъзи биродарларимиз эса: “Бугун одамларнинг онги, дунёқараши монархия тизимини, “Подшоҳлик” мақомини кўтара олмайди, ўзбек жамиятида норозиликлар, тўс тўполонлар бошланади” деб менга эътироз билдиришлари ҳам мумкин.
Лекин ўзлари эътиборга лойиқ бирор ечимни таклиф эта олишмайди.
Авваламбор, Ислом Каримов ҳукмдорлик масаласида бировларнинг фикру хаёли билан ҳисоблашадиган одам эмас.
Қолаверса бу сийқаси чиққан усул бизга ёт нарса!
Биз яқинда Тошкентга бориб келдик. Ўзбекистонда ўзимиз кўрган ва кузатган ижтимоий сиёсий вазият, содир бўлаётган воқеа ва ҳодисалар, одамлар кайфияти ва руҳияти таҳлилидан келиб чиққан ҳолда, ўзбек давлатчилиги ривожини кузатиб бориб, шундай фикр қилдик.
11.
Ислом акани жойлардаги оқсоқолларимиз, имомларимиз бундан кўп йил бурун «Юртбошимиз», «Йўлбошчимиз», «Подшоҳи оламимиз» деб юрганларини инобатга олиб, Расмий матбуот ахбороти (“Туркистон”даги мақола), Ўзбекистонда содир бўлаётган воқеа ва ҳодисалар таҳлилидан келиб чиққан ҳолда, яқин келажакда давлатни ким ва қай услуб билан бошқаришини биз тахмин қилдик ва ўзбек давлатчилиги қай йўлда ривожланиши устида фикр юритдик.
Биламиз, бизнинг бу фикрларимизни ўқиб чапак чаладиганлар ҳам, кулиб мазах қиладиганлар ҳам топилади.
Сарой ва сарой атрофида чапак чалувчилар бисёр.
Лекин чапак чалмайдиганлар ундан-да кўпроқлигига шубҳа йўқ.
Чапак чаладиганларнинг мақсади подшоликнинг нақадар қонунийлигини таъкидлаш эмас, балки “Жаноби Олий Подшоҳ ҳазратлари”га хушомад ва лаганбардорлик қилиш, халқдан кўра кўпроқ ўз манфаат ва шахсий истакларини устун қўйишдан иборат.
Бошқалар эса подшоҳликнинг манфаатидан кўра касофати кўпроқ бўлишидан хавотир олиши мумкин.
Фикрлар турли хил, масаланинг ечими ҳам ҳар хил бўлиши аниқ.
12.
Ўзбекистонда Президентликдан Подшоликка қайтишнинг асл сабаблари фақатгина шунда десак, хато бўлади.
Ислом акани, у кишининг ички дунёси ва характерини яхши билган одамлар мени тўғри тушунишади.
Ислом ака ҳеч кимга, ҳатто энг яқинларига ҳам ишонмайдиган, ўта ҳушёр сиёсатчи дедик.
Конституциядан кўчирма: Статья 90. “Одно и то же лицо не может быть Президентом Республики Узбекистан более двух сроков подряд” (Бир киши кетма кет икки муддатдан зиёд Ўзбекистон Президенти бўлиши мумкин эмас!) деб ёзиб қўйилган Ўзбекистон Конституциясига яна ўзгартириш киритиш ортиқча ва ўринсиз.
Референдум ва умумхалқ сайловлари ҳам энди бир қадар эскирди.
Энди яна бутун дунёни ҳайрат ва ҳавасга ошно этиб, Ўзбекистонда Подшолик ўрнатилганини эълон қилиш Ислом Каримов учун ёқимли ва шарафли бир миссияга айланган бўлиши мумкин.
Буни қай даражада эҳтимолий ва ё ҳаётийлигини эса, русларнинг тили билан айтганда: поживем, увидим…
13.
Яшириб нима қилдик, Ўзбекистон Конституцияси шу пайтгача исталганча ўзгартирилди.
Ислом Каримовнинг президентлик муддати референдум ўтказиш орқали сайловсиз, яъни Конституция нормаларидан ташқари бир марта узайтирилган эди.
Шундоқ ҳам бир неча бор ўзгартирилган Конституцияга тузатишлар киритиб, яна бир маротаба референдум ўтказишга ҳожат бормикин?
Навбатдаги сиёсий ўйиндан кўра биратўла президентлик тизимидан подшоҳлик тизимига ўтақолганимиз арзонроқ, самимийроқ ва ҳалолроқ эмасмикин?
Хуллас, сиёсий мерос муаммосини қама қамалар ва қон тўкишларсиз, тинч ва келишув йўли билан ҳал қилиш ҳозирги кунда энг долзарб масала бўлиб турибди.
Пайсалга солмасдан бу муаммонинг ечимини топиш даркор.
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири
5 август, 20013 йил, Торонто шаҳри, Канада.
Исмат ака ! Ассалому алайкум , мен хам олдиндан подшохлик тизими бизда содир этмаса гурга эди деб хавотирланиб юрардим . ПОдшохлик тизими бизга тупк , боши берк кучага киргизиб қуяди . Бугунги чекловлар ,Сиёсий қийноқлар , қон тукилишларнигина ўйлабгина бу фикрга келсак катта хато булади , И, Каримовнинг диққатини тортадиган намойишгами ёки бошқа тадбир йул уйлаб куриш керак . сайловлар орқали танланадиган танловлар яхшидир .Бу қанчалик ялғонлар асосигс қурилсада хар қалай халқнинг Прездинтни ўзи танлаб қуйиш хуқуқи сақланиб қолинади . И Каримовнинг ишдан кетишини орзиқиб кутиб яшаяпмиз . Бевосита бизга ёмонлик қилмасада хуқуқ тизимига кенг ноқонуний бемолол яйрашларига рухсат бериши халқнинг сабрини синаб булди . Лекин янги хукумат дан қанақа зарарлар келади ? номалумлик янада тахликали .
Fiklaringizga qo’shila olmayaman, juda haqiqatdan yiroq. Albatta bu sizning shaxsiy fikringiz, meniki ham. Demokratik davlat tuzish yo’lidan borayotgan davlat, qanday qilib birdaniga monarhiyaga o’ta oladi, bu degani quyoshli kunda chaqmoq chaqadi deyish bilan barobar menimcha. To’grisi agar maqbul nomzod bo’lmasa Islom Karimovni o’zi qolgani ma’qul. Yo’li juda oson. President bu 7 yillik muddatga bir marta saylandi. Keyin adashmasam yana 5 yillik muddatga qaytarildi, bular hammasi bejizga emas. Oldingilarni ma’lum bir asos dalillarga tayangan holda hisoblashmaydi, ya’ni qandaydir yo’l bilan qonuniy hal qilishga urinishadi. Keyin bu siz aytganizday bular faqat halqaro hamjamiyatlar uchun. Asosiysi vatanda tinchlik osoyishtalik bo’lsin. Eng asosiy muammo bu korruptsiya va albatta korruptsiya tag tomiri bilan yoq qilinmas ekan o’zbek halqi yaxshi hayot kechirishiga ishonch yoq. Afsuski uning ildizlari juda yuqorida. Lekin hamma narsaning ibtidosi bo’lganday intihosi ham boladi albatta.
Подшох назоратни қулдан чиқармоқда. Яқинда подшохнинг ороми бузиладиганга ухшайди. Қорақалпоқ сепаратистларининг рахномаси, «Олға,Қорақалпоғистон» халқ харакатининг асл ташкилотчичиси,ҚР РесГАИсининг бошлиқ муовини Қунарбой Умирзоқовнинг қиз узатадиган туйи булишидан хабардор қилган эдик.21,22,23-июль кунлари туй буп утди.туй эгасидан ташқари 70 уйда\хар бирида 50тадан\ мехмон кутилди.Бу махаллий тилда қуниқ деб аталади.Қораузак,Тахтакупир туманлари хокимлари,ички ишлар,прокуратура,мхх мутасаддилари туйда иштирок этдилар.2 кун давомида 4 та, 3-куни эса 7 та камерачи туйни тасвирга туширди.Асосий тантана Нукусдаги «Граф» туйхонасида булиб утди.Туеналарни 4 та жойда 4 киши қопга солиб ,дафтарга езиб туришди.Қизиғи, туйда мехмонлар томонидан ИАК ва Итниятовларнинг зулмидан қорақалпоқларни озод қилайлик деган тилаклар куп айтилди.формада туйга қатнашган милиция ходимлари маст булиб,журмача қилиқлар жуда куп хурмача қилиқ қилишди. Баъзилар туй эгасини «қумондон»деб аташди.Узбеклар 4 та туманни опқуйишга харакат қилишса,қарши тура оладиган баходир сифатида улуглашди.Ушбу сатрлар муаллифи туйда камерачи сифатида иштирок этди ва 7 камерачи туширган тасвирларнинг оригинал нусхасини қулга киритди.хозир мехмонлар шахсини таниш устида иш олиб боряпман.Бир неча кун ичида хамма тасвирларни изохлари билан ушбу сайтга жунатиб, сепаратистларнинг асл башарасини очиш ниятидаман.Дарвоқе, Қ.Умирзоқовнинг қудаси, машхур Омон Шортик\Омон Сагидуллаев\нинг қариндоши Утеген исмли собиқ врач, хозир эса сепаратистлар фаолидир.Аммо хавотирим борки, тирговучи Кремлда булгач, буларга Каримов хам хеч нарса қила олмаса керак. Туйда Тошкентдан келган мехмонлар хам булди. Уларнинг хам асл башараси билан яқинда видео орқали танишасиз.