
Саодат Пўлканова
Чорасиз одам
(Юсуф Расулга)
Ёлғизоёқ кунлар, ёлғизоёқ тун,
Танҳоликка маҳкум этилган бу жон.
Паноҳ излар бир руҳ, истар бир илинж,
Топарми, топмасми кезар саргардон.
Некқадам кунларни санайди бир-бир,
На айтар сўзи бор, на дилга малҳам,
Эгасиз овулдай қисмати чўлдир,
Чораси йўқ унинг, чорасиз одам.
Вужуд чиркинидан холилик истар,
Юраги сипқорар ғам гирдобини.
Самодан илоҳий муждалар кутар,
Дилига жой айлаб, Ҳақ каломини.
Бу дунё бир аросатлиғ,
Мани дилим ром этолмас.
Солиб бошға кўп балолиғ,
Валеъ мақсада элтолмас.
Кимҳобдин ҳийло кийғузиб,
Нафс чаманиға юрғузиб.
Бу дила зардоб тўлғузуб,
Лек малҳаму жон ўлмас.
Ишқида бўлурсан сархуш,
Кунинг ўтур ғафлатда хуш.
Бу қандай маломат бир туш,
Уёнмоқ керак, лек бўлмас.
Адаштиб дашти сар-сори,
Жонингдин ўтиб озори,
Туганмас ғалва бозори,
Кетарга лек чора бўлмас.
* * *
Хажр даштида тийра дил,
Сани васлинг истар бўлди.
Жамолингга бўлиб маҳтал,
Сани ишқинг сўрар бўлди.
Ўртониб ишқ талошинда,
Юрак қонлар ютар бўлди.
Нафс ичинда бу жонима,
Маломатлар келар бўлди.
Болиш қилиб кесак ётсам,
Сийнама оби гил ортсам.
Жаҳолатдин ўзни тортсам,
Кимларгадир ўйин бўлди.
Кўк илкидин нур сўрадим,
Кўксимни ғамга беладим.
Беҳиштдин бир жой тиладим,
Саботларим синар бўлди.
Мискин дилим хор айлади,
Кимлара зор, бор айлади.
Ишқи дила кор айлади,
Чин дунёға кетар бўлдим.
Нола
Гумроҳлара парвойим йўғ,
Солмиш ишқи қалбимға чўғ,
Раббим ўзи бошимға туғ,
Андин кечиб ҳеч бўлғайму?
Оҳим етмай ашк кўшкиға,
Тушдим савдонинг қасдиға,
Боқмам дунёнинг нақшиға,
Мавлом мани эшитғайму?
Жолаларим тўкиб бисёр,
Истиғфорим айтиб минг бор,
Фарёд тортгум ҳар тун бедор,
Ҳурлар мани овутғайму?
Балогардон йўлин тутсам,
Фақир дилла ишққа етсам,
Ул истаса, бунда кетсам,
Қабоҳатлар чекинғайму?
Ул номиға сано айтсам,
Хаста жонни фидо этсам,
Ҳурлар ила кўкга қайтсам,
Тангрим мани кечирғайму?
Бале, йўлдин тойрилмағил,
Ул ишқидин айрилмағил,
Мискин, қанча оҳ урмағил,
Сани дардинг соп бўлғайму?
Унитғонлар
Ором учун Ҳақдин кечуб,
“Ҳу”ла бирлашмоқдин қочуб,
Сўнг кетарда андин чўчуб,
Саломини унитғонлар,
Каломини унитғонлар.
Бўлур зарға девона хўп,
Нафси тоғдин бисёра кўп,
Сўнгги дамда ололмай чўп,
Бозорини унитғонлар,
Мозорини унитғонлар.
Бир-бировин ўйиб кўзин,
Рангу рўйин этиб сўлғин,
Сўнгги онда излар таскин,
Аъмолини унитғонлар,
Камолини унитғонлар.
Ҳақ йўлинда ўтди Кубро,
Анга йўлдош эди Мавло,
Вале қолур бўлиб гумроҳ
Ҳақ йўлини унитғонлар,
Тоқ йўлини унитғонлар.
Ўтди бундин Темур, Доро
Фақиру ночор уқробо,
Кетар чоғда истар Худо
Қазосини унитғонлар,
Жазосини унитғонлар.
Узлат аро тушиб маҳзун,
Қалбинг покла аё Мискин,
Излар Ҳақдин дилга таскин,
Маъвосини унитғонлар,
Мавлосини унитғонлар.
