• Вс. Фев 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

‘Президент Каримовнинг иззат-нафси Ўзбекистон манфаатига зид тушмоқда’

Май 21, 2012

Алишер Илҳомовга кўра, Ислом Каримов АҚШда Барак Обама билан учрашиш ва бирга расмга тушишни истаган

Биронта ҳам Марказий Осиё президенти Чикагодаги НАТО йиғинига бормаган.

Айни саммит Афғонистондаги хорижий кучларни Марказий Осиё орқали олиб чиқиб кетиш ва 2014 йилдан кейин ҳам бу мамлакатга кўмак кўрсатиб бориш йўлларини кўриб чиқади. Бу ўринда эса Марказий Осиё мамлакатларига катта умид тикилмоқда.

«Ислом Каримовни олсак, иззат-нафси туфайли саммитга бормаган» — дейди Лондондан таҳлилчи Алишер Илҳомов -«Жаноб Каримов бир неча дақиқага бўлса ҳам Президент Обама билан учрашиб, суратга тушмоқчи бўлган».

«Бирон бурчакда бир неча дақиқа бўлса ҳам учрашишса бас, ҳатто қандайдир муҳим масалани мубояса этиш ҳам шарт эмас эди».

Алишер Илҳомов «сиртдан билишича, Ислом Каримов АҚШ президенти билан учрашмоқчи бўлганини, лекин Президент Обама Ўзбекистон президенти билан кўришишни истамаганини» айтади.

Зотан Ўзбекистон президенти 2014 йили Афғонистондаги жанговор хорижий қўшинлар чиқиб кетса, Марказий Осиё жанубий чегараларига хавф-хатар етишидан огоҳлантирган эди.

«Президент Каримовнинг шахсий иззат-нафси ва Ўзбекистон давлатининг манфаатлари ўзаро зид тушиб қолмоқда» — дейди таҳлилчи -«Аммо узоққа мўлжалланган манфаатларни кўзда тутсак, Афғонистондаги вазиятнинг қандай бўлиши Марказий Осиё учун ўта муҳим».

Ўзбекистон президенти, аслида, Афғонистон муаммосини ҳал этишда қўшни давлатлар аҳамиятини ошириш борасида узоқ йиллардан бери айтиб келади. Бу борада қатор ғоялар ва «6+1» каби ташаббусларни илгари сурган.

«Ислом Каримов мазкур жараёнларда қатнашганда, тенг ҳуқуқли иштирокчи бўлишни истайди» — дейди Алишер Илҳомов -«Аммо хорижий кучлар учун Ўзбекистондан ўтадиган шимолий йўлни очиб берса ҳам, барибир, НАТО Ўзбекистонни тенг ҳуқуқли ўйинчи сифатида тан олмаган кўринади».

Бироқ минтақадаги бошқа мамлакатлар, хусусан, Қозоғистон ҳам кўпроқ Россия туфайли Чикаго саммитига боришмаган, деган фикрлар мавжуд.

Кузатувчиларнинг айтишича, минтақа давлатлари Афғонистон келажаги борасида ҳозир мавҳумликка гувоҳ бўлиб туришибди ва шундай ҳолатда Россияга суянишни афзал билишлари мумкин.

Манба: ББС радиоси

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *