• Вс. Фев 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Санжар Умаров ўзбек қамоқхоналарида нималарни кўрганди?

Май 21, 2012

«Серқуёш Ўзбекистоним» мухолифат коалицияси раҳбари Санжар Умаров озодликка чиқишидан бир ярим йил ўтиб, илк бор Би-би-сига Ўзбекистон қамоқхоналаридаги вазият борасида ёзма равишда ҳикоя қилиб берди.

Санжар Умаров 2005-йил Андижон ҳодисалари ортидан ҳукуматни тарқатиб юбориш, Ўзбекистонда сиёсий ислоҳотлар ўтказиш чақириғи билан чиқиб, мухолифат коалициясини тузганди.

Кўп ўтмай у солиқлардан бўйин товлаш ҳамда катта миқдордаги мулкни ўмариш каби бир неча иқтисодий жиноятларда айбланиб, 14,5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Жаноб Умаров доимо ўзига қўйилган айбловларни рад этиб, бегуноҳлигини таъкидлаб келган.

Унинг маслакдошлари айбловлар ва қамоқ ортида Санжар Умаровнинг сиёсий фаолияти турганини урғулаб келганлар.

Кейинчалик Санжар Умаровни бориб кўрганлар унинг соғлиғи ва руҳий ҳолатидан хавотирлар ҳам изҳор қилишган.

У кутилмаганда 2009-йилнинг 7-ноябрида озодликка чиқарилди.

Кузатувчилар Ўзбекистон ҳукумати халқаро ҳамжамиятнинг мухолифат фаолини озод этиш ҳақидаги босимларига ён берганини айтишади.

Санжар Умаров ҳозирда Қўшма Штатларда ўз оиласи билан умргузаронлик қилмоқда.

Санжар Умаров тақдим этаётган маълумотлари Ўзбекистон қамоқхоналарида ўзи гувоҳ бўлган ҳодисалар ва ёки ўзи учрашган маҳкумлардан олинган маълумотларга асосланганини айтади.

Қуйида Санжар Умаров ҳикоясини жузъий қисқартиришлар билан эътиборингизга тақдим этамиз.
Қийноқ турлари ва қийнаш жойлари

Вақтинчалик Сақлаш Изолятори (ВСИ ёки русчада ИВС).

Дастлабки тергов пайтидаги қийноқ: ҳибсга олинган гумондор шахс Вақтинчалик Сақлаш Изолятори (ВСИ) га ташланади.

Оператив ходимлар айниқса Андижонлик «Акромийлар»ни қаттиқ қийнашади

Санжар Умаров

ВСИ одатда Ички ишлар идораси ертўласида жойлашган бўлади.

Ҳаттоки Ички Ишлар Вазирлиги (ИИВ) ҳам ўз ертўласига эга.

Айнан ВСИда оператив ходим гумондор шахсдан зарурий иқрорномани олади.

Ҳибсга олинган шахс юқори қаватларда жойлашган тергов хоналарига лифт орқали олиб чиқилади. Уни ҳеч ким кўрмаслиги керак.

Маҳкумларнинг хабар беришларича, оператив ходим электрошокни ишлатади (бир электрод сими гумондор шахснинг жинсий аъзосига ва яна бир электрод сими қулоқ солинчагига уланади), ё шампан шишасини жинсий аъзога боғлаб, сўнгра у ерга тепади, ё бошга целофан пакет ўралади, ё бўлмаса, оёқ-қўли тутилган айбланувчи деворга улоқтирилади ёда ерга ташланади.

Бошқа хабарларга кўра, терговга ўз оёғи билан чиқиб кетган гумондор шахс чалажон ҳолда хонасига қайтарилади.

Оператив ходимлар айниқса Андижонлик «Акромийлар»ни қаттиқ қийнашарди.

Ўзбекистон Жиноят Кодексига мувофиқ, гумондор шахс ВСИда кўпи билан 72 соат сақланиб туриши мумкин.

Бу давр ичида гумондор шахс қўйилган айбловларга иқрор бўлиши керак. Ана шундагина у айбланувчига айланади ва Тергов Ҳибсхонасига (қамоқ) ўтказилади.

Агар гумондор шахс ВСИда уч кундан кўпроқ ушлаб турилса, иқрорнома калтаклаш ва қийноқлар йўли билан олинади.

Махсус терговлар учун изолятор йўлаги охирида махсус хона ажратилган.

Катталиги 4×4 метр бўлган ушбу хона марказига метал стол ва метал стул ўрнатилган. Хона полларида қора доғлар кўзга ташланади.

Улар афтидан ювилмай қолган қон излари бўлиши мумкин.

Тергов Изолятори (ТИ ёки ручада СИЗО).

1-Тергов Изолятори – Тошкент Марказий Қамоқхонаси (Тоштурма, русчада Таштюрьма). Тоштурмада тўртта бўлим, маҳкумлар таъбири билан айтганда, «аул» бор.

Биринчи ва тўртинчи «аул» ертўлаларида махсус маҳбуслар сақланади.

Мен у ердалигимда ўша пайтда (2005 йил охири – 2006 йил боши) қўшни камераларда тергов қилинганлар “Акромийлар” эди.

Учинчи «аул» ертўласида «олий жазо»га ҳукм этилганлар учун сақланадиган «зиндон» бор.

«Зиндон» ҳақида маҳбуслар қуйидагиларни ҳикоя қилишади: ўлим жазосига ҳукм этилган шахс боши берк корридор охирига олиб борилади ва жаллод унинг бошига орқа томондан ўқ узади.

Тергов изоляторида сақланган айбланувчиларга давлат прокурори, Ички Ишлар Вазирлиги ёки МХХ «эгалик» қилишади.

МХХ Тошкент Марказий Қамоқхонасида ўз камераларига эга ва у ерда МХХ «ваколати»да бўлган маҳкумлар сақланади.

Бош Прокуратура, Ички Ишлар Вазирлиги ва МХХнинг ҳар бирида алоҳида тергов бўлимлари мавжуд.

Қонунга мувофиқ, тергов адвокатлар ўнгида махсус ажратилган тергов хоналарида бўлиб ўтиши лозим.

Тошкент Марказий Қамоқхонасида тергов, агар қийноқ қўллаш зарур бўлса, ҳеч ким йўқлигида ва асосан кечқурунлари ўтказилади ёки айбланувчи шахс Карцерга олиб борилади ва у ерда қийноққа тутилади.

Кўп ҳолларда айбланувчи шахс маъмурият буйруқларини бажарувчи «хизматкорлар» («лохмачлар»), яъни маҳкумлар ёки айбланувчи шахснинг хонадошлари томонидан қийноққа солинади.

Жазони Ижро Этиш Колониялари (ручада КИН), Жазо Изоляторлари (ШИЗО), Камера типидаги хона (русчада ПКТ, эски номи БУР, бошқа номи Карцер)

Карцер — қамоқхона ичидаги қамоқхона. Колониядан тиканли симлар билан ажратилган карцерларда ўз камералари, тергов хоналари (кафел плиткаларидан қилинган), қоровуллари, усти очиқ сайр-хоналари ва кичик ҳовлилари бор.

Уларнинг баъзиларида кундузи кўтарилиб қўйиладиган тўшак, метал стол ва скамейка, очиқ хожатхона ва яроқсиз раковина мавжуд.

Поллар асосан ғиштли, аммо баъзида тахтали бўлади. Жазо Изоляторларига тартибни бузган маҳкумлар ташланади.

Қонунга кўра, жазо муддати 15 кунгача давом этиши лозим. Аммо, тартибни кўп мартба бузган маҳкумлар Жазо Изоляторларида бир йилгача сақланишлари мумкин.

Карцер муддати қамоқхона раҳбари томонидан белгиланади. Қамоқхона раҳбари билан суҳбатлашишдан олдин маҳкумлар қафассимон қурилма (маҳкумлар айтмоқчи, «маймун қафаси» ёки «арслон қафаси») ичига ташланишади.

У ҳайвонларни сақлайдиган қафаснинг ўзгинаси бўлиб, унда на ётоқ, на ҳожатхона ва на ювинадиган жой бор.

Эътиқод маҳкумлари… халқаро аралашув бўлмас экан, уларнинг озодликка чиқиши имконсиз.

Санжар Умаров

Қизил-Тепа колониясида, катталиги 1,5Х3 метр келадиган иккита қафас бор.

Қафасга ташлашларидан олдин маҳкумга ортига “ШИЗО” ёки “КАРЦЕР” деб ёзилган махсус форма кийгизилади.

Пайпоқ, кўйлак, оёқ кийим ва иссиқ либосда қафасга киришга рухсат берилмайди.

Қонунга мувофиқ, маҳкум қафасда 72 соатдан кўпроқ ушлаб турилиши мумкин эмас.

Бироқ, амалда улар баъзида қафасда икки ҳафтача сақланади.

Қийноқлар ва зўравонликлар одатда изоляторда юз беради.
«Қийноқларни бартараф этиш механизми»

Назарий жиҳатдан олганда вилоят прокуратураси ходими жазони ўташ колонияларига ҳар ойда бир марта бориб, тартиб-интизомга риоя этилаётганини назорат этиши ва маҳкумларнинг қамоқхона маъмурияти устидан ёзган шикоятларини кўриб чиқиши керак.

Аммо амалда, биринчидан прокуратурага шикоят аризасини юбориш, иккинчидан, қамоқхона ходими томонидан тартиб бузилганини исботлаш жуда қийин.

Мисол учун, қамоқхона нозири ёки ходими маҳкумга нисбатан куч ишлатди, маҳкум бир амаллаб бу ҳақда прокуратурага шикоят аризасини йўллади ва прокурор айни ҳолат юзасидан тергов иши очди, деб фараз қилайлик.

Тергов пайтида қамоқхона нозири ёки ходими аксарият ҳолларда ўз айбига иқрор бўлмайди ва прокурор исбот ва далил бўлмагани учун ишни ёпади.

Прокурор кетгач, қамоқхона ходими унинг устидан шикоят қилган маҳкумни янада кучлироқ қийнашга тушади.

Бошқача қилиб айтганда, қасос олишга тушади.

Бу ҳолат кўплаб маҳкумларга нисбатан такрорланавергач, улар бир бўлиб, аризаларини республика миқёсида кўриб чиқиш талаби билан очлик амалини бошлашади.

Ҳодиса ҳақида Тошкент хабардор этилади. «Нима учун очлик қилишаяпти?» — деган сўровга маҳаллий қамоқхона маъмурияти ўз айбини хаспўшлаш учун «улар қўзғолон қилмоқчи бўлган диний экстремистлар» ёки «очлик қилишаётгани ҳақидаги хабар нотўғри» қабилидаги турли баҳоналарни ўйлаб топишади …

Шахсан мен Ўзбекистон қамоқхоналарида барча турдаги қийноқларни тўхтатишга уринган одамлар билан гаплашганман.

Улар менга тергов (қийноқ) пайтида видеокамералар беркитилиши ёки қай тарзда қийноққа тутиш кераклиги ҳақида қамоқхона ходимларига йўриқнома бўлиши учун видео тасвирлардан фойдаланишларини сўзлаб беришди.

Мен қийноқларни бартараф этиш механизми ишлаб чиқилиши керак деб ўйлайман.

Жамиятнинг энг қоронғу ва ёпиқ жойи ҳисобланмиш панжаралар ортида адолат ва инсон ҳақларини ҳимоя қилиш билан биз бутун жамиятда адолатни ўрнатишимиз мумкин

Санжар Умаров

Тергов пайтида шаффофликни кафолатлаш учун видео воситалардан фойдаланиш ва уларни архив шаклида сақлаш зарурки, улардан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари фойдалана олишсин.

Ана шундагина ҳибсга олиш, дастлабки тергов, маҳкама жараёни ва жазо изоляторларида қийноқлар ва зўравонликлар сезиларли даражада қисқарган, адлия ва жазо тизимларида адолат таъминланган бўларди.

Кўплаб қамоқхоналардаги яна бир адолатсизлик – кўплаб 159-модда билан жазога тортилган «Ҳизб ут-Таҳрир» аъзолари («Биродарлар») орасида агар улар ўз ақидаларидан воз кечиб, партиядан чиққанликларини расман эълон қилсалар, қамоқхона маъмуриятининг уларни озод этишига ишончнинг борлигидир.

Аммо, улар шундай қилган тақдирда ҳам, озод этилмайдилар!

Эътиқод маҳкумлари ва «президент назорати остида» бўлганларга келсак, халқаро аралашув бўлмас экан, уларнинг озодликка чиқиши имконсиз.

Уларнинг жазо муддати ниҳоясига етай деб қолганда қамоқхона маъмурияти «янги иш» ўйлаб топиб, муддатни узайтириб қўяверади…

Айни масалада аҳоли сон бошига қанча эътиқод маҳкумининг тўғри келиши ҳақидаги халқаро мониторинг кўрсаткичлари жорий этилса, яхши натижаларга эришиш мумкин.

Жамиятнинг энг қоронғу ва ёпиқ жойи ҳисобланмиш панжаралар ортида адолат ва инсон ҳақларини ҳимоя қилиш билан биз бутун жамиятда адолатни ўрнатишимиз мумкин.
«Аравача овози ҳаммага эшитилиб турарди…»

Қийноқ жирканч усулларидан яна бири бу – ишланган газнинг қўлланиши. Мисол учун, двигатели узоқ пайтдан буён ишлаб турган автомобил 10-15 та маҳбуслар сақланаётган камера деразаси ўнгига қўйилади.

Совуқ ёки иссиқ ҳавода маҳбусларни бит босган камерада узоқ муддат сақлаш қийноқнинг бошқа бир усулидир.

Ўз ҳаққини талаб давомли талаб қилган маҳкумлар Тошкентдаги маҳкумлар шифохонаси — «Сангород»нинг учинчи корпусига «профилактик даволаш» учун юборилиши мумкин.

«Сангород»да баъзи кунларда асосан сил ва СПИДдан бештагача маҳкум дунёдан кўз юмади.

Буни мен қаердан биламан? Озодликка чиқишимдан олдин мен «Сангород»да тўрт ойча сақландим.

Ўшанда кимдир вафот этса, нозирлар бу ҳақда овоз кучайтиргич орқали эълон қилишарди.

Ортидан морг санитари ўзининг аравачаси билан маҳкум вафот этган бўлинмага борар ва «юк» билан қайтарди.

Аравача овози ҳаммага эшитилиб турарди…

Манба: ББС радиоси.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *