“Дунё ўзбеклари” Бош муҳарриридан:
Яна бир неча соатлардан сўнг Исмат Хушевнинг “Оқланмаган ишонч қиссаси”га кирувчи иккинчи китобининг навбатдаги бобини эълон қила бошлаймиз. “Шоҳ билан юзма юз олишган Жаҳонгир” номли бу боб — Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати, таниқли ўзбек журналисти Жаҳонгир Маматовнинг сиёсий портретига бағишланади.
Биз шу пайтга қадар Жаҳонгир Маматов ҳақида ўзимиз билган асл ҳақиқатни эмас, балки саркаш ва худбин кўнглимиз истаган ҳақиқатни айтиб келдик. Лекин бу дунёда бошқа ҳақиқатлар ҳам борлигини тан олмадик. Аниқроғи, тан олишни истамадик.
Муҳожирликда ўтган ўн йиллик аччиқ ва аламли ҳаёт, она юрт ҳажрида қоврилган ҳижрон ва айрилиқ азоби — Ўзбекистон ижтимоий сиёсий саҳнасидаги бугунги реал ҳолат – биздан ўтган кунларимизга холис ва адолат билан ёндашишни, жумладан, Жаҳонгир Маматов ҳақидаги асл ҳақиқатни ҳам элга ошкор этишни талаб қилади.
Биз бу ишни эртага – Ўзбекистондаги сиёсий вазият ўзгарганда эмас, балки бугун – Жаҳонгир Маматов ва Исмат Хушевни аввал бир бири билан тўқнаштириб, сўнг бирин кетин иккисини ҳам Ватанидан бадарға қилган Ислом Каримов ҳокимиятда турган пайтда айтишимиз лозимлигини ниҳоят англаб етдик…
Сўзбоши ўрнида
Биз бу бобни Жаҳонгир Маматовнинг туғилган куни – 1 сентябрда эълон қилишни лозим топдик.
Ажабки, худди шу кун, тақдир тақозоси билан — Ўзбекистон мустақиллиги қабул қилинган кун сифатида тарихга кирган.
23 йилдирки, Ислом Каримов раҳбарлиги остида Тошкентда Ўзбекистон мустақиллиги тантанали равишда байрам қилинади.
Йигирма йилдирки, Жаҳонгир Маматов хорижда – муҳожирликда дилда алам, кўзда ёш билан туғилган кунини нишонлайди.
2014 йилнинг 1 сентябрь куни у 59 ёшга тўлади. Қирққа кирган қирчиллама ёшида тақдир унга муҳожирликнинг аччиқ ва аламли қисматини раво кўрди. Салкам йигирма йилдирки, у Ватанига боролмайди, қариндош уруғларини кўролмайди, ота онаси қабрини зиёрат қилолмайди — Ўзбекистон дарвозалари унинг учун ёпиқ.
Агар у ўз вақтида Президентга қарши чиқиш ўрнига доим унинг ёнида турганида – то ҳозирга қадар у ҳам Ўзбекистонда мулозимлик салтанати соҳиби бўлиб қолиши мумкин эди.
Тўқсонинчи йилларда у билан бирга Олий Кенгаш ноиби бўлиб, лекин унга ўхшаб Президентга қарши чиқмаган бир гуруҳ депутатлар йигирма йилдан бўён, ҳозир ҳам раҳбарлик лавозимларида ишлаб юришибди.
Узоққа бориб ўтирмаймиз, вақтида Жаҳонгирни кўрганда икки букилиб, қўрқа писа кўришадиган Акмал Саидов, Рустам Азимов, Содиқ Сафоев, Шавкат Мирзиёевлар бугун ҳам Ўзбекистон Олий раҳбариятининг ишончли устунларидир.
Жаҳонгирнинг эса йигирма йиллик куч қудратга тўлган, Ватан ва миллат манфаати йўлида айни ишлайдиган навқирон умри — хорижда, муҳожирликда, сарсон саргардонликда ўтди…
Бунга ким айбдор? Унинг ўзими? Ё у: “Ўзбекистон онангизнинг маҳрига тушганми?” — деб вақтида юзма юз туриб саволга тутган юртбошими?
Ҳақиқатни талаб қилиш ва унга садоқатли бўлиш – инсонга шунчалар оғир ва фоже қисмат ёр этса, нега ота боболаримиз доим бизни адолатли бўлишга, ҳар қандай вазиятда ҳам ҳақ гапни айтишга ўргатиб кетишди…
Хўп, Жаҳонгир-ку майли, шоҳга қарши чиққани учун жазоланди деб ўйлашимиз мумкин.
Хўш, доим шоҳ ёнида парвона бўлиб, унинг ашуласини энг авж пардаларда айтиб келган Исмат Хушевга нима бўлди?
Нега у ҳам бугун Ватансиз — хорижда?
Уч марта ҳибс этилганига қарамай яна уч бора Бош муҳаррир этиб тайинланган, вақтида ҳукмдорнинг эркаси деб ном чиқарган ва шоҳга телбаларча меҳр қўйган журналист ҳам нега энди бир кун келиб худди Жаҳонгир каби муҳожирликнинг аччиқ қисматига юз тутди?
Ўзбекистон Олий раҳбариятида ишлаб юрганлар учун яхши бир ҳаётий сабоқ бўлсин деб Президент бу икки таниқли журналистни атайлаб чет элга бадарға қилдимикан?
Ё бу ерда бошқа сир борми? Ва бу қачонгача давом этиши мумкин?
Ушбу хотираларни қоғозга туширар эканмиз, ўша ўтган кунларнинг кўчирмаси бўлган ушбу мактубимиз муҳожирликнинг оғир қисматини биз билан баб-баравар бошдан ўтказаётган Жаҳонгир акага унинг туғилган кунида бизнинг ўша кунлардаги асл ҳақиқатни ёдга соладиган ҳаяжонли совғамиз бўлади деб умид қиламиз…
31 август, 2014 йил,
Торонто шаҳри, Канада
ИСМАТ ХУШЕВ
Оқланмаган ишонч қиссаси (ёхуд «Президент эркаси»нинг хотиралари)
Иккинчи китоб
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Суратда: Олий Кенгаш депутати Жаҳонгир Маматов
Йигирма биринчи боб
ШОҲ БИЛАН ЮЗМА ЮЗ ОЛИШГАН ЖАҲОНГИР
(Ўзбекистон халқ депутати, таниқли журналист Жаҳонгир Маматовнинг сиёсий портретига чизгилар)
1.
Ўзбекистон Олий Кенгашининг еттинчи сессиясида Шукрилла Мирсаидовни ҳимоя қилиб, Ислом Каримовга қарши гапирган Жаҳонгир Маматов ўша нутқи билан тарих саҳнида узоқ йиллар яшаб қолажагини башорат қилган эдик.
Дарҳақиқат, мана йигирма йилдирки, Жаҳонгирнинг ўша сессияда айтган бир оғиз сўзи – унинг сиёсий карьерасини хорижда ҳам вақт ўтган сайин янада нурлатиб ва яшнатиб турибди.
Президент ўша еттинчи сессияда ўзига қарши чиққан барча депутатларни йиғилишдан сўнг олиб қолиб, улар билан алоҳида суҳбатлашган эди.
Бу юзга чопар ва саркаш халқ ноибларининг барча муаммоларини тинглаб, катта катта ваъдалар бериб, уларни ишонтириб, муте ва мағлуб нигоҳларига боқиб, ғолиблик нашидасини сураркан, бу исёнкорларнинг раҳнамоси бўлган Жаҳонгир Маматовни ўша заҳотиёқ ўзига ёрдамчи қилиб тайинлайди.
Ҳа, Ислом ака оғир ва қалтис вазиятлардан силлиққина чиқиб кетишга устаси фаранг эди.
Бир мунча муддат илгари Наманганга борганида вилоят ҳокимлигини ишғол қилган исёнчи Тоҳир Йўлдош бошчилигидаги қутурган оломон орасидан ҳам айни усталиги билан ўз жонини эсон омон олиб чиқиб кета олган эди Ислом ака.
Кейин ўша “исён” муҳрланган видео тасмадаги оломоннинг барчасини битта қолдирмай номини ҳам, ўзини ҳам, изини ҳам Ўзбекистондан супуриб ташлади.
Еттинчи сессияда унга қарши чиққан 150 нафар депутатларнинг тақдири ҳам худди шундай аянчли бўлди.
Уларнинг бир қисми (Алижон Қўчқоров, Шовруқ Рўзимуродов, Тойиба Тўлаганова, фарғоналик депутат Иномжон Турсунов ва бошқалар) навқирон ёшида сирли равишда ўлиб кетдилар, яна бир қисми (Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев, Шуҳрат Нусратов ва бошқалар) ҳануз ҳибсда, яна бир қисми эса (Муҳаммад Солиҳ, Жаҳонгир Маматов, Насрулло Саидов, Абдувоҳид Паттаев ва бошқалар) хорижда жон сақлаб юришибди…
2.
Жаҳонгир Маматов жуда маданиятли, интеллектуал доираси кенг — бир сўз билан айтганда – билимдон ва жасоратли йигит. Шунинг учун ҳам у ҳукумат томонидан қўйилган бир қатор ғовларни ёриб ўта олган ва охир оқибат 393-Жомбой сайлов округидан Ўзбекистон Олий Кенгашига депутат этиб сайланган эди.
Мен Жаҳонгирни биринчи маротаба Ўзбекистон телевиденияси орқали намойиш этилган “Наврўз” хайрия жамғармаси томонидан уюштирилган телемарафонни Дадахон Ёқубов билан бирга олиб борганида кўриб, таниган эдим.
Сўзга чечан, қадди қомати келишган, қора соч ва қора қош йигит сифатида у менда илиқ ва иссиқ бир таассурот қолдирган эди.
Лекин кейин — бизнинг йўлларимиз Ўзбекистон Олий раҳбарияти коридорларида бир неча бор кесишганида — нохуш ва ёқимсиз таассуротларга бой бўлди.
Бунинг ўзига хос сабаблари бор эди, албатта…
3.
Жаҳонгир — Олий Мажлис депутати этиб сайланганиданоқ демократия ва ошкоралик тарафида бўлди. Ислом Каримов тарафдорлари бўлган биз учун – Олий Кенгашдаги Жаҳонгир каби мухолиф кучлар – демократия ва ошкоралик душманлари, бандит ва ўғрилар тўдаси, бузғунчи ва безорилар шайкаси деб талқин этилди.
Биз Ислом Каримовга шунчалар меҳр қўйган ва ишонган эдик-ки, бу талқин ва тақдим – нотўғри ва ёлғон эканини жуда кеч англаб етдик. Аниқроғи, ўзимизнинг бошимизга ҳам Жаҳонгирнинг қора куни тушганидан кейингина, бошимиз тақ этиб деворга бориб урилганидан сўнггина – бу аччиқ ва аламли ҳақиқатни тушуниб етдик.
Майли, буни ҳаёт дейдилар. Беайб – ёлғиз Парвардигор. Бу ҳаётда инсоннинг муқаддас бошидан не савдо-ю, не ғалвалар ўтмайди дейсиз. Лекин шу “савдо ва ғалвалар” гирдобида ғарқ бўлмай, уммонига кўмилиб кетмай — эрта бир кун асл ҳақиқатни англаб етсанг – сен шунча пайт алданиб келганингни билсанг, буни қачонлардир тан олиш ҳам керак-ку, ахир!
Албатта, орзу умидларинг саробга айланганини билиш, ҳис қилиш — қанчалик қийин бўлса, уни тан олиш — ундан ҳам қийин экан.
Лекин мен “Оқланмаган ишонч қиссаси”да бошимдан ўтган асл ҳақиқатни ёзишга қарор қилган эканман, бугун Жаҳонгир Маматов ҳақидаги ҳақиқатни ҳам одамларга очиқ-ойдин айтишим керак.
Буни ким қандай тушунса тушунсин. Менинг бу дунёда ёлғиз Оллоҳдан бошқа ҳеч кимнинг олдида қарзим йўқ. Ҳеч кимнинг олдида тилим қисиқ ва муттаҳам ҳам эмасман. На ҳукумат ва на мухолифат олдида.
Қай бир замонларда тўқсонинчи йиллардаги асл ҳақиқатни айтолмаган ва виждоним амрини бажаролмаган бўлсам бордир.
Лекин бугун — Она Ватанимдан ва жондан азиз халқимдан ўн минг километрлаб узоқда, ер шарининг бошқа бир бурчида туриб халқимга, ватандошларимга бор ҳақиқатни ёзиб қолдиришга қарор қилдим.
Мен фақат ва фақат ўз виждоним ва қалбим олдида ҳисоб бераман, холос…
4.
Майли, ортиқча ҳис ҳаяжонга берилмай, мавзуга қайтсак. Биз Жаҳонгир Маматов ҳақида гапираётган эдик.
Мен Жаҳонгир Маматовни илгари танимасдим. У журналистика факультетининг кечки ёки сиртқи бўлимида ўқиган бўлса керак.
Ҳартугул, студентлик йилларимда мен уни кўрмаган ва эшитмаган эдим.
“Совет Ўзбекистони” газетасининг Самарқанд вилояти бўйича мухбири бўлиб юрган чоғларида ўткир фельетонлар ёзган йигит сифатида ғойибона ҳурмат қилардим, сессияларда дадил чиқишлар қиларди.
Хуллас, мен уни ёмон кўрмасдим, ёмон кўришим учун ҳеч қандай асос йўқ эди.
Сессияларнинг биридаги қизиқ бир эпизод ёдимда қолган:
Бир куни сессияда Савдо вазири лавозимига Мираброр Усмонов тайинланаётганди. Ўшанда Жаҳонгир Маматов ўрнидан туриб: “Айтинг-чи, ўртоқ Усмонов, вазир бўлганингиздан сўнг сиз мафиянинг остида юрасизми ёки устида?» — деб савол берган, унинг бу саволи ҳатто матбуотда ҳам эълон қилинган эди.
Дарҳақиқат, миш-мишларга қараганда, Ўзбекистон мафиясининг “чўқинтирган отаси” ҳисобланадиган одамга бундай савол бериш учун кишида ростдан ҳам отнинг калласидек юрак бўлиши керак…
5.
Жаҳонгир Олий Мажлисдаги Ошкоралик Қўмитасида раис ўринбосари эди.
Қўмита раиси Эркин Воҳидов эса — истеъдодли шоир бўлиш билан бирга яхшигина ўйинчи ҳам эди. Биз Шукрилла Мирсаидов Ўзбекистон раҳбари этиб сайланиши мумкин бўлган еттинчи сессияда асосий сўзни айтиши керак бўлган ва охир оқибат буни айтмаган ва сўзга чиқмаган ва шу билан “исён”чилар мағлубиятини таъминлаган одам ҳам айнан Эркин Воҳидов эканини олдинги бобларда айтиб ўтдик. Яна айтаяпмиз.
Ана шу “садоқати” учун Ислом Каримов шоирни ўзига яқин олиб, унга порлоқ ва мўҳташам келажак ваъда қилган эди. Шунинг учун ҳам Эркин Воҳидов “ҳурмат ва иззат” нинг этагидан тутиб, кўп масалаларда Ислом акага қарши боролмасди. Жаҳонгир эса аксинча, “адолат ва диёнат” тарафида туриб, Эркин аканинг кўзини очирмай қўйганди.
Жаҳонгирнинг Олий Мажлисдаги “исёнкор”лик фаолияти энг авж нуқтага чиққан бир пайтда унга меҳнат таътили (отпуска) га чиқиш таклиф қилинган, шекилли, бир оз асабларимни бўшатиб олай деб, дам олишга кетади.
Қайтганидан сўнг Олий Мажлис эшигидаги навбатчи милиционер ундан хизмат гувоҳномасини кўрсатишни талаб қилади. Аслида давлат ва ҳукумат идораларидаги қонун-қоида шундай. Сиз ҳар гал бу Олий даргоҳга гувоҳномангизни кўрсатиб киришингиз ва чиққанда ҳам аслида кўрсатиб чиқишингиз лозим.
Лекин Жаҳонгирни Олий Мажлисда ҳамма танирди ва ҳеч маҳал ундан гувоҳнома сўрашмаган эдилар.
Эҳтимол, “отпуска”да бўлган вақтимда мени танимаганлардан бирортаси ишга киргандир деб ўйлаган Жаҳонгир навбатчи милиционерга хизмат гувоҳномасини кўрсатади.
Милиционер унинг ҳужжатини олиб қўйиб, бундан кейин бу Олий даргоҳга кириш унинг учун ман қилинганини маълум қилади…
Ажаб, Олий Мажлис депутати, Олий Кенгаш Қўмитаси раисининг ўринбосари бўлган халқ ноибига нисбатан мана шунда йўл тутишади.
Мен Жаҳонгирнинг кейинги тақдири ва мухолифат сафларида туриб Ислом Каримов диктатурасига қарши олиб борган ишлари ва курашлари ҳақида гапирмоқчи ва ёзмоқчи эмасман. Буни ҳамма билади, қолаверса ўзи ҳам китобларида ёзган, ёзаяпти.
Мен бугун — ўзим шу пайтга қадар тан олишни истамаган ва тан олишдан ор қилган ҳақиқатни айтишга қарор қилганман.
Мен бу ҳақиқатни — Ислом Каримовдан давр ўтганидан кейин эмас, ҳозир айтишим керак.
Хўш, бу айтилмаган ҳақиқат нималардан иборат?
6.
Навбатчи милиционердан ҳужжатини қайтариб ололмаган Жаҳонгир ҳамма нарсага тушуниб етган эди.
Бу воқеадан хабар топган бизлар – Ислом Каримов тарафдорлари учун эса Жаҳонгир ўшанда гўё давлатга ва Президентга қарши бўлган аллақандай тўҳматчи ва жиноий шайкаларнинг фаол бир аъзоси бўлиб туюлган ва унинг гувоҳномасини олиб қўйиб, тўғри қилишган деб ўйлаганмиз.
Ҳолбуки, ҳар бир демократик давлатда — халқ ноиблари дахлсизлиги таъминланган бўлиб, ҳеч ким уларнинг йўлини тўсолмаслигини, Олий Кенгаш рухсатисиз уларнинг нафақат хизмат гувоҳномасига, балки депутатлик фаолияти ва ҳатто озодлигига ҳам дахл қилиш мумкин эмаслигини, буларнинг бари қонунни оёқ ости қилиш эканини биз ҳали билмасдик ёки билишни истамасдик.
Биз бошқа команда эдик. Жаҳонгирлар билан келиша олмас эдик. Улар бир қирғоқда — бизлар бошқа қирғоқда эдик. Бизда бу борада ҳеч қачон иккиланиш бўлмаган. Мен Ислом Каримовга шу қадар садоқатли эдимки, еттинчи сессияда Президент ҳақида айтган ўша гапидан сўнг Жаҳонгир кўзимга балодай кўриниб қолган эди.
Буни яширмаслигим керак.
Кейин билсак — улар ростдан ҳам адолат тарафида, биз эса – жаҳолат тарафида турган эканмиз. Алал оқибат бизнинг – Президентга бўлган ана шу мутеларча меҳримиз ва телбаларча садоқатимиз паймол қилинди.
Бизни айнан йўлбошчимиз сотди. Буни бугун тан олмасак адолатдан бўлмас…
7.
Энди бевосита Жаҳонгир билан боғлиқ «нохуш» муносабатларимизга ўтсак.
Бунинг биринчиси — Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раисини сайлаш тафсилотлари билан боғлиқ.
Жаҳонгир ўшанда раисликка ўз номзодини қўйган, рақиби Лутфилло Кабировдан кўра — унинг сайланиши аниқ бўлиб қолган эди.
Ислом Каримов кабинетида шошилинч йиғилиш бўлиб, раҳбариятнинг бир гуруҳ мулозимлари Марказқўм котиби Жаҳонгир Ҳамидов ва Бош вазир ўринбосари Эркин Самандар бошчилигида катта ва нуфузли «десант» мажлисга ташланади.
Менга давлат раҳбарининг илтимосини етказишди.
Буни амалга ошириш учун эса мени саноқ комиссиясига аъзо қилиб сайлашди. Охир оқибат овоз бериш натижасига кўра аслида Жаҳонгир ютган мажлис протоллари ўзгартирилиб, уюшма раислиги — Лутфилло Кабировга насиб этади…
Мен ўшанда Жаҳонгирга берилган овозлар сонини камайтириб, Кабировга берилган овозларни оширмаганимда у муқаррар сайланган бўларди.
Лекин барибир бу лавозимда узоқ ишлолмасди. Ишлагани қўймасдилар…
8.
Жаҳонгир Еттинчи сессиядаги оташин нутқи билан Ислом акани ганггитиб қўйганидан сўнг, кўп ўтмай Президентнинг депутатлар билан ишлаш бўйича ёрдамчиси қилиб тайинланади.
Унга Девондан алоҳида кабинет берилади, хизмат машинаси ажратилади.
Адолат ва диёнатни маҳкам ушлаб олган, дипломатликни билмайдиган, қайсар ва бир сўзли одам учун Президент девонида ишлаш мутлақо мумкин эмас экан. Шу сабабли бўлса керак, у қисқа муддатда бу даргоҳдан Ўзбекистон телевиденияси раҳбарига ўринбосар этиб жўнатилди.
Балки атай жўнатишгандир. Ўша ердан йўқ қилиб юбориш учун. Худди шундай бўлди ҳам. Унинг ЎзТВ даги фаолияти бир ойга ҳам етмади – 22 кунда барҳам топди.
Бугун ўйлаб кўрсам, Жаҳонгир — ўзбек журналистикасидаги энг фидойи йигитлардан бири экан. Агар шу тоифадаги журналистлар, арбоблар яна бир иккита бўлганда эди, ўзбек журналистикасини ҳеч ким енголмасди, унинг мавқеини ҳеч ким буколмасди.
Шу ерда адолат ҳаққи ҳурмати айтишимиз керак – Аҳмаджон Мухторовни йўқ қилишгач – ўзбек журналистикаси майдонида бизлар – Президентга садоқатли бўлган бир гуруҳ тарафкаш ва «лаббай»чилар қолдик.
Жаҳонгир барибир журналистикани кўтариш учун бор имкониятидан фойдаланди. Қўлидан келган ҳамма ишни қилди. Лекин биз унга халақит бердик. Йўлига «ғов» бўлдик.
Жаҳонгир барибир биздан фарқли ўлароқ, ҳукумат ташлаган қармоқларга – илинмади, мукофотларга — берилмади, учмади.
У ҳатто Ўзбекистон телевидениясида раис ўринбосари бўлганида ҳам ҳукуматга парвона бўлмади. Ўша ерда ҳам ўз фикрини айтишга уринди. Ҳолбуки, Ўзбекистон телевиденияси аллақачон ботқоққа ботиб бўлган эди.
У телевидения журналистикасини ана шу балчиқдан, ботқоқдан чиқармоқчи бўлди.
Унинг тепасида эса қўғирчоқ Ҳайитбоев ўтирарди. У эртадан кечгача Жаҳонгирнинг тагига сув қўйиш билан овора бўлди.
Эркин Қаҳҳорович Ҳайитбоев асли Намангондан бўлиб, яхши одам эди. Лекин ижод ва журналистикани мутлақо тушунмасди. Ўзи атеист бўлиб, қувваи ҳофизаси жуда саёз эди. Бир гапириб етти маротаба куладиган енгил табиат одам эди, раҳматли.
ТВ да айнан ана шундай одам тургани ҳам — Жаҳонгирнинг қисматини жуда оғирлаштирди.
Агар Жаҳонгир телевиденияда яна олти ой ишлаганида эди, ТВ даги жуда катта мустақил армия унинг ёнига кирган бўларди.
Менинг назаримда, айнан ТВ да мустақил журналистика армияси ташкил этилишининг олдини олиш учун ҳам — уни бу даргоҳдан четлаштиришди.
Бу лавозимга ундан олдин тайинланган Карим Баҳриевни ҳам айнан шунинг учун бу даргоҳга келтиришмади…
9.
Дарвоқе, Карим Баҳриев ҳақида.
Бугун Мустақилликнинг дастлабки йилларидаги Ўзбекистон сиёсий саҳнасининг «парда орти сирлари» ҳақида гапирар эканмиз, яна бир «сир»дан ўқувчиларни огоҳ этиб қўйишимиз керак.
Жаҳонгирдан олдин бу лавозимга Олий Кенгаш депутати, истеъдодли журналист Карим Баҳриев тайинланган эди. «Оқланмаган ишонч қиссаси»да ёзганимдек, бу лавозимни бизникига бориб ҳатто «ювган» ҳам эдик.
Ўшанда эндигина Президент суҳбатидан чиққан Каримжонни табриклаб Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов билан учаламиз бизникига бориб роса улфатчилик қилган эдик.
Лекин эртаси куни эрталаб бундан хабар топган Ўз ТВ раиси Эркин Ҳайитбоев Президентнинг олдига кириб, Фармонни бекор қилиб чиқади. Ўзбекистон сиёсий саҳнасининг парда ортидаги ана шундай ажиб томонлари ҳам борлигини ўқувчилар билиб қўйиши учун айтаяпман бу гапларни.
Назаримда Каримжон ҳақида Ислом акани ўйлатиб қўядиган нимадир айтилган. МХХ раиси Ғулом Алиев ҳам бунга ўз «ҳиссаси»ни қўшган бўлиши керак. Ҳолбуки, Президент бировни суҳбатга чорлашдан олдин бу идора аллақачон ўз хулосасини билдирган эди…
Эҳтимол, ўшандаёқ бу ўринга Каримдан кўра ҳозир айнан Жаҳонгирни юбориш, уни зудлик билан Девондан узоқлаштириш мақсадга мувофиқ деб қарор қилингандир, яна қайдам…
10.
Хуллас, Жаҳонгирнинг ҳам, Карим Баҳриевнинг ҳам тақдири жуда оғир кечди. Иккаласи ҳам ўзбек журналистикасининг кўзга кўринган ва тан олинган кучли ва навқирон устунларидан эди.
Иккаласига ҳам гўё мустақил иш бергандай бўлишди. Лекин ўша заҳотиёқ иккаласини ҳам оёғидан чалиб ташлашди…
Карим суҳбатга чорлаган Ислом ака у билан узоқ суҳбатлашган эди. Уларнинг суҳбати тугашини кутиб мен Мавлон Умрзоқов кабинетида анча қолиб кетганим ҳануз ёдимда. Карим Президент билан нималар ҳақида гаплашганини унинг ўзи вақти келиб бир кун айтар, хотираларида ёзар.
Қизиқ, Президент суҳбатлашиб, лавозимга тайинлаб, табриклайди-ю, лекин эртаси куни бу Фармон бекор қилинади.
Сўнг кўп ўтмай уни «Ҳуррият» мустақил газетасига Бош муҳаррир қилиб тайинлашди. Бу ерда ҳам узоқ ишлаш унга насиб этмади.
Газетанинг беш сонидан сўнг уни ишдан бўшатишди…
11.
Майли, биз бугун Карим Баҳриевнинг эмас, балки Жаҳонгир Маматовнинг сиёсий портретига шарҳ бераяпмиз. Шунинг учун яна Жаҳонгирга қайтсак.
Жаҳонгирнинг оёғи остига — Шуғуломов биринчилардан бўлиб, бомба қўйди.
Агар ўзбек журналистикаси кейинги йигирма йилда ўз обрў – эътиборини йўқотган бўлса, бунга энг аввало узоқ йиллар Матбуот вазири бўлган Рустам Шоғуломов билан Президентнинг адабий ва абабий маслаҳатчиси бўлиб келаётган Хайриддин Султоновлар айбдор.
Улар ўз ҳамкасбларини ва соҳаларини сотдилар ва сотқинлар тақдири нима билан тугаса — уларни ҳам шу тақдир кутяпти. Биттаси Шоғуломов — ишдан бўшаганидан сўнг узоқ яшай олмади. Бирорта ҳам даврага кириб ёруғ юз билан эмин эркин ўтира олмади.
Хайриддининг ҳам ҳаёти ана шундай якун топиши турган гап.
Бу гапларни ўқиб, эҳтимол кимдир: «Хўш, сен ўзинг-чи? Сен ўзинг ҳам бир пайтлар Жаҳонгирни ноҳақ танқид қилиб чиққан эдинг-ку!» — деб айтиши мумкин.
Яширмайман, бу гапда ҳам жон бор.
Бизнинг Жаҳонгир билан орамизда ҳеч гап йўқ эди. Фикр талошувларимиз боиси эса – Биз Президент тарафида эдик, Жаҳонгир бизга қарши эди — биз Ислом акага тарафкашлик қилдик, бор гап шу.
Энди бевосита Жаҳонгир ҳақида ёзилган ўша танқидий мақола тафсилотларига ўтсак…
12.
Кунлардан бир кун Мавлон ака мени ўз ҳузурига чорлаганини айтишди. Бордим.
«Кейинги пайтларда ҳукумат ва давлат идораларига “Жомбойлик депутат Маматовнинг порахўрлиги” хусусида кўплаб шикоят ва аризалар кела бошлади», — деб сўзни узоқдан бошлади Президентнинг Давлат маслаҳатчиси. — Шуни бир ўрганиб кўрсангиз…
Ҳамма нарса тушунарли эди. Демак Жаҳонгирни фелъетон қилишим керак.
— Катта биладими? — деб сўрадим дадил.
— Билиш ҳам гапми, мақолангизни ўзлари ўқиб берадилар… – деди Мавлон ака қониқиш билан. Демак, таклиф Ислом акадан чиққан…
Шу тариқа мен Жаҳонгирнинг Самарқанддаги фаолиятини ўргана бошладим.
Яширмайман, аввал Самарқанд шаҳар горкомидан, сўнг Сиёб райкомидан келган бир папка ҳужжатлар билан танишдим. Уларни менга Зелемхон ака берганди.
Президент девони структурасига кўра – Президентга келадиган хат ва ҳужжатлар билан боғлиқ сектор бевосита Зелемхон Ҳайдаровга қарайди. Шунинг учун ҳам бу хатларнинг унинг қўлида тўпланиши табиий эди.
Лекин Жаҳонгир Маматов ҳақида фелъетон ёзиш ҳақидаги топшириқ бошқа томондан келган эди…
Самарқанд ҳокимиятида, раҳбариятида ҳам Жаҳонгир Маматов тўғрисида анча-мунча маълумотлар тўпланган экан.
Ўша – мен учун атай тўплаб юборилган ҳужжатларни ўрганиб шундай хулосага келиш мумкин: Жаҳонгир Маматов ўзини адолатпарвар, муросасиз журналист қилиб кўрсатса-да, кўп ҳаракатлари носамимий ва нохолис. Фелу-атворида таъма ва фирибгарлик иллатлари мужассамлашган…
Хуллас, ана шундай йўналишда Жаҳонгир Маматовга очиқ хат ёздим…
13.
Энди бу очиқ хатнинг матбуотда қандай эълон қилингани тўғрисида икки оғиз изоҳ бериб ўтмоқчиман.
Очиқ хат ёзилгандан сўнг мен уни Мавлон акага бердим. Ислом ака ҳам Жаҳонгирга очиқ хат ёзилганидан хабардор бўлдилар, лекин муносабат билдирмадилар.
Биз эса “сукут аломати – ризо” деб ўйлаб, мақолани у киши қачон эълон қилишга рухсат бераркин деб кута бошладик.
Бир гал Мавлон ака олдиларига кирганида:
— Исматнинг мақоласи туриб турсин. Жаҳонгир мени ҳақорат қилган бўлса ҳам, лекин юрагида Ватанга меҳр-муҳаббат бор, Ўзбекистонни чинакамига озод бўлишини истайдиган йигит. Балки, ёшлик қилгандир. Ўзим раҳбар бўлган мамлакатда мени ҳақорат қилган йигитга қарши очиқ хат эълон қилинса, уят бўлади, – деган мантиқли фикрни билдиради Ислом Абдуғаниевич.
Бу шунчаки номигагина айтилган гап эди. Аслида эса Ислом ака Жаҳонгирни қачон «уриш» вақти келишини пойлаб турарди…
Бу орада – аллақачон баҳор насимлари эса бошлаган Ўзбекистонга Наврўз кириб келди.
Мустақилликнинг ўша дастлабки йилларида Ўзбекистон Олий раҳбариятида яхши бир одат йўлга қўйилган эди: Мамлакатимизнинг турли даражадаги раҳбарлари вилоятларга бориб, Наврўз байрамларида иштирок этишарди.
1992 йилнинг Наврўз байрамида Ўзбекистон Олий Кенгашининг раиси Шавкат Юлдошев билан Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовларнинг водийга бориши режалаштирилган экан.
Мавлон ака мени ҳам таклиф қилди.
Ўшанда биз Олий Кенгаш раисининг махсус самолётида учганмиз. Биринчи маротаба юқори мартабали раҳбарга ажратилган самолётга чиқишим эди.
Ўн-ўн икки киши ўтирадиган ўриндиқ бор экан. Лекин асосий жой худди шинам меҳмонхонага ўхшарди: ўртада катта стол, атрофига юмшоқ креслолар қўйилган. У ерда чой- пой ичиб, бемалол суҳбатлашиб ўтириш мумкин эди.
Биз ўша самолётда учганмиз.
Наманганга бордик, сўнг Фарғонага ўтдик, кейин Андижонга.
Вилоят ҳокимлари бизни янги қурилишларга олиб боришди. Наврўз байрами тантаналарида қатнашдик. Гул-чечаклар тўлиб тошган сўлим боғларда ошлар дамланган, одамларнинг кайфияти яхши эди.
Байрам ўтгач, вилоят ҳокимлигининг тоғ ёнбағридаги сўлим дачасида зиёфат бўлди. Зиёфат ўзининг авж нуқтасига чиққан маҳал кутилмаганда дачага Ислом ака телефон қилиб Мавлон акага қандайдир топшириқлар берди.
Мавлон ака Президент билан ҳукумат телефонидан гаплашаётганида у кишининг бир имоси билан ҳамма хонадан отилиб чиқиб кетди. Биз эса Шавкат Йўлдошев билан бамайлихотир биллардимизни ўйнашда давом этавердик…
Шу оқшом биз дачада ётиб қолдик.
Мавлон ака Президентнинг топшириғига кўра Фарғона вилояти туманларининг биридаги навбатдан ташқари сессияда иштирок этадиган бўлиб қолди. Қайсидир районнинг раҳбари ишдан олиниши керак экан…
14.
Эртаси куни эрталаб Фарғона вилояти ҳокими Мирзажон Исломов билан Мавлон ака сессия бўладиган районга жўнаб кетишди.
Вилоят ҳокимининг бошқа ўринбосарлари эса бир пиёла чой ичилгач, Шавкат Йўлдошев билан мени аэропртга кузатиб чиқишди. Биз Олий Кенгаш раиси билан иккаламиз Тошкентга учиб кетдик.
Осмонга кўтарилиб, нафасимизни ростлаганимиздан сўнг “меҳмонхона”га ўтдик. Қошлари камондек соҳибжамол стюардесса қиз столнинг устига ҳар хил ичимликлар келтириб қўйди. Бир икки қадаҳ ичилди. Гап гапга қовуша бошлади.
Негадир Шавкат Юлдошев ўзининг шахсий муаммолари тўғрисида сўзлаб қолди. У депутатлик сўрови биланми ёки бошқа имтиёз воситаси биланми битта “Волга” олган экан.
— Кейин уни ўз нархига сотиб юборганман, – дейди Шавкат ака хуноб бўлиб. – Жаҳонгир Маматов эса “чайқов баҳосида сотгансан” деб ҳоли-жонимга қўймаяпти! Агар Президентга айтиб, Ошкоралик қўмитасини қайта тикламасанглар ўзларингдан кўрларинг деб, ҳол жонимга қўймаяпти…
Мавлон Умрзоқовга, қолаверса Президентга яқинлигим боис менга кўнглини ёрган раҳбарларни олдин ҳам кўп учратган бўлсам-да, лекин каттакон бир давлатнинг Олий Кенгаши раисидан бундай «дил изҳори»ни, рости, кутмаган эдим.
Қисқаси, Жаҳонгир Маматовдан нафақат давлат раҳбари Ислом ака, ҳатто Олий Кенгаш раиси ҳам қўрқиб қолган эди.
Шу пайт мен ёшлик қилдимми ё мақтангим келдими, ишқилиб:
— Ие, Шавкат ака, мен Жаҳонгир Маматовга қарши очиқ хат ёзиб қўйганман! – дедим. – Лекин унинг эълон қилинишига Ислом ака рухсат бермай турибди…
— Ростданми? – деди Шавкат ака ишонқирамай.
— Ҳа, қотириб ёзганман.
— Мен нима қилишни билмаяпман, бошим қотиб қолди… – деб Шавкат Юлдошев ўз дардини қайтадан ҳикоя қилишга тушди…
Вой бечора-ей, янги “Волга” олибди, кейин устига бир-икки минг сўм қўйиб сотибди. Шунга ҳам ота гўри – қозихонами?! Унга машинанинг нима кераги бор? Мана, самолёти бор, хизмат машинаси бор. Ахир у бировдан пора олмаган-ку, фақат ўзининг шахсий машинасидан бир-икки минг сўм фойда кўрган, холос. Нега у Жаҳонгирдан бунча қўрқиб қолдийкин? Ё бу ерда бошқа гап бормикин? Каттакон бир мамлакат Олий Кенгаши раисининг журналист депутатдан нолиб ўтирганини кўриб, унга раҳмим келди.
— Бу ошкоралик бошга битган бало бўлди-ку! – деди Шавкат ака сўзининг охирида.
Шавкат Юлдошевнинг ҳатти-ҳаракатида “жиноят таркиби” йўқ эди, лекин Жаҳонгир Маматов “Волга” масаласи билан астойдил шуғулланса, ўша машинани сотиб олган харидорни топиб, неча пулга сотиб олганини исботлаши мумкин. Ундан кейин Олий Кенгаш раисини чайқовчиликда айблаб, шарманда қилиши ҳеч гап эмас.
Шундоқ ҳам Ислом ака Шавкат Юлдошевни Олий Кенгашни эплаб бошқараолмаётганликда айблаб келаяпти. Агар Жаҳонгир ростдан ҳам бу ишни ковлаштирса — Шавкат аканинг ҳолига маймунлар йиғлаши ҳеч гап эмас эди.
Икки ўт орасида қолган бечора Олий Кенгаш раиси можаронинг шу томонидан қўрқарди…
15.
Бир соат ўтар ўтмас — Тошкентга ҳам етиб келдик.
Хайр-хушлашиб, самолёт пиллапояси ёнига келиб тўхтаган хизмат машиналаримизга чиқарканмиз, Шавкат ака менга нимадандир умидвор кишидек мўлтираб қараб қўйди.
Ҳорғин бир кайфият билан уй-уйимизга жўнаб кетдик…
Орадан анча вақт ўтди. Самолётда бўлиб ўтган суҳбат ёдимдан ҳам кўтарилиб кетди.
Бир куни редакцияда ишлаб ўтирсам ҳукумат телефони – «вертушка» жиринглаб қолди. Трубкани кўтарсам, Олий Кенгаш Раиси Шавкат Юлдошев. Саломлашдик, ҳол-аҳвол сўрашдик.
— Исматжон, Жаҳонгир Маматовга ёзган очиқ хатингизни ўқиб кўрсам бўлодими? – деб сўради у киши кутилмаганда наманганча талаффуз билан..
— Бўлади, менда нусхаси бор, – дедим бамайлихотир.
— Малол келмаса, вақтингиз бўлганда ўшани қабулхонамга ташлаб ўтсангиз, бу ерда доим ёрдамчим бўлади, – деди Шавкат ака.
Мен рози бўлдим. Олий Кенгаш раиси “мақолангизни бир ўқиб кўрай» деб илтимос қилади-ю, йўқ деб бўладими?
Кейин соддалик қилиб, очиқ хатни Шавкат Юлдошевнинг ёрдамчисига бериб келдим.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, уни “Халқ сўзи” газетасида ўқиб қолдим. У пайтларда Аҳмаджон Мухторов “қовун тушириб”, мажбурий отпускага кетган бўлиб, Анвар Жўрабоев “бош муҳаррир вазифасини бажарувчи” эди.
Ниҳоятда ажабландим. Албатта, “Халқ сўзи” Олий Кенгашнинг рўзномаси эди, бу газетада Олий Кенгаш раиси тавсия этган ҳар қандай мақола зудлик билан чоп этиларди.
Бироқ, мен Шавкат Юлдошев билан очиқ хатимни матбуотда эълон қилиш масаласини умуман гаплашмаган эдим.
Кейин маълум бўлишича, Шавкат Юлдошев Президентнинг матбуот котиби Шавкат Яҳёев ҳамда Президент ёрдамчиси Георгий Крайновлар билан маслаҳатлашибди. Назаримда, Юлдошев уларни очиқ хатни эълон қилишга кўндиради. Шавкат Яҳёев фарғоналик эди, Юлдошев ҳам водийдан.
Эҳтимол, шу боисми, улар бир-бирларини қўллаб юборишади. Шавкат Юлдошевнинг нима қилганини билмайман, лекин бу масалада Президентдан розилик олишмаган. Мақоламнинг бир нусхаси тортмасида турган Мавлон Умрзоқов бундан тамомила бехабар эди дейиш фикридан йироқман. Лекин, Президентнинг рухсатисиз мақола эълон қилинса, калтакнинг бир учи Мавлон акага ҳам тегиши аниқ эди.
Қисқаси, ана шунақанги “гилам остидаги ўйинлар” (подковерные игры) туфайли очиқ хат газетада чиқиб кетади. Ўша куниёқ тўс-тўполон бошланади. Ислом ака матбуот котибини ҳам, ёрдамчисини ҳам қаттиқ койийди. Мен буларни кейинчалик Зелемхон Ҳайдаровдан эшитиб билдим.
Яхшиси, бу масалага ойдинлик киритишдан олдин йигирма йилдан бўён ўзбек жамияти ва матбуотида турли туман баҳс-у, мунозараларга сабаб бўлиб келаётган Жаҳонгир Маматов ҳақида мен ёзган ўша танқидий мақола билан унинг менга ёзган жавобини ўқиб кўрсак…
16.
Исмат ХУШЕВ: ПАРВОЗ ВА ИНҚИРОЗ
Ўзбекистон халқ депутати Жаҳонгир Маматовга очиқ хат
Ҳурматли Жаҳонгир ака!
Бир кун келиб Сиздек адолатпарвар, виждонли, разолат кушандаси бўлган жасоратли ҳамкасб дўстимизга шу ойдин туйғуларимизни паймол этганингиз учун ҳафсалам пир бўлиб нома ёзаман деб ўйламаган эдим.
Бу мактуб мен учун қанчалар оғир ва аламли эканлигини тушунарсиз деб умид қиламан.
Аввало, мен Сизнинг ҳали Самарқанддаёқ номингиз машҳур бўла бошлаганига ҳавас қилган, газеталардаги жасоратли чиқишларингиздан ҳайратланган ва охир оқибатда халқ ноиби бўлганингиздан теримга сиғмай қувонган ва шодланган мухлис йигит, Сизга меҳр қўйган хайрихоҳ бир ука эдим.
Шу пайтга қадар Сизни ёқтирмаган, Сиздан шубҳаланган ва Сизни ранжитган одамларни адолат ва ошкораликка қарши ноҳалол ва носамимий кишилар деб ўйлар эдим.
Бугун менинг Сизга нисбатан бўлган бу ишонч ва орзуларимга қаттиқ дарз кетди.
Эҳтимол, бу дарз Олий Кенгашнинг сўнгги нуфузли йиғинларидан бирида – Сизнинг юртбошига нисбатан одобсизларча айтган: “Бу юрт онангизнинг маҳрига тушганми?” деган иборангиз халқимизнинг катта қисми сингари мени ҳам ранжитганида — пайдо бўлган бўлса, ажаб эмас.
Сизнинг ўша жаҳонгирона чиқишингиздан сўнг, кўп ўтмай янги лавозимга тайинланган шодон ва масрур онларингизда “Халқ сўзи” рўзномасида Президент ва унинг бугунги сиёсати ҳақида ёзган “самимий” сўзларингиздан андак шубҳалана бошлаган эдим.
Лекин куни кеча Ўзбекистон ойнаи жаҳони раҳбари бўлганингиздан кейинги ҳатти-ҳаракатларингиз, рости, мени бироз ҳайратга солди.
Шоиримиз, давлат арбоби Эркин Воҳидов билан суҳбат давомидаги такаббурлигингиз, ҳақиқат ҳомийси сифатидаги хитоб ва чақириқларингиз халқимизнинг кўпчилик қисми учун беодоблик, ҳақорат бўлиб туюлди.
Шунда ҳам ижодий жараённинг мураккаблигини тушуна бошлаган бир ҳамкасб сифатида Сизнинг ҳолатингизни тўғри англашга интилдим…
Кутилмаганда Сизнинг ойнаи жаҳон янги раҳбарлиги лавозимидан истеъфо берганингиз атрофидаги шов-шувларни эшитиб, ҳайратим баттар ошди.
Рости, Сиз ҳамкасбимни ҳимоя қилиш мақсадида истеъфонгизга доир ҳужжатлар билан танишишга киришдим.
1992 йил 7 февраль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон телевиденияси ижодий ходимларининг йиғилиш протоколидан кўчирма:
Э.Ҳайитбоев, Ўзбекистон телерадиокомпанияси раиси:
— Буйруқбозлик билан иш юритадиган даврлар ўтиб кетди. Ўртоқ Маматов эса ўз фаолиятларини ойлик маошлари ҳақида, нечта машина ва нечта телефонлари бўлиши тўғрисидаги гаплар билан бошладилар. Менинг олдимга депутатлик сўрови билан қоғоз олиб кирдилар, унда фақат шахсий талаблар ёзилган: машина битта эмас, иккита бўлиши керак – биттаси кундузига, иккинчиси кечасига. Телефонларни кўпайтириш ва яна шунга ўхшаш ҳоказо гаплар. Телевидение муаммолари ҳақида эса бир оғиз ҳам сўз йўқ…
Э.Мусаев, Ўзбекистон телерадиокомпанияси раисининг биринчи муовини:
— Жаҳонгир Маматовни элга танитган ўзи телевидение бўлди. 1990 йили биринчи марта “Наврўз” телемарафонини ўтказганимизда у бошловчилардан бири эди. Ва шу хизмати учун унвон ҳам олди…. Бу ерга раҳбар бўлиб тайинланганидан кейин ишни сал бошқачароқ бошлади. Дарров ўзини эфирга урди. Телевидение гўё унинг шахсий мулкидек иш тута бошлади. Республикадан катта миқдордаги озиқ-овқатнинг олиб чиқиб кетилаётганлиги ва унга мафиянинг алоқадорлиги ҳақида далил ва исботли “Шаҳар бедарвоза эмас” номли кўрсатувнинг охирги сонини йўқ қилмоқчи бўлди… Жамоа ва халқ манфаатини кўзламаган, шахсий амбицияси кучли, жиззаки одам телевидениядек катта даргоҳга раҳбарлик қила олмайди.
Қ.Собиров, сиёсий-иқтисодий кўрсатувлар редакцияси катта муҳаррири:
— Жаҳонгирни яхши инсон, қалами ўткир журналист сифатида билардим. Лекин у киши раҳбар бўлиб бизнинг ишончимизни оқламадилар…
Н.Холиқов, сиёсий-иқтисодий кўрсатувлар редакцияси бош муҳаррири муовини:
“Шаҳар бедарвоза эмас” кўрсатуви ҳақида Жаҳонгир Маматов номи билан боғлиқ кўпгина шов-шув ва миш-мишлар бўляпти. Шу ҳақда бироз батафсилроқ гапирмоқчи эдим. Кўрсатувда Жиззах вилоятидан катта миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотлари четга олиб чиқиб кетилаётганлиги ҳақида ҳикоя қилувчи материал бор эди. Планёрка пайтида Жаҳонгир ака: “Ахир яқиндагина бу вилоятдан кўрсатув берилган эди-ку, яна шу областни кўрсатаяпсизларми?” деб уни эфирдан олиб ташламоқчи бўлдилар…. Сўнг кечки программада кўрсатувнинг бошқа кунга қолдирилгани ҳақида эълон берилганига қарамай, кўрсатув эфирга чиқди.
Б.Муҳамедов, Ўзбекистон телевидениеси дастур бош директори:
…Бу кўрсатувни эфирга чиқаришга Жаҳонгир қилган қаршиликларни истаган жойда исботлаб беришим мумкин. Унинг бу ҳаракати менда ҳам шубҳа уйғотди…
…Ҳужжатларни кўздан кечириб, қарама-қарши фикрлар исканжасида қолдим.
Масалага аниқлик киритиш мақсадида жумҳурият Ички ишлар вазири ўринбосари Ўрайимжон Абдуғаниевга қўнғироқ қилдим. Ва шундагина Сизнинг нима учун телевидение раҳбарлигидан “ўз ихтиёрингиз билан” бўшаб кетганингиз боисини ҳам тушунгандек бўлдим…
Телевидениедаги қисқа фурсатли сирли ҳатти-ҳаракатларингизни ўрганиш мобайнида Сизнинг ўтган кунларингизга оид ҳужжатларга ҳам дуч келдимки, улар мени тамомила лолу-карахт қилиб қўйди.
Сиз Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети органи бўлмиш “Совет Ўзбекистони” газетасининг Самарқанд области мухбири бўлганингиздан сўнг ҳам худди шундай ҳаёт тарзини- бошқаларни ўғри ва муттаҳам қилиб, ўзингизни эса ҳалол ва адолатпарвар, қайта қуриш қаҳрамони қилиб кўрсатишдек бемаъни фалсафани содда самарқандликлар онгига сингдиришда давом этгансиз.
Сиз область миқёсидаги нуфузли ташкилотларга ёзган хатларингизнинг бирида Самарқанддаги маданият ва истироҳат боғида (“Ёш гвардия” номидаги) слесарь бўлиб ишловчи М.Д.Истамовнинг ҳалол ва камтарлигини айтиб, унинг анчадан бўён енгил машина ололмаётганлигию, унга ёрдам бериш “партия ва совет” ташкилотлари бурчи эканлиги ҳақида жонкуярлик қилганингиз ҳам диққатга сазовордир. Қани энди, ҳамма мухбирлар ҳам Сиздек меҳрибон ва ҳақиқатчи бўлишса.
Сизнинг ушбу “ғамхўрлигингиздан” сўнг “Ёш гвардия” номидаги маданият ва истироҳат боғида 1987 йилнинг 20 мартидан ишлаб келаётган М.Истамовга боғ маъмурияти 1988 йилнинг январида енгил автомашина ажратиш ҳақида илтимоснома билан юқори ташкилотларга мурожаат қилди.
Самарқанд шаҳридаги Темирйўл район ижроия комитети 1988 йил 20 январидаги 13-Р рақамли қарори билан М.Истамовга сотиш учун енгил машина ажратади. Ҳолбуки, бошқа ташкилотларда енгил машина олиш учун одамлар 20-30 йиллаб навбатга туришар экан. Бу ҳам майли. Масалага Сиздек машҳур журналист аралашганидан сўнг одамлар йил тўлмай машина олишса, аслида ҳайратланмаслик керак.
Бироқ, негадир райижроқумга машина ишқида ёнган М.Истамов эмас, балки унга ёрдам қўлини чўзган журналист, яъни Сиз ташриф буюргансиз.
Миннатдорчилик билдириб, машинани М.Истамовга олиб бериш учун эмас, балки…ўзингиз… унинг машинасини сотиб олиш учун боргансиз.
Расмий ҳужжатдан кўчирма: “Ижроқўмдан машина олиш учун М.Истамов эмас, балки Ж.Маматовнинг ўзи шуғулланади. Машина ажратилгани ҳақида ижроқум буйруғидан кўчирмани ҳам Ж.Маматовнинг ўзи М.Истамовнинг сохта имзосини қўйиб, лекин ўз дастхати билан “Машинани олдим” деб ёзиб олиб кетди. Шундан сўнг ҳам машина М.Истамов номига расмийлаштирилмаган, балки сотиб юборилган…”
Самарқанд шаҳар ички ишлар бўлимидан олинган қуйидаги ҳужжат бошқа бир машина ҳақида ҳикоя қилади:
Фуқаро Ж.Маматов номига ВАЗ-2107, давлат рақами Л 02-07 СН бўлган кулранг машина расмийлаштирилган. Машина область ижроия комитетининг 1990 йил 25 апрелидаги 127/6 рақамли буйруғи ва Боғишамол ижроқўмининг 1990 йил 27 апрелидаги 76/P рақамли буйруқлари асосида ажратилган. Фуқаро Муин Давронович Истамов номига енгил машина расмийлаштирилмаган…
…Жумҳурият газеталарида Сизнинг бирин-кетин ўткир ва фош қилувчи мақолаларингиз босила бошлади. “Совет ўзбекистони” газетасининг 1989 йил 18 март сонида эълон қилинган “Адолат” номли мақолангизда Сиз Самарқанддаги Промзона медсанчастидан Адолат Баҳриеванинг кирдикорларини хаспўшлаб, уни ноҳақ ҳимоя қиласиз.
Бошқа бир журналист Вилор Ниёзматов эса “Советская культура” газетасида бу аёл ва унинг ҳатти-ҳаракатларини таҳлил қилган “Бош врач бўлмоқчиман” деган мақоласини эълон қилади. (“Советская культура” 23 май 1989 йил).
Қизиғи шундаки, бу мақолага нисбатан Сиз ҳам, “Совет Ўзбекистони” ҳам негадир эътироз билдирмадингиз…
Номзодингиз Жомбой гўшт комбинатидан депутатликка қўйилгандаги мураккаб вазиятда ҳам Сиз бошқа рақибларингиз каби ҳалол ва мардона курашмагансиз.
Бу ҳақда кичик суврат ва суҳбатларингиз эълон қилинган даста-даста газеталардаги ҳайратомуз гап-сўзларингиз, ўзингизни Самарқанддаги ягона ҳақиқат учун курашчи қилиб кўрсатишга интилган қатор “фалсафа-ю, кашфиёт”ларингиз яққол далолат бериб турибди.
Бу курашда Сиз ҳатто 1984 йилда газ йиғилиши оқибатида портлаш содир бўлиб ёниб кетган уйингизни ҳам қандайдир “қаҳрамонларингиз”нинг ўч олиши билан боғлаб, сохта обрў олишга ҳаракат қилгансиз.
Ҳолбуки, сайловчилар билан учрашувларда шу ҳақда уялмай-нетмай афсоналар тўқиган пайтингиз кўкрак чўнтагингизда район ўт ўчириш командаси томонидан уйингиз аслида нимадан ёниб кетгани ҳақида берилган расмий ҳужжат норасмий виждонингизни заррача қийнамаганига ҳайронман.
Ўзбекистон халқ депутати мандатини қўлга киритганингиздан сўнг ўз фаолиятингизни дадил давом эттирдингиз. Республика Олий Кенгаши ошкоралик комитети раиси муовини сифатида “Ўзбекбирлашув” бошқармаси раҳбарларини Самарқанд кооператив техникуми директорини алмаштиришга мажбур қилганингиз ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатлар ҳам бор экан.
Бу ҳақда техникум маъмурияти П.Б.Гулькаров ва Р.Ш.Ўроқовлар имзо чеккан мактубда бунга ўхшаш ноқонуний ҳатти-ҳаракатларингиз ўз баҳосини олган.
Самарқанддаги олғирлик Тошкентда ҳам давом этди. Савдо вазирига дўқ-пўписа билан қимматбаҳо мебель-гарнитурни сув текин қўлга киритганингизни бошқа қандай баҳолаш мумкин?!
Сиз бир умр халқни – олдин содда ва ишонувчан жомбойликларни, сўнг самарқандликларни ва ниҳоят бутун республика аҳлини чалғитиб, омадингиз юришиб келди.
Мансаб пиллапояларидан шунчалик тез кўтарила бошладингизки, ҳатто ўзингизнинг фидойи, адолатпарвар эканлигингизга ишониб қолдингиз.
Парламентда ишсиз қолганингизда чет элга кетаман деб сафсата сотдингиз. Сўнг синалган усулингизни ишга солиб, матбуотда жабрдийда ноиб сифатида чиқишлар қилдингиз.
“Қальа ичидан олингач” янги лавозимли ҳам бўлиб қолдингиз. Тағин омадингиз кулиб, ўзбек ойнаи жаҳони раҳбари курсисига ўтирдингиз.
Қисқа муддатли фаолиятингизда “концертхона” ойнаи жаҳон жанжалхонага айланди. “Ўз ихтиёрингиз билан” истеъфога чиққанингиздан сўнг, яна “шантаж” санъатини ишга солдингиз:
Президент, ҳукумат нотўғри ишлаяпти…
Энди яна Сиз аризангизда ёзганингиздек, “оппозицияда”сиз…
“Халқ сўзи”даги мақолангизда “Қальа ичдан олинади” деган иборага кўзим тушган. Ҳақ гап. Ўшанда Сиз қайси қальани назарда тутган эдингиз. Сиз ўзингиз қайси қальага мансубсиз?!
Ҳаммамиз ҳам хом сут эмган бандамиз. Ҳаётнинг бу чигал чорраҳаларида турли хатоларга йўл қўямиз, виждон азобини тортамиз.
Жаҳонгир ака!
Инсон орзу билан яшайди. Беайб – Парвардигор!
Неларнингдир илинжида турли режалар тузамиз. Ҳар қандай режа-ю, истак меъзони – ИНСОФ унутилган кун биз қиёфамизни йўқотамиз!
Қиёфа бу аввало – ном, бурч, виждон, инсоф, диёнат, эришган ютуқларимизнинг, увол-у, савобларимизнинг якунидир.
Менинг назаримда энг муҳими халқнинг ишончини баҳоли қудрат оқлаш.
Унинг назаридан қолмаслик. Сиз бунга нима дейсиз?
Ҳурмат ва эҳтиром билан:
Исмат ХУШЕВ
(“Халқ сўзи” газетаси, 1992 йил, 18 апрель, 75-сон)
17.
Мақола эълон қилинган куни эрта азондаёқ тўполон бошланган.
Жаҳонгирнинг устози Аҳмаджон Мухторов биринчилардан бўлиб, ғазаб билан Президент девонида матбуот бўйича масъул Шароф Убайдуллаевга Москвадан сим қоқади. Ўша пайтларда Аҳмаджон ака «Халқ сўзи» газетаси Бош муҳаррирлигидан бўшатилиб, Москвага кетиб қолган, унинг вазифасини вақтинча Анвар Жўрабоев бажараётган эди.
Ўша пайтда Президент девонида ҳам маълум маънода эркин фикрга мойиллик бор эди. Девондагилар Аҳмаджон Мухторовнинг важоҳатини кўриб, масалани газак олдирмай ёпишга ҳаракат қилишади. Улар ҳам бемалол жавобларини эълон қилишлари мумкинлигига ишора қилишади.
Агар Мухторовнинг бу норозилиги Москва матбуотида ҳам бўй кўрсатса, шусиз ҳам бу фелъетоннинг бевақт эълон қилинишидан ғазабланиб турган Ислом аканинг оловини баттар қўзғаши мумкин эди.
Президент аппарати аслида — ўйинчилар даргоҳи эканини мен ўшанда билмасдим. Шароф Убайдуллаев ва Мавлон Умрзоқовлар ўшанда яхшигина ўйин қилишган: «Сизлар ҳам матбуот орқали бемалол жавоб беринглар, тўполоннинг кераги йўқ», — деб Аҳмаджон Мухторовнинг дамини кесишган.
Ҳолбуки, Исмат Хушев ёзган мақоладаги факт ва далилларни ҳам аслида ўшалар менга беришган эди. Бу ишга Президент Девони Ишлар Бошқармаси раҳбари Зелемхон Ҳайдаров ҳам шахсан аралашган.
Сиёб райкомининг биринчи секретари Тошкентга Жаҳонгирга оид бир папка маълумотлар олиб келганида Зелемхон аканинг таклифи асосида мен у билан Герман Лопатин кўчасидаги «Шелковичная» меҳмонхонасида учрашиб, ҳужжатларни қабул қилиб олганман.
Мавлон Умрзоқов билан Шароф Убайдуллаев Аҳмаджон Мухторовнинг: «Бу кимнинг топшириғи?» деган саволидан қўрқиб кетишган ва масалани кун тартибидан олиб ташлаш учун: «Бу ишда Президентнинг алоқаси йўқ» — деб уларга ҳам ўз жавобларини «Халқ сўзи»да эълон қилишга рухсат беришган.
Агар мен Олий раҳбариятнинг шунақа ўйин қилишини билганимда эди, мақолани ёзишдан олдин уларга ўз талаб ва шартларимни қўйган бўлардим…
18.
Охир-оқибат — ўртада мен калтак едим.
Шу ўринда кимдир: «Ажаб бўлибди, нега бировга ўзинг биринчи бўлиб ташландинг?» — деб киноя қилиши ҳам мумкин.
Бунда ҳам жон бор. Яширмайман, мен ўша пайтда Ислом акага ким қарши чиққан бўлса, ўшани ўзимнинг энг ашаддий душманим деб билганман. Мен бировга меҳр қўйсам, Карим Баҳриевдек ақл ва фаросат, мушоҳада ва фасоат билан эмас, ақлсиз ва зомбига айланган фанатларча – шижоат ва кўр кўрона — садоқат билан меҳр қўяман.
Каримовга ҳам, Мирсаидовга ҳам, Умрзоқовга ҳам худди шундай – узил кесил ва фидойилик билан садоқатда бўлганман. Уларга бўлган ишонч ва эътиқодимга — ҳеч қачон иккиланмаганман.
Эҳтимол, шунинг учун ҳам кези келганда улардан бирининг энг садоқатли тарафкаши ва сафдоши сифатида қамалиб кетган бўлсам, не ажаб.
Айни савол Каримга нисбатан ҳам қўлланилганда, тепадагилар ўйланиб қолишган: Каримнинг ўта ҳушёр ва уйғоқ муносабати уни бешак ҳибсдан қутқариб қолди. Ҳолбуки Карим ҳам Мавлон акага жуда яқин эди…
Шунинг учун ҳам мен ўзим ишонган ва меҳр қўйган, командасида бўлган — йўлбошчимиз истаган ва майл билдирган заҳотиёқ Жаҳонгирга қарата ҳужумга ўтдим. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Мен фақат битта «Фронт»да курашадиган, жанг олиб борадиган партиянинг фидойи аскари эдим.
Мен Ислом Каримов командасининг — Абдулла Қаҳҳор айтганидек, Карим Баҳриевга ўхшаган — «Онгли аъзоси» эмас, балки – раҳбарим «Бос!» деса, босиб янчиб ташлайдиган, унга сўзсиз бўйсўнадиган — «кўзи кўр ва қулоғи кар» бўлган садоқатли жангариси эдим…
19.
Хуллас юртбошига бўлган ана шу фидойилик рамзи ўлароқ «Халқ сўзи» газетасида Бош муҳаррир Исмат Хушевнинг Ўзбекистон Олий Мажлиси ноиби, Президентнинг ашаддий рақиби — Жаҳонгир Маматов ҳақидаги «Парвоз ва Инқироз» номли фелъетони пайдо бўлади.
Демак, 1992 йилнинг 18 апрель – шанба куни “Халқ сўзи”да Ўзбекистон халқ депутати Жаҳонгир Маматовга йўлланган “Парвоз ва инқироз” номли очиқ хатим эълон қилинади.
Газета ходимлари якшанба куни дам олишади, душанба куни янги сони саҳифаланади ва сешанба куни навбатдаги сони чиқади. Энг ажабланарли жойи шундаки, газетанинг шанба кунги 75-сонида менинг очиқ хатим эълон қилинган бўлса, 76-сонида Жаҳонгир Маматовнинг жавоби эълон қилинади!
Во ажаб! Жаҳонгир бунга қандай улгурди экан?
Бу ерда Ж.Маматовнинг жавоби эълон қилиниши табиий ҳол, лекин яшин тезлигида эълон қилиниши ғайритабиий эди.
Жаҳонгир Маматов душанба куниёқ менинг очиқ хатимга нисбатан ҳажми икки ярим баравар катта бўлган жавобни тайёрлашга улгуради!
Боя айтганимдек, уларга ҳам Девондаги «акахон»ларим: «Исмат ошкора гапираяпти, Сизлар ҳам ошкора жавоб беринглар» — деб уларнинг ҳам жавобини «Халқ сўзи»да эълон қилишга рухсат беришган.
Нафақат рухсат беришган, Ҳатто Жаҳонгирнинг жавобини Президент девони масъул ходими Шароф Убайдуллаев ўқиб, таҳрир қилиб берган. Боя айтганимдек унинг сарлавҳасиини ҳам Шароф ака қўйиб берган.
Шу билан – бу жанжалли масала Президент столига чиқишининг олдини олишган.
Йўқса, Ўзбекистон Олий раҳбарияти — ўзи буюртма берган мақолага жавоб чиқишини аслида истамаслиги керак эди…
20.
Жаҳонгир Маматов ўртада кимдир чақимчилик қилганини ўз жавобида эътироф этади: “Унинг шов-шови анча олдин келди, орага тушган “элчи”лар мендан ялиниш-ёлвориш, илтимос-илтижоларни кутгандилар”, — дейди.
Албатта, энг катта элчи – Олий Кенгаш раиси Шавкат Юлдошевнинг ўзи бўлган. У чақимчилиги ва “холис хизмати” эвазига Жаҳонгир Маматовнинг қаҳру-ғазабидан қутилиб қолади. Аслида Президентнинг қаҳрига гирифтор бўлган исёнкор депутат ғазабини бошқалар қолиб, мен томонга йўналтириб юборади.
Қолаверса, Исматнинг бу мақолани ёзишига Президент фатво берган деб Жаҳонгирнинг олдида “бир ўқ билан икки қуённи урмоқчи” бўлган. Олий Кенгаш раиси айтмаса ҳам Исмат Хушевнинг бу мақоласи – Ўзбекистон олий раҳбарияти буюртмаси эканини ақли бор ва фаросатли одамлар аллқачон англаб етишган эди.
«Бажарувчи доим гуноҳкор» деб шунга айтсалар керак-да…
Хуллас, Жаҳонгир Маматов билан Аҳмаджон Мухторовга — менга қарши жавоб ёзиш ва уни матбуотда чиқариш ҳуқуқи уларга Президент девонидан берилган.
Мен йигирма йилдан бўён бехабар бўлиб келаётган бу ҳақиқатлардан яқинда Ўзбекистонга борганимда хабар топдим. Шунинг учун ҳам бу борада асл ҳақиқатни энди очиқлашга қарор қилдим.
Ҳатто «Тўппончага жавоб» деган сарлавҳа ҳам Шароф Убайдуллаевнинг оғзидан чиққан экан. Уларнинг жавоби «Халқ сўзи»нинг кейинги сонида – учинчи ва тўртинчи бетда — «подвал»да эълон қилинади.
Яхшиси менинг мақоламга нисбатан ёзилган бу жавоб мақолани ҳам тўлалигича эълон қилсак, мақсадга мувофиқ бўлса керак.
Демак Жаҳонгирнинг менга ёзган жавоби билан танишамиз…
21.
“ТЎППОНЧА”ГА ЖАВОБ
Дейдилар, ит ҳурар, ўтади карвон,
Ранжу балолардан ёнмасин жонинг,
Лекин алам қилар, бир умр гирён,
Итлар орасидан ўтса карвонинг.
(Абдулла Орипов)
Жаноб Исмат Хушев!
Мен сўзбоши ўрнида келтирган бу сатрларни улуғ адибимиз ёзганларида юраклари қанчалик зардобга тўлганини англаб, ҳамдардлик туйғусини туйганман. Хоин қони челакка, шоир қони юракка томар! Қарангки, чархи кажрафторўша ўтли ва дардли сатрларни каломимга солди.
Сиз “Халқ сўзи” орқали “Парвоз ва инкироз” Ўзбекистон халқ депутати Жаҳонгир Маматовга очиқ хат” (1992 йил 18 апрель) ёзаркансиз, унинг “шов-шуви” анча олдинроқ келди.
Орага тушган “элчи”лар мендан ялиниш-ёлвориш, илтимос-илтижоларни кутгандилар. Афсуски, улар “майли, чиқарсин, халқ кимнинг кимлигини ўзи ажратиб олади” деган қўрс жавобга эга бўлишди. Зеро, “ўтма номард кўпригидан сой сени оқизса ҳам” деб бежиз айтишмаган.
Чунки нафақат мен, балки юртимизнинг журналистлар дунёси Сизнинг ким эканлигингизни ва бундай “тўппонча” мақолалар, бўҳтону иғволар орқали қанчадан қанча одамларга ўқотилганини яхши билишади. Гоҳида Ефимов сингари амалдорларнинг қўлига тушиб Ўзбекистон журналистлар қурултойида, гоҳида партия конференциялари, сеъздларида отилди бу “тўппонча”. Баъзида кучлироқ қўлга тушиб уларнинг ўзини ҳам нишонга олди.
Таҳликага тушганда чўлоқ эшак от бўлганидек, “тўппонча”ни тутган қўл ўқни Сизнинг падарингизга қаратса ҳам отилиб кетади (Худо сақласин. Умрлари узоқ бўлсин). Бегуноҳ одамларга отилгач, тўппончани ахлатхонага ташлаб юборишади. Даҳшатлиси шундаки, уни бадбўй жойдан қайта-қайта олиб чиқиб, ундан ўқ узишмоқда.
Фақат кейинги икки йиллик матбуот саҳифаларини варақласак, қанчадан-қача депутатлар, фуқароларга қарши бундай ”тўппонча”дан ўқ узилди. Ўзбекистон халқ ноиблари Муҳаммад Солиҳ, Иномжон Турсунов, Самандар Қўқонов, Насрулло Саййид, Имом Файзи ва бошқаларга қарата отилган “ўқ”лар ҳали-ҳамон унутилгани йўқ. Халқ тарафидагиларни қон қақшатиш бугунги кун ҳодисаси эмас.
Ўктабир тўнтариши даврида, қатағон ўттиз еттинчи ва ундан кейинги йилларда ўз орамиздан чиққан “халқпарварлар” сотқинлиги, бўҳтону уйдирмалари туфайли қанча бошлар кесилган. Фарғона фожеалари, Ўшдаги хунрезлик, Паркент воқеалари ортида ҳам исматсифатларнинг башараси яширин. Ҳали ҳаммаси аён бўлажак. Охир-оқибатда адолат ғалаба қилаётир ҳам. Фақат ярадор кўнгилларнинг малҳами йўқ.
Менга қаратилган бу мақола кимнинг буюртмаси билан ёзилганини газетхонлар уни ўқибоқ англаб олишди. Тоғига қараб кулони, сувига қараб илони. Сиз билиб-билмай кўпларнинг исм-шарифларини битиб қўйгансиз. Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, дейдилар.
“Тўппонча” мақолада, Сизнинг юртбошига нисбатан одобсизларча айтган: “Бу юрт онангизнинг маҳрига тушганми” деган иборангиз халқимизнинг катта қисми сингари мени ҳам ранжитганда пайдо бўлган бўлса, ажаб эмас” деган сатрларни ёзасиз. Аввало мен бошқачароқ ёзгандим..
Сиз одатингизга кўра юртбошини усталик билан ҳимоя қилмоқчи бўлиб кўринишни истайсиз. Наҳотки ўзбекистон Президенти Сизнинг ҳимоянгизга муҳтож бўлса! Агар ҳимоя зарурати туғилса, анча обрўли, эътиборли зотлар топилишига шубҳам йўқ. Қолаверса, Президентнинг сиёсати, тутган тутуми тўғрисида Сиз билан мулоқот қилиш ортиқча.
Аслида Сизга жавоб ёзишни ўзимга ор деб биламан. Лекин “тўппонча” мақолалар яна қанча-қанча одамларнинг тинчини бузиши мумкин. Ахир эгри таёқнинг бутоғи бурунни йиртар деганлар.
Мақолада Эркин Воҳидов билан ойнаи жаҳон орқали суҳбатимиз “такаббурлик” деб баҳоланибди. Бу “Халқимизнинг кўпчилик қисми учун беодоблик, ҳақорат бўлиб туюлди”, дейилибди. Қачондан бери халқни, унинг ўққа учган жигаргўшаларини ҳимоя қилиш такаббурлик бўлиб қолди, жаноб Хушев.
Бу сўзларингиздан ҳамюртингиз, талабалар шаҳарчасида қонга ботиб, гул умри хазон бўлган қашқадарёлик шаҳид йигитнинг арвоҳи чирқирашидан қўрқмадингизми? Қолаверса, халқ номидан гапириш учун Исмат Хушевда асоснинг ўзи йўқ. Бошқа жойда эмас, ўз юртида ўтган сайловларда халқ унга ваколат бермади-ку, ахир?!
Мақоланинг асосий қисми Ўзбекистон телерадиокомпанияда ёзилган “бўҳтоннома”га берилибди. Унда деярли раҳбарларнинг нутқи-каломлари берилгани ҳам кўп нарсани ойдинлаштиради. “Шаҳар бедарвоза эмас” кўрсатуви атрофидаги гаплар эса “тўппонча”дан аввалги сиртқи фитна эди.
Бу фитна ҳақида ўша куниёқ, яъни 1992 йил январнинг сўнгги кунида “Фитна ёки шаҳар бедарвоза эмас” номли мақола ёздим. “Халқ сўзи” бош муҳарририга бердим. Барибир чиқара олмадим. Мана, ўша, қўлимда қолган мақоладан парча: “…Ҳар сешанба куни кейинги ҳафта учун дастур тайёрланар экан. Муҳокама қилаётгандик. 31 январь кунига “Шаҳар бедарвоза эмас” деган кўрсатув белгиланибди.
— Нима ҳақда? – деб сўрадим.
— Ўрайимжон ака чиқадилар, кейин Жиззахдан материаллар бор, – деди сиёсий-иқтисодий кўрсатувлар бош муҳаррири ўринбосари Нурилла Холиқов.
— Ўтган кўрсатувда ҳам Ўрайимжон ака билан Жиззах вилояти давлат назорати идораси бошлиғи чиққан эди. Маҳсулотларни республикадан ташқарига олиб чиқиб кетишни назорат қилиш жумҳурият инспекцияси бошлиғи Ўрайимжон Абдуғаниев, умуман доим раҳбарлар чиқаверишадими? Кечагисидан аввалгисида ҳам раҳбарлар чиқишган эди.
Бу соҳанинг бошқа заҳматкашлари, бевосита ишлаётган одамларни ҳам кўрсатиш керак. арҳақиқат, дастурга асосан тайёр нарса, ҳеч қурмаса ёзма матни бор материал киритилиши таомил. Ҳафталар ўтиб борарди.
31 январь куни кўрсатувлар тайёргарлиги муҳокамасида “Шаҳар бедарвоза эмас” ҳали тайёр бўлмагани айтилди. Соат ўн еттидан ошганда бош директор ўринбосари Эгамберди Мусаев кирди.
— Тағин Ўрайимжон ака чиқар экан, – деди у. Матнни олиб варақласам, бир неча саҳифа фақат янги қонунлар тарғиботига қаратилган гап-сўзлар билан тўлдирилган.
— Қолдирамиз, тайёрлансин, кейин берамиз, – дедим.
Кўп ўтмай компания раисининг биринчи ўринбосари Элбек Мусаев қўнғироқ қилди:
— “Шаҳар бедарвоза эмас”ни олиб қўйибсиз. Бунинг орқасида мафия бор.
— Қачонгача мафиядан қўрқамиз! – дедим-да, трубкани қўйдим. Кейин компания раиси Э.Ҳайитбоевга қўнғироқ қилдим.
— Нега мафия билан қўрқитишади?
— Ўзинглар кўраверинглар, – деди у.
Мен Нурилла Холиқовни қидиртирдим. Тополмадик. У қаерда эди? Нега қочиб юрди? Бир пайт Э.Ҳайитбоев йўқлади. Мен Б.Муҳамедов, Э.Мусаев, М.Муҳаммаджоновани ҳам олиб кирдим. Ичкарида Ўрайимжон Абдуғаниев ва кўрсатув бошловчиси Азиз Эрназаров ўтиришганди. “Меҳмон” сўз олдилар.
— Бу ишга “миллион”лар аралашган Биз Жиззахда суъратга олганда бир киши Жаҳонгир Маматов бор, барибир чиқармайди, чиқаролмайсизлар” деб айтганди. Мана, рост бўлиб чиқди…
Мен “ёниб” кетдим. Дунё кўзимга тор бўлиб кўринди. Осмондан тошлар ёғилгандай бўлди бошимга.
Раис стол устидаги аризани кўрсатди Н.Холиқов аллақачон ариза ёзиб улгурганди. Нима учун мендан қочиб юрди-ю, нега ариза ёзди? Бу ариза қачон иш бериши керак эди?
— Элбек Мусаевга келибди. Сизга ариза ёзибди, нега менга кириб шуни тушунтирмади? Нега мендан яширди? Нега ҳеч ким билмайди нима берилишини?
— Сизчи? – деб сўради раис М.Муҳаммаджоновадан.
— Менга ҳам кўрсатишмади, кўролмадим…
— Энди ҳамма бермаймиз деса ҳам мен бердираман! Ўзим ҳам чиқаман бирга, ўша мафия отса, мени ҳам отсин, – дедим мен.
Кўз олдим қоронғу эди. Ташқарига чиқдик.
— Келинг, майли, бермай қўя қолайлик, – деди Ў.Абдуғаниев.
— Йўқ, тақсир, энди чиқмасангиз ҳам чиқасиз, – дедим мен. – Ўша лаънатининг номини ҳам айтасиз!
Қарангки, кадрлар яхши эди. Ваҳоланки, мен ҳар куни танқидий нарса берайлик деб, дод солардим. Бу ўйиннинг ортида нима борлигини ўйлаб, тополмай турганимда бир киши келиб:
— Худо Сизни бир сақлади, – деди. – Тасодифан эшитиб қолдим.
Материални жумҳуриятда илгари энг катта одам бўлиб юрган киши билан боғлашмоқчи. Агар бугун берилмай қолса, эртага Президентга кўрсатишади. Тамом, Сиз ҳам унинг гуруҳига қўшилган ҳисобланардингиз. Аммо охирги кадрда ўша каттаконнинг “одами” ҳақида гап бор эди.Уни олиб қўйишибди, эҳтиёт бўлинг, тағин…
Бу фитнадан ҳеч нарса чиқмагач, “ўйинчилар” ўзларини оқлашга киришдилар. Миш-мишлар тарқатилди.. “Фалончи олиб қўйди, мен бериб юбордим”, “Жиззахга текширишга комиссия кетди…”
Мени ҳеч ким эшитишни истамади, ҳатто раҳбарлар ҳам. Истеъфо берганимдан кейин яна бу ўйиндан бирор “нарса” чиқаришмоқчи бўлишди. Лекин… улар “рақсга туширамиз” деган одам диёнатли бўлиб чиқди. Бунақаси камдан-кам учрайди.
Мана, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг товар ва моддий бойликларни олиб чиқиб кетишни назорат қилувчи давлат инспекцияси бўлими бошлиғининг муовини, милиция майори Азиз Эрназаровнинг баёнотидан парча:”Мен Эрназаров Азиз Тўғонович, 1992 йил 12-15 январь кунлари Жиззах вилоятига хизмат юзасидан сафарга бордим, у ерда рейд тадбирини ўтказдик. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишим лозимки, ана шу рейд давомида ва кино тасвирга тушириш вақтида Ўзбекистон телевиденияси бошлиғи Жаҳонгир Маматов ҳақида, унинг шахсияти ҳақида ва шунингдек унинг шаънига нисбатан ҳеч қандай гап-сўзлар бўлмаган. Мен буни ўз номимдан қатьият билан таъкидлайман ва ушбу ёзма баёнотимга жавоб бера оламан”.
Мақола чиқмади. Истеъфономам ҳатто “ЭРК”дан ҳам олиб ташланди. Миш-мишлар авж олди. Ўзбекистон Прокуратурасига мурожаат қилдим. Назорат бошқармасининг бошлиғи В.Қосимов батафсил ўрганди. Ўзбекистон Прокурорининг ўринбосари С.Мирсафоев ва назорат бошқармаси бошлиғи В.Қосимов ўртоқлар менга расман: “Сизнинг номингиз пок” деб жавоб беришди. Ўзбекистон Прокурори Б.Мустафоев эса бу хусусда Ўзбекистон Президентини ҳам хабардор қилганини айтди. Исмат Хушевга Ўрайимжон Абдуғаниев тушунтириб қўйган эмишлар, қоронғуда, э, кечирасиз, телефонда топишганларини қаранг! Одамлар бекорга айтишмаган: “Мушукка “пишт” демагин, товуққа “кишт” дермиди?!”
Майли, мен мансабга ўч одам бўла қолай. Ваҳоланки, мансабсеварлар истеъфо беришмайди, айниқса, сиёсий қарашларини очиқ айтган ҳолда. Улар лўттилик қилиб бўлса-да, кун кўришади. Бироқ, ёдингиздами, Сиз ҳаммага телефон қилиб, “Табрикланг, Карим Баҳриев телевиденияга раҳбар бўлди” дея жар солгандингиз. Ростдан ҳам юртбоши Каримжон билан узоқ суҳбатлашиб, ойнаи жаҳоннинг юзини халққа буриш учун уни ишга тавсия этди. Лекин, Э.Ҳайитбоев, Э.Мусаев Президентга қарши туриб олишди. Карим Баҳриевни ҳалига қадар ишга киришиши учун йўл беришмаяпти.
Хўш, бу истеъдодли, иқтидорли журналистнинг айби нима? Ахир, телевидениедаги ишни яхшилаш асосий мақсад бўлса, шундай ўт юрак йигитларга таяниш керак эмасми? Афсуски, Каримжон ҳам баъзиларнинг халқумига тиғ бўлиб санчилишини улар фолбиндек олдиндан кўра биладилар.
“Тўппонча”ни машина ҳангомалари билан ўқлашибди. Бу ўқни бир пайтлар Анишчев деган жосус бошчилигида унинг Самарқандда жаллодлик қилган “ўнг қўли” Николай Филипповлар “ясашганди”. Ўшанда мен “десантлардан” бири бўлмиш Филипповнинг кирдикорларини фош қилиб, балога қолгандим. Охир-оқибат уларнинг ниқоблари йиртилди. Бу ҳақда “Ёш ленинчи” рўзномасининг 1990 йил 6 январь сонида батафсил ёзилганди. Машина ҳангомасини сайловлар арафасида қурол қилишди. Отилмади. Кейин Олий Кенгашнинг иккинчи сессиясида, котибият бошлиғи бўлиб Мустақиллик декларациясини қабул қилишга йўл очганимда Московнинг Ўзбекистондаги “болтаси” Ефимов ишга киришди. Собиқ Ўзкомпартиянинг иккинчи котиби каминани Олий Кенгашдан четлаштириш учун депутатларни чақиртириб, менга қарши қўйди. Сарой ўйини ўтмади.
Мен ўнлаб-юзлаб одамларга машина олиш учун хат ёзиб берганман. Сайловчиларимдан қанчаларига кўмаклашганман. Чунки машина олиш борасида нақадар адолатсизлик илдиз отганди. Қанча-қанча бечоралар ҳалига қадар ҳам сарсон-саргардон бўлиб юрибдилар. М.Истамов масаласида Сиз андак адашибсиз, тақсир. “Расмий ҳужжатдан парча” деб ёзибсиз. Қани ўша расмий ҳужжат ва уни ким берган? Очиқроқ ёзганингизда эди, Анишчев, Ефимовларнинг Самарқанддаги яна бир гумаштасининг башараси очиларди. Қутурганнинг куни қирқ, у башара очилади барибир.
“Шошилинчнома. Тошкент. Ўзбекистон халқ ноиби Ж.Маматовга. Мен бугун барча ҳужжатларни олиб Тошкентга бораман. И.Хушев деган тўҳматчи билан судда гаплашмоқчиман. М.Истамов” Ўзим эса кимларгадир ўхшаб сирли равишда эмас, балки очиқчасига машина олганман. Ваҳоланки, Сизда ҳам машина бор.Уни қандай олганингиз менга қоронғу.
Самарқанд кооператив техникуми бўйича. У ердаги ғайри-қонуний ҳатти-ҳаракатларни, талабаларни қабул қилишдаги ҳангомаларни вилоятдаги Ўзбекистон ва область халқ депутатлари, мутахассислар гуруҳи, Ўзбекистон Прокуратураси, ички ишлар идоралари ва “Ўзбекбирлашув” ходимлари текшириб, хулосалашган. Олий Кенгашда уни қўмита аъзолари муҳокама қилишган. У ердаги ҳангомалар ҳақида оз эмас, кўп эмас 318 саҳифалик ҳужжатлар бор. Аммо адолатнинг йўлини исматмонандлар тўсишди. Сиз ҳам шунча идораларни инкор этиб, аллақандай хатга “меҳр” қўйибсиз. Эҳтиёт бўлинг, укам, мойли қозонга тушган ҳар қандай жонзот бир кун барибир жизғанак бўлади.
“Тўппонча” мақолани ўқиб хурсанд бўлиб кетдим. Қимматбаҳо мебель-гарнитуримиз бор экан. Балки остонамиз ҳам олтиндандур? Ис билар Исмат буни билмасмикан? Дўқ-пўписа қилган бўлсам, савдо вазири М.Усмонов ёзиб берсинлар. Афсуски, бўҳтон! Нафақат менга, балки, савдо вазирига ҳам!
Бойнинг мушуги қуён овлар деганларидек, “Адолат” мақоласини топибсиз. Партократиянинг қурбони бўлган Адолат Баҳриеванивиждонан ҳимоя қилганман ва керак бўлса бундайларга бугун ҳам ҳимояга бораман. “Марказ” эса нималар ёзгани ва ёзаётгани ойнадек равшан. Сиз одам ўлдирган, бегуноҳ гўдаклар умрига завол бўлганларни ҳимоя қилиб мақола ёзганда виждонингиз, имонингиз қаерда эди? Ахир ўша савдолар бугун элга маълумку. “Саодат” журналидан қандай кетганингизни ҳамма билади. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”даги ҳангомаларингиз ҳалигача тугаган эмас.
Бирдан “Шукур акам мени ишга қўйдилар” деб “Ҳаёт ва иқтисод” ойномасида ўз таъбирингиз билан айтганда “И.О.бош муҳаррир” сифатида пайдо бўлдингиз. Ҳар даврада Ш.Мирсаидовнинг номини айтиб, унга сиғиниб юрдингиз. Унинг атрофида гаплар айланганидан сўнг эса Ислом Каримов номини байроқ қилиб, унинг яқин одамиман дея қанча ҳангомалар кўрсатдингиз. Журналист дипломи билан иқтисодиёт бўйича аспирант ҳам бўлиб олдингиз.
Жаноб Хушев! Ким мансабда бўлса у Сизга дўст, ишдан кетган куни эса – душман. Эсингиздами, катта маҳкамада, обрўли кишиларнинг ёнида “Жаҳонгир ака, Сиз телевидениега ўтдингиз, ҳақиқат қарор топди. Мен журналистлар съездида сайлов варақаларини бузиб Сизга хиёнат қилдим. Ҳали вақт келади, бу ҳақда ёзиб, кимнинг топшириғини бажарганимни айтиб, Сиздан узр сўрайман, келинг, акажон, бир қучоқлаб ўпиб қўяй” дегандингиз. Сиз ўша Исмат-да! Бугун ҳам кимнингдир қўлида ўйнаганингизни ҳали тап тортмай айтасиз. Бунинг учун улар мансабдан кетишса, бас, шу кун тилга кирасиз. Халқимиз бежиз айтмаган: бой тахтдан тойса, қулвачча тўти бўлар…
Сиз савол берибсиз: “Қайси қалъага мансубсиз?” Мен учун битта қалъа бўлган ва бўлиб қолади. У Ўзбекистон қалъаси, ўзбек халқининг қалъаси! Ана шу қалъа метин ва устивор бўлиши учун курашиб келяпман ва бу йўлда собитман.”Тўппонча”лар эса мени кучсизлантирмайди, аксинча, курашда қатъиятли бўлишга ундайди.
“Совет Ўзбекистони” рўзномасидами, Олий Кенгаш ошкоралик қўмитасидами, ойнаижаҳондами, хуллас, қаерда бўлмасин, кўз олдимда эзилган, азоб-уқубатларга, тўҳмат балоларига, ҳаёт гирдобларига, ноҳақликка дуч келган одамлар турган.
Халқ дардини кўтариб юрганларнинг душмани кўп. Улар изимиздан пойлаб юрадилар. Буни сезиб. Кўриб турамиз. Улар халқ дардидан қўрқадилар. Бу дард ошкор бўлса, қанчадан-қанча мансаб курсилари, машиналар эгасиз қолишини биладилар. Шу сабабдан доим “тўппонча” қидирадилар, қаллоб қассобнинг тушига мингта туя киргани каби…
Уйим ёнганини ҳам билиб олибсиз. Қатор фелъетонларим чиқиб турган бир пайтда, уй-жойни таъмирлаб бўлган кунда ярим кечаси олов исканжасида қолсак ва кимдан шубҳа қилганимни айтсам-у, жавоб ололмасам, бу сирли эмасми? Бу воқеадан “очко” қилганим йўқ.
Агар шундай ташвишлардан “очко” йиғганимда эди, сессия кунлари уйимга бостириб киришгани, меҳмонхонага келиб қурол билан дўқлашгани сингари кўплаб воқеаларни аллақачонлар эл-юрт билган бўларди. Мен юртбошига-ю, маъмурий идораларга хабар қилиш билан чекланганман. Шу сабабдан даъволарингиз елим билан ҳам ёпишмайди.
Аммо ўзимни беайб зот дейишдан йироқман. Кўп хатоларим бор. Айниқса сиёсат борасида. Самимий гапларга ишонувчанман. Шунинг орқасидан қоқилиб юраман. Сиз ҳақорату бўҳтонлардан устун бўлиб камчиликларимни холисона кўрсатиб берганингизда қуллуқ қилардим. Таассуфки, бунга қодир эмассиз!
Майли, Исмат, борингизга шукур, бир тулки ҳийласи қирқ кишини чарчатса-да, Сиз туфайли юракдаги анча гапларни айтишга имкон бўлди. Шахсингиз, қилмиш-қидирмишингиз ҳақида бир қоп ҳужжатларни олиб келишди. Ишлатмадим. Акс ҳолда мен ҳам биров қўлидаги “тўппонча”га айланардим.
Ботар куннинг отар тонги бор. Сизга насиҳат қилмайман, узр сўрашингизни ҳам истамайман. Ҳақоратларингизга келсак, суд бор. У қарорини чиқаради. Қолаверса, энг олий суд Оллоҳнинг вақтидир. Унинг ҳар биримизга яраша жазоси муқаррар.
Ижодкорлар орасида гап юради: “Улуғ шоирларимиздан бири: Бу бола ўз ажали билан ўлмайди” деган эканлар. Мен Сизнинг узоқ яшашингиз тарафдориман. Чунки бобомиз Темур ҳазратлари айтганларидек, бу дунёда виждонни йўқотиб, узоқ умр кўришдан оғир дард йўқ.
Жаҳонгир МАМАТОВ
****
“Халқ сўзи” муҳарририятига
Рўзноманинг 1992 йил 18 апрелдаги сонида “Парвоз ва инқироз” сарлавҳали мақолада “Самарқанддаги олғирлик Тошкентда ҳам давом этди Савдо вазирига дўқ-пўписа билан қимматбаҳо мебель-гарнитурни сув текин қўлга киритганингизни бошқа қандай баҳолаш мумкин?”, дейилган.
Ўзбекистон Савдо вазирлиги шуни маълум қиладики, Ўзбекистон республикаси халқ депутат Ж.Маматов мебель масаласи бўйича Савдо вазирлигига мурожаат қилмаган. Мақола автори нимага асосланиб бу ҳақда ёзганлигини текшириб кўриб, газетага босиб чиқаришингизни илтимос қиламиз.
Савдо вазири М.Усмонов
(“Халқ сўзи” газетасининг 1992 йил, 21 апрель сонидан).
22.
Бугун хорижнинг тинч ва осуда гўшаларида ўтган кунларимни яна бир бор хаёлдан ўтказиб, таҳлил ва тадқиқ қиларканман, икки ижодкорни бир бири билан тўқнаштирган замон ва сиёсат ҳақида ўйга толаман.
Бизнинг озиқ оладиган манба бошқа — Жаҳонгирники бошқа эди. Мақолада тилга олинган мавзу бўйича Жаҳонгирни бу қадар танқид қилиш шарт эмас эди. Танқиднинг асосий йўналиши ва олови – Жаҳонгирнинг касбий фаолияти учун эмас, балки сиёсий позицияси боис эканини ўшанда ҳамма ҳам англаб етмаган бўлиши мумкин.
Лекин жаҳонгир ва унинг сафдошлари, хусусан, устози Аҳмаджон Мухторов буни ўшандаёқ яъшигина тушуниб етган эдилар…
На чора, Ислом Каримовга бўлган меҳр ва муҳаббат боис ана шундай ажиб бир қисмат бизнинг чекимизга тушди.
Жаҳонгирни танқид қилиб Исмат Хушев ёзмаса, албатта бошқа бирортаси ёзарди…
23.
Яна бир гап.
Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритганидан кейин Ўзбекистон Олий раҳбариятига, хусусан, юртбошига қарши чиққанларни газетада танқид қилиш ва турли экстримистик тўдаларга алоқадорликда айблаш кенг авж олди.
Алал оқибат, Ислом Каримовнинг Ўзбекистон салтанатига келганига йигирма беш йил тўлган бугунги кунда мамлакатда унга қарши чиқадиган одам тугул, чивин ҳам қолмади…
Ислом ака ўша тўқсонинчи йиллардаёқ МХХ ва Хавфсизлик Кенгаши билан бирга ўзига қарши чиққанларни хорижга бадарға қилиш режасини ишлаб чиққан эди. Бугун ўйлаб қарасам, демак юртбошимиз ўшандаёқ давлатни узоқ йиллар бошқаришни ўз олдига энг асосий мақсад қилиб қўйган экан.
Барибир Ислом аканинг бу борадаги сиёсий ўйин ва найрангларига қойил қолмай иложимиз йўқ.
У киши аввал Исмат Хушев қўли билан ашаддий рақиблари Жаҳонгир Маматов ва Рафиқ Нишоновга зарба берди. Шароф Убайдуллаев номидан Мирсаидовга қарши мақолалар чоп этиб, уни бадном қилди. Сўнг Муҳаммад Солиҳ ва унинг сафдошлари Президентнинг танқид ва таъқиб нишонига айланди.
Ислом ака шу тариқа ўз рақиб ва ғанимларини – мухолифат деб аталмиш қора рўйхатга тиркаб, матбуотда номини булғаб, ҳибс ва хорижга бадарға қилди.
Каримовча бу «таъқиб ва маҳв этиш» бошида аввал Жўрабеков ва Умрзоқовлар туришди. Кейин вақти келиб, уларнинг ўзини ҳам ишдан олиш керак бўлганида, уларга ҳам шу усул қўлланди: худди Мирсаидовдек улар ҳам суд қилиниб, номлари матбуотда бадном қилинди.
Энди бу «репрессия» – Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланган Темур Алимов томонидан амалга оширилди. У ўн йил Президентнинг ёнида турди. Ўн йил унга кадрларни бошқарув жилови бериб қўйилди.
Ўн йил давомида у усталик билан Президентнинг оёғи остига қачон портлаши номаълум бўлган мина ва бомбалар қўйиб келди. Бу бомбалар у ишдан кетганидан кейин ҳам мамлакатнинг у ёки бу жабҳаларида то ҳануз портлаб турибди…
Ўн йилдан сўнг Президент унинг ўзини ҳам худди биз каби ишдан олиб, кўчага улоқтирди. Маҳкама ва матбуот муҳокамасига дучор қилди…
Бугунги Олий раҳбариятдагилар «Бизга ой кулиб боқиб, қуёш фақат бизга нур сочяпти!» — деб кўпам қувонмасликлари учун айтаяпман бу гапларни…
24.
Майли, мавзудан узоқлашмайлик. Биз бугун Жаҳонгир ҳақида гапираяпмиз, унинг сиёсий портретига шарҳ бераяпмиз.
Жаҳонгирнинг даврига – тўқсонинчи йилларга қайтсак.
Ислом аканинг қаҳрига йўлиққан Жаҳонгир ва унинг сафдошлари Ўзбекистонга, унинг ривожланишига қарши бўлган жиноий гуруҳлар рўйхатига киритилганидан кейин – қудратли «давлат машинаси» уларни босиб янчиб ташлади.
Уларнинг бошига минг бир фожеалар ёғилди.
Ислом Каримов ҳокимиятга келганидан кейин депутатлар орасида унга очиқ ошкор қарши чиққанлар кўп бўлди. Лекин Жаҳонгирнинг еттинчи сессиядаги нутқи – унга қарши айтилган гапларнинг энг кучлиси ва таъсирлиси эди: «Ўзбекистон онангизнинг маҳрига тушганми?» — деб юртбошига ҳали ҳеч ким айтмаган, аниқроғи – айтолмаган эди.
Ҳатто Шовриқ Рўзимуродов ҳам бу даражада гапиролмаган, сўзга уқувсизлиги боис оддий гапини ҳам пала партиш айтиб, «Каримов Қашқадарёда пахтани притписка қилиб тўлдирган» — деб шоҳидлик берганди, холос.
Лекин унинг Президентга қарши гапираётганини ҳамма, жумладан Ислом ака ҳам тушуниб етган эди.
Тойиба Тўлаганова ҳам қарши гапирган, Жаҳонгир ўз хотираларида ёзишича, бунга жавобан Ислом ака ҳам: «Аёллар товуқмия бўлади» — деб ачитиб гапирган экан. Лекин мен буни эшитмаган эдим…
Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев, Алижон Қўчқоров ҳатто муфти Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ ҳазратлари ҳам Ислом акани биринчи маротаба сессия Президент қилиб сайлаганидан сўнг, «Шоҳларнинг одил бўлиши» ҳақида гапириб, юртбошининг табини анча тирриқ қилган.
Лекин буларнинг бирортасининг гапи Президентга — Жаҳонгирнинг сўзи каби найза бўлиб санчилмаган эди.
Ислом ака ўзига найза санчганларнинг найзасини суғуриб олиб, вақти соати билан, навбатма навбат уларнинг ўзларига санча бошлади.
Кейинчалик Ислом ака ўзига қарши чиққанларнинг ҳаммасини бирма бир сиёсий саҳнадан супуриб ташлади: Кимлардир олдин айтганимиздек – сирли ўлим топди, кимлардир – ҳибс этилди ва яна кимлардир хорижга қочиб қутулди.
Назаримда, агар Жаҳонгир ўшанда Ўзбекистонни тарк этиб, четга кетмаганида, у бугун тириклар сафида бўлмаслиги аниқ эди. Буни унинг ўзи ҳам яхши билса керак.
Жаҳонгир еттинчи сессияда ўша машҳур сўзини айтганидан сўнг Ислом ака уни мажбуран ўзига ёрдамчи қилиб тайинларкан, ўз яқинларига: «Жаҳонгирнинг умрини аристонда чиритаман» деб айтганини эшитганман.
25.
Тойиба Тўлаганова Тошкент Давлат Унверситетида фалсафадан ярим ставка дарс берарди. Шуни ҳам унга кўп кўришди. Ишсиз қолди. Сўнг сирли равишда вафот этди…
1991 йилнинг 11 мартида Иномжон Турсуновни «Ўзбекистон» меҳмонхонасида милиция уриб кетган. У ҳам жуда эрта ўлиб кетди.
1991 йилнинг 10 май куни эса Олий Мажлис депутати Шовриқ Рўзимуродов Олий Мажлис рухсатисиз ҳибсга олинади. Кўп ўтмай ички ишлар вазирлиги ертўласида сирли ўлим топади…
Навбат Жаҳонгирга келаётган эди. Буни сезиб, у ўз вақтида қочиб қолади. Унга ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг инсофли гуруҳи ёрдам берган бўлиши мумкин деган тахмин бор. Акс ҳолда уларнинг панжасидан чиқиб кетиш Жаҳонгир учун амри маҳол эди.
Тепада унга нисбатан қатьий қарор аллақачон чиқарилган бир пайтда Ўзбекистондан чиқиб кетиш осон эмаслигини ҳамма билса керак.
«Исёнчилар»нинг яна бир фаоли — Алижон Қўчқоров ҳам ишдан ҳайдалиб, минг бир азоб уқубат ва хўрликлар гирдобида қолиб, миясига қон қуйилиб ўлиб кетди…
Мурод Жўраев, Самандар Қўқоновлар ўша – еттинчи сессиядан бўён — йигирма уч йилдирки, ҳамон қамоқда. Еттинчи сессиянинг энг номдор воизи Шуҳрат Нусратов эса бугун — 2014 йил — ўзбек ҳибсхоналарининг энг даҳшатлиси бўлган – «Жаслиқ» турмасида…
Жаҳонгирнинг омади бор экан, чет элга қочиб қутулди.
Ўзбекистонда ўтган ўша суронли ва исёнли кунларини хотирлаб, оиласи ва фарзандлари билан АҚШнинг Вашингтон атрофидаги сўлим гўшаларнинг бирида минг бир армон ва ҳижронлар гирдобида яшаб юрибди.
Тўқсонинчи йилларда Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати бўлган халқимизнинг садоқатли фарзандлари Муҳаммад Солиҳ – Туркияда, Насрулло Саидов – Канадада, Абдувоҳид Паттаев – Европа давлатларининг бири (Дания) да умргўзаронлик қилиб, ҳар куни Ватанга қайтиш умидида чор ночор яшаб юришибди…
26.
“Халқ сўзи”да Жаҳонгир Маматовнинг жавоби босилаётган куни қизиқ бир воқеа бўлган эди.
Сешанба куни чиқадиган газета, биласиз, душанба куни саҳифаланади ва кечқурун “Шарқ” концерни босмахонасида босилади.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, душанба куни кечки пайт “Ҳаёт ва иқтисод” журнали редакциясига кириб чиқувчиларни назорат қилаб турадиган навбатчи милиционер менга телефон қилиб, олдимга “Халқ сўзи” газетаси ходими Ҳаким Сатторов кирмоқчи эканини маълум қилди.
Мен ҳайрон бўлдим, негаки, Ҳаким ака мен билан ош-қатиқ эмасди, кўча-куйда кўришганда салом-алик қилиб юрардик, холос. Бир сўз билан айтганда, биз у билан яқин ва қалин оғайни эмас эдик.
Хуллас, ўша душанба куни у келди. Пешиндан кейинги соат учлар эди. Маматов гуруҳи материални типографияга тушириб юборганларидан кейин менинг ҳар бир қадамимни назорат қилиб туриш учун ҳузуримга махсус “жосус” жўнатишган эканларини мен кейин тушуниб етдим.
Ҳ.Сатторов кечки соат саккизларгача кабинетимда юзимга тикилиб ўтирди. Илгари ҳеч ҳузуримга келмаган ҳамюртимни “вақтим зиқ, ишларим кўп” деб ҳайдаб юборишим ёки биринчи қаватдаги соқчи – қўриқчига бир оғиз имо-ишора қилиб, бу даргоҳдан йўқ қилиб юборишим мумкин эди.
Лекин мен амалдор бўлсам ҳам олдингидек самимий ва ишонувчанлигимни сақлаб қолган эдим.
Бировнинг дилини оғритишни катта гуноҳ деб билардим. Хуллас, у билан тўрт-беш соат гурунглашиб ўтирди.
Самарқандлик котиба қиз Меҳринисо ҳар гал чойни янгилаб кирганида Ҳаким Сатторов: “ажойиб чой бўлибди, синглим, бу гўзал қизни қаердан топганисз, Исматжон?” — деб қайта-қайта миннатдорлик билдирганлари ҳануз ёдимда сақланиб қолган…
— Бориб ёнида ўтирасан, агар жавоб босилаётганидан хабар топса, Исмат тепага қўнғироқ қилиб тўхтатиб қўйиши мумкин. Унинг ҳаракатга тушиб қолганини сезган заҳотинг бизни огоҳлантирасан!” – деб топшириқ берилган шекилли “жосус”га раҳнамоларидан.
Бугун ушбу хотираларни оққа кўчирарканман, ўшанда «Тепадагилар» ростдан ҳам ўйин қилишганини, Девондагилар, хусусан, Умрзоқов ва Убайдуллаевлар ҳам катта ўйинчи бўлишганини ич ичимдан англаб етгандек бўламан.
Нафақат улар, Президент атрофидагиларнинг ҳаммаси ҳам ўйинчи бўлсагина у ерда узоқ ишлаб қолиши мумкинлигини, афсуски, жуда кеч англаб етдим.
Йўқса, ўзлари мени факт ва дилиллар билан «қуроллантириб», ўзларини ҳимоя қилиш зарур бўлиб қолганда, яна мени кўринмас «қуроллар» билан отмаган бўлардилар…
27.
Кеч соат саккизларда Ҳаким Сатторов “шеф”ига қўнғироқ қилади. Ва “бўлди, газета босилди, энди келавер” — деган хабарни эшитган шекилли, хонамдан чиқиб кетади.
Албатта, мен у нима ҳақда гаплашаётганини эшитиб ўтирсам ҳам, лекин айнан Маматовнинг жавоби тўғрисида гап кетаётганини билмасдим.
Ўша воқеадан кейин Ҳаким Сатторовдан узоқ пайтгача нафратланиб юрдим.
Орадан кўп йиллар ўтгач, у Амир Темур экспедицияси таркибида сафарга чиқиб, яхши мақолалар ёзди. Унинг бу ёзганларини ўқиб, кўнглим сал юмшагандек бўлди.
Сўнг кўп ўтмай қайсидир бир газетада Ҳаким Сатторовнинг “Ёлғиз дарахт” номли бир мақоласи эълон қилинди. Бу профессор Очил Тоғаевга бағишланган “Ёднома” эди.
Биласиз, мен Очил Тоғаевни яхши кўрардим. У адолатпарвар инсон эди, ҳақ йўлида кўп азият чекканди, партиядан ҳам ўчирилиб, минг машаққатлар билан қайта тикланганди. Ноҳақликдан безиб юрган бир камсуқум домламиз эди.
У кишини профессор бўлсалар ҳам талабаларнинг ётоқхоналарига кечалари навбатчи этиб қўйишарди. Домлага раҳмимиз келиб чой-пой дамлаб бериб, яхши гаплар билан кўнглини кўтаришга уринардик. Тунги соат ўн иккиларда навбатчилик муддати тугагач, домлани – “Вуз городок”дан “Ленинград” меҳмонхонасининг ёнидаги уйларигача яёв кузатиб борардик.
Мен у кишини ҳам худди отамдек – Одил Ёқубовнинг “Диёнат” асаридаги профессор Нормурод Шомуродовга ўхшатардим. Кутилмаганда домла бу нотинч ва нобакор дунёни тарк этиб, биз шогирдларини доғда қолдириб кетдилар.
Ҳали – ҳануз у кишининг лекцияларда тез – тез айтиб турадиган “Атрофимда ҳамма ўғри, муттаҳам, ҳақиқатни қанча изласам ҳам топаолмадим. Бу ёлғон дунёга лаънатлар бўлсин!” — деган кескин сўзлари қулоқларим остида жаранглаб, акс садо бериб туради.
Ҳаким Сатторовнинг ана шу адолатпарвар ва заҳматкаш инсон тўғрисидаги “Ёлғиз дарахт” номли ажойиб ёдномасини ўқиганимдан сўнг бутун гина -кудуратларни унутиб, унга телефон қилдим:
— Ҳаким ака, мен сизни ёқтирмасдим, ёмон кўрардим. Шу бугун Очил Тоғаев тўғрисидаги “Ёлғиз дарахт” номли мақолангизни ўқидим. Домла бу дунёда ўз эътиқоди йўлида, адолат ва диёнатни излаш бобида ростдан ҳам ёлғиз эди. Биз уни бу тўҳмат ва балолардан асрай олмадик. Мақолангизни ўқиб, кўнглим эзилиб кетди, яхши ёзибсиз, раҳмат Сизга! Келинг, бир учрашайлик, меҳмоним бўлинг. Энди Сизни ҳурмат қиламан! – дедим.
Шундан кейин биз Ҳаким Сатторов билан яна қадрдон бўлиб кетдик…
28.
Менимча, “Халқ сўзи”да эълон қилинган очиқ хатим ҳам, Жаҳонгир Маматовнинг унга ёзган жавоби ҳам бўлажак журналистларга, сиёсатчиларга сабоқ бўлади. Шунинг учун иккала мақола ҳам тўлиқ берилади. Ким одоб доирасидан чиқиб кетганини зукко ўқувчи ўзи аниқлаб олади.
Мен мана шунақанги очиқ хатлар ёзилиши тарафдориман ва бу очиқ хатларга жавобларнинг ҳам чиқиши тарафдориман. Лекин ҳеч қачон бундай очиқ хатлар ҳукмдорлар томонидан уюштирилмаслиги ва матбуотда кишининг шахсияти ҳақорат қилинмаслиги керак.
Мен ку хатни одоб билан ёзган эдим. Лекин Жаҳонгир ўз жавобида ниҳоятда чегарадан чиқиб кетади.
“Тўппонча”га жавоб”да, ҳатто: “Ижодкорлар орасида гап юради, улуғ шоирларимиздан бири: “Бу бола ўз ажали билан ўлмайди”, — деган эканлар. Мен сизнинг узоқ яшашингиз тарафдориман. Чунки бобомиз Темур ҳазратлари айтганларидек, бу дунёда виждонини йўқотиб, узоқ умр кўришдан ҳам оғир дард йўқ”, — деган ҳақоратлар бор.
Шу ўринда мен Жаҳонгир Маматовни ҳам тушунишга ҳаракат қилдим. У ўзининг Президентга қарши чиққани боис мен томонимдан атайлаб фелъетон қилинганини билгани учун ҳам шундай қаҳр ғазаб ва ҳақорат билан жавоб ёзган бўлиши мумкин.
Лекин барибир журналистикада бировнинг шаънини ҳақорат қилиш мумкин эмас, тақиқланган.
Шахс ҳақдаги фикрлар, хоҳ у ижобий ва ё салбий бўлсин, одоб доирасида, одамнинг шахсига тегмай, ҳақорат қилинмай изҳор этилиши керак.
Майли, бу ёғи энди бошқа мавзу…
29.
Биз Жаҳонгирнинг менга ёзган жавоб хати хусусида гаплашаётган эдик.
Жавоби чиққунга қадар ҳам мен уни маълум маънода ҳурмат қилардим. Бироқ, жавобини ўқиганимдан сўнг ундан тамомила кўнглим қолди.
Аслида, мен камдан-кам одамни умрбод ёмон кўраман. Боя айтганимдек, бевосита менга яхшилик қилмаса-да, лекин бир пайтлар менга ёмонлик қилган одам Ҳаким Сатторовга ўхшаб савобли ишга қўл урса, мен гина-кудуратларни унутиб юборавераман.
Ҳамма соҳада бўлгани каби, журналистиканинг ҳам ўзига хос, ёзилган ва ёзилмаган қонун-қоидалари бор, инсоний меъзонлари мавжуд.
«Оқланмаган ишонч қиссаси»нинг Жаҳонгирга бағишланган бобини ҳар гал эълон қиларканман, рости, унга нисбатан ноҳақлик қилганимни тан олгим, ундан узр сўрагим келарди. Лекин ҳар гал қалбимда нимадир менга қаршилик қилар эди.
Яқинда Тошкентга бориб келганимдан сўнг — пошшоликка дахлдор бўлган мулозимлик ҳаётимнинг шу пайтга қадар менга ноаён бўлган жуда кўп сиру асрорларидан — «парда ортидаги сир»ларидан воқиф бўлдим, кўзим очилди.
Лекин шунда ҳам Жаҳонгирга бағишланган бобни қайта ёзишни пайсалга солиб юрдим. Бугун ўйлаб кўрсам, мени шунча йил асл ҳақиқатни айтмасликка ундаб келган нарса ҳам – асосан Жаҳонгирнинг жавобидаги ана шу аччиқ ҳақоратлар экан.
Вақт ҳамма нарсага даво деганлари тўғри экан. Орадан йиллар ўтди. Ҳақоратлар секин аста унутилди.
Яқинда тасодифан унинг бир мақоласини ўқиб қолдим. «Юрак тутилиши» ёки «Бошқа дунё» туркумидан ёзилган бу мақола менинг Жаҳонгир ҳақидаги фикрларимни тамомила остин устун қилиб юборди.
Бетакаллуф Ғарб врачларининг «Сен кутилмаганда ўлиб қолишинг мумкин. Юрагингда муаммо бор!» — деган бир оғиз сўзи учун ҳаёт билан мардларча видолашиб, бевақт келиши мумкин бўлган ўлимини бўйнига олиб, ўзига қабр сотиб олиш — ҳамманинг ҳам қўлидан келмаса керак…
Яширмайман, мақолани ўқиб мен йиғладим. Бир томондан — Жаҳонгирнинг бошидан бир неча бор соя солиб ўтган ўлим шарпалари мени йиғлатса, бошқа томонидан – шу ўлим шарпаларига ўзим ҳам қайсидир маънода билиб билмай айбдор бўлганимдан куйиниб, ўкиниб йиғладим.
Ана шундан кейингина бугунги гапларни айтишга қарор қилдим.
Жаҳонгир ва унинг фожеали тугаган Ўзбекистон Олий Кенгашидаги сафдошлари қисматига — 2014 йилнинг 1 сентябридаги кеч куз оқшомида, Канада юртидан туриб бошқача нигоҳ билан разм солишга ихтиёр ва эҳтиёж сездим…
30.
«Жаҳонгир Маматовнинг сиёсий портретига шарҳлар» номли мазкур бобни якунлар эканман, менинг кескин қарор қилишимга сабаб бўлган Жаҳонгир аканинг ўша дардли ва ўта маҳзун мақоласини ҳам сўнг сўз ўрнида эълон қилишни ихтиёр этдим.
Жаҳонгир акага эса узоқ умр, сиҳат саломатлик, бахт саодат тилаб қоламан…
Жаҳонгир Муҳаммад: Юрак тутилиши (“Бошқа дунё” туркумидан)
Юрак тутилиши
-Бу ёғи жуда оз қолибди, тиббий васиятнома ёзиб қўйишни ҳaм унутманг,- деди докторим қўлидаги анализ натижаларига қараб.
“Тиббий васиятнома” дегани ўлгандан кейин синовлар ёки фойдаланиш учун вужуднинг турли қисмларини парчалаб олишларига рухсатнома дегани. Истаган одам ёзади, истамаган йўқ. Мол-мулк ҳақида ҳам васиятнома ёзиб қўйиш керак. Бўлмаса ҳамма нарса ҳукуматга ўтиб кетади.
Америкада докторлар шунақа, юзинг-кўзинг демасдан шартта айтади, қўяди.
Гап докторлар ҳақида эмас, юрак ҳақида. 1986 йилга қадар бу борада ташвишсиз эдим. Ўшанда илк бор кўкрагимда оғриқ пайдо бўлганда “Касалхонага ётиш керак”, деди доктор. Кардиолог ҳаким “Ҳаяжонланиш мумкин эмас” деди. Ҳаяжонланишдан тўхташ мумкинми? Айниқса ҳаяжонлар даврида. “Асабийлашиш мумкин эмас” деди. Асбийлашмай бўларканми, асабингга болта урилиб турса?
Бир куни׃
-Мана шундан дори сифатида кунига 25 грамм ичиб турасиз. Ками фойда, кўпи ўлдиради,- деди у.
Ҳазил қиляпти десам, жиддий. Лекин нега “25 грамм” деб ҳайрон бўлдим. Энди билсам, бу “бир ютум” дегани экан. Америкада докторлар телевизорга чиқиб, очиқдан-очиқ ичкиликнинг “бир ютуми” фойда деб гапиришади.
Ҳаётимда ичишни ана ўша “бир ютум” билан бошладим. Умумиятла шундан оширмадим. Нима бўлдию “бир ютум”га “бир пачка” сигарет ҳам қўшилиб кетди.
Туркияга келганимда юрагак ухлатмай қўйди. Ўзимдан ўтганини ўзим билардим, Худо биларди.
Истанбулда раҳматли Боймирза Ҳайитнинг тутинган жияни бор. Исми Айфер. Шунга айтдим. У бир докторга бошлаб борди. Текширди. Кейин юракнинг ичига камера юбориб, суратлар олди. Битта томирда тиқаниқ бор экан. Аммо касалхонанинг пули осмону фалакда. Бўлгани бўлар дедим. Лекин бўлмади. Топган-тутганни, қарзу қаварни қўлтиқлаб касалхонага бордим. Тиқаниқни портлатиб томирни тозалашди. Охирида׃
-Икки йил умрингиз қолган,-деди доктор гапни айлантириб. Халестерин тўрт юздан ошиб кетибди. Биз фақат парҳезни маслаҳат қиламиз, Америкада “Липитор” деган дори чиққан, Туркияга етиб келмади ҳали. Сигарет чекишни ташламасангиз икки йил ҳам кўп.
Хафа бўлдим. Болалар ёш. Орзулар катта. Ўша кун “Бас, сигарет чекмайман!” деб ўзимга сўз бердим. Қутулдим. Бугунгача чекканим йўқ.. Лекин ўша доктор ҳам “бир ютум”дан отиб туринг, деди. Шунинг учун бунисидан қутулишим қийин бўлди, вақт олди.
Америкага келишим билан яна касалхонага тушдим. Кардиолог докторлар ҳар куни ҳар турли машинада текширишди. Охири “атом синови” деган жойга бордик. Битта хонада бир ўзим, юрагим устида машина айланиб турибди. Хона қоп-қоронғу. Ҳар ўн саккиз мунутда (нима учун 18, билмайман) хабар олишади. юракнинг уриши бутун хонага эшитилади׃ “Гум”.., “гум”.., “гум”…. “Гуп” эмас “гум”. Санай бошлайман. 16-17та “гум”дан кейин бирдан дунё қоронғу бўлади. Юрак тақа-тақ тўхтайди. Ўлдим деб ўйлайман. Лекин бир сониядан кейин яна юриб кетади. Буни юрак уришидаги узилиш дер экан.
Бугунгача бу машинага 7-8 марта рўпарў бўлдим. Ҳар сафар юрак тўхтаб қолганини сезганимда сония худди бир йилга тенгдек туюлади.
Адашмасам икки йил аввал эди, юрагим кетма-кет икки уришни четлаб кетди. “Гум”.., “гум”.., “гум”…. ва бирдан сукунат. Гўё уммоннинг тубига тушиб кетади одам. Тушиб кетаверади… кетаверади… орадан йиллар ўтгандек туюлаверади. Кейин бирдан тепага отилиб, ёруғ дунёга чиқади׃ “Гум”.., “гум”.., “гум”….
Айтмоқчи, “Липитор” ёрдам берди. Кейин шунга ўхшаш бошқа дорилар ҳам чиқди. Тибдаги инқилоб дейишди буни.
Бу орада парҳезга ҳам эътибор қилишим керак бўлди. Лекин ўзбекчилик – алов, сомса, мантини чеклаб бўладими? Хуллас, яна доктор, яна касалхона.
Гапни докторим анализларни кўриб, васият ёзишимни ва икки ой умрим қолганини айтганидан бошлагандим. Ваҳимага тушмадим десам ёлғон бўлади. Ўйладим. Жасадимни Ўзбекистонга қўймаслигини ҳам ўйладим. Раҳматли Абдуманноп Пўлатов ўлишини билгандан кейин нега Каримовга хат ёзганини ҳам тушундим. Лекин иблисга хат ёзолмадим.
Унда нима бўлади? Қабрим биз яшаган жойлардан бир неча юз километр олисликдаги ўрмонлар ичидаги қаровсиз мозорда қолиб кетадими?
Жасаднинг қаердалиги муҳим эмас, руҳ барибир уни тарк этади, деган ҳикмат ҳам таскин бермади. Оиламни, болаларни ўйладим. Улар қандай қилиб қабримни топиб борадилар?
Атрофимиздаги қабристонларни кездим. Бир қарич ер бир неча минг доллар турар экан. “Миллий хотира парки” деган қабристонга бордим. Ўзбекмиз, осилсак баланд дорга осиламиз. Қабристон жуда катта экан. Машинада айландик.
Бир қисмида тошсиз кўмилганлар…
Бир қисмида кичкина тошга рухсатлилар.
Кейин динлар бўйича ажратилганлар…
Узоқдан энг кўп ва энг катта тош қўйилган қисмни кўришимиз билан шу мусулмонларники деб ўйладим ва тўғри бўлиб чиқди.
Қабристонда махсус гўр сотувчилар бор экан. Ҳа, ҳа, расмий гўр сотувчи.
Рекламалари ҳам зўр׃
”Қуёш чиқадиган томон…”
“Оқ уй томон…”
“Тепалик ёки пастлик…”
“Йўлга яқин…”
“Йўлдан узоқ…”
“Якка гўр…”
“Қўш гўр…”
“Хилхона…”
Хуллас, нархлар ўзгариши учун сабаблар талайгина.
-Қани Оқ уй кўринмаяпти-ку?- десам׃
-Дарахтлар тўсмоқда, қишда кўринади,-дейди.
Ўлгандан кейин Оқ уйни кўрдинг нима, кўрмадинг нима? Лекин инсон боласи ҳамма нарсага қизиқади. Барибир шу Миллий боғдан кредитга-америкачасига қарзга хилхона сотиб олдим. Нима бўлганда ҳам номи қабристон эмас, боғ экан-ку!
Шунақа гаплар… Икки йил дейишганди, йигирма йил яшаб қўйдим. Икки ой деганига ҳам мана икки йил бўлди.
Ҳозир юрагимнинг тўхтаб қолишини фақат атом машинаси хонасида эмас истаган жойда сезиб тураман. Бир-икки “гуп”ни унутса ҳам вужудимга қон етказиб беришни унутмайди. У мени овутади, мен уни овутаман. Шундай қилиб бир-биримизни тортқилаб юрибмиз. Раҳматли онам 42 ёшда, дадам 47 ёшда оламдан ўтганларини айтсам, докторнинг эси чиқиб кетади. Кейин гап орасига бобом 94га кирганларини, у ёшга етолмасам ҳам ўша томонга қараб кетаётганимни қистирсам жилмайиб қўяди.
Юрагим орзуларим томонига, бобо манзилга етаклашга қарорли. Мен-чи? Юрагимни тортиб юришга қарорлиман-ми? Қарорли кўринаман. Докторлар эса чўчитгани чўчитган. Лекин гап докторда эмас, гап сижжили Холиқда. Шундай экан, бу гапларни нега ёздим?
Бугун кечаси ой тутилди. Зулмат келган эмас. Аксинча зулмат чекинди. Қамари само бу кеча аввалига тўп-тўлин эди. Кейин гўё иккига бўлинди-ярми Сафо тоғининг устида, қолган ярми Қайқаон тоғининг тепасида. Кейин яна бутунлашиб қип қизил бўлди – Шамси Саттор каби. Америкада чорак асрда бир такрорланадиган бу тўла тутилишни “Қонли ой” дейишади. Одамлар тўқиган ривоятлардан бирида айтилишича, ўзини борлиқнинг юраги деб ҳисоблаган Ой бу пайтда онийдан тўхтаб қолиб, кейин яна йўлида давом этаркан.
Албатта, давом этади, чунки Сижжили Холиқдаги ҳукми шундай. Демак, Ой тутилиб туради…Қуёш тутилиб туради.. Шундай экан, юрак ҳам тутилиб туради-да.
Жаҳонгир Муҳаммад
15 апрел, 2014 йил.
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
Сўнг сўз ўрнида
… Бу дунёда тақдир мени кўпгина яхши ёмонлар билан, оддий одамлардан тортиб – шоҳларга қадар самимий суҳбат қуриш, яқин бўлиш, сирлашиб, ҳасратлашиш бахтига муяссар этди.
Шулар орасида вақт тарозисига кўра уларнинг кўплари хотирамдан кўтарилдилар. Ҳатто айримларини жуда жуда қумсасам-да, ўтган йиллар силсиласида номларини унутиб қўйдим.
Бироқ, улар орасида шундай инсонлар борки, тақдир тақозосига кўра улар билан тўқнашишга, баъзан улар билан очиқ майдонда яккама якка жанг қилишга тўғри келди.
Вақт ўтиши билан бу жангда мен ўзимнинг ҳам камчиликларимни кўра бошладим.
Шу боисдан энди бу тақдирни қайтадан қуриб бўлмаслиги учун ҳам — тарих олдидаги ҳалол ва мардона сўзим билан сиёсатда ўзим билиб билмай қилган гуноҳларимни ҳам рўй рост тан олишга ва айтишга қарор қилдим.
Менинг ҳаёт йўлимда ўчмас из қолдирган инсонлардан бири ёрқин истеъдодли ва қатьий сўзли ажойиб журналист Жаҳонгир Маматов бўлди.
Бугун у ҳақдаги рост сўзларни қоғозга туширдим.
Ўйлайманки, у ҳам мени тўғри тушунса керак. Биз шундай мураккаб тақдирли замонда яшадик. Буни фақат биз билан замондош ва ҳамнафас бўлган дўстларимиз ҳам инкор этмайдилар деб ўйлайман.
Мен Жаҳонгирни – ҳаммамизнинг тақдиримизни қўлида ўйнатиб турган олий идорадан менга тақдим этилган ҳужжатлар асосида ташбеҳлаган бўлсам, Жаҳонгир бисотидаги барча ҳақоратлар билан йигирма йилдан бўён бошимга маломат ёғдирди. Ва буни ҳануз ўша пафосда давом эттириб келаяпти.
Лекин мен ҳам уни тушунишга ҳаракат қиламан. Чунки, мен тинч турган Жаҳонгирни – халқ ноиби ва жамоат арбобини ёш боладай қулоғига чертганман ва биринчи бўлиб зарба берганман.
Шу боисдан Жаҳонгир нимаики усул билан менга қарши курашган ва жавоб айтган бўлса, мен буни -ўзим ўзимга қарши ясаган замбарак ўқи деб биламан. Жаҳонгирнинг «оташин» жавобидан юрагимда кек сақламаганимнинг боиси ҳам мана шунда.
Менинг назаримда, журналист ва сиёсатчилар учун — кек ва адоват ҳеч қачон биринчи планга чиқмаслиги керак. Негаки, у ҳамиша инсоннинг рейтинггини пастга туширади.
Ўзининиг шахсий кек ва адоватини жиловлай олган одам – ҳақиқий мард одам бўлади. Бу дунёда бировлар устидан ғалаба қилган ва қозонган тарихий шахслар, арбоблар жуда кўп. Лекин ўзининг устидан ғалаба қилолган одамлар жуда саноқли…
Русларда: «Океанда чўкканлардан кўра, стаканга чўкканлар кўпроқ» — деган яхши бир гап бор.
Менинг тақдир олдидаги бу иқрорим фақат Жаҳонгир учунгина эмас. Ўша кунларнинг адолатли манзарасини чизиш истагидан туғилган иқрор ва қарор бу.
Адолат ҳаққи ҳурмати шу гапни қачонлардир айтишим керак эди.
Исмат ХУШЕВ,
1 сентябрь, 2014 йил,
Торонто шаҳри, Канада
Суратда: Таниқли ўзбек журналистлари, Олий Кенгаш депутатлари Жаҳонгир Маматов (чапда) ва Дадахон Ёқубов
Койилман Исмат ака.
Мардларча ёзилибди.
«Ўзининиг шахсий кек ва адоватини жиловлай олган одам – ҳақиқий мард одам бўлади. Бу дунёда бировлар устидан ғалаба қилган ва қозонган тарихий шахслар, арбоблар жуда кўп. Лекин ўзининг устидан ғалаба қилолган одамлар жуда саноқли…»
Холис, бетараф фикрларингиз учун катта раҳмат Исмат ака.
РАХМАТ СИЗГА ,ИСМАТ АКА ! БОРИБ БОРИБ ҲАЁТДА ЙИҚҚАН ТЕРГАН ФАЛСАФАЛАРИМИЗ УММОНГА АЙЛАНИБ БОРСА АЖАБМАС , БУНДАЙ ГАПЛАРНИ ЎҚИЙВЕРГАЧ ! ШУ УММОН , НАЗАР , НИГОХ КИЧИК КЎЛМАКЛАРНИНГ ҒАВҒОСИГА КЎПАМ ВАҚТ САРФЛАБ ,УМР САРФЛАБ ,АСАБ САРФЛАБ ЮРМАЙ ЯШАШНИЯМ ЎРГАТИБ ҚЎЙСАЯМ ,АЖАБМАС ,БИЗГА !
Ismat aka,
Negadir men hali ham Islom Karimoga ishhonaman. Aytaylik Jahongir haq bo’lsa Islom Karimovning mansablariga uchmas edi. Haq odam haqligicha qoladi. Karimov esa uni osonlikcha amal berib sotib olgan. Jakhongir jurnalist emas, o’z websayitida faqat zerikarlik o’zining hikoyalarni ko’rasiz. Bionta komment ham bahs ham yo’q. O’zini demokrat deydi, lekin demokratk komment yuborsangiz chiqarmaydi.
ichingizdagi tuygularni ochiq bayon eta olasiz, xato kamchilikdan albatta bandasi xoli emas ammo xamma xam tan olishi oson emas. Shu xislatingizni xurmat qilaman. Jahongir aka xam fozil kishi bunga ishonaman. Avallo sizlar gina-quduratni unutib axil bolsalaring bundan nafaqat sizlar balki butun Uzbek adabiyoti yutadi. Maqola esa xar doimdagidek perfect yozilgan..
Albatta vaqt utsa ham bu haqiqatni aytish, tan olishning uzi mardlikdir. Istagimiz bir biriga bulmagur yozishmalar qilayotgan va uzlarining aqlsizligi bilan kungilni qoldirayotgan boshqa uzini muholifman deganlarning shunday yul tutishini hamma ham men kabi istasa kerak. Umidli dunyo umid qilamiz ajabmas hammasi mardlarcha ish tutib bir-biriga toqat qilsa…