• Вт. Фев 11th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

ИСМАТ ХУШЕВ

Оқланмаган ишонч қиссаси (ёхуд «Президент эркаси»нинг хотиралари)

Иккинчи китоб, 22-боб

Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.

(Mуҳаммад РAҲМOН)

 

  

АКАМНИНГ АРМОНЛИ ЎЛИМИ

 22-боб

 

Не не балоларни мардонавор енгган акамнинг оёғи остидан чиққан бемавруд ўлим…

Ўзидан шаҳар қолдирган академик Ўктам Ориповнинг парвоз ва инқирози…

 Бегоналарга боримни бердим, лекин акамга керагида нега елкамни тутолмадим…

Уруш окопларида йиғламаган отамнинг  акам тобути устидаги аччиқ кўз ёшлари…

Акамнинг доғида онамнинг ҳам куйиб адо бўлгани ҳақида…

Гўзалликда тенги йўқ янгамнинг  кўксида тош қотган дард ва аламлар…

 

Йигирма иккинчи боб

 

ras1

 

Суратда: Раҳматли Неъмат акамнинг “Минг чинор” ресторанида нишонланган никоҳ оқшомидан лавҳалар. Чапдан обьективга тикилиб турган йигит – акамнинг синфдоши Бахтиёр Абдуллаев.

Қашқадарё, Китоб, 1977 йил.

Акам вафотига атаб отам ўғлининг қабртошига тўрт қатор шеър ёзган:

“Фарзанд доғи азал ҳукми, сабр қил,
Жума оқшомлари хатми-сағир қил.
Тўрт набира Неъматимдан нишона,
Оллоҳнинг хоҳиши, минг бор шукр қил…”

 

1.

Демак, 1992 йилнинг 21 апрель куни “Халқ сўзи” газетасида Жаҳонгир Маматовнинг менга жавоби эълон қилинади.

Муқаддам бу ҳақда тўхталиб ўтдик. Шундан кейин анча пайтгача ўзимга келолмадим. Нима қилишимни билмайман, кўча-куйда учрашиб қолган таниш-билишларим ҳам ҳайрон. Бош муҳаррирман, қўл остимда ўттиз-қирқта одам ишлайди. Президентга яқин, ҳукуматга яқин деган гап бор эди.

Мен Жаҳонгирга “Очиқ хат” ёзганда, тепадагилар  мени керакли “далил” ва “ҳужжат”лар билан қуроллантирганида, эрта бир кун эрта бир кун менга қарши жавоб чиқишини ўйламаган эдим.

Агар Президент девонидагилар шундай ўйин қилишини билганимда, мен улар билан бошқача гаплашган бўлардим.

Жаҳонгирнинг бу жавоби – Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида жуда катта воқеа бўлади. Айниқса, унинг жавобига илова қилинган Савдо вазири Мираброр Усмоновнинг тушунтириш хати — ўлганнинг устига тепгандек бўлди.

Бутун Ўзбекистоннинг шаҳар ва қишлоқларида, катта ва кичик сиёсий давраларда, Президент девонидан тортиб — ҳукумат тизими доираларигача бир икки ҳафта мобайнида мисли кўрилмаган даражада шов-шув кўтарилди: бу воқеа республика сиёсий ҳаётида анча вақтгача биринчи рақамли ҳодиса бўлиб турди.

Мен жуда мулзам эдим. Ўзим унча-бунча нарсаларга парво қилмайдиган йигит бўлсам-да, бироқ Жаҳонгирнинг бу жавоби менга қаттиқ руҳий зарба бўлди.

Гап шундаки, бу орада мен Ўзбекистоннинг сиёсий ва адабий муҳитидан бир қадар совиб қолдим, узоқлашдим. Телевизор ва радиода мунтазам чиқиб юрган йигит бирдан ҳеч қаерда кўринмай қолади, таклифлар тўхтайди.

Агар жавоб 21-апрель куни эълон қилинган бўлса, 9-майгача – йигирма кун ичида ўзимдан ўтганини ўзим биламан…

 

2.

Ўша пайтларда Қулмон Очилов хийла оммалашиб кетган “Оила ва жамият” газетасида Бош муҳаррир эди. Мен ундан ҳозиргача миннатдорман.

У “Оила ва жамият” газетасининг биринчи бетида: “Маҳмуд бобо Хушев 9-май куни роппа-роса 70 ёшга тўлади. У Иккинчи Жаҳон урушида Сталинграддан то Берлингача жанг қилиб борди. Сўнг 40 йил давомида Китоб туманидаги мактабларда ёшларга мураббийлик қилди.

FullSizeRender2

Суратда: Маҳмуд бобо ўғли – таниқли журналист Исмат Хушев, келини Наргизахон ва набиралари даврасида (Суратчи В.Кавелин)” деб тагсўз ёзиб, отам, мен, Наргиз ва бола-чақаларимиз билан тушган суратимизни эълон қилади.

Бу сурат деярли битта саҳифани эгаллаган эди.

Мана шу сурат ҳали Исмат Хушевнинг борлигини, унинг ўрнини жамиятда ҳеч ким тортиб ололмаганини,  у отаси ва фарзандлари даврасида эканини газетхонга эслатиб турарди.

Одатда пилта милтиқнинг олови ўчса унинг ўқи тугаган бўлади. Бу сурат худди шунга монанд — Исмат Хушев милтиғининг пилтаси ҳали ўчмаганлигидан ишончли дарак эди.

Республика газетасида берилган бу суратли лавҳа — менга жуда катта далда бўлди. Эзилган ва чўккан руҳимни ёмғирдан сўнг кулиб чиққан қуёшдай яшнатиб, нурлантирди.

Мен Қулмоннинг ўша яхшилигини ҳеч қачон унутмайман.

Ростини айтсам, 21-апрель куни Жаҳонгир Маматовнинг жавоби чиққанидан кейин мени тепадан ҳам, пастдан ҳам ҳеч ким сўрамай қўйганди.

Жавоб хати эълон қилинганидан сўнг кўпчилик бу нарса ҳам ҳукуматнинг – Президентнинг хайрихоҳлиги билан рўй берди деб ўйлади. Ғалати ҳолат юзага келади.

Шундан кейин 1992 йилнинг 9-май куни “Оила ва жамият” газетасида оилавий суратимиз босилганидан сўнг мен хийла ўзимга келдим.

Шу воқеа боис мен ҳеч қачон Қулмонни ёмон кўра олмайман, унинг яхшилигини Канадада яшаб ҳам, то ҳануз унутолмайман…

 

3. 

“Оила ва жамият”да менинг отам билан тушган оилавий суратим эълон қилинганидан сўнг раҳматли онам: “Ўғлим, мен билан тушган суратинг ҳам бор эди-ку, нега ўшани қўймадиларинг” — деб хафа бўлган эдилар.

Китобга борганимдан сўнг кўз ёши қилиб: “Бугун-эрта ўлиб кетсам, шу газета мендан хотира бўлиб қоларди” — деб астойдил ўксинганди онагинам. “Оила ва жамият” газетаси  у  пайтларда ниҳоятда машҳур эди.  Мен муштипар онамнинг бу гапларига ўшанда кўпам эътибор бермаган эдим.

— Ҳали Сиз билан  тушган суратимиз ҳам газеталарда эълон қилинади, — деб онамни ўзимча юпатгандек бўлдим.

Лекин орадан бир-икки ой ўтиб рўй берган воқеалар, ҳаётимни тамомила остин-устун қилиб юборди, онамнинг гаплари нақадар ҳақ эканини исботлади…

 

 4.

1992 йилнинг 9-май куни “Оила ва жамият” газетасида бизнинг отам билан тушган оилавий суратимиз эълон қилинган бўлса, 1992 йилнинг 16 июнь куни – Неъмат акам 42 ёшида Китобда автомобиль ҳалокатига учрайди ва икки-уч кундан сўнг шифохонада вафот этади.

Акамнинг вафтидан бир ой ўтиб ўтмай – унинг ҳажрида йиғлаб йиғлаб инфаркт бўлган онаизорим ҳам бу ёруғ дунёни тарк этди…

 Бу фожеалар хусусида батафсил тўхталиб ўтишим керак.

Ўша пайтларда Абдураҳмон Ашуров Китобда Кенгаш раиси – районнинг раҳбари эди.

Ислом Каримовга айтиб унинг Китобга биринчи раҳбар этиб тайинлашда ўз ҳиссамни қўшганимни олдинги бобларда айтганман. У киши китобхонга маълум ана шу сабабларга кўра бизни ҳурмат қиларди. Толиб Зокиров деган йигит район касалхонасининг бошлиғи эди.

Китобда — агар Исматжон шу кетишда бўлса, унинг акаси Неъматжон район касалхонасининг раҳбари бўлади деган гап-сўзлар юрарди. Акам район касалхонасида «Қон қўйиш» бўлимининг бошлиғи эди.

У Толиб Зокировни очиқ-ойдин ёқтирмасди. Ҳатто бир йиғилишда: “Одамларни худди биринчи синф ўқувчиларидек тик турғазиб қўйиб, ҳадеб сўроққа тутаверманг. Бугун Сиз бўлсангиз, эртага биз ҳам раҳбар бўлиб қолишимиз мумкин!” — деб очиқ ойдин айтган экан.

Ўшанда бош врач йиғилиш ўтказаётган бўлган. Шу гапдан кейин одамлар: “Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи бекорга қимирламайди, эрта-индин Неъматжон район касалхонасига бошлиқ бўлади”, — деб миш-миш тарқатишади…

Акам улфатижон йигит эди. Унинг ўртоқлари, синфдошлари ҳозиргача йиғилиб, учрашиб туришади. Айрим одамлар ўлиб кетса, даврадошлари уни тезда унутишади. Лекин акамнинг ўртоқлари уни ҳалигача эслаб юришади. Ҳар сафар мени кўрганларида қучоқлаб олиб йиғлашади, мен ҳам йиғлайман, юракларим эзилиб кетади шундай пайтларда.

Яқинда ўн йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистонга борганимда ҳам худди шундай бўлди.

Ваҳоланки, акамнинг ўлганига ҳам йигирма йилдан ошди. Ҳанузгача акамнинг ўрни билинади. У ажойиб ва улфатижон йигит эди. Ҳар хил салат ва газаклар тайёрлашга, овқат пиширишга, ўз қўли билан дастурхон безатиб, меҳмон кутишга жуда уста эди…

 

5. 

Шу ўринда акам ва унинг ҳаёти ҳақида бир-икки оғиз гапириб ўтишим керак.

Акам 1967- йилда ўрта мактабни битириб, ТошМИга ўқишга киради. Учинчи курсда ўқиб юрганида уларнинг орасидан ҳарбий врачликка номзод қидириб қолишади.

Саратов ҳарбий медицина Академияси вакиллари Тошкентга келиб: “Космонавтларнинг қон босимини, юрак уришини, парвозга чиқишдан олдин ва ерга тушгандан кейинги ҳолатларини ўлчаб, текшириб, уларга кўз-қулоқ бўлиб юрадиган мутахассис врач бўлишни истайдиган йигитлардан биттасини танлаб олиб кетамиз”  — дейишади.

ras3Биласиз, отам доимо: “нега ўзбеклар орасида ҳарбийлар кам, ўзбек болалари ҳам ҳарбий соҳаларни эгаллаши керак”  — деган ақидага амал қиларди. Муаллим сифатида ўз ўқувчиларини ҳам доим ҳарбий соҳаларга даъват этарди.

Акам янгиликдан отамни хабардор қилади. Отам бўлса ҳеч кимдан сўраб ўтирмай, дарҳол Тошкентга бориб акамни Саратовдаги ўша ҳарбий медицина Академиясига ўтказиб қайтади.


— Ўғлим, Саратов ҳарбий медицина Академиясини битирсанг, бир умр ҳарбий формада юрасан, ҳамма сенга ҳавас қилади. Мен ўла-ўлгунимча фахрланиб юраман: “ўғлим ҳарбий врач” деб. «Қачонгача ўзбеклар армияда траншея ковлаб, энг оғир ва бўлмағур ишларни бажариб юриши керак. Нега ўзбеклардан ҳам олий қўмондонлар, врач ва космонавтлар чиқмаслиги керак? Ҳарбий врач бўлиш ниҳоятда шарафли касб! Сен албатта ўша ерда ўқишинг керак!» – деб чексиз қувонч билан акамни Саратов ҳарбий Академиясига ўтказиб юборади отам…

 

6. 

Орадан анча вақт ўтгач, кимдир онамга бошқача тушунтиради:

— Ўғлингиз ҳарбий врач бўлса, йигирма беш йилгача уйингизга қайтиб келмайди. Ўрисдан хотин олиб, ўша томонларда қолиб кетади. Невараларингиз ҳам ғирт ўрис бўлиб кетади. Сиз ўз невараларингиз билан таржимон орқали гаплашадиган бўласиз! – дейди.

Онам бу гап-сўзларни эшитгандан сўнг йиғи-сиғи билан отамга таъна қилади:

“Ҳой, чол, ўрис хотин олиб, ўша томонларда қолиб кетолмаганингиз учун ҳалигача армон қилиб юрар экансиз-да. Мана, ўғлингиз Сиз етмаган армонларга етадиган бўлибди!” – дейди кўз ёш қилиб содда онаизорим.

Отам кўп ҳам онамнинг гапларига қулоқ соладиган эркак эмас эди. Буни онамнинг ўзи ҳам яхши биларди.

Шу боис отам парво қилмагач, акамнинг ўзига кетма-кет хатлар ёзади. Опам ва сингилларимга ҳам хатлар ёздиради.

Онам ва опаларимнинг юрак ўртар мактублари секин аста ўз кучини кўрсатиб,  акам қандай қилиб бўлса ҳам – ҳарбий Академиядан  қутилиш йўлларини излай бошлайди.

Излаган ҳамиша чора топади деганларидек акам ҳам мақсадига эришади: Ҳарбийдан қутилиб кетишнинг бирдан-бир йўли –  талаба курсант ичкиликка берилса, ўқишдан ҳайдаб юборишар экан.  

Хуллас, акам курсдошлари кўзига атайлаб  ичкиликка рўжу қўйган йигит бўлиб кўрина бошлайди. Тўртта одам тўпланса: «Қуйинглар, олинглар, ичайлик» — деб шакаргуфторлик қила бошлайди…

 

7.

Ўша пайтларда ҳам, ҳозир ҳам — ҳарбий академияларда  керакли жойга ахборот берувчилар кўп бўлган.

Тез кунда акам ниятига етиб, Академиядан ҳайдалишга сазовор бўлади.  Агар бу ердан кетсам, Тошкентда бемалол бориб ўқийман деб ўйлаган. Лекин ичкиликбозлик ҳақидаги ҳужжатлари ўзидан олдин ТошМига ҳам етиб келганини акам ҳали билмасди.

Хуллас, олтинчи курсни битираётган пайтида медицина ҳарбий Академиясидан ҳайдалади. Ҳужжатларини кўтариб ТошМИга келса, бу ерда ўқишга олмайдилар.

— Биздан кетгансиз, улар ҳайдаб юборибди. Энди Китобга бориб тошингизни териб юраверинг, – дейишади очиқ ойдин…

Хуллас, акамни ўқишга олишмайди ва охир оқибат акам яна отам – эски Маҳмуд партизанни ишга солади.

Отам Москвага боришдан ҳам ҳақиймасди.  Ўша пайтларда уруш қатнашчиларининг имкон ва қудрати ниҳоятда катта эди.  Отам эса – кўкси орден — медалларга тўла эски партизан. Боз устига рус тилини мукаммал билган, келишган ва салобатли киши эди.

Ишонасизми-йўқми, шу ишни ҳам отам Москвага бориб, тўғрилаб келади.

Ўша пайтларда нисбатан адолат бор эканки, отамнинг арз-додига москвадагилар қулоқ солишибди.

Отамнинг урушга қатнашганини, ўзининг ҳам бамаъни инсонлигини инобатга олишиб, Москвадаги амалдорлар акамни ТошМИга эмас, (ректор Ўктам Орипов отамни остонасидан ичкарига ҳам киритмайди, биз бу масалага ҳали қайтамиз) Самарқанддаги медицина институтида ўқишига рухсат беришади.

Акам олтинчи курсдан Павлов номидаги Самарқанд Давлат медицина институтида ўқишни бошлайди.

Ўша йиллари СамМИ да — СССР Олий Совети депутати Ўктам Ваҳобова ректор эди…

 

8. 

Энди икки оғиз сўз — ТашМИ ректори Ўктам Орипов ҳақида.

Отам Тошкентга келганида икки-уч кунлаб ТошМИнинг ректори бўлмиш Ўктам Орипов қабулига кира олмайди. Москвага борса, ҳар қандай катта идоранинг раҳбари уни навбатсиз қабул қилади. Бизнинг маҳаллий амалдорларнинг инсофсизлигини, одамийликдан йироқлашиб кетганини ўшанда отам жон куйдириб, куйиниб айтиб берарди.

Умуман, менинг дунёқарашим шаклланишида ва ҳақиқатни рўёбга чиқарувчи журналистлик касбини танлашимда — отамнинг адолат ва диёнат ҳақидаги жонли суҳбатлари, куйиб пишиб айтиб берган ҳаётий ҳикоялари муҳим рол ўйнаган.

Ўктам Ориповнинг отамга нисбатан қилган беписандлик ва бетакаллуфлиги хотирамда маҳкам ўрнашиб қолган экан, Тошкентга келиб, амалдор бўлиб кетганимдан кейин у билан астойдил қизиқдим.

  “Ҳаёт ва иқтисод” журналига Бош муҳаррир бўлиб юрган кезларимда ТошМИнинг ректорларига телефон қилсам, боргунимча икки букилиб, такаллуф билан кутиб туришарди. Демак, бечора отамдан ўша кўнгилсиз воқеаларни эшитганимдан сўнг, мен раҳбарликка ҳавас қилган бўлсам ажаб эмас.

Лекин мен отамга ўхшаган ҳалол одамларни, Ватанга хизмат қилиб қўйган мўътабар кишиларни хўрлаш учун раҳбарликни ҳавас қилмаганман, аксинча, ўшаларнинг ёнини олишга, уларга хайрихоҳ ва ҳамдард бўлишга ёшлигимдан қарор қилгандим.

Отамдек ажойиб инсонни ТошМИнинг ректори нима учун қабул қилмаганига сира ақлим етмасди.

Илтимосини бажаришнинг имкони бўлмаган тақдирда ҳам, илиқ қарши олиб, кўнглини кўтариб, кузатиб қўйса бўларди-ку…

Табиатига кўра Ўктам Орипов ниҳоятда инжиқ, мансабпараст ва кибрли  одам эди. Унинг даврида ТошМИга нафақат оддий қишлоқ ўқитувчиси бўлган отамнинг, балки республикада мана ман деган бошқа мулозимларнинг ҳам гапи ўтмаган…

 

9. 

Лекин шу билан бирга Ўктам Орипов ҳақида яхши гапларни ҳам кўп эшитдим.

У Тошкентда — дунёда энг катта медицина клиникасини қурди. Клиника атрофида 10 000 нафар медицина ходимлари учун уй жой қурилди. 12 корпусдан иборат, 2700 койкали ТошМИнинг улкан клиникасини Ўктам Ориповдан миннатдор тошкентликлар  бугун фахр билан — «Тиббиёт шаҳарчаси» деб аташади. 

Ўктам Ориповнинг амал пиллапоясига кўтарилиш тарихи ҳам жуда қизиқ. Айтишларича у Шароф Рашидовнинг яқин қариндоши — жияни бўлган. Самарқанд Давлат Медицина институти ректорлигидан бирданига Тошкентга — Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирига ўринбосар бўлиб келган.

Ўктам Орипов «замминистр» бўлганида Рашидов уникига меҳмонга боради. Министр ўринбосари Чилонзордаги кўп қаватли уйда тураркан. Шароф ака эринмай тўртинчи қаватга чиқиб боради.

Сал кундан кейин «Кренкил-5» дан Рашидов унга янги уй беради…

 

10. 

Шароф Рашидовдан давр ўтганидан кейин Ўктам Орипов ҳам бошқа «Рашидовчилар» қаторида партиядан ўчирилиб, ишдан олинади.

У ишдан олинганда рўй берган бир воқеани менга айтиб беришган ва у ҳануз хотирамда қолган.

Тошкент шаҳар партия комитети Бюросида ишдан олинган Ўктам Орипов юрагини чангаллаб, йиқилади. Шунда уни горкомда агитация ва пропаганда бўлими мудири бўлиб ишлаётган Шуҳрат Нусратов билан «Тошкент оқшоми» газетаси Бош муҳаррири Шароф Убайдуллаевлар қўлтиғидан суяб пропаганда бўлимига олиб киришади.

Биров духтир чақирай ҳам демаган. Аниқроғи чақиришга рухсат беришмаган. ТошМИнинг қудратли ва довруғли ректори, академик одам анча пайтгача горкомнинг пропаганда бўлимидаги стол устида қолиб кетган.

Нусратов Шуҳрат буюклиги шундаки, у Бюрода ҳам Ўктам Ориповни ўрнидан туриб дадил ҳимоя қилган. Собиқ ректор юрагини чангаллаб, йиқилганида  бюродан хонасига олиб кириб, креслосига ётқизиб қўйган. Бу воқеа 1984 йилнинг бошларида рўй берган…

Дарвоқе, Ўктам Ориповдан сўнг ТошМИга академик Зуфаров янги ректор этиб тайинланади. У ниҳоятда камтар ва самимий, зиёли ва юксак маданиятли  одам эди.  Муомила маданиятида эса Ориповнинг тамомила тескариси эди.

Ўктам Орипов 2000 йилларда қазо қилди. Уни  Ўрдадаги «ЦК» учун қурилган уйидан чиқаришди…

 

11. 

Ўктам Ориповга оид яна бир гап.

Ўзбекистон раҳбарлигига эндигина тайинланган Ислом Каримов кунлардан бир кун Ўктам Ориповни тасодифан учратиб қолиб, унга бирданига Соғлиқни сақлаш вазири лавозимини таклиф қилади.

Лекин Ўктам Орипов чин виждон билан ниҳоятда оғир ва масъулиятли бўлган бу соҳани эплолмаслигини баҳона қилиб, ўз ўрнига тажрибали ва ишчан шогирдини таклиф қилади. Унинг бу шогирди — Шавкат Каримов бўлиб, у ўшанда ТошМИда хирургиянинг бошлиғи бўлган.

Ислом Каримовнинг ҳам  мардлиги шундаки, Шавкат Каримовни оддий хирургия бўлими мудирлигидан бирданига соғлиқни сақлаш министри этиб тайинлайди.

Нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа ҳамдўстлик давлатларида ҳам ҳали ҳеч ким оддий хирургия бўлими мудирлигидан тўппа тўғри минстрлик лавозимига тайинланмаган эди.

Мен Шавкат Каримовни яхши танирдим. У киши министр бўлган йиллар — Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида инқилобий ўзгаришлар бўлди, медицина дунёсининг энг янги удум ва тажрибалари, замонавий кашфиётлари қўллаб қувватланди, тадбиқ этилди. Одамларнинг соғлигини сақлаш ва турли касалликларнинг олдини олиш бўйича маълум ютуқ ва муваффақиятларга эришилди…

 

12. 

Майли, энди ўз мавзуимизга қайтсак.

Хуллас, акам Самарқанд Давлат медицина институтини бир йилдан сўнг битириб, диплом олиб, ёруғ юз билан онамнинг бағрига – уйга қайтади.

Бунда отамнинг жуда катта хизмати бор эди.

Хотирамда қолган яна бир воқеа бор. Акамнинг турмуш ўртоғи Муҳаббат янгам – Зебо опамнинг синфдоши бўлади. Акам ўз синглисининг синфдош дугонасига кўнгил қўяди. У пайтлари бўлғуси янгамуллом Тошкентдаги политехника институтининг қурилиш ва архитектура факультетида ўқиб, “Вуз городок”даги ётоқхонада турарди.

Нон ушатилишидан аввал: “Ўша қизни бир кўргин, ўзинг гаплашиб олгин” дейишади. Акам Тошкентга келиб мени топади. Мен ўшанда эндигина биринчи курсда ўқирдим, шекилли.

Ҳозирги “Туркистон” номли санъат саройи билан ”Дўстлик” меҳмонхонасининг оралиғида, йўлнинг чап томонида соя-салқин теракзор бўларди.

Бундан анча йиллар муқаддам ўша теракзор орасида битта қаҳвахона бор эди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, акам мени ўша қаҳвахонага эргаштириб борди-да, ярим литрлик битта “Портвейн” виноси харид қилди.

У пайтлари мен ҳали ичмасдим. Акамнинг ўзи ўша винонинг ярмидан кўпроғини ичди. Хийла дадил бўлиб олгач, мени эргаштириб “Вуз городок”ка боради. Шунда янгамнинг ётоқхонасига кириб, у билан гаплашиб чиқади. Ўшандан уч кун ўтиб уларга нон ушатилади. Акам шу қадар содда ва жайдари йигит эди…

Давримизнинг одати шундай эди. Ота- она тавсияси билан акам Тошкентга келиб бўлажак қаллиғини кўриб, жуфтлик тақдирини ҳал қилиб кетади. Ўзбекларда ана шундай ғаройиб бир одат бор.

Бизда бўлажак ёр билан ғарбдагилар каби узоқ вақт қўлтиқлашиб юрилмайди. Бир кўрганда – ҳал қилинади, бир нигоҳ ташлаганда — севиб қолинади…

 

13. 

Хотирамда қолган яна бир нарса шуки, мен ёшликдан адабиётга ҳавас қўйиб, шеърлар машқ қилардим. Ўзимга ёққан бировларнинг яхши шеърларини ҳам ён дафтаримда тўплаб юрардим.

Мен ҳар гал Тошкентдан Китобга уйга борганимда акам:

“Ука, шеърларингни бир кўрай”, — деб дафтаримни сўраб оларди-да, ўзига ёққанларини у ҳам ён дафтарига ёзиб қўярди.

Масалан, ўша шеърларнинг айрим сатрлари мана бундай эди:

“Қат-қатгина қатлама,
Қатланади ёр-ёр.
Қизни олиб дугоналар
Отланади ёр-ёр…”

Ёки бўлмасам:

“Субҳидамда шабнам ювган гул-лоламан,
Юрак розим айтай десам уёламан…”

Бу Маъруф Жалилнинг тўртлигидан кўчирма эди.

Ёхуд Абдулла Ориповнинг муҳаббат ҳақидаги дилбар шеърларидан намуналар кўп эди. Масалан:

“Ёмғир тинмай ёғди кун бўйи,
Ёмғирли кун каби эзилди дардим.
Яйдоқ кўчаларда жим юрган куйи,
Сенинг изларингни ахтардим…”

Ёки бўлмасам:

“Алвидо деб қўлларимга бойладинг бир тола соч,
Ошиқ аҳли ичра кимни сайладинг бир тола соч.
Қолди умрим доми ишқда, соч каби ҳолим забун,
Толеимни тола-тола айладинг бир тола соч…”

Шунга ўхшаш қисқа-қисқа ишқ-муҳаббат ҳақидаги шеърларни акам мендан кўчириб оларди. Кейин билсам, буларни конвертга солиб, янгамга жўнатар экан.

Хуллас, акам шунақа содда, самимий йигит эди. Ажойиб акам бор эди…

 

14. 

Бошланғич синфларда ўқиб юрган кезларимда, биласиз, “Артек”ка борган эдим.

Симферополдан қайтишимда Тошкент аэропортида акам мени кутиб олади. У пайтларда акам эски ТошМИда ўқирди, ҳали Саратовга ўқишга кетмаганди.

Улар Шимолий вокзалга туташ сой бўйидаги пастқамгина уйларнинг бирида ижарада туришарди. Ҳозир сой бўйидаги уйлар бузилиб, сервиқор қаҳвахона ва шинам ресторанлар қурилиб кетибди.

Ўша пайтларда асосий темир йўл вокзали ҳам битта эди. Акам ўртоқлари билан мени аэропортда кутиб олиб, жарлик бўйидаги ўша ижарахоналарига олиб келишади.

Акамнинг ўзи билан бирга ўқиган китоблик саккизта бола бир ижарахонада туришар эди. Ҳозир уларнинг еттитаси Китоб район касалхонасида ишлайди. Фақат энди уларнинг орасида менинг акам йўқ, холос.

Улар мени, мен уларни ҳар сафар кўрганимда беихтиёр акам, Тошкентдаги ўша жарликда жойлашган вокзал ёнидаги мўъжаз ижарахона ёдимга тушади…

Худди кечагидек эсимда, ўшанда улар ташқаридаги қозонда ош дамлаб қўйиб, мени ўртага олиб, “Артек” ва у ердаги таассуротларим тўғрисида роса сўрашган эди.

Мен учун катта обрў ҳисоблангани – ТошМИнинг студентлари икки соатдан ортиқ оғзимга тикилиб ўтириб, менинг армонли ва ҳаяжонли ҳикояларимни эшитган эдилар.

Акамнинг шўх ва дилкаш даврадошларини кўриб студент бўлишни ўшанда илк маротаба орзу қилган бўлсам ажаб эмас…

 

15. 

Акам билан боғлиқ яна бир хотирам шуки, мен амалдор бўлиб, “СовМин”нинг Жуковский кўчасидаги ҳашамдор ва мўҳташам меҳмонхонасида  яшаб юрган пайтимда у малакасини ошириш учун Тошкентга ўқишга келади.

Биласиз, жойлардаги врачлар вақти – вақти билан ўз малакаларини ошириш учун пойтахтга келиб ўн-ўн беш кун ўқиб кетишади.

Бир куни акам меҳмонхонага келиб: “Бир-иккита ўртоқларим учун шу ерда бир пиёла чой берсам бўладими?” — деганда, мен уларни ҳукумат «дача»сига чақириб меҳмон қилганман.

Саунада чўмилиб, бассейнда сузиб, ресторанда маишат қилиб яхши дам олишган.

Кейин улар мени ҳукумат аъзолари фойдаланаётган имтиёзларга шерик бўлаётганимни кўриб, зўр қониқиш ва чексиз ҳавас билан уйга қайтиб кетишган эди…

 

16. 

Энди акамнинг қандай қилиб аварияга учраганини, ҳалок бўлганини айтиб беришим керак.

Кўк рангли “94-40” рақамли “Москвич”им бўларди. Машинам Китобда бузилиб қолади. Акамнинг Абдужаббор деган синфдош ўртоғи машина созларди, мен машинамни созлаш учун унга бериб, ўзим Тошкентга жўнаб кетган эдим.

“Ака, Китобга янаги келишимда ўртоғингиз машинамни созлаб қўйсин”, – деб илтимос қилиб қайтгандим.

Акам ўртоғига хушомад қилиб юрган экан: “Катта” келгунича (раҳматли мени эркалатиб шундай деб атарди) машинасини созлаб қўйгин”, деб.

Акамнинг Гулноз деган биттагина яккаю-ёлғиз қизи бор. Ўшанда қизининг туғилган куни экан. Янгам ош дамлаган. Акам қўлбола салат ҳозирлаган. Янгам ошни сузган пайтда:

— Муҳаббат, шошма, ошни қайтариб қозонга сол, – деган акам. – Ҳозир Абдужаббор жўрамга телефон қилай, келсин, қизимнинг туғилган кунини эллик грамдан ичиб, нишонлайлик… – деб, синфдош дўстига сим қоқади.

— Жўра, мен боролмайман, ҳозир машинам ҳам йўқ, – деган Абдужаббор ака.

— Майли, жўра, ўзим бориб олиб келаман. Бугун қизимнинг туғилган куни, зўр ош бўлди. Бир оғиз ейсан-у, кейин сени олиб бориб қўяман. Ҳозир бориб олиб келаман, тайёрланиб тур, – деб акам йўлга чиқади.

Сузилган ошни қозонга қайтариб солдирган акам шошганича машинасини миниб кўчага чиқиб кетади.

Ёмғир ёғаётган бўлган ўша пайт.

Абдужаббор аканинг уйига бориладиган жойда салгина бурилиш бор. Шу ерга етганда олдидан машина чиқиб қоладими, билмадим, у ёғи менга қоронғу…

 

17. 

Акам вафотидан кейин қандай қилиб бу ерда авария бўлиши мумкин деб ўша жойга- қайта бориб ўйлаб, қийналиб, йиғлаб хаёллар сурганман: йўл бу ёққа бурилади, лекин акам у ёққа – жарликка кириб кетган.

Чуқурга қулагандан сўнг акам машина сигналини босиб одамларни ёрдамга чақиради. У руль билан ўриндиқнинг орасига қисилиб қолган. Одамлар ёрдамга боришади:

— Ия, ўзимизнинг духтир-ку! – дейишиб, акамни амаллаб машинадан чиқариб олишади. Дарҳол касалхонага олиб боришган. Акамга ҳеч нарса бўлмаган, ҳеч қаери оғримаган, синмаган.

Мен ҳам Тошкентдан эртаси куниёқ йўлга чиқдим. Район раҳбарлари ҳамроҳлигида акам ётган палатага кириб бордик.

Ҳеч эсимдан чиқмайди:

— Ичишнинг оқибати қандай бўлар экан? Ичмасангиз туролмайсизми?! – деб акамни ўша ерда ҳам “чақиб” олганман.

Бир-икки кун акамдан хабар олиб Китобда юрдим. Врачлар: “Ҳаммаси яхши бўлади, тез орада тузалиб кетади”, — дейишди.

Акамнинг аҳволи ёмон эмас, у ҳатто реанимация бўлимига ҳам ўтказилмаган, оддий палатада ётган эди.

— Агар иложи бўлса Тошкентдан бир-иккита малакали врачларни олиб келиш керак, – деди район раҳбарлари.

Демак, маҳаллий врачлар ўшанда ҳам аниқ бир диагноз қўйиша олмаган экан.

Мен Тошкентга қайтадиган пайтимда яна Абдураҳмон Ашуров билан касалхонага бордик. Шунда акам нима учундир бир умрга хайрлашаётгандек қўлининг кафти билан кафтимни маҳкам қисди-да:

— Тезроқ келгин, – деди нима учундир чуқур хурсиниб.

— Бўпти, ака, – дедим бамайлихотир. – Ҳаммаси яхши бўлади…

Район раҳбарлари ҳамроҳлигида, виқор билан палатадан чиқиб кетдим…

 

18. 

Ўшанда акамни охирги маротаба кўраётганимни, у менинг қўлларимни сиқиб: “Тезроқ кел!” деб хайрлашаётганида ростдан ҳам акамнинг ҳаёти хавф остида эканини, худо ҳаққи, сезмаганман.

Унинг мен Тошкентдан келгунимча ўлиб қолиши мумкинлигини икки дунёда ҳам хаёлимга келтирмаганман.

Агар билганимда, врачлар менга рўй рост: “Биз ожизмиз, акангизнинг аҳволи оғир” — деб айтганларида мен махсус вертолёт чақиртириб бўлса ҳам, акамни Тошкентга олиб келган бўлардим.

Бунга имконим ҳам, қурбим ҳам, ҳаддим ҳам етарди ўша пайтларда. Ҳатто Президент билан бевосита сўзлаша оладиган қудратим ҳам бор эди.

Акамнинг ўша хайрлашаётгандаги маҳзун ҳолати кўз олдимдан, мана неча йилки, нари кетмайди.

У пайтларда осмонда юрган боламан: “Акам ичган, ичгани учун жазосини оляпти!” — деб бамайлихотир Тошкентга қайтганман…

Тошкентга келгач, акамнинг аҳволи оғирлигини ўйлаганим ҳам йўқ.

Ишларимни битириб, бир-икки кундан кейин бораман деб ўйладим.

Эртаси куни Зулайхо опам телефон қилиб йиғлади: — Аҳволи тобора оғирлашаяпти, нега келмаяпсан? – деди.

Президентнинг кадрлар билан ишлаш бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовнинг маслаҳати билан Тошкент Шаҳар Соғлиқни Сақлаш Бошқармаси Бошлиғи Қулаҳмад Ризаевга мурожаат қилдим…

 

19. 

Ҳолбуки, мен ўша пайтларда давлат раҳбарига жуда яқин эдим.

Ҳатто, юқорида айтганимдек, Президент билан бевосита сўзлаша оладиган қудратим ҳам бор эди.

Ялиниб-ёлвориб, Крайнов ёки Зелемхон ака орқалими,  Мавлон ака орқали ва ё ўзим бевосита Ислом Абдуғаниевичга айтсам ҳам бўларди.

Арзимаган “Москвич”имни ўғирлашганда тортинмай, олтинчи қаватга  чиққан мен нодон, жигарбандим, акажонимга келганда тортиндим.

Акамнинг аҳволи ҳалокатли эмас деб Президентни безовта қилишдан уялдим, андиша қилдим.

Эҳ, хом сут эмган нодон! Амал керак бўлганда, атиги “Бош муҳаррир вазифасини бажарувчи” бўлганингга ҳам сабринг чидамай, Ислом акадан уялмай нетмай “Бош муҳаррирлик”ни сўраб олгандинг-ку!

Нега ўшанда ор қилишни, андишани ўйламадинг, номард?! Энди акангга қолганда, унинг ҳаёти хавф остида турганда инсофли ва андишали бўлиб қолдингми, муттаҳам?!

Мана, орадан неча ўн йиллар ўтса ҳамки, хорижда ва муҳожирликда ҳам ана шу аламли ва ситамли саволлар менга ҳануз тинчлик бермайди, юракларимни ўртаб келади…

ras4

Мени кечир, акажон!

Сени ўлмайди деб, бамайлихотир ҳузурингга йўл олган ва ногаҳон дийдорингга етай деганда ўлганингни эшитиб, бошларини тошларга урган худбин ва нотавон укангни кечир, акажон!

 

20. 

Хуллас, Қулаҳмад Ризаевнинг ишхонасига бордим.

Мавлон ака ҳам телефон қилган, шекилли, дарҳол иккита профессорни топди ва кабинетидан Китоб райони раҳбари Абдураҳмон Ашуровга телефон қилди.

Аввал Ашуров билан, сўнг район касалхонаси бошлиғи Толиб Зокиров билан гаплашди. Бош врач нимадир деди шекилли, булар шошиб қолишди.

Қисқаси, кечки соат олтиларда биз икки машинада Тошкентдан йўлга чиқдик:

Редакциянинг “13-58 ТНВ” рақамли “ГАЗ 31” хизмат машинасида учта профессор билан мен, орқамизда эса 1-ҳукумат стационарига тааллуқли бўлган яп-янги “Реонимобиль” тез тиббий машинаси билан Китобга жўнадик.

Медицинада “отёк” деган ибора бўлар экан. Улар шунақа дейишди, лекин мен яхши тушунмадим. Буйракми, жигарми, ишламай қолар экан – сийдик йўллари ёпилиб қоларкан. Кўп сув ичаверар экан-у, аммо уни чиқариб юбора олмаскан.

Бу “отёк”нинг бошланиши экан. Акамнинг ички аъзолари эзилиб кетганини кейин билдик. Улар рентгент қилишмаганми, хуллас, қаери жиддий жароҳатланганини дастлаб билишмаган, шекилли…

 

21. 

Тошкентдан Китобгача бўлган 364 километр масофани тўрт соатларда босиб ўтиш мумкин.

Биз соат олтиларда йўлга чиқиб, соат ўнларда Самарқанд билан Китобни боғлаб турувчи Тахтақарача довонига чиқдик.

Тахминан шу пайтларда акамнинг жони узилган экан.

Биз Китобга тунги ўн ярим, ўн бирларда кириб бордик. Тўғри район касалхонасига бориб, акамни сўрадим:

Акангиз кетди… – деб жавоб беришди мужмалроқ қилиб.

— Эй, худо, акам соғайиб кетдими? – дедим талмовсираб.

Улар бирданига тўғрисини айтишга ҳадиксирашибди.

Йўқ, акангиз бўлмади… Уни олиб кетишди… – дейишди…

Мен турган жойимда деворга суяниб қолдим. Бир лаҳзада одамнинг эс-ҳуши бошидан учиб кетар экан. Кўзимга ҳеч нарса кўринмайди, ҳеч нарсани идрок этолмайман. Оёқларим ўзимга бўйсунмай, эсим оғиб, ерга чўкка тушиб ўтириб қолдим…

 

22. 

Касалхонадан акамнинг уйигача ўн минутлик йўл.

Келсам, кўчада беш-олтита безовта одамлар, ҳамма ерга қарайди.

Уйга кирсам, ҳеч кўз олдимдан кетмайди, акам тўрда узунасига ётқизиб қўйилган. Гўё ширин уйқуга кетган-у, ҳали замон уйғониб қоладигандек хотиржам ва беозор ётарди.

Отам эса акамнинг олдида чордана қурганча, муштумига бошини тираб дард ва алам билан хаёлга чўмган. Мен отамнинг кўзларида ҳеч қачон бунчалар мунг ва чексиз алам муҳрланиб қолганини кўрмаган эдим.

Онам, опа-сингилларим, янгам ва Гулнозлар фарёд қилишар, лекин отам миқ этиб садо чиқармасди…

 

23. 

“Оҳ, акажоним!” деган аччиқ бир нидо кўксимдан отилиб чиқди-ю, дод солиб акамнинг устига ўзимни ташладим.  Юзларидан телбаларча ўпарканман, унинг ўлганига ишонмас эдим.

Акамни қучоқлаб ўпганимда оғзидан таралаётган йиринг ҳиди димоғимга гуп этиб урилди. Демак, қаттиқ зарбдан ичи йиринглаб кетган экан, шўрликнинг “отёк” дегани ҳам, назаримда, “йиринглаш”, “оқиб кетиш” деган маъноларни англатса керак.

Жуда ғалати, жуда даҳшатли эди бу ҳолат!

Биз билан борган профессорлар ҳам ташқарида қолиб кетишди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб қолган, ҳеч ким уларни бу ёққа киринглар демаган.

Яхшиям, онамнинг укалари – Эргаш тоғам уларни уйларига олиб бориб, дам олдирибди, эртаси куни эрталаб улар фотиҳага кириб, сўнг Тошкентга жўнаб кетишибди.

Биров уларни кузатиб ҳам қўймабди. Дурустроқ меҳмон ҳам қилишолмабди. Ўша врачларнинг олдида мен ҳанузга қадар хижолатдаман. Ҳеч бўлмаса, кузатиб ҳам қўймабмиз. Реонимобиль кеча тундаёқ Тошкентга қайтган, улар эса  фотиҳа учун Китобда қолишган эди.

 Бундай ногаҳоний фожеа рўй берганида инсон ўзини йўқотиб, одамгарчиликни ҳам унутиб қўяркан. Улар бизни тўғри тушунар деган умиддаман.

Шундай қилиб, кутилмаганда акамдан ажралиб қолдик…

Ўзбекистонда июнь ойининг ҳар иккинчи якшанбаси “Медицина ходимлари куни” сифатида байрам қилинар экан. Бу галги байрам 20 июнга тўғри келган. Лекин Китоб районида ўша йилги байрам бекор қилиниб, мотам куни деб эълон қилинган;

“Яқинда Неъмат Хушев ўлди, энди бизга байрам татимайди!” — деб байрамни бекор қилишган.

Акамни жойига қўйдик. Кўнгил сўраб кўплар келди. Энди бу гаплар ҳаммага маълум. Акамни қабристонга бутун район кузатиб қўйди десам муболаға бўлмас…

 

24. 

Йиллар ўтиб, ўзимга ўзим қайта ва қайта: “Нега ўшанда мен Ўзбекистон раҳбарига мурожаат қилмадим?” деб жуда кўп бор савол бердим. Аниқ билардимки, агар мен ўз пайтида ёрдам сўраганимда акамни сақлаб қолардим.

Аварияга учраган куниёқ ҳаммани оёққа турғизишим керак эди. Лекин мен аҳмоқлик қилдим, бепарволик қилдим.  Акамнинг кутилмаганда ўлиб қолишини хаёлимга ҳам келтирмадим.  Бошқалар ҳам менга аҳволи оғир деб айтишмади.

Ҳатто мен Китобга келиб кетган пайтда ҳам врачлар акамнинг аҳволи ниҳоятда ёмонлигини билишмаган. Районларда шунақа. Ҳатто рентген қилишмаган, номардлар…

Район врачларининг, касалхона  раҳбарининг малакасизлиги оқибати бу.  Кўриниши яхши, куч бор, қувват бор, демак ҳаммаси жойида  деб ўйлашган. Инсон танасининг ичини текшширадиган малакали одамлар бўлмаган.

Мана, бу воқеаларга ҳам анча йиллар бўлиб кетди. Ҳамма нарсани тарозига солиб кўриб айтиш мумкинки, агар ўшанда малакали медицина хизмати кўрсатилганда акам ўлмас эди.

Ҳеч бўлмаганда, Қулаҳмад Ризаев тавсия қилган профессорларни икки кун аввал Китобга олиб борганимда ҳам улар акамни бир илож қилишиб Тошкентга келтиришар экан.

ras5Мен шунчалик бўлишини билмаганман. Мана, энди пушаймон қилиб ўтирибман.

Хўш, бу билан нима демоқчиман?

Мен шу китобни ўқиган одамлардан агар шундай кун бошларига тушса, қариндош-уруғлари тўсатдан касал бўлиб қолса, умуман бепарво бўлмасликларини илтимос қилмоқчиман. Қўлингиздан келганча ҳаракат қилинг, барча имкониятларингиздан максимал даражада фойдаланиш лозимлигини унутманг!

Акс ҳолда, эрта-индин ўша имкониятларингизнинг ҳеч кимга кераги бўлмай қолиши мумкин экан.

Ҳар сафар акамни эсласам ана шу армонлар мени қийнайди. Йиғлайман, пушаймон қиламан. Лекин акам энди қайтиб келмайди…

 

 25.

Акам вафоти билан боғлиқ яна бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди.

Илҳом Сиддиқов билан Алиқул Эрданаев деган ўртоқларим акам вафоти муносабати билан Китобга таъзияга келишди. Акамни жойига қўйганимизга бирор ҳафталар бўлган эди.

Илҳом Сиддиқов асли шахрисабзлик бўлиб, жуда содда ва самимий йигит эди. Тошкент Трактор заводида Бош директор ўринбосари бўлиб ишларди.

Алиқул Эрдонаев аввал халқ хўжалиги (нархоз) институтида кафедра мудири бўлган, кейинчалик Марказий Банк раҳбарларидан бири бўлиб кўтарилиб кетган эди.

Ана шу ўртоқларим бошқалар қатори акам вафоти муносабати билан Китобга келиб уч тўрт кун таъзияда менинг ёнимда бўлишган эди.

Акам район қон қўйиш бўлимининг бошлиғи эди. Вафотидан бирор ҳафталар ўтиб, мендан акамнинг кабинетини йиғиштириб беришни илтимос қилишди.

Сейфида, стол тортмаларида, шкаф ва тумбочкаларда акамнинг анчагина нарсалари, шахсий буюмлари қолиб кетган экан…

Икки ўртоғим ҳамроҳлигида оғир ва азобли туйғулар билан кечагина тирик юрган, бугун энди бу фоний дунёни мангуга тарк этган жигаргўшам кабинетини ўзининг калити билан очиб ичкарига кирарканман, хонадаги сирли бир сукунат юракни эзар даражада қийноқли эди.

Акам қўли теккан жиҳозларга боқиш, стол устида турган болалари билан жилмайиб тушган суратини кўриш мен учун қанчалар азобли ва изтиробли эканини билсангиз эди.

Ана шундай оғир ва залворли ғам-алам билан акамнинг стулига ўтирдим.

Столнинг устида календарь бор эди, унда менинг Тошкентдаги уй ва иш телефонларим ёзилган экан.

Сейфни очдик. Ҳар хил медицина буюмлари қаторида турган ён дафтарчасига кўзим тушди. Уни варақлаб, бир пайтлар мендан кўчириб олган шеърларни кўрдим…

Ўшанда менга энг таъсир қилган нарса шу бўлдики, акамнинг сейфида “Халқ сўзи” газетаси ҳам бор эди. Бу Жаҳонгир Маматовнинг менга бағишланган “Тўппонча”га жавоб” номли мақоласи босилган сони эди.

Маматовнинг жавобидаги мени ҳақорат қилган жойларини акам қизил қалам билан доирага олиб қўйган экан. Қайта-қайта ўқиган, кўз ёшлари томган, шекилли, ҳарфлар ёйилиб, сийқаланиб қолган…

Жаҳонгирнинг жавоби менга жуда қаттиқ зарба бўлганди. Кейин билсам, ўша жавоб раҳматли акамга ҳам жуда қаттиқ таъсир қилган экан…

 

26. 

Раҳматли акам ҳақидаги яна бир хотира — Соғлиқни сақлаш вазири Саиджалол Баҳромов билан боғлиқ.

Отам “оденома” касалига чалинганида, операция қилиш учун Тошкентга олиб келган эдик.

Ўшанда Саиджалол Баҳромов Соғлиқни сақлаш вазири эди. Мен у киши билан жуда қадрдон эдим. Умуман, Саиджалол Баҳромов ўз соҳасини чуқур биладиган, оғир-босиқ, мулоҳазали, камтарин раҳбар эди.

Ҳозир у киши Тошкентдаги Қон қуйиш институти мулозимларидан бири.

Биз отамни 16 шаҳар клиник касалхонасига ётқиздик. Операциядан кейин маълум муддат беморнинг ёнида доимо битта одам кўз-қулоқ бўлиб туриши керак экан. Лекин акамни отам билан битта палатада қолишига рухсат беришмади, мумкин эмас, дейишди.

Шунда мен Вазирнинг ҳузурига кириб, ундан илтимос қилдим:

— Акам врач, районда қон қўйиш бўлимининг бошлиғи. Унга отамнинг олдида қолишига рухсат беринг, – дедим. – Акам қабулхонангизда ўтирибди…

— Врач бўлса, озиб-ёзиб Соғлиқни сақлаш вазирининг ҳузурига келган одам бизларни ҳам бир кўриб кетсин, – деди-да, Саиджалол Баҳромов ўзи қабулхонасига чиқиб акамни кабинетига бошлаб кирди:

-Ие, Сиз қон қўйиш бўлимининг бошлиғи бўлсангиз, мен Қон қуйиш институтида кафедра мудириман-ку! – дедилар. – Шундай ажойиб укангиз бор, бу йигит Ўзбекистонимизнинг фахри! Бундан кейин ҳузуримга эмин-эркин кириб келаверинг! Районда нима гаплар? Бизга қандай илтимослар бор?

Шунда акам вазирнинг бу мулозаматидан ниҳоятда таъсирланиб, жуда хурсанд бўлган эди. Кейин Баҳромов касалхона раҳбарларига телефон қилиб, бизнинг муаммони ҳал этиб берган эди.

ras2

Суратда: Неъмат акам — иккинчи қаторда, ўнгдан иккинчи…

Отамнинг операцияси муваффақиятли бўлди. Акам отамнинг ёнида икки ҳафтагача оқ халат кийиб, жон фидо қилди, парвона бўлди. Кейинчалик отам онамга: «Шу Неъматимни ҳеч ортиқча уриша олмайман, Касалхонада менга кўрсатган меҳрибончилиги койигани, уришгани  қўймайди мени» — деб бир неча маротаба айтган эканлар…

Сўнгра акам Китобга қайтиб борганидан кейин: “Вазир тилло одам экан, мен билан қучоқлашиб кўришди”, деб узоқ вақт одамларга мақтаниб гапириб юрди.

Орадан анча вақт ўтгач, Саиджалол Баҳромов ишдан бўшатилади.

Янгамнинг айтишига қараганда, вазирни ишдан бўшатиш тўғрисидаги Фармонни эшитганидан сўнг акам ичиб олиб роса хафа бўлган. Ҳатто айвондаги деразаларни қўли билан уриб синдирган экан:

— Эндигина одамгарчиликни биладиган инсон вазир бўлганда шуни ҳам худо бизга кўп кўрди, – деб бўзлаган экан содда акам…

Содда акам мамлакатда содир бўлган бу ижтимоий адолатсизликка — ўзича, ана шундай қишлоқча усул билан муносабат билдирган экан…

Акам бир марта яхшилик қилган одамни ҳеч қачон эсидан чиқармасди…

 

27. 

Хуллас, акамнинг кабинетини йиғиштирдик.

Кабинетга кираверишдаги эшик пештоқига илинган: “Қон қўйиш бўлими бошлиғи Неъмат Хушев” деган ойначали ёзувни ҳозиргача сақлаб юраман.

Ўшанда акамнинг сейфида отамнинг  урушда тушган суъратларини ҳам кўрган эдим…

Одамга ўз туғишган акасининг кабинетини унинг вафотидан кейин йиғиштириш ниҳоятда оғир бўлар экан. Ҳар бир ручкаси, ён дафтарчаси ёки бошқа бирор буюмини ушласангиз, гўё қўлингизни чаён чақиб олаётгандек бўларди.

Бир пайтлар жигарингизга тегишли бўлган бу жиҳозлар энди эгасини ҳеч қачон қайтиб кўролмаслигини англаш, ҳис этиш ниҳоятда оғир ва азобли эди.

Бундай азоб ва изтиробни ҳеч кимнинг бошига солмасин экан. Бу жуда ҳам даҳшат! Жуда ҳам азоб!

Эҳтимол, баъзи кишилар буни ўқиётиб ҳайрон бўлар: нима бўпти, кабинетни йиғиштирдинг-да, кетдинг, деб ўйлаши мумкин.

Йўқ, жигарингиз ўлимидан кейин бориб, унинг энди ҳеч қачон қайтиб бу эшикдан ичкарига кирмайдиган ишхонасини йиғиштириш қанчалик оғир ва ситамли эканини мен ўшанда англадим.

Жуда оғир экан бунга кўникиш, икки-уч кунгача мазам қочиб, қийналиб юрдим.

Акам ҳақидаги ана шу аламли ва армонли хотираларни эсларканман: «Одамлар, тириклигингизда бир бирингизнинг қадрига етинг!» — деб бор овозим билан ҳайқиргим келади…

 

28. 

Биласиз, акам ўлганидан кейин онам уч ойгача отамга гап қўшмаган, гаплашмаган.

Акам вафотига атаб отам ўғлининг қабртошига тўрт қатор шеър ёзган:

“Фарзанд доғи азал ҳукми, сабр қил,
Жума оқшомлари хатми-сағир қил.
Тўрт набира Неъматимдан нишона,
Оллоҳнинг хоҳиши, минг бор шукр қил…”

Отам шунақа шеър битган.

Акамдан тўртта фарзанд қолган: уч ўғил, бир қиз. Бугун улар ўсиб-улғайишди, уйли жойли бўлишди.

Янгам бошқа турмуш қилмади…

 

29. 

Дарвоқе, янгам ҳақида.

Акам вафот этганида янгам — 38 ёшли дилбар келинчак эди.

Уч ўғил ва бир қиз билан бева қолган янгамга мен кейинчалик: «Бошқа турмуш қилинг» деб бир неча бор айтганман. Лекин янгам унамаган. Ҳар гал шу гапни айтсам, мени бағрига босиб, аччиқ кўз ёш тўкиб, ўксиб ўксиб йиғларди…

Орадан йиллар ўтди.

Ўзбекистонда эканимда янгамга, унинг болаларига қўлимдан келгунча қарашиб турдим.

Катта ўғли Нодиржон ҳуқуқшуносликни битириб, шу соҳада талабаларга дарс беряпти, илмий иш қилиш орзусида. Мен ҳали Тошкентдалик чоғимда ўзим бош-қош бўлиб, уни уйлантирдик. Кейин Собир уйланди. Гулноз турмушга чиқди.   

Хуллас, раҳматли акамнинг икки ўғлини бирин кетин уйлантирдик. Қизини узатдик. Фақат кенжаси – Сарварни уйлантиришга навбат келганда  мен Ўзбекистонда эмас – ишдан урилиб, хориж эллар сари юз тутган эдим…

Янгам гўзал аёл эди. У бошқа турмуш қуришга ҳақли эди. Лекин бизда ўзбекчилик деган бир гап бор. Аёллар ёлғиз қолса ҳам, доим ўзини эмас, болаларини ўйларкан. Биз одатда бошқа турмуш қурмай, бола чақа деб, ўз умрини хазон қилган аёлларни кўрганда ё эшитганда «Шундай бўлиши керак!» деб парво қилмаймиз. Ҳолбуки, улар ҳам дунёга бир маротаба келишларини, янги турмуш қуриб, бошқалардек бахтли ва фаровон ҳаёт кечириши лозимлигини ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Абдулла Ориповнинг «Аёл» деган машҳур шеъри бор. Ўн тўққиз ёшида эридан бева қолган дилбар келинчакнинг аччиқ ва аламли тақдири мисолида шоир садоқат ва вафо тимсоли бўлган бева келинчани юксак пардалар мадҳ этади,  унинг узоқ тунларни бедор ўтказишини  кўкларга кўтариб, мақтайди.

Шеърни ўқиркансиз, ўн тўққиз ёшида бева қолганига қарамай эрининг ёди билан яшаган келинчакка чексиз ҳамду санолар, ҳаргиз тасаннолар ўқигингиз келади. Лекин бошқа томондан олиб қараганда, бу дилбар келинчакнинг ҳам бир мартагина бериладиган бу ҳаётда ўз тенгини топиб, бахтли саодатли яшашга ҳаққи борлиги ҳақида ўйлашни негадир унутиб қўямиз.

Мен ҳар гал янгамни эслаганимда ана шу буюк тимсол ёдимга тушади. Абдулла ака билан ҳар учрашганимда шуни сўрайман дейман-у, лекин негадир  истиҳола қиламан.

У кишининг нур каби ойдин, тоза ва мунаввар туйғуларини ранжитиб қўйишдан қўрқаман…

Янгам қатьий инкор этса-да, мен хаёлан унга муносиб ёр ҳам ахтарганман. Баъзан топгандай ҳам бўлганман.  Лекин унинг кўнглида тош қотган  буюк муҳаббати ўзгармас эканини сезиб, ўзимнинг ёшлик ва бебошлик тасаввурларим хусусида ортиқ сўз очишга журъат этмаганман.

Лекин шу аёл бу дунёдан яримта ва ўксик, ҳижронли  дил билан кетмаслигини, кўнглида муҳаббат чаманлари яна бир бор қулф уришини, соҳибжамол чеҳраси яна бир маротаба ишқ васлидан гулгун ёнишини, ўзига ярашган, жим-жимадор ва ғунча лабларида яна кулгу ва табассум қўнишини жуда жуда истардим.

Гарчи марҳум акам ўз жигарим бўлса-да, лекин мен нур каби тоза ва гўзал янгамнинг шу бевафо дунёдан ғам ва алам билан ўтишини сира сира истамасдим. Ўз бахтини топишини чин дилдан орзу қилганман.

Лекин янгам: «Бу ҳақда ортиқ гапирманг, Исматжон!» — деб, бўйнимга осилиб, ўксиб ўксиб йиғлаганида,   унинг дардли ва  армонли кўз ёшидан кўп нарсаларни тушунгандек бўлгандим.

Балким янгам ҳақдир. Унинг қалбида нималар кечаётганини балки мен билмасман. Буюк муҳаббатга бўлган садоқат ва вафо рамзи балки уни у дунёда ҳам бахтиёр қилажакдир…

 

30. 

Неъмат акамнинг юқоридаги суратда эслаган — Бахтиёр Абдуллаев деган бир ўртоғи бор.

У киши рентгенолог бўлиб ишлайди. Мен ҳозир ҳам Китобга бориб қолсам, албатта Бахтиёр акага учрашиб қайтаман. Врач, зиёли инсон, ижодкор. Адабиётга, тарихга ихлоси баланд. Қадимги дунё тарихи бўйича унча-бунча одамларга дарс ҳам бериб қўйиши мумкин.

Унинг яна бир ғаройиб хусусияти шундай иборатки, Ўзбекистонда Хайриддин Султонов ижодини Бахтиёр Абдуллаевдек мукаммал биладиган одам бўлмаса керак. У киши Хайриддин акани идеал инсон, идеал ижодкор деб ҳисоблайди. Унинг асарларини ёддан билади. Ўзи умрида Хайриддин Султоновни кўрмаган, уни танимайди ҳам. Хайриддин аканинг ўзи ҳам Китобда шундай врач мухлиси борлигини эҳтимол билмас.

Лекин Бахтиёр ака Хайриддин Султоновнинг қаерда, қандай оилада туғилганини, қандай асарлар ёзганини беш қўлдай билади. Ҳатто айрим асарларининг бутун-бутун саҳифаларини ёддан ўқиб берганида мен китобга қараб ўтириб қойил қолганман. Шеърни ёдлаш мумкин, лекин насрий асарни ёдлаш учун, билмадим, ё фавқулодда истеъдод соҳиби бўлиш лозим, ёки ашаддий мухлис.

Ҳабибулла Қодирийнинг хотираларида ёзилишича, ўттизинчи йилларда Қошғардан Абдулла Қодирийни битта мухлиси йўқлаб келади. Хориждан келган мухлис “Ўткан кунлар” романини ёддан билар экан.

Ўз мухлисининг қувваи-ҳофизасига, чин муҳаббатига қойил қолган Абдулла Қодирий мухлисига зарбоф чопон кийдириб, муборакбод этган эканлар.

Эҳтимол, ўша воқеа сабаб бўлиб, республикамиз раҳбари Файзулла Хўжаев “Ўткан кунлар” романин араб имлосида қайтадан нашр этиб, Шарқий Туркистонга жўнатиш тўғрисида кўрсатма беради.

Кейинчалик – масъул ходим Қурбон Берегин номига шапалоқдек қоғозга ёзилган бу кўрсатма Абдулла Қодирийнинг айбномасига “ашёвий далил” сифатида тиркаб қўйилади (“Қатлнома” китобида Набижон Боқий ўша “записка” матнини келтиради).

Яъни, Қодирий бобомиз чет эллик “жосус” билан ҳамкорлик қилган, Фазулла Хўжаев “миллатчиларга ҳомийлик қилган” деб айбнома тўқийдилар, шоввозлар!

 

31. 

Бахтиёр Абдуллаевнинг яна бир фазилати – у тарихни яхши билади. Ислом дини тарихини ҳам.

Мен бир гуруҳ ўзбекистонлик бош муҳаррирлар (Аъло Хўжаев, Акмал Акромов) билан бирга расмий сафар билан Исроил давлатига бориб, Қуддуси – шарифни зиёрат қилган эдим. Қайтиб келганидан сўнг сафар таассуротларимни қоғозга тушириб, матбуотга эълон қилдим.

Хотираларимни Бахтиёр ака ҳам ўқиган экан. Бир куни менга Китобдан телефон қилиб қолди:

— Исматжон, жуда нотўғри ёзибсиз. Аслида, ундай эмас. Қуддуси-шарифда қайси динлар пайдо бўлганини мендан сўрамайсизми? Ўша динларнинг ичида қандай оқимлар, масҳаблар бўлганини Сизга айтиб берардим-ку! – дейди Бахтиёр ака.

Мен у кишининг далилларини эшитиб ниҳоятда мулзам бўлган эдим…

Бахтиёр Абдуллаев тарих ва адабиётнинг зукко билимдони. Бундан ташқари, ўн йиллардан бўён шахмат бўйича Қашқадарё чемпионатида мутассил биринчи ўринни эгаллаб келади. Жуда кучли шахматчи.

Худо раҳмат қилгур отам билан ҳам то тонггача дона суриб, шохмот ўйнаб чиққанларини ҳанузгача эслаб юраман.

Бахтиёр ака Умар Ҳайём ва Ҳувайдо шеърларини ёд билади. Ўзи ҳам шеърлар ёзади.

Яқинда Китобга борганимда яна учрашдик. Акамни хотирлаб шеър ёзибди, ўқиб берди:

Неъмат Хушев хотирасига…

Ёмғир узоқ ёғди, ёмғир мўл ёғди,
Сенинг йўлларингни пойлади.
Ёзнинг шундай қоқ ўртасида,
Сени мангуликка чорлади…

Шодон давраларга сукунат чўкди,
Ҳатто кулгулар ҳам бўлдилар абас.
Тош қотган кўзлар ҳам бугун ёш тўкди,
Ўксик бўғизларга тиқилди нафас.

Замин айланади, айланар ҳамон
Яхши-ю, ёмонлар билан талашиб.
Сени унутамиз бир кун бегумон,
Ҳаёт ташвишлари ичра адашиб.

Сўнгра давраларда шодлик ҳукмрон,
Давралар серҳашам, давралардир тўқ.
Фақат юракларни эзар бир армон,
Энди давраларда Неъмат Хушев йўқ…

Акам ўртоғини олиб келаман деб сузилган ошни қазонга қайтариб солиб, уйдан чиқиб кетганида, ёмғир ёғаётган эди…

Шеърни тинглаб узоқ йиғладим.

Бир оиланинг қисқача тарихи мана шулардан иборат.

 

исмат хушев қулман очил билан

 Суратда: Исмат Хушев «Оила ва Жамият» газетаси Бош муҳаррири Қулман Очил билан

 

 СЎНГ СЎЗ ЎРНИДА

Акам вафотига бағишланган бу боб ёзилганига ҳам анча йиллар бўлиб қолган эди.

Бугун, 2014 йилнинг 20- сентябрь куни, шанба. 

Мен мазкур бобни бугун оқшом “Дунё ўзбеклари” саҳифасига қўйиш учун қайта таҳрир ва ёзилган матнларни қайта талқин этарканман, Ўзбекистондан ўн минглаб километр олисдаги Канаданинг дилтанг ва рутубатли, ёмғир ва изғиринли куз оқшомида ҳам армонли ва пушаймонли кўз ёшларимни тия олмадим.

Одамлар ака ё опаси, ота ё онасининг қадрини нега фақат уларни йўқотгандагина англаб етаркан деган ситамли бир ўй, аччиқ бир алам — неча ўн йилдирки, менга ҳануз тинчлик бермай келади…

Акажон, жигарим, мен дунёда не-не ёввойи хаёл ва орзулар сурган бўлсам сургандирман. Лекин ҳеч қачон сизга марсия ёзаман деб ўйламаган эдим. Сиз қисқа умрингизни, энди чуқур ўйлаб қарасам, инсоний жиҳатдан олий даражада ўтаган экансиз.

Бир телба ўлим Сизни олиб кетди деб баъзан биз — жигарларингиз бағри хун бўламиз. Бироқ, Сиз бир луқма ҳалол ошингизни дўстингиз билан баҳам кўриш учун гўё шу ўлимга дуч келгандайсиз. Лекин аслида бу ўлим фидойиликка ҳайкал эмасми, дўстикка бағишланган умр эмасми?  Мана шуларни ўйлаганда мен яна бир бор Сизнинг танти ва жўмард қалбингизга тан бераман.

Бу дунёда ўлмайдиган ким бор, ака? Лекин Сизнинг фидойилингиз, ҳаётингиз, дўстларга садоқатингиз, қариндош жигарларга чексиз муҳаббатингиз, меҳрингиз – менинг юрагимда чуқур из қолдирганини бугун Ватанимдан олис ва муҳлжир юртларда яна бир бор ҳис этиб турибман. Алвидо, акажоним!

Сизнинг бу дунёдаги армонларингиз – бу менинг армонларим! Бу армонларни ушатиш учун мен бутун умримни бағишлашга тайёрман. Сизнинг ўрнингизни мукаммал билдирмай туришим ҳам аслида мумкин эмас. Афсус, бунинг уддасидан баъзан чиқаман, баъзан чиқолмайман, лекин юрагимдаги бу орзуларимдан ҳеч қачон қайта чекинмайман!

Фарзандларингиз — Нодир, Собир, Гулноз ва  Сарварлардан хавотир олманг. Улар бугун жамиятда ўз ўринларини топиб, уйли-жойли бўлиб кетишди.

Албатта, янгам олдин янгам эди, бугун бу муқаддас аёл — оиламизнинг суюкли онахонадир.  Биз бир давра бўлиб тўпланишимиз ҳозирча қийин. Туғилган кунларингизда Сизни хотирлаш ва қабрингизга гуллар қўйиш имконидан, афсуски, маҳрумман.  Буни Сизнинг безовта руҳингиз ҳам сезиб турган бўлса, ажаб  эмас,  акажон!  

Биз яна олдингидай бир оила, бир давра бўлиб яшайдиган кунларимиз ҳам узоқ эмас.  Ўшанда, эҳтимол, Сизнинг хотирангизни бошқачароқ нишонлармиз. Ҳозир эса бунга имкон йўқ…

Лекин бугунчалик менинг ҳам кўксимда армонлар бисёр. Яқинда ҳаммаси жойига тушади. Яхши кунлар узоқ эмас. Ватандан илиқ шабадалар эсмоқда… 

 

Исмат Хушев,

20 сентябрь, 2014 йил,

Торонто шаҳри, Канада.

 

FullSizeRender

 

Суратда: Исмат Хушев ота-онаси, оиласи ва фарзандлари билан…

 

«Дунё ўзбеклари» учун махсус

Один комментарий к “Исмат ХУШЕВ: АКАМНИНГ АРМОНЛИ ЎЛИМИ (2-22)”

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *