• Сб. Мар 15th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Анвар Обиджон: “Фильмларимизда тил йўқ, шева ҳам…”

Май 24, 2012

Ҳа, таърифлашганича бор экан. Эртакчи амаки унвонига жудаям муносиб. Катталар учун “Ўзбекистон халқ шоири”, ҳақиқий китобхони — болажонлар учун Эртакчи амаки. Қордай оппоқ сочлари, аллалайдиган овози, киноя, қочиримга тўла тагдор гаплари беиҳтиёр шундай ҳулоса қилишга ундайди.

«Вақтдан ютасиз, аммо…»

— Ҳа, олдингига нисбатан китобхонлар сони камроқ, сезилиб турибди. Камлигининг сабаби — компьютерлар! Компьютер китобхоннинг диққатини ўғирлади. Агар интернетдан асарлар ўқиётган бўлса, бошқа гап. Лекин, афсуски, кўпчилиги ўйинлар, бир-бирига хат ёзишдан нарига ўтмайди. Аслида, электрон кутубхона жуда зўр нарса. Зўрлиги — хоҳланг физика, математика, адабиёт, рассомчиликми, дейлик, киношунослик, тилшунослик ёки оддий дурадгорликка қизиқасизми, ҳаммасини топса бўлади. Ҳозир ўзбекча вариантларни ҳам чиқаришаяпти. Уларнинг афзаллиги — тезкорлигида. Ўзингиз хоҳлаган пайтда хоҳлаган нарсани топасиз. Электрон кутубхонада вақтдан ютасиз. Шу томонлари одамни ўзига маҳлиё қилади. Лекин, интернет билан кифояланмай, керакли соҳада чиққан китобларни қидириб топиб, уйга олиб келиб, ўқиб, жавонга қўйиб қўйган яхши. Негаки, интернетдан ўқиганингизда умумий тушунча пайдо бўлади, деталлари ёдда қолмайди. Пайти келганда, ўша деталлари керак бўлса, жавондаги китобни олиб, кўрсангиз бўлади.

«Бу хазина 50 ёшларимда қўлимга тушмайдими?»

— Китобхонларни кўпайтириш мақсадида китобнинг орқасига электрон вариантини дискга тушириб, сотувга чиқарилса яхши бўларди. Бадиий китобларнинг адади жуда мақтайдиган даражада эмас. Шунинг учун ўша электрон варианти кўчириб мактаб ва коллежларга берилса зўр-ку! Чунки тобора мактабларда компьютерлар кўпайиб боряпти. Лекин кутубхоналарда китоб ҳам бўлиши керак.

Бир йил бурун ўзим ҳам компьютер олдим. Ҳали кўп нарсасини билмайман, аммо у бутунлай бошқача ҳазина эканлигини тушундим. Афсус қилдим-ки, ҳеч бўлмаса, 50 ёшларимда қўлимга тушмайдими, шу хазина. Бор асарларим, ёзган нарсаларимни шунга кўчириб бораяпман. Қарасангиз, папкаларим тахланиб ётибди, энди буларнинг қай бирида нима борлигини ўзим ҳам билмайман.

Беихтиёр кўз олдингизга чанг босган қўлёзмаларни келтирасиз. Балки орасида 1974 йилда ёзилган “Ҳазил” шеъри ҳам бордир?

Навоийга ўхшаш-чун

Патдан қалам ёндирдим.

Чопон кийдим сал узун,

Бошга салла қўндирдим.

Сотиб олдим бир жуфт шам,

Вазирбоп пар ёстиқча…

Энди фақат талант кам

Ва… хотин ҳам ортиқча.

Инкор этолмайсиз, халқ шоири ёзган асарларининг аксарияти жуда қувноқ. Ҳаётий юмор ва фалсафага бой.

Шу ёзганларимизни биздан кейин биров ахтариб, тартибга солиши жуда қийин масала бўлса керак. Ҳозир қўлимдан келганича, энг зарурини, мутахассислар тан олиб, ўқиса бўлади, деганларини компьютерга солиб қўйяпман. Агар ҳар бир мактабда шунақа хазина бўлса, аъло бўларди. Айрим оилаларда эмас, ёппасига ҳамма оилаларда компьютер турса, яна қайтариб айтаман, жуда катта хазина. Лекин, барибир, компьютер ва айниқса, интернетдан мақсадли фойдаланиш лозим. Акс ҳолда, тамоман бошқа нарсага чалғиш мумкин. Китобнинг ўрнини эса ҳеч нима босолмайди ва ҳамма нарсанинг ўз ўрни, маданияти бор.

Эртаклар ким учун?

— Кейинги пайтда эртак китоблар анча кўпайди. Бу яхши. Ўзимам болалигимда эртакларни яхши кўрардим. Аммо эртак китобларни чиқарадиганлар орасида яхши бир мутахассис бўлиши керак. Эртакларнинг кичкинтойларга мос бўлгани, мактаб ёшидагиларга ва ўсмирлар учун тўғри келадигани бор. Лекин эртакларимизнинг жуда катта қисми аслида катталарга мўлжалланган. Мутахассис бўлмаган бунинг фарқига боришмайди. Ҳозирда кўп нашрлар “болалар учун”, дея расмлари билан чиқаришяпти. Лекин, аслида, улар катталар учун. Бунинг фарқига бориш учун бош муҳаррирдан тортиб, оддий муҳарриру рассомгача болалар ижодиётида иқтисослашган мутахассис бўлиши лозим..

“Фильмларимизда тил йўқ, шева ҳам…”

— “Тилсимой” ҳам, “Мешполвон” кинолари ҳам ёзилган асарларим асосида суратга олинган. Сценарийсига шерик бўлинг, дейишди. Аммо кино жараёни фақат сценарийчи, режиссёр ёки бошқасига боғлиқ эмас экан. У катта жамоанинг ютуғи ёки мағлубияти бўларкан. Кино яратилаётганда, режиссёрдан то рассомигача шундай ишлаши керак-ки, кино ниҳоятда миллий чиқиши даркор. Тилини болалигидан тўғри тарбияласа, катта бўлганида бузилмайди. Ҳозирги миллий фильмларимиз ва телесериалларимизда тил деган нарсанинг ўзи йўқ. Буни шева ҳам деб бўлмайди, ҳаттоки шевадан ҳам паст. Буни “ғалча тил”, деб атаса бўлади. Шу даражага тушиб кетгани мени афсуслантиради. Буни тузатиш учун овоз берилаётган пайтда битта яхши, саводли муҳаррирнинг ўтириши кифоя. Масалан, “Мешполвон”нинг овоз бериш жараёнида қатнашдим, баъзи ерларини ўзгартирдим. Аммо битта қисмида иштирок этолмагандим, ана шу битта қисмида сўз, талаффуз ўзгариб қолган. Бошқача талаффуз қилинган сўз фильмда кетдими, тамом, эртага ўқувчиларимиз ўшанақа тилда гапиради. Мен мана шунга куюнаман. Ўзимизнинг ўзбек телесериалларимиздан кўра корейс, турк, хитой сериалларига овоз берадиган актёрлар сабабли қаҳрамонлар ўзбек тилида тоза гапиради. Қаранг! Негаки, у ерда эскидан пишиб етилган профессионал актёрлар овоз беради. Корейс сериалида ҳеч бир қаҳрамон “ман”, демайди. Ўзимизникида эса актёрларнинг “манмансираши” бор. Қай бир ўзбек фильмида битта қаҳрамон “ман кетвомман”, дейди, иккинчиси “мен кетяпман”… Энди бу дубляж режиссёрининг хатоси. Дубляж режиссёри сўзга, матннинг адабий томонига худди саводли муҳаррир каби жавобгар.

«Юрагининг таги қоронғу…»

— Қайси соҳанинг одами бўлмайлик, юртнинг ва халқнинг манфаати юрагимизнинг тўрида туриши керак. Инсон “Шу қилаётган ишим тўғримикан?”, деган саволни ўзига бериб туриши керак. Буни янаям соддалаштириб гапирадиган бўлсам, инсон ўзига “Мана шу ердан маош оляпман, шу ер орқали кун кўряпман, ҳалолми, боламга берсам бўладими?”, деб ўйлаши керак. Агар унда шу жамиятга фойдаси тегаётганидан фаҳрланиш туйғуси жўш урмаса ҳам, “Шу ишим билан бола-чақамни боқсам бўладими, эртага шу туфайли бошимни қийинчиликлар эзиб қўймайдими?”, деб ўйласа, юртда ҳам, оилада ҳам ҳамма иш тўғри кетаверади. Мен ҳаётда кўпини кўрганман. Шундай яхши яшашади, жудаям гумбирлаб яшашади, лекин турмушида лаззат йўқ. Чунки у ерда ҳалол нон йўқ. Ҳамма нарса тўкилиб, сочилиб ётибди, айтгани-айтган, дегани-деган, аммо халовати йўқ! Юрагининг таги қоронғу. Ҳар бир одам ёруғ юрак билан ишлашини истардим.

«Муаммо — асарларнинг кам ададда чиқиши!»

— Ёзаяпман. Катталар учун китоблар чиқардим, болаларга достон ёздим. “Наврўз ва Бойчечак” қиссам чиқди, ҳикоялар… Сўнгги асарларим лотинчада ёзилгани учун ота-оналарнинг кўзига тушмаган бўлиши мумкин. Ва, жуда кичкина ададда бўлгани учун ҳам ҳар бир хонадонга кириб бормаганлиги табиий. Дейлик, Эркин Воҳидов сўнгги вақт ичида 5-6та китоб чиқарганини биламан. Аммо Фарғона томонларга борсам, “Нега Эркин ака ижод қилмай қўйди?”, дейишади. Ваҳоланки, Эркин Воҳидов газета ва журналларда ҳам чоп этилаяпти. Энг катта муаммо, асарларнинг жуда кам ададда чиқиши. Нашриётларни ҳам тушунса бўлади. Бозор иқтисодиёти даврида сотилиш, сотилмаслиги маълум бўлмаган асарларни кам сонда чиқаришади. Сотилса, яна чиқаришади. Ўқувчи ғафлатда қолиб кетмаслиги учун ўша оммавий “сариқ матбуот” олди-қочди, шов-шув ўрнига ўзимизнинг ёзувчи шоирларимиз асарларини чоп этиши мумкин-ку. Адабиётда, санъатда, илму-фан, спортдаги янгиликларни ёзиб, сал кўтаринкилик сўзларини айтиб, ўқувчига етказса, яхши бўларди. Негаки, бу соҳа — жуда нодир соҳа. Миллатнинг миллатлигини белгилайди, эҳтиёжини қондиради, ғурурини оширади.

Ярим асрлик ижодий кенгликка шоирлик, носирлик, драматургликни сиғдира олган бу инсон ўз устозлари Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад каби истеъдодлар сафини тўлдирди. Хоҳ 23 йиллик тарихга эга “Игнабарг шеърларини” ўқинг, хоҳ сўнгги ўн йилликда чоп этилган асарларига назар солинг, ижодкор Анвар Обиджоннинг қалбини ҳис этасиз, ўйга толасиз, мулоҳаза қилишга ошиқасиз. Аслида, ижод қилишдан мақсад ҳам шу.

ШАХСИЙ МАЪЛУМОТНОМА

Туғилган санаси: 25 январ 1947 йил.

Туғилган жойи: Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани, Полосон қишлоғи.

Маълумоти: Олий, Миллий Университет (собиқ Тошкент Давлат Университети), журналистика факультетини тамомлаган.

Ижодий фаолияти: 1971 йилда туман газетасида журналистик фалиятини бошлади, 1 981 йилдан Тошкентдаги “Чўлпон” нашриёти, “Ёш куч”, “Муштум” журналлари, Ўзтелерадиокомпания тармоғида ишлаган.

Республика ва вилоят театрларида “Қўнғироқли ёлғончи”, “Паҳлавоннинг ўғирланиши”, «Топсанг, ҳай-ҳай”, “Қоринботир”, “Тўтиқул”, “Наврўз ва Бойчечак” пьесалари саҳналаштирилган.

“Ўзбекфилм” киностудияси унинг асарлари асосида “Тилсимой – ғаройиб қизалоқ”, “Даҳшатли Мешполвон” комедияларини суратга олган.

1997 йилда “Шуҳрат” медали,

1998 йилда Ўзбекистон халқ шоири унвонига сазовор бўлган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *