Исмат ХУШЕВ: ЎЗБЕКИСТОНДА НОН НАРХИ ЯНА ОШДИ
Журналист шарҳи
1.
Ўзбекистон ҳукумати ҳар қанақа оби ҳаво шаротига қарамай, ҳар йили “фидойилик кўрсатиб” давлатга етти миллиондан ошириб ғалла топширдик деб Президентга ва халқимизга рапорт беради.
Лекин негадир ҳанузга қадар Ўзбекистон четдан, хусусан, қўшни Қозоғистондан миллион тонналаб ун сотиб олишни канда қилмайди. Собиқ совет давридаги бир халтаси 12 сўм бўлган ун бугунги кунга келиб, 120 минг сўмга чиқди.
Ҳолбуки, Ўзбекистон ҳукумати инфляция даражасини ноль атрофида ушлаб турибмиз деб ишонтиришга уринади.
Аслида, республика аҳолиси эҳтиёжи учун уч ярим, тўрт миллион тонна ғалла бўлса, кифоя эди…
2.
Бунга ҳам Бош вазирнинг жавоби аллақачон тайёр: “Ғалланинг ортиб қолган қисми, яъни пландан ташқарисини фермер хўжалигининг ўзида қолдирамиз…”
Бу шубҳали гап. Ғалланинг мажбурият (план) дан ортиб қолган қисми аслида фермер хўжалигида қолдирилиши керак. Лекин бизда бундай қилинмайди. Чунки йўқ ўша қолдирилиши керак бўлган ғалла. Приписка бор, холос.
Йил яхши келганидагина бир қисм ғалла қолдириляпти. Лекин бу етарли эмас. Бироқ йил – қурғоқчилик билан бошланиб, ғалла учун оғир келганида — бечора фермернинг усти бошигача ечиб олиняпти.
Коррупция учун бундай қулай ва даромадли манба механизмини яратиб олган ўзбек ҳукумати хоҳласа давлатга ҳар йили ўн миллион тонна олий навли ғалла топширдик деб айтиши ҳам мумкин.
Токи бу ёлғончи ва талончи ҳукумат бор экан, биз тилга олаётган ғаллачиликдаги бу кўзбўямачилик ва қаллобликдан ҳеч ким воқиф бўлолмайди…
3.
Кундан кунга “фаровонлашиб” бораётган Ўзбекистонимизда Олий раҳбариятдагилар: “Мустақиллик даврида одамларнинг умри – ўн фойиз, турмуш даражаси – юз фойизга ошди, лаънати ўлим эса – эллик фойизга камайди” деб мақтанишни хуш кўрадилар.
Бу фойизлардан охир оқибат халқимизнинг тоқати тоқ, асаби чатоқ бўлди.
Реал ҳолат эса шуки – давлатга гўё миллион миллион тонналаб ғаллаб топшириб, хирмон уяётган Ўзбекистон ҳар йили ноннинг нархини 10-15 фойиздан ошириб келади…
4.
“Дунё ўзбеклари”дан эслатма:
Ҳатто қаҳатчилик бошланган улуғ ватан уруши йилларида ҳам озиқ овқат маҳсулотларининг танқислигига қарамай Сталиннинг махсус Фармони билан нон нархи ўзгартирилмаган эди.
Карточка системаси ташкил этилган эди, холос. Ҳар йили жамики товарлар нархи пасайтирилгани каби – инсон учун энг зарур ва керакли бўлган озиқ овқат маҳсулотлари ҳам мунтазам равишда нархи арзонлаштирилиб борилар эди…
5.
Афсуски жаннатмакон Ўзбекистон — жамики озиқ овқат маҳсулотлари тизгинини қўлдан чиқаргани каби, қашшоқ ва ҳимояга муҳтож аҳоли учун асосий “қўлтиқтаёқ” бўлган биринчи ва яшаш учун ўта зарур бўлган озиқ овқат маҳсулотларини, жумладан ноннинг нархини ҳар йили мунтазам суратда ошириб келади.
Шўрлик ўзбек халқи эса ҳар нон ошганида бир мартадан юрак ўйноғи бўлиши одат тусига айланиб қолди.
Агар тўқсонинчи йиллар бошидаги бир буханка нон — совет даврида 16 тийин бўлган бўлса, бугун 650 сўм бўлди.
Мирзиёев ҳукумати ўн йиллик ҳукмронлик даврида бунга салмоқли ҳисса қўшди.
Совет даврида уч, тўрт, беш тийин бўлган трамвай, троллейбус, метро мустақиллик йилларида, пул бирлиги минг марта қисқарганини ҳисобга олсак, бугун уч миллион, тўрт миллион, беш миллион бўлган мамлакатда инсоннинг асосий ризқи бўлган ноннинг нархи шунча ошганига ажабланмаса ҳам бўлади…
Исмат Хушев,
Торонто шаҳри, Канада.
30 сентябрь, 2014 йил.