«Картошка зўр экин экан, емай ва экмай юрганимизга пушаймон бўлаяпман», «Помидорни қандай нарса экан деб ҳайрон бўлардик, немислар шундай яхши нарсани экишни ўргатишди», «Немисларнинг сигири зўр экан»…
ХIХ асрнинг охири ва ХХ асрнинг бошларида Хоразмда худди шундай суҳбатларни эшитиш мумкин эди. Чунки, Хоразмда 54 йил давомида немислар яшашган.
Немисларнинг Хоразмга кўчиб келиши
1883-1937 йиллар давомида Хоразмда энг гавжум ва савдо қизғин бўладиган бозор Хивадан15 кмжанубий-шарқдаги Оқмачит қишлоғида жойлашганди. Ушбу қишлоқдаги бозор Хоразмга кўчиб келган меннонит немислари томонидан барпо қилинганди. Аввало немисларнинг қай тариқаерларга кўчиб келиб қолгани ҳақида тўхталсак.
Маълумки, христиан динининг аннабаптизм мазҳабидан ХVIасрда ажралиб чиққан немислар меннонит немислари деб аталган. Унинг маъноси итоатгўйлик дегани бўлиб, улар диний эътиқодларига кўра, қурол ушлаб урушларда қатнашишни, оғир гуноҳ саналган. Айниқса, XIXасрнинг иккинчи ярмида Пруссия ҳукуматининг урушга тайёргарлик пайтида меннонитларни ҳам ҳарбий хизматга жалб қилиши, уларнинг ватанлари — Мариенбургни ташлаб кетишига мажбур қилди. Шундан кейин XIXасрнинг 60 йилларида меннонитлар Россиянинг Волгабўйи ҳудудларига келиб немис қишлоқларини ташкил қилишади. Аммо бу ердаги осойишталик ҳам салкам йигирма йил давом қилди. Негаки, Россиянинг Ўрта Осиёни босиб олиши ва 1880 йилдан барча диндаги эркакларни ҳарбий хизматга олиш тўғрисидаги император фармони боис, меннонитлар Россиядан ҳам кўчиб кетмоқчи бўлишади. Бироқ, Туркистондаги чор ҳукумати генераллари, асли немис зотига мансуб аслзодалар — генерал губернатор фон Кауфман Самарқанд ва Тўрткўлдаги горнизон бошлиқлари Дреш ҳамда Гроттенҳелмлар Хива хони Феруз билан музокара олиб бориб, меннонитларнинг 1883 йилда Хоразмга келишига сабабчи бўлишади.
Меннонитлар нега Оқмачитдан ҳайдалди?
Шу тариқа менонит немислари Оқмачит қишлоғида яшай бошлайдилар. Тез орада бу ерда европача уйлар, черков, мактаб, пиво, вино заводи ва энг асосийси немис бозори барпо бўлади. Немислар Хоразмда илк бор картошка ва помидор экиб ва уни бозорларда сотишни йўлга қўйишади. Бундан ташқари қизил тусли немис зотдор сигирларини кўпайтириб, сутини сотиш ва қайта ишлаб ёғ, қаймоқ ва пишлоққа тайёрлаш билан ҳам шуғулланганлар.
Қўрғон билан ўралган ушбу немис шаҳарчасида театр саҳнаси, кутубхона, рақс майдони ёнида қатор савдо дўконлари ва ҳафтада бир кун энг қизғин савдо бўладиган бозор бор эди. Бу бозорнинг бошқа бозорлардан фарқи далоллар, олибсотарлар бўлмаслиги, шовқин- суронсиз тинч ва осойишта эканлигида эди. Энг асосийси эса бу бозорда чўнтаккесар ўғрилар йўқ эди.
Бозорда немис деҳқонлари ўзлари етиштирган полиз ва сабзавот экинларини, ҳунармандлар ясаган европача услубдаги эшик-дераза, стол, стул ва турли мебелларни сотишган.
1883 йилда кўчиб келган 40 оиладан иборат немислар сони, архив манбаларига кўра, 1910 йили 137 нафар кишини ташкил этарди.
1934 йилга оид маълумотга кўра эса, «Оқмачит қишлоғидаги 52 хонадондан иборат немислар қўлида 112 нафар сигир, 43 дона от, 42 бош буқа, 5 дона эшак сақланган. Сутни қайта ишлаш учун немисларда 12 та сепарат бўлган».
Табиийки, ушбу зотдор чорва молларини немислар фақат ўз бозорларида эмас, Хива, Урганч, Тошҳовуз ва Хазорасп бозорларидаям сотишган. Шу тариқа Хоразм бозорларига немислар етиштирган картошка, бодринг, бақлажон ва зотдор чорва моллари, стол, стул, турли мебеллар кириб келади.
Немислар томонидан хонлик даврида Хивадаги Нуриллабой саройининг эшик, дераза ва паркет поллари ҳам барпо этилган. Шунингдек, немис усталари Гурлан, Янги Урганч, Хива, Тошҳовуздаги пахта заводларига бориб станокларни ўрнатиш ва таъмирлаш билан ҳам шуғулланганлар.
1937 йилда меннонит немислари янги ташкил этила бошланган колхозларга киришни истамаганликлари, болаларини шўро мактабларида ўқитмаганликлари туфайли, мажбурий равишда Оқмачитдан Қозоғистон ва Россиянинг Волгабўйи ҳудудларига кўчириб юборилади.
Аммо меннонит немисларининг яратган ҳунармандчилик буюмлари ва етиштиришни бошлаб берган деҳқончилик маҳсулотлари хоразмликлар ҳаётига уйғунлашиб кетди.
Умид Бекмуҳаммад
Херман Янгценнинг Швейцариянинг «Брунненг» нашриётида 1988 йилда немис тилида нашр этилган, «Туркистонда: мусулмонлар орасидаги ҳаёт» китоби асосида тайёрланди.