
Насрулло Саййид
Яқинда Uznews.net сайтида таниқли журналист Шоҳида Ёқубнинг “Сиëсат ва аëллар масаласи ҳақида” деган бир мақоласи чиқди. Унда “Ўзбек ҳукумат сиëсатчилари ва мухолифат сиëсатчиларининг аëлларга муносабати мени ҳар доим ҳайрон қолдиради. Аëллар ҳақида гап кетганда заиф жинс деб камситиб гапиришади” деган бир иддао бор.
Шоҳидахон бу гапларни қаердан олганига мен ҳайронман. Чунки мен ўзбек мухолифатчилари орасида аёлларимизга нисбатан бундай муносабат бўлаётганлигини сира кузатмадим.
Агар Ўзбекистондаги расмий ҳукуматнинг аёлларга нисбатан олиб бораётган сиёсатига ҳам чуқурроқ бир назар солсак, у ерда ҳам бундай ҳолат сира кузатилмайди. Аксинча, Ўзбекистондаги диктатура узоқ йиллардан бери аёлларни эмас, кўпроқ эркакларни дискриминация қилиб келаётганлигини кўрамиз.
Иқтидордаги Ўзбекистон ҳукумати расмийларининг доимий ва асоссий таъқиблари туфайли ҳозирги ўзбек эркаклари ўз юртларида ўзларини эркин ҳис қила олмайдиган ва оила юкини тортиш учун бемалол ишлаб пул топа олмайдиган даражага тушиб қолдилар. Натижа нима бўлди? Кўпчилик эркаклар иш ахтариб четга чиқиб кетишга ва ўша ердан туриб оила эҳтиёжлари учун маблағ жўнатиб туришга мажбур бўлдилар. Бу эса юртда қолган ўзбек аёлларига четдан келаётган пулларни оила эҳтиёжлари учун эркинроқ харажатлаш имкониятларини кўпайтирди.
Ҳозирги Ўзбекистонни “хотинлар мамлакати”, деб қўрқмасдан айтса бўлади. Чунки у ерда ҳозир бирор иш хотинларнинг аралашувисиз амалга ошмайди. Бугунги ўзбек аёллари ҳозир катта савдогар, катта бир фирманинг бошлиғи, қози, прокурор ва ҳатто фермердир. Бугун хоҳлаган бир мактабга боринг, ўқитувчиларнинг 90 фойизи аёллардир. Бугун айрим ўзбек аёллари ўз эркагини бурнидан тортиб юра бошлагани ёлғонми?
Бугун ўзбек театр ва концерт залларини фақат хотинларгина тўлдириб турибди. Бугун Ўзбекистондаги тўйларни ҳам, азаларни ҳам эрини Россия ёки бошқа бир мамлакатга пул ишлаб топгани жўнатган “мустақил” ўзбек аёлларининг ўзлари ўтказмоқдалар. Хуллас, бугун жуда кўплаб ўзбек оилаларида “командир” аёлларнинг ўзлари-ку. Қани бу ерда аёлларни “заиф жинс” деб камситилаётгани..?
Албатта ҳамма оилаларда ҳам аҳвол бир хил эмас, балки Шоҳидахон айтаётганидек аёллари эзилаётган оилалар ҳам оз эмасдир. Аммо умумий манзарада ўзбек аёлларининг бугунги “эркинлик даражаси” олдингидан минг марта юқори бўлса борки, оз эмас…
Шунинг учун ҳам бугун ўзбек жамиятида маънавият билан боғлиқ муаммолар юзага келмоқда, жамиятда эркакнинг ўрни жуда пастлашиб бормоқда…
Эркаги хор бўлган оилада ҳеч қачон бахт тўла тўкис бўлмаганидек, эркаги ўрнида бўлмаган мамлакатда ҳам бахтиёрлик бўлмайди. Шунинг учун биз бугун ўз оиласининг бошида туриб, ҳам оиласи ва ҳам юртига парвона бўладиган мард ва қўрқмас эркаклар кўпайиши учун кўпроқ бош қотирсак тўғри бўлар…
«Қоплонбек» сайтидан олинди.