
Исмат Хушев
Мавзуга қайтиб…
Тошкентдан келаётган хабарлар жуда ваҳимали.
Мен бугун уларнинг ҳаммасини бир ерга тўплаб, баъзи мушоҳадаларни «Дунё ўзбеклари» ўқувчилари билан ўртоқлашишга қарор қилдим.
Қўлга олинган шахрисабзлик йигит Ўзбекистонда мебелсозлик тижорати билан шуғулланувчи кўзга кўринган коммерсант эканлиги ва у Анвар аканинг жуда яқин дўстларидан бири бўлганини эшитиб, менда баъзи мулоҳазалар пайдо бўлди.
Назаримда, Анвар ака ҳам вазир бўлган даврида катта миқдордаги пул олди бердиси ва «откат» деган бемаъни гап сўзларга аралашган кўринади.
Ўзбекистондай каттакон бир мамлакатда маданият ва спорт ишлари билан шуғулланувчи вазир бўлган одамнинг иимкониятлари жуда катта бўлади.
Масалан, вазирлик тизимидаги барча қурилишларни маблағ билан таъминлаш, уларга пудратчи ажратиш каби муҳим масала шахсан вазирнинг розилиги билан амалга оширилади.
Ўзбекистонда қанчадан қанча кино ва театр биноларини қуриш ва таъмирлаш, уларни қимматбаҳо мебел жиҳозлари билан таъминлаш каби масалалар бевосита вазир тасарруфида.
Анвар ака билан унинг яқин дўсти, назаримда, мана шу масалада ҳамкорлик қилиб, кейин унинг «откат»ини бўлиш масаласида келиша олмай қолган бўлишлари мумкин.
Республикамизда бу каби қурилиш ва жиҳозлаш ишларига миллион миллион доллар сарф қилинишини ҳисобга олсак, унинг «откати» ҳам палон миллион пул бўлишини унутмаслигимиз керак.
Катта миқдордаги пулни собиқ вазирга бергандан кўра, уни жисмонан йўқ қилиб, бу муаммони тамомила кун тартибидан олиб ташлашни хаёл қилган бўлиши мумкин унинг курсдош дўсти…
Бу албатта менинг олис Канадада туриб хаёлимга келган фикрлар. Улар нечоғлик ҳақиқатга яқин ва ё узоқ — буни аниқлаш ва ойдинлаштириш терговчилар олдида турган асосий вазифадир.
Нима бўлганда ҳам кечагина ниҳоятда қудратли ва даромадли соҳага министр бўлган одамнинг фожеали ва сирли ўлими давлат раҳбарининг ҳам хаёлларини паришон қилгани табиий.
Фикримча, бу «жиноий иш» шахсан Президент назоратида бўлса керак ва биз яқин кунларда унинг асл сабабларидан хабадор бўламиз деган умиддаман…