
Алишер Навоий
Мен бу харобот дунёнинг ғампарвариман, мен харобликка шодман, шунинг учун ободман.
Ватаним қанотли қушлар (фаришталар) гулшани эди, отанинг (Одам Атонинг) гуноҳи билан осмондан ерга тушдим.
Менга олисдан-олис мусофирлик насиб бўлди, асл манзилим ҳаммаси ёдимдан кўтарилиб кетди.
Ҳайҳот, бу менинг қудсизод қушим (руҳим) бир-бирига зид бўлган тўрт унсур аралашмаси қафасида маҳбусдир.
Гарчи бу лаҳзада қафасга тушган қуш каби бир неча кун бадан зулматига одатланган бўлсамда.
Бу қафас сингач, руҳий қанотимни ёзиб, бу ғамхонадан чиқсам, асл ватанимга етаман.
Лекин бу муғлар дайри менга ватан экан, мен май жоми билан муғбачадан бошқага кўнгил қўймайман.
Харобот кўчасида маст бўлиб йиқилиб ётиш яхши, чунки фалакдан қандай зулм етса, билмайман.
Эй қотил, бўса бермасдан туриб, мендан жон талаб қиласан, бундай нуктани менга устодим ўргатмагандир.
Бу кўҳна дунёда негизим маҳкам эмас-ку, олам аҳлидан вафо бунёдини қандай кўз тутаман.
Зй Фоний, оҳингнинг қаттиқ шамоли пайдарпай эсиб турибди, бу дам-бадам чекилаётган оҳ мени барбод қилмаса, деб қўрқаман.