• Сб. Мар 15th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкент бозорларида мўл-кўлчилик ва арзончилик…

Май 27, 2012

Исмат Хушев

Ёки жилов Ислом аканинг қўлида экан…

Кейинги пайтларда Тошкент бозорларида мева чева маҳсулотлари, гўшт, нон ва тухумлар ниҳоятда арзонлашиб кетгани ҳақидаги Ўзбекистондан келаётган хушхабарларни текшириш мақсадида бугун 27 май куни «Дунё ўзбеклари»нинг Тошкентдаги махсус мухбирлари пойтахт бозорларига сафар қилдилар.

«Чилонзор» мавзесидаги «Фарҳод» бозори директори Шерзод аканинг айтишларича, бозорлардаги арзончиликка ҳукумат раиси Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат Президенти топшириғи асосида олиб бораётган кенг кўламли тадбирлари сабаб бўлмоқда.

Бугун «Фарҳод» бозорида 1 кило қўй гўшти 12 000 сўм, бир кило мол гўшти 11 000 сўм атрофида экан. Бу ҳол анчадан бўён шундайлигини биз билардик, лекин ишонмаган эдик.

Суратда: Тошкентнинг Чилонзор мавзесидаги «Фарҳод» бозори…

— Бизни асосан Китобнинг Макрид чўлидаги чорвадорлар гўшт билан таъминлайди. Гўштларимиз нархи ҳозир, Оллоҳга шукр, арзон ва мўътадил» дейди қувонч билан Шерзод ака.

Картошка 1000 сўм, янги пиёз 700 сўм (сараси 1000 сўм), Олтиариқ бодринги 500 сўм, помидор 2000 сўм, сабзи 800 — 1000 сўм атрофида.

Қулупнайнинг бир килоси (мураббо учун) — 2200 сўм, ейдигани — 30000 сўм.

Шакар магазинда 4000 сўм, бозорда 3200 сўм. Бир литр ёғ 2000 сўм. Давлатнинг бир буханка нони 500 сўм.

Сараланган «Аланга» гуручининг 3 килосини 10 000 сўмга олиш мумкин.

Кўкатлар эса — сув текин. Кашнич, кўк пиёз, чеснок, петрушка, швит, укроплардан иборат каттакон бир боғлам кўкат нархи — 1000 сўм.

«Фарҳод» бозори директори ўринбосари Улуғбекнинг айтишича, картошканинг арзон бўлишига сабаб Ўзбекистон Налог Қўмитаси раҳбари Ботир Парпиевнинг беминнат ёрдами бўлди.

Ҳар тонг саҳар бешдан бозорга келиб: «Қандай қилсак Шавкат Миромоновичнинг топшириқларини бажарамиз, маҳсулотларни арзонлаштирамиз?» деб ҳамманинг хаёлини паришон қилиб турувчи вазирга улар бир илтимос билан мурожаат қилишган.

Сурхондарёда бу йил картошка мўл бўлган. Лекин уни Тошкентга олиб келиш учун юк машиналари етишмаскан. Шунда пойтахт бозори раҳбарлари биргалашиб Ботир Парпиевга мурожаат қилишган: «Авто улов масаласида ёрдам беринг» деб.

Қудратли ва ишбилармон министр бунинг учун Бош вазир билан келишиб нафақат автомашиналар карвонини, балки бутун бир Тошкент темир йўл вокзали ихтиёридаги вагонлар депосини сафарбар қилган.

Натижада пойтахт бозорларидаги картошка ва бошқа маҳсулотлар нархи кескин арзонлашган…

«Фарҳод» бозоридаги айни ҳолатни пойтахтимизнинг бошқа бозорларига ҳам сафар қилган мухбирларимиз тасдиқлашди.

Нима бўлганда ҳам Ўзбекистондаги бу арзончилик ва тўкин сочинлик бизни қувонтирди. Демак, хориж матбуотида расмий Тошкент бозорларидаги нахр навонинг осмонга чиқиб кетгани ҳақидаги гап сўзлар миш-миш экан, холос.

Мақоламиз сўнгида бозорларга бориб қайтган мухбирларимиз хабарларини энг сўнгги ишончли манба — таниқли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаев ҳам тасдиқладилар:

— Исматжон! «Дунё ўзбеклари» орқали бутун дунёга маълум килингки, Президент Ислом Каримовнинг «Ўзбекистон келажаги буюк давлат!» деган сўзларининг амалдаги исботи бу. Чунки, давлат ва халқ фаровонлигининг асосий мезони — бозорлардаги арзончилик ва тўкинчилик билан қиёсланади.

Ўзбекистонда муаммолар бор. Биз улардан кўз юмолмаймиз. Лекин давлатни идора қилишдаги энг муҳим нарса — бу халқ фаровонлиги, бозорлардаги арзонлик ва тўкин сочинлик!

Шунинг учун «Ўзбекистонда яқинда инқилоб қиламиз!» деб юрган хориждаги хаёлпараст дўстларингизга, Ўзбекистон Халқ ҳаракатидаги оғайниларингизга айтиб қўйинг: Ўзбекистонда ҳамма нарса жойида. Бу ерда ҳеч қачон улар айтган нарса бўлмайди!

Один комментарий к “Тошкент бозорларида мўл-кўлчилик ва арзончилик…”
  1. Агар бу малумот уртача маошнинг микдори ва долларнинг/евронинг давлатдаги/кора бозордаги нархлари билан бирга доимий равишда нашр этиб борилса максадга мувофик булар эди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *