• Сб. Мар 15th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Канада овчилар мамлакати…

Май 28, 2012

Канада мамлакати фақат гўзал табиати билан эмас ва жуда ранг-баранг ҳайвонот дунёси билан ҳам машҳурдир. Бу ўлкада ов қилишга рухсат қилинган жонзотлар шу даражада серобки, ҳатто айрим ҳайвон турларини овлаб камайтирилмаса, муаммо туғдирадиганга ўхшаб ҳам кўринади…

Канада ўрмонларида яшайдиган буғу ва кийиклар, айиқ ва бўрилар, турли-туман қушлар нақадар сероблигидан ҳатто уларнинг ўрмонларга яқин айрим шаҳарлар кўчаларида бемалол санғиб юрганларини ҳам кузатиш мумкин. Кўчада машина уриб кетган кийик ёки буғуни кўриш бу мамлакатда одатий бир ҳол. Қуёнларни- ку қўяверинг, бу ерда уларга ҳеч кимнинг иши ҳам йўқ…

Канада сон-саноқсиз кўллар мамлакати, расмий маълумотларга кўра бу мамлакатда бир миллионга яқин кўл бор. Кўллар айниқса Квебек провинцияси ва мамлакатнинг шимолида жуда сероб. Ўтган йилнинг охирида Канаданинг шимолий қутбга яқин провинцияларида бўлганимда, у ерда катта-кичик кўллар нақадар кўплигини кўриб оғзим очилди…

Канадада бир миллион кўлга яраша ов қилинадиган турли-туман қушлар ва балиқлар ҳам бор. Биргина Канада казаркаси (Branta Canadensis) деган ғозлар май ойининг охирида жанубий мамлакатлардан бу ерларга учиб келади ва мамлакатдаги барча кўллар ва улар атрофидаги қамишзорларни тўлдириб ташлайди. Кеча осмонда уларнинг жануб томонлардан учиб келаётган бир нечта галасини кузатдим. Фақат учганда ўзига хос ёқимли бир овоз чиқарадиган бундай қушлар тепангдан учиб ўтганида уларни илғамасликни сира иложи йўқ.

Канадада ҳозир барча жонзотлар кўпаядиган, болалайдиган давр. Сентябр ойидан бошлаб эса бутун Канадани билмадиму, аммо биз яшайдиган Алберта провинциясида ов қилишга расман рухсат этилади. Ов мавсуми то феврал ойларигача давом этади. Бу мамлакатда овга қизиқадиган одамлар сони шу қадар кўпки, биргина Британия Колумбияси провинциясининг ўзида 150 минг овчи бор экан.

Уч йилдан бери мен ҳам Едмонтондаги овчилар клубининг аъзосиман. Бу клубга аъзо бўлиш ва ов қилишга рухсат олиш унчалик мураккаб иш эмас. Ов қуроллари ҳам ҳамма ерда, махсус дўконларда эркин сотилади, фақат давлатнинг тегишли идорасидан рухсатнома олинса бас.

Биз ҳар йили асосан кийик ва ҳар турли ёввойи қушлар (ғоз, ўрдак ва каклик)дан овлаймиз. Ўтган йили уч ошна бўлиб тўрт кийик ва бир мунча ёввойи паррандалардан овлаб келдик. Овга чиқишдан олдин отиладиган ҳайвон турига қараб махсус рухсатнома сотиб оламиз. Масалан битта кийик отиш учун 30-40 доллар атрофида пул тўланади холос, 20 доллар тўласангиз бир мавсумда хоҳлаганча ёввойи парранда ва қуён отишингиз мумкин. Овдан тушган ўлжани эса албатта ҳамюртларимиз билан баҳам кўрамиз…

Суратда: Канадада ов қилинадиган Branta Canadensis ғозлари галаси.

Қоплонбек

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *