Ор қиласизми, “Озодлик” жарчилари
Дунё ўзбекларида чоп этилган бир сурат хусусида
Виктор Хайдуровнинг дафн маросимидан олинган ва не не машаққатлар билан “Дунё ўзбеклари” саҳифасида пайдо бўлган суратлардан бири кутилмаганда “Озодлик” саҳифаларида чарақлаб кўриниб қолди.
Во, ажаб, Тошкендан “Дунё ўзбеклари” учун махсус юборилган сурат қандай қилиб “Озодлик”да пайдо бўлиб қолди экан?
Наҳотки, суратнинг саҳифадан саҳифага кўчиб юрадиган қаноти бўлса?
Ажабланишга ҳожат йўқ, бунинг сирли жойи ҳам йўқ. Бир сўз билан айтганда – “Озодлик” редакциясининг чаққон ва уддабурон ишбилармонлари ҳозирги замон техникасидан маҳорат билан фойдаланиб, “Дунё ўзбеклари” чорбоғига ўғирликка тушганлар. Бизда эълон қилинган суратни ҳеч иккиланмай, орқа олдиларига қарамай “Озодлик” саҳифаларида — ўзларининг қўлбола маҳсулоти сифатида бозорга қўйиб, миллион миллион шанавандаларига “олинг олинг” – “кўринг кўринг” деб жар солиб турибдилар.
Шуни таъкидлаш лозимки, “Дунё ўзбеклари” бундан ҳеч нарса йўқотгани йўқ. Поездимиз издан ҳам чиққани йўқ. Бироқ, “Озодлик”дай мўътабар ва юксак парвозли ахборот гиганти “озгинагина” ижодкорлик – муаллифлик ҳуқуқига суистеъмол қилганликлари ажабланарли ҳолдир.
Ҳа, ҳа “озгинагина…”
Бир латифа ёдга тушади: Дўхтирга келган сулув қизнинг кўнглини ранжитмаслик учун унга ташҳис қўйишган экан: “Ҳаммаси жойида-ю, фақат озгинагина… иккиқатсиз”, — деб…
Ўша латифадаги каби қонуннинг бузилишида ҳам катта кичиги, озу, кўпи бўлмайди.
“Озодлик” ҳам бу борада матбуотнинг халқаро қонунлари ва муаллифлик ҳуқуқларидан четлаб, “озгинагина” ножўя қадам қадам ташлаган — “хиёнат” кўчасига кирган.
Ёки янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, “Дунё ўзбеклари” каби ўз ҳамкасбига хиёнат қилган… .
Бу дунёда бировнинг чаманига кириб, гул териш жуда осон. Лекин худо кўрсатмасин, қўлга тушганда, узр айтиш ҳам катта маданият ҳисобланади.
Ёки бунга “Озодлик” жарчилари ор қилишадими?
“Озодлик” шуъбасининг ўзбек бўлими таҳририяти, кейинги йилларда, Алишер Сиддиқ раҳбарлигида, шубҳасиз, бир мунча муваффақиятларга эришди. Лекин каттами кичикми — бир қийшик ва ножўя қадам — улкан ва катта ишларга ҳам соя солиши мумкин.
Бутун дунё халқаро қонунларида ҳам, муаллифлик ҳуқуқларини сақлаш актларида ҳам – ахборот олишда бир биридан кўчириб босиш ман этилмаган. Лекин унинг кичкина бир шарти бор: Қайси манбадан олинганлиги кўрсатилса, олам гулистон.
Биз “Озодлик”дай мўътабар ва юксак минбарнинг бағрида доимо “олам гулистон” бўлишини истаймиз.
“Озодлик”ка чаман чаман гул-лолалар тутиб,
Ҳурмат эҳтиром билан,
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири
13 ноябрь, 2014 йил,
Торонто шаҳри, Канада.