• Сб. Мар 15th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Замонавий ўзбек адабиёти прозасининг ёрқин юлдузларидан бири Абдулқосим Мамарасулов: «Барлос қишлоғининг зумрад тонглари» қиссаси.

Май 30, 2012

Абдулқосим МАМАРАСУЛОВ

БАРЛОС ҚИШЛОҒИНИНГ ЗУМРАД ТОНГЛАРИ

УМИД УЧҚУНИ

Бунга ҳам беш-олти йилча бўлди. Ўша пайтлар Ғафур Ғулом номли Адабиёт санъат нашриётида бош муҳаррир муовини эдим. Кунларнинг бирида эшик очилдию,қорачадан келган, озғингина йигит ичкари кирди, кейин у мендан: «Сиз Одил акамисиз?» деб сўради. «Ҳа» дедим. «Мен ҳикоялар опкелувдим».

Иш бошимиздан ошиб ётган эди. Рости, бир оз энсам қотди. «Қолдиринг, бирорта муҳаррирга бераман, кўради. Фикрларини айтади сизга» дедим. Унинг кўзлари жовдиради. Ҳикояларимни сизга ўқитаман деган ниятда узоқдан йўл босиб келгандим.

Жиллақурса, биронтасини варақлаб чиқмайсизми, а?» — Шу илтижо боис, қўлёзмалари билан батафсил танишиш ниятида эмас албатта, бирон ҳикоясига кўз югуртиб чиқа қолай, деган ўйда қўлидаги жилдни олдим, очдим: «Сомончилар» — биринчи ҳикоянинг номи. Унга кўз югурта бошладиму… қандай ниҳоясига етганимни ҳам сезмай қолдим.

Ҳикоя қишлоқнинг эл қатори яшаётган оддий бир йигити ҳақида эди. Яъни: куз, барлосликлар ҳам ғимирлаб қолишган. Қош қорайгандан кейин кўпчилиги совхоз ғаллазорига уриб кетишади. Сабаби – тирикчилик, сомон ўғирлашади. Ҳикоя қаҳрамони – манглай тери билан обрў топган, анавиларга қўшилишни истамайди. Севикли хотини, нима, ҳаммага ҳалол сомон сизга ноҳалолми, бизниям мол-ҳолимиз бор-ку, қаҳратон қишда ҳали бир сиқим сомонга зор бўламиз, деб уни қистовга олади. Бундай ўйлаб қараса, хотинининг гапидаям жон бор. Ҳамма ташиб ётибдию, биров бир нарса деяётгани йўқ! Хуллас, қаҳрамонимиз сомон ўғирлашга чиқади ва… бир неча кундан бери сомон ташиётган ҳамқишлоқлари бир четда қолиб, у қўлга тушади…
Нозик юморга йўғрилган бу асар қаҳрамонга катта муҳаббат билан ёзилган эди. «Сомончилар»дан сўнг бош кўтармай бирин-кетин қолган ҳикояларни ҳам ўқиб чиқдим. Уларда оддий қишлоқ кишиларининг ҳаёти ўйноқи оҳангларда, тиниқ ва бағоят самимий ифода этилган эди. Ўша ёш ёзувчи ким экан ўзи, деб сўрарсиз. У – Абулқосим Мамарасулов…
Эҳтимол, эшитмаган қулоққа ғалати туюлар, лекин рости: ўша кунгача гарчи ўнлаб ёшларнинг қўлёзмаларини ўқиган бўлсам-да, ҳали бирон марта бу қадар ҳаётий, қаҳрамонлари тирик, воқеалари таъсирчан ҳикояларни учратмаган эдим. Бугун Абулқосим Мамарасуловнинг янги ҳикоялари билан танишгач, ўша галдагидек, беихтиёр яна Василий Шукшинни эсладим. У оддий рус кишилари: ҳаром –ҳаришдан йироқ, пок, ҳалол кимсалар, уддабурро ва қилвирлар билан тўқнашиб, ёниб-куйиб юрадиган «чудак»лар, яъни ғалати одамлар ҳақида дурдоналар яратди. Шукшин асарларига хос бўлган айрим жиҳатлар Абулқосим Мамарасулов ҳикояларида ҳам кўзга ташланади, у барлослик «чудак»ларнинг жонли қиёфаларини чизади, табиийки, бу ўзига хос истеъдоддан далолатдир.
Абулқосим Мамарасулов қаҳрамонлари ғалати: содда-муғамбир,анқов-айёр бу кимсаларнинг ҳатти-ҳаракатлари одатийликка сиғишмайди. Мана, «Севишганлар» ҳикоясидаги Сайдан, у ғаройиб йигит, Норхолга соядай эргашиб юради, мақсади – қиз севадими, йўқми, шуни билиш. Беихтиёр кулгинг қистайди: чудак. Унинг анойинамо қилиқларида қалбининг беғуборлиги кўзгудагидай кўриниб туради. Сайдан оғзидаги ошини олдириб қўядиганлардан ҳам эмас. Бир сўз билан айтганда у ёш замондошимиз. Ўзи зўр йигит-да. Қадди-қомати келишган… Норхол уни севадими? Ўзи ҳам билмайдиююю Унинг сўроғига бир нима демайди. Чунки мактабни битириб, ўқишга бормоқчи. Институтга кириб ўқийдиган бўлгач, севмаслиги керак-да. Йўқса, хаёли бўлиниб, миясига дарс кирмай қолади». Бундан ташқари, Норхол гап-сўз бўлишдан қаттиқ чўчийди. Аксига олиб шундай бўладики, Сайдан унинг йўлини тўсади, ўпади ва албатта Норхолнинг «эҳтиёткор»лиги туфайли бу гап ўша оқшомдаёқ бутун Барлосга ёйилади…
«Жарима»даги Банот, барлосликларнинг назарида, худонинг балоси. Аслида у тирикчилик деб дийдаси қотган, ҳақни жойида қарор топтиришга қодир аёл. Ҳикояни ўқир экансиз, барча ундан юз ўгирганига гувоҳ бўласиз, ўзингиз эса ич-ичингиздан Банотни ёқлайсиз. Ундан юз ўгирган барлосликлар асарда кам кўринса-да, тасаввурингизда яхлит жонланади. Чунки бу тоифани — муросачиларни кўп кўрганмиз, уларга қолса, ҳеч ким тинчини бузмаса, сен же, мен же, деб баҳамжиҳат яшашса. Шу сабаб ҳақгўй Банотни сиғдирмайди улар…
«Йигит ҳам йиғлайдими?»да ёш ёзувчи катталар дунёсига эрта тушган мурғак қалбнинг изтиробли кечинмаларию, соғинчини таъсирчан йўсинда ифода этса, «Ойша холанинг «куёви»да яна ғаройиб кишилар ҳаётини қаламга олади. Асосан диалогга қурилган ҳикояда муаллиф бц бадиий восита имкониятларидан дуруст фойдаланади: мунозараю, суҳбатлар ҳарактер қирраларини очишга хизмат қилади. Ҳикоядаги Абдураззоқ ҳам ғалати одам. Э йўқ, бе йўқ, Ойша холанинг бир оғиз гапига ишониб, сени уйлантираман, деб сўпинамо Тоштемирнинг соқол-мўйловини қириб ташлайди. Боёқишни не куйларга солади. Ҳатто тайинсиз шубҳа туфайли келинини уйдан ҳайдаб чиқаёзди. Кейин… шуниси муҳимки, Абдураззоқнинг ҳатти-ҳаракатлари хамирида ҳам эзгулик яширин. Қилиқларидан кулиш баробарида астойдил унга хайрихоҳ бўласиз. Булар барчаси ўз навбатида ёш ёзувчи ғаройиб замондошлари дарди-дунёсини, орзу-ўйларини, қувончу-ташвишларини чуқур ҳил қилишини, уларга меҳри чексиз эканлигини кўрсатади.
Абулқосим Мамарасулов қаҳрамонлари – тирик одамлар. Менимча, адабиётнинг бош вазифаси – тирик одамлар қиёфасини яратиш, уларнинг қалб драмасини санъаткорона ифодалашдан иборат.
Ёш ёзувчининг қайси ҳикоясини ўқиманг, хоҳ «Йўловчи», хоҳ у – «Жарима» бўлсин, ҳаётнинг саркаш бир парчасидек таасурот қолдиради. Шу хусусиятни Даниил Гранин ҳам эътироф этди.
Бу ҳикоялар ҳақида яна батафсил гапириш мумкин. Лекин шу ўринда мен бошқа бир масалага тўхталмоқчиман: чин санъат асарини китобий, юзаки нарсалардан ажратиш осон эмас. Бунинг учун дид ва эстетик саъвия юксак бўлмоғи даркор. Худди шу йўналишда қилиниши лозим ишлар оз эмас. Бироқ афсус-надоматлар бўлсинки, китобийликка кўниккан айрим мунаққидларимиз ҳам ўқувчи дидини ўстиришга эмас, аксинча, қашшоқлаштиришга «хизмат» қилишади. Эҳтимол, Абулқосим Мамарасулов асарлари ўшандайларнинг «юксак талаб»ига жавоб бермас, лекин имоним комилки, нозиктаъб китобхон бу ҳикояларни ҳаяжон билан ўқийди ва ўқиш баробарида ғаройиб замондошлари билан ҳамдард, ҳамнафас бўлади.
Яхши асар атрофида баҳсу-мунозара туғилиши табиий. Кимнидир мафтун этган ҳикоя бошқа бировга ёқмас, бироқ ҳаётий асар билан китобий асарни ажрата билмаслик – дидсизлик, холос.
Абулқосим Мамарасулов истеъдодли ёш ёзувчи. Унинг ҳикояларига хос асосий фазилат – бу, менимча, инсонни маънавий фаолликка даъват этувчи кучдир.

Одил ЁҚУБОВ.

СЕВИШГАНЛАР

Сайдан (яъни Сайдирасул) кўпдан бери Норхолга соядай эргашиб юрарди… Норхол тўққизинчида, ўзи ўнинчида ўқиб юрган кезлари. Э йўқ, бе йўқ, бир кун у қизнинг йўлини тўсиб, ёдлаб олган шеърини эсдан чиқариб қўядигандек, шоша-пиша, «мен сени севаман», деди. Дабдурустдан айтилган гапга Норхолнинг кулгиси қистади.
— Нима қилай шунга? Қоч, йўлимни тўсма.
— Мен сенга, сени севаман, деяпман?!
— Ҳай, нима қилай севсанг? Қоч йўлимдан!
— Қочмайман. Олдин айт: сен ҳам мени севасанми, йўқми?
— Э бор-э! Калланг ишлайдими ўзи?
— Ишламайди. Айт: севасанми, йўқми?
Сайданнинг бир этикка икки оёғини тиқишидан қизнинг аччиғи чиқа бошлади.
— Қоч, бўлмаса, ҳозир бориб отамга айтаман.
— Айтсанг айтавер. Отангдан қўрқмайман. Бари бир сени севавераман.
— Э бор-э! – деб Норхол уни силтаб, кетди, қолди.
Шунга ҳам бир йилча бўлди. Лекин ҳалиям Сайдан Норхолнинг кетидан қолмайди. Нуқул севиш-севмаслигингни айт, деб тиқилинч қилади. Норхол эса… гарчи ўшанда отамга айтаман, деб уни қўрқитган бўлса-да, отасига айтмаган. Сайданнинг қилиғига роса кулганди.
Сайдан ўзи зўр йигит-да! Қадди-қомати келишган. Тенгқурлари унинг олдида шунақа титрашадики, асти қўяверинг. Қаерда жанжал – Сайдан ҳозиру-нозир, тағин енгиб чиқади. Норхол уни севадими – ўзи ҳам билмайди. У йўлини тўсиб, саркашлик қилгандан кейин у ҳақда оз-моз ўйлаб қўядию, кейин эсдан чиқаради. Унинг сўроғига бир нима демайди. Чунки, мактабни битириб, ўқишга бормоқчи. Институтга кириб ўқийдиган бўлгач, севмаслиги керак-а. Йўқса, хаёли бўлиниб, миясига дарс кирмай қолади. Сайдан-ку, ўзи яхши йигит-а, лекин… Норхол рўйхуш бермаслигининг сабаби бор. Онаси севишганларни жуда ёмон кўради. «Ота-онаси турганда қиз боланинг шуйтиб юришини ким қўйипти?» дейди. Норхол онасининг раъйига қарайди. Иложи қанча – ўқишга юбормай қўйишлари ҳеч гап эмас. Устига устак бирон киши, «фалончи фалончига кўз сузибди», деб қолса борми, худо урди-да. Шу куниёқ Барлос қишлоғини қора мушук каби миш-миш оралайди. Ўзини ақлли қиз деб ҳисоблайдиган Норхол эса гап бўлишни истамайди. Аввал гап-сўз бўлиб, кейин қиз томондан ота-она «совчилик»ка қатнаб юрганини кўп кўрган. Ана, Улбозорнинг отаси Боғмон ака ҳам Абулхайрнинг орқасидан югуравериб, овора бўлиб кетди-ку! Тўғри, Сайдан Абулхайрга ўхшаганлардан эмас, яхши йигит, лекин Норхолга ҳали ҳеч ким керак эмас. Тўғриси – шу. Сайдан эса буни тушунмайди. Нуқул севасанми, йўқми, айт, деб оёқ тирайди. «Севаман десанг, бас, қачонгача бўлсаям кутаман. Агар бошқа дардинг бўлса, буни айт, орқангдан овора бўлиб юрмайин», дейди. Албатта, Норхол майли, демаган, демайди ҳам ҳам. Сайданни ўлгудай яхши кўриб қолганда ҳам , бари бир, айтмасди. Қадрини биладиган қиз бунақа гапни оғзидан чиқармайди-ку! Лекин узил-кесил йўқ дейишга ҳам, рости, тили бормайди. Бир йигит соядай кетингдан эргашиб юрса, ғалати-да. Шунинг учун ҳам дугоналарининг Норхолга ҳаваси келади. Унинг йўлини пойлаб Сайдан мактаб атрофида айланишгани-айланишган. Унга раҳми келибми, гоҳо дугоналари Норхолни койишади: «Нимага уни қийнайсан? Бер-да, жавобини! Ё ҳа де, ё йўқ!» Аслида ким унга овора бўл, депти. Норхол айтиптими? Бир гал кампирга ўхшаб мижинглайдиган дугонаси шунақа гапни айтганда Норхолнинг жини қўзиди: «Жуда жонинг ачиб бораётган бўлса, бор, ўзинг тег. Менга зарил эмас». Буни қаранг, бу гапи Сайданга ҳам етиб борипти. Ўша куни яна йўлтусарлик қилди: «Бу нима деганинг? Севмайман, деганингми? Бари бир мен севавераман. Лекин сен ҳам мени севишинг керак-ку!», деб туриб олди. «Севаман деганингча қўймайман!», дейди. Билиб олгани – шу. Худди тўтиқушга ўхшайди.
Бугун дам олиш куни бўлгани учун Норхоллар далага ишга чиқишди. Сайдан ҳам шу ерга келдию Бир оёғини ерга, иккинчи оёғини велосипедининг педалига тираганча, ишдан бош кўтармаётган қизларга пича қараб турди-да, кейин қаёққадир ғойиб бўлди. Норхол иккита дугонаси билан токзор орасидаги йўлдан уйга қайтишаётганда Сайдан велосипедини учириб келиб, уларнинг йўлига кўндаланг қилди-да, қизларга: «Сизлар кетаверингизлар. Менинг Норхолда ишим бор», деди. Норхол ҳам дугоналарига эргашиб кетаётганди , Сайдан астагина, лекин буйруқ оҳангида: «Тўхта, гапим бор», деди. Худди унга боғланиб қолгандай, Норхол тўхтади. Ҳар доимгидай, бор-э, деб кетаверса, бўлардию, нимагадир кетолмади. Сайданнинг овозидаги ҳукм оҳанги таъсир қилдими ёки унинг нияти қатъийлигини сезгач, кетаман, деб балога қолишини билдими, ҳар қалай, унга бўйсунди. Йўқса, у бир қилиқ чиқаришдан тоймайди-да. Э, бу Сайдан!.. Қизнинг вужудига титроқ югурди. Дугоналари эса узоқлашиб кетяпти. Ниҳоят, Сайдан велосипеддан тушди.
— Юр бу ёққа! – У хотинини етаклагандай, Норхолнинг қўлидан тортиб, токзор орасига бошлади.
— Охирги марта сўраяпман, — деди Сайдан ўқрайиб, — мени севасанми, йўқми?!
Норхол унинг сўроғидан кўра важоҳатидан қўрқди. Йиғлагиси келди. Ерга қаради. Кейин нима бўлганини ўзи ҳам билмай қолди. Бир пайт ўзини Сайданнинг қучоғида кўрди… Сайдан уни қўйиб юборганда Норхол бирдан хавфсираб қолди: дугоналари кузатишаётган бўлса-я!? Энди Норхол билан Сайдан ўпишди, деган гап бутун қишлоққа овоза бўлади. Онаси ер муштлаб қарғанади. Шуни ўйлаб, Норхол даҳшатга тушди. Юрагини ўртаётган алам билан Сайданга ёмон тикилди. Шунда у аввалгидай қўрқинчли туюлмади. Афтидан, ўпич олганидан хурсанд, лабини ялаб, кулимсираб турибди. Кулимсираши қурсин, масхара қилаётганга ўхшайди. Норхол шартта бурилиб, уйига жўнади. Орқасидан Сайданнинг югуриб келишини, тиз чўкиб «мени кечир!», дея илтижо қилишини истади. Лекин… у шошганча кетиб бораркан, йўл бурилган жойда бояги икки дугонасини кўрди. Улар шивирлашиб, ишшайганча, Норхол томонга қараб қўйишди. Норхол эса ўзини бепарво тутишга уринди. Қарамасдан ўтиб кетдию Худо берди уларга, энди гап тарқатишгани-тарқатишган. Тешик қулоқ – онаси ҳам эшитади. Шунинг учун Норхолнинг ўзи айтгани маъқул. Кейин боши балога қолмайди. Нега энди анави кечирим сўрашга изидан келмаяпти? Норхол унинг нима қилаётганини, қай ҳолатда турганини билишни истарди, аммо орқасига бурилиб қарашга юраги бетламасди. Кўчани тўлдириб ўтишни истамай, томорқа тарафдаги ёлғизоёқ йўлга бурилди. Назарида ҳамма кўчага чиқиб тургандай: «Ай-яй,яйй! Норхолни қаранглар! Шундай қиз куппа-кундузи анави Сайдан билан токзорда ўпишиб юрипти-я!» деяётгандай бўлаверди. Сайдан… орқасидан келмади-я! Қандай қилиб унинг… Жуда иссиқ экан… Шундагина Норхол терлаб кетганини, Сайдан ўпган бети тобора қизиб бораётганини ҳис қилди. Ўпиш қизиқ бўларкан. Ўша пайтда унинг ичидан бир тўлқин отилиб чиқаётгандай бўлаверди. Агар Сайданнинг ўзи қучоғидан бўшатмаганда унинг бағридан чиқиш хаёлига ҳам келмасмиди? У қўйиб юборгандан сўнг бир лаҳза ҳайрон бўлиб турдию, кейин алам қилиб кетди-да. Ўпишга-ку, ўпди, тағин юзингда кўзинг борми демай, тиржайиб тургани ортиқча.
Норхол пақир кўтариб, молхонадан чиқаётган онасини кўрдию, бўшашиб кетдию
— Ҳа, нега бу ёқдан келяпсан? – сўради онаси ҳайрон бўлиб. Сўнг Норхолнинг олазарак кўзларига кўзи тушдию, ранги ўчди. – Нима бўлди?!
— Сайдан… — дедию, ўпкаси тўлиб, Норхол йиғлаб юборди.
— Нима Сайдан?! Урдими?!!
— Йўқ.
— Бўлмаса, нима қилди?!
Норхол йиғини авжга чиқарди.
— Ҳай, бунча изиллайсан? Гапирсанг-чи!! Нима бўлди ўзи?
— Қўлимдан ушлади.
— Ким? Сайданми? Қайси Сайдан? Давлат бовойнинг неварасими?
— Ҳа. Ўша!
— Вой қирилгур-эй! Нимага ушлайди?! Нима керак экан унга? Нима деди?
— Сени севаман, дедию Севиб қолганмиш!..
— Вой қирилгур-эй! Вой, ер юткур-эй! Севармиш?! Ҳа, илоё, севгинг бошингни есин! Бурнингни артиб ол, демадингми? Ҳалигача кўчада жанжал қилиб юради-ку, вой мишиқи-ей! Олдин отанг ўзини эплаб олсин, де! Ана! Ана шу-да. Булар…
Худди шу пайт пойлаб тургандай, отаси келиб қолди.
— Ҳа, она қизим, сенга нима бўлди?
Норхол ҳўнграб йиғлаб берди. Онаси қишлоқни бошига кўтариб қарғанди.
— Бу – Давлат бовойнинг невараси!.. Вой ер юткур-эй!..
Бу гап ўша оқшом бутун Барлосга овоза бўлди.
Норхол кечаси тушида уни кўрди: Сайдан унинг билагидан маҳкам тутиб олганмиш. Норхол, қўйвор, деб ялинса, нуқул ишшаярмиш…

ЖАРИМА

Маматнинг тепа сочи тик бўлиб кетди. Наҳотки одам қуриб қолгандай, келиб-келиб, уларга Банот кўр қўшни бўлса?! Бир қориндан талашиб тушган акасига ёмонлик қилиб, элдан қувилган хотин буларга тинчлик берармиди?
Банотнинг акаси бултур тўй қиламан, деб қаттиқ йиғинди. Чавандозлар кўпкарига бир-икки кун олдин оти билан келишади-ку, шуни ҳисобга олиб, отлар учун озроқ арпа ғамлаган экан. Қурғурни қаёқдан олган – у билади, худо билади. Тўй куни Банот атай райондан милиционерни бошлаб келиб, уни «тутиб» берипти. Тўй азага айланди. Акаси қулоғини ушлаб кетди. Банот эса, мана … юрипти. Юргани майлия, одам қуригандай, келиб-келиб, энди Маматларга девор-дармиён қўшни бўлмоқчи! Раҳима холанинг ҳовлисини сотиб олмоқчи?! Гап шундаки, Раҳима хола бола-чақаси билан ота юртига кўчиб кетяпти. Бу ерда бир эмас, иккита ҳовлиси бор. Сотамиз, деб овоза қилишганига ҳам икки ойдан ошди. Арзонга булар кўнмайди, қимматга – талабгорлар. Раҳима хола уйни сотармиш, деган гап Банот кўрнинг ҳам қулоғига етипти. Эрини олдига солиб, бугун эрталаб Раҳима холаникига келибди. Шуни эшитиб, ҳамма ваҳимага тушиб ўтирибди.
— Банот кўр ҳамсоя бўлса, кўчиб кетиб тинчиймиз-ов, — деди ҳатто Маматнинг хотини.
— Нафасингни иссиқроқ қил-э! Эл бор, юрт бор, қолаверса, бригадир бор, ўйлаб, бир чорасини топишар ахир…
— Иқбол опаям хафа. Раҳима холага: «уйингни Банотга сотсанг – қарғайман. Борган жойида ёлчимасин, олган пули буюрмасин, дейман», деди.
— Раҳима холачи?
— Унда ўзинг ол. Ўзинг олмайсан, бошқага сотгани қўймайсан, қанақа одамсан ўзи, деди. Бир ҳовлисини тўққиз мингга савдо қилипти.
— Тўққиз минг? – Мамат ўрнидан туриб кетди. – Чолдеворга-я? Банот кўрнинг эси жойидами ўзи? Ё пулни ердан шипириб олиптими?
— Пулнинг зўри билан олмаса, ким унга уй сотарди. Раҳима холага пул керак эмиш, янги уй қурамиз деб анча қарз бўлипти. Энди Банот кўр кўчиб келса…
Маматнинг хаёлига бир фикр келиб қолди. У хотинини овутди-да, ташқарига чиқиб, отига минди. Бир талай қўшнилар кўчада уй савдосини муҳокама қилиб туришган экан.
— Оҳо! Жамоа жам-ку! Мунча? – сўраган киши бўлди Мамат, отиниг жиловини тортиб. – Азага йиғилгандай бўлиб турибсизлар. Жон ҳовучлаб… Кўчиб келавермайди, э қизини…
— Кетидан сўкишни биз ҳам биламиз, — деди Усмон.
— Банот кўрдан, ўзи, нега қўрқасизлар? Кимки ўғри бўлса, ўша қўрқсин, — деди Мамат, Усмонга қарамасдан.
— Қўрқадиган бир биз эмасдир, — деди Усмон ранги ўзгариб. – Нима қиласиз шунақа гапларни чувалатиб.
— Нима дейин бўлмаса?
— Кўрни яқин йўлатмаслик керак.
— Қўлингиздан келса – йўлатманг! Бригадирга боринг, айтинг! – деди Мамат чўрт кесиб ва жиловни силтади.

Мамат илгари узумчилик бригадасида ишларди. Қаттиқ касалга чалиниб, узоқ даволандию, оғир ишга ярамай қолди. Икки йилдан бери совхознинг бедазорига қоровул. Отда ҳам куни бир айланиб чиқса – бас. Совхознинг энг чеккаси – шу бедазор. Банотнинг томорқасига туташ. Банотнинг бир қўра қўйи бор. Қачон қарама, болалари бедазор атрофида боқиб юришади. Бир куни қўйлар безадорга тушган экан, Мамат ўзини босиб, танбеҳ берди. Банот ёмон. Ўрмон хўжалиги қоровули Самадбойнинг капасини куйдирди…
Яхши бўлмади ўшандаю Самадбойдан ҳам озроқ… ўтди-да, ўзи. Э-э, бу Банот!! Ўшанда Самадбой иккови сояни олиб, ўтган-кетгандан ҳангома қилиб ўтиришган эди, бир маҳал… Асли Самадбойнинг ҳам айби йўқ эмас… Янтоқзорда қўйларини боқиб юрган Банотнинг эрини кўриб, бехосият, деди. Мамат гап қўшмади.
— Ҳеч қўлга тушмади-да.
— Ҳмм!?
— Тунов куни бостирмага керак бўп қолди-да. Қўлинг теккандан кейин оғзинг ҳам тегади-да, тўғрими?.. Кесиб опкетаётсам, эр-хотин… Банот кўр – бош, «ўғри», деб ёқамдан олгудай бўлди-ёв.Ўргилдим сендақа тўғрилардан. Ҳап, сеними, шошмай тур, деб…
Шу чоғ қўйлардан бири нимадандир ҳуркдими, тисарилди, кейин бурилиб, ирғишлаганча дарахтзорга кириб кетди. Самадбой ўмганини кўтарди:
— Ҳў-ўй, Саъдулла ака! – деди ўдағайлаб, — қўйларингизга қарасангиз ўласизми?
Қўйларини дарров қайтарган Саъдулла ака бу гап ёқмади.
— Нима демоқчисан? – деди тап тортмай.
— «Нима демоқчисан?» дейди-я! Қўйни эплаган боқади-да.
— Қўйим давлатга сенчалик зиён етказгани йўқ..
— Нима, нима? – Самадбойнинг юзлари қорайиб кетди. Қўллари титраб ўрнидан турди-да, Маматнинг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамай, ета бир мушт уриб, Саъдулла акани қулатди. Мамат пича тайсаллаб турди. Қараса, иш чатоқ. Бориб ўртага тушди. Саъдулла акани турғизиб қўйган бўлди.
— Ифлос, муттаҳам! – Саъдулла ака тупуриниб, қоқинди. – Ўғри!
— Нима дединг? Ўзинг кимсан? Авлиёмисан? Ҳе, сендақа авлиёнинг… — Самадбой бир силтаниб, Маматни четга сурдию, яна Саъдулла акага ташланди. Ерга ётқизиб, тепа кетди. Мамат яна орага тушди, яна уларни ажратди, яна Саъдулла акани турғизиб қўйган бўлди. Кийимларига илашган хас-хашакни қоқишга ҳам ҳоли келмай, ҳиқиллаб кетаётган Саъдулла акага ачинарини ҳам, ачинмасини ҳам билмасди. Ҳар қалай у Банотнинг эри эди… Банот эса…
— Касофат! Энағар!… — Самадбой сўкинди.
Мамат ҳушёр тортди. Эсим борида этакни йиғиштириб, жўнаб қолай деб турганди, Самадбой уни туртди. Ғалати қараганча: «Оқ туя кўрдингизми?» деди. Шу чоғ бало-қазодай бўлиб, Банот кўр етиб келди. У шанғиллаб оламни бузар, деб чўчиганди Мамат. Йўқ, Банот бундай қилмади.
— Кўзларингни ўйиб оламан! – деди икки бармоғини Самадбойга нуқтаб. – Қўлларингни синдираман.
— Э, ҳовлиқма! Давлат бу дарахтларни сенинг қўйларинг учун эккан эмас. Ҳали жавоб берасан! Тўлайсан!
— Қайси дарахтингни еди? Қани кўрсат-чи менга.
— Мен сенга атчўт бермайман. Тегишли жойда кўрсатаман. Тушундингми?
— Кўрсатолмайсан. Ўзинг қип-қизил ўғрисан! Нимани кўрсатасан? …Ийе! Сиз ҳам шу ердамисиз? – деди Банот Маматни энди кўриб. Бу-ку, майли, «сен»дан чиқан, сизга нима жин урди? Ҳай, қўй, дейишнинг ўрнига…
— Опа, мен…
— Опа деманг. Сиздан ҳам кўнглим қолди. Одам деган шундай бўладими? Бу-ку, қип-қизил…
— Э, опа, сиз олдин нима гаплигини билинг. Ўртага тушган айбдорми?
— Нима гаплигини жуда яхши биламан. Ҳаммангни тилинг бир. Сенларга қолса…
— Ҳў-ўв! Ҳў-ўй, манжалақи! Кетасанми, ё бир уриб, ерга киргизиб юборайми? – Самадбой яна ўдағайлади.
— Кетмайман! Ур! Ана ур! Зўрмисан? Ур! Ҳа-а, уриб бўпсан! Қўрқасан! Қўрқмай кўр-чи! Шошмай тур. Бола-чақангни ўйлаб, ичимга ютиб юрувдим. Сениям эсингни киргизиб қўядиганлар бор!
Банот йўл бўйи жавраб кетди. Сўнг Мамат эшитдики, эрини касалхонага ётқизипти… Охири Самадбой қамалдию Маматнинг ҳам унга қўшилиб кетишига сал қолди. «Мен бор-йўғи уларни ажратгандим», деб зўрға қутулди.
Бедазорга етиб келганича ҳар нарсани ўйлайверганиданми, боши қизиб, Мамат ҳолсизланди. Отдан тушиб, ёнбошлади. Пича кўзи илинган экан, тапир-тупурдан уйғониб кетди. Қараса, бир қўра қўй шундоқ бедазорнинг уватида… Боши қотди: нима қилса экан? Ўзи, Банот кўр… Хотини «кўчиб тинчиймиз-ов», дедими? Саъдулла ака-ку, ёмон одам эмас, а, бари бир хотинининг йўриғига юради-да. Банот кўрни қишлоқнинг тенг ярми хушламаяпти… Тинчинг бўлмайди кейин… Ҳадиксираб яшашдан ёмони борми? Нима қилса экан-а!? Қўйлар бедазорга ёпирила бошлашди. Эгаси қани бунинг? Мамат ирғиб ўрнидан турди-да, отига минди-да, қўйларни олдига солиб ҳайдади. Бўлса-да, Банотнинг қўйлари чиқар. Қилаётган иши Маматнинг ўзига ёқмади, аммо… нима бўлса бўлар, .. ҳайдайверди. Анча жойга боргандан кейин ўгирилиб кўрдики, ўн-ўн икки яшар бола кетидан югуриб келяпти. – Банотнинг ўғли. Бўғилиб, қилт этиб, ютинди. Бир хаёл қўйларни бериб юбормоқчи бўлди. Яна… Банотни юраколди қилгани маъқул. Қўрқса, оч қорним, тинч қулоғим, деб иссиқ жойини совутмайди. Раҳима холанинг ҳовлисини олмайди. Қолаверса…
Мамат отини тўхтатди. Яқинлашган бола ҳам Маматнинг қўлидаги қамчиндан кўз узмай, ҳиқиллаганча тўхтади.
— Ҳа, жўра! – деди Мамат, унинг кенг манглайига қараганча, — қўйлар сеникими?
Бола мўлтайиб, ҳа, деганча, бош ирғади. Кейин ерга қараб, кўзларини билаги билан тўсганча, ҳўнграб юборди. Яна бир нима бўғзига тиқилди.
— Қарасанг бўлмайдими қўйларингга?
Бола умидвор ёшли кўзларини унга тикдию Бу қараш Маматга Банотни эслатди. Дийдаси тош қотди. Хотини, «кўчиб тинчиймиз-ов» дедими? Қўшнилар ҳам?..
— Бориб энангга айт. Қўйлар бедапояга тушган эди, Мамат ака ҳайдаб кетди, де.
Мамат қўйларни ҳайдадию Боланинг йиғисини эшитса-да, қайрилиб ортига қарамади. Тишини тишига босиб, йўлида кетаверди. Чайла ёнидаги қўтонча кўпдан бери бўш. Мамат қўйларни қўтончага қамади-да, чайлага кирди. Бахтига бригадирнинг ўзи ҳам шу ерда экан. Яхши бўлди – гувоҳликка ўтади.
— Ҳа, Мамат ака! Ишлар бошқачами бугун?
— Э, қўяверинг, бугун бир иш қиламиз, қоғоз-қалам борми?
— Топамиз. Нимайди?
— Акт тузишни биласизми?
— Ийя, ийя, янгилик-ку! Нимага акт ёзамиз?!
— Банот кўрнинг қўйларини ҳайдаб келдим. Бир қўрқитиб қўймасак, бўлмайдиганга ўхшайди…

2.

Банот Раҳима холаникидан кўнгли анча таскин топиб чиқди. Ҳовли савдоси пишиб қолаёзган эди.
Элдан четда яшаб, тўғриси, Банотнинг бўладигани бўлди. Бу овлоқ жойда қўни-қўшни йўқ ҳисоб. Сувни ҳам қудуқдан олишади. Яқин атрофда на бир дўкон, ва на бир қишлоқ бор. Нафсиламбирини айтганда, бу ер мол боқишга қулай. Лекин гап бунда эмас. Одамнинг тафтини одам оларкан. У ҳам элга элакишсам, бировнинг оғирини енгил қилсам, дардимга малҳам қўшниларим бўлса, дейди. Шунинг учун ҳам Раҳима холанинг уйига талабгор бўлди. Шунинг учун ҳам…
Банот уйнинг дарагини уч кун бурун райондан қайтаётиб, автобусда эшитди. Айтишларича, бир-иккита ҳовли сотилаётган эмиш. Унинг юраги ҳаприқдию Нима бўлганда ҳам биттасини олиш керак. Катта ўғли Самарқандда техникумни битиряпти. Районда ишлайман, дейди. Ўша ёққа кўчишса, унга ҳам қулай бўлади: хоҳласа, автобусда, автобус бўлмай қолса, хоҳласа, пиёда бориб келаверса ҳам бўладиган жой. Уч чақирим нима деган масофа ахир!? Район марказигача-да!
Аммо Банот эшитдики, Раҳима хола тезоб, таъбига ёқмаса, харидорга терс гапириб, қайтариб юборармиш. Шу боис у Раҳима холаникига чўчинқираб қадам босди.
— Ҳовли сотармишсиз, деб эшитдик, — дея гап бошлади Саъдулла ака, дастурхон ёзилиб, бир пиёладан чой ичилгач. – Агар савдомиз тўғри келса, ҳовлингизнинг бирини олсак, деган ниятимиз бор эди.
Биргалашиб иккала ҳовлини ҳам кўриб чиқишди. Нариги уй-жой анча кўримсиз, одам яшамаётгани учунми, ўт босган эдию Бундан ташқари автобусдаги хотинларнинг гапига қараганда йигирма йил олдин бир одам шу ҳовлида тентак бўлиб қолиб, кўчиб кетган экан. Кейингиси ўн беш йил яшаб, бефарзанд бўлиб, охири касалга чалиниб, буниси ҳам кўчиб кетибди. Раҳима хола номига ўғли учун сотиб олса-да, ўша катта ўғли шу ҳовлида яшаб, шу ҳовлидан ота юртига кўчиб кетибди. Шу ҳовли… ҳақиқатан ҳам пешайвонли, томорқаси ҳам ҳийлагина, молхонаю, қўйлар учун қурилган қўраси бор. Ошхона-омбори мустаҳкам. Чорбоғдаги мевали дарахтлар ҳам анчагина…
— Мана шу ҳовлига нарх айтинг, — деди Саъдулла ака, Банот билан маслаҳатлашиб олгандан кейин.
Раҳима хола Самарқандда ўқийдиган, бугун қандайдир сабаб билан уйга келиб қолган ўртанча ўғли – Воҳидга қаради.
— Бу ҳовли ҳозирча тура туради, — деди Воҳид, — аввал акамникини сотамиз.
— Нега?
— Энди… майда-чуйда кўч-кўронлар шу уйда. Биз сотсак, эртага ҳовлини бўшат, дейсизлар. Майда-чуйдани бу ҳовлидан у ҳовлига ташиш керак. Сизларга шу ҳовли яхши кўриняпти-да, а? Аслида униси яхши. Уй – янги, пойдевори мустаҳқам. Сизлар, хоналари кўп, айвони бор, молхонаси катта, деб бунга қизиқяпсизлар, аслида…
Саъдулла ака Банотга қаради. — Воҳиднинг гапида жон бордек туюлди. Банот бари бир фикридан қайтмади. Эгаси мақтаган молдан қоч. Қиммат бўлса, шуниси маъқул, эгаси ёлчимаган уйдан узоқроқ турган маъқул.
— Энди ўзларингиз биласизлар, — деди Раҳима хола, — лекин бу ҳовли ўн мингдан камига сотилмайди.
— Ўн минг бўлар, етти минг бўлар, савдони қочирманг, — деди Банот қувониб, чунки Воҳиднинг гапидан кейин бир оз ташвишланиб қолган эди.
— Сизлар фойдаларингизни билмаяпсизлар-да, — деди Воҳид. – Тўғри, нариги ҳовлимиз ҳақида ҳар хил гаплар чиққан. Қолаверса, акам беш йил ўша ҳовлида яшади, учта фарзанд кўрди. Кўчиб кетаётганда ҳам қишлоқнинг ярми тўпланиб, оқ йўл тилаб қолди. Ҳар ким ҳар нарса деяверади-да.
— Энди-и, — дея чўзиб гап бошлади Саъдулла ака, — бизниям сизга ўхшаган устудент ўғлимиз бор. Ўшани уйлантириб, шу ҳовлига киритсак деймиз. У районда ишламоқчи. Бу ердан қатнаш қулай. Уйни савдо қилган билан ҳали-бери кўчиб келмаймиз. Майли, қанча яшасанглар яшайверинглар, розимиз. Фақат гапни пишитиб қўяйлик. Пулиниям пичасини олинг. Қачон нариги ҳовлини сотиб, кўчиб кетадиган бўлсаларингиз хабар қиласизлар, биз етиб келиб эгалик қиламиз. Сизлар кўчиб чиқиб кетаверасизлар.
Воҳид кулимсиради:
— Ҳозир биз пулни олсак, орадан уч кун ўтмай, чиқ менинг ҳовлимдан деб келсангиз… Қўйинг… бу ҳовли ҳали сотилмайди.
— Ундай деманг, ука, — деди Банот, уйдан қуруқ қолаётгандай шошиб, кейин Раҳима холага ўгирилди. – Дугона, сиз айтинг, ўғлингизга айтинг ахир, сал шаштидан тушсин. Энди, ҳар ким таъби тортган овқатни ейди. Бизга шу ҳовли маъқул. Етти минг бўлмаса, саккиз мингга берарсизлар?
— Аввало сотилмайди. Сотилса, нархи – ўн минг! Бир тийин кам эмас! – деди Воҳид қатъий.
— Оббо укам-эй! Дугонам харидорларни яқин йўлатмаётган эмиш, деб эшитиб, роса қўрқиб келгандим. Сизни кўриб хурсанд бўлиб ўтиргандим, сиз онангиздан ҳам ўтказиб юборар экансиз.
Улар кулишди.
— Мен гапнинг пўскалласини айтяпман. Нариги ҳовли қачон сотилишини билмаймиз. Бир йил, балки икки йил туриб қолар. Шунча вақт кутмайсизлар-ку, тўғрими?
— Майли, майли, биз ҳали-бери келмоқчи эмасмиз. Саккиз минг деганминан шунча пулимиз йўқ ҳозир. Савдоси пишса, бас, кейин йиғинамиз. Энди,.. ҳозирча, минг сўмми, бир ярим мингми, бериб қўяйлик. – Саъдулла ака қўйнига қўл тиқди.
— Қўйинг, ака, қўйинг, пулингизни чиқарманг.
— Ҳай, бўлмаса, саккиз мингга розимисиз? Шунга барака қилайлик, қўлингизни беринг, ука!
— Ие! Қўйсангизчи, нима, барака олиб, бизни қасамга таямоқчимисиз?
— Майли, — деди Саъдулла ака қўйнидан қўлини олиб, — шартларингизга розимиз. Фақат шу ҳовлини сизларга берамиз, деб бизни ишонтиринг.
Воҳид онасига қаради.
— Дугона, ўғлингизга айтсангизчи. Бир нима денг ахир! – дея Банот тилга кирди. – Бизлар ҳам бир орзуманда одам. Шу ҳовлида бола-чақамиз яшасин, барака топсин, деб яхши ниятда келганмиз. Бошқалар берадиган пулни биз ҳам берамиз, кўпроқ ҳам берамиз. Тўққизга кўнасизларми?
— Она, бу уйда ким турса ҳам бизга бари бир эмасми? – деди Воҳид. – Бу кишилар шундай яхши ният қилиб… Лекин айтиб қўяй, то кўчиб кетгунимизча индамай турасизлар. Гап пулда эмас-у… Умуман, шу уйни олаётганларингизни ҳеч ким билмагани маъқул. Тўғрисини айтсам, қўни-қўшнилардан битта-яримта гап қочяпти. Боя Усмон ака чиқиб… Ҳай, майли, шу гапда… акангиз билан ораларингизда қандайдир гап ўтган экан-ку!..
Эру-хотин ерга қараб қолишди. Орага ноқулай жимлик чўкди.
— Нима ҳам дердик, эл ичида бир марта ёмонотлиқ бўлганмиз, — деди Банот жимликни бузиб, — майли, сиз айтганча бўла қолсин…
Улар кетаётиб, кўчада Усмонга рўпара келишди.
— Ҳал бўлдими? – талмовсираб сўради Усмон.
— Йўқ, келишолмадик, — деди Саъдулла ака.
— Бари бир шу уйни оламиз! – деди Банот, унга синовчан тикилиб.
Усмонннинг юзи беўхшов қийшайиб кетди, мўйлови асабий қимирлади, бежо кўзларини олиб қочди.
— Қанча дейди?
— Ўн минг!
— Ўн минг?! Шу гувалагами? Яхшиси сизлар Товбой аканинг уйини олингизлар. Шипирланган, пойдевориям зўр.
Товбой аканинг уйи ҳам Раҳима холанинг иккинчи ҳовлисига ўхшаб, лаънат тамғаси босилган, икки оила ёлчимаган, шунинг учун энди арзон бўлса-да, бирон киши олишга журъат этмаётган ҳовли эди.
— Бизга шу уй ёқади, — деди Банот, Усмонга тик боқиб. – Юз минг бўлсаям шу ҳовлини оламиз. Кўнглингиз қандай?
Улар йўлда давом этишди.
Воҳиднинг гапида жон бор шекилли. Усмон… Қаёқдан эшитди экан булар? Банот уй оламиз, деб бировга чурқ этгани йўқ. Эрининг-ку, оғзи маҳкам. Шайтоннинг ишими бу? – бутун Барлосда шу гап. Ишқилиб, бир ёмонотлиққа чиқма. Эл оғзига номинг тушмасин экан. Асли Банотда нима айб? Рост, акаси унинг дастидан қамалди. Лекин… аслида-ку, Банот қаматмоқчи эмасди. Шундай бўлиб чиқишини туш кўриптими? Милиционерлар бир тоннача арпа топишди, кейин бошқа айблари ҳам очилиб…
Акаси дала бригадир эди. Совхознинг неча минг гектарлик лалми еридан ўрилган буғдой, арпа, сомон унинг қўлидан ўтарди. Тўйга тайёргарлик кўриб, кимлардан маслаҳат сўрамади, лекин: мана шу синглимдир-ов, шунда ҳам кўнгил бордир-ов, деб кўр бўлса-да, Банотни йўқламади. Шунақа иш қиляпмиз, сингил, нима дейсан, демади. Албатта, Банот тоғни ағдариб келолмасдию, ҳар қалай, кўнгил-да. Нуқул етти ёт бегоналар, машина минганларни чақирди. Мунда-ай, узоқроқда турса ҳам бошқа гап эди. Кўз кўрмайди, қулоқ эшитмайди, хотиржам юрасан. Ахир ёнма-ён яшаб… Банот истаса-истамаса, акасиникига ким киряпти, ким чиқяпти, кўриб-билиб туради. Бу ҳам камдек, биттасига: синглимнинг ҳам, куёвимнинг ҳам тайини йўқ, бир дастурхон атрофида ўтиргинг келмайди уларминан, депти. Ана шу гап баридан ошиб тушди. Ҳатто тўй куниям бир оғиз йўқлатмади. Фақат тўйхабарчи эл қатори, «фалончиникига тўйга», деб ўтиб кетди. Ўғли, ботинкам йиртиқ, тўйга қандай бораман, деб хархаша қилди. Эри бояқиш, дили оғридими, мунғайиб уйга кириб кетди. Ноғоранинг така-туми… Созанда ноғорани эмас, унинг миясини чалаётгандай… Банот дунёга келгандан бери бунчалик хўрлик кўрмаган эди. Шарттта тўйхонага кириб борди-да, акасининг енгидан тортди.
— Нима керак сенга? – деди акаси энсаси қотиб, сўнг қўлини жеркиб тортиб олдию
Банот кўр ёниб, ловуллаб кетди. Акам, ҳеч бўлмаса, кўнгил учун, «қаёқда юрибсан, бу ёққа ўт», дейди деб умид қилган эди. Йўқ, ундай бўлмади.
— Тўйингизни бузаман! – деди Банот, бутун қаҳрини ягона соғ кўзига жамлаб.
— Бор, бор, кўп шақилламан! Ишқилиб, бир ёмонлик қилмасаларинг туролмайсанларми?
— Туролмайман! Ёмонлик қиламан! – деди Банот депсиниб. – Бизлар ҳам одам эдик, синглингизман! Бировларга ўхшаб ҳаром-ҳаришдан…
— Ҳўй, менга қара, нима демоқчисан ўзи? Йигирма йилдан бери ҳоли-жонимга қўймайсан! Синглим бўлганингдан ор қиламан. Энди бир каминг тўй бузиш қолувди. Бор, билган п…ни е!
— Буниси менинг ишим! – деди Банот.
Кейин… Ўзи шунақа: Банот аччиғи чиқса, ҳеч балодан қайтмайди. Жаҳл устида кўп ишларни қилиб юборади. Бунинг оқибатини, аччиғи тарқаса пушаймон ейишини сезиб турса-да, бари бир, қилади. Бир томондан одамлар ҳам… диндан чиқариб юборадиган муомала қилади-да. «Ҳап, сеними?!», дейдиган даражага олиб боради. Мана, Усмон ҳам қўли эгри, тағин… Банот ҳам бошқалардай ҳеч нарсани кўрмагандай тинч яшашга кўп уринди, бўлмади…

3

Эру-хотин уйда ўтириб, энди нима қиламиз, шунча пулни қаёқдан топамиз, деб хомчўт қилиб ўтиришганда ўғиллари ҳиқиллаб келиб қолди. Нима эмиш, Мамат қоровул қўйларни ҳайдаб кетган эмиш.
— Ҳе-е, одам бўлмай кет-э! – Банотнинг аччиғи чиқди. – Нега ҳайдаб кетади? Онасининг маҳрига тушган эканми? Ҳайдаб кетса, индамай қараб туравердингми, эшшак! Ҳў, оғзингдан қонинг келгур! Ўчинр овозингни!
Бола йиғидан таққа тўхтади. Бурнини тортиб, кўзларини ишқалади.
— Қаерда боқаётган эдинг? Ё бедапояга тушдими? Тўғрисини айт, алдама!
Бола индамади.
— Гапирсанг-чи, ер юткур! Тилинг узилиб тушиб қолмагандир?! Бедапояга тушганмиди?
Бола йўқ, деган маънода бош чайқадию, яна ҳўнграб юборди. Банот бир нимани англагандай, бечораваш, ўйланиб қолди. Мамат икки йилдан бери бедазорга қоровул. Бирон марта сан-манга борганлари йўқ. Шундай одам билан ҳамсоя бўларканмиз, деб Банот хурсанд бўлганди. Энди…
Мол аччиғи – жон аччиғи. Банот эрини қийин-қистовга олиб, Маматнинг олдига жўнатди. Жўнатдию, кейин пушаймон қилди. Ўзи бориши керак эди. Мамат билан яхшилаб гаплашиб қўярди. Нега бундай қилади, а? Банот ўзини қўярга жой тополмай, ҳовлига чиқди, яна уйга кирди. Ўғлидан: «бедапояга тушганмиди, йўқми?», дея қайта-қайта сўради. Жавобини эшитишга сабри етмай, шошилиб, кўчага чиқди, яна…
Ниҳоят эри шалпайиб қайтиб келди.
— Қўйлар қани?! Давлатга топшириб юбориптими? – сўради Банот ўдағайлаб. Ўзи, бу лапашанг эрининг қўлидан бир иш келмаслигини яхши биларди. Шунинг учун юборганидан пушаймон еди.
— Қўйларинг юз сўмлик бедани еб қўйди. Ё жарима тўлайсан, ё қўйларингни давлатга топшириб юбораман, деди.
— Юз сў-ўм! Ўнта қўй юз сўмлик беда ептими? Юз сўмга беда олсам, уч ой қиш едираман-ку!
— Акт ҳам тузипти, менга қўл қўйинг, деди, қўймадим…
«Акт»ни эшитиб, Банотнинг дами ичига тушди. Сўнг яна аччиғи чиқди. Мамат ҳали Банотнинг ноғорасига ўйнамапти. Ҳозир районга бориб, битта милиционерни бошлаб келади-да, ҳу, яккатутнинг тагида пойлаб туришади. Ўзи, ўз оёғи билан… Банот рўмолини бошига ташлаб, районга кетдим, деб кўчага отланганди, эри тўхтатди:
— Шошмасанг-чи, пишириб қўйиптими у ёқда? Мамат штарапни бир соатда опкелсангиз опкелдингиз, бўлмаса, қўйлардан умидингизни узинг, штрап ўрнига топшириб юбораман, деди.
— Мен ҳам Маматни давлатга топшираман. Би-ир ўтириб чиқсин, эси жойига тушади. Самадбойга қўшилиб кесилаётган эди, аслида бекор гуноҳидан ўтган экан-да. Ҳу, уйгинанг куйгур!
— Ў-ўв, гапга тушунмаган, қўйларинг давлат ҳисобига ўтиб кетади, деяпман. Кейин Раҳима холанинг ҳовлисидан ҳам айрилиб қоласан. Сен бўлса… Яхшими, ёмонми, эртага Маматга ҳамсоя бўлсак… Униям бола-чақаси бор. Кўз кўзга тушади. Ҳадеб районга бораман, дейсан. Сен каллани ишлат. Маматга бас келолмайсан: қўлида қоғози бор. Бригадир, яна битта ишчи, уч киши қўл қўйган. «Мен давлатнинг одамиман, давлатнинг бедасини қўриқлаяпман», деди Мамат. Ҳар ерда унинг гапи ўтади.
Банот иккиланиб туриб қолди. Сўнг:
— Бедапояга тушгани ростми ўзи? – дея ўсмоқчилади.
— Муни бориб Маматдан сўра. Учта одам бекорга буйтмаётгандир ахир!
— Ҳу қирилиб кетгур! – Банот ғазабини бир чеккада мунғайиб ўтирган ўғлига сочди. – Мамат қўйларнинг ўрнига сени қўрага қамамайдими, сени давлатга топшириб юбормайдими? Юз сўм тугул, биров бир сўмга олмайди сени! Қирғининг келсин! Қирғинларинг келсин-а!
Бола йиғлади. Саъдулла ака ўртага тушди:
— Қў-ўй, бўлари бўлди! Энди бу ёғини ўйлайлик. Хў-ўш, нима қиламиз?
— Манови оғзингдан қонинг келгур берсин юз сўмни! Менинг ортиқча пулим йўқ. Бедапояга тушгани ростми? Ўла, қирилиб кетгур! – Банот яна ўғлига ёпишди. – Бир тийинлик нафи тегмайди, юз сўмлаб зиён етказади. Қўйларни оралатиб юборган бўлсанг керак. Мамат бекорга буйтмайди. Сиз ҳам ландавурсиз! – Банот эрига ўгирилди. – Тушунтирмадингизми? Бир марта кечир, демадингизми? Ўзим бориб гплашаман Мамат билан! Шошмай турсин! Айтганим – айтган, деб ўйлаган-да! Қўйларни топшириб кўрсин. Бунда-ай, отининг юганига тармашмайсанми? Ака, қўйинг, бир марта кечиринг, демайсанми? Ҳе ўл-а!!!
— Бақириб бўлдингми? Пулни олиб чиқ.
— Қанча?
— Олиб чиқ, озроқ… Ишқилиб, Мамат кўнадиган бўлсин. Бари бир юз сўм бермаймиз-ку.
Банот ичкарига кириб, сандиқни очди-да, саксон сўм олди. Шу заҳоти ўн сўмни қайтариб жойига қўйди: «Мамат бу пулни еганга п…мни есин!» Етмиш сўм! Банот яна ўн сўмни сандиққа қайтарди: «Мамат шу ёғини есаям оғзи-бурни тўлиб кетади!» Қўлидаги олтмиш сўм ҳам кўп эди: «Бу пулни Мамат ўлсаям давлатга топширмайди: «Ҳаромхўр!» Бермайин деса, актнинг кучини яхши билади. Ўшанда кўрган: «Самадбой урганда эри бир кечаю-кундуз қон тупуриб ётган. Охири духтурхонага олиб боришди. Самадбой ували-жували, болалари чирқираб қолмасин, деб эри даъвоси йўқлигини айтибди. Лекин духтур: «Ким у, совет замонида бировни урадиган зўравон?», деб шартта акт ёзиб ташлаптию… Мамат ҳам ўшанда оёғидан илинган эдию… Ҳў, қон қусгур!
Банот пулни кўкрагига босиб, эшикка йўналди. Назарида яна ўн сўм ортиқчадай: «Нима қипти? Эллик сўм ҳам Маматни тешиб чиқади? Ўлмайди! Шуни ҳам тинч-омон бола-чақасига едириб кўрсин-чи!» Банот яна ўн сўмни сандиққа қайтарди.

4.

— Сиз ҳам бопладингиз, — деди бригадир қотиб-қотиб куларкан. – Юз сўм-а! Бало экансиз! Яна, директорга ўхшаб, дўқ урганингиз ортиқча! Сизни ювош одам деб юрсам… э, яшанг-э! Банот кўрнинг эрини қўрқитдингиз-а.
— Э, ука, керак бўлса, ювошнинг йўғони чиқади. Томошани энди кўрасиз. Ҳали замон Банот кўр ҳалпиллаб келиб қолади.
— Келса, қочиб кетмайсизми?
— Йўқ. Қочмайман. Бугун у билан би-ир-р ташлашайин.
— Банот кўр юз сўм беради, деб ўйлайсизми?
— Э, менга бир тийиниям керак эмас. Пулини бошимга ураманми? Бугун уни маралний эзишим керак. Гап шунда.
— Қўлингиздан келмайди-ёв.
— Бу нима? – Мамат «акт»ни пеш қилди. – Биз қоровулмиз, ҳаққимиз бор. Энди сиз ҳам оғзингизга талқон солмай, онда сонда гапни қувватлаб туринг-да.
Банот ўғли билан эрини етаклаб келганда улар ҳамон чайлада маслаҳатлашиб ўтиришарди. Банот қўтончадаги қўйларни кўрибми, ё бошқа мақсаддами, ювошгина бўлиб, чайланинг четига чўкди.
— Келинг, — деди Мамат пинак бузмай.
Чайлага бир зум ноқулай жимлик чўкди.
— Ҳамсоя бўлиш ниятимиз бор эди, — деди ниҳоят Саъдулла ака, — сизни яхши одам, деб кўп эшитганмиз, ўзимиз ҳам биламиз. Кўз кўзга тушиб турадиююю
— Ҳа-а… — деди Мамат кинояомуз, давом этаверингчи, дегандай.
— Энди-и, тўғри: бизнинг номимиз ёмонотлиққа чиққан. Яхши бўлсак ҳам ёмонмиз, ёмон бўлсак ҳам ёмонмиз. Биздан ўтгандир, ўтмагандир, қўйимиз бедага киргандир, кирмагандир, мана, ўғлимиз билади, сиз биласиз. Бир айбимиздан ўтинг…
Эрининг эзмаланишидан Банотнинг тоқати тоқ бўлди:
— Қўйларни беринг, — деди у Маматга ўқрайиб.
Бу гап Маматнинг нафсониятига тегди. Бир нарса деб юборишига сал қолдию, шайтонга ҳай бериб, ўзини босди:
— Ана, турипти қўйларингиз, олиб кетавермайсизми?
Кинояга киноя билан жавоб қайтаришга Банот ожиз эди. Ожизлигини ҳис этиш ундан-да ёмон. Энг ёмони – Маматнинг қўлида «акт» бор. Қолаверса, эрта-индин… Шуларга суянарман, деб…
— Мар-ҳа-ма-ат! – деди Мамат, сўзининг ҳар бир бўғинига урғу бериб ва қўйнидан буклоғлиқ қоғоз чиқарди. – Мана, шу «акт»ларга қўл қўйинг-да, қўйларингизни олиб кетаверинг. Икки соатдан бери уларни қўриқлаб ўтиравериш жонга тегди.
— Қўйлар бедапояга кирмаган! – деди Банот хезланиб.
— Кирмаган?! Ҳа-а, шундайми? Яна нима демоқчисиз? Тағин қанақа туҳматингиз бор, қўшнижон!? Айтинг! Армон бўлиб қолмасин. Балки давлатнинг бедаси катта энангиздан қолгандир, сизга мерос бўлиб!? Қўлингизда қоғозингиз ҳам бордир, бу бедазорда Банотнинг қўйлари бемалол ўтлаб юравериши мумкин, деган. А?! Бедазор отамдан қолган эмас, индамай кетаверсам. Давлатнинг мулки – бу! Мана бу «акт»га , — Мамат қўлидаги қоғозни силкиди, — қўл қўйсангиз қўйдингиз, қўймасангиз, бош тортди, деб ёзиб, ўзингизни ҳам давлатга топшираман, қўйингизни ҳам.
Эр-хотин бош эгиб қолишди. Орага яна ноқулай жимлик чўкди. Мамат бригадирга қаради, бригадир кўзларини олиб қочди. Мамат томоқ қирди. Ниҳоят бригадирдан садо чиқди:
— Бедани егани-ку, майли-я, — деди у чайналиб, аммо лекин… шундай катта йўлнинг ёқаси, раҳбарлар келиб қолса… яхши эмас. Бу кишигаям қийин, бўйнида жавобгарлиги бор…
— Мана бундан бўлган-да! – Банот туриб-туриб яна ўғлига ёпишди. – Қўйлар бедага кирмади, дегандинг-ку, жувонмарг!
Бола ҳиқиллади.
Бир юк Маматнинг елкасидан шундай босдики, ерга кириб кетаётгандай бўлди.
Банот ўғлини шапатлай бошлади. Бола йиғлаганча, чайладан қочиб чиқди.
— Бўлар иш бўлди, Маматжон ука, — деди Саъдулла ака. – Ҳамма гапингиз тўғри. Мен ўзим яримжон одамман, биласиз. Янгангиз уй ташвишидан ортмайди. Каттамиз техникумни битиряпти. Шу вақтгача зарари тегса тегдики, фойдаси тегмади. Кичкиналарининг қилиб ўтирган иши – мана бу! Ўзингиздан қолар гап йўқ. Биз ҳам яхшилигингизни унутмасмиз. Бир кун қайтарармиз. Сиз айтганча пул тополмадик. Тишимизнинг кавагида асраган қирқ сўм пенсия пули турган экан, янаги ойгача қозон қайнатмасак қайнатмасмиз, болаларнинг ризқидан қийиб, шуни олиб келдик. Мана! Илтимос, шу «акт»ни йиртиб ташланг. Кўп яхшиликларингизни кўрганмиз, яна бир укалик қилинг, Маматвой!
Шу тобда Мамат қаёқдан ҳам Самадбойни, унинг бола-чақасини эслаб қолди. Дийдаси қотди.
— Нега «акт»ни йиртар эканман?!
— Бир гапдан қолинг энди, Маматжон! Йиртиб ташланг шуни, жон ука.
— Йиртиб ташласак, кейин сизнинг қирқ сўмингизни қаёққа қўямиз?
— Майли, қаерга қўйсангиз қўяверинг. Шу қирқ сўм сизники.
— Сиз мени ким деб ўйлаяпсиз? – Бирдан Маматнинг жини тутиб қолди. – Мен пулингизга зор эмасман. Худога шукр, оёқ-қўлим бут. Сиз… сизларга қолса, ҳамма — ўғри, муттаҳам! Битта сизлар – тўғри! Сизлар – ҳалол! Самадбой-ку, майли, туғишган акасини қон қақшатган одам… — бригадирнинг турткиси боис Мамат тилини тишлади.
Бошқа пайт бўлганда эр ҳам, хотин ҳам Маматга нима дейишни яхши билишарди. Оғиз очгани қўйишмай, юммалаб ташлашарди. Лекин ҳозир… иложи борича камроқ чиқимдор бўлиш, Маматнинг жиғига тегмай, қирқ сўм билан масалани ҳал қилиш… Мамат юз сўмнинг барини келтирасан, дея оёқ тирамаётганидан хурсанд бўлишса, пулни олмаётганидан ташвишга тушиб қолишган эди.
— Энди, Маматжон, қўйинг шу гапларни! Манавини олинг-да, бизни…
— Ҳў-ўй, нима деяпсиз ўзи? Пора берганниям қамайди, олганниям. Қонун бор-а, тўғрими, бригадир?
— Ҳм-м.
— Мана, бригадир гувоҳ, қўйларингни ҳам, ўзларингни ҳам, актни ҳам керакли жойга топшираман.
Мамат бунчалик дейишга бормас эди. Боши қотиб қолди. «Акт»ни тузишга туздия, энди нима қилади? Уни йиртиб ташласа, анави пул… пора ҳисобланади, шекиллию Бригадир эса миқ этмайди.
— Майли, «акт»ни йиртманг, — деди Саъдулла ака бўшашиб. – Фақат ўша, «юз» деган жойини ўзгартиб, «қирқ» қилинг. Бизгаям раҳмингиз келсин. Тўғри бўламан, деб тўқмоқ еб юрган одамлармиз. Энди-и, давлатга ўзингиз топшириб қўярсиз. – Саъдулла ака пулни икки қўллаб узатди. – Мана, яна ўн сўмим бор эди, униям қўшай. Эллик сўм бўлди. Олинг энди шуни, Маматвой!
— Тортинг-э! – Мамат жон-пони чиқиб тисарилди. Юзи оқариб кетди. – Бу нима қилганингиз? – деди у лаблари гезариб, — ҳозир…
— Жон, ука, хўп дея қолинг! Яхши кунларингизда қайтарайлик. Болаларингизнинг ҳузурини кўринг. Жон, ука!.. – Саъдулла ака аянчли мўлтайганча, тиззалаб Мамат сари силжиди, узатилган қўлларида эллик сўм пул. – Қўйинг энди, нима ўтса биздан ўтди, бир марта кечиринг… — Кўзларида ёш қалқиди, овози қалтираб кетди.
Мамат тисарила-тисарила чайладан чиқди. Чиқатуриб:
— Бригадир билади, бригадир, — дейишга зўрға куч топди.
Бригадир юзини ўгирганча тутақиб ўтирар, афтидан яхшилик қиладиганга сира ўхшамасди. Ичида эса… Маматни, унга қўшилиб, номаъқулнинг нонини еган… ўзини бўралатиб сўкарди…

ЙИГИТ ҲАМ ЙИҒЛАЙДИМИ?

Мурод беш яшар…
Онаси бешикдагиси билан овора бўлиб қолдию,синглиси иккиси отасига эргашиб, кўчага чиқишди. Кузнинг ёмғирли, зимистон кечаси эди. Отаси ишга жўнаб кетгандан сўнг қоронғида қолишдан чўчиган Мурод:
— Ота, биз уйга кираверайликми? – деб сўради.
— Кираверинглар, — деди отаси, энкайганча велосипедининг қаеринидир созлашга уннаркан.
Ака-сингил чопқиллашиб уйга киришди.
— Отанг кетдими? – сўради онаси, бешикни тебратаркан.
— Ҳа.
— Яхши бориб келинг, дедингми?
— Йўқ.
— Ий-е! Боласи тушмагур! Яхши бориб келинг, демадингми? – Онасининг кўзларида безовталик акс этди.
Ака-сингил бир-бирларига қараб, бош эгишди.
— Ўтинглар, ётинглар қаққайиб турмай! Яхши бориб келинг, дейди-да одам. – Онаси чақалоқнинг йиғисига ҳам қарамай, шошганча ташқарига чиқди. Бир оздан сўнг бўшашиб қайтиб кирди. – Жўнаб кетибди отанг, — деганча, зарда билан бешикни тебратди. – Йиғлайвериб, бало бўлдинг!
Ака-сингил индамай кўрпага кириб кетишди…
Мурод ухлаб қолипти. Турткидан аранг кўзини очди.
— Тур, Муроджон, тур, туринглар, ҳовлига чиқинглар… — дерди онаси йиғили овозда, сўнг уни қучоқлар ва яна йиғлар, титроқ қўллари билан қизининг бошини силар, яна: — Туринглар, чиқинглар, йиғланглар… — дер эди.
Мурод уйқусираб, ҳеч нимага тушунмади. Онаси унга тўн кийдирди, белига белбоғ боғлади. Синглиси икковини етаклаб, айвонга олиб чиқди:
— Отагинангдан айрилиб қопмиз-эй! Отагинангни ўлдириб кетишипти-ей! Нима қиламиз энди, Муроджо-он??!!! Йиғланглар-эй! – онасининг кўзларидан шашқатор ёш оқарди.
Синглиси ёмон бир нарсани сезибми, қўрқибми, ёки онасининг сиқташидан таъсирланибми, баралла йиғлаб юборди. Лекин Мурод миқ этмас, ҳеч вақони англамас, тумшайиб турар эди. Кейинчалик кампирлардан бири:
— Сен бош ўғилсан! Энди укаларингга ота ўрнида отасан, болам! Уларга қара, онангга қанот бўл! – дея дув-дув йиғлаганда ҳам гарангсиши қолмади.
Тонг отди. Одамлар йиғила бошлади. Келган ким, кетган ким. Ҳовли гавжум бўлиб қолди. Мурод кузатиш эрмаги топилганидан хурсанд. Бировлар унинг бошини силайди, катта йигит бўлиб қолибсан-ку, дейди. Бундан кўнгли ўсади. Ҳовлида хотинлар давра олган, ўртадагиси аллага ўхшаш бир нима айтар, теварагидагилар унга жўр бўлишарди. Жуда ғалати эди-да бу ўйин. Тезроқ отаси кела қолсаю, Мурод унга ҳаммасини бирма-бир айтса. Бояги кампирнинг гапига қараганда, отасини духтурхонага олиб кетишганмиш.
Мурод Тоҳир амакисини қуршаган даврага яқинлашди.
— Бошига темир билан қаттиқ урган экан-да, занғар! – деди бурама мўйловли киши бош чайқаб, — бўлмаса, акангиз унча-мунчага бас келадиган одам эмасди. Мелисага хабар бериб улгурганини айтинг… Учта эканми улар?.. Қоровулга ҳужум қилиш… группавой… постда турган одамга… Ўзлариниям оналарини Учқўрғондан кўрсатса кераг-ов?..
Ҳеч кимдан садо чиқмади. Кимга қарама, афсуслангандек бош чайқайди, холос. Тоҳир амакисиуни кўтариб олди-да, даврадан чиқди. Амакиси ҳар гал ширин конфетлар олиб келарди, шунинг учун Мурод уни яхши кўрарди.
— Бизникида тўй бўляпти-я?!
Амакиси жавоб бермади.
— Ака, отам нега духтурхонага кетди?
— А? Отангми? Ёмғирда ишга жўнатибсизлар-ку! Оқшом совқотиб қолган-да!
— Тўйга келадими?
— Қайси тўйга?
— Мана, тўй бўляпти-ку! Онам қўшиқ айтяпти. Юринг, томоша қиламиз.
— Кейин… кейин…
— Ака, бугун менга кампут опкелмадингизми?
— Конфетми?.. Сен ҳам катта йигит бўлиб қолдинг, Мурод. Қачон мактабга борасан?
— Отам, келаси йил, деган.
— Нечага кирдинг?
— Олтмиш бирга, — деди Мурод сал уялинқираб.
— Ий-я, қариб қолипсан-ку, ука…
— Ака, сизни биров урдими?
— Йўқ.
— Унда нега йиғлаяпсиз?
— Оббо сен-эй! Урган одамни айтсам, уриб берасанми?
— Кучим етмайди-да. Кеча Алибек мениям урди. Йиғловдим, қочиб кетди. Ҳали кўрасан, Тоҳир акамга айтиб бераман, сениям боплайди, дедим.
— Кўзига кўрсатиб қўймадингми ўзинг?
— У мендан катта-да! Ака, сиз Алибекдан зўрсиз-а!? Уни уроласизми?
— Ҳа, адабини бериб қўямиз, шошамай турсин бу Алибек.
— Алибек эса, Тоҳир акангдан қўрқмайман, деди. Кейин отамга айтгандим, бор, ушлаб кел, қулоғидан чўзиб қўяман, деди. Мен чиққанча Алибек қочиб кетибди. Ҳали отам духтурхонадан келсин, Алибекни ушлаб бераман.
Шу орада Тоҳир акасини кимдир чақириб қолди. У Муродни ерга қўйиб, ўша ёққа кетди…
Мурод уйга кирди, ётди. Ухлаб қолган экан, кимдир юзларини силаб-сийпаб уйғотди. Қараса, ҳалиги кампир:
— Отангни духтурхонадан олиб келишди, тур болам, хўшлашиб қол, — деяпти.
Отаси тўрдаги уйда ухлаб ётган экан. Совқотиб қолмасин деб, бошини оқ латта билан боғлабқўйишипти: «Отам уйғонгунча Алибекни ушлаб келаман».
— Отам қачон уйғонади, момо?
Аёллар уввос солиб йиғлашди.
— Йиғла, болам, йиғла! Нимага йиғламайсан ахир?! Бу –охирги кўришинг! Энди қайтиб отангни ҳеч қачон кўрмайсан! Эё-й-й, шўри қуриган неварам-а!
«Момомни ҳам биров урганга ўхшайди».
Мурод энди йиғламайди. Алибекдан калтак еса ҳам йиғламайди. Ўшанда кўз ёшини оқизиб келганда отаси хафа бўлган, йигит ҳам йиғлайдими, деган. У йиғламайди.
Одамлар бир нимани кўрпага ўраб, айвонга олиб чиқишди. Хотинлар чувиллашиб қолишди. Эркаклар ҳалиги нарсани нарвонга қўйиб, кўтариб кўчага чиқишаётганда Мурод ҳам питиллаб ортларидан эргашди.
— Кел, отажон! – Ҳотам бобо уни опичлаб олди.
Бобо бир кўча нарида туради. Соқоли оппоқ. Муродларникига тез-тез келиб туради. Онасининг айтишича, у ёмон одам. Беш-олти марта уйлангану, хотин чидамаган: ё қочиб, ё ўлиб қутулган. Онаси:
— Камроқ келсин шу одам бизникига, — деган эди бир гал отасига. – Сиздан бошқа унга хотин топадиган йўқми?
— Кимни шунга жони ачирди? – деган эди отаси.
— Сиз-чи? Сизга нима? Хотин керак бўлса, ўзи топиб олсин! Невараси уйланадиган бўлиб турибди-ю!
— Ҳай, буям савоб иш-да! Мингта келин бир хотиннинг ўрнини босолмайди.
— Хотин керак бўлса, ўғиллари топиб берсин.
— Мен топсам нима қилипти? Бир қариянинг дуосини олсак олипмиз-да, хотин.
— Ҳе-е, қари бўлмай ҳар бало бўлсин. Кўзларини ёмон кўраман, олма-кесак териб туради. Кўнглида ғарази кўп у одамнинг…
Қўй, қирқ йиллик гапни қўзғама. У вақтлари сенам, менам бўлмаганмиз-ку. Нима бўлса бўлиб, унут бўлиб кетган. Яхшими, ёмонми, қариндошчилиги бор. Эрта бир кун оёқдан қолса, келинлари ҳам, қизлари ҳам кунига ярамайди. Бир хотинга зор бўлади, шунда…
— Доим шунақа деб енгасиз…
Онасининг айтишича, Ҳотам бобонинг кейинги уч хотинини отаси топган. Бари бари бобога хотин чидамаган, охиргисиям ўлиб қутулганми-ей, яна сўққабош эмиш…
Муроднинг отасига, у-бу, юмушимга қарашинг, деб қўшнилар келаверарди. Баъзси Муродга олма, бошқаси конфет тутқазардию Ҳотам бобо эса бирон нарса олиб келган эмас. Шунинг учун у Муродга ҳам ёқмас эди. Лекин ҳозир одамлардан орқада қолиб кетаётгнида Ҳотам бобо опичлаб олганига жуда хурсанд бўлди.
— Мени яхши кўрасанми, отажон?
— Сира кампут опкемайсизку!
— Ҳа-а… шунақа де. Оббо отажон-эй! Ҳали кўп кампут опкеламан, кейин мени яхши кўрасанми?
— Кампут опкеласизми? – сўради Мурод ишонқирамай.
— Ҳа, бир сандиқ опкеламан.
— Олма-чи?
— Олмаям. Ўшанда ота дейсанми мени?
— Йўқ… Ўзимнинг отам бор.
— Отанг йўқ энди. Ўлди! Уни кўмамиз, шу билан омин оллоҳу-акбар. Катта отангни қара, соқоли шалвираб, йиғлаб боряпти. Мени қулоқсан, деб сургун қилсаям ҳалигача омонман. Ўғли кўзини олдида асфаласофилинга жўнаворди. Энди сенга қийин, бир ўзинг ётишга қўрқасан. Шунинг учун сенга ота керак. Мени ота қиласанми?
— Ўзимнинг отам уйда, ухлаяпти! – деди Мурод, Ҳотам бобонинг гапларига парво қилмай. Чунки бу бобо илгарилари ҳам шунақа ёмон гапларни айтиб, уни қўрқитмоқчи бўлар, аммо у қўрқмас эди.
— Кўрмаяпсанми, ана, одамлар отангнинг ўлигини кўтариб кетишяпти. Оббориб кўмишади, шу билан тамом-вассалом. Онанг – эрсиз, сен – отасиз қолдинглар, — деди Ҳотам бобо ҳузур қилиб. – Ҳали катта отанг ҳам келиб оёғимга бош уриб, тавба қилади… Сен бошқа бировларникига бориб юрасанми, мени ота қилиб олавер-да. Кейин сенга ҳар куни кампут олиб келаман.
Мурод одамлар кўтариб бораётган нарвондаги – отаси эканига ишонмаса ҳам Ҳотам бобони яна ёмон кўриб қолди. Ҳатто кампут бераман, деганда ҳам индамади. Олдинроқда кетаётган Тоҳир амакисини кўриб, питирлаб, Ҳотам бобосининг қўлидан пастга тушди ва ўша ёққа югурди.
— Ака-а!..
— Ий-е, Мурод, сен ҳам келяпсанми? – Амакиси уни опичлаб олди.
Мурод амакисининг елкаси оша Ҳотам бобога ғолибона қараб қўйди-да, сўради:
— Ака, Ҳотам бобо ёмон одам, а?
— Нимага ундай дейсан?
— Онам доим шунақа дейди. Менгаям, отанг ўлди, энди мени ота қилиб ол, деяпти. Отам ўлгани йўғ-а, ака?! Ҳотам бобо алдаяпти-я?!
Ҳотам бобо чўтнинг соққасидай кўзларини йилтиллатиб, уларга тенглашди. Тоҳир акаси ёмон ўқрайди, лекин бобо парво қилмай, деди:
— Ўлим ҳам, отажон, ўлимга чора йўқ. У десанг ҳам, бу десанг ҳам янганг бева қолди…
Тоҳир акаси Муродни чап қўлига олди-да, чолнинг юз-кўзи аралаш башарасига солиб юборди. Ҳотам бобо нимагадир тойиб йиқилди. Мурод қувониб кетди: «Тоҳир акаси зўр! Ҳали Алибекни ҳам уриб беради!» Ёнма-ён кетаётганлардан бири Тоҳирнинг билагидан тортиб кетдию Бошқаси Ҳотам бобони турғизди. Бобо уст-бошини нари-бери қоқди.
— Майли, отажон, майли. Отангнинг кўз ёшини кўрдим, энди ўлсам ҳам армоним йўқ.. Шу кунларга етказганига шукр!
Калтак еган бўлса-да, Ҳотам бобонинг кўзларида ёш кўринмасди. Тоҳир амакиси
Эса йиғларди.
— Ҳе… ўша… сендақа ифлосни! Ҳали акамнинг болаларига сен ота бўлмоқчимисан? – Тоҳир акаси Муродни ерга қўйиб, уриниб-суриниб, Ҳотам бобо тарафга интилди. – Ҳали бургутнинг ўлими – қузғуннинг байрами бўлиб қолдими? Ҳе ўша…
Одамлар уни маҳкам ўраб, ушлаб қолишди.
— Кет бу ердан! Эмаса соқолингдан судраб, акамнинг лаҳадига тиқаман!
— Майли, отажон, майли, урсанг ҳам майли… Менга…
Уйга қайтиб келишганларида билдики, отасини яна духтурхонага олиб кетишипти. Оқшом ёмғирда қаттиқ совқотган экан. Шундан кейин ким отанг қаерда деб сўраса, духтурхонада дейдиган бўлди. Момоси ҳам, Тоҳир акаси ҳам шунақа дейишган-да.
Кунлар ўтаверди. Ҳадеганда отаси духтурхонадан келавермади. У отасини соғинди. Отам духтурхонадан қачон чиқади, деб инжиқлик қиладиган бўлди. Онаси тун бўйи ухламай, йиғлаб алла айтарди:
Алла болам, алла,
Ширин болам, алла.
Отасидан айрилган
Етим болам, алла.
Бир куни Мурод кўчада яна Алибек билан уришиб қолди. Бу сафар Мурод бўш келмади. Алибекни уролмаган бўлса-да, калтак ҳам емади.
— Мурод сағир, Мурод сағир! – деди Алибек уролмагандан сўнг.
— Ўзинг сағир! – деди Мурод бўш келмаганидан кучланиб.
— Менинг отам бор, отаси бор сағир бўлмайди. Сен сағирсан, сенинг отанг ўлган!
— Бекор айтибсан. Отам духтурхонада, ҳали келади, — деди Мурод. Дедию, бари бир кўнгли бўшашди.
Отаси духтурхонада жуда узоқ қолиб кетди-да. Тезроқ келса бўлмайдими? Алибекни ушлаб берарди. Кейин отаси уни роса саваларди. Отаси Алибекни уришини тасаввур қилди. Алибек додлайди: «Қўйиб юборинг-эй! Муродга иккинчи тегмайман!», деб ялинади.
Мурод жилмайди.
— Сени Тоҳир аканг шундай деб алдаган, — деди Алибек, — отам айтди-ку. Мурод сағир қолди деб. Етимча етти кулча. Энди-чи, онанг Ҳотам бобога тегади. Ҳотам бобони ота қиласан. У сени роса калтаклайди. Билдингми? Ийх! – Алибек маза қилиб кулди.
Бунақа гапларни Муродга биргина Алибек айтмаётганди. Ҳотам бобонинг номини эшитгач, Муроднинг хўрлиги келди. Аламининг зўридан узалиб, ерда ётган катта тошни инқиллаб кўтарди-да, Алибекка ташланди. Алибек эса: «Мурод сағир, Мурод сағир! Етимча – етти кулча!», деганча қочди-кетди. Унга етолмагач, Мурод аламидан йиғлаб, уйга югурди. Келса, айвондаги сўрида Ҳотам бобо ўтирган экан.
— Кел, отажон! – деди у кўзлари чақнаб, сўнг ошхонадан чиқиб келаётган Муроднинг онасига ўгирилди. – Ҳеч бўлмаса мана шу норасидаларингни ўйласанг-чи! Буларни катта қиламан, деганча сил бўлиб кетасан. Ёш жонингга жабр қилма. Мендан ёши бари бир чиқмайди. Икки дунёда ҳам мендан тузугини тополмайсан.
— Ким чақирди сизни? Кетинг! Кетинг бу ердан! Гапни кўпайтирманг! Эрсираб қолганим йўқ. — Онаси зарда билан ичкарига кириб, эшикни ёпди.
— Онажоним-эй! Бу шаштингдан тушарсан… эр ҳам керак бўлиб қолар… — Ҳотам бобо ўзича ғудраниб, гапи ўзига нашъа қилиб, кулимсираб ўтираверди.
— Тушаманми, тушмайманми, сизнинг ишингиз бўлмасин, — деди онаси ичкаридан қайтиб чиқаркан. – Нимага бутун қишлоққа сассиқ гап тарқатиб юрибсиз? Ким сизга тегаман, деди? Уялинг! Уят сизга! Туринг, кетинг бу ердан!
— Қўй, онажон, қўй, ҳайдама! Ундан кўра уйингга киргиз, овқатинг пишаётганга ўхшайди, сузиб кел, ейлик. Бундан кейинги ишларни бафуржа келишиб олайлик. Сен – есир, мен – есир…
— Мурод, тез бориб Тоҳир акангни чақириб кел, — деди онаси, ошхонадан косов кўтариб чиқаркан. – Бу мияси айниган кучук яхшиликча кетмайдиганга ўхшайди.
Амакисининг ҳовлиси узоқ эмас. Мурод чопқиллаб кетди. Амакиси жуда яхши-да. Бир мошин кўмирни ўзи ҳовлига ташиб берди. Каттакон халтада оқ кампут, ун олиб келдию Онаси, яхшиям Тоҳир аканг бор экан, бўлмаса, ҳаммамиз очдан ўларканмиз, дейди. Отаси дутурхонада ётиб олгандан бери Ҳотам бобо жуда серқатнов бўлиб қолди. Отаси уйда бўлганида-ку, бу чол онасига қайрилиб ҳам қаролмасди. Жилпанглаб, ишини битирарди-да, жўнаб қоларди. Энди жуда бемалолхўжа, хоҳлаган пайтида кириб келаверади. Эҳ, Муроднинг кучи етгандами, Ҳотам бобони йиғлаганча урарди. Ҳали кичкина-да…
У амакисини бошлаб келганда онаси сўрида чақалоғини бағрига босганча, эмизиб ўтирган экан.
— Яна келдими у? – деди Тоҳир акаси тутақиб.
— Ҳа,.. косов билан зўрҳа ҳайдадим.
— Бир гап бордирки, у ҳадеб келаверади!
— Шу гапни айтмаган битта сиз қолувдингиз. Ўзингиз билмайсизми нима гап борлигини? Акангизнинг арвоҳи чирқиллаб турганда менга шу гапни айтасизми? Тегмайман эрга! Ҳеч кимга тегмайман! – Онаси қон бўлиб йиғлади. Унга қўшилиб чақалоғи, кейин Мурод ҳам йиғлаб юборди. Онаси сиқтаб давом этди. – Ҳотам чолнинг онангизга уйланмоқчи бўлганини, аммо онангиз унга тегмаганини, бутун умр Ҳотам чол шу армон билан яшаётганини биларсиз? Ўзи ҳаммага айтиб юради-ку. Отангиз актив бўлиб, кейин Ҳотам чолни қулоқ қилганини ҳам билмайсиз-да, сиз а? Алами кўп у одамнинг сизлардан. Энди жабрини мен тортаяпман. Бекорга Тоҳирнинг янгаси менга тегишга розилик берди, деб Барлосга гап тарқатиб юриптими? Отангиз ҳассасини пешанасига диқиллатиб уриб йиғлаётганда ишшайиб: «қайтар дунё бу оқсоқол», деганидан хабарингиз бордир. Шунча гапни била туриб, менга яна нима дейсиз?
Тоҳир акаси ўтирган жойидан сапчиб турдию: «Ҳе… ўша…» дея сўкинганча, отилиб кўчага чиқди.
«Ўҳҳ! Боплайди энди!»
Ҳотам бобо ўшанда Тоҳир акасининг дарагини эшитибоқ, энди мени ўлдиради, деб қочиб, икки кун сомонхонасида яшириниб ётган экан.
Бир куни Муродларникига яна одамлар йиғилишди. Унинг назарида яна тўй бошланди. Ўйнаб юриб, ошхонага кирдию, қотиб қолди. Отаси орқасини бериб ўтирганча, қозондаги шўрвани шопирар эди. Мурод қувониб кетди: «Отаси духтурхонадан қайтиб келипти-да! Қандай яхши!» Соғингани шунчаликки, отасининг бағрига отилиш ўрнига нафаси ичига тушиб, жимгина ташқарига чиқди. Коса кўтариб келаётган онасининг этагидан ушлаб тортди-да, отасини кўрсатганча шивирлади:
— Отам!
— Нима, гўшт ейсанми? – Онаси эгилиб сўради.
Мурод йўқ маъносида бош силкиб, «отам», деб шивирлади яна. Кейин онасининг орқасига яшириниб, отасини кузатди.
— Бовоси, менинг ўғлимга озроқ гўшт беринг, — деди онаси.
— Ҳа?!
Муроднинг кўзлари қинидан чиқиб кетай деди. Қозон бошидаги одам ўгирилиб унга қаради: у бошқа одам эди!!! Отаси эмасди!!! Ўтириши, мўйлови, ҳатто юзи ҳам ўхшаркану…
— Қоч, қоч! Баринг болангни етаклаб келаверасан. Гўштни сенларнинг болаларингга берсам, меҳмонларга нима қўяман?
Мурод йиғлаб юборди. Йўқ, гўшт беришмагани учунмас, алдангани, отаси келмаётгани учун йиғларди. Отаси бўлса ҳеч кимуни ҳам, онасини ҳам силтаб ташлай олмас эди.
— Ҳа, жўра! – Ортдан келиб қолган Тоҳир акаси уни даст кўтариб олди-да, бағрига босди. Овутди. Қозон бошида ўтирган бобони уришиб, унга гўшт олиб берди. Бироқ Муроднинг кўнгли гўшт тиламасди. У хун бўлиб, баттар йиғлади.
— Отасини соғинипти-да, Мурод! Қўй, йиғлама, жўра! Айтган вақти бир туюр гўшт берсангиз ўлиб қолармидингиз? Биласиз-ку, кўнгли яримта… Бўлди қил, ахир сен катта йигит бўлиб қолдинг-ку! Йигит ҳам йиғлайдими? Духтурлар отангга рухсат беришмаяпти экан. Ҳали бориб, духтурларни уриб, отангни тортиб олиб келамиз, хўпми? Қани, жўра, ахир кап-катта йигит…
Йиғламай деса, отасини соғинган. Отаси эса сира келмаяпти. Ҳотам бобо эса онасини қўрқитгани қўрқитган. Алибек гарчи энди уролмаса-да, етимча – етти кулча, деб қочади. Мурод қаттиқ ўксинган, кўз ёшлари маржон бўлиб оқар эди.
— Ҳўй йиғлоқи, отанг кўрса нима дейди? – деди ўчоқ бошида ўтирган бобо.
Мурод гўё эшикдан отаси кириб келаётгандай сергак тортди. Жимит қўлчалари билан кўз ёшларини артди.
— Отам келса, Алибекни тутиб берамиз-а? – деди Тоҳир акасига.
— Ҳмм!
— Ҳотам бобониям, а?
Тоҳир акаси юзини терс ўгирганча, қулт этиб ютинди…

ИСМАТНИНГ ҚИСМАТИ

Трестдан хафа бўлиб чиқди у: «…шунақа, Исматвой, — дейишди, — интизом қаттиқ бизда, — эрталаб соат саккиздан кеч соат…» Тағин маоши саксон сўм эмиш. Бор-йўғи саксон сўм, а? Институтни битирган бўлса-ку, кейинроқ каттароқ бир ишга кўтарилиш мумкин эди. Ўрта махсус маълумоти билан… умри югурдакликда ўтиб кетади энди. Ҳали ҳам кеч эмас. Политехника институтига киради. Э-э, онаси омон бўлсин. Ҳам уни уйлантирмоқчи, ҳам уй олиб бермоқчи. Бугун хўроз қичқирмай туриб, Барлосга кетган. Ўша қишлоқда Исматнинг холаси туради. Холасининг ойдай қизи бор. «Шуни олиб берамиз, шу қишлоқда яшайсан. Районга қатнаб ишлайверасан», деган онаси. «Ичкуёв бўлиб, а?» — «Нега энди? Раҳима хола деган уйини сотаётган экан…» . «Шуни олиб берасизми?» — «Ҳа». Ана шунақа. Дипломинг бўлса, ишинг, уй-жойинг, тағин ойдай хотининг ҳам бўлса, яна нима керак ўзи? Яп-янги костюм кийиб, галстук тақи-иб юради. Боради, саккиз соат ишлайдими, йўқми, қайтиб келаверади.
Асли… трестдагилар кўпдан муштоқ бўлиб кутаётгандек, назарида қучоқ очиб қарши оладигандек туюлганди. «Келинг, келинг, Исматжон!», дея қўшқўллаб кўришиб, тўрдаги креслога ўтиринг, дейишса. «Бизга сиздай мутахассис йигит жуда керак-да», деб роса қувонишса. Бирдан бошлиққа муовин қилиб қўйишмас-ку-я, ҳар қалай у мартабага чиқиш учун бир йил-ярим йил ишлаш керак, лекин… «Сиз учун атай катта бир бўлимимизнинг мудирлигини сақлаб тургандик, энди шу бўлимни ўзингиз кўтариб берасиз. Қўл остингизда беш-олтита ходим…», дейишса. Исмат камтарлик қилса, одоб юзасидан: «Йўқ, йўқ, сизлар нима деяпсизлар ўзи? Бизда тажриба бўлмаса. Куни кеча диплом олган бўлсак, ахир бу лавозим… оғирлик қилар», деса. «Эплаёлмайман», демаса. Айнан «оғирлир қила-ар», деса. Улар: «Биз сизга ишонамиз. Сиз ёш, серғайрат, назарий жиҳатдан, хў-ўш яхши қуролланган йигитсиз. Ахир ишнинг оғирини си қилмай, биз қилайликми?», дейишса. Шунда Исмат танг аҳволда қолгандай, ўзига ишонч билдирган бошлиқнинг гапини икки қилганидан гўё мулзам бўлаётгандай, ерга қараса. Ўзини, энди нима қилсам экан, дея ўйлаётгандай кўрсатса. Бошлиқ: «Ташвишланманг, ука! Биз ҳам четда қара-аб турмаймиз. Кўмаклашамиз, ишни эплаб кетасиз!», деб яна қийин-қистовга олса. Ахири Исмат бошини кўтарса-да, ноилож рои бўлгандай, уфф тортса. «Сиздай раҳбар шундай деб тургандан кейин…», деса. Бошлиқ: «Баракалла! Ўғил болача гап бўлди бу! Қани юринг энди, ходимларингиз билан таништирай», деса. Кейин бошлиқ олдинда, Исматбой кейинда, секи-ин бўлимга кириб боришса. Ходимларнинг ҳар бири ўрнидан туриб, икки қўлини кўксига қўйиб, у билан сўрашса. Бошлиқ: «Танишинглар – ёш, серғайрат бу йигит бугундан бошлаб сизларнинг мудирингиз – Исмат Саъдуллаевич!», деса. Қарсаклар янграса, Исмат нимтабассум билан ҳар бир ходимга раҳмат, раҳма-ат, дегандай, енгилгина бош силкиб қўйса. Ёки қовоғини солиб тургани маъқулми? Йўғ-э, бирдан, қолаверса, бошлиқнинг олдида қовоқ солиш одобдан эмас… Хуллас, ярим йил ўтар-ўтмас болиқ бошқармага кўтарилиб кетсаю, областдагилар: «Исмат Саъдуллаевич! Гап бундай: биз сизга ишонамиз… «йўқ» деманг. Бу трестни сиздан бошқа ҳеч ким эплаб ололмайди!», дейишса…
Исмат, чўнтагида йўлланма, хаёлида – ана шунақа ўйлар, ўпкасини қўлтиқлаб азонда трестга келган эди. Бошлиқ олдинига уни ҳатто қабул қилмади. Бир амаллаб чошгоҳда унинг ҳузурига кирди, кирса… чарча-а-аб ўтирган экан шекилли, йўлланмаю-ҳужжатларга энсаси қотгандай бир қараб қўйди-да, «ишлайман десанг фалон штат бўш… ойлиги саксон сўм», деди. «Бир йил-ярим йил ишлаб турасиз, кейин яна ўйлашиб кўрамиз. Шунақа, Исматвой интизом қаттиқ бизда – эрталаб соат саккиздан кечки…»
Исмат қаттиқ ранжиди. Маоши саксон сўм бўлар эмиш. Еган-ичганига етмайди-ку. Агар бошини иккита қилишса, анавиниям боқиши керакми? Шаҳар жойда қадамингда пул кетади. Ёр-дўст бор, улфатчиик қилишга тўғри келари бор. Э-э, бўлим мудирлиги… зўр бўларди-да. Шунда яп-янги костюм кийиб, қишлоққа кириб бормоқчи эди. Бошида профессорлар киядиган шляпа. Кўпдан буён шуни орзу қилади у: мудир бўли-иб, шляпа кийиб юрса!
Унга алам қилади: ҳамма бало шундаки, на отаси, на онаси… жиллақурса, бригадир ҳам эмас. Кўряпти-да, ҳатто кассир-пассирларнинг болалари ҳам ҳеч қийналмай ўқишга киряпти, институтни битирмай, иш жойи тайин. Улар ҳеч нимага қайғуришмайди. Исматнинг ҳам иши юришиб кетар эди-я, шу… бир профессорнинг қизини қўлга киритишга оз қолди, лекин… бўлмади. Воҳиднинг, ҳа ўша, Барлослик Воҳиднинг – у ҳозир университетда ўқияпти, — туғилган кунини нишонлашаётган эди. Исмат ўтириш чоғи ўша қиз билан танишиб қолди. Суқсурдайгина экан. Онаси болалигидан, холангни қизини олиб бераман, деб юрарди. Холасининг қизи ҳам ойдай , сулувгина. Лекин чиройига нон ботириб ейдими? Манави ҳурилиқонинг отаси профессор. Аввал-бошда улар ширингина суҳбатлашиб ўтиришди, ҳатто қиз бир-икки марта жилмайиб ҳам қўйди. Кейин Исмат ишни пухта қилай, деб жониқиб: «Эртага кинога борайлик!» дедию, балога қолди. Қиз ғалати қараш қилди. Кейин иддао билан ўрнидан турди-да, кетди-борди. Исмат изза бўлиб қолаверди. Шунда ҳам кўнгил узмади – унинг йўлини кўп пойлади. Қиз эса… Исматни кўрса, лабини жийирадиган, йўлнинг нариги четидан бетини тескари буриб ўтадиган бўлди. Ҳа, қаловини топа олмади Исмат! Ўшанга уйланганда-ку, институтга ҳам кирарди, бўлим мудирлиги ҳам тайин эди. Бир кун келиб, зўр олим ёки ёзувчи бўлиб кетса! Кимсан Исмат Саъдуллаевич! Тагида нимқора «Волга». Ўзиям чакана қиз эмас эди! Трест бошлиғи қабулхонасида ўтирган котиба-потибалар унинг тирноғига арзимайди. Холасининг қизиям шуларнинг бири-да. На маданиятни, на бунда-ай бришни билади булар. Уйланганингга яраша кимсан фалончи профессорнинг қизини олсанг экан. Студентлар ибораси билан айтганда, ўшанда унинг «танкаси» ҳам зўр бўларди. Йўлидаги ҳар қандай тўсиқни босиб-янчиб ўтаверарди. У – Исмат Саъдуллаевич бўлса, «танка»нинг орқасидан кўкрагини кери-иб бораверарди. Энди «танканг» зўр бўлгандан кейин анави – мудирлик-пудирликлар ҳеч гап эмас-да.
Балки ўша қиз: «Бу бир техникум студенти-да», деб писанд қилмагандир-а? Ҳалиям кеч эмас. Бир йўлини қилиб, институтга кириши керак. Яшаганингдан кейин шаҳарда – кўп қаватли уйда яша-да. Тагингда машинанг бўлсин, ёнингда хотининг…

Исмат ҳали-бери қишлоққа қайтгиси йўқ эди. Борганда уйга сиғмайди, юраги тарс ёрилиб кетяпти. Тентираб юриб, бозорга кирди. Ундан атторчилик дўконига ўтди. Қараса, учта қиз бир нима харид қилишаётган экан. Ий-е! Уларнинг бири – холасининг қизи-ку! Ҳа, ўша, ойдан қиз, худди шуни Исматга олиб беришмоқчи! Атлас кўйлак кийиб, сочларини майда ўриб олганини қаранг! Тузук, тузук, уйланса бўлади. Кўриниши ёмон эмас-а! Қадди қомати ҳам… ҳар қалай… бўлади… Ўзи, бир қаричлигида хушрўйгина эди. Пича олифталигиям бор шекиллию Чиройли қизлар сал тантиқроқ бўлади. Ҳечқиси йўқ, кейинчалик гаҳ деганда қўлга қўнадиган қилиб олинади. Лекин бари бир профессорнинг қизи зўр эди-да. Нима бу?! Энди ўшандан кечиб, мана бунга уйланиши керак. Ота-онаси шундай деб тургандан кейин… Яқинда ўнинчи синфни битиряпти. Буям ўқишга кирмоқчи эмиш, ҳамшираликка. Майли-да, олдин тўй ўтсин, кейин уй-рўзғор ишлари академиясига жойлаштириб қўяди Исматвой. Ҳамширалик ҳам гап бўлиптими?
— Салом берди-ик, — деди у ишшайиб, қизнинг ёнига боргач. – Хў-ўш, нима харид қиляпсизлар?
Қиз унга совуқ қиё боққан кўйи билинар-билинмас бош қимирлатиб, саломлашган бўлди. Кейин алламбалони олиб, кўздан кечира бошлади. Унинг бу қилиғи – эътиборсизлиги Исматнинг ҳамиятига тегди. Майли, ҳар қалай у кўпни кўрган йигит. «Мунақа таннозларнинг нечтасини қўлдан ўткиздик. Керак бўлса буниям…» Исмат шундай деб ўзини овутди, овутмади, ўзини кўкларга кўтарди. Гарчи ҳалигача бирон қизнинг қўлидан тутмаган бўлса-да, бу борада ўзини катта малака эгаси, деб ҳисобларди. Ҳа, ҳали шунақа қиладики, бу танноз ҳузурига етти букилиб кирадиган бўлади. Бу танқайган бурун ерга тегади ҳали. Аммо ҳозир… дипломат бўлиш керак. Майли-да, ундан нима кетди, бир-икки кун тўйгача – ноз-истиғно қилса қилар. Ундан кейин… ўзи чиндан ҳам ойдайгина, а?! Қўлдан чиқариб қўйиш ҳеч гап эмас. Бу ёғига юганни маҳкам ушлаш керак.
— Атир олиб берайинми? А? – деди у, хаёлига келган фикрни баён этиб. Рости, топағонлигидан қувониб кетди. Атай қизнинг елкасига кифтини теккизиб, чўнтагидан пул чиқарди-да, сотувчига ўгирилди:
— Та-ак, духингизнинг энг зўридан олинг-чи!
Баногоҳ қиз ўзини четга олди, «нега мунча тирғаласан? Нима, мен сенинг хотинингманми?» дегандай ўқрайди. Исмат пулни сотувчига узатган кўйи қотиб қолди. Нима қилса экан? Духини олсинми ёки… Нега манови қўполлик қиляпти? Холамнинг қизи шунақадир, деб сира хаёлига келтирмаган эди. Назарида уни кўрган заҳоти қиз дув қизариб, яширинишга жой тополмай, югурганча қочиб кетиши зарур эди. Бу эса… пичоқсиз сўйди Исматни! Сўйди-е! Онаси Исмат эсини таниганидан бери: «холангнинг қизи ойдайгина. Бегоналашиб кетмайлик, сен шуни ол», деб ялинади. Исмат ҳам, қариндошлар узилишиб кетмайлик, деб… ҳатто профессорнинг қизигаям кўп тирғалмади. Бу эса… Йў-ўқ, эсини киритиб қўйиши лозимга ўхшайди.
Бир пайтлар Самарқанддаги ёшлар хиёбонидаги бир воқеага гувоҳ бўлга эди: Бир қиз билан йигит чиқишолмай турган экан. Қиз нимадир деб жеркинди. Шунда йигит ўхшати-иб шапалоқ тортди. Бечора қиз юзини беркитдию… Йигит эса ҳеч вақо бўлмагандай унинг қўлтиғидан олдию, қани юр, деди. Қиз юрди. «Кўз ёшингни арт. Кўчада менга ҳунар кўрсатма. Сен ўйлаган йигитлардан эмасман, тушундингми?», деди йигит қизга. Исмат аниқ эшитди. Шундай. У ҳам шундай қилсамикан? Керак бўлса, Исмат ҳам холасининг қизи ўйлаган йигитлардан эмас…
Исмат шартта унинг билагидан тутди. Шу пайт нақ қулоғининг остида бир нима шарақ этди. «Ҳе ўл-э, йигит бўлмай!» — Кимдир қарғанди. Бундай қараса, холасининг қизи дўкондан отилиб чиқиб кетяпти. Дугоналари ортидан эргашди. Сотувчиям. Исмат ҳам анграйганча қолаверишди. Яхшиямки, дўконда бўлак ҳеч ким йўқ эди. Бўлганида Исмат иснодга чидолмай, Барлосдан бош олиб чиқиб кетишига тўғри келармиди ҳар қалай… Бу қандай кўргуликки, онасининг неча йиллик ўтинчидан сўнг манавинга уйланишга Исмат розилик берсаю, она сути оғзидан кетмаган бу таннозча ўйин кўрсатса. Ҳаммасига чидаш мумкиндир, лекин дабдурустдан қўл кўтарганига нима дейсиз? Шу қилганига сочидан торти-иб, бир… хумордан чиқиш керак эдию, аммо… ҳали адабини бериб қўяди, шошмай турсин! – Исмат негадир бўшашганча туриб қолди. Негадир жаҳли ҳам чиқмасди. Ниҳоят у шалвираган кўйи дўкондан чиқди. Холасининг қизи бир дарахтга суянганча ҳиқиллар, дугоналари эса уни юпатиш билан банд эди. Улар бориб то автобусга чиқишганча Исмат дўкон олдида каловланиб турди. Э-э, нимасини айтасиз, ўзи бугун ҳеч иши юришмади, юришмади-да. Бир бало бўлди ўзи. Чап томони билан турганмиди? Трест бошлиғи-ку, майли, Исматга қайишмайди, бегона. Лекин манав танноз, эрта-индин хотини бўладиган ойимча унинг раъйига қараса ўлармиди? – Исматнинг дилидаги норозилик кучая бориб, ғазабга айланди. Шундай йигит муштдай қизчадан, тағин жамоатчилик жойида шапалоқ еди-я! Энди Исмат икки дунёдаям унга уйланмайди. Эрсиз қолса қолиб кетсин-э!
Исмат ҳам автостанция томон юрди. Бир тўхтамга келганича холасининг қизи минган автобус жилди. Шундан кейин Исматга баттар алам қилди. Танноз ҳозир шу ерда бўлганида ҳеч эсидан чиқмайдиган қилиб, би-ир таъзирини берарди-я, лекин… шугинадан калтак едими? Йў-ўқ, шошмай турсин, ҳозир орқасидан боради, холасининг олдида би-ир адабини беради – сочидан бура-аб… Холасиям қизини ажратиб бўпти. Яхшилаб ҳисоб-китоб қилади, кейин: «Энди қизингизни пишириб енг! Мен профессорнинг қизига уйланаман», дейди. Она-болани би-ир куйдирсин, би-ир сочларини юлиб қолишсин. Э товба! Урди-я! Исматни урди-я! Ҳеч бўлмаса сабабини айтиб, кейин ур, номард! Ҳа-а, шошмай турсин! Автобусда беш минутлик йўл-ку. Кўз очиб юмгунча орқасидан етиб боради. – Исмат кейинги автобусга чиқди. Боради, ора очди қилади. Хола, онам бегоналаашиб кетмайлик, деди. Оқибатини ўйлаб, хўп девдик, лекин бу қизингиз, йўқ , қизингиз демайди, бу танноз, йўқ, танноз ҳам эмас, эчкича, ҳа, айнан шунақа дейди, ҳа, эчкича… шунақа, ҳа, шунақа , дей ди. Кейин тўғри бориб, институтга киради. Керак бўлса, профессорнинг қизига уйланади. Ўшанда модни кийинган хотинчаси билан қўлтиқлаши-иб Барлосга келади. Атай мана шу кўчадан – холасию, унинг тентак қизи олдидан ўтишади. Улар анграйи-иб қолишади. Холасининг қизи ўшанда ҳам эрсиз қари қиз бўлиб ўтирган бўлади. Келиб Исматнинг оёғига йиқилади: «Мен ахмоқ эканман! Мен тентак эканман! Мен эчкичани кечиринг!», дейди, йиғлайди. Исмат эса … ҳатто қайрилиб қарамайди. Ҳеч нарсани кўрмагандай, тўғри ўтиб кетаверади. Холасининг қизи изиллаб, яна унга ёпишади: «Агар тарсакимни унутмаган бўлсангиз, — унутинг! Мана, ҳаққингизни олинг. Мениям уринг! Ўлдиринг! Мен шунга лойиқман! Сиздай олижаноб инсоннинг қадрига етмадим. Энди менга ҳаёт ҳаётми? Бу кунимдан ўлганим яхши! Ўлдиринг! Сизнинг қўлингизда жон берай!», дейди. Шунда Исмат нима қилиш кераклигини ўйлаётган кишидай, виқор билан гастугини тўғрилайди, сўнг… Э-э, айтгандай, ўшанда ёнида профессорнинг қизи ҳам бўлади-ку, а? У ҳайрон бўлиб, бир ёқавалангар қизга, бир қимматбаҳо шляпасини тўғрилаётган эри – Исмат Саъдулаевичга қарайди. «Что такое?», деб сўрайди. «Не обрашай внимания! Ерунда!», деб қўяди Исмат Саъдуллаевич.
Холасининг уйи Барлосга кираверишда катта йўлнинг ёқасида. Исмат автобусдан тушган заҳоти холасига нима дейиш ҳақида ўйлай бошлади. Шундай гапирсинки, шунақа гапирсинки, уялганидан анавилар ерга кириб кетишсин. «Исматжон, ўлгулай!», деб она-бола ялинишсин, ёлворишсин. Ҳа-а, бировда ҳаққини қолдирадиганлардан эмас Исмат.
Холаси дарвозага чиқиб, қўлларини белига тираганча, ҳойнаҳой, унинг йўлига кўз тикиб турган экан. «Йўғ-э, наҳотки?!.» Исмат орқасига ўгирилиб қаради. Ҳеч ким йўқ. Демак, холаси уни кутяпти. Майли, кутсин. Бориб, ҳозир ўғил болачасига гаплашиб қўяди. – Исмат ўзига ҳар қанча далда бермасин, яқинлашган сайин юраги увуша бошлади. Холаси кўп ёмон-да. Аччиғи бурнининг учида туради. Са-ал жаҳли чиқса, бас, юзингда кўзинг борми демай… Исмат яқинлашгач, ҳақиқатан ҳам холасининг авзойи бузуқлигини пайқади. Ўзиям, қўлида таёқми-ей. Исматнинг қадами секинлашди. – Нима қилса экан? Бораверсинми, ё бирор юмуш билан ҳў-ў биттасиникига бораётгандай, ўтиб кетаверсинми? Холаси бари бир… қувса-ку, етолмайди. Исмат югуришга уста, оёқлари енгил, лекин… орият дегандай… лўкиллаб қочиб юрса… Э-э, нимадан қўрқади ўзи? Ахир холасининг қизига қўлини теккизгани йўқ-ку! Урган –у, қочган – у, тағин… индамагани учун холаси Исматдан миннатдор бўлсин. Оббо! Оёқлари нега қалтираяпти? Холасига нима дейишни боя обдон ўйлаб қўйганди, ҳаммаси эсидан чиқиб кетди. Энди нима қилса экан, а?!
Холасини кўриб, қўвониб кетгандай: «Ий-е, хола, ассалому-алайкум! Нима қилиб турибсиз бу ерда?!», деганча. Исма қўл чўзди. Лекин холаси: «Торт қўлингни!», деди тўрсайиб.
— Ий-е, хола, тинчликми? Нима гап? Сиз… олдин бу ёғини эшитинг! – деди Исмат ортига тисарилганча, сўнг ён-верига қараб олди. Ҳар қалай, қочадиган йўлини чамалаб олгани маъқул-да.
— Нега қизимни урдинг, қўлинг сингур!?
— Ий-е, хола, нималар деяпсиз ўзи?! – Исмат ҳамон хушмуомала бўлишга уринар эди. Ахир маданиятли кишилар ҳар қандай шароитд ҳам назокатли бўлишлари лозим-да. – Қизингизга биз текканимиз йўқ, тегмаганга кесак отган…
— Урибсан-ку, ана, дугоналари айтди. Ҳўй, э йўқ, бе йўқ, бу нима хурмача қилиқ, а?! Сен тентакка қолдими бояқишнинг куни?!
Холасининг кейинги гапи Исматнинг эт-устихонидан ўтиб кетди.
— Пишириб енг ўша эчкичангизни! Ўлиб қолганим йўқ, шунга ошиқ бўлиб! Чақиринг ўзини бу ёққа! Бировнинг боласини уриб, тағин туҳмат қиладими? У замонлар ўтиб кетган!
— Мана! Мана қизим! Мана!..
Гап билан бўлиб, Исмат таёқ етгулик жойга бориб қолган экан, ўзини четга олгунича аввал сонига, кейине ҳалиги… учта зарб тегди. Ё холаси аяди, ё ўзи эпчиллик қилди – унча жони оғримади. Бари бир қайрилиб қочди. Қочаётиб, холасининг ойдайгина қизи деразадан мўралаб турганини илғади. Ўзиям, шу ерга ипсиз боғланиб қолгандай таққа тўхтади. Бор гапни ётиғи билан тушунтирмоқчи бўлди. Қараса, холаси таёқни ҳаволатганча, орқасидан қувиб келяпти. Бир хаёли, «ҳў-ўв холажон, ҳадеб мени қувганча, эчкичангизга қаранг. Ўзи ўли-иб, иўлтайии-иб турипти-ку. Танача кўзини сузмаса…» деб холасини узиб олмоқчи бўлдию, яна таёқ ейишдан, тўғрироғи қиз боланинг олдида ўсал бўлишдан қўрқди. Айтиб бўладими, тақдир дегандай… Эрта-индин…
Исмат ўзини узумзорга урди.

Орадан икки-уч кун ўтгандан кейин Тоштемирнинг соқол олдириб, ҳаммага кулгу бўлгани бир чеккада қолиб кетдию Барлос бўйлаб янги гап тарқади: Исмат холасининг қизини олиб қочиб кетганмишми-ей…
Шу кунларда мени шошилинч Тошкентга чақириб қолишди. Ёзганларимни тез нашриётга топширишим керак экан. Тўрва-халтамни кўтариб бораётсам, Норхолнинг онаси кўчада беш-олтита хотиннинг ўртасида: «Ҳа-а! Айтмабмидим?! Исматни анойи деманглар! У ахир… отаси бўш бўлгани билан… онаси Банот кўр бўлади, демаганмидим?!», дея гап маъқуллатаётгани қулоғимга чалинди. Бу ёғи нима гап дейсизми? Шошмай туринг, мен яна қишлоққа бораман-да, ҳаммасини аниқлаб, сизга айтиб бераман.
Келишдикми?

ҲАШАРЧИЛАР

Мамат молхонасининг томига лой қорди. Яхшилаб суваб қўймаса бўлмайди. Томнинг соғ жойи қолмаган. Сал ёмғир шивалагудай бўлди деганча, икки кеча-кундуз томчи томиб ётади. Бир йўлини қилиб, ёзга чиқиб олишди. У бўлди-бу бўлди, қарашса, куз ҳам келиб қоляпти. Хотини қўймади. Ҳар қалай, хотинларнинг ҳам борига шукр. Баъзида тўғри, баъзида нотўғри гапни айтиб, эрларини йўлга солиб туришади. Маматнинг ўзи сал дангасароқ. Ҳовлида бирон иш чиқадиган бўлса, дарров отига миниб, бедазорга боришим керак, бригадир айтган, деб жўнаб қолади. Шунақа бўлгандан кейин уни ҳал қил, буни ҳал қил, деб турган хотинга ҳам раҳмат.
Мамат шуларни ўйладию, кеча ишдан эртароқ қайтиб, лой қорди. Майда сомон аралаштириб, роса оби-тобига етказгандан сўнг, ачисин, деб эрталабгача қолдирди. Кеча бригадирга, шунақа гап, деса: «Кўряпсиз-ку, озир бош қашишга вақт йўқ. Ҳеч бўлмаса якшанбагача тўхтатиб туринг», дейди. У якшанба, бу якшанба, деб куз келиб қолди. Якшанбагача яна ўнта баҳона топилади. Бригадирга ўхшаган амалдорлар ялинтиришни яхши кўришади. Ахмоғингни топибсан, дедию, кетди-қолди. Хотини айтгандай, одам ўз уйини, ўлан тўшагини ҳам ўйлаши керак-да. Тўғрисини айтса, уч йил олдин молхона қурганда лойдан безиб қолган экан, шекилли, шунинг учун лой қилишни ортга чўзиб келаётганди. Бари бир тирикчилик экан, мана…
Эрталаб уч-тўртта қўшниларни ҳашарга айтди. Ҳаммаси тушга яқин келадиган бўлишди. Фақат Эшқобил… Одамлар жуда нозик бўлиб бояртими-ей… Мамат билмай қолди. Ҳар қалай, барлосликлардан ҳам оқибат кетяпти: «Кечирасиз, Мамат ака, ҳеч вақтим йўқ», дейди. «Кечирасиз»га бало борми? Ҳе… кечирасизингни ич-чига… Ўзи шу Эшқобил кейинги вақтларда айнияпти. Айниқса, бўлим бугалтири бўлгандан бери… Қайси куни Баҳри ҳам ҳашарга айтган экан, ишим кўп, депти.
Эшқобил тўй қилганда Мамат ўзи бошида турган. Ўтган йили Эшқобил лой қилиб, ҳашарга айтганда Мамат андава тортган. Шунинг учун томидан битта чакки ўтмайди… Туриб-туриб, таъсир қилиб кетаркан. Эшқобил… нотўғри қилди-да. Яхши бўлмади, ҳар қалай. Ё Эшқобилни амал буздимикан? Ўтган йили кетмон кўтариб юрган оддийгина ишчи эди. Қишда нима бўлдию, икки ойлик бугалтирлик курсига ўрин келиб, ҳисоб-китобдан озроқ хабари бор, деб Эшқобилни юборишди. Ток очиладиган пайтгача Эшқобил ўқишни битириб, буғалтир бўлиб олди. Идорада ишлаётганига беш-олти ой бўлиб қолди. Ўшандан бери икки одамнинг боши бирикса, Эшқобилдан гап очилади. Барлосда Эшқобилнинг гапи ётмай қолди. Эшқобил ундай бўлиб кетяпти, Эшқобил бундай бўлиб кетяпти… Қўшниси бўлгани учунми, бу гаплар Маматга оғир ботади. Тўғри, Эшқобил ўзгарган, анчагина ўзгарган. Илгаригидай, эски-тускида эмас, янги костюм кийиб, галстук тақади. Соч ўстирган. Кийимлари доим озода. Кўчада ҳам гард тегиб қолмасин, деб эҳтиётланиб юради. Са-ал керилиб, қоринни чиқариб олади. Ҳар ўн қадамда бир-икки томоқ қириб қўяди. Ана шу одати одамларга ёқмайди. Ҳамма гап Эшқобилнинг ана шу томоқ қиришидан бошланди.
Илгари тўйларда эл қатори тўғри келган жойга ўтираверарди. Энди бўлимнинг катталаридан ажралмайди. Бошқарувчининг ёнида ўтиради.
Йўқ, Мамат бу гапларни асад қилганидан айтмаяпти. Эшқобилнинг нимасига ҳасад қилади? Қолаверса, ён қўшниси бўлим буғалтири бўлиб турса – ёмонми? Албатта, идорада ишлагандан кейин яхши кийинади, лекин… Эшқобил… Маматнинг назарида қандайдир… нарсасини йўқотгандай. Ишқилиб, одамгарчиликдан чиқиб боряпти. Одамнинг кимлигини биламан десанг амал бериб кўр, деганлари рост экан. Эшқобилни амал бузди. Ҳозирги Эшқобил бир йил аввалги Эшқобил эмас. Мамат ўтакетган саводсиз эмас ахир, идорадагиларнинг қачон ишлашию, қачон дам олишини унча-мунча билади. Тақдирида бор экан, оддийгина, бедазорнинг қоровули бўлиб юрипти. Э-э, бу Эшқобил… туриб-туриб ўтиб боряпти-да.
Эшқобилникидан руҳи тушиб, Қурбонникига, Йўлдошникига, Баҳриникига, Ниёзматникига ўтди. Усмон ҳам келадиган бўлди. Шу Усмон ҳам қинғир йўлга кўп киргани билан қўшниларнинг раъйини қайтарган жойи йўқ. Шаҳарда студент бўлишига қарамай, Қоҳид ҳам «бўпти, ака», деб қолди. Қурбон эса:
— Янгам ош қилиб берадими ахир? – деб сўради. Қурбон ўзи шунақа. Доим ҳазиллашиб туради.
— Сиздан янгангизнинг оши айлансин, — деди Мамат, кўнгли сал-пал ёришиб.
— Янгамнинг оши бошқача бўлади-да. Бўлди! Бизни айтдингизми, ишонаверинг, момент ҳозир бўламиз.
Мамат хурсанд бўлиб кетди. – Қурбон кўнгли очиқ йигит. Ўзи аравачали трактор ҳайдайди. Ўтинми, янтоқми, ташиш керак бўлса, илтимос қилсанг, «йўқ,» демайди.
Тушга яқин қўшнилар ҳазил-ҳузул билан том сувашни бошлаб юборишди. Маматнинг ўзи лойхонада пақирларга лой солиб турди. Қурбон том устида туриб, пақирларни тортди. Томнинг ярмини суваб бўлай деб қолганларида Эшқобилнинг томоқ қиргани эшитилди (лойхона кўча тарафда эди).
— Ўзимнинг жонажон акажоним келяпти, — деди Қурбон хушчақчақлик билан. – Ҳашарга айтмаганмидингиз, Мамат ака?
— Ҳормангла-ар! – деди бу орада етиб келган Эшқобил чўзиб, яна икки-учс томоқ қираркан. Ҳар қалай қўшни эмасми, дарров ўтиб кетолмай, хандакка яқин келиб, туриб қолди. – Лой жуда яхши бўлипти, зўр пишитибсиз, — деди Эшқобил, яна томоқ қириб оларкан. У амалга мингандан бери ақлли-ақлли гапларни айтишни, суҳбатдошларнинг диққат марказида бўлишни хушлайдиган бўлиб қолганди.
— Ҳа-а, — дедию, Маматнинг энсаси қотиб, Эшқобил арафдаги лойларни кетмон билан ўзига тортаверди. Бир сафар лойи суюқ жойга кетмонни атайлаб қаттиқ урди. Лой сачраб, Эшқобилнинг туфлисига, дазмолланган шимининг почасига ёпишди.
— Э, узоқроқ турмайсизми? – деди Мамат зарда қилиб.
— Майли энди, ҳаётда бундай кўнгилсизликлар бўлиб туради. Хафа бўлманг, ака. Ана. Америкаликлар Невадада яна атом бомбасини портлатишипти. Лой нима деган гап, қуриса, ўзи кўчиб тушиб кетади, — деди Қурбон. – Яхшиси, бу ёққа чиқинг. Бу ерга қуёш яхши тушади, ҳам шимингиз қурийди, ҳам озро-оқ лой тортиб, белингизнинг чигилини ёзасиз.
Эшқобил иккиланиб қолди. Иш билан банд бўлиб, эрталаб, «вақтим йўқ», деганини унутипти. Аслида тўхтамасдан ўтиб кетиши керак эди. Энди Қурбондан қутулиб бўлмайди. Ҳозир айтганини қилмаса, эртага юз жойда калака қилади. Бунинг устига қўлида аравачали трактор, баъзан-баъзан ишинг тушиб қолса, дарров айбингни юзингга солади.
— Қўлингиздаги папкани қаерга қўйишни билмаяпсизми? – Қурбоннинг жағи тинмасди. – Ҳў, четга қўйинг, тураверади. Фақат тезроқ чиқинг. Эсингизда бўлсин, ҳашарнинг ўртасида келдингиз, ҳашар ошининг ярмини ейсиз.
Ҳашарчилар кулиб юборишди. Ноилож қолган Эшқобил нарвондан кўтарилди.
— Костюмингизни ечинг, шимингиз лой бўлгани етади, — деди Қурбон.
Эшқобил гарангсиб, костюмини ечди. Бўйнидаги галстугини ҳам Қурбонга узатди.
— Ана энди сиз арқонни олинг, — деди Қурбон, — мен эса Барлоснинг сиздай улуғига хизмат қилиб, кийимларингизни қўриқлаб тураман.
Эшқобил тақдирга тан бериб, яна икки-уч томоқ қирди-да, илгакли арқонни қўлига олди.

СОМОНЧИЛАР

Ўзлари шу ҳолга тушиб кўрганларида билишарди. Ўтириб олиб, ҳар нарсани гапираверишади. Дўстлик борми уларда? Ё ўтказиб қўйишганми? Ё унинг оғзига хўжайинми? Керак бўлса ўзига ўзи бек, хоҳлаганини қилади, ўйлаганини гапиради. Ҳеч кимдан тил қисиқлик жойи йўқ. Аслида айтиш керак эди. Яхшилик қиламан, деб туҳматга қолди. Рост-да, учаласи ҳам бирдай айбдор бўлса. Қўлга тушгани жарима тўлаб, тушмагани оппоқ бўлиб қолаверадими? Нимага у жарима тўлайдию, бошқалар жирттак чалиб туриши керак? Одамга алам қилади-да. Шунча пулни қуртдек санаб, ўз қўли билан кассага топширди. Ахир бу пулни топгунча озмунча меҳнат қилганмиди? Бошида, пулдан айрилса ҳам тинчгина шу машмашадан қутулаётганига хурсанд ҳам бўлган эди. Кейин, туриб-туриб, алам қилиб кетди. Айниқса, пулни кассирга топшираётганида қўллари дағ-дағ титради. Қани ҳақиқат? Нега унинг пули кетадию, бошқаларники киссасида қолади? У сомон ташиган бўлса, бошқалар ҳам ташиган. Демак, жаримани ҳам баравар тўлашлари керак. Асли, ҳамма гап хотинидан чиқди. Хотин зотининг эси пастлиги азалдан маълум. Доим эрларини тўғри йўлдан чалғитишгани чалғитишган. Бўлмаса, Ниёзмат ишдан чарчаб қайтганди. Ёнбошлаб ётиб, телевизорда футбол томоша қилмоқчи эди. Жаҳон чемпионати кетяпти ахир! Ангорга ҳам оёғи тортмай чиқди… Тоза шарманда бўлди-да. Уч кун аввал хўжалик раҳбари келиб, ўн кунликда яхши ишлагани учун унга мукофот топширган эди-я!
… Уйга келиб, кечки овқатни еб, энди телевизорнинг олдига чўнқайганди, хотини ёстиқни тортиб олди-да:
— Сомонга чиқмайсизми? – деб сўради.
— Қанақа сомон?
— Кўрмаяпсизми? Ҳамма ташияпти. Арпазорни ўриб бўлишганига бир ҳафтадан ошди. Ўшандан бери одамлар даладан бери келишмайди. Худо билади-ку, Йўлдош билан Баҳрининг сомонхонаси тўлиб кетгандиро-ов. Иккови боя қоронғи тушар-тушмас эшагига миниб, тағин жўнашди. Сиз ётаверасизми?
— Э қўйсанг-чи, бунақа иш менга тўғри келмайди. Яна қўлга тушиб…
— Ўзингиз қўйинг! Йўлдош билан Баҳрини ушламаган қоровул сизни тутадими? – деди хотини бидиллаб. – Нима, бу йил ҳам қишда болаларингизни оқликдан қантариб қўймоқчимисиз? Йўлдош билан Баҳрининг болалари қиши билан қаймоғу-қатиқ ичсин, менинг болаларим кўзлари мўлтиллаб ўтирсинми? Шунча одам ташияпти, улар қўлга тушмаяпти-ку. Сизнинг жонингизни оладими?
Хотини у деди-бу деди, жанжаллашди, хуллас, Ниёзмат эшагига қанорни ташлаб, ангорга жўнади. Бир ҳисобда хотинининг гапи ҳам тўғри. Ўтган йили ланжлик қилиб, сомон ташимади. Оқибатда қишнинг ярмида сигирга берадиган ҳеч вақо қолмай, уни сотиб юборишга мажбур бўлди. Кўкламда эса икки баравар қимматига бошқасини олди. Сигир боқмайин десанг – яна бўлмаса, қишлоқчилик. Ҳамманинг ўзига яраша мол-ҳоли бор. Илгарилари яхши эди. Ангордаги ғаллани ўриб кетгандан кейин сомони қолар, ҳеч кимнинг иши бўлмас – одамлар хоҳлаганича ташиб оларди. Энди қўриқлагани одам қўйишяпти. Онда-сонда баъзиларни ушлайди, шарманда қилади. Бари бир мол боққандан кейин, емишини таъминлаш керак. Одамлар қўярмиди? Қоровулнинг кўзини шамғалат қилиб, кечаси ташишади. Йўлдош билан Баҳри ҳам шунақа, худонинг эринмаган бандаларидан. Буларнинг чарчамагани! Ҳеч иложи бўлмаса, ярим кечадан кейин чиқишади. Ҳамма донг қотган, ҳеч ким халақит бермайди. Тонг отгунча бемалол уч-тўрт қанордан ташиб олишади. Ниёзмат ҳам ўшалардай бир-икки ҳафта жонини койитса, сомонхонаси тўлиб қолади. Кейин қиш бўйи бола-чақаси билан сут ичади, сариёғ ейди. Рост, хотини тўғри айтади.
Қишлоқдан чиқиб, ангор йўлига тушиб олгандан кейин Ниёзматнинг кўнгли яйраб кетди. Ҳаво тоза. Эшагига хала босди. Осмонда юлдузлар чарақлайди. Ой йўқ. Бир ҳисобда шуниси тузук. – Бегона кўздан пана. Қанорини бамайлихотир тўлдириб қайтавериши мумкин. Ана, сомон ғарамлари қўл теккизилмаганича турипти. Шартта-шартта устки похолини очиб ташлайдию, тагидаги қипиғига қанорини тўлдиради. Кейин ғизиллаб изига қайтади. Хотинининг калласи ишлайди. Ҳозир, қизиғида ҳаракат қилиб қолгани маъқул. Ҳамма ёқни тозалаб кетишгандан кейин ғарамнинг жойини хаскаш билан қиртишлаб юрадими?
Ниёзмат йўл четидаги биринчи ғарамнинг олдида эшакдан тушди. Ғарамнинг устини очиб ташлади: Майда сомон! Ниёзмат эшагининг қозиғини қоқиб, қанорга энди сомон солаётганди, катта йўл бўйлаб, чироқларини ёққанча, бир машина кела бошлади. Ниёзматнинг эсхонаси чиқиб кетди: Наҳотки қоровул бўлса? Машинасига босиб олиб кетса-я?! Чироқлар тобора яқинлашиб келарди. – Нима қилиш керак? Кела солиб, судраса, нима дейди? Яширинса-чи? Қаерга? Ғарамнинг ичига кириб кетса бўлади. Эшак-чи? Қанор-чи? Ҳозир етиб келади, ҳозир! Наҳотки қўлга тушди? Йўқ, нега қўрқяпти ўзи? Нима, сомон ташиган битта уми? Ана, Йўлдош билан Баҳри ҳам юрипти. Жуда қўймаса: «одамлар чиқаётган экан, мен ҳам чиқдим», дейди. Улар нима бўлса, Ниёзмат ҳам шу. «Қанақа одамлар?», деб сўраса, икковини кўрсатади. Лекин… лекин чақимчилик бўлмасмикан? Бордию, қўлга тушса, уларни ушлаб бергандан нима фойда? Бари бир жарима солади. Яхшиси, айтмагани маъқул. Қутулиб қолишса – бахтлари, бўлмаса – ўзлари жавоб бераверишсин. Йўқ, ҳеч кимни айтмайди. Чақимчилик … яхши эмас.
Аммо ҳозир бир илож топиш керак…
Машина жуда яқин келиб қолди. Ниёзмат қўрқиб, шоша-пиша қанорнинг устига сомон ташлай бошлади. Қандай бўлмасин, қанорни яшириш керак. Эшак бир гап бўлар. Ҳайдашса, қочиб кетаверади. Ниёзмат кейин ушлаб олаверади. Бироқ эшакдан гумон қилишса-чи? Э-э, далада нима кўп, дайди эшак кўп. Бари бир… гумон қилишса-чи? Ахир эшак эгарланган, қозиғи, арқони бор. Гумонсираб, ғарамни ағдаришса-я! Кейин нима бўлади? – Ниёзмат беҳол тортиб, ўзини ғарамнинг устига ташлади. – Тамом! Қўлга тушди! Энди ҳеч қандай нажот йўқ. Кўз олдига бало-қазодек, хотини келди. Ғавғонинг бари ўшандан чиқди. Тинчгина футбол кўрмоқчи эди. «Ана Йўлдош билан Баҳри кетди, сомонхонасини тўлдирди, биз қуруқ қолдик», деб қақшайвериб, бошини қотирди. «Сигир», деди, «қаймоқ» деди, бало деди, баттар деди. Сигир бўлса, очдан ўлмасди. Бир амаллаб қишдан чиқаришарди. Мана энди… Энди бўлса… Ниёзматни Йўлдош билан Баҳрига тенглаштирадими? Иккови азалдан бунақа ишлардан тап тортмайди. Ниёзмат бир-икки марта яширинча сомон ташиган бўлса экан. Аслида ўзида ҳам айб бор. «Бормайман» деб туриб олса, хотини нима қила оларди? Жавраб-жавраб, охири тинчирди. Ҳа, эр каллани ишлатмагандан кейин, хотинининг йўриғига юравергандан кейин…
Ана! Машина шундоқ ёнига келиб тўхтади. Ичидан кимдир туша бошлади.
Ниёзмат ғарамга кириб кетгудай бўлди. Гўё вужудидаги жон ҳавога учиб кетгану, ўрнида қуруқ танаси қолгандай. У осмонга қаради. Юлдузлар чарақлайди. Боя кўзига ҳаммаси яхши кўринаётганди. Энди худди ундан кулишаётгандай… Энди нима бўлади? Илғор ишчи номи бор эди! Совхоз раҳбарлари мажлисларда унинг номини ҳурмат билан тилга оларди. Қўлга тушгани уларнинг ҳам қулоғига етади. «Яқинда орденга ёзамиз», деб ваъда қилишганди. Ҳаммаси тугади. Бригадир нима деркин? Бошлиқларга ўша айтган эди-да, илғор ишчимиз Ниёзмат ака шу киши бўлади, деб. Энди унга ҳам гап тегади.
Ниёзмат ёнгинасида ғарамни тумшуғи билан титкилаб, тўкилган донларни териб еяётган эшагига гангиб тикилди. Бирдан эшакка ҳаваси келиб кетди. Қани энди, ҳозир эшакка айланиб қолсаю,бемалол сомон чайнаб турса. Келганлар ҳайрон бўлиб қайтиб кетишарди. Кейин Ниёзмат яна ўз ҳолига қайтарди-да, уйига югурарди. Шунақа югурарди, шунақанги югурардики, сомонининг ҳам, эшагининг ҳам, қанорининг ҳам падарларига минг лаънат! Унга деса, шу далада қолиб, чириб кетмайдими?
— Ака…
Ниёзмат қандайдир овоз қулоғига чалинганидан ҳайрон бўлди. Овозда буйруқ ўрнига илтимос оҳанги кучли эди. Баттар таажжуби ошди. Ахир, енгидан чангаллаб, машинага судрашларини кутганди-да. Бу қанақаси? Ёки қулоғига чалиндими? Ажабмас!
— Ҳў-ўв, ака! – деган илтимосли овоз яна такрорланди.
Ниёзмат хаёлида эмас, чиндан илтимос қилишаётганига ишонч ҳосил қилгандан сўнг секин ўгирилиб қаради. Қаршисида яхши кийинган, галстук таққан бир киши мулойим боқиб турарди.
— Ака, бир илтимос, — деди пўрим киши умид билан. – Самарқанддан кечроқ чиққандик., адашиб қолдик. Музбел қишлоғига боришимиз керак эди. Йўлни кўрсатиб юбора олмайсизми?
Ҳануз ҳушини йиғиб ололмаган Ниёзмат серрайиб ўтирарди. Қаттиқ тортилган асаблари бирдан бўшашиб, вужуди халтадек осилди. Ўтакасини ёриб юбораёзган бу одамнинг башарасига тўйиб қараб олгиси, унинг безарар эканига қайта-қайта ишонч ҳосил қилгиси келарди. Ниёзмат «ҳа» дегандек бош силкиди. «Биламан» демоқчи эди, овози чиқмади, бундан ўзи ҳам ҳайрон бўлди.
Эсини чиқариб юборди-е! Қоровул келди, деб ўтирибди-я! Ўзи, юракдан ҳам берган экан-да. Қоровул бўлганда-чи? Еб қўярмиди? Бунча қўрқмаса? Олса, бир қанор сомон олибди. Ҳамма ёқни сомон босиб ётибди, камайиб қолармиди? Эплаганлар машиналаб ташияпти. Бари бир шунча қўриқлашгани билан сомоннинг ярми далада қолиб, чириб кетади.
Ниёзмат йўловчини жўнатгандан кейин қанорини қайтадан ёзиб, шоша-пиша сомон тиқа бошлади. Бир оздан сўнг тўла қанорларини эшакка ортиб, Йўлдош билан Баҳри ўтишди. Улар йўлнинг ёқаси хавфли эканини, ўтган-кетган кўриб қолишини, шунинг учун ангорнинг ичкарироғига киришни маслаҳат беришди.
— Қоровул йўқми? – сўради Ниёзмат ишдан тўхтамай.
— Ичкарироққа кирсангиз ҳеч ким бўлмайди, — деди Йўлдош.
Ҳа, мана, гап қаерда! Ахмоқ бўлмаса, Ниёзмат катта йўлнинг ёқасидаги ғарамга тегадими? Қанор яримдан ошиб қолган эди. Энди судраш баттар қийин. Яхшиси тезроқ тўлдириб, жўнаш керак. Яна иккита машина ўтадиган бўлса, юраги ёрилиб ўлиши ҳеч гап эмас.
Наридан бери қаппайтирилган қанорни эшакка ортиб, ҳовлиқиб келаркан, ангорга қайтиб кетаётган Йўлдош билан Баҳрини кўрди. Булар чарчамайдиям, қўрқмайдиям! Икковининг сомонхонаси тўлиб кетгандир. Ниёзматнинг сомонхонаси бўм-бўш. Ўтган йили қишда сигирининг шикоятомуз мўнграшларини эсласа, ҳали-ҳали юраги увушади. Минг тўғри бўламан, дегани билан сигир керак, сут керак, сигирга ем-емиш керак. Манавилар қўрқмасдан ташияпти. Нега у қўрқади? Ҳозиргина иккови қанорларини тўлдириб-тўлдириб кетган эди, яна қайтиб келяпти. Ниёзматники бор-йўғи тўрвадек қанор, шуни ҳам ёлчитиб тўлдиришга юраги дов бермади. Бир-икки ҳафта ғайрат қилса, қишлик сомонни ғамлаб қўяди. Футбол кўраман, деб ётса, ётаверади-да. Футбол сигир бўлармиди. Икки ҳафта томоша кўрмай турса, икки ҳафта сал камроқ ухласа, қишда жони тинч бўлади. Бор-йўғи икки ҳафта!
Қанорини бўшатаётганда ҳам Ниёзматнинг хаёлидан шу фикрлар кетмади. Сомонхонанинг бурчаги оқариб қолди. Фонусни кўтариб, ёритиб турган хотини сомонни кўриб, кўзлари яшнаб кетди: «Қипиқ сомон экан, қишда сигирнинг жони киради!»
— Йўлдош билан Баҳри яна кетди, — деди хотини, ҳовлига чиқишганда эрига синовчан тикилиб.
— Эшакни олиб кел, — деб буюрди у, уст-бошини қоқаркан.
Яна бир бориб келса нима қилади? Анча ҳавосини олиб қолди. Энди йўлнинг четроғида юради. Бари бир борса ҳам, бормаса ҳам кун ўтаверади. Шунинг учун яхшиси… Албатта, совхоз сомон беради, бермайди эмас. Лекин ётиб еганга тоғ чидамайди. У сомон бир ойга етмайди. Қолаверса, совхоз Баҳри билан Йўлдошларнинг сарқити – похол сомонни беради. Кейин-чи? Кейин яна сигирни сотадими? Йўқ, ҳозир қийналса қийналар, ҳозир майда сомонни ташигани маъқул. Баҳри билан Йўлдошнинг жони темирдан эмас, улар ҳам чарчаса керак, аммо ташияпти.
Ниёзмат эшакка миндию, яна далага равона бўлди. Энди ўзини босиб, анча дадил тортганди. Бунча қўрқмаса? Нимага анави иккови қўрқмайдию, Ниёзмат қўрқиши керак? Улар нима бўлса, бу ҳам шу!
Ниёзмат уларга яқинроқ жойдаги ғарамни танлади. Ёнида ўзи каби илинж билан юрган одамлар борлигини ҳис қилиб, кўнгли янада хотиржам тортди. Аввалгидек, атрофга қоровулнинг қорасини қидириб эмас, ҳавас билан тикилди. Ҳар ер-ҳар ерда қатор-қатор дўппайган сомон ғарамлари уюлиб ётарди. Шу ғарамларнинг ўнтаси, йўқ, ўн бештаси, йўқ, йигирматаси сомонхонасига бориб қолгандами, Ниёзмат икки йил қўлини совуқ сувга урмасди. Ёки… сигирини иккита қиларди. Сигирларнинг ёнига биттадан тана қўшиб сотиб олса ҳам бўлади. Йигирма ғарам сомон , керак бўлса, ўнта қорамолни бир қишдан чиқаради. Йигирма ғарам сомонга нафақат сомонхонаси, балки бутун ҳовлиси тўлиб кетади. Қани ўшанда ҳам хотини: «Йўлдош билан Баҳри кетяпти», деб чеграйиб кўрсин-чи! Билади нима қиларини! Э, хотин зоти тўярмиди!? Ўшанда ҳам: «Манавилар қатори яна икки марта бориб келсангиз бўлмайдими? Худо билади, келаси йил сомон қанақа бўлади? Борида ҳаракат қилсангиз-чи!», дейди. Ишқилиб, тинчитмайди. Аммо унда Ниёзмат пинагини бузмайди. Бемалол ётаверади.
Ниёзмат катта йўлга қаради. Машиналар ҳамон ўтиб турарди. Ана, иккаласининг қанори тўлай деб қолипти. У шошиб, ғарамнинг похолини ағдардию, майдасини қоплашга тушди.
— Тезроқ тўлдиринг-у, кетинг. Яна чиқсангиз икки соатлардан кейин чиқинг. Анавиларнинг келадиган вақти яқинлашяпти. Улар келса, бир соатча айланишади. Кетса, яна келамиз, — дея огоҳлантирди Йўлдош жўнаётиб.
Бу гапни эшитиб, Ниёзматнинг юраги чиқиб кетай деди. Улар кўздан йўқолгандан кейин кенг далада бир ўзи қолиб, хаёлига ҳар хил фикрлар кела бошлади. Ўзини ўзи чалғитиш мақсадида зўр бериб сомонни қанорга тиқди. Азбаройи ҳовлиққанидан қанор тўлгандан кейин эшагига ортолмай, анча овора бўлди. Қанорни эшакнинг устига ташлаган эди, нариги томонга оғиб кетди. Тутақиб, эшакни бир тепди. Эшак тисарилиб, қанор ағдарилиб тушди. Ниёзмат бир бало қилиб, қанорни ортиб, эшакни ҳам, қанорни ҳам, сомонни ҳам, Йўлдош билан Баҳрини ҳам, хотинини ҳам аралаш-қуралаш сўкиб, уйига жўнади. Ҳаммаси ана шунда юз берди.
Энди катта йўлдан ўтаётганда ғийқ этиб, олдига бир машина келиб тўхтадию, ичидан бир киши чиқди. Ниёзмат анграйганча тўхтаб қолган, ҳатто қўрқиш хаёлига ҳам келмасди. Фақат вужуди бўшашиб, оёқлари қалтираётганини сезди.
— Ассалому алайкум, ака, — деди қоровул хушмуомалалик билан қўл олиб кўришаркан. – Ҳа? Би-ир чиққан экансиз-да, а?! Исми-фамилиянгиз?
Ниёзмат индамади.
— Исми-фамилиянгизни айтинг деяпман! – деди қоровул товушини баландлатиб.
Ниёзмат ноилож айтди. Айтдию, ўзи ҳайрон қолди. Чунки, мабодо қўлга тушиб қолса, бошқа фамилияни айтишни мўлжаллаб, эҳтиёт шарт уч-тўрттасини ўйлаб қўйганди. Ҳозир бирортаси эсига келмай, ўз фамилиясини айтиб ўтирибди.
— Қачондан бери ташияпсиз? Сомонхонангиз тўлай деб қолдими? – дея қоровул яна бирдан юмшаб, ошнаси билан суҳбатлашаётгандай сўради.
— Ўзи… бугун чиққандим, иккинчи қанор… шу, — деди Ниёзмат қулт ютиниб.
— Ёлғон гапирманг! – қоровул яна дўқ урди.
— Йўқ, рости билан, ишонмасангиз бориб кўринг, — деди Ниёзмат, юраги така-пука бўлиб. Қоровулнинг гап оҳанги бунчалик тез ўзгаришидан чўчиб қолганди.
— Алдамаяпсизми? – дея қоровул синовчан кўзларини қаттиқ тикди.
— Йўқ! Айтяпман-ку, ишонмасангиз бориб кўринг.
Яна бир-икки ўшқирадиган бўлса, Ниёзмат: «Нима, сомон ташиётган битта менми? Кўзларинг битта мени кўриб қолдими? Ана, Йўлдош билан Баҳри ҳозир ўтиб кетди», дейишга шайланаётганди, яхши ҳам қоровул:
— Қанордаги сомонни тўкинг-да, уйингизга жўнанг. Эртага пунктга боринг, ўша ерда гаплашамиз, — дея машинасига ўтириб, жўнаб кетди.
Ниёзмат нима қилишини билмай, ҳайрон бўлиб турарди. Дарров машинасига солиб, олиб кетмагани яхшиликнинг аломатими, ёмонликнинг? Бормаса-чи? Йўқ, бўлмайди. Исм-фамилиясини тўғри айтиб қўйди. Бундан ташқари қоровул совхознинг ҳамма одамларини яхши танийди. Исмини билмаса-да, юзидан ажратади. – Ниёзмат ўзини йўлдан урганларни бисотида бор сўкишларга кўмиб ташлади.
Эртасига қоровулнинг буйруғига биноан жарима пулини тўладию, кейин бирдан алам қилиб кетди. Рост-да, Ниёзмат тўрвадек қанор билан қўлга тушиб ўтирсаю, Йўлдош билан Баҳри сомонхонасини тўлдириб, ҳеч нарса кўрмагандек, оппоқ бўлиб юраверишса! Қани адолат?
Эртасига Барлос талатўп бўлиб қолди. Йўлдош билан Баҳрини, яна талай сомон ташиганларни пунктга олиб кетишибди. Ниёзмат кўчадан ўтаётса, ҳамма унга бошқача қарайди. Нафрат биланми-ей, истеҳзо биланми-ей… Ҳайрон бўлиб уйига келса, хотини тўрсайиб ўтирипти. Кейин билса, бутун Барлосда: «Йўлдош билан Баҳрининг устидан Ниёзмат маълумот берган», деган миш-миш тарқапти. Кимдир унинг пунктда ўралашиб юрганини кўрган экан. Одамлар Ниёзмат ҳақида ҳар хил ёмон гапларни айтишаётганмиш: «Бу одамдан қўрқиш керак, эртага бир ёмон кун туғилса, ўз жонини асраб қолиш учун бутун Барлос қишлоғини сотиб юборишдан ҳам тоймайди», дейишаётганмиш.
Ахир у чақимчилик қилгани йўқ. Асли, айтиши керак экан! Ана ундан кейин алам қилмасди. Ким экан уни пунктда кўрган?
Ниёзматнинг мушти тугилиб, кўчага чиқди. Ким бўлмасин, қаерда бўлмасин, ҳозир ўша туҳматчини топадию, ёқасидан олади. Кейин ростини айтиб беришга, бўҳтонини қайтиб олишга мажбур қилади.
— Ҳе онасини… уни!..

ЙЎЛОВЧИ

Бу дунёда мен бир йўловчи…

Ҳаёт гўзал!
Яшаш яхши!
Яхши яшаш яна ҳам яхши!
Озодликда нафас олишнинг гашти қанчалар лаззатли,а!
Наҳотки у энди доим озод?
Наҳотки энди уни ҳар қадамда пойлаб юришмайди?
Наҳотки эрки ўз қўлида?
Одамнинг ишонгиси келмайди. Бу дунёда одам боласи не ҳолларга тушмас экан.
Тўлқин қамоқхонага тушганда етти йил сира ўтмайдигандай туюлганди. Мана, ҳозиргина дарвоза олдида ҳужжатларини қўлига бериб, «қайтиб келма», деб чиқариб юборишди. Қўлига уч сўм пул тутқазишди…
Тўлқин автобусга ўтириб, катта шаҳарга жўнади. У одамларга қувонч билан қарар, «энди мен ҳам сизлардек озодман», дегиси келарди. Лекин дилидаги шодлик юзига аянчли ҳаяжон бўлиб чиқаётганидан бехабар. Унинг юзи, ҳолати, қилиқлари чуқур ички кечинмалари туфайли ғалати кўриниб, йўловчилар диққатини жалб қиларди. Тўлқин ўзининг шунчалар қувончли дамларида ҳеч кимни ёмон демас, ҳаммани яхши кўргисикелар, ҳаммага меҳр билан тикилишга ҳаракат қиларди.
Қандай бахтли одамлар! Ҳаммаси озод! Қаёққадир ўз иши, турмуш ташвишлари сабабли шошишади. Тўлқин ҳам Барлосдаги ўз уйига кетяпти. Ҳозир тўғри бориб, онаси ётган хоналарни, тўшакларни зиёрат қилмоқчи. Ўз қўли билан Тўлқинга атаб тиккан буюмларни бир бошдан кўздан кечирмоқчи. Ўпмоқчи.
Қанчалар қадрдон буюмлар-а!
Қанчалар қадрдон уй!
Шунчалар соғиндики, шунчалар соғиниб кетдики… Эҳҳ!
Тезроқ етиб борсайди. Ҳовлисини кўрсайди. Уйини кўрсайди. Одам йўқлигидан деворлари нураб кетгандир. Қариндошлари қараб туришибдимикан?
Ҳовлида икки туп ҳусайни узум бўларди. Пишар-пишмас тагига ўтириб олиб, битталаб териб ерди. Онасининг фикри-ёди узумни бозорга чиқариб сотиш эди. Тўлқин эса ей қўйган бўларди. Онасини буни билиб қолиб, Тўлқинни олдига солиб қуварди. Кейин: «Сотиб сенга кийим-бош қилмоқчи эдим. Пулини гўримга орқалаб кетармидим?», деб йиғларди. Тўлқин эса парво қилмасди. Бебош эди…
Эҳҳ! Қанчалар ахмоқ бўлган экан-а!?
Энди онаси йўқ! Онаизори йўқ!!
Борида қадрига етмади. Онаси қамоққа тушганининг биринчи йилиёқ ўлиб кетган.
Онасини хотини кўмган. Буни одамлар кейинчалик айтиб беришди. Шунинг учун Тўлқин хотинидан норози бўла олмайди. Тўлқин ҳозир тўғри қабристонга боради. Онасининг қабрини зиёрат қилади. Йиғлайди, сиқтайди, бўзлайди, кўнглини бўшатади.
Илгари енгилтак бўлган экан. Ҳа, бу темир панжаралар одамни кўп нарсага ўргатади. Ҳаётни тушунтиради. Ўлганда онасининг бошида тура олмади. Яккаю-ёлғиз ўғил, ёлғиз фарзанд эди. Балки умрининг охирги дақиқаларида ҳам «ўғлим» деб, йўлига кўз тикиб кетгандир…
Дафн маросими қандай бўлди экан? Онамлайдиган инсон йўқ, тўртта одам кўтариб бориб, лаҳадга қўйгану, қайтиб келаверган. На худойиси, на бирон маъракаси ўтказилмагандир. Тўлқиннинг дастидан хор-зор яшаб,хор-зор ўлиб кетди-я! Судда унга ҳукм чиқаришаётганда ҳам онаси бўзлаб йиғлади. Тўлқин эса қилмишидан эмас, онасининг кўз ёшларидан эзилиб кетганди.
Ўша пайтлари ҳар куни ичгани ичган эди. «Онам мени кўчадан соғ кутиб олмаган, доим маст бўлганман», деб ҳамтовоқларига мақтанарди. Яқинда уйланган хотинини сочидан тортиб, додлатиб ураётганда орага тушмоқчи бўлаётган онасини кўкрагидан итариб юборганини, онасининг оғзи-бурни қон бўлиб, ўрнидан турганини ҳавтовоқларига айтарди. Ўзича бу ишларни қаҳрамонлик деб ҳисобларди. Ўшанда ҳозирги ақлининг заррачаси ҳам бўлмаган. Онасининг эрка ўғли эди. Айтгани айтган, дегани деган эди. Ўз-ўзидан киссага пул тушиб турарди. Фақат хоҳиш керак.Шундай бўлгандан кейин у ичмай ким ичсин? Ўзини дунёнинг устуни деб биларди. Гўё истаса, ҳамма ёқни остин-устун қилиб юборадигандай. Кейин уйга келарди-да, кучини қаерга сарф қилишни билмай… ёшгина хотинига мушт кўтарарди. Уйланишда ҳам Тўлқин заррача жон куйдирмаган. Ҳаммасини онаси югуриб-елиб тўғрилаган. Истаганинг шай бўлиб турса, атрофингдагилардан қийиқ ахтаравераркансан. Фақат баҳона керак. Кейин тайёр жанжал. Келганини кўриб, хотини чаппа қараса ҳам – тамом. Айбдор саналарди-да, жанжал бошланарди. Ундай эмас – бундай, бундай эмас – ундай… Онаси: «Болагинам, нега мени зорлатасан? Ота кўрмай ўсдинг, кўнгли ўксимасин, деб айтганингни қилиб, хоҳлаганингни едириб, сеникатта қилдим. Уйлантириб, энди орзу-ҳавас кўраман, деганда насибам шумиди? Катта бўлса эси кирар дедим, уйланса босилар дедим. Сен бошқача бўлдинг. У ёқ, бу ёғингга қараб иш қил, ҳалиям бўлса эсингни йиғ, болам!», деб неча бор ялинарди. Тўлқин эса: «Сен кампир менга ақл ўргатадиган бўлдингми?», деб шқирарди. Қасдма-қасдига, фақат «кампир»нинг истаклари амалга ошмаслиги учун янада кўпроқ ичарди. Илгари хотинини ўз хонасида урса, энди ҳовлига, кўчага чиқариб урадиган одат чиқарди. Қишлоқ аёллари: «Феодал қолдиғи! Хотинбезори», деб орқаваротдан гап қилишипти. Хотинига: «Ўн гулингдан бир гулинг очилмаган, эр қуриб кетибдими сенга, кет ундан», деб ақл ўргатишарди. Ҳали-ҳали ҳайрон қолади. Хотинининг чидамига ҳам балли-е! На отасининг уйига арз қилиб борипти, на судга. Тўлқин яхши билади, хотини қачон қараса, Тўлқиннинг онаси билан гаплашиб ўтирган бўларди. Бундан жаҳли чиқарди. «Икковинг бирикиб, менга фитна уюштираяпсанлар», деб баттар дилозорлик қиларди. Йўқ ердан баҳона топиб, «биламан, отангникига кетиб қолмоқчисан. Сен мени судга бермоқчисан. Агар шунақа сассиқ ишларингни шарпасини сезиб қолсам, сўйиб ташлайман», деб хотинини қон қиларди. «Биламан, сенинг ўйнашинг бор, мен йўғимда фалон иш қилиб юрибсан, писмадон иш қилиб юрибсан. Менга ўшаларни қаердан бўлса ҳам топиб берасан», деб неча марта хотинининг бўғзига пичоқ тираган. Э, ўзиям хотинининг тоғдай юраги бор экан. Пичоқни бўғзига тираса ҳам чидабди-я! «Эси кириб қолар» деган. «Онасининг арз-додларидан бир хулосага келар» деган. «Минг қилса ҳам бир ёстиққа бош қўйдим, кетиб қолсам яхши бўлмас» деган, «енгилтаклик қилмайин» деган. Ҳа, кўп нарсаларни ўйлаган. У эса… баттар бўлди.
Тўлқин одатдагидай, хотинини сочидан тортиб, кўчага судради. Орқасидан онаси дод-войлаб чиқди. Иккисининг йиғисига кўча ларзага келди. Аммо Тўлқиннинг бир туки қилт этмади. Бунақа ишлар унинг учун одат тусига кириб қолганди. У ичган эди. У зўр эди. Зўрлигини намойиш қилаётганди…
Қанчалар чиройли жувон эди-я, хотини!
Қанчалар маъсума эди!
Сочлари момиққина, майингина эди. Хушбуй ҳид анқиб турарди. У сочларни тортиш эмас, силаш керак эди, ардоқлаш керак эди. Лаззатларга кўмилиб, ўпиш керак эди.
Қани энди ҳозирги ақлининг заррачаси ўшанда бўлганда эди. Онасининг пойига йиқилиб зор йиғларди-ку! Хотинининг кўзларидан бир томчи ҳам ёш оқизмасди.
Эҳ, ҳаёт! Шунақа қилиб яшаган экан-да! Яшаш мумкин экан! Зўр эди. Шер эди. Қайирдилар! Синдирдилар! Эсини киргиздилар. Аммо кеч! Жуда кеч. Эҳҳе!
Ҳар бир ишнинг чеки бўлади. Яхшилигу-ёмонликнинг ҳам чеки бўлади.
Ўша куни зўравонлигига чек қўйилди. Қўшниларнинг сабр-тоқати тугади. Ўрта ёшлардаги қўшниси Файзулла ака келиб, елкасидан ушлади. «Қўй» деди, «уял» деди. «Бу томошангни йиғиштир, бўлмаса ўзим судга бераман» деди. Тўлқиннинг кўзлари чақчайиб кетди. «Судга берадиган насиҳатгўйни» қулочкашлаб солиб юборди. «Менинг хотинимни ҳимоя қиляпсан. Балки сен ўйнашидирсанки, жонинг ачияпти. Йўқол тез!» деб вишиллади. Зўрлигини яна бир карра намойиш қилди. Қўрқиб кетар, деб ўйлади. Файзулла ака эса кетмади. Ўзини қайтариб урди. «Сендақа зўрни…», деб ерга ётқизиб, қўлини орқасига қайириб олмоқчи бўлди. Қайси зўр ўзини урганларида қараб турган. Қайси шер ўзини занжирлаётганларида ваҳима билан ўкирмаган? Шер ҳеч қачон осонликча занжирбанд бўлмаган. Уни мажбур қилишган. Тўлқинни ҳам мажбур қилишмоқчи бўлишди. Қанақаси бу? Э йўқ, бе йўқ, ётқизиб олиб ураверса, одамга алам қиларкан. Нима ҳаққи бор? Ҳали Тўлқиннинг қўлини қайирадиган онасидан туғилган эмас. Ҳозир кўрсатиб қўяди.
«Зўр» жон-жаҳд билан қаршилик кўрсатди. Куч билан ётган ерида бир қўлини озод қилиб, пичоғини шартта суғурди-да, Файзулла аканинг қорнига солиб юборди. Устидаги «тоғ» ағдарилиб тушди. «Шер» занжирдан халос бўлди. У яна озодликка чиқди. Чиқдию…
Қўшниси қонга беланиб ётарди. Тўлқин қўлига қаради. — Қонли пичоқ!.. Вужуди бўшашиб, мастлигидан ном-нишон қолмади. Қонли пичоқни отиб юборди. – Қўллари қон!
Юракни эзиб юборгудай қичқириқ эшитилди. Сочларини юлганча, Файзулла аканинг хотини югуриб келарди. Тўлқин уйга кириб кетди. Ётиб олди. Унинг елкалари силкина бошлади. – Йиғларди. Нима қилганини аниқ-тиниқ билиб турарди. Ҳозир ҳамма қўшнилар ёпирилиб киришини, ўзини ўртага олиб, ўлгудай дўппослашларини истарди. Ўлдириб ташлашса ҳам майли. Ўшанда ҳақ жойида қарор топади.
Кўчада шовқин-сурон кучайди, лекин биттаси ҳам Тўлқиннинг олдига киролмади. Пичоқ солиб юборади, деб ўйлашди. У сезиб турарди. Ҳаммаси ўзини ўйлайди. Ҳаммаси мунофиқ. Жон ширин. Шунча вақтдан бери биронтаси келиб: «Қўй энди! Тўлқин, эсингни йиғ!» демади. Мана, охири иш одам сўйиш билан якунланди. Шунчалик ҳам осон экан. Шартта пичоқни тиқиб олди, вассалом! Ўшанда фикри-ёди ўзини ҳимоя қилиш эди, холос… Яхшиям, пичоқ Файзулла аканинг қорнига кириб, жон жойларига унчалик зарар етмаган экан…
Тўлқин қамоққа тушгандан кейин кўп ўтмай хотини ўғил туққан. Шунча азоблардан кейин бола она қорнида қандай омон қолди экан. Ҳозир етти ёшга кирган. Қанақа экан? Мактабга бораётган бўлса керак. Портфель кўтариб югуриб юргандир. Отасини танирмикан? Онасини кўмгандан кейин хотини бошқа эр қилиб кетган. Тўлқин эмас, бошқа кимдир ўғлига оталик қиляпти. Ўғли ҳақиқий отаси қамоқда ётганини, бир вақтлар қип-қизил безори бўлганини билмаса керак. Тўлқин оталикдан ҳам маҳрум. Қанчалар шафқатсизлик! Ўғли қай тахлит ўқиётган экан? Унга ўхшармикан? Исмини нима қўйишди экан? Чиройлисидан танлай олдилармикан? Тўлқиннинг ўзи бўлганда зўр исмлардан бирини қўярди-да: Шавкатми, Шуҳратми, Илҳомми! Эҳҳе, қанчасини билади. Хотини-чи? Қанақа экан? Ўша маъсумалигича турганмикан? Тўлқин билишни истайди. Ахир у пуштикамаридан бўлган ўғлининг онаси! Майли, ўғли бир умр отасининг кимлигини билмасин, бошқа бировларни «ота» десин, бошқа бировлар номида юрсин. Бари бир ўғлида унинг қони бор. Йўқ, йўқ, ҳеч ким уни ўғлидан ажрата олмайди. Ўзиникими, ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.. Борадию, «юр ўғлим», деб қўлидан етаклаб олиб кетаверади. Қўлларидан келганини қилишсин. У ахир ота, ҳали ўлгани йўқ.. Битта ўғлини боқишга қурби етади. Хотини иккинчи эри билан қоладими, у билан кетадими, ўзи билади. Иши йўқ.Бунинг устига яна икки-учта туғиб олган бўлса, ўшаларига иккови қаноат қилаверишсин. Ўғлини эса ўзига қайтариб беришсин. Ҳозир тўғри ўғлининг олдига боради…
Вокзалга етиб кетишди. Тўлқин кассаг бориб, пассажир поезди районларига икки соатдан сўнг жўнашини билиб, қайтиб кўчага чиқди. Одам ғиж-ғиж. Ҳар ким ҳар ёққа шошади. Фақат у аланглаб, бир унга қарайди, бир бунга қарайди. Қарашлари ғалати. Бир кўрсанг куляпти дейсан, яна бир кўрсанг йиғлаяпти дейсан. Юзи буришган-тиришган, кичкина кўзларидан нимани ўйлаётганини билиб бўлмайди. У талмовсираб қадам ташларди. Димоғига иштаҳани қитиқловчи ҳид урилди. Ёнгинасида сихга терилган кабоблар қизариб пишаётганди. Сўлаги оққанча илжайиб, кабобпазга қаради, сўнг кабобга. Яна кабобпазга. Бирдан қорни очганини сезди. Қачонлардан бу н бунақа ширин таом таъмини тотмаган. Аммо чўнтагида бор-йўғи икки сўм тўқсон тийин пули бор. Ўн тийин автобусга кетди. Уйигача йўлга икки сўм. Тўқсон тийин овқатга. Шуни мўлжаллаб, қўлига уч сўм тутқизишган. Бироқ савил кабобнинг олдида турсаю, қандай ўзини тутади? Шуям ишми? Кабобни қаранг-а! Қип-қизил! Кўзини узгиси келмайди одамнинг. Сихи билан олсангу, битта-битта тишлаб еяверсанг. Э, нима бўлса бўлар, олдин қорнини тўйдириб олсин. Озод қуш ахир, хоҳлаган томонига учади, истаган ишини қилади.
Тўлқин бир кишилик кабоб олиб, четдаги стол ёнига ўтирди. Ёнидаги стол атрофида тўрт йигит – олдиларидаги баркаш тўла кабоб, бирининг қўлида шиша – хо-холашиб ўтиришарди. Косагул дўстларига ароқ қуйди: «олинг-олинг, сиз ичинг, мен ичмайман, йўқ, мен бўлдим…» Уларга қараб, Тўлқин завқланиб кетди. Кабобни олишга-ку, олди, лекин… юз грамм ароқ бўлсайди. Кўп керак эмас. Айтгандай, бугун қамоқдан чиқди, буни ювиш керак. Аммо бор-йўғи бир сўм йигирма тийин пули қолган. Уйига кетишга ҳам етмайди.
«Айнан юз граммлик қолипти!»
Тўлқин ўз кашфиётидан қувониб кетди. Ўзи учун шундай қувончли кунда ҳеч ким айб санамайди. Мана бу йигитлардан Тўлқиннинг қаери кам?.. Бир зумда Тўлқиннинг истаги рўёбга чиқиб, столида ароқли стакан пайдо бўлди.
Овқатни еб бўлгандан кейин Тўлқин яна ичкиси келаётганини пайқади. Йўқ, ячхшиси уйга кетишнинг йўлини қилиш керак. Қандай қилиб? Ҳеч нарсаси борми? Билагини ушлади. Қўлига соатнинг занжири тегди. Миясига ялт этиб бир фикр келдию… Соатни сотса-чи?
Тўлқин ўрта ёшлардаги, мўйловли, қишлоқилиги кийимидан билиниб турган бир кишини тўхтатди. Йўловчи ҳайрон бўлди.
— Юраверинг, ака, хурсанд бўласиз, — деди Тўлқин, эҳтиёткорлик билан уни четга чиқараркан.
— Менда нима ишингиз бор?
— Мана! – Тўлқин қўлидаги соатни чиқариб, унинг қўлига тутди. – Сотмоқчиман, қанча берасиз?
Йўловчи ҳайрон бўлиб, бир унинг ғалати башарасига, бир соатига қаради.
— Қўрқманг ака, ўғирлаганим йўқ. Ўзимники, — деди Тўлқин, унинг кўнглидан кечаётган фикрларни пайқаб. – Тўғрисини айтсам, киссавурларга пулимни олдириб қўйдим. Уйга кетишим керак. Йўлга пул йўқ. Шунинг учун соатимни сотяпман.
— Ҳа-а, — деди йўловчи бир оз таскин топиб ва соатни кўра бошлади. – Қанча сўрайсиз?
— Ўзингиз қанча берасиз?
— Мол сизники, сиз нарх айтинг.
— Тўғрисини айтсам, ўттиз саккиз сўм туради, яқинда олганман, менга йигирма сўм берсангиз бўлади.
— Эҳҳе! Иштаҳангиз карнай-ку! Юравериб тамом бўлган бу матоҳингиз. Ким билади, уйга олиб борганимча юриб турадимит ё бузилиб қоладими? Олинг, ўзингизга сийлов, йигирма сўмга, яхшиси, дўкондан янгисини оламан, — дея йўловчи икки қадам босганди, Тўлқин тўхтатди.
— Ака, бу савдо, сиз ҳам ҳеч бўлмаса оладиган нархингизни айтинг.
— Хоҳласа-анг, — деди йўловчи чўзиб, хотиржам сенсирашга ўтаркан, — уч сўм бераман. Нархи – шу. Бўлмаса, ўзинг биласан.
— Ака, сал инсоф қилинг! Ўттиз саккиз сўмлик нарса, мен ҳали овқатланишим керак, йўлга кетади, уч сўмингиз нима бўлади?
— Унда қанча сўрайсан?
— Сал кўпайтиринг.
— Беш сўм…
— Ака…
— Энди ўзинг биласан, мен кетдим.
— Тўхтанг, тўхта-анг… майли, олинг. Жуда қаттиқ одам экансиз!
Тўлқиннинг кўнгли анча ёришди. Икки сўм йўлга кетса, яна уч сўм ортиқча пули қолади. Эҳҳе, уч сўмга нималар харид қилиш мумкин эмас. Ўғлига совға олса-чи? Ажойиб фикр! – У қатор дўконлардан бирига кириб, бир сўмлик қалпоқча танлади. Роса қувониб кетса керак. Мактабдан чақириб олади-да:
— «Топ-чи, нима олиб келдим?» — дейди.
— «Машина», — дейди ўғли.
— «Йўқ».
— «Танк!» — ўғли атрофида ирғишлай бошлайди.
— «Йўқ».
— «Тўппонча!» — ўғли эркаланиб, бўйнига осилади.
Эриб кетган Тўлқин ўғлини маҳкам қучади. Ўпади. Юзини юзига ишқалайди. Кейин билдирмасдан бошига қалпоқчани кийгизиб қўяди.
— «Ийе!» — дейди ўғли ҳайрон бўлиб. Кейин бошидаги совғани қўлига олиб, айлантириб кўради. Қувонади. «Раҳмат, дадажон!» деб питиллаб ерга тушганча, қалпоқчани силкитиб, югуриб кетади…
Тўлқин яна кассага борди. Поезд келишига ҳали бир соат вақт бор. Вақт бунча имилламаса. Билет олиб қўйса-чи? Э, улгуради!
Тўлқин қайтиб чиқди. Яна юз грамм бўлганда кайфияти жойига тушарди. Лекин у ичмайди. Ичкилик туфайли бошига тушган савдолар етарли. Назарида ҳали қорни тўймагандай. Яна кабоб еса-чи? Бир сўму етмиш тийинга олади. Икки сўм билетга ажратса, яна ўттиз тийин ортиқча пули қолади. Ҳа, ҳа, худди шундай қилади, аммо ичмайди. Бор иродасини тўплаб, бир грамм ҳам оғзига олмайди.
Тўлқин кабобни олиб ўтиргандан кейин бирдан егиси келмай қолди. Ўзини ҳар хил баҳоналар билан ароққа судраб келганини ҳам сезиб турарди. Ўйлаб қараса, овқатни кўнгли тортмаяпти, аммо бир сўму етмиш тийинлик кабобни қолдириб кетиш яхшими? Юз грамм ташлаб олса!? Ҳаммасини ҳазм қилиб юборарди… шунга жуда ароқхўр бўлиб қолмайди-ку, тўғрими?! Фақат кабобга сарфланган пул ҳайф бўлмаслиги учун! Бунга юз грамм кифоя. – Юз грамм! Қачонлардан бери оғзига бир қултум олмаган. Шундай бахиёр дамлари сал кўпроқ ичса, ким уришади? Кимнинг у билан иши бор? Қолаверса, ўз пулига ўзи хўжайин, истаганича сарфлайди. Хоҳласа. Кабоб ейди, хоҳласа ичади.
Тўлқин юз граммни олиб юборди-да, сихга тутинди. Аммо овқатлангиси келмасди. Ўзини зўрлаб ярмини еди. Қолган овқатга қараб, кўнгли бузилди. Шу кабобнинг ўрнига бемалол яна юз грамм олса бўларди. Эллик тийин ортиб ҳам қоларди. Кўрган куни қурсин! Ўтирипди сўппайи-иб!.. Мана, одамлар дўстлари билан ичаяпти. Бир-бирига соғлик тилаяпти. Бари хурсанд. Тўлқин эса якка-ёлғиз, ғирт етим! Онаси ўлиб кетган. Хотини бошқага теккан. Биттаю-битта ўғли кимларнидир «ота» деб чақиради. Тўлқин ҳеч кимга керак эмас. Уни ҳеч ким кутмайди. Қучоқ очиб кутиб оладиган жонкуярининг суяклари аллақачон гўрда чириб тамом бўлган. Барлосга борса, одамлар яна ундан чўчишади. Аёллар четлаб ўтишади. Болаларига: «Ана, Тўлқин одамхўр келяпти, қочинглар ундан», деб тайинлашади. Ҳаммаси уни ёмон кўради. Эҳ, бу шўр пешана!
Тўқин туриб, кўчага йўналди. Кабоб совуб қолди. Пул ҳайф кетди. Алвидо юз грамм ароғу, яна эллик тийин пул. Эшикнинг олдида ароқ сотувчи. Тўлқин шашт билан ўтиб кетмоқчи эди, аммо қадами ўз-ўзидан секинлашиб, тўғрига келганда тақа-тақ тўхтади. Кайфият расво бўлди, энди ичиб хумордан чиқмаса, ўзига келмайди. У пулининг ўн тийинини олиб қолиб, қолганини сотувчининг қўлига тутди.
Кассага кетаркан, пули қолмаганини ўйларди. Энди ичмайди, сира ҳам ичмайди. Ўзини шунча алдагани етар. Нима қилиш керак? Чўнтакларини титкилади. Кичкина паккиси бор, ўғлига атаб олган қалпоқча. Қалпоқчани сотса-чи? Ўғлига шундай ҳам бораверади. Совға ҳақида индамай қўя қолади. Ўғлига ота азизми, совға? Қолаверса, бирон нима олганини билиб ўтирибдими? Отаси топилиб борганига хурсанд бўлаверсин. «Ўғлим» деб борганининг ўзи катта давлат, агар ўғли билса.
Тўлқин четга чиқиб, харидор излади. Одамларнинг у билан иши йўқ. Ҳамма ўз йўлига шошади. Қарироқ бир кампир келаверди.
— Хола, -деди Тўлқин унинг йўлини тўсиб. – Неварангизга қалпоқча олмайсизми?
«Хола» ҳайрон бўлиб, оғзидан ароқ ҳиди анқиб турган «савдогар»га қаради.
— Сиз ҳайрон бўлманг, хола. Тўғрисини айтсам, бугун етти йиллик қамоқдан озодликка чиқдим. Хурсандчиликдан озроқ ичгандим. Уйга, ўғлимга совға –салом олдим. Қарасам, йўлга пул қолмапти. Шунинг учун сотишга тўғри келяпти. Аттанг, яхши қалпоқча эди.
— Етти йилдан бери дейсизми? – кампир унга ишонқирамай қарадию, афт-ангоридан хотиржам бўлди шекилли, қалпоқчани кўра бошлади.
— Ҳа-а, етти йил! – деди Тўлқин жонланиб, кампирнинг овозидаги хайрихоҳликдан кўнгли юмшаб. – Унда ўғлим туғилмаганди. Ҳозир кап-катта йигит бўлиб қолгандир. Ҳаёт шунақа экан, хола, — у чуқур уҳ тортди. – Тезроқ борсам дейман, ўғлимни кўрсам дейман…
— Бир сўм берсам бўладими? – кампир унинг орзуларга берилиб кетаётганини кўриб, шартта кесди.
— Бир сўм?! – Тўлқиннинг кўзлари ярақлаб кетди. «Қалпоқчанинг асл нархи бу. Яна ўн тийин бўлса, киссамда ўн тийин бор, ҳаммаси бир сўм йигирма тийин бўлади. – Юз грамм ароқнинг пули. Йўқ, ичмайди. Сираям ичмайди. Ҳозир фақат кетишга пул керак. Йўлга». – Холажон, кам айтмадингиз, аммо билетга бир сўму ўн тийин етмай турган эди. Нима қилсам экан-а? Яна ўн тийин қўша олмайсизми?
— Ма! – кампир айтган пулини чиқариб берди. – Тезроқ уйингга кет. Тағин ичиб, йўл-пўлда юмалаб қолма. Хўпми? Сенга пулни фақат билетга деганинг учун бераяпман. «Ҳе, одамлар! Шу заҳарни деб нима ёлғонларни гапиришмайди. Етти йил қамалган эмиш…», — деди кампир ўзича йўл-йўлакай.
Тўлқин пулни чўнтагига уриб, кампир узоқлашганча зўрға чидаб турди-ю, югургилаб етганча. Яна юз граммни уриб олди. Кўчага қайтиб чиққанда ҳали эс-ҳуши жойида, аммо оёқлари қалтирай бошлаган эди. – Тамом! Энди ичмайди. Бу охирги ва қатъий сўзи. Ҳали ўғлининг олдига бориши керак. Мактабига маст бўлиб кирса яхши бўлмайди. Кейин ҳаммаси ўғлининг устидан «отанг ароқхўр экан», деб кулишсинми? Йўқ, Тўлқин бундай бўлишини хоҳламайди. У ҳақиқий ҳурматли оталардек, янги костюмда, галстук тақиб, шляпа кийиб, мактабга дадил кириб боради-да, директорга учрайди: «Ўртоқ фалончиев, мен шунақа-шунақа одамман! Ўғлим қўлингизда ўқийди, уни олиб кетгани келдим», дейди. Кейин ўғли портфелини кўтариб, отилганча кириб келганда у директор билан Пентагоннинг навбатдаги кирдикорларини фош қилиб ўтиришган бўлади. Аммо ҳамма нарсани унутиб, чўккалаганча, қучоғини очади. Ота-бола йиғлаб кўришади. Дирктор ҳам, ўғлини чақириб келган ўқитувчи ҳам таъсирланиб, кўзларига ёш олишади.
— «Ўғлим, мен келдим, — дейди Тўлқин, — сени олиб кетаман»,
— «Кетдик, дада, бу ерда туришга бир минут ҳам тоқатим йўқ», дейди ўғли.
— «Наҳотки мени таниган бўлсанг?» — деб сўрайди Тўлқин ажабланиб.
— «Танидим, дада, — дейди ўғли. – Сизни ҳар доим тушларимда кўрардим. Келишингизни кутдим».
Ота-бола қўл ушлашиб, мактабдан чиқиб кетишади. Директор ва ўқитувчилар орқаларидан ўйчан қараб қолишади.
… Тўлқин гандираклагудай бўлиб, кассага жўнади. Бирдан нигоҳи кетиб бораётган пассажир поездига тушди. Югургилаб, перронга чиқди. – Ўзининг поезди! Шунда кетиши керак эди. Овора бўлиб, билмай қопти. Оббо! Энди нима қилади? Ҳа майли, ҳечқиси йўқ. Бугун бўлмаса, эрта бор. Озод одам, хоҳлаган пайти кетаверади. Аммо киссаси бўшаб қолди. Пул топиш чорасини қилиш керак. Ўғли уни утса-я! Кўзлари тўрт бўлиб ўтиргандир. Дўстларига: «Бугун дадам келадилар», деб мақтаниб қўйган бўлса-я? Тўлқин бормаса! Уят бўлади! Жудаям қаттиқ уят бўлади. Бориш керак! Қандай бўлмасин. Бориш керак. – У кассага чқинлашди. Навбатдаги поезд қирқ беш минутдан кейин келаркан. Ўшангача пул топиш керак. Йиғлагудай бўлиб, йўлга тикилиб ўтирган ўғлини кўз олдига келтириб, Тўлқин ҳаракатга тушди. Йўқ, у ўғлини хафа қилдириб қўймайди. Ҳақиқий ота эканини исботлайди. Кейин икковлон, ота-бола Барлосга боришганда ўғли дўстларига фахр билан: «Бу киши менинг дадам!», деб кўрсатади. Тўлқин, шундай-шундай деган каби илжайганча, бош силкиб, меҳр билан ўғлининг пешанасидан ўпиб қўяди. Кейин уйга боришади. Ўғли югурганча уйга кириб: «Ойи, дадам келди. Дадам!», дейди. Хотини юшуриб чиқади. Кейин… кейин… кейин нима бўлишини ўйлашни хоҳламайди.
Тўлқин яна киссаларини кавлади. Кичкина паккидан бошқа ҳеч вақо йўқ. Қанчага олишаркан? Бари бир эмасми? Қўлига пул тушса бўлди. Йўлга етгулик қиладию, уйига жўнайди. Бир сўму йигирма тийинга олишармикан? Юз грамм ароқнинг пулига? Йўқ, у асло ичмайди. Шунчаки, кўнглига келиб қолди-да.
Тўлқин яна харидор кутди. Бепарво келаётган бир ўспирин маъқул тушди. Бунақалар пичоқни яхши кўришади. Ўзи ҳам шу ўсприндай вақтида доим пичоқ кўтариб юрарди.
— Ҳей, бу ёққа кел, — дея уни бармоғи билан имлаб чақирди.
Йигитча ҳайрон бўлди. Гандираклаб турган мастнинг кўзлари қўрқинчли эди. Башараси бунча хунук бўлмаса.
— Кел деяпман сенга! — Ярим дўқ, ярим ялиниш аралаш яна чақирди.
Ўспирин ўтакаси ёрилгудай бўлиб, орқасига қарай-қарай, лекин сир бой бермай, секин ёнига келди.
— Менга қара, — деди Тўлқин, ҳар қандай такаллуфни йиғишириб (ёш болага ҳам такаллуфми?), — биласанми, мен кимман? Мени етти йилга қамашганди. Бугун чиқиб келяпман. Мана, — у киссасидаги паккини чиқариб, қайирмасини очди. «Шуни ол, ўткир пичоқ. Менга йўлга пул кера. Қанча берсанг бер», демоқчи эди, аммо йигитча шаталоқ отиб қочиб қолди.
Тўлқин ажабланиб турганди, ўспирин нарироқдаги бир милиционернинг олдига бориб, Тўлқинни кўрсатиб, алланималар деяётганини пайқаб қолди. Кейин икковлашиб, у томонга кела бошлашди. Тўлқиннинг кайфи тарқади. Ҳозир қўлга тушса, яна олиб бориб қамашади. Арз-додини тинглашмайди. Ахмоқ бола эканми бу? Мелисага борадими? Энди мастлиги, манавининг арзи, пичоқ — далил. Вассалом. Йўқ, уни ўғли кутяпти. Етти йил ётгани етади.
Қочиш керак…
Поезд йўлга чиқаётганди. Юк поезди. Бари бир эмасми? Тўлқин ўшанга қараб югурди. Оёқлари қалтираяпти. Ярим йўлда йиқилиб қолмаса бўлгани…

БИРИНЧИ ҚОР

Ҳабиб одатига кўра эрта турди. Деразанинг табақаларини очганда палатага гупиллаб қор ҳиди урилди. Қор ёғяпти! – Биринчи қор! Оппоқ…
У ҳар куни тонгда югуради. Чиниқиш керак.
Ҳабиб спорт кийимини кийиб, ташқарига отилди. Ҳовлига чиқаверишда мудраб ўтирган қоровул чол унга ҳайрон бўлиб тикилди:
— Ўғлим, бугун қор ёғяпти-ку.
— Ота, бир айланиб келмасам кўнглим тинчимайди.
Қоровул чол ўзи шунақа. Ҳабиб ҳар сафар эрталаб чиқаётганда бир баҳонани айтиб туради. Бир «совуқ» деса, иккинчи гал «ёмғир ёғяпти», дейди. Ҳабиб ҳар сафар шу тахлит жавоб қайтариб, ўтиб кетаверади. Чол унга қараб қолаверади: «Ғалати йигит!»
Ҳабиб югуриши керак. Соғлигига фойдали. Аммо қор кўп ёғипти. Совқотиб қолмасмикан? Ҳечқиси йўқ, бир айланса, қизийди.
Қор ёғарди. Биринчи қор!
Ҳабиб секингина югуриб кетди. Қор майин-майин. Цемент йўлка бўйлаб эмас, худди момиқ кўрпа бўйлаб югураётгандай. Қор бетларига, сочларига урилади. Мулойим-мулойим, гўё суйган қизи эркалаётгандай. Ҳабибнинг завқи келди. Қўлларини ёзиб, осмонга қаради. Оғзини каппа-каппа очиб, қор доначаларини юта бошлади. Баданида роҳатли жунжикиш сезди-да, яна югуриб кетди. Қандай яхши! Биринчи қор бўйлаб ҳали ҳеч ким юрмапти. У ортига қаради: қорда фақат унинг излари яхлит-яхлит бўлиб қолган.
Гулсара нима қилаётган экан? Ўрнидан турдимикан? Биринчи қорни кўрдимикан?
…Ўшанда ҳам қор ёққанди. Студентчилик. Йигитлик қони кўпирган пайт. Ҳабиб бир тўда ўртоқлари билан кўчада дилозорлик қилиб, тўғри келган қизга қор отиб, иложи бўлса, тўхтатиб, юзига ишқаётгандилар. Ҳабиб отган қор ногоҳ йўлка четида бораётган қизнинг елкасига тегди. Қиз тўхтаб, қорни қоқди, ўгирилиб, ўзига ишшайиб турган аллақандай йигитни кўрди-да, ҳеч нарса бўлмагандай, йўлида давом этди. Бу Ҳабибга таъсир қилди. Қорни думалоқлаганча югуриб, қизга етди. Елкасидан тутиб, юзига ишқалади. Воажаб! Қиз на қаршилик кўрсатди, на ҳимояланиб эгилди. Юзидаги қорни осоййишта артиб, Ҳабибга бамайлихотир қараб турарди. Бу кўзлар: «Бўлдими, ё яна бошқа ҳунарларинг ҳам борми?», деб сўрарди.
Қаршилик кўрсатса бўлмасмиди? Дод-вой қилиб қочса бўлмасмиди? Бу қандай бедодлик? Йигит ва қиз. – Ҳабиб ва Гулсара! Бир-бирига тикили-иб туришарди. Ҳабиб қизнинг чинқиришини, хурсанд бўлиб ўзини ҳимоя қилишини, ҳеч бўлмаганда иккита нордон гап айтишини кутганди. Агар шундай қилса, ердан яна қор олиб, ўхшатиб, юзига ишқамоқчи эди. Бунинг гашти бошқача-да. Кўчада кетаётган қизларнинг кўпчилиги шунақа қилишади. Чинқиришади. Узоқроққа боргандан кейин хурсанд бўлиб, мушт ўқталишади. Аммо бу қиз…
Қизнинг юзига яна қор чаплаш учун кўтарилган қўл аста-секин ёнига осилди. Мушти ёзилиб, кафтидаги қор ерга тушди. Лол бўлиб, қизнинг кўзларига тикилди. Ҳайҳот! Бу кўзларда нима бор? Йигитнинг юрагига бир нима қаттиқ урилгандай, вужуди қизиб кетди. Қўллари қалтирай бошлади. Нималардир демоқчи эди, овози чиқмади. Томоқларигача қалтирарди. Илжаймоқчи бўлди, аммо уддалай олмади. Юзи худди йиғламоқчи бўлаётган киши ҳолатини акс эттирди. Қиз эса ҳамон осойишта тикиларди. Йигит кўзларини олиб қочди. Ий-е! Ҳабиб бунчалар бўшанг эмасди-ку. Унга нима бўлди?
Йигитдан садо чиқмагандан кейин қиз аста ёнидан ўтиб, йўлида давом этди. Ҳабиб ортидан қараб қолди. У ҳозир бирон бир жўяли тадбир ўйлаб топишга ноқодир эди…
Ҳабиб касалхона атрофини бир марта айланиб чиқди. Одати бўйича яна икки марта айланиши керак. Сочлари оппоқ бўлиб қолибди.
… Ўшанда Ҳабиб бирдан сустлашиб, ўйчан кета бошлади. Югуриб юрган дўстларидан бири унга қор отди. Қор қулоғининг тагига тегиб, баданини ачиштирди, аммо Ҳабиб қорни ҳеч қандай ҳис-ҳаяжонсиз қоқиб ташлади. Назарида, юраги бирдан бўшаб қолгандай. Илгари ҳам шундай, юўш бўлгану, буни ўзи пайқамагандай. Бўш жойни тўлдириш жуда зарур эди, шекилли.
Ғайритабиий қиз! Кўзлари сокин қиз! Юришлари бамайлихотир қиз! Ким экан у? Яна учратармикан? Йўқ. Учратмади. Тасодиф билан бир дуч келдию, Ҳабибнинг ороми бузилди. Унга нимадир етишмайди.
Орадан бир йил ўтди. Нимагадир Ҳабиб нуқул ўша воқеани, ўша қизни қайта-қайта эслайверди.
Ёппасига рентген кўригидан ўтишаётганда Ҳабибнинг ўпкасида доғ борлиги аниқланди. Ана холос! Соппа-соғ одамга бетинг-кўзинг демай, «ўпка касалсан», деса алам қиларкан. Ҳабибнинг ҳеч ери оғримасди ахир! Бари бир врачлар қўйишмади: касаллик энди бошланаётган эмиш. Олди олинса яхши бўлармиш. Касалхонага тушгандан сўнг иккинчи куни унга дори ёзишди. Руҳсиз бир ҳолатда кечки овқат олдидан дори олиш учун ҳамширанинг хонасига кирди. Ўз хаёллари билан бўлиб, узатилган дорини олганча, изига бурилганди…
— Шу ерда ичинг!
Ҳабиб ҳамширанинг овозини эшитди-да, бошини кўтарди. Кўтардию, вужудига нимадир югуриб, қизиб кетди. Қўллари бемажол икки ёнига осилди. Мушти ёзилиб, кафтидаги дорилар полга тушди. Ҳамшира унга синовчан тикилиб турарди. Йигит ва қиз! – Ҳабиб ва Гулсара! Ўша! Юзига қор ишқалаган қиз! Ҳамшира экан-а! Қандай яхши! – Ҳабиб титрарди. Бутун борлиғи титрарди.
— Сизга нима бўлди? – еб сўради қиз. У ҳайрон.
Йигит ўзига келиб, эгилганча, дориларни тера бошлади.
— Ташланг энди. – Қизнинг меҳрибон ва далдали овози эшитилди. – Бошқасини бераман.
Ҳабиб қаддини ростлади. Ҳамшира унга янги дори тутди. Олаётиб, кафти кафтига тегиб кетди. Бирдан… бирдан Ҳабибнинг юрагидаги бўш жой тўлгандай бўлди. Ҳаяжони кучайди. Аммо қиз бепарво. Бир-икки марта ажабланиб қараб қўйгандай бўлди: «Ғалати йигитга ўхшайди. Бунча қизариб-бўзармаса…»
Ҳабиб ҳайрон. Қиз уни танимади. Эътибор бермади. Исми Гулсара экан. Барлос қишлоғида яшаркан. Кечки навбатчиликка ҳар уч кунда бир келаркан.
Ҳабиб энди ҳар сафар интизорлик билан Гулсаранинг навбатини кутади. Қиз танимагандан кейин у ҳам ҳеч нарса дея олмади. Алоқалари расмийлигича қолаверди. Қачон у келса, Ҳабиб дори ичишга интиқ. Бир неча дақиқа Гулсарага тикилса, кифоядай туюладию, аммо дорини ичиб чиқиб, ўзидан қониқмай, яна Гулсарани кўргиси келаверади. Қайтиб киришга истиҳола қилади-да, коридорда деворга суяниб тураверади. Тураверади, тураверади… То ҳамшира бир кўринмагунча ҳеч ёққа кетмайди. Агар чиқса, гўё ўзини унга эътибор бермаётгандай кўрсатишга уринадию, бари бир…
Ҳабиб касалхонани иккинчи марта айланиб чиқди. Ҳаракати енгиллашиб, янада тезроқ югурди. Сочлари оппоқ қор. Ким айтади уни сил касал деб? Сил касал шундай югура оладими? Ҳали врачларга соғлигини исботлайди. Шошмай туришсин. Ҳабиб энди анча тез югурса-да, ҳамон бурнидан нафас олишга ҳаракат қиларди. Охирги икки юз қадам қолганда оғзини очди. Нафас олиш жуда осонлашиб, оғриётгандай бўлаётган оёқлари енгил кўча бошлади. Охирги юз қадамни, худди иккинчи нафас йўли очилгандай, жуда тез югуриб ўтди.
Югуришдан кейинги махсус машқларни бажариб бўлганида Ҳабибнинг юзида тер томчилари пайдо бўлганди. Йўлакда бир-иккита одам боряпти. Телпак, пальто кийиб олишган. У эса спорт пиджагини ҳам ечиб ташлади. – Жуда иссиқ! Баданини ушлаб кўрди – сув бўлиб кетибди. Юзига, бўйнига, билакларига, кўкрагига қор ишқалади. Қани энди, ҳозир Гулсара ҳам ёнига югуриб келсаю, иккови қорбўрон ўйнашса. У қаршилик кўрсатса. Кулса. Қочса. «Акажон, бошқа керакмас, бўлди, қўйинг!», деб ялинса. Муштоқ ва меҳрибон кўзларини тикса. Ҳабиб ҳам қўлидаги қорни ерга ташлаб, қизга тикилса. Синовчан кўзларига тўйиб-тўйиб боқса. Дори тутган қўлларини узоқ-узоқ ушласа. Унинг ҳарорати бунга ўтса. Бунинг ҳарорати унга ўтса. Баб-баробар ҳаяжондан қалтирашса. Баб-баробар бир-бирига интилишса… Фақат иккови бўлса. Йигит ва қиз! – Ҳабиб ва Гулсара! Севгига ташна юраклар! Улар висолни кутадилар! Ширин дамларни кутадилар! У дамлар келармикан? ..
Гулсара кеча кечқурун навбатчиликка келган эди…
Ҳабиб ўзини қорга ташлади. Кенг пешанасини қорга босиб, бир дам ўйларига ором берди ва!.. Топди! – Ҳабиб қувониб кетди. – Биринчи қорни совға қилади. Севгилисига! – Гулсарага! Ўша дамларни эслатади…
Қўлида бир ҳовуч қор билан ҳамшира хонаси ёнида Ҳабиб пайдо бўлди. Юзи ҳовриққан, намланган, сочидаги қорлар эриб, юзига сизяпти. Юраги гурсиллаб ураётгани кўп югурганидан дейиш мумкин. Аслида висол дамларини кутиб, изтиробга тушаётганидан.
Ана! Эшик ортида у истаган қиз бор. — Гулсара! Мен келдим!
Ҳабиб эшикни тақиллатди. Ичкаридан жавоб эшитилдию, остонада ҳамшира пайдо бўлди. – Гулсаранинг дугонаси, улар бирга навбатчилик қилишади. Ҳамшира йигитнинг бесаранжом ҳаракатларидан кулгиси қистаб, бир юзига, бир қўлидаги қорга тикилди.
— Илтимос, Гулсарани чақириб юборинг.
— Гулсара кетган.
— Кечқурун шу ерда эди-ку!
— Кечқурун шу ерда эди. Тонг азонда кетди, — деди ҳамшира зарда қилиб. – Яна саволлар борми?
Ҳабиб қўлидаги қорни эзғилаганча, изига қайтди. Узун коридор бўйлаб, қордан сирқиган сув томчилари йўл бўйлаб борарди. Худди кимнингдир аламли кўз ёшларидек.
Гулсара уч кейинги навбатчилигига келмади. Бир ҳафтадан кейин ҳам, бир ойдан кейин ҳам…
Гулсара қандайдир бир шофёр йигитга эрга тегиб кетган эмиш…

ҲАЁТНИНГ БИР ЛАҲЗАСИ

Охун бу тўғрида аввал ҳам ўйлаган, бир-икки марта бормоқчи ҳам бўлган, аммо юраги дов бермаганди.
У бева ҳақида ҳар хил гаплар юрарди. Назокатни айтяпти. У илгари шаҳарда яшарди. Қишлоқда онаси бор. Назокат ҳар ҳафта онасиникига келиб турарди. Ҳар сафар ҳар хил одамлар уни ўзларининг енгил машиналарида олиб келиб, олиб кетишарди. Шофёрларнинг ҳам кўпи яхши таниркан. Бирга йўлга чиқиб қолган одамлар айтишади. Кўчада кўринди дегунча у шофёр ҳам кабинадан бошини чиқариб: «Назокат опа, олиб кетайми?», деб ишшаяркан, бу шофёр ҳам.
Баҳорда Назокат қишлоққа кўчиб келди. Бировлар Назокатни эри ҳайдаб юборган, дейди. Бошқалар, ўйнаши билан қўлга тушганмиш, дейди. Ишқилиб, қишлоқда Назокат ҳақида турли миш-мишлар кўп. Хўжалик Назокатга алоҳида уй берди. Ҳозир бўлимда буғалтир бўлиб ишлаяпти. Назокат негадир қишлоқ одамлари билан унчалик очилиб гаплашмайди. Ўзини катта оладими ё бошқа сабаби борми, ишқилиб, ҳар ким билан гаплашавермайди. Мабодо иш юзасидан лозим бўлиб қолсагина савол-жавоб қилади. Биров билан гаплашса, худди ҳар бир сўзини қарзга бераётгандай, қийналади. Бир марта Охун ярим ойда қанча ишлаганини, неча пул олиши кераклигини билмоқчи бўлиб борган эди. Назокат Охун билан чимирилиб гаплашди-ю, бироқ нариги ёнида ўтирган бош буғалтирга қараганда овози у ёқда турсин, юзигача майинлашиб кетди. Одамнинг башараси ҳам шунақа тез ўзгараркан. Назокат келганидан бери бош буғалтир ҳам бошқача бўлиб қолган. Асли қўпол одам, ходимаси билан сўзлашганда бирам мулойимлашадики. Одамнинг кулгиси қистайди.
Назокатнинг ўзи зўр нарса. Кўрган эркакнинг кўнгли бир орзиқади. Ёши ўттиздан ошса ҳам кўриниши турмушга чиқмаган ўн саккиз яшар қиздай. Миш-мишларга қараганда, у эркакларни танлаб-танлаб юрармиш. Охунга ўхшаган кетмончию-тракторчиларни яқинига йўлатмасмиш. Ҳозир ҳам баъзи танишлари кечалари ўз машиналарида келиб туришаркан. Кўрган-билган қўшниларининг гапи бу. Шуни ўйлаб, машинаси йўқлиги баъзан жуда алам қилиб кетади. Ҳозир ҳар бир дўкондорнинг ҳам биттадан машинаси бор. Унча-мунча одамларни назар-писанд қилишмайди. Ҳеч бўлмаганда дўкондорликка ўқимайдими? Назокатнинг эшигигача машинада борарди.
«Салом, Назокатхон, — дерди, — мана, аҳволингиздан хабар олгани келдик».
«Келинг, келинг», — дерди у жилмайиб.
Кейин икковлари ичкарига киришади.
«Мен бу онни анчадан бери кутаман», — дерди Охун тўлиб.
«Мен ҳам сизни қачон келаркансиз, деб интизор бўлиб кутаётган эдим», — дерди Назокат.
Кейин… Ҳа, Охун Назокатни кўп ўйлайди. Ўйламайин, деса ҳам бўлмайди. Тўртта эркак йиғилса, дарров Назокатни ғийбат қилишади. Унақа эмиш, бунақа эмиш. Униси билан ундай иш қилипти, буниси билан бундай иш қилипти. Ҳамма гапиравергандан кейин ишонмайман деган гапингга ҳам қандай ишонганингни билмай қоларкансан.
Бугун қўшниларникига молхонасининг томини сувашга ҳашарга борган эди. Беш-олти киши бир ярим соат ишни битиришди. Илгак томнинг устида туриб, илгакли арқон билан пақирдаги лойни тортиб олаётганда: «Яхшилаб торт, бўйрдоқ йигитсан-ку, — деб қолди биттаси. – Ё кучингни Назокатникига ташлаб келяпсанми?»
Шундан кейин бошланди… Бири у деди, бири бу деди. Кейин ҳашар оши ейишди. Ораларида бўйдоқ йигит битта ўзи экан, ҳаммаси ўртага олди.
— Е, тўйиб еб ол. Биз сени биламиз, бари бир оқшом Назокатникига борасан. Боргандан кейин зўр бўлиб бориш керак, — деб ҳазил қилишди.
Албатта, улар ҳазилнинг чинга айланишини билмасдилар. Охун нималарни ўйлаётгани хаёлларига келмаган. Шунчаки ўтириш қизиши учун гап ковлашарди.
— Ўзи қурғур яхши нарса-да, — деди биттаси.
Билмасдики, айнан Охуннинг кўнглидаги гапни айтяпти. Билмасдики, Охуннинг юрагини ўртаяпти. Билмасдики, Охун ўтириш тугагандан кейин тўғри Назокатникига кетади. У шунчаки бир омади гапни айтарди.
— Сен, бола, яширяпсан, — деди ҳалиги киши яна Охунга кўзларини айёрона тикаркан. Нигоҳида: «Ҳа-а, мен сени биламан. Кўнглингдан нима кечяпти, кўриб турибман, айт, айт, нима дардинг бор, ҳаммасини айт», деяётгандай бўларди. Аслида, шунчаки Охуннинг бўйдоқлиги, керак бўлса, Назокатга ўхшаганларникига бемалол бора олиши мумкинлигидан, бунинг учун хотини, бола-чақаси халал бермаслигин ўйлаб, ҳасад аралаш ҳаваси келаётганди.
Тарқалишаётганда Охун одамлар шубҳа қилмаслиги учун ўз ҳовлиларига кири. Кўчада ҳеч ким қолмагандан кейин тўғри Назокатникига равона бўлди. Назокатнинг уйига яқинлашган сари юраги ҳаяжондан қаттиқ дукиллаб ура бошлади. Хоналарининг чироғи ўчган. Ухлаб қолганмикан ё ҳали уйғоқмикан? Охунни қандай кутиб оларкан? Эшигини очиб кирганда Назокат ётган жойидан кўтарилиб, устидаги кўрпани очиб ташласа, юзига бахтиёрлик ёйилиб: «Келинг, Охунжон! Мен сизни кутяпман», деса. Охун ўзини келишган жувоннинг бағрига отса. Эрталабгача ухлашмаса. Тонг олдидан остонада хайрлашишса:
«Хўп, энди боринг, одамлар кўриб қолмасин, — деса Назокат, аммо қўлларини қўйиб юбормаса. Хумор кўзларини тикиб: — Бугун оқшом яна келинг. Хўпми?!», деса ноз билан.
«Хўп!» — деса Охун.
«Тағин алдаб кетманг, — деса Назокат эркаланиб. – Сиз эркакларнинг шунақа одатингиз ҳам йўқ эмас».
«Ишонинг, келаман, мен сизни ҳеч қачон алдамайман».
«Сизни ҳеч кеткизгим келмаяпти», — дея Назокат яна унинг бўйнига осилса… Зўр бўларди. Эҳҳ!
Охун ҳарбий хизматни ўтаб келди. Баҳоли қудрат хўжаликда ишлаяпти. Топиш-тутиши ёмон эмас. Отаси эса қўлига пул тушди дегунча ичади. Шунча йилдан бери бирга яшаб, онаси маст одам билан гаплашишини билмайди. Онаси отасини индамасдан олиб кириб ётқизиш ўрнига, дарров: «Яна ичиб келдингизми? Болаларингизни ўйламайсизми? Қирилгур! Шўрингга шўрва тўкилгур!», — деб қарғанаверади. Қайси мастга ортиқча гап ёқади? Отаси онасини қувади, қўлига тушган нарсасини олиб отади, уйдан ҳайдаб чиқаради. Кичкиналигида Охунларни ҳам қаторлаштириб ураверарди. Энди Охун катта бўлиб қолган. Ёнма-ён туришса, отасидан тикроқ. Кучи ҳам кўп. Агар ўзи уйда бўлса, отасини ёш болани кўтаргандай, шартта опичиб оладию, ичкарига кўтариб кириб, ётқизади. То ухлаб қолмагунча, қўйиб юбормайди. Ўшандаям онаси атрофида айланиб қарғанаверади. Отаси ётган жойидан туролмайдию, бўғилиб, чўкинади. Шунақа ота ўғлини уйлантиришни ўйлармиди? Аммо бари бир, уйланиш керак. Қачонгача Назокатга ўхшаганларнинг уйини пойлаб юради? Энди ичкарига қандай кирса экан? Эшиги очиқмикан? Секингина деразадан ошиб тушса-чи? Йўғ-э, Охун ўғрими-ки, деразадан ошиб тушади? Доим келиб турадиган жазманлари эшикдан кирса керак. Охун ҳам тўппа-тўғри эшикдан кираверади. Умуман олганда, ўша, доим келадиганлардан қаери кам? Тўғри кириб борса, шунақа-шунақа, мен келдим, мақсадим шундай, деса нима қилади? Ўтирадими бу ерда бўзрайи-иб? Асли кундузи келишиб олса бўлар экан. Ҳеч нарсани ўйламасдан, шубҳаланмасдан, иккиланмасдан, паналамасдан, тўғри кириб бораверарди. Ҳеч бўлмаса, ўша, доим келадиганлардан бирортаси билан гаплашиб, кириш қоидасини сўраш керакмиди?
Ростдан ҳам шунақа аёлмикан? Ҳалигача қишлоқлик бирон киши билан гап бўлмади. Тўғри, шаҳардан, бошқа ерлардан одамлар машиналарида келишади, аммо нима мақсадда келишади, нима қилишади, буни ҳеч ким билмайди, Кейин, ўйнашлари, деб гап тарқатиб юборишгандир балки? Охун ахмоқ бўлиб келиб ўтирган бўлсая?
Охун ҳардамхаёл бўлиб кўчага чиқди. Аммо Назокатнинг ҳузурига кириш иштиёқи жуда кучли эди. Рост-да, нега кирмас экан? Кетмончи бўлгани учун айбдорми? Керак бўлса, Охун ҳам ўқийди. Каттакон бўлиб кетади. Назокат ким бўлибдики, киришга бунчалар чўчиса? Атайлаб келди. Ҳатто кирмоқчи ҳам бўлиб эшикни тутдию, энди юраги дов бермай, қайтиб кетмоқчи бўляпти. Шуям ишми? Ҳозир шартта кирадию, аввал чироқни ёқади. Агар ухлаган бўлса, кўзи қамашиб уйғонади. Кулиб қарайдими, ҳайрон бўладими, қатъий назар: “ёт, ётавер! Мен шунақа-шунақа гап билан келдим!”, дейди. Мабодо додламоқчи, қўшниларни ёрдамга чақирмоқчи бўлса: “Овозингни ўчир! Ғинг десанг сўйиб ташлайман!”, деб дўқ уради. Пичоғи йўқ, Охун ҳеч қачон пичоқ кўтариб юрмаган, шунчаки, йўлига, қўрқитади-да!
Охун аста бориб эшикни тортганди, очилди. Ҳатто ғийқилламади ҳам. Қувониб кетди. Ичкарига киргандан сўнг қайтариб, зичлаб ёпди. Зулфини ўтказди. Итариб кўрди. Яхши, Очилмади. Бу ҳар эҳтимолга қарши. Охун даҳлизда турарди. Энди ётоқхонага кириш керак. Чироқни ёқадими, йўқми? Яхшиси ёқмаган маъқул. Бирон кори-ҳол бўлиб қолса, танимайди. Тала-тўпда Охун кимлигини билдирмасдан чиқиб кетади. Иккита хонага эшик бор. Қайсисида ухлаётган экан? Охун тўғрисидаги эшикни очди. Тўлин ой нурлари деразадан ётоқхонага тушар, хонада қаторасига ухлаётган уч киши аниқ кўринарди. Чеккадаги катта киши – Назокат! Кичиклари – болалари. Бу эшик ҳам мойланган эканми, унчалик ғийқилламади. Охун эҳтиёткорлик билан, ҳар эҳтимолга қарши туфлисини ечмай, хонанинг чет-четидан юриб, Назокатнинг бошига келди. Аёл ширингина ухлаб ётарди. Лабларида майин табассум. Охун тўлқинланиб кетди. Дунёда шунақанги чиройли аёллар ҳам бор-а! Бундай гўзалликка тикилиб ўтиришнинг ўзи қанчалар бахт! Бир неча дақиқалардан кейин ана шу гўзал мавжудот Охуннинг оғушида бўлади…
Охун оҳиста кўрпани кўтарди. Аёлнинг устида юпқагина тўр кўйлак бор эди. У ҳам юқори кўтарилиб, бадани очилиб қолган, ой нурида шуълаланаётгандай. Кўкраклари лўппи-лўппи, тўлишаётган белига ёпишган кўйлаги ғира-ширада Назокатни жудаям жозибали қилиб юборган эди. Бу жозибанинг сеҳридан, кўринмас нурларидан кўзлар қамашиб, тура солиб, нафас етган жойгача қочиш керак эди, ёки ярим дақиқани ҳам бой бермай, жозибага сингиб кетиш керак эди. Бу жозиба шу қадар кучли эди. Охуннинг юрагида қайнаб-тошаётган ҳислар ва ҳирслар айқаш-уйқаш бўлиб кетди.
Кейин ҳамма нарса жуда тез содир бўлди. Охун иккинчи йўлни танлади. Тўғрироғи, танламоқчи эди, улгурмади. Назокат уйғониб қолди. Уйқусираб, кўрпани кўтариб, устига тортмоқчи бўлдию, Охунга кўзи тушиб, бирдан сергакланди. Охун ўзини йўқотди. Шартта аёлнинг устига отилди-ю, қучоқлади. Аёл юлқина бошлади. Тортинаверганди, Охуннинг бир қўли аёлнинг ичкўйлагини ушлаб турган экан, силтаниб, сирғаниб, ичкўйлак шириллаганча бор бўйига йиртилиб, иккига ажралиб, Назокатнинг оппоқ бадани очилиб, ой нурида жудаям гўзал товлана бошлади. Аммо энди бу гўзалликдан роҳатланадиган, лаззатланадиган фурсат эмасди. Охунга кўйлаги йиртилмаганда яхшироқ бўлади. Назокат энди балиқдай сирғаниб, Охуннинг қучоғидан чиқа бошлади. Охун бор чаққонлигини ишга солиб, тағин аёлнинг устига отилганди, аёл қўрққанидан додлаб юборди. Охун қўрқиб кетди. Энди шарманда бўлади. Индамасдан қанча олишса олишаверсин эди. Қўлидан ҳеч нарса келмаса, ношудлиги учун ўзини койиб, чиқарди-кетади. Аммо Назокатнинг бақиргани чатоқ бўлди. Охун шартта кафти билан Назокатнинг оғзини ёпди. Аёл аввал ғўнғир-ғўнғир қилди, силтанди, кейин Охуннинг қўлини уриб юборди-да, яна бақирди. Охун аёлнинг овозини ўчириш учун Назокатнинг бўғзига жон-жаҳд билан қўл урди. Аёлнинг нафаси тиқилиб, ғи-ғилаб қолди. Кучсиз қўллари билан ўзини халос қилишга уринди. Аммо Охуннинг меҳнаткаш, чайир, кетмон кўтариб юрган бақувват қўллари Назокатнинг бўғзини қўйиб юбормади. Агар қўйиб юборса, Назокат яна дод солиши мумкин эди. Охун буни истамасди. Аёл типирчилаб-типирчилаб, охири шилқ этиб тинчиб қолди. Охун шунда ҳам анча вақтгача қўлларини бўшатмади. Қўйиб юборса, аёл баҳона қилаётган бўлиши, бўғзи бўшагандан бақириб, одамларни ёрдамга чақириши мумкин эди-да! Аста-секин нима иш қилиб қўйгани Охуннинг миясига бориб етди-да, Охун шошиб қўлларини тортди. Назокат қимирламай ётарди. Охун унинг юзига шапатилади. У ёққа урса – у ёққа, бу ёққа урса — бк ёққа бурилиб кетяпти. Жон асари сезилмайди. Бу орада Назокатнинг болалари бирин-сирин уйғониб йиғлашга тушишди. Охун қилиб қўйган ишини тобора аниқ тасаввур қиларкан, Назокатга қаради. Тинчгина ётипти, ҳатто нафас ҳам олмайди. У энди қаршилик кўрсата олмасди. Ожиз эди. Ожизлиги билан даҳшатли эди. Охун қадоқ қўлларига қаради. Кетмондан бошқа нарса тутмаган, ҳатто пичоқ ушламаган қўллари ҳозир қотиллик қилди. Одам ўлдирди. Бўғиб ўлдирди. Умуман, одам ўлдириш Охуннинг хаёлида йўқ эди. Тасодифан шундай бўлиб қолди. Ҳатто бўғаётганда ҳам заррача қора нияти йўқ эди. Шунчаки Назокатнинг додлашини, бошига одам тўплаб, Охунни шарманда қилишини истамаганди. Ўзи, ўйлаб иш қилишга ҳам фурсат бўлмай қолди. То эс-ҳушини йиғиб олгунча Назокат ўлди-қўйди. Яна озроқ ўлмай турса, Охуннинг эси жойига тушиб қолармиди? Энди тамом. Энди Охунни қамашади. Охун сўник кўзларини Назокатнинг болаларига тикди. Болалар боядан бери йиғлашяптию, Охун энди эшитибди. Ҳозир одамлар келиб қолиши мумкин. Тезроқ кетиш керак. Қиладиган ишини қилиб бўлди. Бу уйда тағин нимани кутиб ўтирибди?
Охун гандираклаб эшик томон юрди. Бир жойга бордию, итара бошлади. Очилмагандан кейин қўллари билан урди. Қараса, девор экан Эшик деб деворни урибди. Орқасига ўгирилди. Деворга қапишиб, атрофга аланглади. Нимагадир, эшик кўринмасди. Кўз олди қоронғилашди. Охун шу кўйи туриб қолди.Анча вақтдан сўнг кўча тарафдан одамларнинг овози эшитилди. Бошқа пайт эшитмаслиги мумкин эди, аммо ҳозир, қулоқлари динг бўлиб турган пайт, ҳар бир шарпани пайқашга тайёр тургани учун, дарров эшитди. Энди эшикдан чиқиб бўлмайди. Ҳар бир дақиқада одамлар келиб қолиши мумкин. Деразадан қочиш керак. Охун шошилганчадеразани тортди, итарди, очилмади, қимирламади. Куч билан ойнани уриб синдирди-да, ўзини ҳовлига отди. Шошилганидан ерга калласи билан тушди. Ҳатто қўлини чўзишга улгурмади. Бўйни қийшайди. Бир бети ойнанинг синиқ парчасига тегиб, тилиниб кетди. Оғриқни ўйлайдиган фурсат эмасди. Қандай бўлмасин, жонни сақлаб қолиш, тезроқ бу ердан қочиш керак эди.
Охун кўчага чиқмади. Битта-яримтанинг кўзи тушиши мумкин. Югурганча, қўшни томорқага ўтди. Кейин пахтазорга чиқди. Пахтазор ёқасидаги йўл бўйлаб, уйига жўнади. Энди югурмас, шошилмас, орқасига қарай-қарай, бемалол кетарди. Қочиб қаёққаям борарди? Ҳозир милиция кучайиб кетган. Қаерга қочмасин, қанча яширинмасин, дарров топиб олишади. Яхшиси эрталаб ўзи тўғри милиция пунктига боради. Шунақа-шунақа иш қилиб қўйдим, дейди. Билганларини қилишсин. – Охун ғалати ҳолатга тушиб қолган эди. Кўнглида на таскин, на даҳшат бор. Қотиллигини бемалол, одатдаги бир ишдек, ақл тарозисига солиб борарди. Балки тақдирга тан бергани сабаблидир? Ичи бўм-бўш. Аста-секин Охуннинг вужудига ранжиш аломатлари кириб кела бошлади. Ота-онасидан ҳам, дунёсидан ҳам, ҳаётидан ҳам, Назокатдан ҳам. Ҳамма-ҳаммасидан ранжиди. Назокат сал бўғганга дарров ўлиб олди. Шунақаям нозик бўладими одам деган?! Охун болалар билан уришганда қанчалар бўғишарди. Аммо биронтаси уни бир марта ҳам ўлдиролмаган ёки у ҳам ҳеч кимни ўлдирмаган… — Охун пахтазорга қаради. Яқинда терим бошланади. Кўсаклар оппоқ очилган. Ой шуъласида жуда ўзгача маъно касб этишган. Қандай маъно эканини ўзи ҳам билмайди, лекин жуда бошқача. Киши дилига нозик, назокатли туйғу олиб кирадими-ей! Во, онангни… Яна Назокатми? У туфайли қамалиб кетиши керакми? Мана шу қадрдон далаларидан ажраши керакми? Кечалари ухламай, пахтазорга сув қўйиб чиқарди. Уч-тўрт кун аввал терим олдидан охирги марта суғоришганди. Илгари ҳеч қарамаган эканми ёки қамалишини билгани учунми, пахтазор кўзига жуда чиройли кўринаётган эди.
Охуннинг юраги ўртаниб кетди. Шу дақиқадагина ўзининг пахтазорга қанчалар боғланиб қолганини, бу далалар керак пайти унга кўрпа ўрнига ўтишини, суғориш мавсумида тунлари уйга бормай, қаттиқ ерга тўнини ташлаб, мизғиб олишлари — турган битгани роҳат эканини англаб борарди. Ҳа, бу далалар Охунга жуда қадрдон эди. Энди ташлаб кетишга мажбур. Кетмон ҳам қолади, дала ҳам. Шундай бўлиши керак, чунки у одам ўлдирди!
Охун уйларига томорқа тарафдан яқинлашди. Аммо юрагидан нимадир узилиб, пахтазорга тушиб қолгандек, ўз-ўзидан қадами секинлашди. Яна бир неча қадамдан кейин тўхтади. Шунча юрмоқчи бўлади – юролмайди. Худди михлаб ташлангандай. Юраги орқага – пахтазорга ундайди. Гўё ўша ерда бир нарсаси қолиб кетгандай. – Охун орқасига ўгирилди. Неча йиллардан бери ишлаб, бирон марта ҳозиргидай назар солмаган, пахтазорнинг шунчалар гўзаллигини англамаган экан. Чаноқлардаги лўппи-лўппи пахталар ой нурида товланади. Назокатнинг лабларига, ҳар хил упа-элик сурилаверган юзига ишқибоз бўлганча, шу оппоқ пахталарни ўпмайдими? Энди шунақа деяпти. Яқин орада бу ерлардан бадарға бўлишини билиб, кўзига пахта яхши кўриняпти. Агар шу ҳодиса бўлмаганда, Назокатга кўнгли кетиб юраверарди.
Охун яна пахтазорга юрдию Юраги ҳаприқди. Қадами тезлашди. Югурди. Пайкал ёқасидаги катта кесакка қоқилиб, эгат орасига юзтубан тушди. Аммо у оғриқни сезмасди
Вужуди бир нарсага қаратилганди: Қадрдон даласи, пахтазори билан хайрлашиши керак эди. Охун йиқилган жойидан туришга уринмади. Шу кўйи анча ётди. Шундагина ерга юз қўйиб ётиш кишини қанчалар тўлқинлантириб юборишини билди. Ернинг қандайдир ҳиди бор эди. Ҳозиргина димоғига шундай сезилганди, энди атайлаб ҳидлаб кўрди. Шу ёшга кириб, бирон марта ҳис қилмаган экан. Қандайдир намхуш ҳид. Охун ўгирилиб, осмонга қараб ётди. Икки ёнида ғўзалар бўй чўзган. Охун ғўзаларни силади. Қўллари қандай борганини, қандай силай бошлаганини ўзи ҳам билмай қолди. Анчавақтдан кейингина ғўзани қайириб, чаноқдаги пахтани қайириб лабларига босаётганини англаб қолди. Яқинда айрилиқ бўлишини ҳис этиб, юраги бутунлай бўшаб қолганди. Кўзларидан ёш оқаётганини ҳам кейин билди, лекин артмади. Майли, ҳеч ким йўқлигида хуморидан чиққанча йиғлаб олсин. Ахир унинг шу пахтазордан бўлак яна нимаси бор? Отаси ароқхўр бўлса. Онаси отаси билан жанжаллашиб кунини ўткизса. Қўшни қизни айтмаса ҳам бўлади, ҳали ҳеч қандай алоқалари йўқ. Жуда яхши қиз. Охун томорқаларида ўтириб, ишлаган киши бўлиб, қўшни қиз – Салимани бир кўриш илинжида соатлаб айланади. Назарида Салима ҳам баъзан-баъзан Охунга назар ташлаб қўядигандай. Охун пайтини топиб, унга: “менга турмушга чиқ”, деб айтмоқчи эди. Бу воқеадан кейин дуч келиш у ёқда турсин, ҳатто кўриниш ҳам мумкин эмас. Ҳозир биров унинг дардини тинглармиди? Биров уни тушунармиди? Ахир у – қотил! Одам ўлдирди. Одамлар энди уни ниқтаб кўрсатишади. Назокатни бўғиб ўлдирган мана шу, дейишади. У қандай аёл бўлишидан қатъий назар, ўз ҳолича тинчгина яшаб юрганди. Ҳеч кимга оғирлиги тушмаган, ёмонлик қилмаган эди. Ким билсин, балки жуда яхши аёлдир. Ҳалигиндай… ишлар билан умуман шуғулланмагандир. Фақат турмуши бузилиб кетгани учун, ўзи ёлғиз яшаётгани учун одамлар гап қилишгандир. Ҳар нима бўлганда ҳам Охун қотил! Битта одамнинг бошига етди. Энди қамалиши керак. Буни ўзи яхши билади. Қочмоқчи ҳам эмас. Эртага ўзи боради. Ҳозир эса қадрдон даласи билан хайрлашяпти.
Охуннинг кўнгли анча бўшагандай бўлди. Лаблари пичирлади. Нима деяётганини ҳатто ўзи ҳам англай олмасди… Ниҳоят ўрнидан турди. Юзи сўлғинлашиб қолганди. Беҳол қадам ташлади. Тақдирга тан берган кўйи бошини эгиб, кўнглида ғайритабиий тинчланиш билан томорқа томондан ҳовлига йўл олди. Ногаҳон ичкарида ур-сур, шовқин, онасининг дод-войи, отасининг бўғриқиб сўкиниши эшитилди. Бир зумдан сўнг даҳлиз эшиги шарақлаб очилдию, онаси отилиб чиқиб, ерга мук тушди. Тура солиб, қарғана кетди. Отаси остонада майкачан, қўлларини белига тираб, оғзидан боди кириб, шоди чиқарди. Охун аввалига қандайдир бегона одамларни учратиб қолгандай, тўхтаганча кузатиб турди. Кейин вужудини ғазабли, исёнкор бир тўлқин қамраб олди: Ҳаммаси мана шу ароқхўрнинг касофати! Вақтида уйлантирмади. Натижада Охун жиноят қилди. Онасининг ҳам бағрини қон қилиб юборган. Ёруғ кун берадими, йўқми бу одам? Қачонгачадавом этиши керак бу аҳвол? Жонга тегиб кетди-ку! Онаси шунчавақт бирга яшаб, қандай чидаб келаётган экан? Шунақаароқхўр билан бирга яшашга нима мажбур қилар экан?
Охун онасининг устига мушт кўтариб келаётган отасининг йўлини тўсди.
Қоч, онангниям… сениям… – отаси қўпол сўкинди.
Бошқа пайт отасининг бу сўкинишлари Охунга таъсир қилмаслиги мумкин эди. Индамасдан, типирчилашига қарамасдан, отасини елкасига кўтариб олиб, уйга олиб кириб кетган бўларди. Аммо ҳозир жуда ботиб кетди. Охунни итариб, онаси томон йўл очмоқчи бўлаётган отасини қулочкашлаб солиб юборди. Кутмаганидан бўлса керак, отаси тўрт оёқлаб, ерга қапишиб қолди. Охуннинг панасида қарғанаётган онаси ҳайратдан қотди. Охунни ҳозир бир-икки мушт қаноатлантирмасди. Иложсизлик туфайли юрагида тўпланиб қолган аламлар яна қўзғалганди. Ниманидир уриб-уриб хуморидан чиқиши керак эди. Албатта, бошқа пайт калласини ишлатган, мен ахмоқ кимга қўл кўтяряпман, деб мулоҳаза юритган бўларди. Бироқ ҳозир ўйлаш шарт эмасди, чунки эртага қамоққа тушади. Бунинг устига, кетар жафосига, бу ароқхўр билан ҳам ҳисоб-китобни тўғрилаб қўйиш керак. – Охун отасини турғизиб олдию, оғзи-бурни аралаштириб, яна урди. Отаси гандираклаб кетди, лекин йиқилмади. Яна бир мушт туширган эди, ўтириб қолди. “Ўғлим, ўғлим!”, деб ғўлдирарди, холос. Ногоҳ онаси Охуннинг йўлини тўсди. Кўксига муштларкан: “Кимни уряпсан, қирилгур!? Кимни уряпсан, қирилибгина кетгур?! Отангга қўл кўтаряпсанми!?”, деб оламни бошига кўтарганча, дод солаверди. Кўчада томошабин кўпайди. Вақт ярим кечадан ошиб қолибдию, текин томоша бўлса дарров ҳаммаси етиб келади. Онасига қараб, Охуннинг ғазаби сўнди.
— Кимнинг ёнини оляпсиз, она?! – дея ўкинч билан ингранди. – Мана шу ароқхўрнинг дастидан умрингиз хазон бўлди! Мана шу ароқхўрнинг дастидан менинг умрим хароб бўлди. Энди яна қандай кўргуликларни кўрай? Яна нима қилай? Қачонгача калтагини ейсиз? Қачонгача бир-бирингизга итдай ҳуриб, кунингизни ўткизасиз? Ана… олинг, керак бўлса… – Охуннинг нафаси тиқилиб қолди. Яна сал турса, ўкириб йиғлаб юборишини англаб, томорқа тарафга югуриб кетди.
Албатта, онаси Охуннинг гапларини тушунмади. Тушуниб етмади. Ўғли ҳозиргина жиноят қилиб келаётганини билмасди.
Охун ҳушини йиғиб қараса, ҳалиям югуриб кетяпти. Қаёққа?! Нимага?! Бунча шошилмаса?! Юрагига қулоқ солиб, ваҳимага тушди. Оёқлари уни жиноят содир бўлган жойга – Назокатникига етаклаб кетарди. Борган сари тезроқ етишга, у ерда нима бўлди, нима қўйди, аниқ билишга ошиқарди. Ҳансираб нафас оларди, оёқлари оғриб кетганди, аммо Охун парво қилмасди. Қоқиниб, суриниб, йиқилиб, қайтадан туриб, югурарди.
Ана. Назокатнинг уйи. Бирдан Охуннинг қадами секинлашди. Ҳовлида айланиб юрган уч-тўрт одамни кўриб, тўхтади. Аммо бориши керак эди. Онгидаги нимадир уни шунга ундарди. Охун дарахтларни паналаб, Назокатнинг томорқаси бошига келди. Сал олдин Охун шу ерда одам ўлдирди. Шу уйда Назокатнинг қўллари ёзилиб, сочлари ёйилиб, ички кўйлаги узунасига йиртилиб, чўзилган кўйи қолган эди. Охун кетгандан сўнг нима ўзгаришлар юз берди? Ҳовлида ҳам, хоналарда ҳам электр чироқлари ёқилган. Ногаҳон Охун ўзида кучли истак сезди. Истаги уни ҳовлига ундарди.
Охун билмасдики, ўшанда Назокат шунчаки ҳушидан кетган. Охук қочиб чиққандан кейин ўзига келган…
Охун буни билмасди.
Охун кўп нарсаларни билмасди…

БИР ДОНА НОН

“Ким бир кунда ўттиз сотих ердаги буғдойни ўрса, мукофотга битта нон берилади”.
Тушда колхоз раиси Саримсоқ ака шуни эълон қилди. Кечқурун ҳар бир қизга ўттиз сотихдан майдон ажратилди. Шарофат ўзига берилган ерга термуларкан, ўйланиб қолди. Қуёш ботса ҳам ҳали қоронғилик тушмаган, кундуги иссиқ қайтиб, роҳатбахш енгил шабада эса бошлаган эди.
Бир кунда ўттиз сотих ўриш керак. Ўшанда битта нон беришади. – Буғдой нон! Буғдой нон жуда ширин бўлса керак, кўпдан бери таъмини тотмади. Йўқ-да, йўқ бўлгандан кейин нима қила оларди? Албатта ўради. Қандай бўлмасин, ўриши керак, кейин унга мукофотга битта нон беришади. Шарофат нонни дарров уйга олиб боради. Укаси касал, у анчадан бери нон бетини кўрмаган… Тандирлари ўт ёқилмаганидан нураяпти. Кейинги кунларда тандирни тўлдириб нон ёпиш Шарофатнинг энг ширин орзуларидан бирига айланган. Унлари кўп бўлсап… нон ёпаверса, ёпаверса,.. иссиқ-иссиқ,… лўппи-лўппи,… қип-қизил. Тандирдан олганда қўлни куйдирса…
Онаси ҳар куни эрталаб маккахўхори унидан атала қилади. Тўқ тутармиш. Ёлғон, қаёқда?! Ишлаб бошлагандан сал ўтмай, қорни та-талаб бошлайди. Онаси эса унни яширгани яширган. Кечқурун ҳеч нарса бермайди. Ухланглар, очликни уйқу кўтаради, дейди. Ўрганиб қолишган. Қиш чиқишда жуда қийналишди. Кейин тут пишди, бошқамевалар… Ўшалардан тўйгунча еб, ётаверишади. Бари бир, ҳар қандай нарсани нон билан қўшиб емаса, дарров кўнгилга ураркан.
Шарофат буғдойзор орасидаги ёлғизоёқ йўл билан уйига жўнади. Кўнгли нохуш тортди. Отаси ўтган йили, урушнинг биринчи кунлариданоқ урушга сафарбар қилинган, қишга етмай, қора хат олишга ҳам улгуришган эди. Укасининг бадани шишиб кетган. Ўзи аввалдан касалманд эди. Раис Саримсоқ ака уриб, баттар қилди. Укасини аяб, ишга юборишмаган эди. Ҳовлида юрганини кўриб қолибдию, отда бостириб бориб, қамчи билан савалабди. Кейин чирқиратиб, далага ҳайдабди. Шарофат қараса, укаси додлаб пилдираб келяпти. Орқада онаси етолмайди. Укаси ортига қайрилмоқчи бўлса, от устида Саримсоқ ака қамчинини ҳаволатади. Ишлаётганлар тақа-тақ тўхтаб қолишди. Шарофатнинг кўзларига ёш қалқиб, югурганча етиб, укасини бағрига босди.
— Қоч деяпман, қоч! – раис кўзлари қонга тўлиб бақирарди. – Ҳамма ишлаётганда биқиниб, ўйнаб юришни мен бунга кўрсатиб қўяман. Яна “онангни…” деб сўкади.
— Урганингиздан кейин сўкади-да! – етиб келган онаси ҳам ўғлини қучоқлаб, Саримсоққа ўгирилди. – Битта етимчага кучингиз етдими? Отаси бўлганда ҳозир ургани қўймасди. Хонаси куйсин урушини! Отагинаси бўлганда бунақа қилиб уролмасдингиз! Етимча дедингизми? Ҳеч кимга ҳисоб бермайман, дедингизми? Раис бўлиб, давлатнинг бари қўлингизга тегиб қолдими? – Онаси йиғлаётган ўғлини Шарофатга топшириб, атрофдагилардан бирининг белкурагини олиб, раисга ҳужум қилди. – Ўзим раис, ўзим ҳукумат, дедингми? Мана сенга! Мана! Мана!!! – Белкурак икки марта раиснинг биқинига, тиззасига тегди. От ҳуркиб, ўзини ортга отганди, раис йиқилиб тушди. Онаси раисни аёвсиз калтаклайверди. Раис қўллари билан ҳимояланиб, калтак зарбидан дод солиб қочди. Онаси яна югуриб келганча, ўғлини бағрига босди. Кўйлагини ечди. Қамчи зарби узун-узун из бўлиб, бадани қизариб чиққанди. Онаси раисни қарғаб, юм-юм йиғлади.
Усмон деган бригадирлари бор эди, отаси баравар урушга кетиб, бир қўлидан ажраб қайтган. Ўша раисга қаттиқ гапирди:
— Ҳароми экансан, раис, ёш болани ҳам шунақаурадими?
Бу воқеа баҳорда бўлганди, укаси ҳамон касал.
Шарофат қишлоққа яқинлашганда Жўранинг ҳовлисидан йиғи овози эшитилди.
«Наҳотки!? Наҳотки Жўра ҳам?!… – Шарофат қалтираб кетди. – Наҳотки Жўрадан ҳам қора хат келган бўлса?!» Шарофат Жўрага унаштирилганди. Тўй қилишга улгуришмади, урушга кетиб қолди. Энди эса тамом.. Жўра йўқ!..
Эртага кетамиз, деган куни оқшом Жўра уни чақирди. Ўшанда Шарофат ҳамма нарсага тайёр эди. Майли, ўпадими, бошқа қиладими, ҳаммасига рози. Аммо Жўра софдил, содда йигит эди. Ҳатто қўлини теккизмади. Фақат: «Шарофат, мен кетяпман, кутасанми?», деб сўради. Шарофат «ҳа» демоқчи бўлдию, айтолмай, ерга қаради ва бошини тасдиқ ишорасида қимирлатди. Кейин Жўра: «Агар мен ўлиб кетсам, кейин билганингни қил, сендан розиман», дея, бурилиб кетиб қолди. Ўшанда Шарофат Жўра қўрқинчли гапларни оддий қилиб айтганидан ҳайрон бўлиб, қалт-қалт титраганча қолаверди. Ўзининг қатъияти етишмади. Қани энди, елкасига бош қўйсаю, ҳўнг-ҳўнг йиғласа, «сиз ўлмайсиз, қайтиб келасиз», деса. Айтолмади. Шарофат Жўра билан тўйлари бўлишини шунақа хоҳларди, шунақаямхоҳлардики. …Айниқса, кечалари бешик тебратиб, алла айтишни жуда орзу қиларди.
Энди бари савил қолди. Жўра йўқ, отаси йўқ, укаси касал. Битта нон учун эртадан кечгача ишлаяпти. Биттагина нон учун! У ҳам топшириқни бажарганга бор. Бажармаганнинг куни яна жўхори аталага қолади.
Шарофат бор аламини ишдан олишга қарор қилгандай, тонг қоронғисида, ҳали ҳеч ким ўрнидан турмаган, қишлоқ уйғонмаган пайтдаёқ ўроғини олиб, далага чиқди.
Тўхтамасдан ўришни ўйларди, ўраверса, ўраверса…
У ҳеч кимга гапирмаса, ҳеч ким унга гапирмаса…
У ҳеч кимни ўйламаса, ҳеч кимуни ўйламаса…
Ҳеч ким уни ишдан тўхтатмаса, халақит бермаса.
Мияси бўм-бўш қовоққа ўхшарди. Дунёнинг ҳамма ташвишлари: Жўра, отаси, онаси, укаси, қайғу-ғамлари, ҳасратлари Шарофатдан узоқлашгандай. Олис-олисда, савлат тўкиб турган тоғдан ҳам нарида, кўзга кўринмайдиган олис денгизларнинг кўзга кўринмайдиган нариги қирғоқларида қолиб кетгандай. Гўё бу кўргуликлар уни заррача ташвишлантирмасди. Гўё Шарофат дунёнинг адоқсиз ташвишларидан қўлини ювиб, қўлтиғига ургану, ҳиссиз, мақсадсиз, буғдойзор томон кетиб борарди. Шарофат карахт эди. Қаёққа боришининг фарқи йўқ – буғдойзоргами, дунёнинг нариги чеккасигами, урушгами, гўргами, ергами, бари бир, фақат қаергадир бориши керак. Айни пайтда борадиган жойи буғдойзор эди. Қўлида ўроқ, кўзлари йўлдаю, ҳеч нарсани кўрмас, ўйламас, оёлари тагидаги кесакларга қоқилиб-суриниб, гандираклаганча, ўзига ажратилган майдонга борарди. Бу ерга ҳам онгсиз равишда, бу ишлар одат тусига айланиб қолгани учун бораётганди. Шу топда қизлардан биронтаси: «Кел, менга ёрдам бер, менга ҳам нон керак», деса, ҳеч ўйланмасдан ёрдам берарди. Нимага ўз ишини қолдириб, бошқаларникига овора бўлиб юргани хаёлига келмасди. Унга ҳамма нарса бари бир эди. Фақат тирик жон бўлгани учун, юраги уриб тургани учун нимадир қилиши керак. Нимагалигининг эса фарқи йўқ. Энди Шарофат ўша битта ноннинг қанчалар кераклиги ҳақида бош қотирмас, укасининг касали ҳам унутилаёзган хотирадек, элас-элас ёдига тушарди. Шунча кўргиликлари устига унинг елкасига оғир зарба тушган эди. Неча вақтлардан бери қалбида ардоқлаган, севинчига севинч қўшадиган энг буюк орзулари чилпарчин бўлганди. Шарофат ўн саккизга қадам қўйганди. У бутун меҳрини, сеҳрини, ўзлигини хаёлан бир кишига бағишлаганди. У – Жўра эди. Энди Жўра йўқ! Жўра ўлди. Шу кунгачаШарофат номаълум ва сирли, оҳанраболи ва қўрқинчли, латофатли ва битмас-туганмас сеҳрларга бой орзулар оғушида руҳи тушмай, қийинчиликларни назар-писанд қилмай келарди. Шарофат кутиш бахтига ноил эди, олдинда умид бор эди. Уни ҳам кимдир кутаётганди, кимдир унинг умиди билан жангга кираётганди, душман билан олишаётганди, ўша умид у йиқилаётганда суяб қолгувчи устун эди. Энди устун йиқилди…
Ҳамма ёқ буғдойзор. Кўз илғамас томонларгача чўзилиб кетган. Ўртада бир қиз. Атроф қоронғи, ўроқдай ингичкалашган ой осмоннинг бир бурчагида ҳеч қанча ёруғлик беролмай, юзи сўлғин қизнинг ишини кузатарди. Шарофат қоронғиликка эътибор бермайди. Бари бир эмасми? Қолаверса, кундузи ўрганда ҳам ерга қараш шарт эмас. Бошоқни чап қўл тутамласа бўлди, ўнг қўлдаги ўроқ керакли жойга бориб тушаверади. Шарофатнинг ўроғи буғдой поялари орасига жуда тез кириб чиқар, тез ўраётганини ўзи пайқамасди. У дунёдан ажраганди, дунё ундан ажраганди…
… Ўроғини кўтариб келган Жўра Шарофат бир ўзи ишлаётганини кўриб, ҳайрон бўлди. Нимага бунча ҳовлиқади? Ҳали ҳеч ким далага чиқмаган-ку?! Эл қатори буғдой ўрса ҳам етади. Чарчаб қолмадимикан?
— Шуям ишми? – деди Шарофат илжайиб, буғдой ўримидан тўхтамай. – Ҳозир ишлаётгандай эмас, мен ўзимни худди булутлар орасида сузиб юргандай ҳис қиляпман. Агар билсангиз буғдой ўриш иш эмас, ҳордиқ чиқаришнинг ўзгинаси… – Шарофат яна гапирмоқчи эди, аммо ўзига тикилаётган Жўранинг нигоҳига бардош беролмай, бепарво бўлишга уриниб, ўришда давом этди. Кишига ажойиб қараб қўяди-да, Жўра! Қарашларида қандайдир ҳарорат бор. Ундан доим Шарофатнинг ичи илигандай бўлади. Кучли меҳр бор, қувонтиради, синчковлик бор, уялтиради, жозибали сеҳр борки, ўйларини буткул ағдар-тўнтар қилиб юборади. Ҳозир Жўра худди ўшанақа қараш қилаётган эди.
Ўзини сезмаганга олгач, Жўра ўроғини қўйиб, Шарофатни ёш болани ўйнатгандай, даст кўтариб олди. Шарофат «вой» дедию, эрининг қилиғидан баттар хижолатга тушган бўлса-да, қандай қилиб, бўйнидан қўл ўтказганини ўзи ҳам пайқамай қолди.
— Қўйинг, қўйиб юборинг, — деди Шарофат типирчилаб, лекин қўллари бўйнига янада маҳкамроқ чирмашди. – Вой, қўйиб юборсангизчи, буғдой ўришимиз керак, эсингиздан чиқдими? Бир кунда ўттиз сотих! Бунақа қилиб ўйнаб юрсак, кунлик топшириқни бажара олмаймиз! Унда чақалоғимизга нима берамиз?
«Чақалоғимиз» дегани Шарофатнинг ўзига таъсир қилиб, ҳаяжонли орзуларга берилди. Жўра ҳам беихтиёр тинчиб, хотинини секин ерга қўйди.
— Ўғилчамиз худди ўзингизга ўхшайди, — деди Шарофат пичирлаб. – Ўғлимиз улғайганда уруш бўлмайди. Биз уни Самарқандга ўқишга юборамиз. Кейин Барлоснинг энг чиройли, энг дуркун, энг ақлли қизини олиб берамиз, хўпми?
Икковлон бахтиёр жимиб қолишди.
— Энди, — деди Шарофат қатъий, — кўп эркалавермай, чегарангизга ўтинг-да, ўримга тушинг. Ўғлингизга буғдой нон олиб борамиз.
«Ўғлингизга» сўзини бошқача оҳанг, бошқача ички ҳарорат билан айтдики, ўз сўзидан ўзи тўлқинланиб кетди. Бешикда беозор пишиллаб ухлаётган паҳлавондек чақалоғини кўз олдига келтириб, кулимсиради.
Шарофат эрининг қучоғидан чиқиб, ўримга тушди. Жўра эса шошилмасдан ўзига биркитилган майдонга ўтиб, аввал ўроғини бамайлихотир қайради. У доим шунақа қилади, эринмайди. Шарофатнинг бунга сабри чидамайди. Бир ишга киришгандан кейин одам тез-тез ишласа экан. Жўра эса, парво қилма, дегандай, очиқкўнгиллик билан, хушнуд кўз қисганди, Шарофат кулиб юборди. Жўранинг жаҳлини чиқариш осон эмас. Ҳозир ҳам бемалол ўримга тушаркан, Шарофатга яна кулимсираб қўйди. Шарофат ҳам ўримга тушди. Қўллари пояда, кўзлари Жўрада бўлгани учун ўроғини бехосдан тошларга уриб олар, лекин эътибор бермас, эридан ортда қолмасликка ҳаракат қиларди. Чунки ўзини Жўранинг мос жуфти ҳалоли деб ҳисоблар, буни уйда ҳам, далада ҳам исботлашга уринарди.
Ўтмаслашиб қолган ўроқ поядан сирғалиб, бошоқ тутган қўлига урилдию, кафтининг чинчалоқ томонини кесиб кетди. Аввалига билинмади, кейин қаттиқ оғриқ турди. Шарофат кесилган жойни иккинчи қўли билан қисиб, қонни тўхтатишга уринди. Ҳар нима бўлганда ҳам кулгили ҳолатини эрига кўрсатишни истамасди. Шарофатдек илғор ишчи учун қўлини кесиш — уят! Аммо қон яна оқавергандан кейин қўрқиб кетдию, «Жўра ака, тез келинг!» деб қичқириб юборди. Лекин Жўра уни мазахлагандай, бўйнини буриб, тилини бир чиқариб қўйди-да, хохолаб кулганча, ўришда давом этди. Зумўтмай хохолаш Шарофатнинг қулоғи тагида гумбурлаб эшитилди. Шарофат қаттиқ қўрқиб, ўзини четга отди. Кулги жуда ваҳимали эди. Бир қулоғи тагидан эшитилса, бир узоқлашиб кетар, кейин акс-садо бўлиб, қайтадан гумбурларди. Аввалига аста-секин такрорланган бу ҳолат тобора тезлашиб, Шарофатни карахт қилиб ташлади. Жўра эса ёрдам бериш ўрнига бепарво бир ҳолатда ўрим билан машғул. Ҳар замонда ишшайиб қараб қўяди. Лекин энди тамом бошқача. Аввалги далдали, кишига қувонч бағишлайдиган хушнудлик эмас. Нимага дарров ўзгариб қолди? Яна бир қараганда Шарофатнинг нигоҳи унинг кўзларига тушдию, даҳшатдан қотиб қолди. Жўранинг юзи оқарди, кўкарди, қизарди, кейин кўзлари алангаланди, бурнидан, оғзидан тутун бурқсиди. Гавдаси ҳам ўзгарди. Бадбашара махлус тусини олиб, қўлидаги ўроқни отиб юборди-да, Шарофат томонга югурди. Кўзларида олов ёнарди, кўзларидан, озғидан тутун буруқсарди.
Шарофат кўзларини чирт юмди. Махлуқ атрофида ирғишлаб юрганини сезар, жойидан қимирлай олмасди. Даҳшатли овоз шундай кучайиб кетдики, Шарофат бўйнини эгиб, қулоқларини беркитди. Кейин шовқин пасайди. Шарофат кўзларини очганда махлуқнинг ўрнида пайдо бўлган Саримсоқ раис важоҳат билан Шарофатга муштини ўқталганча, алланималарни бақирар, баъзи гаплари қулоғига элас-элас чалинарди: «Мен нима қилсам Совет ҳукумати учун, ўртоқ Сталин учун қиляпман!… Совет давлатимизнинг содиқ посбониман. Қаерда бўл деса – ўша ерда бўламан! Қаерга бор деса – ўша ерга бораман! Шунинг учун мени колхоз…», деб олдинга юрмоқчи бўлар, лекин қандайдир кўринмас куч уни тобора ортга судрарди. У мушт ўқталиб, нималарнидир бақирар, аммо энди овози етиб келмас, атроф худди сув қуйгандай жим-жит бўлиб қолганди…
Қон ҳамон оқар, ушлаб туриш бефойдалигини сезган Шарофат ўроқчилар усулини қўллаб, жароҳатга майда тупроқ босди-да, бошидаги рўмолини олиб, танғиб боғлади. Салқин шабада эсиб, бадани жунжикди. Шундагина қаттиқ терлаганини ҳис қилди. Ҳозиргина хаёлида кўрган Жўрани, сўнгги ваҳималарни эслаб, кўнгли бузилди.
Ўроқчи қизлар келганда Шарофат ҳамон шу ҳолатда ўтирар, ҳатто дугоналарининг ҳайрон бўлиб, атрофида айланишаётганига аҳамият бермасди. Қизлар эрталабнинг ўзида Шарофат ўрган майдонни чамалаб, ёқа ушлашарди. Майдон баъзи қизлар кун бўйи ўрадиган меёрдан зиёд эди. Ниҳоят Шарофат лоқайд кўзларини қизларга тикди. Томоғи қуруқшаб кетган, жароҳатланган қўли чидаб бўлмас даражада оғриб, азоб берарди.
— Сув, — деди пичирлаб, — сув беринглар.
Сув тутишганда ютоқиб ича бошлади.
— Бечора! – деди қизлардан бири қаттиқ ачиниш билан.
Бу сўз оҳиста, меҳрибонлик билан айтилди. Шу сабабли Шарофат тоқат қилолмади. Ичаётган суви бўғзига тиқилиб, йиғи билан қўшилиб, қайтиб отилиб чиқди. Карахтлик вақти ўтган, юрагидаги дардлари жунбушга келган эди. Дугоналари келиб, ёнига ўтиришди. Бири елкасини, бошини силади. Шарофат чидамади. Ўкириб, ўзини дугонасининг қўйнига отди. Қизлар уни сўз билан овутишмади. Ўзларининг ҳам кўзларидан қуюлиб келаётган ёшларини артишиб, сукут сақлашди.
Қизлар қайғулари билан бўлиб, Усмон бригадирнинг келганини пайқашмади. Бригадир ҳам аввал индамай турди, кейин шу ердалигини билдириш учун йўталди. Ишга тушиш керак эди. Қизлар тарқалишди.
Шарофат ўроғини олди. Энди чап қўлини яхши ишлатолмас, иши юришмасди. Бунинг устига ўроғи тошларга урилавериб, аллақачонлар ўтмаслашиб қолганини тушга яқин сезди. Кўп оғирлик тушгани туфайли ўнг кафти ҳам шилиниб кетибди. Ўроғини ўткирлаб, қайта ишга тушганда шилинган кафти ўроқни ушлаб бўлмас даражада азоб берар, қип-қизил гўштга айланган эди…
Кун сўнгида ғолибларга биттадан нон улашилди. Шарофатнинг номи айтилганда раиснинг кўзлари ола-кула бўлиб, юзи ўзгарди. Нимадир демоқчи бўлганди, бригадир Усмон ака унга ёмон қаради. Жудаям ёмон қаради. Саримсоқ раис дош беролмай, кўзлари бесаранжомланиб, нигоҳини олиб қочди.
Нон иссиқ эди. Буюртма билан ҳозиргина ёптириб келишипти. Ҳиди бирам ёқимлики, ҳидлаб-ҳидлаб тўймайсан киши. Оҳҳ!! Ейиш мазза бўлса керак. Нонни укасига олиб боради. Ишқилиб, тезроқ тузалиб кетсин. Буғдой нон ейдию, тузалмайдими?!
Шарофат иссиқ нонни кўксига босганча, уйига шошилди.

БОЛАЛИККА ҚАЙТИШ

Ҳаммаси бойчечакдан бошланди. Тинчгина ўтиришганди. Бирдан кўча тарафдан болаларнинг овози эшитилди:
Қаттиқ ердан қадалиб чиққан, бойчечак!
Юмшоқ ердан юмалаб чиққан, бойчечак!
Аброр бўлим механиги, Сиддиқ тракторчи, Қаюм бўлим агрономи, Олим тракторчи – бўлим касаба уюшма қўмитаси раиси уйида эдилар. Олим хотини Хосиятга бир сўмлик узатиб, болаларга бериб юбор, деганди, «О айланай сендан! Ҳа отангни қулоғи сени!..» деб уй эгасининг икки ёшли боласини ўйнатаётган Аброр Хосиятга юзланди: «Мўйинса, айтинг, болалар бу ёққа кирсин!» Хосият эрига қаради. Қарашида: болалар кирса, хона тўс-тўполон бўлиб кетмайдими?» деган сўроқ бор эди.
— Мунча эрингизга тикилмасангиз, — деди Қаюм Аброрни қувватлаб. – Оқшом ётганда кўрганингиз етмайдими?
Учовлон қийқириб кулишди.
— Ҳа, бор, бор, чақир, — деди Олим ишшайиб ва шерикларига қаради: «Сизларга гап бўлса бўлди!»
Қишлоқнинг ўн, ўн икки яшар ўнтача боласи хона эшиги олдида тик туриб қолишди.
— Бойчечакларинг борми? – сўради Аброр кулимсираб.
— Бор, — дея болалар чуғурлашиб, бойчечакларини кўрсатишди.
Ўтирганларнинг хушнуд ҳолати болаларга далда бўлди. Бунақа давралардан яхши тушум унишини улар билишарди. Шу сабабли шивирлашиб қолишди.
— Қани, болалар, яхшилаб бойчечак айтсаларинг, кўп пул берамиз.
Болалар жўрликда айтишди.
— Ий-е, — деди Аброр, — Сиддиқнинг ўғли ҳам шу ердами?
— Ҳа, шу ердаман, — деди чуваккина бола.
— Унда сен яхши айт, отангдан кўп пул олиб берамиз, — деди Қаюм, — Аброрга кўз қисиб.
Табиати оғирроқ Сиддиқ, қўймас экансизлар-да, деб тўнғиллади.
Олим: «Э маладес болалар, яхши айтдиларинг!», деб бир сўм тутди. Болалар уйдан чиқишаётганди, Аброр тўхтатди:
— Шошманглар, болалар, шошманглар. Яна бойчечак айтинглар, яна пул берамиз. Сен, Сиддиқнинг ўғли, байтини айт, қолганлар жўр бўлсин.
Сиддиқнинг ўғли баланд овозда айтди:
Бойчечагим бойланди,
Қозон тўла айронди…
Болалар жўр бўлишди.
— Зўр, зўр, — деди Аброр, ва Сиддиқнинг ўғлидан сўради:
— Уйларингга кирдиларингми?
— Йўқ, ҳали борганимиз йўқ, — дейишди болалар чуғурлашиб.
— Ундай бўлса, бориб юришларинг шарт эмас, мана отангдан олиб кетаверинглар пулни.
Болалар тараддудланиб қолишди.
— Отанг ўтакетган хасис-ку, ёнидан пул чиқарармиди, — деди Қаюм. Бола уялиб, ерга қаради.
— Қўйинг-э, Сиддиқ, — деди Аброр, — шунча одамнинг олдида ўғлингизни уялтирасизми? Бари бир уйингизга борганда ҳам шу бир-икки сўмни берасиз. Чиқаринг-да.
Ҳамма Сиддиққа тикилди.
— Майли, майли, бермасам сизлардан қутулмайман, шекилли, — деб Сиддиқ киссасидан бир даста пул чиқарди. Ҳаммаси беш сўмлик экан. Бошқа киссаларини ахтарди, бир сўмлик топилмади. Беш сўмликни бериб юбориш…
— Мунча ўйланиб қолдингиз? – деб сўради Аброр. – Беринг-да энди, болаларни куттирмай.
— Ким кассир? – сўради Қаюм.
Ўртадан бир бола сирғалиб чиқди.
— Ол пулини, нияти айниб қолмасдан.
— Ма, — иложсиз қолган Сиддиқ беш сўмликни узатди, — уч сўм қайтим бер.
Кассир қайтим учун киссасига қўл солганди, Аброр қўймади:
— Ийе, Сиддиқ, сиз бунчалар паст кетманг. Пулингиз ўғлингиз билан қайтиб келади.
— Олиб кетаверинглар, болалар, қайтими керак эмас, Ҳаммамизнинг ҳисобимиздан, етадими? – сўради Қаюм.
«Етади», дея болалар хурсанд бўлиб чиқишди. «Э-э», деб Сиддиқ уларни тўхтатмоқчи эди, Аброр: «бўлди-да, э, уят!» дея уни ушлади.
— Мунча кўзингиз бесаранжомланмаса, — деди Аброр пиёлаларга ароқ тўлдираркан, биринчи пиёлани Сиддиққа тутди. – Мана, олинг шуни, аламига ютиб юборинг. Нима бўлса бўлди, беш сўм кетди, шунгаям шунчакуйинасизми?
— Йў-ўқ, — деди Қаюм, — беш сўм кетадию, Сиддиқдай одамлар чидаб ўтирармиди. Бугун кечаси билан ухлай олмайди. Еганиям ўзига татимайди энди. Беш сўм-а! Ҳализакам пулми?
— Э, сиз нима деяпсиз? – Аброр оловга мой қуйди, — Сиддиқ сиз ўйлаган одамлардан эмас, — коровулдан битта ароқ олмадим, деб ҳисобланг, шу билан беш сўм йўқ. Ё бир сўм бир сўм йиғиб берайликми?
— Йўқ, йўқ, сиз Сиддиқни уялтирманг. Яхшиси келинглар, кетар жафосига ҳаммамиз ичайлик.
Олим билан хотини уларнинг ҳангомасига кулиб туришганди, Аброр уларниям чақирди:
— Мўйинса, сиз қаёққа? Тўхтанг, бизга шерик бўлинг.
— Тўғри келмайди, — деди Олим. – Ҳомиладор.
— Э, ҳали шунақами? Айтгандай, Шакарбой аканинг хотини келибдими?
— Ҳа, кеча келди.
— Нима кўрибди?
— Ўғил.
— Ўғил! – Аброрнинг кўзлари яшнаб кетди. Ювишга боришимиз керак экан.
— Ҳали чилласи чиққани йўқ, — тўнғиллади Сиддиқ, — нима, бойчечак айтиб борамизми?
— Ростданам бойчечак айтиб борсакчи?
— Кейин Сиддиқнинг беш сўмини ҳам ишлаб, қайтариб берамиз, вах-ха-ха! – Аброр яна пиёлаларни тўлдириб, биринчисини яна Сиддиққа тутди.
— Э, ичмайман! – Сиддиқ терс ўгирилди.
— Аразламанг! Ҳозир бойчечак айтишга чиқамиз, ўшанда тушган пулдан сизга беш сўм ортиқча берамиз. Керак бўлса, ўшанда ит тишлаганининг ҳам ҳақини чиқариб оласиз. Қани кўрсатинг-чи оёғингизни, изи ҳалиям туриптими? – Аброр намойишкорона қўлини чўзганди, Сиддиқ оёғини тортиб олди.
Бу воқеа талай йиллар бурун юз берганди. «Бойчечак» айтиб юриб, Мустоқ чўпонникига кириш-кирмаслик устида тортишиб қолишди. Бири: «чўпоннинг пули кўп, тушум мўл бўлади», деса, бошқаси итлари ёмонлигини, кириш хатарли эканини уқтирди. Ниҳоят Қаюм билан Аброр борамиз деб туриб олишди. Болалар итлардан қўрқиб, кўча дарвозаси олдида бойчечак айтмоқчи бўлишганди, иккови «сизларга юракдан берган экан», деб мард бўлиб, ҳовлига бошлаб кирдилар. Аввалига ҳовли жим-жит эди. Болалар кираверишдаги эшик олдида тўпланишди. Олим «уйга барака!», деганча томоқ қириб, энди биринчи байтни айтаётганди, Сиддиқ вой-войлаб қолди. Ўгирилиб қарашса, унинг болдиридан чўпоннинг Олапари ғарч тишлаб олган. Болалар нима қиларини билмай қолишди. Яхшиям Мустоқ чўпоннинг ўзи чиқиб қолиб, Сиддиқни итдан ажратиб олди. Кейин билишса, Сиддиқ: «мабодо ит келиб қолса, биринчи бўлиб қочаман», деб ҳовлига энг кейин кирган экан. Қўйчи итлар шум бўлишади. Дарвозанинг панасида, қоронғида ётган экан. Ҳамма ҳовлига кириб бўлгандан кейин ўзига яқин турган Сиддиқни шартта…
Ростданам бойчечак айтишга чиқсакчи, а?! – деди Олим, ўша воқеани эсларкан. – Энди Мустоқ чўпонникига кирмаймиз.
— Маъқул гап.
— Чиқамизми?
— Чиқайлиг-эй!
— Чиқамиз!
Учови ўрнидан туриб кийина бошлади. Ёнбошлаб ётган Сиддиқ уларни калака қилди:
— Бойчечакларинг йўқ-ку! Ким сизларга пул беради?
Учовлон бир-бирига қарашди. Болалар ҳали шу атрофда эдилар. Овозлари қўшни ҳовлиларнинг биридан эшитилаётганди. Олим шошилганча чиқиб кетди. Иккови остонага чўккалади.
— Туринг энди, Сиддиқ, би-ир болалигимизни эслайлик!
— Қўйсаларингчи, қарияни қийнаманглар.
— Нима, яна ит тишлаб олишидан қўрқаяпсизми? Майли, бу сафар сизни энг олдинга ўтказиб қўямиз.
— Йўқ, бу киши ит тишлагандан йиғлаб қолишдан қўрқади.
— Катта-матта одам, йиғлашга уялар. Эсингиздами, Мустоқ чўпон кигизни куйдириб келиб босяпти, Сиддиқ бўлса «ва-аа», деб йиғлайди…
— Опкелдим, — дея Олим ичкарига кирди. – Тўртта бойчечаклари бор экан, иккитасини олдим.
— Олдин Бегим аканикига борамиз. У кишиниям қўшиб оламиз. (бўлим бошқарувчиси).
— Бегим ака катта одам, қандай бўлар экан?
— Зўр бўлади! Бойчечакчилар бошлиғи Бегим ака эканини билишса, одамлар кўп-кўп пул беришади.
Тўртовлон Бегим аканикига боришди. Олимнинг қўлида бойчечак, энг орқада, одатдагидай, Сиддиқ, ноилож уларга эргашиб юрибди. Келишга келишдию, нима қиларини билмай, бир-бирига қарашарди.
— Байт айтишга Сиддиқдан зўри бор эканми, қотиради, айтинг, Сиддиқ.
Сиддиқ норози тўнғиллади.
— Майли, мен айтаман, фақат сизлар жўр бўласизлар, — деди Олим.
— Бўпти, бошланг.
Бойчечагим бойланди…
Учовлон бир-бирига қарашди. Аброр бошлади:
Қаттиқ ердан қадалиб чиққан, бой…
Ўзидан бошқалар жим турганини кўриб, Аброр ҳам тўхтади: «Эй, сизлар нима, одамни шарманда қилмоқчимисизлар?
— Шошиб қолдик-да, бошқатдан айтинг, энди жўр бўламиз. Олим, сиз яна байт айтинг.
— Олдин сизлар «қадалиб чиққан…ини айтинглар, байтни кейин айтаман.
— Вой-бўй, байт билар экансиз, мунча нозланмасангиз. Айтинг-да, бизлар бунисига жўр бўламиз.
Олим томоғини қириб, озроқ ўйланди-да, айтди:
Манов уйнинг эшиги заранг экан,
Ичидаги янгамиз гаранг экан.
Яна ҳеч қайсиси жўр бўлмади. Устига устак, оғизларини юмиб, кула бошлашди.
— Сиз ҳам бопладингиз. Олдин пича айтилади, уйдан ҳеч ким чиқмаса, кейин шунақа байт айтилади. Бошқасини айтинг.
Олим яна ўйланиб турди-да, айтди:
Манов ёқдан ой кўрибмиз, ой кўрибмиз.
Ҳамма уйдан шу уйни бой кўрибмиз.
Учовлон бирдай жўр бўлишди.
Телевизор кўриб ўтирган бўлим бошлиғи Бегим ака ҳайрон бўлди. Ҳалигина бир тўдаси бойчечак айтиб келиб, ҳақини олиб кетганди. Нима бало, иккинчи гуруҳи келибдими? Киссасига қўл солди-да. Бир сўм чиқариб, ўн ёшли қизига тутди. Қизи пулни олиб, ташқарига югурди. Ташқарида катта одамларни кўриб, қўлида бир сўмни чўзганча, тўхтади. Олим тракторчи қўлида бойчечак ушлаб, байт айтар, қолганлар унга жўр бўлишарди. Қизча югургилаб ичкарига қайтди. Кулиб юбормаслик учун оғзини қўли билан бекитди.
— Нима бўлди? – дея сўради Бегим ака, қфизининг қўлида қайтиб келган пулга қараб.
— Бойчечакчилар катта одамлар! Қўлида бойчечагиям бор.
Ҳовлидан Олимнинг овози эшитилди:
Бойчечак айтиб келдик эшигингизга,
Худойим ўғил берсин бешигингизга.
Кейин сен айт, сен айт деган ивир-шивирлар, босиқ кулгу, йўталиш эшитилди. Ҳаммаси жимиб қолишди. Бегим ака баттар ҳайрон бўлиб, ҳовлига чиқди.
— Бошладик:
Қаттиқ ердан қадалиб чиққан, бойчечак.
Юмшоқ ердан юмалаб чиққан, бойчечак!
Бегим ака яқин келиб, ҳаммаси ширакайф эканини сездию, қандай йўл тутишни билмай қолди. Болалари, хотини эшикка тиқилишиб, қизиқиш билан уларни кузатиб туришарди.
— Ё иккита яримта олиб чиқинг, ё пулини.
Бегим ака хотинига имо қилди. Иккита яримтанинг пули чиқарилди.
— Энди ўзингиз ҳам чиқинг, Шакарбой аканинг ўғлини ювишга борамиз.
Бегим ака иккиланиб қолди.
— Чиқаверинг Бегим ака, кўрмаяпсизми, булар мениям судраб чиқишди, — тўнғиллади Сиддиқ.
— Янга, бу кишининг тўнини олиб чиқинг, биз билан бойчечак айтишга боради.
Бешовлон йўл-йўлакай дўкон қоровули Товбой акадан иккита ароқ олиб, Сиддиқнинг қўйнига тиқишди.
— Собирниям олсак-чи, — деди Бегим ака.
— Воҳ, яшанг! Курка товуқлари бор, Биттасини олиб, қозонга босамиз.
Собир ҳам Шакарбой ака қатори бригадирлардан бири. Эрта ухлашга ётган эканми, уйидаги чироқлари ўчган. Бойчечак айтувчиларнинг овозини эшитгач, киссасида қолган тангаларнги олиб, майка-калта иштончан ҳолда эшикни қия очди-да, қўлини чўзди.
— Қўрқмасдан чиқаверинг.
— Собир Қаюмнинг овозини эшитиб, ҳайрон бўлди. Эшикни бутунлай очиб, ташқарига чиқди. Қўлидаги тангалар ерга тушиб, жиринглаб кетди.
— Шимингизни кийиб чиқинг-э! Уялмайсизми?
Собир даккидан шошиб, ичкарига қайтди-да, хотинини туртди:
— Тур, хотин, бойчечакчилар катта одамлар экан.
Шундоқ ҳам эрининг ҳаяллаб қолганидан гумонсираган хотини тура солиб, деразадан ташқарига қарадию, шошиб қолди:
— Шу кишиларнинг олдига шу аҳволда чиқдингизми? Вой, мен ўлай! Вой менгина ўлиб қўя қолай, шарманда бўлдим. Эртага уларнинг қўзига қандай қарайман. – Хотин кўзларига ишонмай, яна деразадан мўралади. – Вой, мен ўлиб қўя қолай.
— Дийдиёнгни қўйсангчи, каллангни ишлат, — Собир аччиқ билан шивирлади, шимини кияркан. – буларга нима берамиз?
— Билмасам.
— Беш-ўн сўм ол.
— Собир кийиниб, пул кўтариб чиққанди, Бегим ака тўхтатди.
— Бизга курка керак, курка.
Биргалашиб, товуқхонага ўтишди. Собир биттасини ушлаб, Қаюмга тутқазди.
— Ўзингиз ҳам битта олинг, — деди Бегим ака.
Ноилож қолган Собир яна битта куркани ўзи кўтариб чиқиб, уларга эргашди. Тўғри Кўчим бухгалтерникига, кейин Шакарбой аканинг ишчисиники Умматникига ўтиб, уларни ҳам ўзларига қўшишди.
Вақт ярим кечага яқинлашганда бир тўп бўлиб, бойчечак айтиб, Шакарбой бригадирникига кириб боришди

ОЙСУЛУВНИНГ КЎЗ ЁШЛАРИ

— Уйинг куйсин, уруш! Отинг ўчсин, уруш! Қанотимни қайирдинг-ку! Султонимдан айирдинг-ку! Вой болам-м! Бола-а-м! Сен ўлганча мен ўлсам бўлмасмиди, болам!
Мухтор икки кўча ошса ҳамки бу нидоли, қайғули, нафратли овоз ҳалигача қулоғи остида эшитиляпти. Гўё учқур ўқдай юрагига санчиляпти. Менинг ўғлим ўлиб кетди, қишлоқнинг ҳамма катта-кичиклари урушда, сен бу ерда нима қилиб юрибсан, дея таъна қилаётгандай. Гўё ҳамма ўзига тикилаётгандай. Бир бирини ниқтаб, Мухторни кўрсатаётгандай. Балки ўзига шундай туюлгандир. Балки бошқа сабаб…
Мухтор Маматқул билан бирга кўнгиллилар сафида жўнамоқчи эди. Бирга тайёрланишганди, кейин… Мухтор қолди. Маматқул, мана, ҳалок бўлипти. Ҳар кимнинг кўзидан, овозидан ваҳимага тушиб, қишлоқда бош кўтариб юрганча, Маматқулдай ўлиб кетгани яхши эди.
Мухтор хаёлан ўзини сўкардию, аммо ҳозир ўз ўйларига ҳисоб бермасди. Бутун вужудини аламзадалик, уни маҳкам ушлаб турадиган доимий ваҳима эгаллаб олганди. Мухтор урушга бормади. Маматқул билан йўлга чиқмоқчи бўлганда ҳам бор-йўғи тенгдошларидан айрилиб қолмаслик учун ариза берганди. Кейин орадан кўп гаплар ўтди. Нима бўлганди ўзи? Нима бўлган эди-я? Эҳ-ҳа, тарихи узоқ! Бунинг ўзи катта ҳикояю.

Мухтор Ойсулувни яхши кўрарди. Бир-икки марта Ойсулувнинг ўзига дил розини очмоқчи бўлди, аммо яқин борди дегунча, тили тутилади. Қалтирайверади. Тезроқ қочиб қутулгиси келади. Четроққа ўтса яна ўзини ўзи койийди. Энди қайтиб дуч келса, албатта гапиришни кўнглига тугади. Ойсулув билан бир бригадада ишлашади. Бирга ишга чиқиб, бирга уйга қайтишади. Йўлда бир қараб қўйса бўлди, кун бўйи ширин орзулар оғушида юради. Ойсулув! Сулув бўлганда ҳам унча-мунча эмас. Гўё ойдек нур сочади. Ота-онаси зап исм топиб қўйишган. Қани энди, орзулари амалга ошсаю… Мухторга бошқа ҳеч нарса керак эмас… Қайси куни туш кўрибди. Тўй бўлаётганмиш. Келин ҳовлиларига кираётган жойда ташкиллаштирилган икки гулханни айланаётган эмиш. Мухторнинг отасига, онасига, амма-тоғаларига… салом солаётганмиш. Яхшилаб қараса, келин – Ойсулув! Мухторнинг ўзи эса четроқда куёвнавкарлар орасида савлат тўкиб турибди. Бошда дўппи, устида беқасам тўн, лабида табассум. Катталар: Мухтор билан Ойсулув узукка кўз қўйгандай бир-бирига мос, умрлари узоқ бўлсин, қўша қаришсин, деб дуо қилишяпти. Дўстлари Мухторни табриклашяпти. Шу пайт қаёқдандир пайдо бўлиб қолган Маматқул Мухторнинг елкасига осилганча: «Мен бахтли бўлолмадим, дўстим, сен бахтли бўл! Мен етолмаган бахтга сен етдинг!» дея юм-юм йиғлаётганмиш. Кейин келин – Ойсулув бошини кўтариб, бошидаги ёпинчиғини олиб ташлади-да, уларга ўгирилди. Доим чақнаб турадиган кўзларини ғам эгаллаган. Ғам ҳам эмас, қандайдир, нафратми-ей. Бу нафрат кимга аталган?.. Кўзлари бир тўқнаш келдию, одатдагидай, Мухторнинг бутун вужуди, оёқларигача қалтираб, кўзларини олиб қочди. Ойсулув улар томонга келаверди. Кейин… Мухтор … уйғониб кетди. Ўшандан бери… калласи гаранг.
Маматқул билан Мухтор бирга ўсишган, мактабда бирга ўқишган. Баъзан йигитлар йиғилганда қизлар ҳақида гап кетади. Ҳамма Маматқул билан Ойсулувнинг муносабатларидан хабардор. Гап сўрашади. Мухторнинг дами ичига тушиб, кузатади. Шунда Маматқул ҳаяжонланиб, тўлиб-тошиб, Ойсулувни мақтайди. Мухторнинг дами баттар ичига тушади. Қани энди, қандайдир куч пайдо бўлсаю, Ойсулув Маматқулдан юз ўгириб, Мухторни деса… Баъазан Мухтор ўз ожизлигидан нафратланиб кетади. Бораману, дардларимни тўкиб соламан, деб қасд қилади.
Маматқул эса Ойсулув жуда яхши қизлигини, минг шўх, ўйинқароқ бўлмасин, биронта йигитни яқинига йўлатмаслигини, ҳатто Маматқул ҳам ёнида чўчиб, ҳисларини жиловлаб туришини айтади. «Худди сеҳргарга ўхшайди», дейди Маматқул. Айнан шу гаплари Мухторнинг дилига ҳам мос тушади: «Ойсулув – сеҳргар!»
Тўғри, Мухтор Ойсулувни Маматқулдан тортиб олиб қўймаслик кераклигини, ҳатто тортиб ола олмаслигини ҳам билади, лекин… Ахир Мухтор ҳам қачонлардан бери Ойсулув деб ёнади. Қачонлардан бери дарди ичида. У пайтлари Маматқул таралла-бедод қилиб юрарди. Иккисининг яқинлашуви шу баҳорда бошланди. Бу томондан қараганда Мухторнинг бахт қушини Маматқул ўғирлаган бўлиб чиқади.
Ёз келди. Уруш бошланди. Биринчи кунларданоқ қишлоқнинг бир қанча йигитлари қатори Мухтор билан Маматқул ҳам кўнгиллилардан бўлиб, ариза беришди. Эртага жўнаймиз, деган оқшом уйидан кузатувчилар аримадию Ярим кечага яқин одамлардан қўли бўшаб, чарчаб, энди ухлайман деганда юрагини аллақандай норозилик кемираётганини англаб қолди. Аввал келди-кетди билан бўлиб, унча эътибор бермаган экан. Норозилик аломатини Мухтор яхши биларди. – Ойсулувни кўргиси келаётганди. Эл қатори урушга кетяпти. Энди Ойсулувга боради. Бор дардини, бир йилдан бери унинг ишқида куйиб юрганини айтади, Неча марта дил рози ичида қолиб кетганини, кечаю-кундуз фақат Ойсулув дея яшаётганини, айтади, юрагини тўкиб солади. Энди урушга кетаётганини, ўлиб кетса майли, агар эсон-омон қайтса, албатта Ойсулувга уйланишини, жангга ҳам Ойсулув номи билан киришини айтади. Айтмай кетиши мумкин эмас. Мабодо жанг майдонида қурбон бўлса, ўзи учун ўлганини билиб йиғласин.
Мухтор бир дақиқа ўзига аза тутиб йиғлаётган Ойсулувни тасаввур қилди. Сочлари ёйилган, бетлари тирналган. Олдида Мухторнинг ўлиги ётибди. Кўкраги қип-қизил қон. Ўқ кўкрагига теккан экан. Ойсулув ҳолсизланиб, юзини Мухторнинг жароҳатига қўйди. Кимдир келиб, Ойсулувни турғизди. Кўз ёшларидан Мухторнинг кўксида қотиб қолган қонлар эриб, Ойсулувнинг бетига ёпишган, сочларигача қип-қизил қон. Кейин кўзларидан ҳам ёш ўрнига қон оқа бошлади…
Қирқ йил қирғин бўлса, ажали етган ўлади. Урушга эл қатори боради. Ўзи ариза бермаганда ҳам бари бир олиб кетишарди. Бундан ташқари ҳамма тенгдошлари борамиз, деб туришганда Мухтор четлаб қололмасди. Ё ўлар, ё қолар, ким билади, ҳали қаҳрамон бўлиб қайтадими? Кўкраги тўла орден-медаллар бўлса. Бутун қишлоқ аҳли кўчага чиқиб, уни кутиб олса. Душманни енгган мана шу йигит, деб олқишласа… Мухтор хурсанд, ҳаммага қўл силкиб, кўча бўйлаб шахдам одимласа. Кейин Ойсулув… ҳовлиларидан югуриб чиқиб: «Мухтор ака!», деб ўзини унинг бағрига отса. Қувончдан юм-юм йиғласа. Мухтор ҳам қизни қаттиқ қучиб, елкаларини, сочларини силаса. Ойсулув йиғлаб бўлгандан сўнг: «Мен сизни жуда интизорлик билан кутдим», деса эркаланиб. Ҳазиллашиб, Мухторнинг юзига шапатиласа: «Иккинчи бундай қилманг. Одамни қаттиқ соғинтириш яхши эмас!», деса. Кейин ўз қилиғидан ўзи уялиб, юзини Мухторнинг елкасига яширса. Энди Мухтор уялмайди. Қалтирамайди. Кўзларини олиб қочмайди. Севган қизига соғинч билан тикилиб тураверади. «Ўҳ-ҳў, орденларингиз бунчакўп!?», деса Ойсулув.
«Ҳаммасини сен учун олганман. Доим сени деб урушга кирдим. Сени деб эсон-омон қайтиб кетяпман. Энди бир умр бирга бахтли бўламиз. Ҳечам ажрамаймиз, хўпми, Ойсулув?»
Ойсулув қувончдан чарақлаган кўзларини юмиб, бош ирғайди. Иккисининг бир бирига бўлган муҳаббатини, меҳрини кўриб, қишлоқ аҳли кўзига ёш олади. «Барлосдан чиққан қаҳрамонга шон-шарафлар бўлсин!» деб қўлларига кўтариб, осмонга отишади, олқишлашади. Шу ернинг ўзида Ойсулувга келинлик либосини кийгизишади. Келин-куёв ўртада Мухторларнинг уйига йўл олишади. Қизлар ёр-ёр айтишади…
… Мухтор ўз ўйларидан ширин энтикиб, Ойсулувнинг уйи орқасида тўхтади. Бояги шашти бўйича тўғри уйга кириб бормоқчи, агар ота-онаси билан ўтирган бўлса: «Мен эртага урушга кетяпман, илтимос, Ойсулувда икки оғиз гапим бор», дея изн сўрамоқчи эди. Аммо уй тўғрисига келганда… яна қалтирай бошлади. Қайтиб кетмоқчиям бўлди, аммо бу фикридан ғижинди. Нимани ўйлаяпти ўзи? Ё ҳозир гаплашади ё ҳеч қачон! Ахир эртага жўнаяпти… Шуларни ўйлардию, ҳовлига тўғри кириб боролмаслигини ҳам яхши биларди. Лекин қайтиб ҳам кетолмасди. Қандайдир натижа бўлиши керак.
Мухтор айланма йўллар билан томорқа тарафга ўтди. Ойсулувларнинг катта боғи бор. Ҳеч бўлмаса ўша томондан келиб, ҳовлига бир назар ташлашни истарди. Ким билсин, балки ўзи чиқиб қолар…
Боққа тушмоқчи бўлаётган Мухторнинг қулоғига аллақаёқдан йиғи овози чалинди. Аввалига бутун фикри-зикри ҳовлида бўлиб, эътибор бермади. Кейин овозни танидию, донг қотиб қолди. Ойсулув йиғлаётганди. Уни кимдир овутяпти. Улар боғнинг нариги бурчагида. Мухтор овутаётган Маматқуллигини билдию, мажолсизланиб, ўтириб қолди. Аъзойи-бадани титраб кетди. Хўрлиги келиб, кўзларига ёш қалқди… Шу экан-да!… Мухтор нималарни ўйлаб юрипти. Шунча ширин хаёлларни суриб келди. Дардини айтмоқчи бўлипти! Мухторнинг дардисиз, ўзиники ўзига етиб ортар экан. Ана, Маматқулнинг пинжига кириб олган. Тўйиб-тўйиб қарайверсин. Яна нима истайди? Яна Мухторга нима керак? Ажаб бўлди, хўб бўлди! Урушда битта ўққа дуч келса, ўлади-кетади. Тамом!!
Мухтор орқаси билан тисарилганча, кўча бўйлаб анча юрди. Маматқул билан Ойсулувдан кўзларини узолмасди. Улар ўзлари билан овора, Мухторнинг келганини ҳам, кетганини ҳам пайқашмади. Мухтор эса узоқлашгандан кейин ўгирилиб, уйига югурди. Нимага бундай қиляпти, ўзи яхши англамас, аммо вужуди уни шунга ундар, юрагидан нимадир тўлиб-тошиб келар, югурмаса отилиб чиқиб кетадигандай эди. Хонасига кириб, ўзини ёстиққа ташлади ҳамки, у нарса отилиб чиқди. Бу – йиғи эди! Аламли, зардобли, хўрланган, топталган, жақвобсиз қолган муҳаббат изтироби эди. Йиғи вужудининг ички қатламларидан тўлиб-тошиб келар, уларни тўхтатиш асло мумкин эмасди. Тўхтатишга ҳаракат ҳам қилмас, ўксиб-ўксиб йиғларди. Чунки энг сўнгги умиди чилпарчин бўлган эди. Ариза бергандан буён «охирги куни бораман, гаплашиб оламан», дея ўзини овутиб юрарди. Энди ана шу овунчоқ ҳам йўқ.
Шовқинни эшитиб, ота-онаси кириб келишди. Онаси дарров қўшилиб йиғлашга тушди. Мухтор йиғи аралаш: «Эҳ, Ойсулув!» деб юборди. Бунга ўзи эътибор бермади, чунки эрта-индин ўлиб кетадиган одам, энди нима фарқи бор. Онаси эътибор бермади, чунки ўз дарди ўзига етиб ортарди. Аммо отаси Мухтор нимага йиғлаётганини билиб қолди. Отаси Мухторга разм солиб юрар, ўзгарганини, одамови бўлиб қолганини, қандайдир қизнинг дардида ўртанаётганини сезарди.
Эрталаб йигитлар тўрваларини кўтариб, фронтга жўнаш учун станцияга боришди. Жўнатилаётганлар сафида Мухторнинг номи чиқмади. Ҳайрон бўлиб, командирдан нега қолдиришаётганини сўраганда: «Бор, бор, ишингни қил, навбатинг келса, сени ўзимиз чақирамиз», дея уни ҳайдаб юборди. Бу ерда қандайдир сир яширингандай. Қанақа сир бўлиши мумкин? Ё отасининг ишимикан? Отасининг қўлидан келади. Танишлари кўп. Пулиям кўп. Наҳотки қолиб кетишида отасининг қўли бор? Шошма! Оқшом, худди бир сирни биладигандай, ғалати кулимсирамаётганмиди? Ўшанда менинг устимдан куляпти, деб эътибор қилмаганди. Эрталаб ҳам фақат уйдан хайрлашиб, «менинг ишим бор», деб кетиб қолди. Бошқа ҳамма ота-оналар ўғилларининг орқасидан юрган эди… Нега бунақа қилди? Нега тенгдошларидан ажратиб қолдирди? Ойсулувни кўриб, ҳар куни бир ўлгандан урушда биратўла ўлиб кетгани яхши эмасми? Ҳамма дўстлари кетди. Маматқул ҳам кетди… Ойсулув қолди. Мухтор қолди… Йўқ, йўқ. Бундай ўйлашнинг ўзи разиллик. Ойсулув ҳеч қачон Мухторни демайди. Бунга ишончи комил. Бунинг устига, Маматқуллар у ёққа бориб, қон кечишсаю, Мухтор бу ерда кўча кезадими? Ҳар ерда ўз тенгинг билан бўлганинг маъқул экан. Бир ўзи ажралиб қолиб, жуда ноўнғай бўляпти. Худди тенгдошлари олдида айбдордай. Мухторни қолдиришганда улар ҳам ажабланиб, ғалати-ғалати қарашди. Ҳа-а, ҳаммаси отасининг иши. Боласининг раҳмини еган-да! Фронтга борса, ўлиб кетиши мумкин, ҳар на кўз олдимда юра турсин, деган. Отаси жуда ичидан пишган одам. Мухторнинг қолишини ҳатто онасига айтмаган. Майли, эл-юрт кўз ўнгида бирга бориб, йиғлаб келаверсин, деган. Шубҳага ўрин қолмасин, деган… Шу қилганига отасига бир кўрсатиб қўйсин. Олиб қолганларига пушаймон есин… Уйга келса, отаси йўқ. Отаси салобатли. Шу сабаблими, ёки отаси бўлгани учун ҳамми, Мухтор отасидан ҳайиқади. Балки бугун ҳам учрашганда салобати босиб, айтмоқчи бўлаётган гапини айтолмас… Ҳозир бу тўғрида ўйламасди. Юз берган ноҳақликка чидолмай, ҳақни талаб қилмоқ истаги билан ёнарди. Отасининг ишхонасига жўнади. Туш бўлиб қолган, одамлар ишдан қайтаётганди. Йўлда шошиб кетаркан, уйига қайтаётган Ойсулувга дуч келди. Бир зум довдираб тўхтади. Узоқданоқ сезди, қизнинг кўзлари сўник… Ҳақиқатни юзага чиқариш керак. Отасини тезроқ топади. Мухтор шашт билан олдга йўналди. Ойсулувга салом тарзида бошини бир силкиб ўтиб кетди. Ойсулув хаёл суриб келаётган экан, Мухторни кўриб, кўзларида бир дунё саволлар билан қадамини секинлатди. Мухтор баттар азобланди. Энди ҳамма унга шундай кўз билан қарайверади. Энди Мухтор кўчага чиқолмайди.
Отаси ишхонасида ҳам йўқ экан. Яхшиям йўқ экан. Энди анча шаштидан тушиб қолди. Ҳатто отасининг йўқлигига хурсанд бўлди. Бари бир чидаш қийин эди. Кечқурун отаси уйга қайтганда Мухтор ўз хонасига кириб кетди. Овқатга чақиришганда хўмрайиб, бошини солинтириб олди. Онасининг кўзлари аланг-жаланг. Югуриб елиб хизмат қиляпти. Кутилмаган бахтдан – ўғли ёнида қолганидан гангиб турибди…
— Ҳа, йигит?! Бунча?! Қовоғингдан қор ёғади?
Мухторнинг жон-пони чиқиб кетди. Ҳозир бор тўплаб юрганини айтса бўлади, лекин қаршисида ўтирган одам – отаси. Отасининг салобати уни босарди. Шу сабабли бошини баттар солинтириб, сас чиқармади.
— Нима бўлди? – сўради отаси кулимсираб. Кулимсираш мазах аралаш эди. Ана шу нарса Мухторнинг портлашига сабаб бўлди:
— Нимага мени олиб қолдингиз?
— Ким айтди сенга, мени олиб қолди деб?
— Ўзим билдим.
— Ўзинг билдинг?… Унда ҳақиқатан йигит бўлиб қолибсан.
Отасининг бўлиб-бўлиб, салмоқлаб айтган гапи Мухторнинг шусиз ҳам тўлиб турган сабр косасини тошириб юборди:
— Йигит бўлганманми, йўқми, нима ишингиз бор? Ҳамма тенгдошларим кетди. Энди мен қишлоқда қандай бош кўтариб юраман?
Отанинг дами ичига тушди. Ўртага она қўшилди:
— Ҳай, болам, нима деяпсан? Отага шунақа гап қайтарадими?
Мухторнинг юраги эзилиб кетди. Агар яна бир-икки аччиқ-чучук гап қиладиган бўлса, онаси йиғлаб юборади.
— Ор қиляптиларми? – хезланди отаси. – Майли, унда кетаверинг. Йўлингиз очиқ. Марҳамат!! Ким ушлаб турибди сени бу ерда, ахмоқ?! Ўша тенгдошларингга қўшилиб кетавермадингми? Нега қайтиб келдинг? Шунақаям орчил экансан?! Кет! Бор, ҳозир кет. Бир минут ҳам ушлаб турмайман!
Мухторга алам қилди. Кетолмаслигини билади-да, шунинг учун аччиқ гапини тўхтатмайди.
— Ҳеч бўлмаса,.. онангни ўйласанг бўларди. Ариза берганингдан бу ёғи сочлари оқариб кетди бечоранинг.
Рост. Ҳеч эсига келмапти. Ойсулувни ўйлапти, Маматқулни ўйлапти…
— Урушни ўйинчоқ деб ўйлаяпсан, шекилли. У ерда нималар бўлишини сен билсанг экан… Бош кўтариш мумкин эмас. Ўқлар ғиз-ғиз учади. Бу, мен финлар урушида бўлгандаги гап. Ҳозиргисини у уруш билан солиштириб ҳам бўлмайди. Ўрта Осиёдан борганлар ҳозир атакада текис қирилиб кетяпти. Ота-онангни давлатида юрганинг жонингга тегдими, нонкўр! Худди курортдан қолиб кетгандай, жанжал қиласан!? Ўша тенгдошларинг эрта-индин ариза берганига минг пушаймон ейди. Йиғлайди ҳали. Худо билади, биринчи жангдан омон чиқадими,.. Ҳозирча мен эсон-омонманми, қўлимдан келибдими, олиб қолдим. Шунисига шукр. Шошмай тур, ҳали сенга ҳам навбат етади. Ўшанда қайтаришга кучим етмай қолади. Буниси ҳазилакам уруш бўлаётгани йўқ. Ҳозирча менинг ўқ еб келганим иккимизга етади. Билдингми? Ма, кўриб қўй, ўқ ейиш қанақа бўларкан! — Отаси ўз кўйлаги ёқасидан тортиб, белигача йиртиб юборди. Отасининг елкасида катта жароҳат изи бор эди. Мухтор кўзларини олиб қочди . – Кучинг ичингга сиғмай бораётган бўлса, мана, онанг бор, биргалашиб, уйлантириб қўямиз. – Отаси кулимсиради. – Ҳў, ана, қўшнимизнинг қизи бор-ку, онаси, яхшигина бўлиб етилибдими?
— Қайси? Қайси қиз? – онаси жонсаракланди.
— Бор-ку, ана, отаси чайналган бўлиб, Мухторга қаради, сирдош жўралардай ишшайиб, кўз қисди. – Ўзиям ўғлинг ўшани деб қачонлардан бери ичини еб юрибди.
Мухторнинг бутун вужудига роҳатбахш ҳарорат югурди. Тўғриси, уялиб кетди. Отаси билармикан?
— Ойсулувми-ей исми?
Мухторнинг юзи оқарди, қизарди. Кўзларини қаерга яширишни, қўлларини қаерга қўйишни билмай қолди. Ойсулувни тасаввур қилди. Ана, иккиси ёнма-ён кетишяпти. У келинлик либосида. Қизлар ёр-ёр айтишяпти.
— Бўладими ўшани олиб берсак? Ишқилиб, ҳеч кимдан кам жойимиз йўқ. Қишлоқда обрўйимиз ёмон эмас. Кимнинг эшигига борсак, қуруқ қайтармайди. Балким, икковларинг бир-бирларингни яхши кўрарсизлар, а?
Мухтор хижолатга ботди. Отаси ҳаммасини билади. Мухтор яхши кўради-я, аммо Ойсулув-чи? У Маматқулни хушлайди. Лекин отасининг қўлидан кўп иш келади. Олиб бераман деса, олиб беради ҳам.
— Ойсулувни олиб берамиз, юравер кейин, билганингни қилиб-иб… Аммо олдин бир ишни ҳал қилиш шарт. Уруш жуда қаттиқ бўляпти. Ҳали менинг қўлимдан ҳам ҳеч нарса келмай қолиши мумкин. Шунинг учун ҳозирдан чорасини кўриб қўйишимиз керак. Мен бугун сўраган одамларга: «Ўғлимиз касал экан, шунинг учун қайтариб юборишибди», дедим. Энди ким сўраса, шундай деяверинглар. Эртадан бошлаб, сен Мухтор, ҳеч ёққа чиқмай ётавер. Тушундингми? Бу ёғини мен гаплашганман. Бир таниш врач бор. Тўғрилаш мумкин деган. Биз у билан келишдик. Энди сен бир ҳафта уйда ётасан. Бир сонингни боғлаб ташлаймиз. Биров сезмасин, ким сўраса, «шишиб кетган». Тушундингларми? Қорасон бўлибди, деймизми, ишқилиб, бир баҳона топамиз. Ҳозир замон ёмон! .. Ана, у ёғи тўғри бўлса, кейин бу ёғини тезлаштирамиз. Касалхонадан сенга «ярамайди» деган ҳужжат олсак, кейин биз онанг билан Ойсулувникига дастурхон кўтариб борамиз.
Отаси эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда гапирди. Мухторга бу сўзларнинг асл маъноси аста-секин бориб етди. Демак, урушдан қолади. Ҳаммаси қонуний бўлади. Кейин Ойсулувни олиб беришади.
… Бир йилда Мухтор «ярамайди» деган ҳужжат олди. «Инвалид» бўлиб уйига қайтди. Отаси айтган врачнинг ўзи «даволади», кейин «операция» қилди. Сонининг бир тарафини олдин тиззасигача кесиб, гўштининг бир бўлагини олиб ташлади, кейин қайтадан тикди. Ҳамма сирдан фақат ўзи, отаси ва врач воқиф бўлди. Бу ишлар битгунча Мухтор бир неча бор ўлиб тирилди. Йўқ, операциянинг ўзи унчалик қийнамади. Гўё у қилаётган ишларни бошқалар кўриб тургандай. Кўз олдидан Маматқул кетмасди. Қўли билан Мухторни тенгдошларига кўрсатиб, нуқул: «Мухтор қўрқоқ!», деяётгандай. Бир йил давомида бирор оқшом тузукроқ ухлолмаган бўлса керак. Бу орада Маматқулнинг сурати газетада чиқди. Қаҳрамонлик кўрсатибди, орден олибди. Газетани Мухтор ҳам кўрди…
Кейин Ойсулувга совчилар борди. Ойсулув совчиларни ҳайдаб солди. Кейин Ойсулув далада Мухторнинг ёнига келди. Нима деса деди. Мухторни мулзам қилди. Кейин… мана… Маматқулдан қора хат келибди.
Мухтор ўзидан ўтганини ўзи билади. Касалхонада ётганидаёқ шунча яширишларига қарамай, ҳар хил миш-мишлар тарқаган экан. Албатта, бу гаплар Ойсулувнинг ҳам қулоғига бориб етган…
Бундай ўзига келиб қараса, қишлоқнинг четига чиқиб қолибди. Бутун вужудида норозилик: ўзидан ҳам, ота-онасидан ҳам, Маматқул, Ойсулувдан ҳам, ҳамма-ҳаммасидан норози. Энди нима қилади? Энди қаёққа боради? Маматқул йўқ. Ойсулув ўзига қолди. Хурсанд бўлаверсин. Нега хурсанд бўлмаяпти?
Йўқ, Мухтор хурсанд бўлолмасди. Маматқулнинг қаршисида айбдор, унга хиёнат қилди. Бу айбни қандай ювса бўлади? Қон биланми? Шунча қочиб юриб, урушга энди жўнасинми? Қишлоқда қолиб нима қилади? Мухтор яна нима истайди? Нима? Бир қарорга келиши керак. Ноаниқлик, шубҳа, доимий қўрқув, ваҳима Мухторни еб қўйди.
Мухтор орқасига қайтди. Йўлда унга томон бир қиз келарди. – Ойсулув!
«Э, художон! Энди нима қиламан?!»

МАЙ ЁМҒИРИ

Умид билан ҳамон фарзандларини кутаётган
Оналарга бағишладим.

Бу воқеа 1981 йил 9 май куни бўлган эди.
Бахмал туман ҳарбий комиссариатидан Қиммат момони сўраб келишди. Кичик невараси билан гап талашиб ўтирган момонинг олдига каттаси ҳовлиққанча келиб, икки киши чақираётганини айтди. Чиқса, ҳарбийча кийинган икки киши бошлиқлар минадиган «УАЗик» ёнида турибди. Қарироғини дарров таниди. Урушда бедарак кетган ўғли Муҳаммадини суриштириб борганда доим шу одам: «ҳозирча хабар йўқ. Бирор янгилик бўлса, ўзимиз етказамиз», деб Қиммат момони қайтариб юборарди. Қирқ йилдирки, на ўлигини билади, на тиригини. Қирқ биринчи йилнинг охиригача хат келиб турди. «Эрта-индин жангга кириб қолсак керак. Нима бўлади, нима қўяди, ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Жангдан эсон-омон чиқсам яна хат ёзарман», деб ёзганди охирги хатида. Агар ҳалок бўлса, хабар етказишлари керак эди. Жони омон бўлса ўзи… Момо ўшандан бери кутади. Ўшандан бери умид билан яшайди. Олдинига, уруш тамом бўлсин, деб кутди. Кейин ўлдига чиққанлар келиб қолиб, момонинг кўнглида чироқ ёнди. Ишонгани, қариганда суяйдигани, ўлса кўмадигани — Муҳаммади! Шу сабабли қирқ йилдан бери кутяпти. Чидамай, қайтариб юборишларига қарамай, қайта-қайта ҳарбий комиссариатга бораверади, мана шу қарияга дуч бўлаверади, у яна ортига қайтараверади.
Ўзлари келибдими, демак, бир хабар бор! Ҳар ишнинг аниқ бўлгани яхши. Ноаниқлик одамни эзиб ташлайди. Демак, момо минг бир азоб уқубатларга бардош бериб, сабр-тоқат билан кутаётгани бежиз эмас экан. «Муҳаммади тирик» деб ўзини ишонтириб келаётгани беҳикмат эмас экан. Наҳотки Қиммат момо кута-кута ахийри мақсадига етган бўлса? Наҳотки тоат-ибодатлари ёлғизгина ўғлини ўлим чангалидан олиб қолган? Йўқса бу таниш ҳарбий одам ўзи келмасди. Бу бечора ҳам қирқ йилдан бери ҳар сафар момони кўрганда яширингани жой тополмай қолади. «Келманг, сира овора бўлманг, янгилик бўлса, ўзим етказаман», дейди. Муҳаммадидан дарак бўлавермагандан кейин қандай қилиб бормаслиги, овора бўлмаслиги, ўғлининг дарагини суриштирмаслиги мумкин? Балки қайсидир бир шаҳарнинг касалхонасида оёқ-қўлидан ажраб, бир оғиз саломнома ёзишнинг иложини қилолмай, қийналиб ётгандир. Онажонини, Барлосни соғинаётгандир.
Ана, Бегимқулнинг укаси шундай топилди. Оёқ-қўлини кесиб ташлашган экан. Ўрнига бошқалар хат ёзиб беришибди. Бегимқул хатни олган ҳамоно «жонинг омон бўлса кифоя», деб сафарга чиқди. Тақдир қилмаган экан, Бегимқул етиб борганча, укаси жон таслим қилибди. Ўша ерга дафн этиб қайтиб келди. Энди ҳар йили бориб, укасининг қабрини зиёрат қилади. Куйган юрагини овутади. Аммо Қиммат момо ўзини нима билан овутсин? Қайси қабрга бош урсин? Додини кимга айтсин? Дом-дараксизми, демак, тирик. Қирқ йилдан бери Қиммат момони ноаниқлик ўртайди. Куйдиради. Қани энди, бунга Муҳаммадининг хабаридан бўлак бошқа бирон нарса малҳам бўла олса!..
Демак, бу одамнинг ўзи келибдими, бир хабар бор. Момо бир дақиқагина Муҳаммадининг ўн етти яшар – урушга кетаётган чоғини кўз олдига келтирди. Вужуди бўшашиб кетди. Ўғлини бошқача тасаввур қилолмайди. Агар ҳозир тирик бўлса эллик етти ёшга кирган. Аммо кўз ўнгида ҳамон ўша – навқирон қиёфада гавдаланаверади. Энди етилаётган, кучга тўлаётган эди. Момо неча марталаб тушларида кўриб чиққан. Гўё билмай қоладигандай, ухлаётганда Муҳаммади келиб бошида, онам қачон уйғонаркан, деб кутиб ўтирадигандай. Шундай тушлардан кейин момо уйғониб кетар, аммо ёнида ўғли йўқлигини кўриб, бўшашиб қолар, балки мен билан ҳазиллашаётгандир, деб ўйлаб, уйнинг атрофини айланиб чиқар, аммо ҳеч кимни тополмай, хўрлиги келарди. Остонага ўтириб, тонггача йўл қарарди. Гўё Муҳаммади ҳозир йўлдаю, ҳеч ким пешвоз чиқмаганини кўриб, аразлаганча қайтиб кетадигандай. «Ўғлинг келяпти», деган хабарчига атаб неча бор қўйлар боқди. У қўйларнинг нечаси сўйилиб кетди. Муҳаммади ҳамон йўқ. Ҳамон боқувдаги қўйларга эга чиқмаяпти. Наҳотки эндигиси ҳам бошқа мақсадларга сўйилади? Кута-кута Қиммат момо саксон тўртга кирди. Сочлари пахтадай бўлиб, оғзида биттаям тиши қолмади. Ҳозир қишлоқда момонинг тенгдошлари қолмади ҳисоб. Бари ўғилларининг қўлида обрў-эътибор билан дафн этилди. Аммо Қиммат момо ўлса уни ким кўмади? Қайси ўғли «онажон!» деб йиғлайди? Бу замонда емак-ичмакдан ҳеч ким қайғурмайди, аммо кимнинг кимдан кам бўлгиси келади? Ҳар инсон ҳатто ўлими ҳам бошқалардан ортда қолмаслигини истайди. Ана шуларни ўйлаб, Қиммат момо ўлимга чап бераётганди. Невараларига: «Ўлигимнинг эгаси сизлар», дейдию, бари бир Муҳаммадини кутади.
Қиммат момо мажолсизланиб ўтириб қолди.
— Ийе, момо, сизга нима бўлди? – Ҳарбий киши етиб келиб, момони қўлтиғидан олди.
«Наҳотки узоқ кутган онлари келди? Бир айтгани бор эди. Ишқилиб, ёлғон бўлмасин!» Момо шунчалар яқин кўринган бахтдан энтикиб, хўрлиги келиб, ўзини йўқотиб қўйганди.
— Муҳаммадимдан хабар борми? – сўради момо шивирлаб.
— Билмадим. Тез бориб, Қиммат момони етказиб келинглар, деб бизни жўнатишди. Ўша ёқда биламиз, юраверинг. Ҳар қалай яхши гап бўлса керак.
Момонинг вужудига қувват югуриб, тезда уйга кирди. Муҳаммади келганда кийиш учун атайлаб кўйлак-рўмол олиб қўйганди. Бўхчаларни титар, излаган нарсасини тополмасди. Икки невараси тараддудланиб қолишган, аммо момоларига қандай ёрдам беришни билмай, у ёқдан-бу ёққа зир югурардилар. Момо уларга тайинли бир гап айтолмас, бир нарса дейишга мажоли йўқ, алланималарни пичирлаб, гоҳ кулимсираб, гоҳ йиғламсираб, кўзларидан ёш қуюларди.
Ниҳоят кийимлар кийилди, рўмол бошга ташланди. Сабр-тоқат билан кутган икки ҳарбий момони машинага ўтқазиб, туман ҳарбий қомиссариатига равона бўлишди.
Боягина осмон тип-тиниқ эди. Машинага ўтиришганда осмонни булут қоплади. Кўп ўтмай ёмғир ёға бошлади. Ичкарига намхуш баҳор ҳавоси уфурди. Момо кўкрагини тўлдириб, тўйиб-тўйиб нафас олди. Кўзлари йўлда, аммо ҳеч нарсани кўрмас, ҳатто ёнида ўтирган ҳарбийларни ҳам унутганди. Машина жуда аста юраётгандай, бу юришда ҳали бери Муҳаммадига етолмайдигандай. Кейин ўғли кутиб-кутиб, қайтиб кетиб қоладигандай. «Машинани тезроқ ҳайдасангизчи», демоқчи бўладию, овози чиқмайди. .. Ўшанда ҳам худди бугунгидай, ўйноқи баҳор ёмғири қуяётганди…

Муҳаммади даладан келавермади. Қиммат момо ташвишга тушди. Ўғли нимага келмаяпти? Бирон кори-ҳол юз бердими? Қоронғи тушиб қолди. Ҳамма ишдан қайтди. Муҳаммади йўқ. Олдинига сигир соғиш, овқат пишириш билан алаҳсиди. Овқат тайёр бўлди ҳамки, Муҳаммади йўқ. Олдин аччиқланди, кейин хавотирланиб, кўчадан тез-тез хабар ола бошлади.
— Қорин очиб кетди, овқатингни сузсангчи. Муҳаммадингга жин ҳам урмайди. Келади. Бирон жўрасиникига кириб қолгандир-да, — деди Муҳаммадининг отаси. – Бунча ваҳима қилмасанг.
Момога гап кор қилмасди. Яна кўчага чиқди. Кутавериб, орада ўғлининг дўсти Абдуғаффордан ҳам хабар олиб келди. У «ҳали келмадими?» деб ҳайрон бўлиб сўрадию, бир нарсани эслади чоғи, сирли кулимсираб, «бемалол уйингизга бораверинг, келиб қолади», деди. Абдуғаффорнинг кулимсирашида сирдош дўстларгагина хос алланарса яширин бўлиб, Муҳаммади қаердалигини Абдуғаффор аниқ билишини англаб, сўраб суриштираверди. Бари бир Абдуғаффор аниқ жавоб бермади. «Бригадир билан бир иш юзасидан орқада қолганди, биткизса, келиб қолади», деди яна аввалгидай маънодор ишшайиб. «Нима? Ғўза пайкалларининг бирон ерини ёмғир ювиб кетибдими?», дея сўради момо, ўзича ҳар хил тахминлар қилиб. Абдуғаффор ошкора кулиб юборди, аммо тезда ўзини тутиб олиб, шунга ўхшаш бир иш, деб қўя қолди.
Икки дўстнинг қандайдир бир сири борлигини сезган момонинг қизиқиши баттар ошди. Кўнгли алағда бўлиб уйга қайтди. Чолига, қизларига овқат сузиб берди. Ўзи ҳам дастурхонга ўтирди, аммо томоғидан ҳеч нарса ўтмасди. Охири бўлмади. Яна кўча томонга чўнқайди. Ёмғир аллақачон тинган, осмонда юлдузлар чарақларди. Муҳаммади илгарилари бир марта ҳам бунчалар кеч қолмаган эди. Доим эл қатори ишдан қайтар, «овқат беринг, қорним оч», деб тиқилинч қиларди.
Биринчи фарзандлари қиз бўлди. Кейин Муҳаммади дунёга келди. Кейин яна битта қиз кўришди. Пешаналарига бошқа ўғил битмаган экан. Агар туриб қолганда Муҳаммадининг олтита ака-укалари бўларди. Ҳаммаси туғилиб ўлаверди. Яхши-яхши, дўмбоққина-дўмбоққина бўлишади, уч, тўрт ёшга киришадию, қандайдир сабаб билан икки-уч кун касалланиб, нобуд бўлаверишди. Эр-хотин Муҳаммади туғилганда ҳам жуда қўрқиб юришди. Нима таваллолар қилмади дейсиз. Муҳаммади ҳам ўлган акалари каби бирон марта касал бўлмай, их демай ўсаётганди. Худо умр берган экан, эсон-омон вояга етяпти. Соғлом, дуркунлиги бир томондан ота-онани қувонтирса, иккинчи томондан турган-битгани хавотирли азоб эди. Икки қиз билан Муҳаммади пешаналарида бор экан, ёнларига кириб қолишди. Ҳозир тўнғич қизлари Турдихолга узоқ бир қариндошларидан совчи келяпти. Ота тарафдан. Отаси розилик бермоқчидай. Момо ҳам қарши эмас. Куёв бўлмиш йигитни билади. Мўмин қобилгина, ишчан. Ҳамма томон рози ризочилигу, негадир қизлари рўйхушлик бермаяпти. Ҳали ёш эмиш. Ёшлиги қолдими, ўн саккизга тўлиб, ўн тўққизга ўтяпти. Тенгдош қизларнинг асосий қисми эрга тегиб кетди. Бу эса оёғини тирайди. Нима дейишарди, тилаб олган фарзандлари, кўнглини ўкситишни исташмайди. Шунинг учун совчиларни тўхтатиб туришипти. Қизи тушмагур билмайдики, ё билишни истамайдики, ўн саккиздан ўтганинг — қолганинг. Кейин харидор камаяверади. Ўсиб келаётган ёш қизларга бурилиб кетаверади. Тўғри, Турдихол кўҳликкина, кўзга ташланадиган қиз. Совчиларнинг оёғи тийилиб, қари қиз бўлиб қолиши мумкин эмас. Отаси Турдихолни ошкора эркалатмаса-да, (у биронта фарзандини ошкора эркалатмаган, камгап), пинхона яхши кўрар, шундай ажойиб қизи борлигидан мағрурланарди. Буни Қиммат момо зимдан сезар, ўзи ҳам қувонарди. Турмуш ўртоғи бир қарашда ҳиссиз, қўпол кўрингани билан аслида яхши одам. Баъзи оталарга ўхшаб, айтганим айтган, деганим деган, деб Турдихолни мажбуран эрга бериб юборишни истамасди. Момога: «Сен аста сўраб кўрчи, балки кўнглида бошқа гап бордир. Маълум қилсин. Қизни совчилардан қолдираверишнинг хосияти йўқ», деди. Қиммат момо Турдихолдан сўраганда, қизи нуқул ерга қараб чимирилиб тураверди. На «ҳа» деди, на «йўқ» деди. Момо қистайвергандан кейин, тўлиб турган экан, ҳўнграб йиғлаб берди. Қизининг кўз ёшларини кўриб, момонинг ҳам юраги эзилди. «Бо худо, нима қилади қизини қийнаб!? Пешонасида борини кўради. Ишқилиб ўзи омон бўлсин!» Шундай дея момо ўзини овутмоқчи бўлар, аммо… мана ман деган йигитлардан келаётган совчилар қуруқ қайтишяпти…
— Айт, ё отангни қариндоши ёқмадими? Туппа тузук йигит. Ҳеч кимдан кам жойи йўқ.
— Яхшими, ёмонми, менинг нима ишим бор? Унга тегмайман дедимми, тегмайман!
Момо сапчиб тушди. Кўксига туфлади. Эндигина қандайдир аниқликка эришаётгандай эди. Гап оҳангидан сездики, қизининг дегани бор.
— Ундай бўлса айт, — деди ниҳоят момо зарда билан, — етимми, у танлаганинг? Қўл оёғи шолми, кўзи кўрми? Нимага унинг кимлигини айтмайсан?! Бизниям куйдирдингку!
— Йўқ, ҳеч кимим йўқ! Неча марта сизга айтяпман: ҳеч кимим йўқ! Нимага мени эрга беришга бунча шошасизлар? Ё уйларингизга сиғмай қолдимми?
Қиммат момо донг қотиб қолди. Шу ёшгача қизи бунақа терс гапирмаганди. Бунга бир нима бўлган. Ақли жойида эмас.
— Ҳай қизим, нимага терс гапирасан? Ҳар на тиласанг яхшиликка тила. Нима, биз сенга ёмонликни раво кўрармидик?
Қизи гапни чўрт кесди: Мени тинч қўйинглар!..
Опасидан ўрнак олганми, Муҳаммади ҳам энди онасидан сир сақлайдиган бўлиб қолипти. Яширсаям рози. Йўлига кўз тиктирмай, уйга ўз вақтида қайтса экан. Ҳар ҳолда ёмон гапга ўхшамайди. Ана, Абдуғаффор дўсти хурсанд, демак, қандай сир бўлсаям, яхши гап. Яхши гапдан айлансин. Турдихолга термулавериб, юраги қон бўлиб кетди. Муҳаммади опасидай «ичимдагини топ»лардан бўлмасин. Ишқилиб, онасининг кўнглини зардоб билан эмас, равшанлик билан ювсин. Биргина тилагани шу… Шошма!.. Буларнинг бригадири ким? Қосим қассобнинг қизи Ҳалима эмасми? Кўплар ундан чўчишади, чунки Ҳалима сиртдан қараганда қўпол, буйруқ беришни яхши кўрадиган қизга ўхшайди. Аммо… Қиммат момо аслида Ҳалима юраги тоза, борган жойини тиндирадиган қизлигини яхши билади. Абдуғаффорнинг гапига қараганда Муҳаммади Ҳалима билан орқада қолган?! Шундайми?
Момонинг дили ёқимли ҳисларга тўлди. Ҳалимадай келини бўлса, жон дерди. Момо ўрнидан туриб кетди. Ҳаяжонини жиловлай олмай, у ёқдан бу ёққа юрди. Уйга кириб чиқди. Чоли бемалол ётибди. Икки қизи ўз ўзи билан банд. Кўнгли тинчимай, яна кўчага чиқди. Ички истакларига бўйсунган ҳолда Қосим қассобнинг дарвозасига борганини ўзи ҳам сезмай қолди. Ичкарига жуда киргиси келарди. Аммо тайинли баҳона йўқ. Момо ўзи билан олиша олиша ичкарига кирди. Қосим қассобнинг хотини ошхонада қозон товоққа куйманиб юрган экан. Ҳовли рўяси одатдагидай саранжом саришта, озода. Шундай аёлнинг қизи асло ёмон бўлмайди.
— Анор, менга элагингни бериб тур, — деди момо бошқа баҳона тополмай.
— Ҳа, опа, келинг. Нега қоронғида элак қидириб қолдингиз? Юринг, аввал уйга кирайлик
— Йўўқ, шошилиб турибман
— Ҳеч бўлмаса бир бурда нон тишланг.
Момо мажбуран ичкарига кирди. Қосим қассоб болалари билан ўйнаб ўтирган экан. Ҳол аҳвол сўрашди. Аммо уйда Ҳалима кўринмасди. Момо ўтиролмади. Бир бурда нон тишлаб эр-хотиннинг ҳай-ҳайлашига қарамай, ўрнидан қўзғалди.
— Элагим тешилиб қолипти, шунга…
— Бемалол ишлатаверинг, момо. Нима керак бўлса, тортинмай келаверинг. Сизнинг уйингиз — бизники, бизнинг уйимиз — сизники!
Момо роҳатдан қалтираб кетди. Анор ҳам бир нарсани сезганми? Йўқ. Унинг кўзлари соддадиллик билан боқарди. Бир кун келиб, Муҳаммадим қизи билан гаплашиб юрганини билиб қолса, қай аҳволга тушаркан?
Анор момони кўчага кузатиб чиқди.
— Анор, катта қизинг кўринмайдими?
— Ишдан кейин қизлар йиғилиб, тўғри бир дугонамизникига борамиз, кашта тикамиз, деганди. Даладан қайтмади, ўша ёққа кетгандир.
— Ҳа, ишқилиб жони омон бўлсин… Бўпти, мен бора қолай. Хамирим тоза кечга қоладиган бўлди.
— Жуда яхши да, эрталаб уйқунгизни бузмайсиз..
— Эй, сен билан менинг уйқумиз гўр бўлармиди! Хамирни оқшом қориб, тонг азонда ёпиб олмасанг, бошқа пайт вақтинг бўлмайди. Қачон келинли бўламизу, жонимиз тинчийди… Майли, мен кетдим.
Момо шошганча ҳовлига ўтиб, ошхонага кирди. Кераксиз элакни михга осди. Юраги вужудини ёриб чиққудай қаттиқ урар, бири биридан ширин, бири биридан лаззатли хаёллар энтиктирар, икки қўлини мушт қилиб, безовта тепаётган юрагини тинчитишга уринар, кўзлари шодон чақнар, гўё Ҳалимани келин қилиб олгану, энди ўзи етти қават кўрпачага чиқиб, чой ичаётгандай.
Қиммат момо ҳаётнинг аччиқ чучугини етарли даражада тотган ситамдийда аёл эди. «Момо» номи унга ўттиз ёшидаёқ тақилган, тенгдош дугоналаридан бири Қиммат доим ўйланиб, кайвониларга хос гапиришини инобатга олиб, аллақайси тўй даврасида «худди момойларга ўхшаб гапирасан, энди сен Қиммат эмас, Қиммат момосан», деган эди. Ўшандан бери у Қиммат момога айланган. Қиммат ҳам бунга кўниккан. Бирдан бир орзуи ҳам шу. Қанча қанчалар момоликка етолмай ўтиб кетишяпти.
Муҳаммади ярим кечада даладан қайтди. Қиммат момо ўғлининг ўғриларча, шарпасиз киришга ҳаракат қилаётганини кўриб, кўзларини юмди. Муҳаммади битта битта босиб, тўрдан дастурхонни олиб, қайтиб ошхонага ўтди. Момо ётган жойида ўғлининг қозонни очганини, косага овқат сузиб, дастурхонни ўша ерга ёзиб, овқатланганини сезиб ётди. Ниҳоят нариги хонага, отасининг ёнига кириб кетди. Қиммат момо хотиржам тортиб, кўзи илинди.

Ухлаб қолипти. Тонг ёришипти. Муҳаммади «момо, момо» деб турта бошлади. Қиммат момо уйқу аралаш аччиқланди. Одамлардан ўрганиб энди бу ҳам онасини момо дейдиган бўлиптими? Оқшом куттиргани учун бир жазосини бериб қўйсин. Момо совқотиб, аста кўзини очди. Ёмғир шариллаб қуярди. Майли, ёғсин. Баҳорда ёмғирнинг ёққани яхши. Бу яхшиликнинг аломати. Муҳаммади кўринмайдими? Ҳозиргина «момо» деб чақираётган эдику! Ён верига ўгирилди. Кўзларини ишқалаб, фикрини жамласа… машинада кетяпти. Олд ўриндиқда ҳарбийлар.
— Момо, кўзингиз илиндими? — сўради улардан бири.
Гапи Қиммат момога аввал жуда узоқдан бақираётгандай, нуқул оғзи қимирлаб, овози етиб келмаётгандай туюлди . Бир пас гарангсиб, талмовсиради.
— Совқотдингизми, момо?
Момо гап сўраётган Муҳаммади эмас, кекса ҳарбий эканини англаб етди. Етдию, бутун вужуди бўшашиб кетди.
— Cал хаёлим қочипти… Муҳаммадим келганми ўзи? Борми?
— Ўғлингизни сўраяпсизми? — Ҳарбий тараддудланиб қолди. Юзи ўзгарди, нима деб жавоб беришни билмай, бир муддат нафасини ичига ютди. — Бошлиғимиз сизга юборганди, энди борсак,.. аниғини сўраймиз.
— Бошлиғингиз нима деганди?
— Бориб, Қиммат момони қаердан бўлмасин топиб келинглар, деганди. Яхши гапдирки, мени жўнатди. Мени ҳар хил ишларга буюравермайди.
— Ўша, аввалги бошлиқларингизми?
— Йўқ, унинг пенсияга чиқиб кетганига анча бўлган. Ўрнига ёшгина йигит келган. Ишнинг кўзини билади. Одамларнинг кўнглини топади. Яхши одам. Улуғ Ватан уруши қатнашчиларига, урушда ҳалок бўлганларнинг оилаларига катта ёрдам беряпти.
— Аввалги бошлиқларингиз ҳам яхши одам эди.
— Борсангиз кўрасиз. Бугун комиссариатда тумонот одам.
«Ишқилиб, ораларида Муҳаммадим бор бўлсин!»
— Аввалги бошлиқларингиз менга нафақа тўғрилаб берган эди.
— Ҳа, у киши тилла одам.
— Ўзингиз пенсияга чиқмадингизми?
— Чиққан эдим, қарасам, уйда қиладиган иш йўқ. Зерикиб қоладиганман. Бунинг устига, болаларимнинг болаларига бола боғча қилиб олмоқчи бўлишди. Бор-э, дедиму, ишга қайтдим. Сизга ўхшаш эски қадрдонлар билан учрашиб, чигилни ёзиб юрганга не етсин.
«Ҳаа!», деди момо чўзиб, яна ўз хаёлларига ғарқ бўлиб.

Ёз келди. Қиронли уруш бошланди. Қиммат момонинг ширин орзулари саробга айланди. Ўшанда, эртасига яхшиям Муҳаммадини уришмаган экан. Юракни ҳовучлаб юрган кунлар эди. Муҳаммади тенгқурлари билан вазминлашиб, ҳаракатлари салмоқ тортиб қолди. Худди катталарга ўхшаб, ишга эрта кетар, кеч қайтар, овқатланар-овқатланмас ўзини кўрпанинг тагига урарди. Гўё бундай таҳликали кунларда севгига ўрин йўқдай. Гўё Ҳалима тамомила эсидан чиқиб кетгандай. Қиммат момо ўзича сарпо тайёрлаган бўлса-да, бирдан улғайиб қолган ўғлига Ҳалима ҳақида бир оғиз гап айтишга ҳадди сиғмас, туну кун таҳликада эди.
Энди Муҳаммади билан Ҳалиманинг муносабатлари ҳеч кимга сир эмас, эрталаб ишга бирга кетиб, кечқурун бирга қайтишарди. Катта ваҳималар қаршисида карахт қишлоқ аҳли асли шундай бўлиши керакдай, уларга ортиқча аҳамият бермасди.
Қиммат момонинг оиласини тақдир элакдан ўтказа бошлади. Қирқ биринчи йилнинг кузида Турдихол йўқолиб қолди. Эрталаб эл қатори ишга кетганди. Далада «мазам бўлмаяпти, уйга бориб ётаман», деб қишлоққа жўнапти. Кечгача ҳеч ким билан ҳеч кимнинг иши бўлмаган. Кечқурун эса… билишдики, Турдихол қишлоққа қайтмаган… Эрталабгача аён бўлдики, Турдихол ишлайдиган участка раҳбари Муса ҳам ғойиб бўлган. Муса ўттизлардан ўтиб қолган, оилали, уч фарзандли одам. Бирга ишлайдиган қизларнинг айтишича, чигит экила бошлагандан бери Муса билан Турдихол ўзаро гап сўз қилиб юришар, аммо… ким билипти дейсиз, оилали одамнинг бунақа ишга қўл урарини… Айтишларича, Мусанинг хотини ниманидир сезган, орада бир-икки жанжал ҳам кўтармоқчи бўлган, аммо Муса уни тинчитган. Уч кун олдин эса Мусага ҳарбий комиссариатдан чақириқ хати келган. Эртасига далада Муса кун бўйи далада Турдихолнинг олдидан кетмаган. «Урушга кетишдан олдин режани бажарай», деб қизларга ҳазиллашган, ва Турдихолга ёрдамлашган бўлиб, кун бўйи унинг ёнида пахта терган. Нимани гаплашса гаплашган, нимани келишса келишган, эртаси куни…
Тушга яқин Мусанинг хотини уч боласини етаклаб келиб, қилди жанжални, қилди жанжални… Дардлари усиз ҳам етиб, ортиб турганди. Бу шаллақининг гаплари ҳаммасидан ошиб тушди. Дарвозадан ичкарига кирар кирмас уч боласини бир четдан уриб, йиғлатиб, додлатиб, чирқиратди-да, момога ўшқирди: «Манжалақингни йиғиб олмадинг! Эримнинг бошини айлантириб, қайси гўрга олиб кетди? Энди болаларини ўзинг боқ! Манжалақининг онаси!» Бир зумда ҳовлига қўни қўшни йиғилди. Мусанинг хотини тахта бўлиб ўтирган Қиммат момога баттар таҳдид солди: «Эримни топиб бер, манжалақининг онаси! Ўлдираман! Турдихолингни ўлдираман!» Жанжалнинг охирига Турдихолнинг отаси келиб қолди. Шаллақи аёл унгаям тармашди: «Қизинг эримни олиб қочиб кетдими, энди ўзинг мени хотин қилиб оласан! Мана бу уч шўртумшуқларни боқасан!»
Турдихол Мусани олиб қочганми, Муса Турдихолни олиб қочганми, номаълум эдию, ҳар қалай… Онасининг тинимсиз аёвсиз калтаклари зарбидан зириллаб йиғлаётган уч гўдакка Турдихолнинг отаси қараб турди-да, деди: «Қўлимга тушса, қизимниям, эрингниям сўяман. Менинг унақа қизим йўқ. Қаерга борса, хор бўлсин, оқ қилдим!»
Эртасига ҳарбий комиссариатдан излаб келишди: Муса чақириқ қоғози бўйича бормапти. Қочипти!
Кейинроқ хабар келдики, улар Ўсмат тоғидан ошиб, Тожикистонга, Чорбоғ қишлоғига ўтиб кетишган эмиш.
Шу ташвишнинг устига Муҳаммади яна бир ташвиш — урушга чақириқ қоғози кўтариб келди.
— Ҳали ёшинг етмайдику, болам!
— Билмасам. Чақирипти, боришим керак.
Нима гаплигини билай деб борса, шартта эшелонга ўтирғизиб, жўнатиб юборишипти. Ҳатто хайрлашолмай ҳам қолишди. Қишгача бир иккита хат келди, кейин… бедарак йўқолди.
Икки фарзанд доғи баҳоргача отанинг қаддини букиб қўйди. Ҳассага суянди.
Ҳали бу кўргуликлар кам эди. Айни ҳозиргидай баҳор кунларининг бирида Турдихол афтодаҳол бир ҳолатда уйга кириб келди. Юзида катта-катта қора доғлар, қорни қаппайган, ҳомиладорлиги аниқ равшан билиниб турарди. Ҳовлида куймаланиб юрган Қиммат момо қизини кўрдию, бир дам қотиб қолди. Кейин додлаганча қўлидаги коса товоқни отиб, Турдихолга югурди. Қизининг юз кўзларидан ўпаркан, йиғлар, Муҳаммадидан ярим йилдан бери хат хабар йўқлигини, оталари касал булиб, ётиб қолганини айтарди. Ниҳоят биринчи таасурот ўтиб, қизининг қорни дўппайиб тургани эсига келдию, ўзидан ажратиб, разм солди, бўшашди.
— Отанг сени ўлдирадику, болам!
Турдихол ҳамон гап сўзсиз, кўзларидан шашқатор ёш оққанча, қаққайиб турарди.
— Энди нима қиламиз, болам?!
Ҳовлида йиғи сиғини эшитган чол ҳассасига таяниб, йўтала йўтала ичкаридан чиқиб келди. Кўзларига ишонмай, бир дам Турдихолга тикилиб турди-да, кейин илон чаққандай, юзи буришиб, бужмайиб ўтириб қолди. Момо Турдихолни қўйиб, чолига югурди.
— Йўқот унингни!! — чолнинг юрагини қисган нарса ўтиб кетди шекилли, зарда қиламан деб ҳассасини силтаб, бехосдан Қиммат момони уриб юборди. Зарб момонинг бўйнига тегиб, шилқиллаб эси оғиб, қулади.
Энди чол кампирига овора бўлиб қолди. Турдихол ёрдамга югуриб келаётганди, отаси йўлини тўсди: «Яқинлашма, касофат!» Турдихол тўхтаб қолди. Ота яна бақирди: «Нимага бақрайиб турибсан? Сув келтир!» Турдихол шошилганча ошхонага кириб, пиёлада сув олиб чиқаётганди, эшикнинг тагидаги тошга тўқнашиб, юзтубан йиқилиб тушди. Пиёла айвоннинг устунига урилиб, чил чил синди. Қорнида қаттиқ оғриқ туриб, букчайганча ётиб қолди. Икки ўртада касалманд чол энг дадил одам бўлиб қолди. Ниҳоят момо кўзини очди, юзтубан ётган Турдихолни кўриб, шивирлади: «Қизимга нима бўлди?»
— Э, ўлиб кетмайдими қизинг! Унга ҳеч нарса қилгани йўқ. Ўзинг тузукмисан?
Шу воқеа устига кичик қизлари даладан тушликка келиб қолди.
— Қўшниларни чақир, қўшниларни! — деди чол хирқираб. Қишда ўпкасини совуққа олдирган, кун сайин орқага кетиб борарди.
Қўшнилар учаласини ҳам ичкарига олиб киришди. Кўп ўтмай, чол-кампирнинг аҳволи ўнгланди. Турдихолни эса тўлғоқ тутди. Доя кампирларни айтиб келишди. Айтишларича, бола ҳали етти ойлик экан. Хуллас, тонгга яқин Турдихол минг бир азоб билан ўғил туғди ва… жон берди. Маълум бўлишича, Чорбоғда Муса ҳарбий комиссариат қўлига тушиб қолган. У деб, бу деб бир амаллаб қамоқдан қутулиш учун фронтга жўнаб кетган. Ҳомиладор Турдихол бир ўзи қолган ва сарсон саргардон бир аҳволда уйга етиб келган.
«Ота қарғишига учраган эди, ота қарғиши ёмон бўлади», дейишди қишлоқдошлар.
Турдихолнинг отаси ўзидан ўтганини ўзи билади. Ҳеч кимга ёрилолмай, фиғони фалакка чиқиб, чўпдай озиб кетди ва… саратонда узилди.
Уруш тугаб, омон қолганлар қайтди. Қайтганлар жуда кам эди. Улар орасида Муса ҳам бор. Кўкси тўла орден. Уч боласини етаклаб, хотини Мусанинг йўлига чиқди. Момо кўчада эди. Айййй!!!
Йўқ! Қиммат умрида ўз бошидан ўтганларни бировга даъво қилиб ўрганмаганди. Нима бўлса, тақдиридан! Дунёда бошига ташвиш тушган битта Қиммат момоми? Ахир бир вақтлар Турдихол туфайли уч гўдак қанчалар йиғлаганди. Момонинг эсидан чиқадими? Балки эрта-индин Муҳаммади ҳам Муса каби очилиб-сочилиб келиб қолар… Ўшанда уруш туфайли кўрган азобларини бир-бир эслашади. Бира тўла юраклардаги тўрт йиллик ҳасратларни бўшатишади. Мусанинг келгани яхшиликка буюрсин. Ўшанда ўзи дастурхон тузаб, Қосим қассобникига борар, «қани, қўшни, шунча ушладингиз, бўлди, энди ҳаққингиз битди, энди Ҳалима бизга хизмат қилсин», дер, «ўзимнинг яхши кўрган келиним», деб суйиб эркалар эди. Ҳалима уялиб қочиб кетса керак. Кейин… бир талай неваралари бўлади. Қанча кўп бўлса шунча яхши. Ҳаммасини ўзи боқиб катта қилади. Муҳаммади билан Ҳалима бола боқишни билишармиди.
Момонинг орзулари жуда кўп. Ҳаммаси Муҳаммадига боғлиқ. Момо неча марталаб ҳарбий комиссариатга борди. Бирон кимса аниқ гап айтмади. «Омон бўлса топилиб қолар, кутинг. Баъзилар асир тушган. Кўплари асирликдан қочиб, бошқа давлатларга ўтиб кетган», дейишди. «Бедаракми, демак, тирик, қаерлардадир юрган, бир куни «лоп» этиб, кириб келиб қолади, ўшанда суюнчини кимга беришни билмай қоласиз», дейишди. Ишқилиб, омонлиги рост бўлсин, дея кўнгли тоғдай кўтарилиб, гўё Муҳаммади ҳозир уйга келиб, онасини кутиб ўтиргандай, ўзи бекордан бекорларга бу ерларда ивирсиб юргандай, уйга шошилади. Юраги ҳаприқиб, қишлоққа яқинлашади. Қанийди одамлар: «Қиммат момо, суюнчи беринг, Муҳаммади келди», дея пешвоз чиқишса. Лекин ҳеч ким пешвоз чиқмайди. Уйда ҳам Муҳаммади кутиб ўтирмайди. Аксига олиб, баъзан йўлида Муса учрайди. Ҳар қанча кўнглига олмайин деса ҳам Мусани кўрганда момонинг кўнгли бузилиб кетади.
Ҳалимага совчилар келаверди. Ҳалима рад қилаверди. Совчи келиб кетганини эшитса, момо қийналар, ўзини қўйгани жой тополмай қолар, «берманглар, ўзим келин қиламан», дей деса, Муҳаммадининг қачон келиши номаълум. «Шунча кутганларинг етар, обрўйимиз битди, мен рози, майли, келган жойдан қайтарманглар» , дей деса Ҳалимани кўзи қиймайди. Ҳалимани бериб юборишгандан кейин икки кун ўтмай, Муҳаммади кириб келса, онасидан норози бўлмайдими? Шу ерда туриб, Ҳалимани бердириб юбордингизми, демайдими? Ҳозирча Ҳалиманинг ўзи оёқ тираб турипти. Мабодо кўчада кўз кўзга тушиб қолса ҳам Ҳалима ерга қараганча ўтиб кетади. Бари бир Қиммат момо унинг қаттиқ қийналаётганини, Муҳаммадини ўзидай интизорлик билан кутаётганини англаб етади. Ҳалимани тўхтатгиси, бошини силагиси, «яна озроқ кут, эрта индин келиб қолади», дегиси келади, аммо… Бу орада қишлоққа яна бир киши қайтди. Ундан қора хат келган эди. Ярадор ҳолда асирга тушган, немислар уни ўлим лагерига ташлаган, у эса беш-олти асир билан бирикиб, лагердан қочган, қайсидир бир мамлакатга ўтиб кетган, ўша ерда партизанларга қўшилиб, немисларга қарши курашган экан.
Мана, ҳатто «ўлди», деганлар тирилиб келяпти.
Муҳаммади эса бедарак йўқолган.
Қирқ еттинчи йили Ҳалимани эрга бериб юборишди. Қосим қассоб: «Қачонгача йўқ одамни кутасан? Ўлмаганда шу пайтгача келарди. Ё бир дараги чиқарди», депти.
Тўйдан бир ҳафта олдин Ҳалима Қиммат момонинг олдига чиқди. Кўзлари тўла ғам, сал бўлмаса ҳўнграб йиғлаб юборадиган ҳолда. Отриқча гап сўзсиз иккови узоқ вақт жимгина ўтириб видолашишди. Ва ниҳоят Ҳалима ўзини момонинг бағрига ташлаб, ўксиб-ўксиб, тўйиб-тўйиб йиғлади.
Йиғла Ҳалима, йиғла! Армонларингни, Муҳаммадига бўлган муҳаббатингни биратўла кўз ёшларингга қўшиб, шу уйга ташлаб кет. Уларни ортиқ кўтариб юришга ҳаққинг йўқ. Ҳаммаси Қиммат момонинг елкасига юк бўлаверсин. Бу юкни фақат Қиммат момо кўтариб юришга қодир. Сен эса йиғлаб-йиғлаб, армонларингни шу уйда қолдириб кет. Ҳеч ким сени айбламайди.
Момо Ҳалиманинг бошини силади. Кейин юзини кафтларига олиб, кўзларига узоқ термилди. Ҳалимага боғлиқ умидлари билан хайрлашди. Момонинг кўнглидагини сезган Ҳалима йиғини бас қилиб, суратдек қотди. Чунки севган йигитининг онаси ҳам уни ота онаси тутган йўлга ундаётганди.
Ўшандан бери қанча сувлар оқиб кетди. Ҳалима бола-чақали. Қайнона, невараларга суюкли момо бўлди. Ҳар замонда Қиммат момоникига кириб туради. Момо Ҳалимага қараса, яна кўз ўнгида ўн етти ёшли Муҳаммади пайдо бўлади, яна… кўнгиллар ўртанади. Агар уруш бўлмаганда Ҳалима унинг келини бўларди. Агар уруш бўлмаганда… агар… Уруш туфайли момонинг омон қолган ёлғиз қизи ҳам жуда нимжон ўсди. Момонинг бахтига ота-онасиз, яхшигина йигит уйига ичкуёв бўлиб кирди. Биринчи невараси дунёга келгандан кейин қизи ётиб қолди. Умрининг ярми тўшак билан касалхонада ўтиб кетди. Уй рўзғор ташвишларининг бари Қиммат момонинг зиммасида эди. Бу ҳам етмагандай, қизи иккинчи фарзандини туғдию, касали баттар оғирлашди. Куёв ғинг демас, аммо ёрдам ҳам беролмас, тағин ташвишнинг бари Қиммат момонинг гарданида эди. Охирги қизи ҳам пешонасига сиғмади… Ҳайҳотдай ҳовлида Қиммат момо ёлғиз қолди. Тирик экан, яшаш керак. Баъзи бир урушда йўқолганлар йигирма, ўттиз йилдан кейин ҳам топилиб келяпти. Газеталарда ёзишяпти. Балки Муҳаммади ҳам келиб қолар?.. Қиммат момо энди куёвию, икки невараси билан яшаяпти. Ҳатто қизидан ҳам ўғил фарзанд битмади. Ахир ўлса, момони ким кўмади? Тўғри, куёви бор. У жуда яхши. Бари бир ўз фарзанди эмас. Ҳозир ўзига бошқа хотин излаяпти. Айтмаса ҳам билади. Аммо момо нима қилсин? Эркак киши хотинсиз яшай олмайди. Қизи бўлсин, онаси бўлсин, эркакка хотин керак. Аёл бўлса эканки, эр ўлса, тоқат қилиб яшайверса. Йўқ, Қиммат момо куёвини айбламайди, айблай олмайди. Аммо лоқайд ҳам бўла олмайди. Қандай қилиб ўз уйида бошқа хотин эгалик қилишига чидайди? Неваралари ёш. Муҳаммадининг ўрнига ўтмаса-да, ҳозир бор йўқ ишонгани — куёви. Момо сабр тоқат қилиши шарт.
Район ҳарбий комиссариати олдида учовини пенсияга чиққан бошлиқ кутиб олди.
— Кечикдиларингизми, деб ўйлагандим, тез юрингизлар, мажлис бошланаяпти.
Уларнинг етовида ичкарига кираркан, Қиммат момо «Муҳаммади қаерда?», деб сўрашга ҳадди сиғмади. Каттакон зал тўла одам. Аксарият орден таққан қариялар. Бир четда Муса ҳам ўтирипти. Учовлон энг олдинги қаторга ўтишди. Атрофда тантанали байрам руҳи ҳукмрон. Президиумда узун стол алвон латтага ўралган. Бир четида талай катта-кичик пакетлар. То момо нафасини ростлаганча бир қанча кишилар президиумдан жой олишди. Мажлис бошланди. Момонинг кўнгли орзиқди.
— Бирон янгилик борми? — нафасини ичига ютиб сўради Қиммат момо ёнида ўтирган пенсиядаги бошлиқдан.
— Ҳали билмайсизми? Ҳозир кўрасиз!
Наҳотки рост бўлса?! Наҳотки Муҳаммадидан дарак бор? Бирон жойда яшириниб ўтирган бўлсая? Кейин «Онажон!», деганча югуриб келса. Юраги ёрилиб ўлиб қолмасайди.
Қиммат момо атрофига аланглади. Яна назари бир четдаги Мусага тушди. Унинг кўксида орденлар ярақлайди, аммо…
— Бугун зўр тантана бўлади, сиздай оналарга катта совғалар олдик, — деди пенсиядаги бошлиқ.
— Муҳаммадимдан дарак борми?
Бошлиқ тилини тишлади. Момони совға саломлар эмас, фарзанди ҳақидаги хабар қизиқтиришини тушуниб етганди.
— Билмадим… Сиз хафа бўлманг. Мажлис тугасин, эндиги бошлиқдан сўраб кўрамиз. Балки у билар…
Жим бўлиб нотиқни тинглашди. Янги бошлиқ ўз сўзининг охирида ҳамон умид билан фарзандларини кутаётган оналарнинг номини бирма бир тилга олди. Улар орасида Қиммат момо ҳам бор эди: «Бекорга тилга олишмади. Бир хабар бўлса керак…» Совғаларни янги бошлиқнинг ўзи улашди. Қиммат момо қўлидаги пакетга, бир даста пулга қараб, қайтишга шошилмай, тараддудланиб қолди.
— Гапингиз бўлса, мажлисдан кейин гаплашамиз, мен сизни жуда яхши биламан, — деди янги бошлиқ хушмуомалалик билан, момони пиллапоялардан суяб пастга тушираркан.
Мажлисдан сўнг кўчага чиқишганда ёш бошлиқнинг ўзи ёнларига келди.
— Момо, биздан нима ёрдам керак? Нафақангиз оз бўлса, айтинг, шуғулланамиз. Давлат сиздай оналарга қўшимча маблағ ажратган. Ҳеч тортинманг.
Қиммат момонинг нафақаси етарли эди. Куёвининг топиш тутиши ҳам ёмон эмас. Момо бир сўз дегунча бўлмай аввалги ва ҳозирги бошлиқ ўзаро суҳбатга тушиб кетишди. Ниманидир тортишишди. Ниҳоят ҳозирги бошлиқ бошини лиқиллатганча, деди: «Момо, сиз хафа бўлманг, ўғлингиз ҳақида ҳали бизга хабар келмади. Балки келиб қолар… Бирон чорасини кўрармиз. Энди топилаётганлар ҳам бор. Ноумид шайтон деганлар. Бирон янгилик бўлса, ўзимиз хабар берамиз. Кутинг, момо!. Мана, машина келди, сизни уйингизга элтиб қўяди». Бошлиқ ўнғайсизликни чўзмасдан, момони тезроқ жўнатиб юбормоқчи эди, аммо… Қиммат момо гаранг бўлиб қолди:
Шумиди? Шумиди умиди? Қачонгача бир хил жавоб беришади? Ўлганигачами? Қирқ йил кутгани етмайдими? Шу ниятда уни районга олиб келишганмиди? Момо эса: «Муҳаммадимдан хабар бор экан», деб ўзини қўйгани жой тополмай юрипти. О, шўрпешона кампир! Минг бир кўргуликларни кўрмасдан, чоли қатори эрта кунда ўлиб кетса бўлмасмиди? Дунёга келиб нима кўрди? Балоларга гирифтор бўлган бу боши тош экан. Ҳали вери ўлишни истамайди. Ўйламаптики, қирқ йилдан бери келмаган Муҳаммади энди келармиди?! Ўйламаптики, Муҳаммади келса, тўғри уйга боради. Ҳа, пешанаси шўр экан!
Момо қўлидаги совғани, пулларни дуч келган томонга улоқтириб, ўзини ерга ташлаганча, дод солиб йиғлайверди. Бошини гоҳ ерга урар, алланималарни ғўлдирар, қўлларини кўкка чўзганча, яна дод соларди. Уч тўрт киши келиб, момони кўтариб олди. Уларнинг бири Муса эди. Момо қаршилик қилмади. Кўнглидаги Мусага нисбатан аламлари ҳам жойидан қалқимади. Юракдаги оловлар сўниб битган эди. Ўрнида кул қолган. Кул!..
Улар ортга қайтаётган пайт тинаёзган май ёмғири яна шатирлатиб қуйди. Табиат ҳам Қиммат момога ҳамдард эди гўё.

Бу воқеа 1981 йили бўлиб ўтган эди.
1985 йили Улуғ Ватан урушида қозонилган ғалабанинг 40 йиллиги жуда кенг нишонланди. Ўшанда бизнинг Барлос қишлоғимизда ҳам урушда ҳалок бўлганлар хотираси ҳаққи ҳурмати Номаълум солдат ҳайкали ўрнатилди. 9 май куни ушбу ёдгорлик катта тантаналар билан очилди. Ҳайкал тагига урушда ҳалок бўлган барлослик йигитлар рўйхати битилган бўлиб, қаторда Муҳаммади ҳам зикр этилган эди. Бу пайтга келиб, 88 ёшга кириб, жуда қариб қолган Қиммат момо эшикка зўрға кириб чиқарди. Бу хабарни эшитиб, зор йиғлаб: «Демак, менинг Муҳаммадим келипти. Мени Муҳаммадимнинг олдига етказинглар», дея йиғлайверипти.
Момони ҳайкал пойига олиб келишган. Момо: «келдингми, болам! Ниҳоят келдингми? Энди ўлигимга ўзинг эгалик қил!», деганча, ҳайкал пойини қучоқлаб, жон берипти.

ЯШАШНИНГ ЙЎЛИ

Гулсара! Сайфи бунақа қизни умрида учратмаганди. Балки шунинг учун йигирма саккизга кириб, ҳали бери уйланишни бўйнига олмаган йигит бўла туриб, бирдан Гулсарага боғланиб, қизнинг ота онаси қўйган барча шартларга рози бўлгандир. Ўшанда кўнглидан ўтказган ниятини аниқ эслайди: «кўйлак иштонимгача ечиб сотсам сотаман, то Гулсарага уйлангунча тинчимайман!»
Аммо қиз шу аҳдига арзирди. Ҳа, Гулсара зўр қиз. Учрашишлари қизиқ бўлган. Сайфига берилган машина хўжалик ҳисобида иш юритувчи идорага қарашли, ҳар куни гаражга олиб бориш шарт эмас. Бошлиқларга бир ойда икки уч марта кўриниб қўйса кифоя. Кейин «МАЗ»дек машиналарнинг отаси (Сайфининг эътирофи) то яна бошлиқлар сари қадам ранжида қилгунча, худди шахсий мулкдек, унинг қўлида. Энг муҳими, ойлик, ярим ойлик планларни бажариб турсанг бўлгани. План Сайфи учун чўт эмас. Ўз фалсафасига биноан: ўзингга тинч бўлай десанг ҳужжат тўлдиришдан эринма. Сайфи доим ҳужжатларни бекаму кўст тўғрилайди. Бундан осони йўқ. Барининг отасиям пул, онасиям. Бошлиқларга ҳужжат керак. план бажариляптими? Бажариляпти. Ҳужжат борми? Бор! Бўлди! Бу ёқда аканг қарағай Сайфи бемалол одамларнинг ҳожатини чиқариб юраверади. Кимга пойдевор учун тош, ғишт керак, кимга цемент, кимга бошқа нарса. Хуллас, ўмарганини ташиб, одамларнинг ҳожатини чиқаради. Харидорлар шу нарсанинг ўз оёғи билан уйларига келганига хурсанд, Сайфи эса мўмай даромадга. Ёлғон бўлмасин, аҳён аҳёнда давлат томонидан буюрилган жойларга ҳам бирров бориб, қорасини кўрсатиб қўяди. Албатта ўшанда биратўла ўн беш кунлик, бир ойлик план қоғозларини ҳам тўлдириб қайтади. Тил суяксиз. Баъзан тилёғламаликни шунақа ўхшатиб қўядики, нафақат қаршисидаги одам, ҳатто ўз гапларига ўзи лол қолиб, пинҳона ғурурланади. Ҳужжат тўғрими? Тўғри! Шу билан Сайфи йўқ. Нима бўлипти? Ҳа, машинаси бузилиб қолипти. Нима бўлипти? Ҳа, гаражга кетипти. Вассалом. Қайтиб бу томонларда Сайфининг қорасини кўрмайсиз. Отаси ўлар олдидан васият қилган: Қўлингга тушган нарсани маҳкам ушладингми, қоч, қочавер. Токи бу нарса ўзингники бўлганига ишонч ҳосил қилганингча қочавер!» Тўғрисини айтганда буям яшашнинг бир йўли-да. Ойликка қаноат қилиб яшаб бўладими?
Айтгандай, гап Гулсара ҳақида кетаётганди.
Барлос қишлоғининг йўлига шағал тўкиш керак бўлиб, Сайфи ишлайдиган идоранинг машиналари хизматга чақирилган, рўйхатда Сайфи ҳам бор эди. Бир ҳисобдан бу Сайфига маъқул тушди. Чунки Барлос қишлоғида хусусий уй қураётганлар кўп, демак, шағалнинг харидори етарли. Шағални йўлга эмас, сал четга, бирон ҳовлига тўкса, олам гулистон. Тағин денг, охирги манзилгача ҳужжат билан юрасан, яъни гаилар ҳам ушламайди, даромадга шерикчилик қилолмайди. Ўшанда шу нарсаларни ўйлаб, хурсанд, димоғида хиргойи қилиб, Барлоснинг йўлига бурилганди, кетворган бир қиз қўл кўтарди. Айни муддао! Ваҳ! Мана бу қизнии! Даа! Яхшиям ўзи қўл кўтарди. Сайфи бари бир тўхтаган бўларди. Тезда бу нозик «қушча»ни ром қилиб оламан деб, гапни у ёққа айлантирдиям, қиздан садо чиқмайди, бу ёққа айлантирдиям, қиздан садо чиқмайди. Хўмрайиб ўтириб олган. Сайфи жуда қизиқ гапларни айтди, бунга бошқа ҳар қандай одам қаҳқаҳлаб кулиб юборган бўларди.
— Нима бало, тилингиз йўқми?
— Тилим билан нима ишингиз бор?
«Ҳаа! Шунақа дегин! Туппа тузук гапирар экансану, ўргилдим сендақа ҳурилиқодан! Бунча бурнинг кўтарилмаса!»
Сайфи тормозни босди. Ва қизнинг қўлларидан ушлаб «менга қаранг» деди. Ўзига қаратиб нима демоқчи, нима қилмоқчи, ҳали ўзи ҳам бир қарорга келмаган эди. Қизнинг майин қўллари сирғалиб чиқиб, Сайфининг юзига шапалоқ бўлиб тушди. Сайфи танг қолиб, кутилмаган зарбдан ҳайратланишини ҳам, ғазабланишини ҳам билмай, нозик «қушча»га қараганди, у: «Ҳайданг машинангизни!», деди. Йўқ, у амр қилмади. Овози шунақанги осойишта эдики, Сайфи беихтиёр ўз қилиғидан хижолат бўлди. Бу қиз бақириб чақириб ўтириши шарт эмасди. Унинг гапи қонун эди. Қонун эса бажарилиши шарт. Саккиз йилдан бери машина ҳайдайвериб, кўзи пишиб кетган Сайфи буйруқни асло бажармаган бўларди, лекин… бу қизнинг одамни сеҳрлаб қўядиган нимасидир бор… Ўша куни шағал Барлоснинг йўлига тўкилди. Кейинги икки кун давомида ҳам Сайфи бирон тарафга уриб кетишни хаёлига келтирмади. Фикри ёди ўша «қушча»да эди. Ниҳоят учинчи куни ўша жойда ўша қиз яна кабинага ўтирди. Сайфи гапирмоқчи бўлар, лекин журъат этолмас, қизга қарамоқчи бўлар, лекин юраги бетламас, тўлғанарди. Уч кундан кейин бу ҳол яна такрорланди. Кейин… улар танишишди. Қиз райондаги касалхонада ҳамшира бўлиб ишларкан, ҳар уч кунда бир сутка навбатчилик қиларкан. Исми… Гулсара экан. Кейин совчилар… Сайфи анча мунча қарзга ботди.
Ўзбекнинг тўйи қурсин. Ҳеч нарса кўзга кўринмайдию, бутун умр йиққанинг тўйга етмай қолади. Албатта, Гулсаранинг ўзи ҳеч нарса керакмас, деди, аммо гап билан иш битармиди. Эл бор, қишлоқчилик деган гаплар бор… Ҳар ким элдан кам бўлмасликни истайди. Сайфининг отаси ўлиб кетган бўлсаям бир вақтлар қишлоқнинг гуриллаган ўтағаси бўлган. Шундай одамнинг фарзанди бошини эгиб турса ярашмаса керак. У бўлди, бу бўлди, хуллас, Сайфи истаганига эришди. Соғ бўлса, «МАЗ»нинг тагидан шамол ўтиб турса, ҳеч гапмас, қарздан қутулади. Барлосда Сайфининг кими кўп — харидори кўп. Бундан ташқари энди у Барлоснинг куёви. Эркатой! Олиб борган нарсасини ғинг демай олиб қолишади. Айтган пулини қўлига тутқазишади. Ҳозир кузов баробар кўмир олиб боряпти. Қишнинг олди. Кўмир харидоргир нарса. Вокзалда бир иккитаси билан яхши таниш. Тўрт тоннасини эллик сўмга беришади. У эса қишлоққа эсон омон етказса, ҳар тоннасини эллик сўмдан сотади. Йўл харажати, ортиш харажати шунинг ичида. Инсоф сайин барака. Ҳеч ким ўзича келиб, ана шу харажат эвазига шунча кўмирни уйига етказиб бора олмайди.
Кўмирни Усмон аканикига ағдараётганда осмондан тушгандай мотоциклини патиллатиб, участкавойликка яқинда тайинланган Норқул мелиса келиб қолди. Бир зумда томошабин кўпайди. Ноилож Сайфи ҳамма ҳужжатларини топширди-да, милиционернинг кўзларига тик боқиб, деди
— Норқул ака, мана, ҳужжатларимни олдингиз, энди ҳеч ёққа боролмайман. Юринг, четга чиқиб гаплашайлик.
— Шу ерда гаплашаверамиз. Ё одамлардан қўрқасизми?
Сайфи у деди, бу деди, бир бало қилиб, Норқул мелисани авради. Иккови Норқулнинг мотоциклида Барлоснинг овлоқ тепалигига чиқишди.
— Хўш?! Нима демоқчи эдингиз? — сўради Норқул мелиса қовоғини уюб.
— Норқул ака, мени қаматасизми? — Сайфининг ўз гапларидан ўзининг оёқлари қалтираб кетди. — Битта онам бор. Яқинда уйланганман, ҳали чиллам чиққани йўқ. Тўй харажатларини ўзингиз яхши биласиз, Норқул ака. Қарзга ботиб қолиб, шу ишга қўл урдим. Бўлмаса, менга нима етишмайди. Тинчгина ишимни қилиб, ойлигимни олиб юраверсам бўларди. Айтдим, битта қари онам бор, онамниям ўзим боқаман. Шу десангиз, уч минг сўм қалин тўладим, яна уч минг сўмга келинга уст бош сарпо қилдим. Нима қилай, элчилик, ерга қараш йигитнинг иши эмас дедим. Отам ўлиб кетган, етим бўлсам-да, ўзим соппа соғман, ишлаяпман, топаяпман, қарздан қутуларман, дедим. Олган қарзларимни мен айтмай, сиз эшитманг ака. Мажбур бўлдим-да. Менинг турган битганим шу… — Сайфининг томоғига нимадир тиқилди, бўғилди, кўзларига ёш қалқиди, аммо Норқул мелисадан нигоҳини узмади. — Йўқ, онасини зор-зор йиғлатаман, йигирма кунлик хотинидан ажратаман, десангиз ҳам ўзингиз биласиз, Норқул ака! — Сайфининг юзига ёш сизиб чиқди. — Менинг юрагимни кемираётган нарсаларни билсангиз экан. Етим ўсганман. Ёлғиз онам боқиб, катта қилган. Энди одам бўлдим деганда … майли… агар… Ахир дунёда одамгарчилик деган нарсалар ҳам бор-ку! Ахир сизларнинг ҳам асл мақсадингиз фақат қамаш эмас, балки одамларни тарбиялаш, уларни тўғри йўлга солиб юбориш эмасми? Баъзан кечириладиган ҳоллар ҳам бўладику! Тушунсангизчи, Норқул ака! Юрагингиз тош эмасдир сизнинг ҳам. Агар… майли, мен розиман… Айтинг, Норқул ака, мен нима қилай? Менга нима маслаҳат берасиз? Айтинг, тушунасизку, ўзбексизку, ўзбекчиликни биласизку! Мен… мен… Норқул ака, илтимос, мендан хафа бўлманг, майли, кўнглингизга келган ишни қилинг, мен розиман. Бор йўғим шу! Ишонсангиз ҳам, ишонмасангиз ҳам… — Сайфи шоферларга хос чаққонлик билан тескари ўгирилиб турган Норқул мелисанинг чўнтагига битта эллик сўмликни тиқиб юборди. Кейин кўз ёшларини артган қишидай, четроққа ўтиб турди. Ниҳоят мелиса тилга кирди:
— Бу… Гулсарага уйланган йигит сизмисан?
— Ҳа, менман, Норқул ака, менман.
— Ўйлагандима, тўппа тўсиннан қандай қилиб… Бир қарич тилдан берган экан-да. Таърифлашганда ишонмаган эдим. Бўпти, мана ҳужжатларингиз. Лекин яна қўлга тушсангиз, унда мен гапираман, сиз эшитасиз. Аяш йўқ!
Норқул мелиса мотоциклига ўтирганча, ҳайдаб кетди. Сайфи ҳужжатлар қўлида, қўллари кўксида, кўзларида ёш, уни кузатиб қолди. Қораси ўчгандан кейин ариққа ўтиб, юзини чайди. Хурсанд, аллақандай қўшиқни хиргойи қилганча, «МАЗ»ига жўнади. Ҳали яна бир рейс қилиши керак. Мамат ака илтимос қилган. Афсус, энди бор-йўғи эллик сўм киссага қолади. Назарида Норқул мелиса киссасига пул тушганини пайқамади. Шунчалар осон қутулишини билганда Сайфи сираям пул бермаган бўларди. Участкавой бўлганига ярим йил тўлмасдан Барлосдан чиққан нонемас Норқул мелиса пул олмас экан, деган гаплар тарқаганди. Олмайдия, олмайди! Уйига борса, киссасига қўл солса, пул чиқса… Энди қайтариб беролмайди. Бермайди. Ундаям бола-чақа бор, ахир! Бир томони, яхши бўлди, керакли одам. Бунинг Гулсараларга қандайдир қариндошлик томони ҳам бор. Гулсарадан аниқлайди. Бунақалар асқотадиган дамлар ҳам бўлиб туради ахир!
Сайфи «МАЗ»га ўтириб, газни босди.

УЧ СЎМ ПУЛ

Шониёз боя олган ўнта билетини ҳалигача ўтказа олмади. Бошқалар бўлса бу вақт ичида йигирма-ўттизтадан сотиб қўйди. Ўзи, бугун, негадир, Шониёзнинг иши юришмаяпти. Эрталаб уйдан чиққанда, иложини қилиб, икки-учта билетни қимматроқ сотиб, озроқ пулни Баҳодирдан яшириб қолишни ўйлаганди. Онаси касалхонаа ётипти. Шу пулга онасига олмами, анорми, олиб бормоқчи эди.
Кино сеанси яқинлашяпти. Ҳали Баҳодирда бир юз элликтача билет бор. Агар ўтмай қолса, унинг аччиғи чиқади. Кейин ҳаммасини уришади. Шониёзга кўпроқ гап тегади.
Кассахонага иккита йигит кириб келди.
— Акалар, бари бир кассадан билет ололмайсизлар, — деди Шониёз, уларнинг ёнига бориб. – Қолмаган. Агар ҳозирги сеансга керак бўлса, мана, менда бор… Сизларга нечта билет керак?
— Иккитаси етади, — деди уларнинг бири. – Сен қанчадан сотяпсан?
— Икки сўмдан тўрт сўм бўлади. – Шониёз чаққонлик билан иккита билетни ажратиб, уларнинг қўлига тутди.
— Шошма, шошма, хоҳласанг биз бир сўмдан икки сўм берамиз.
— Йўқ, бўлмайди, — деди Шониёзнинг руҳи тушиб. – Бир йилдан кейин ҳам бир сўмга билет ололмайсизлар.
— Бари бир ҳозир сеанс бошланади, билетларинг куйиб кетади.
— Бунинг учун сизлар қайғурмасаларингиз ҳам бўлади, — дея Шониёз терс ўгирилиб, бошқа харидор излади. Аммо гўё бир нарсасини ёўқотгандай, яна ўша йигитга ўгирилди. У ҳамон синовчан тикилиб турарди. Қандайдир, қарашлари бошқача. Худди Шониёзнинг туришига раҳми келаётгандай. “Бечора, кунинг билет сотишга қолипти-да”, деяётгандай. Шониёз кўзларини олиб қочди. Аланглаб, ўзига ёмон тикилиб турган Баҳодирни кўрди.
Шониёзга ва унинг билет сотувчи шерикларига Шониёз бошчилик қилади. Баҳодирнинг танишлари кўп. Қўрқмайди. Ҳар сеансдан олдин кассисдан бир талай билетлар кўтариб чиқадиган ҳам ўша. Фойдани бўлишаётганда Баҳодир бир чисмини кассисга ажратади. “Уни хафа қилмаслик керак”, дейди. Кассир билан келишади, шекилли-да. Баъзан якшанба кунлари сеанс учун сотиладиган билетларнинг салкам ҳаммаси Баҳодирнинг қўлида бўлади. Одатда бунақа кунлари кинотеатрга одам кўп келади. Албатта, яхши фильмлар қўйиладию, Шониёз ва шерикларининг қўли қўлига тегмайди.
Посбонлардан ҳам Баҳодир қўриқлайди. Доим эшикнинг олдида кўз-қулоқ бўлиб туради. Бир-иккита шу атрофда айланиб юрадиганлари бор. Улар билан Баҳодир апоқ-чапоқ . Кўпинча пулларни бўлишгандан кейин Баҳодир ўшалар билан чойхонага кетади. Бир марта билет сотаётганда Шониёзни икки киши ушлаб: «Мактаб ўқувчиси бўла туриб, шунақа йўл билан пул топишни ўрганяпсанми?” дея судрай бошлашди. Эшикнинг олдида билмаган кишидай воқеани кузатиб турган Баҳодир бирдан йўқ бўлиб қолдию, зум ўтмай ўша, посбон дўстларидан бирини бошлаб келди.
— Сиз шу ерга бириктирилганмисиз? – сўради уларнинг бири посбондан.
— Ҳа.
— Ундай бўлса мана бу болани олиб кетинг. Кассада билет йўғу, бу бир дастасини кўтариб юрипти.
— Қайси мактабда ўқийсан? – Баҳодир етаклаб келган посбон хўжакўрсинга дўқ урди.
Шониёз гўё қаттиқ изтироб чекаётгандай, ерга қаради. Бу орада одамлар йиғила бошлашдию, посбон: “Юр, сен билан бошқа жойда гаплашамиз”, деб анавилардан ажратиб олиб ҳайдаб кетдию Ўшанда Шониёз қайта билет сотмайман, деб ўзича қарор қилганди. Бўлмади. Яна сотяпти.
Бир марта улар билет сотадиган кинотеатрга яна бир бола келиб, бир ўзи билет сотадиган қилиқ чиқарди. У жуда чаққон, Шониёзга ўхшаганлар бир кишига сотганча, у уч-тўрт киши билан муомала қилишга улгурарди. Баҳодир ўша болани четга чиқариб: “яхшиликча кет, бизга халақит беряпсан”, деди. У эса: “Ишингни қил, мен сенга текканим йўқ, сенлар ҳам менга тегмаларинг”, деб яна билетини сотаверди. Шериклар биргалашиб дўппослашмоқчи эди, Баҳодир: “Индамасдан ишларингни давом эттираверинглар”, деб сал ўтмай посбон дўстларидан бирини етаклаб келди…
Ўзи, Шониёзнинг бу гуруҳга қўшилиши қизиқ бўлган. Отаси университетда домлалик қилиб, студент қизлардан бирини севиб қолган, энди онаси билан ажрашмоқчи, лекин уч-тўрт ойдан бери тортишиб юрган кунлар эди. Ўшанда отаси доим уйга ўқрайиб келар, онасининг кўзлари мўлтиллаб қалтанглаб қоларди. Баъзан онаси ҳиқиллаб йиғлар, отаси бўғилиб бақирар “… тушунсангчи, сен ҳам одамсан, мен ҳам одамман! Ахир одамлардай яшашга ҳаққимиз борми, йўқми? Мен уни севаман! Тушунасанми шуни?! Севаман!! Сен билан шунча йил турмуш қурдик, энди яхшиликча ажрашайлик. Ахир тушунадиган хотинсан-ку, нега мени қийнайсан?”, дерди. Онаси ўкириб йиғлар, отаси жаҳл билан чиқиб кетар, ҳафталаб уйга келмай қўяр, келса, жанжал қайтадан бошланарди. “Менга қара, — дерди отаси, — уйни сенга қолдираман, алимент тўлайман. Қизиқ одам экансан! Сенга яна нима керак? Сен ҳам менинг положениямга кириб кўр-да…” Кейин отаси келмай қўйди. Худди ўша пайтлари Шониёз кинотеатрдагилар билан танишди. Кўчаларида яшайдиган бир тенгдоши билан якшанба куни бирга йўлга чиқиб қолди. Шониёзнинг қўлида озроқ пули бор, кинога тушмоқчи эди. Тенгдоши Баҳодирнинг гуруҳида экан. Билет тополмай ҳайрон бўлиб турганидан Шониёзга ўз баҳосида битта билет берди. Кино тамом бўлгандан кейин Шониёз қайтиб келиб, кечгача дўстига ёрдам бериб, билет сотишди. Кейин дўсти уни Баҳодирга дучор қилди. Шу тахлит Шониёз ҳар якшанба куни кинотеатрга келадиган бўлди. Бунинг нимаси ёмон. Ахир пул керак-ку! Онасига ёрдам берса яхши эмасми? Онаси ҳозир нима қилишини билмай, ўз ёғига ўзи қоврилиб ётипти. Шониёз ҳеч бўлмаса ўз кунини ўзи кўради-ку. Якшанбаларнинг бирида Шониёз кассахонага отасининг ёшгина қизни етаклаб кирганини кўриб, қотиб қолди. Қиз гўзал эди. Агар студентлигини билмаганижа Шониёз уни тенгдошим деб ўйларди. Отаси қизни қўлтиқлаб олганча, касса тарафга борарди. Шониёз шунақа хафа бўлиб кетдики… Шунақанги хафа бўлиб кетдики,.. демак,.. онасига айтган, “кечикиб топган бахти”ни етаклаб келган. Ҳозир,.. ҳо..зи..ир… Ҳозир гаплашиб бир… Шониёз қандай қилиб уларнинг қаршисида пайдо бўлганини ўзи ҳам билмай қолди:
— Сизга билет керакми? Овора бўлманг, кассадан тополмайсиз. Мана олинг!
— Шониёз?! – гарангсиб қолган отаси беихтиёр билетга қўл узатди.
— Шошманг, аввал пулини тўланг, — деди Шониёз қатъий, ҳатто дўқ аралаш. Кўзлари ўтдек ёниб, отасининг нигоҳига қадалар, ҳар замонда ёнидаги қизчага ҳам назар ташларкан, ичини бостириб келаётган хўрлик хуружини тўхтатиш учун нуқул чираниб бақиришга уринарди. Қани энди отаси хотинчасининг қўлини бўшатиб, “ўғлим”, деса. Агар отаси шундай деса, Шониёз ҳам қўлидаги билетларни дуч келган томонга улоқтириб, томоғига тиқилиб турган йиғини баралла қўйиб юборар, отасининг бағрига отилган бўларди. Ахир иккита синглиси оталарини озмунча соғинганми? Шониёзнинг ўзи учун уйда отаси йўқлиги озмунча билиндими? Онаси озмунча азият чекдими? Ҳаммаси отаси туфайли.
Йўқ, ҳозир олдида бошқа одам турарди. Бу аввалги отаси эмас. Бу одам ҳатто бир оғиз “ўғлим” дея олмайди. “Ўғлим” дейишга ёнидаги хотинчасидан ҳадиксирайди. Севги деганлари шунақа бўларкан-да!? Йўқ, ҳаммаси майли, айниқса, кичик синглисига қараб, Шониёзнинг юраги ўртаниб кетади. Ёшига номуносиб равишда ўйчан бўлиб қолган. Отасини жуда соғинади. Яна отиб-отиб ўйнатишини, эркалатишини истайди, аммо мурғак қалби билан энди отасининг бегоналигини сезади. Ўша мурғак қалби билан ўша одамни тилга олмаслик кераклигини ҳам яхши билади. Биладию… қийналади. Синглисига қараб, Шониёз чидолмай кетадию, уйдан қочиб чиқади. Шундай, қочиб чиққан кунларининг бирида кинотеатрга келиб қолди. Энди қаршисида отаси бақрайиб турипти. Ёнида шаҳлокўз хотини. Кулимсираб, нозланиб домла –эрига тикилади. Энди имтиҳонлардан бемалол ўтса керак. Пул кўп, тайин уй-жой бор, ўйнаб-кулиб, эркатой бўлиб юраверади…
— С.. се.. сен билет сотяпсанми? Нега?
— Ишингиз бўлмасин. Оласизми, йўқми?!
— Ыанчадан сотяпсиз? – сщради ёнидаги хотини, эрининг ҳолатини пайқамай.
— Беш сўмдан иккитасини ўн сўмга сотаётгандим. Сизлар ўн сўмдан йигирма сўм берасизлар.
— Иккита билетгая? Ўйлаб гапиряпсизми? – хотинча чаққонлик билан савдолашмоқчи эди, Шониёз уни жеркиди:
— Сизга ҳеч ким гапираётгани йўқ. Жим туринг. – отасига ўгирилди. – Хўш, нега ўйланиб қолдингиз? Оласизми, йўқми?
Отаси ҳамон бир нарса дейишга ожиз, карахт ҳолда бир даста ўн сўмликларни чиқарган эди, Шониёз орасидан иккитасини олдию, отасинининг қўлига иккита билет тутқазиб, четга ўгирилди… Беҳол бўлиб деворга суянди. Бағри бўшашиб, йиғлагиси келса-да, куч билан ўзини тўхтатиб турарди.
— Шониёз, бу ёққа қарасанг-чи, Шониёз!
Шониёз чўчиб ўзига келгандай бўлди. Баҳодир чақираётганди.
— Гаранг бўлиб қолдингми? Нега индамайсан? Бир сўмдан бўлса ҳам мана буларга сотиб, пулини олсангчи! – деди бояги икки йигитни кўрсатиб.
Икки йигит билетни оларкан, савдолашгани заўарханда қилди6
— Ҳа, жўра, бир йил эмас, бир минутга ҳам етмади-нг-ку! Бу ёғи қандай бўлди?
Шониёз қайрилиб Баҳодирга, шерикларига қаради. Туриб-туриб алам қилиб кетди. Бу нима қилгани энди? Шуям иш бўлдими? Бир унга билет олинг, деб сарғаяди, бир бунга. Қачонгача одамлар юзига мана шу тахлит заҳрини сочиб кетаверади? Баъзилар билетни олишга оладию, бундан бешбаттар қилиб кетишади, Шониёз эса билетини ўткизганига хурсанд бўлиб қолаверишга маҳкум. Бошқа иложи йўқ. Ҳозир эса ҳам омади юришмай, ҳам отаси эсига тушиб кайфияти бузилиб турганда жудаям алам қилиб кетди.
— Шониёз, қанча билетинг қолди?
Баҳодирнинг овозини эшитиб, Шониёз ҳушини йиғди. “Ҳали бор”, деганча кассахонага ўн-ўн икки ёшлардаги қизчасини етаклаб кираётган кишининг орқасидан юрди.
— Ака, сизга ҳозирга билет керакми? Кассадан тополмайсиз, овора бўлиб юрманг. Мана, иккита билетим қолди, олинг, икки сўмдан бераман…
У киши ўгирилиб қаради. Шониёзнинг гаплари оғзида қолди. Қаршисида қизининг қўлидан ушлаб, синф раҳбари турарди.
— Шониё-оз!? – деди ўқитувчиси ҳайратланиб. – Сенми?
Шониёзнинг кўзлари катта-катта очилганча, вужуди бўшашиб кетди.
— Сен билет сотяпсанми? – сўради ўқитувчиси, унинг қўлидаги бир даста билетга тикилиб. – Яхши, яхши касб танлапсан, ўғлим. Омон бўл!
Шониёз индамади. Ерга михланди.
— Икки сўмдан дедингми? – синф раҳбари киссасидан пул чиқариб, Шониёзга тутди. Кейин қўлидан иккита билет олди-да, чиқиб кетди.
Шониёзга бугун бир нима бўлди. Омади кетгандан кетяпти. Қўлидаги билетлар орасида синф раҳбарининг тўрт сўми ҳам бор. Нега?.. Нега шу ишларга аралашиб қолди? Наҳотки ҳаммасидан биратўла воз кечиш мумкин эмас? Шу бугун, ҳозироқ. Бари бир эртага шарманда бўлади. Ўқитувчиси тинч кетадиган ўқитувчилардан эмас. Айниқса, синфдоши Вазиранинг юзига қандай қарайди энди?
Вазира билан бирга бир синфда ўқишади. Жуда яхши, мулойим қиз. Шониёз уни… яхши кўради. Қиз ҳам ўзи ҳақда яхши фикрда бўлишини истайди. Вазира туфайли кейинги вақтларда яхши ўқувчилар қаторидан жой олганди. Билади, Вазира ҳам уни… яхши кўради. Аммо,… энди… нима бўлади? Вазира ундан юз ўгирадими? Шундай яхши қиз-а? Йўқ. Шониёз бунга йўл қўя олмайди. Қўймайди! Шониёз киссаларидаги билетларни бир қўлига, пулларни бир қўлига тўплади. Ҳозир ҳаммасини Баҳодирга топширадию, кетади. Вассалом. Аммо… онаси-чи? Онаси отаси кетгандан бери ўзига келолмайди. Охири касалхонага тушиб қолди. Овқат емайди ҳисоб. Шунинг учун иштаҳа очадиган олмами, анорми олиб бормоқчи эди. – Шониёз Баҳодирга қаради. У бир дўсти билан гаплашяпти. Унга эътибор бермаяпти. Ҳеч бўлмаса уч сўмни яшириб қолса-чи? Ён-верига қаради, шерикларининг у билан иши йўқ. Ўзларидаги билетга харидор излаш билан банд. Шониёз кўзлари бежо бўлиб, пулдан уч сўмликни ажратиб олди. Пул тутган қўли қалтираётганини сезди. Кейин бутун вужуди қалтиради. Яна аланг-жаланг бўлди. Ҳозир пулни киссасига солади.- Вассалом! Аммо негадир қўли иродасига бўйсунмаяпти. Аввал пулни олгандан дарров киссасига солмоқчи эди. Аммо қўли жуда секин қимирлаяпти. Ҳеч киссасига яқин бормаяпти. Унга нима бўлди? Нимага бунча ҳаяжонланяпти? Пулни шериклари кўриб қолмаслиги учун ғижимлади. Бир илож қилиб пул тутган қўлини киссасига еткизди. Бир зумда терлаб кетдию Бироқ қўл киссасига киришни хоҳламас, қалтирарди. Шониёз бирдан ҳолсизланиб қолди. Нега ўзини қийнаяпти? Уч сўмга шунчалар зорми? Яхшиси ҳамма пулни топширади-ю, чиқади, кетади. У дадилланиб, қўлини кўтарди. Баҳодир томон бир-икки қадам ташлади, аммо у дўсти билан суҳбатлашиб, четга чиқиб кетди. Бу, менга халақит берма, муҳим бир иш билан бандман, дегани эди. Шониёз кутиб қолди.Ҳамма пулни беришга беради, аммо меҳнат қилди-ку! Мана, йигирма сўмлик билет сотди. Нега ўз ҳаққини олмаслиги керак? Агар ҳозир ҳамма пулни тутқизадиган бўлса, Баҳодир бир тийин ҳам бермайди. Шониёз қўлидаги пулга қаради. – Ғижимланган уч сўмлик жуда бошқача бўлиб ажралиб турарди. Шериклари қарамаяпти. Баҳодир узоқлашиб кетди. Айни қулай фурсат.
Шониёз уч сўмликни баттар ғижимлади. Шерикларининг кузатаётган-кузатмаётганини қараб, киссасига соламан, деб ўйлаганди, пул ерга тушиб кетди. Шониёз терга ботди. Фикрлари алғов-далғов бўлиб, мияси ғувилай бошлади. Бир ердаги пулга, бир шерикларига қаради. Керак эмас, ҳозир ҳаммасини йиғиштирадию, Баҳодирга топшириб жўнайди. Уч сўм пул учун ўзини шунчалар қийнаш шартми? – Шониёз пулни олиш учун эгилди. Шимининг почаси кўтарилиб, паёпоғи кўринди. Пайпоғига солсачи? Ахир бу ўғирликмас, ҳалол ишлаб топган пули! – Шониёз пулни пайпоғига тиқдию, тезлик билан ўрнидан турди. Турдию, вужуди қўрқувдан бўшашиб кетди. Сал нарида Баҳодир ишшайганча ўзига тикилиб турарди. Ҳозиргина дўсти билан гаплашаётганди, қачон етиб келиб улгурди экан? Баҳодирнинг кўзларидаги ғазабли табассум ифодаси, “давоми қандай бўларкан”, дегандай Шониёзнинг ҳаракатларини кузатарди. Баҳодир уни кўрсаткич бармоғи билан ўзига томон имлади. Шониёз қимирламади. Йўқ, у қочмоқчи эмасди, қочиш хаёлига ҳам келмаганди, аммо Баҳодирнинг олдига боришга-да мажоли қолмаганди.
— Кел деяпман бу ёққа! – Баҳодир паст овозда гапирса ҳам ҳар бир сўзи даҳшатли эди. Кўзларидаги заўарли ишшайиш ўрнини совуқ ифода эгаллаганди.
Шониёз шалвираганча яқинлашди.
— Неча пуллик билет сотдинг?
Шониёз титроқ қўллари билан чўнтакларидаги пулларни чиқарди. Кейин Баҳодирнинг буйруғига биноан қолган билетларни ҳам қайтариб топширди.
— Дўстим, нега бунчалар қалтирайсан? – деди Баҳодир яна заҳарли ишшайиб, Шониёзнинг ёқасини тўғриларкан, — бу дейман, пул яширадиган одатлари ҳам бор экан-да,а? Илгари ҳам шунақа қилармидилар,.. ёки билмасдан,.. шайтон йўлдан оздириб, а?..
Шониёз ерга қаради. Нима ҳам десин? Уч сўм унга қанчалар кераклигини қандай тушунтирсин?
— Жавоб беришни истамайдиларми? Яхши. Пайпоғингдаги пулни чиқар. Тез чиқар деяпман!
Зориқиб кутилган дақиқа етиб келгани учунми, Шониёз бирдан хотиржам тортди. Қалтироғи босилиб, ўзида аллақандай ишонч туйди. Эгилиб, пулни олди-да, Баҳодирга тутди. Кейин Баҳодир унинг ҳамма чўнтакларини, пайпоғию, туфлисига қадар текширтирди. Бошқа ҳеч вақо йўқ эди.
— Яхши! Жуда соз! Энди,.. тез туёғингни шиқиллат! Лапашанг!
Шониёз Баҳодирдан ҳамма нарсани кутган, ҳозирги бир неча дақиқа давомида неча бор ўлиб-тирилган, аммо бунчалар осон қутуларман, деб сира хаёлига келтирмаганди. Кўзларига ишонмай, бурилганча, энди юраётганди, бир нарчага қаттиқ чалкашиб, юзтубан йиқилди. Нега бундай бўлганини тўла англаб етмай, тепасида ўзига ғолибона тикилиб турган Баҳодирни кўрди. Қаттиқ алам қилиб кетди: “Бунчалар калака қилганча бир-икки мушт туширса яхшироқ бўларди”. Жисмонан Баҳодирга кучи етмаслигини ўйлаб, эзилди. Иложи борича Баҳодирнинг кўзига қарамасликка уриниб, ўрнидан турганча, йўлга тушди. У тобора жаҳл билан илдам кетиб бораркан, аввалига орқасидан шитоб билан келаётган қадам товушларини, кей ин ёнгинасидан Баҳодирнинг: “Шониёз! Тўхта!” деган таҳдидли буйруғини эшитди ва орқасига қарамай, қўлини ортига сермади. Шу аснода ўзи билмаган ҳолда Баҳодирнинг оғзи-бурни аралаш уриб юборди.
— Ахмоқ! – Баҳодир лабини тутганча, иккинчи қўли билан Шониёзни билагидан ушлади ва юзкўзи аралаш Шониёзни қаттиқ муштлади.
Шониёз йиқилди, аммо дарров ўрнидан турди-да, “ўзинг ахмоқсан!”, деганча йўлида давом этди, аммо елкасидан тушган мушт уни яна ерга михлади. Ётган жойидан ўгирилиб Баҳодирга: “аблах экансан!”, деди шивирлаб, бурнидан келаётган қонни билагига артаркан. Кейин бамайлихотир ўрнидан туриб, гўё ёнида ҳеч ким йўқдай, гўё ҳеч нарса бўлмагандай, Баҳодирга заррача эътибор бермай, йўлида давом этди. Сал ўтмай, энди билет сотмаслигини идрок этиб, кўнгли ёришди. Оғриқ ҳозиргина калтак еганини эслатса-да, тобора дили равшанлашиб борарди. Шониёз бозорга яқинлашганда онасига қуруқ боришини ўйлаб, иккилана бошлаганда… кимдир уни қучоқлаб олди:
— Ий-е, жиян, бормисан?!
Қараса, барлослик Мамат тоғаси!
— Омонмисизлар, жиян?! Тинчликми? Қайси куни қўшнимиз Раҳима холанинг ўғли бор-ку, Воҳид, шу ерда ўқийди, студент, ўша, синглингиз касалхонага тушиб қолди, деб хабар берди. Эшитдиму, эрталаб, Самарқанд қайдасан, дея йўлга чиқдим. Ҳозиргина бозордан олма-анор каби мева-чевалардан олиб, олдин касалхонага борсаммикан ё уйга, дея иккиланиб турувдим. Яхши бўлди…
Шониёзнинг кўзларига ёш қадалди. Кўнгли бўшашди. Йиғлагудай бўлиб, ҳамма гапни айтиб берди.
— Ҳа-а, ишқилиб… – Мамат тоғасининг қошлари чимирилиб, бўйнини ишқалади. – Мен бир вақтлар : “Қўй шунингди, барлосдаям йигитнинг уруғи қуриб кетмагандир”, деганимда ўз билганидан қолмаганди. Акаси бўлиб менинг хабарим йўқ. Норхолнинг онасига ўхшаганлар бу гапни достон қилиб юрган эмиш… Бўпти, омончилик бўлсин. Шаҳар бўлмаса, берироқ, сизларни ўзимизнинг Барлосга кўчириб кетаман.
Тоға-жиян йўлга тушишди. Кўпдан бери арзини тинглайдиган дардкаш йўқлиги туфайлими, Шониёз ҳамон ўпкасини босиб ололмасди.

Холдор Вулқоннинг «Мувозанат» сайтидан олинди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *