Абулфайз Баротов
Биринчи мақола
Жиззах вилоятининг Зомин тумани пурвиқор тоғлар, гўзал табиат ва мусаффо ҳаво қўйнида жойлашган бўлиб, 1926 йилнинг 29 сентябрида ташкил топган. Туман шимол томондан Сирдарё вилоятининг Сардоба тумани, шимоли-шарқ томонидан Янгиер шаҳри, ғарб томондан Зарбдор тумани, шарқ ва жанубий-шарқ томондан Тожикистон республикаси, жануб томондан Бахмал тумани билан чегарадошдир. Майдони 3, 34 минг квадрат км. Туман сайёҳлик имконияти билан алоҳида ажралиб туради
ТОҒЛАР БАҒРИДАГИ БИРИНЧИ ДАМ ОЛИШ МАСКАНИ
1979 йилда Зомин тоғларининг юқори қисмида жойлашган охирги қишлоқдан 11 километрча нарида, чангалзорлар билан қопланган тор дарада қурилиш ишлари бошланди. Туркистон тизмалари тепаларидан бошланадиган Қашқа сув, Қўлсув, Қизилмозор сойларининг қўшилишидан пайдо бўлган зилол сув мавжланиб оқиб ётган ката анҳор ёқасидаги тор сўкмоқ йўлнинг айрим жойлари портлатиб, булдозерлар билан текисланди. Шундай қилиб анҳорнинг икки томони одамларнинг мириқиб дам оладиган жойига айланди. Пансионатгача чўзилган катта сой этагидаги бир қанча қишлоқлар “Ўрикли” номи билан аталади. Бошқа мевали дарахтлар ҳам бор, аммо энг кўп ўрик дарахтлари бўлгани учун ҳам тоғлар бағрида илк бор барпо этилган пансионатга “Ўрикли” номи берилди.
Пансионат 1981 йилда ишга тушди. Унга анча йиллар директорлик килган Мирзаширин Мирзаюсупов Зомин тоғларининг ўзига хос табиати, ўсимлик ва хайвонат дунёси ҳақида ажойиб гапларни айтиб берган эди. У киши директор бўлиб ишга келган 1984 йилда «Ўрикли» ташландиқ бир ҳолатда эди. Иккита коттеж биноси ҳали битмаганди. Унинг олдида бир тоннадан ортиқ ойна синиқлари уйилиб ётарди.
Янги директор биринчи навбатда ишни пансионат ҳудудини ободонлаштиришдан бошлади. Мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазди. Ўрик, олма, шафтоли, қўлда экилган арча дарахтлари яхши ривожланди. Директор атайлаб Қримдан олиб келган сосна дарахти кўчатлари кўкармади. Уни чими билан ўтқазгандагина кўкариши мумкин экан. Дастлаб ўтқазилган 200 туп ток кўчати салқин таъсирига дош бера олмай қуриб қолди. Чинор дарахтлари эса яхши ривожланмоқда. Ўрик пишиқчилиги июн ойида ниҳоясига етса, бу ерда ўрик сентябрь-октябрь ойларида пишади.
«Ўрикли» дам олиш пансионати денгиз сатҳидан 1800 метр баландликда жойлашган. Қишда кечаси совуқ, кундузи иссиқ бўлади. Ёзнинг энг иссиқ кунлари 23 даражадан ошмайди. Қалин қор ёғади. Туманда 74,5 минг гектарлик миллий боғ мавжуд бўлиб, ҳудуд давлат муҳофазасига олинган. Булар Зомин ўрмон хўжалиги, Зомин тоғ-ўрмон қўриқхонаси участкаларидир. Тоғларда арчанинг тўққиз хили мавжуд. Боғ ҳудуди ўсимликларга бой бўлиб, 50 мингдан ортиқ ўсимлик ўсади. Шундан бодом, қорақанд, зира, наъматак, анзур пиёз, кийик ўти сингари 27 хили доривор ўсимликлар “Қизил китоб”га киритилган.
Бу доривор ўсимликлар боғнинг ҳамма жойида ўсиб ётибди. Илгарилари дам олишга келганлар зирага қирон келтиришарди. Уни қайчи билан юқори қисмидан қирқиб олиш керак. Томири билан суғуриб олинган зира қайта кўкармайди. Тоғда лоланинг баргига ўхшаган мандал деган ўсимлик бор. Уни аввал қайнатиб, кейин укропдек майдалаб сариёғга қовуриб тановул қимлинса, ички иъзоларга давъводир. Айниқса, ошқозон дардидан қийналаётганлар учун кони фойда бу.
«Ўрикли» табиатини Швейцарияга ўхшатиш мумкин. Бу ҳақда пансионат директори Мирзаширин Мирзаюсупов шундай деган эди.
Зомин тоғларида ҳидли арчаларнинг мавжудлиги учун ҳам бу ернинг табиатини Швейцарияга ўхшатишади. Дунё бўйича ҳидли арча Швейцария, Зомин ва Бахмал тоғларидагина ўсади. Жаҳоннинг бирон жойида бундай ҳидли арчани учратмайсиз. Ҳидли арчалар “Қизил китоб”га киритилган.
Туманнинг Супа деган энг баланд жойида анча йиллардан бери оналар ва болаларни даволаш оромгоҳи -”Зомин” санаторияси ҳам фаолият кўрсатиб келаяпти. Тоғнинг Ғўралаш номи билан аталадиган ҳудудида 500-600 ёшга кирган ҳидли арчалар ўсиб ётибди. .Арча кўчат ҳолида ўтқазилмайди, балки шамол таъсирида тўкилган уруғлари ўзига маъқул келган жойдагина кўкаради. Арча донини қирқ йилда кўчат ҳолига келади дейишади. Ривоятларга қараганда, баъзи арчалар минг ёшгача умр кўраркан, кейин бир кечада ўз-ўзидан ёниб, кулга айланаркан.
Инқилобдан олдин Зомин ва Бахмал ўрмон хўжалиги ходимлари арчаларни ғорат қилганликлари учун Николай пошшонинг «Фахрий ёрлиғи» билан тақдирланганлар. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Зомин арчаси фашизм устидан ғалабанинг тезлашишига хизмат қилган. Ҳозирги «Ўрикли» пансионати атрофидаги арча дарахтларини кесишиб, анҳор сувида оқизишган. Арча ғўлалари Зомин тумани марказининг тепароғидаги махсус жойгача оқиб борган. Ўша жойдан арча ғўлаларини араваларга юклаб, Обручева (ҳозирги Даштобод шахри) станциясигача ташиб боришган. Ғўлалар поезд ўтхонасида кўмир ўрнини босган. Арча дарахтларидан қолган кундалар ҳозир ҳам тоғларнинг у ер-бу ерида ёқимсиз манзара кашф этиб, сақланиб турибди. Ҳозир бу арчалар «Кизил китоб»га киритилган.
Ноёб иқлим ва табиий шароитга эга бўлган Зоминда туризимни ривожлантириш учун кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Туман маркази қурилиш майдонига айланди. Туризимни ривожлантириш “Кумуш заррачалари” фирмаси раҳбари Лола Санаеванинг таъкидлашича, туманда туристик “Меҳмонхона уйларни” ташкил қилишга киришилган. Келажакда миллий ҳунармандчилик, фольклор, этнографик йўналишларини янада ривожлантиришга, табиатнинг бебаҳо неъматлари бўлмиш доривор гиёҳларни йиғишга катта эътибор берилади.
Зоминда туризим салоҳиятини ривожлантириш бўйича махсус дастур қабул қилинган. Тарихий обидалар. муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларни таъмирлаш, дам олувчи сайёҳларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасида ҳам бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб. амалий ишларга киришилган.
Манба: «Янги дунё» сайти.
.