• Вс. Ноя 9th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

XXI-БОБ. АЙБСИЗЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИ ВА СЎЗ ЭРКИНЛИГИ

Май 31, 2012
XXI-БОБ. АЙБСИЗЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИ ВА СЎЗ ЭРКИНЛИГИ
XXI-БОБ. АЙБСИЗЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИ ВА СЎЗ ЭРКИНЛИГИ

Карим Баҳриев

Шубҳасиз, журналистлар ва оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ўзлари чоп этаётган ахборотларнинг тўғрилиги ҳамда уларни баён этиш шаклининг одоб доирасида бўлиши учун жавобгардирлар.

Қонунчилик амалиётида ОАВ орқали шаьни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказилганлиги, туҳмат ёки ҳақорат қилинганлигидан ҳимояланиш учун турли фуқаровий-ҳуқуқий ҳамда жиноят-ҳуқуқий жавобгарлик институтлари ишлаб чиқилган.

Буни шу билан изоҳлаш мумкинки, оммавий ахборот воситаларида тарқатилган ахборот ҳақиқатан ҳам халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатланган инсоннинг айрим ҳуқуқларини, масалан, шаьни, қадр-қиммати ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқини, турар жойи дахлсизлигини, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддаси) бузиши мумкин.

Аммо ОАВ томонидан бузилиши мумкин бўлган ҳуқуқларнинг саноғи чегараланган. Дейлик, бу қаторга ҳибсга олинган шахснинг адвокат олиш ҳуқуқини ёки шахснинг республика худудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, мамлакатга келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқини киритиш мумкин эмас.

Афсуски, шунга ўхшаш ҳаракатни амалга оширишга уринишлар ҳам бўлмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасини иқтибос қилиб-қилмай, оммавий ахборот воситаларини «айбсизлик презумпцияси принципи бузиш»да айблашларни тилга олиш лозим. Бу иддао бир неча назарий татқиқотларда жаранглагандан сўнг, матбуотнинг кескин танқидий мақолаларига нишон бўлган айрим мансабдор шахсларнинг баёнотларида ҳам пайдо бўлмоқда. Аста-секин изчиллик билан матбуотни айбсизлик презумпциясини бузишда айблашлар одат тусига киради. «Журналистнинг мажбуриятлари» борасидаги 6-моддасининг 3-бандида журналистнинг «айбсизлик презумпциясига амал қилиши»ни шартлаган Ўзбекистон Республикасининг «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида» Қонунини мисол қилиб келтириш мумкин.
Шуни таькидлаш керакки, ОАВ тарқатадиган ахборот айбсизлик презумпцияси принципини бузиши мумкинлигини суд амалиётида, доктрина сифатида ва айниқса қонунчиликда мустаҳкамланиши ҳамда тан олиниши жуда хавфли ҳолат бўлиб, бу матбуот саҳифасидан ёки телевизор экранидан ҳавола этилган ҳар қандай танқидни, айбловни қонунга хилоф деб эьлон қилиш имконини беради. Конституциявий демократик институт ҳисобланадиган, демократик республика тизимида халқ иродасини ифодалаши зарур бўлган ҳокимиятнинг фаолиятини ойдинлаштириши ва эркин ёритиши лозим бўлган оммавий ахборот воситалари эса «тиш-тирноқсиз», мақтов мақолалар ва чиқишлар билан чегараланиб қолишига тўғри келади. Бундай аҳвол мамлакатдаги бошқарув тизимининг демократик характерига шубҳа билан қарашга асос беради.

I.АЙБСИЗЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИ КИМГА ТААЛЛУҚЛИ?

«Ўзбекистон Республикаси Конституциясига Шарҳлар»нинг Асосий Қонунимизнинг 26-моддасига шарҳларига мурожаат қилайлик: «Айбсизлик презумпцияси (лотин. preasumptio – фактнинг тескариси исботлангунича юридик жиҳатдан тўғри ҳисобланиши)… жиноят-ҳуқуқий қонунчилик принципининг асосини ташкил этади ҳамда одил судловнинг асосий принципларидан бири ҳисобланади» («Коментарии к Конституции Республики Узбекистан».Тошкент, «Адолат», 1997. 104-бет). ОАВ институт тариқасида жиноят-судлов жараёнида қатнашмайди ва шунинг учун уларга жиноят судловнинг принциплари қўлланилиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикасининг жиноят-процессуал қонунчилиги ҳам айбсизлик презумпцияси тамойилини жиноят процесси принциплари сирасига киритади (Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг Иккинчи боби 23-моддаси). ОАВ жиноят процесси қатнашчиси эмас ва шунинг учун ундан жиноят процессининг принципига «амал қилиш»ни талаб қилиш нотўғридир.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида «айбсизлик презумпцияси» меьёрлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида ифодаланган. 26-модданинг 1-бандини таҳлил қилиб кўрайлик: «Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди». Иқтибос қилинган матндан кўриниб турибдики, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддаси унинг амал қилиш доирасидаги шахсларни аниқ белгилайди – бу «жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахс», яьни «айбланувчи»дир. «Айбланувчи» атамасининг моҳияти Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 45-моддасида очиб берилган: «Айбланувчи ушбу Кодексда белгиланган тартибда айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниши ҳақида қарор чиқарилган шахсдир. Айбланувчи судда – судланувчи деб, ҳукм чиқарилганидан кейин эса, маҳкум ёки оқланган шахс деб аталади».
• Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 26-моддасининг асл моҳиятига риоя этадиган бўлсак, айбсизлик презумпцияси шахсга нисбатан унинг Жиноят-процессуал кодексда белгиланган тартибда айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниши ҳақида қарор чиқарилган пайтдан бошлаб ва жиноят-судлов процесси давомида амал қилади, зеро айблов ҳукми чиқарилгач, айбсизлик презумпциясининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 26-моддаси 1-бандида кўзда тутилган «иши судда қонуний тартибда кўриб чиқилиб, айби аниқланмагунча, у айбдор ҳисобланмайди», деган шарти бекор бўлади (рад қилинади). Энди у айбдор ҳисобланади.
«Айбланувчи» атамасини ҳар қандай тарзда кенгайтириб изоҳлаш ва қўллаш ғайриқонунийдир. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 26-моддасида белгиланган қоидаларни «гумон қилинуви»га – жиноят содир этгани тўғрисида маьлумотлар бор бўлса-да, бу маьлумотлар уни ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш учун етарли бўлмаган шахсга (Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 47-моддаси) ҳам тегишли ҳисоблаш мумкин эмас.
Албатта, гумон қилинувчига нисбатан айбсизлик презумпцияси принципини қўллаш бевосита Конституция матни билан тасдиқланмаса ҳам, озодликдан маҳрум этилган шахснинг ҳуқуқларини кафолатлаш нуқтаи назаридан оқланиши мумкин. Аммо Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 26-моддаси қоидаларининг айбланувчи ҳамда гумон қилинувчидан ташқари кучга кирган айблов ҳукми бўлмасдан жиноят содир қилганлиги таькидланаётган ҳар қандай шахсга нисбатан қўлланиши борасидаги талқин ақл бовар қилмас даражада кенг талқиндир.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-бандида шахсни оғир ва ўта оғир жиноят содир қилганликда айблаб қилинган туҳмат ҳақида сўз боради, бу эса «айблаш» атамаси фақат айбланувчига нисбатан айбловнинг моҳиятини ифодалаган расмий ҳужжат ҳавола этилиши тариқасидагина тушунилиши мумкин эмаслигини, ҳар қандай шахснинг бошқа бировнинг жиноят содир этилишига алоқадорлиги борасидаги гапларига ҳам тегишли эканини кўрсатади. Агар бировни жиноят содир қилганликда айблаш тасдиқланмаса, муайян шароитда ЖКнинг 139-модда 2-бандига биноан нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилиш сифтида ва ёки ЖКнинг 139-моддасининг 3-бандига биноан оғир ёки ўта оғир жиноят содир этганликда айблаб туҳмат қилганлик сифатида квалификация қилиниши мумкин. Аммо бундай айбловлар ҳеч қачон айбланаётган шахснинг жиноят-процессуал жараёнидаги «айбланувчи» мақомини юзага келтирувчи асос бўлолмайди ҳамда шунинг учун «айбсизлик презумпциясини бузиш» сифатида талқин қилиниши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Асосий Қонун ҳисобланади, демак, у юридик таомилга изчил риоя қилган ҳолда яратилгандир. Шунинг учун Конституциянинг 26-моддасида фойдаланилган «жиноят содир қилганликда айбланаётган» айбланувчи тушунчаси ўзбек қонунчилигида Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 45-моддасидаги ягона юридик атама сифатидаги маьносидан бошқа яна маиший, омма ишлатадиган маьнода қўлланишини тасаввур қилиш мумкин эмас.
Шундай қилиб, ҳар қандай шахс ҳам ўзига нисбатан айбсизлик презумпциясига амал қилинишига даьво қилиши мумкин эмас, фақатгина жиноят процессида иштирок этишга жалб қилинган айбланувчи айбсизлик презумпцияси ҳимояси остида бўлиши лозим.

II. АЙБСИЗЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИГА КИМ АМАЛ ҚИЛИШИ КЕРАК?

Навбатдаги масала «жиноят содир этганликда айбланаётган шахс иши қонуний тартибда, ошкора судда кўрилилиб, айби аниқланмагунча, айбдор ҳисобланмайди», деган қоиданинг «ҳисобланмайди» деган тушунчасига келиб тақалади. Албатта, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 26-моддасининг грамматик таҳлили Асосий Қонуннинг айбланувчини айбсиз «ҳисоблаши» шарт бўлган шахслар доирасини аниқлаш имконини бермайди. Аммо бу доира чекланган экани шубҳасиздир.
Таькидлаб ўтганимиздек, айбсизлик презумпцияси жиноят-судлов процессининг принципидир ва унганига тааллуқлидир. Шунга қарамай, жиноят-судлов процессининг ўзида ҳам айбсизлик презумпциясидан қатор чекинишлар кўзда тутилган. Масалан, ҳуқуқ-тартибот идораларига бирор-бир шахсни жиноий жавобгарликка тортишни сўраб ариза ёзган жабрланувчи ҳукм чиққунча айбланувчининг айбдор эканлигини таькидлайди, ўз аризасида айбланувчини жиноят содир этганликда айблаб, тўғридан-тўғри кўрсатади ва жиноят-судлов процессининг бу қатнашчисини «айбсизлик презумпциясига амал қилмаганлик»да айблаш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Прокурор ҳам судланувчининг айбдорлиги тўғрисида ҳукм чиққунча ва кучга киргунча уни айбдор ҳисобламаслик масьулиятидан озод қилинган, акс ҳолда прокурор суддан судланувчининг айбдор сифатида жиноий жавобгарликка тортишни талаб қила олмаган бўларди ва айбловнинг бутун тизими йўққа чиқарди. Кўриниб турибдики, айбсизлик презумпцияси ҳатто жиноят-судлов процессининг доирасида ҳам мутлоқ кучга эга эмас.
Шунга қарамай, процессда иштирок этмайдиган шахслардан кимлар айбсизлик презумпциясига риоя қилиши керак деган масала баҳслилигича қолмоқда. Бу масалада жаҳон тажрибасини таҳлил этиш учун учта халқаро ҳуқуқий ҳужжатга эьтиборни қаратишга тўғри келади. Бу Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида Халқаро Пакт ҳамда Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларни ҳимоя қилиш тўғрисида Европа конвенциясидир.
Айбсизлик презумпцияси масаласи асосан оммавий ахборот воситаларида жиноий фаолият фактлари ёритилганда ёки мансабдор шахсларнинг жиноятчилик борасидаги чиқишлари туфайли юзага келмоқда.
Албатта, бу масала Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Комиссиясининг назаридан четда қолмаган, Комиссия мансабдор шахсларнинг процессдан ташқарида айбланувчи ҳамда судланувчининг айбдорлиги борасида мулоҳаза билдиришларининг ягона мезонларини ишлаб чиққан.
Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси 11-моддаси 1-банди ҳам, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида Халқаро Пактнинг 6-моддаси 2-банди ҳам ҳамда Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларни ҳимоя қилиш тўғрисида Европа конвенцияси 6-моддаси 2-банди ҳам бир-бирига ўхшаш бўлиб (жузҳий фарқлар қавс ичида берилган), Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 26-моддаси 1-бандига монандир: «Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда (қонунга биноан), ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди (ҳисобланмаслик ҳуқуқига эга)…». Шунинг учун, тан олиш керакки, мазкур халқаро актларга нисбатан халқаро комиссия томонидан берилган шарҳлар Асосий Қонунимизнинг 26-моддасига нисбатан ҳам тўғри ва адолатлидир.
«Агар инсоннинг айбдорлиги қонунга биноан исботланган бўлмаса, давлатнинг мансабдор шахслари аввалгидай айбсизлик презумпцияси принципига амал қилишлари керак. Шундан келиб чиқадики, мансабдор шахслар судгача гумон қилинаётганларнинг айбдорлиги ҳақида баёнот бериши ман қилинади. Комиссия (Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Комиссияси – К.Б.) тушунтирадики, бу қоида давлат айбловчиларига ҳам тааллуқлидир. Шунга қарамай, Комиссия давлатнинг мансабдор шахслари жамоатчиликни жиноят ишлари бўйича тергов ишларининг бориши тўғрисида ахборот беришлари, у ёки бу шахс жиноят содир этганликда гумон қилинаётганлигини айтишлари, у ёки бу шахс жиноят содир этганлигини тан олганлиги тўғрисида ахборот беришлари мумкин деб ҳисоблайди. Аммо бу мансабдор шахслар айни пайтда иш аввал судда кўриб чиқилиши зарурлигини айтишлари лозим, шунда бу Конвенциянинг (Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенциясинининг – К.Б.) 6-моддаси 2-бандини (айбсизлик презумпцияси принципини – К.Б.) бузиш деб баҳоланмайди».
• Келтирилган таҳлилдан кўриниб турибдики, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Комиссияси Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенциясинининг 6-моддаси 2-бандига амал қилган ҳолда, жиноят содир қилганликда айбланувчининг давлатнинг мансабдор шахслари томонидан судгача айбдор ҳисобланишидан изчил ҳимоя қилади. Бу ҳимоя прокурорга ҳам тааллуқли бўлиб, прокурор ҳам судланувчини фақат судлов пайтида ошкора айблаши мумкин, аммо суд бошлангунча ошкора айблаши мумкин эмас.
Мазкур мажбуриятлар фақат мансабдор шахсларга юкланганлигидан келиб чиқиб, улар мансабдор бўлмаган бошқа шахсларга юкланиши мумкин эмаслигини айта оламиз. Бу ҳолатда мантиқ шундан иборатки, барча санаб ўтилган халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳам инсоннинг сўз, фикр ва эьтиқод эркинлигини кафолатлайди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасида кафолатланишича, «ҳар ким фикрлаш, сўз ва эьтиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир (1-банд)». Худди шу жойда, 29-модданинг 2-бандида «чеклаш»ларга изоҳ берилади: «Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин».
Кўриниб турибдики, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлигини айбсизлик презумпцияси талаби билан чеклашни кўзда тутмаган. Мансабдор ва бошқа шахслар томонидан содир қилинган жиноятлар тўғрисида берилган ахборотлар, фактлар ва фикрлар «давлат сири ёки бошқа сирларга тааллуқли» ҳисобланиши мумкин эмас. Қандайдир шахсни ёки доираси чекланмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 26-моддаси маьносида кимнидир айбсиз «ҳисоблаш»га мажбурлаш фикр эркинлигига дахл қилиш саналади, зеро ҳар бир шахс у ёки бу шахснинг айбдорлиги тўғрисида фикрга эга бўлиш ҳуқуқига эгадир. «Айбланувчи» мақомини бериш маҳносидаги «айбдор ҳисоблаш» эса фақат давлатнинг ваколатига киради. Хусусий шахс ҳеч кимни «айбдор ҳисоблаши» мумкин эмас, унга бу ваколат берилган эмас, у бировни жиноятчи аташи мумкин, халос. Кимнингдир жинояти тўғрисида ўз фикрини билдиришни ман қилиш ёки бу фикрни билдиргани учун жавобгарликка тортиш инсонни ўз фикридан қайтишга мажбурлаш саналади ва сўз эркинлиги ҳуқуқини бузиш ҳисобланади. Бу фикрларимизнинг барчаси инсон ўз фикрини билдирган ҳолатга тегишлидир.
Агар инсон мансабдор шахс сифатида иш юритаётган бўлса, у тарқатаётган ахборотнинг ҳуқуқий мақоми тамоман ўзгача бўлади. Бундай ҳолатда у ўз фикрини эмас, давлат томонидан берилган ваколатлари доирасидаги расмий нуқтаи назарни ифодалаётган бўлади. Бошқача айтганда, унинг нуқтаи назари давлатнинг нуқтаи назари бўлади, яьни бу фикрнинг ҳуқуқий томонлари ҳамда ҳуқуқий оқибатлари намоён бўлади. Бундан келиб чиқадики, мансабдор шахс жиноят содир қилганликда айбланувчи унинг айбдорлиги тўғрисида ҳукм чиқиб, кучга киргунича айбсиз эканлигидан келиб чиқиши лозим, яьни у айбланувчини айбсиз «ҳисоблаши» мажбурийдир. Демак, бошқа шахсларга бу мажбурият юклатилмаган.
Шунга қарамай, ҳуқуқ назарияси соҳасининг айрим мутахассислари айбсизлик презумпциясини оммавий ахборот воситалари тарқатадиган ахборотларга нисбатан ҳам қўллайдилар. «Судопроизводство в России» асарида таькидланишича: «…шахснинг айбдорлиги тўғрисидаги ҳеч кимнинг ва ҳеч қандай фикрлари ҳамда хулосалари қонуний чиқарилган ҳукм кучга киргунча юридик аҳамиятга эга эмас; уларга ҳуқуқ позициясидан ҳам, ахлоқий қимматлардан келиб чиқиб ҳам йўл қўйиш мумкин эмас. Гап оғзаки ва ёзма арзу ҳоллар, интервьюлар, ОАВ нашрлари ҳақида бормоқда. Улар айбсизлик презумпцияси принципига зид бўлиб, қонунларни бузиш ҳисобланади, зеро жамоатчилик фикрини чалғитади, айбланувчини муддатидан олдин, гоҳида бекордан-бекор обрўсизлантиради, судларга салбий таьсир кўрсатади».
Келтирилган нуқтаи назар юқорида келтирилган Европа Комиссиясининг худди шу мажбуриятларни фақат мансабдор шахсларга юклатиш борасидаги фикрларига, халқаро ҳуқуқий меьёрларга тўғри келмайди. Бу фикрни таҳлил қилишдан аввал, «ахлоқий қимматлар»ни мунозаралар доирасидан четга қўйиб турсак, зеро ҳуқуқий муаммони «ҳуқуқ позицияси»дан келиб чиқиб ҳал этган маьқулдир.
«Шахснинг айбдорлиги тўғрисидаги ҳеч кимнинг ва ҳеч қандай фикрлари ҳамда хулосалари қонуний чиқарилган ҳукм кучга киргунча юридик аҳамиятга эга эмас»лиги ҳақидаги муҳтарам олимларнинг таькидларига қўшилмасдан илож йўқ. Аммо айнан шу фикрнинг ўзи ҳурматли олимларимизнинг кейинги фикрларини рад этади, чунки айнан шахснинг айбдорлиги қонуний тартибда аниқланмасдан, ҳукм чиқарилмасдан ва у кучга кирмасдан ҳуқуқий оқибатларнинг юзага келганлигигина айбсизлик презумпциясининг бузилиши ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 4-моддаси 2-бандида баён этилган қоидага кўра: «Ҳеч ким суднинг ҳукми бўлмай туриб жиноят содир қилишда айбли деб топилиши ва қонунга хилоф равишда жазога тортилиши мумкин эмас». Бу қоидадан келиб чиқиб, айбсизлик презумпциясининг икки ҳолатдан иборат бўлган моҳиятини очиб бериш мумкин: 1) муайян жиноят таркибининг аниқланиши ва шахснинг айбдор деб топилиши қонунга аниқ риоя қилган ҳолда амалга оширилиши лозим; 2) шахс фақат суднинг айблов ҳукмига кўра айбдор деб тан олинади ва қораланади, жазоланади ёки қонунда кўзда тутилган бошқа жазо чораларига мустаҳқиқ этилади. Оммавий ахборот воситалари жиноят таркибини аниқлаш ва шахсни айбдор деб топиш ваколатига эга эмас, шунинг учун ОАВнинг жиноят содир қилганлик ёки бошқа қонунбузарликлар тўғрисидаги ахборотлари шахснинг айбдор деб ҳисобланиши ҳамда қораланиши, жазоланиши ёки бошқа жазо чораларига тортилишига олиб келмайди Журналист прокурор ёки судья эмас, мақола, эшиттириш ёки кўрсатув айблов ҳукми бўлолмайди.
Презумпция, яьни шахснинг айбсизлиги тўғрисидаги асос тариқасидаги фараз уни бирор-бир жавобгарликка тортишга имкон бермайди, яьни айбсизлик презумпцияси айбловнинг ҳуқуқий оқибатлари юзага келишидан сақлайди, аммо айбловнинг ўзидан асрамайди. Конституцияда бевосита таҳкидланганки, айбланувчи «иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча…» айбдор ҳисобланмайди, яьни англашиладики, презумпция мазкур шахснинг айбини аниқлаш орқали рад этилади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси (85-95 моддалар) тергов ва суриштирув органларининг, терговчи, прокурор ва суднинг ишни қонуний, асосли ва адолатли ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги ҳақиқатни топиш, айбланувчининг айбдорлиги ёхуд айбсизлигини аниқлаш мақсадида далилларни излаш, аниқлаш ва йиғиш мажбуриятини кўзда тутади.
Биз таҳлил этаётган айбсизлик презумпцияси қоидасининг ўзида — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 26-моддаси 1-бандининг иккинчи қисмида айбсизлик презумпцияси принципи билан бирга одил судловнинг яна бир принципи – судловнинг ошкоралиги, жиноий ишнинг судда очиқ кўрилиши принципи акс этган («судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча…»). Мазкур принцип Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 19-моддасида ўз аксини топган. Жиноят процессининг ошкоралиги жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда махсус превентив функцияларни амалга оширишнинг муҳим шартидир. Шундай қилиб, одил судловни амалга ошириш учун ҳам, инсон ҳуқуқларини (шу жумладан, айбланувчилар, гумон қилинувчилар ҳамда жабрланувчилар манфаатларини) ҳимоя қилиш учун ҳам оммавий ахборот воситаларини жиноят-судлов процессини ёритишда қатнашишини таьминлаш керак. «Айбсизлик презумпцияси принципини бузишга йўл қўймаслик» баҳонасида журналистларни четга суриш эса жамоатчиликни чалғитишга имкон яратади, халқни унинг номидан бошқараётган давлат ҳокимияти фаолиятидан хабардор бўлишига халақит беради.
Коммунофашистик ўтмишимизнинг қайғули «тажриба»ларидан биламизки, айнан ёпиқ судлар, «фавқулодий трибуналлар», «тройка»лар золим тузумга ҳурфикрли инсонларни, ҳақгўйларни қатағон қилиш, айбсизларни қамаш ва отиш, оммавий қирғин ўтказиш имконини берди. Сўз эркинлиги бўлганда, суд мажлисларида ошкоралик таьминланганда, ОАВ эркин фаолият юритганда ОГПУ-НКВД-КГБ қўлида минглаб айбсиз одамлар қўрбон бўлмаган бўларди.
III. АЙБСИЗЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИНИНГ ЖОЗИБАСИ?
Суд амалиётида, ОАВ нашрларида айбсизлик презумпциясининг бузилиши иддао қилинган баьзи ҳолатлар учрайди. Кўпинча бу иддаоларга қайсидир бир шахснинг, муаллиф фикрича, ноқонуний ёки жиноий фаолиятидан дарак берувчи маьлумотларнинг ошкор этилгани, бу шахснинг «ўғри», «порахўр», «фирибгар» ва ҳатто «қотил» аталгани сабаб бўлади. Албатта, бу маьлумотлар нотўғри бўлса, улар рад қилиниши, ҳақиқат ошкор қилиниши лозим, жиноят таркиби мавжуд бўлса, ҳатто туҳматчи ёки ҳақоратчи жазога ҳам тортилиши мумкин. Бундай маьлумотлар билан шаьни, қадр-қиммати асоссиз, ноўрин поймол этилган бечораларнинг ўзларини ҳимоя қилишлари учун қонуний йўллар етарлидир.
Бу Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 99 ва 100-моддаларга мувофиқ ОАВ ва муаллиф устидан фуқаролик даьвоси билан судга мурожаат қилиш йўли бўлиши мумкин. Унга кўра, шахснинг ҳаёти ва соғлиғи, шаьни ва қадр-қиммати, шахсий дахлсизлиги, ишчанлик обрўси, шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, хусусий ва оилавий сири, номга бўлган ҳуқуқи, тасвирга бўлган ҳуқуқи, муаллифлик ҳуқуқи, бошқа шахсий номулкий ҳуқуқлар ҳамда туғилганидан бошлаб ёки қонунга мувофиқ фуқарога тегишли бўлган бошқа номоддий неҳматлар тортиб олинмайди ва ўзга усул билан бошқа шахсга берилмайди. Вафот этган кишига тегишли бўлган шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неьматлар қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда бошқа шахслар, шу жумладан ҳуқуқ эгасининг ворислари томонидан амалга оширилиши ва ҳимоя этилиши мумкин (99-модда). Фуқаро ўзининг шаьни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маьлумотлар юзасидан, башарти бундай маьлумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли. Манфаатдор шахсларнинг талабига кўра, фуқаронинг шаьни ва қадр-қимматини унинг вафотидан кейин ҳам ҳимоя қилишга йўл қўйилади. Башарти, фуқаронинг шаьни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маьлумотлар оммавий ахборот воситаларида тарқатилган бўлса, айни шу оммавий ахборот воситаларида раддия берилиши лозим. Башарти, бундай маьлумотлар ташкилотдан олинган ҳужжатда учраса, бундай ҳужжат алмаштирилиши ёки чақириб олиниши керак. Бошқа ҳолларда раддия бериш тартиби суд томонидан белгиланади. Фуқаро оммавий ахборот воситаларида унинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларини камситувчи маьлумотлар эьлон қилинганда, у айни ўша оммавий ахборот воситалари орқали чиқиб, ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Башарти, суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаса, суд қоидабузарга қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ва тартибда ундириладиган жарима солишга ҳақлидир. Жаримани тўлаш қоидабузарни суднинг ҳал қилув қарорида назарда тутилган ҳаракатларни бажариш вазифасидан озод этмайди.
Ўзининг шаьни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маҳлумотлар тарқатилган фуқаро бундай маҳлумотлар рад этилиши билан бир қаторда уларни тарқатиш оқибатида етказилган зарарлар ва маьнавий зиённинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақлидир ва бу ҳуқуқ Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1021 ҳамда 1022-моддаларига биноан ва мувофиқ амалга оширилади.
Майян шартлар мавжуд бўлганда, жабрланувчи маьлумотларни ошкор этган муаллифни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг «Туҳмат» жинояти тўғрисидаги 139-моддасига (агар ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва шахсни шарманда қиладиган маьлумотлар тарқатилган бўлса) ёки ЖКнинг 140-моддасига (агар шахснинг қадр-қиммати беодоблик билан таҳқирланган бўлса) мувофиқ судга бериши мумкин.
Бу чоралар, шубҳасиз, ўзини оқлайди ва оммавий ахборот воситалари ҳамда журналистлар масьулиятсизлигининг олдини олишга хизмат қилади. Ҳайратланарлиси, ўзини таҳқирланган ҳисоблайдиган шахс кўпинча бошқача йўл тутади – даьво аризасида ёки ўзининг оммавий чиқишида унга нисбатан «айбсизлик презумпциясига амал қилинмаганлиги»ни, «суднинг ҳукми бўлмасдан туриб» уни «жиноятчига чиқарган»ликларини таькидлайди. Албатта, бу йўл шаьн, қадр-қимматни тиклаш учун деярли самарасиз эканини «даьвогар» тушунади, чунки Ўзбекистон қонунчилигида мазкур «жиноят» — айбсизлик презумпцияси принципига амал қилмаганлик учун ҳеч қандай санкция кўзда тутилмаган. Нега унда бу иддао даьвогарларнинг тили учида туради? Гап шундаки, у шахсга нисбатан унинг ўғрилиги, фирибгарлиги ёхуд жиноятчилиги ва ҳоказолар борасида айблов ҳукми чиқарилмаганлиги ёки ҳали кучга кирмаганлигини рўкач қилиб, ҳар қандай айбловдан айбноманинг моҳиятини очмасдан ҳимояланиш имконини беради. Агар даьвогар фукқаролик даьвоси тартибида ўз шаьни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини поймол этувчи маьлумотларни тарқатганлик учун судга берса, ишни кўриш айбловнинг моҳиятини аниқлашга қаратилади ва жавобгар айбловнинг ҳаққонийлигини исботлаб бериши ҳам мумкин бўлади. Жиноят процессида ҳам жабрланувчи ўзи ёки прокурор ёрдамида тарқатилган маьлумотларнинг нотўғрилигини исботлаши лозим бўлади. Шундай қилиб, «айбсизлик презумпцияси принципи бузилди», — деган иддао билан мурожаат қилиш кўпинча оммавий ахборот воситаларида танқид қилинган шахснинг бу айбловларни моҳиятан кўриб чикишдан ўзини олиб қочаётганидан ёки бунга тайёр эмаслигидан далолат беради.
IV. ЖИНОЯТ КОДЕКСИ АТАМАЛАРИ ВА ЖУРНАЛИСТ МАТНИНИНГ ТИЛИ
Ҳақиқатан ҳам, журналист ўзига маьлум бўлган шахсларнинг, журналистнинг далилланган фикрига кўра, маьлум (талон-тарож, порахўрлик, совуққонлик, қотиллик ва ҳоказо) жиноятлар таркибини ташкил қилувчи ҳаракатлар содир қилганликлари тўғрисидаги ўз тахминлари ва талқинларини ошкор этиши мумкин бўлган далилларнинг зарур ва етарли ҳажми ҳамда ҳажми тўғрисида баҳслашиш мумкин. Айни пайтда, шубҳа йўқки, журналистика мезонларига кўра бу далилларининг шамойили жиноят-судлов процесси қоидалари талабларига қараганда у қадар жиддий бўлмаслиги мумкин: бир томондан, журналистда терговчи ва судники сингари далилларни йиғиш, қайд этишнинг ҳуқуқий воситалари йўқ, аммо, иккинчи томондан, газетанинг мақоласи, радио ёки телевидениенинг хабари, шукрки, тилга олинган шахс жиноий, маьмурий ёки бошқа бир юридик шаклда жавобгарликка тортиладиган ҳукм эмас.
ОАВ нашрларида, радио ва телевидениеда ошкор этилган ғайриҳуқуқий ҳаракатларни фош қилувчи маьлумотларни текшириш прокуратуранинг ҳуқуқи ва бурчидир. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 327-моддасига кўра: «Муайян жиноят тўғрисида матбуот, радио ва телевидение, ҳужжатли кинофильмлардаги, шунингдек оммавий ахборот воситаларига йўлланган, лекин эьлон қилинмаган хатлардаги хабарлар жиноят ишини қўзғатишга сабаб бўлади». Кўряпмизки, Ўзбекистон Республикаси ЖПК оммавий ахборот воситаларига мазкур шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилгунича жиноий ҳаракатлар тўғрисида хабар бериш ҳуқуқини нафақат билвосита беради, балким прокуратурага бундай хабарларни текшириш вазифасини бевосита юклайди. ОАВ хабарларига нисбатан айбсизлик презумпциясини қўллаш эса ЖПКнинг мазкур моддасига зид келади, журналистларни содир этилган ёки этилаётган жиноятлар тўғрисида хабар бериш, жиноятчиларни ўз номи билан аташ имконидан маҳрум этади.
Албатта, журналист масьулиятни ўзига олиб, суд бўлмасидан (эҳтимол, суд умуман бўлмас ҳам) у ёки бу шахсни жиноят содир қилганликда, дейлик, порахўрликда айблайдиган мақолани берган газета ёки шундай кўрсатувни эфирга узатган телетаҳририят оз ёки кўп даражада таваккал қилади, мазкур мақола, кўрсатув ёхуд эшиттириш муаллифи билан жавобгарликни бўлишади. Масала таҳририятни ва муаллифни бу жавобгарликдан халос қилиш борасида эмас, агар маьлумотлар ҳақиқатга тўғри келмаса, жавобгарлик муқаррар юзага келади. Масала шундаки, айбсизлик презумпциясини ОАВга қўллаш умуман бундай хабарни тўғри-нотўғрилигидан қатьи назар бериш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Ҳолбуки, оммавий ахборот воситалари ҳар қандай ахборотни, шу жумладан содир қилинган ва қилинаётган жиноятлар тўғрисидаги маьлумотларни ҳам бериш ҳуқуқига эга бўлиши лозим (бусиз уларнинг кераги ҳам йўқ) ва шундан сўнг бу ахборотлар нотўғри бўлган ҳолларда масьулиятни ҳам ола билиши керак.
V. АРАЛАШИШМИ ЁКИ ТАЬСИР ЎТКАЗИШ?
Албатта, суд амалиётида «айбсизлик презумпцияси принципини бузганлик»ка нисбатан чора қўллашга боғлиқ ҳолатга судларнинг ўзи қатта таьсир ўтказиши мумкин. Ачинарлиси, судларнинг ўзи ҳам ҳали қонуний кучга кирмаган ҳукм ёки қарор ҳақида фикр билдириш ноқонунийлиги ҳамда ОАВ орқали судга таьсир ўтказиш мумкин эмаслиги борасида фикр билдирадиларки, бу ҳам оммавий ахборот воситаларини айбсизлик презумпциясига амал қилмаганликда айблашга ўхшайди. Бундай низога Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 236-моддаси («Тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш») ҳуқуқий асос қилиб олиниши мумкин. Мазкур моддада кўзда тутилишича, «тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш, яьни ишнинг ҳар томонлама ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш мақсадида суриштирувчи, терговчи ёки прокурорга ёхуд адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарилишига эришиш мақсадида судьяга турли шаклда қонунга хилоф равишда таьсир ўтказиш» жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Керак бўлганда, мазкур модда ОАВни, журналистларни судьяларга ва халқ маслаҳатчиларига мақолалар, радиоэшиттиришлар ёки телекўрсатувлар орқали руҳий таьсир ўтказишда айблаш ҳамда анчайин оғир жазога — уч йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосига мустаҳқиқ қилиш имконини яратади.
Бошқа томондан, менинг назаримда, инсонлар тақдирини ҳал қиладиган муҳим лавозим бўлган судьяликка ўзига ишонадиган, қонунни пухта биладиган, матбуотдаги мақолаларга чув тушмайдиган, фақат қонунга кўра ҳукм чиқара оладиган даражада жасур, иродали кишилар тайинланиши лозим. Янада аниқроқ айтганда, иродаси суст, ташқи таьсирларга бериладиган, бўш-баёв кишилар судья қилиб тайинланмаслиги керак. Элнинг бир ҳовучинигина ташкил этадиган «таьсирчан» судьяларни асраш учун «айбсизлик презумпциясига амал қилиш» ёки «судга таьсир ўтказмаслик» баҳонасида бутун халқнинг оғзини беркитиш, халқнинг «кўзи, қулоғи ва тили» ҳисобланган оммавий ахборот воситаларига танқид қилишни ман этиш аянчли бўлмаганида, эҳтимол, кулгили бўларди.
Ҳақиқатан, судья ҳам бошқа тирик одамлар сингари ОАВ орқали тарқатилган ахборотларни қабул қилиш-қилмасликда эркли бир инсондир. У ишни кўриш давомида доим жиноят ишига доир фактларга тааллуқли бир-бирига қарама-қарши фикрларга, турли тахминлар ва фаразларга дуч келади. Ишда иштирок этувчи томонлар ёки учинчи шахслар ОАВ орқали судьяга, халқ маслаҳатчиларига ёки бошқа бировга таьсир этиши мумкин бўлган ўз фикрларини билдиришларида ҳеч бир ёвузлик яширин эмас. Судья ҳукмни оммавий ахборот воситалари чиқишлари асосида эмас, фақат «қонуннинг барча талабларига амал қилинган ҳолда ва қонун асосида» (Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 455-моддаси) чиқаради.
Ўзбекистон Республикаси «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддаси 3-қисмида ҳам шу тахлит қоидани жойлашга ҳаракат қилинган: «Прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз дастлабки тергов материалларини эьлон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг ҳал қилув қарори ёхуд ҳукми қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёки судга ўзгача йўл билан таьсир кўрсатиш таьқиқланади». Тергов ва суриштирув сирини сақлаш масьулияти ишда иштирок этувчи сифатида тергов ва суриштирув материалларидан хабардор бўлган, уларни ошкор қилмаслик ҳақида терговчи томонидан ёзма огоҳлантирилган шахсларга юклатилганлигини эьтироф этамиз. Судга «таьсир ўтказиш» тўғрисида ўз мулоҳазаларимизни юқорида билдирдик. Жиноят содир этилгач жиноий иш очилади (қанча жиноятлар қайд этилмай, очилмай ҳам қолади), ойлаб, йиллаб тергов ва суриштирув олиб борилади, суд бўлади, ҳукм чиқарилади. Ҳукм ҳам кучга киргунча шикоят қилиниб, ойлаб, йиллаб турли инстанцияларда кассация, назорат тартибида кўрилади. Эрталабки янгилик пешинда эскириб турган бир замонда жиноятлар ҳақида бир неча ойлар ўтгач ёзишдан муддао нима бўлади?! Жамиятда содир бўлаётган вокеаларни жамоатчиликдан бекитиш тузумнинг демократизмига хизмат қилмаслиги аниқ.

АЙРИМ ХУЛОСАЛАР
Халқаро ҳуқуқий меьёрларга ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қоидаларига кўра, шахснинг айбдорлиги судда қонуний тартибда, ошкора кўрилиб, аниқланмагунча уни давлатнинг мансабдор шахслари айбсизлик презумпциясига амал қилишлари лозим, яьни мансабдор шахслар судгача айбланувчи шахснинг айбдорлигини ошкора баён этишлари ман қилинади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига биноан сўз, фикр ва эьтиқод эркинлиги кафолатланган журналистлар ва оммавий ахборот воситаларининг бошқа муаллифлари ҳамда фуқаролар жамиятдаги ўзларини қизиқтирадиган барча ҳодисалар, шу жумладан жиноятлар тўғрисида ўз фикрларини бемалол айтишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 26-моддасининг «жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар қандай шахс» деган ифодасида кўзда тутилган айбланувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида белгиланган тартибда айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниши ҳақида қарор чиқарилган пайтдан бошлаб айбсизлик презумпцияси ҳимоясига олинади.
ОАВнинг фош этувчи, танқидий мақолалари, кўрсатув ва эшиттиришларидан «жабрланган» мансабдор ва бошқа шахслар айбловларнинг моҳиятан муҳокама этилишини талаб қилиш ўрнига, «суд ҳукми бўлмаса-да, айблагани учун» журналистларни жавобгар ҳисоблашни афзал кўришади. Ҳолбуки, «жиноят содир этганлик мақомини бериш» маҳносидаги «ҳисолаш» ҳуқуқи ва мажбурияти фақат давлатнинг ваколатли мансабдор шахсларига берилган. Журналист кимнидир «фирибгар», «жиноятчи», «порахўр» ва ҳакозо «ҳисоблаши» мумкин эмас, у шундай аташи мумкин, халос. Айни пайтда, аксарият ҳолларда журналист бу сўзларга Жиноят кодексидагидан ўзгача маьноларни юклайди. Бундан ташқари, журналист ўзига маьлум шахсларнинг ўзига маьлум қонунбузарликлари тўғрисидаги маьлумотларни ошкор қилган ахборотнинг ўзигина ахборотда тилга олинган шахсни бирор-бир жавобгарликка тортишга асос бўлмайди.
Айбсизлик презумпциясининг моҳияти ва мақсади эса айнан айбланувчини суднинг ҳукми кучга киргунча жавобгарликка ва жазога тортилишидан ҳимоя килишдадир, асло оммавий ахборот воситаларининг оғзини тақа-тақ беркитишда эмас.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *