• Сб. Мар 15th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

МУСТАҚИЛЛИК ТУҲФАСИ

Май 31, 2012

Зоминнинг тоғ-чанғи трасссаси

Абулфайз Баратов

Иккинчи мақола

Зоминнинг етарли даражада фойдаланилмаётган сайёҳлик потенциалини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда БМТ Тараққиёт Дастурининг “Маҳаллий бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш мақсадида, фуқоролик иштироки ва ҳамкорлик” лойиҳаси доирасида тадқиқотлар, тренинглар ва бошқа ишлар амалга оширилмоқда деб, хабар берган Зомин ҳокимлиги матбуот маркази.

Қиш мавсумида Зомин тоғларида тоғ-чанғи сайёҳлигини ривожлантириш ниҳоятда истиқболлидир. Мутахассисларнинг фикрича, у ердаги қор қишда қуруқ бўлиб, чанғи учиш учун жуда қулай. Бундай манзара Зоминнинг шифобахш ҳавосидан бир марта бўлсада, кўксини тўлдириб нафас олган кишига завқ бағишлайди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ва “Зомин” санаторияси касаба уюшмасининг тоғ-чанғи спорт мактаби мутахассислари ҳамкорлигида санатория ҳудудида узунлиги 350 метр, тиклиги 15 градус бўлган тоғ-чанғи трассаси қуриб битказилди. Трасса асосан ҳаваскор спортчи ўсмир ва ёшлар учун мулжалланган. Бу спорт турининг ҳали Ўзбекистонда оммалашмагани ҳисобга олинса, унчалик мураккаб бўлмаган трасса Жиззах, Самарқанд ва Сирдарё вилоятлари спорт ишқибозларининг севимли жойига айланиши шубҳасиз.

Маълумки, 2012 йил – “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилинган. Шу муносабат билан ёш оилалар “Зомин” санаториясида тоғ-чанғи спорти билан шуғулланиш бўйича қисқа вақтда арзон нархларда илк тажриба орттириш имконига эга бўлдилар. Келгусида бу ерда тоғ-чанғи спорти анжомларини (тоғ чанғи спорти ботинкаси, чанғи, таёқ, қўлқоп ва кўзойнаклар) ижарага бериш ташкил этилади.

Зоминнинг хушманзара тоғли ҳудудларида жойлашган хонадонларда 14 та “Мехмонхона-уйлар” ташки этилди. Айниқса, Дуоба, Тераклисой, Тоғтерак, Ўрикли, Ҳулкар, Бешбулоқ, Хатаб, Пишоғар қишлоқларида жойлашган энг шинам, шарқона услубда қурилган ҳовлиларда бундай меҳмонхона уйларнинг ташкил этилаётгани қувончлидир. Уларнинг асосий жиҳатларидан бири, мазкур “Меҳмонхона-уйлар” мафтункор табиат қўйнида жойлашган бўлиб, маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни ўзининг миллий урф-одатлари ва қадриятлари билан бир қаторда, пазандачилик санъати ҳамда шарқона меъморчилик услуби билан ҳам мафтун этмоқда.

Даволаниб, соғлигини мустаҳкамлашга эҳтиёж сезган кишиларга яратилаётган бундай қулайликлар Зоминнинг шуҳратини янада оширишга хизмат қилиши муқаррар. Буюк ипак йўлида жойлашган бу гўзал маскан бобомиз Амир Темур замонида ҳам маълум ва машҳур бўлган. Мустақиллик эса унга чинакам шон-шуҳрат ато қилди. Вақти келиб ҳаваскор ёш спортчилар билан бир қаторда машҳур тоғ-чанғи спорт юлдузлари ҳам беллашадилар. Уларнинг Зомин тоғларида спорт-чанғи трассаларида ўзининг бу борадаги маҳорат ва тажрибасини дунёга кўз-кўз қиладиган вақт узоқ эмас.
Вақти келиб, сайёҳлар ҳордиқ чиқариш ва даволаниш учун Қрим, Ялта ёхуд хориждаги бошқа курорт ва санаторийларга бориб юрмайдилар. Бундай гўшалар Ўзбекистонимизда, шу жумладан Зомин ва Бахмал тоғлари бағрида қад кўтариб, минглаб мижозларига бағрини очадиган кунлар узоқ эмас.

Абулфайз БАРОТОВ.

www.yangidunyo.com

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *