• Сб. Мар 15th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Оқланмаган ишонч қиссаси» (2-5)

Май 31, 2012
«Оқланмаган ишонч қиссаси» (2-5)
«Оқланмаган ишонч қиссаси» (2-5)

ИСМАТ ХУШЕВ

Оқланмаган ишонч қиссаси (ёхуд «Президент эркаси»нинг хотиралари)

Иккинчи китоб

«Оқланмаган ишонч қиссаси» (2-5)

5-боб

АКАДЕМИК САХАРОВ

(ёки унга ўзбек халқи номидан эълон қилинган лаънат тафсилотлари )

Атоқли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг «ИНСОН» қасидасида шундай мисралар бор:

Заррани ижод этиб,
Даҳшат бало бунёд этиб,
Оқибатин ёд этиб,
Ҳайрон ўзинг, ҳайрон ўзинг!

Шеър 1973 йили ёзилган. Етмишинчи йилларнинг бошларида эса Совет матбуотида академик Сахаровни бадном этиш кампанияси бошланган эди. Айнан ўша пайтларда кенг жамоатчилик Сахаров атом бомбаси кашфиётчиларидан бири эканини яхши биларди…

Кўпчиликни, жумладан, Эркин Воҳидовни ҳам ҳайрон қолдирган нарса шу бўладики, Сахаров энди ўзи кашф этган «даҳшат бало»ни бутунлай таъқиқлаш ёки жамоатчилик назорати остида қатъий чеклаш таклифини илгари суради.

Академик Сахаровнинг таклифи шунчаки популизмдан иборат эмасди. У ўзи яратган «зарра» инсоният бошига қандай кулфатлар келтириши мумкинлигини буюк олим сифатида яхши биларди. Бу лаънати «зарра» ер юзидан ҳаётни батамом йўқотиб юбориш қудратига эга эди!

Олим ўз кашфиётига одам сифатида қарши чиқади. Сахаров кашфиётлари учун олган Ленин ва Давлат мукофотларини — ўз шахсий ҳисобида сақланаётган пулларни давлат хазинасига топширади.

Бир пайтлар академик Сахаров билан дала боғ-ҳовлиси (дача) да қўшни бўлиб яшаган машҳур қўшиқчи Галина Вишневская (янада машҳур созанда Мстслав Ростроповичнинг рафиқаси) ўз хотираларида ёзишича, Сахаров уч марта Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, Ленин ва Давлат мукофотлари учун олган 150 минг сўмга яқин пулни ўз қўли билан давлат хазинасига қайтариб топширган эди!

150 минг сўм! 70-йилларда бу пулларга дунёнинг талай молини сотиб олиш мумкин эди. Бироқ, кассадаги ҳисоб рақамида хемири ҳам қолмаган оламшумул олим бозор-ўчарни ҳам уйига ўзи орқалаб келарди, оддий фуқаролар каби метро ва автобусларда осилиб юрарди…

У нафақат хўжакўрсинга «даҳшат бало»дан юз ўгиради, балки ўзи ҳалол меҳнати эвазига ишлаб топган «макруҳ» бойликдан, имтиёзларидан ва янада муҳимроғи — шахсий ҳузур-ҳаловатдан воз кечади!

Айнан ҳузур-ҳаловатдан, бола-чақасининг «келажагидан» воз кечолмаган қанча-қанча буюк зотлар «оч қорним — тинч қулоғим» қабилида яшашни мақул кўрадилар. Оқибатда уларнинг ҳаётида ҳалол билан ҳаром аралашиб кетади…

…Сахаровлар авлодида бир нечта руҳонийлар ўтган эди. Руҳоний-диндорлар сафини дастлаб академикнинг бобоси Иван Николаевич тарк этади. У адвокат бўлади, адабиёт ва жамоатчилик ишлари билан машғул бўлади — 1906 йилда «Ўлим жазосига қарши» номли тўпламга ҳомийлик қилади.

1906 йилда Россияда ўлим жазосига қарши бош кўтариш учун отнинг калласидек юрак бўлиши керак эди: ҳарбий-дала судлари инқилобчиларни ушлаган жойида дорга осаётган бир пайтда “давлат сиёсати”га қарши чиқиш қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳамма билса керак.

Бўлажак академикнинг отаси — Дмитрий Иванович физика-математика фанлари ўқитувчиси, илмий-оммабоп китобларнинг ва бир қанча дарсликларнинг муаллифи эди.

Дунёнинг олтидан бир қисмини ташкил этган (жўғрофий маънода) «озод ва обод» Советлар мамлакатида қатли ом авж олган 1938 йилда Андрей Сахаров ўрта мактабни «аъло» баҳолар билан тамомлайди ва Москва университетининг физика факультетига ўқишга киради.

Иккинчи жаҳон уруши қизғин паллага кирган 1942 йилда университетни ҳам «аъло» баҳолар билан тамомлайди. Уни Волга бўйларига кўчирилган ҳарбий заводга ишга юборадилар. Орадан икки йил ўтгач, Сахаров назарий физика масалаларига бағишланган бир нечта мақола ёзиб Москвага юборади. Навқирон тадқиқотчининг илмий мақолалари олимлар диққатини жалб этади ва Сахаровни Фанлар Академиясининг Физика институтининг аспирантурасига ўқишга оладилар.

1948 йилда ёш олимни термоядро қуролини тайёрлаётган илмий-тадқиқот гуруҳига аъзо қилиб киритадилар. Кейинги йигирма йил мобайнида ўта махфий ҳолатда қора терга ботиб меҳнат қилади.

У атом бомбасидан ҳам бир неча баробар қудратли бўлган термоядро қуролининг яратилишига бевосита алоқадор бўлгани учун бир неча марта энг олий мукофотларга сазовор бўлади.

Айни чоғда у «даҳшат балони ижод» этиб қўйганини англаб етади ва ҳайратдан ёқасини ушлайди. Ўзининг ҳайратланишини «Тараққиёт, тинч-тотув яшаш ва маънавий эркинлик тўғрисида» номли мақоласида тўла-тўкис ифодалайди.

Мақола ёзилгач, яъни 1968 йилдан эътиборан Сахаров махфий йўсинда олиб борилаётган ишлардан четлаштирилади.

1970 йилнинг март ойида Сахаров «ҳаммамиз учун ҳурматли бўлган» Л.И.Брежневга «Эслатма хат» жўнатади. Лекин ўз хатига жавоб олмагач, орадан 15 ой ўтгандан сўнг, ўша хат нусхасини норасмий нашриётларга топшириб юборади — «Эслатма» яширин тарзда омма орасида тарқалиб кетади.

Академик Сахаровни бадном қилиш кампанияси айнан 1972 йилда авжига чиқади. 1973 йилда эса Эркин Воҳидов томонидан «ИНСОН» қасидаси ёзилади…

1975 йилда Сахаровга Тинчликни сақлаш бўйича халқаро Нобель мукофоти берилади. Лекин мукофотни олиш учун академикни мамлакатдан ташқарига чиқармайдилар — «сиримизни фош этиб қўяди», деб хавотирланадилар.

1975 йилнинг 11 декабрь куни академикнинг рафиқаси Елена Боннэр Осло шаҳри (Норвегиянинг пойтахти — Тинчлик соҳаси бўйича Нобель мукофоти тақдим этиш маросими) да академик Сахаров номидан маъруза қилади.

Энг қизиқ жойи шундаки, давлат раҳбарлари Сахаровнинг Нобель мукофоти олишини асло истамайдилар, имкон қадар қаршилик кўрсатадилар, лекин қайсар академик барибир ўша мукофотни олгач, уялмасдан ундан солиқ талаб қиладилар!

Солиқдан ортган пулига эса Сахаров «Москвич» енгил машинаси харид қилади. «Волга» ёки «Жигули» ҳам сотиб олиш мумкин эди, бироқ «рўзғорбоп» улов олишни маъқул кўради. Чунки Сахаров табиатан ҳашаматли ҳаётни ёқтирмасди, камтарона ҳаёт кечиришини афзал кўрарди.

1980 йилда академик Сахаров ҳибсга олинади. Кейин рафиқаси икковини Горький шаҳарчасига сургун қиладилар.

Бу шаҳар худди ўзимизнинг Термиз шаҳри каби «ёпиқ зона» ҳисобланарди. У ерга хорижликлар умуман киритилмасди, махсус рухсатномаси бўлган СССР фуқароларигина минг чиғириқдан ўтказиб шаҳарга киритиларди.

Хуллас, 1986 йилга қадар Сахаровлар «уй қамоғида» сақланадилар.

Фақат 1986 йилнинг декабрь ойидагина Сахаровнинг уйига «қайта қуриш» шабадаси кириб боради: Кутилмаганда бу хонадонга телефон тушириб беришади. Эртаси куни Сахаровга КПСС Марказий Комитетининг Бош секретари М.С.Горбачёв сим қоқиб: «Москвага қайтишингиз мумкин, сургун муддатингиз тамом бўлди», дейди.

Ажабки, орадан уч йил ўтгач, ўша Горбачёв СССР халқ депутатларининг съездида Сахаров гапираётган пайтда микрафонни ўчириб қўяди ва «индамас кўпчилик» томонидан академикнинг «лаънатланиши»га шароит яратиб беради.

Академик Сахаровнинг мухтасар таржимаи ҳоли ана шундай эди. У СССРнинг парчаланиб кетишини кўрмади. 1990 йилда тўсатдан оламдан ўтди. Ўлими олдидан айтган энг охирги сўзлари: «Эртага жанг бўлади!» деган эди.

Дарҳақиқат, эртаси куни СССР халқ депутатларининг съезди ўз ишини давом эттириши лозим эди, унда муҳим масалалар муҳокама этилиши мўлжалланган эди…

Съездда академик Сахаров биринчи бўлиб Афғонистон тўғрисида гапирганди:

— Афғонистондан дарҳол Совет қўшинлари олиб чиқиб кетилиши лозим. Шунча шарманда бўлганимиз, бутун дунёнинг олдида иснодга қолганимиз етади. Қанчадан-қанча бегуноҳ инсонларнинг ҳаётига зомин бўлдик… Мен жафокаш афғон тупроғида, адолатсиз уруш чоғида ҳалок бўлган совет аскарларини қораламоқчи эмасман. Илойим, уларнинг гўрлари нурга тўлсин! Лекин улар калтабин раҳбарларнинг аҳмоқона буйруғини бажараман деб азиз жонларини қурбон қилдилар. Афсуски, жуда кўпчилик ёшларимиз нима учун урушаётганини ҳам билмасдан бекорга нобуд бўлдилар. Салкам ўн йил мобайнида Афғонистон хонавайрон бўлди, хароб бўлди. Афғонистонни «чекланган миқдордаги совет қўшини» хароб қилди. Бу қилмишимиз учун биз тарих олдида жавоб беришимиз керак… Ўртоқлар, келинглар, биз мардона туриб ўзимизнинг мудҳиш хатомизни тузатайлик. Ахир, ҳеч бўлмагандан кўра, кеч бўлгани ҳам яхши, деган ҳикматли гап бор… дейди Сахаров тутилиб-тутилиб.

Мен ҳозир академикнинг нутқини сўзма-сўз эмас, балки эсимда қолган маъносини қоғозга туширяпман. Сахаров съезд минбарида туриб гапираётган манзара ҳамон кўз ўнгимда турибди: «индамас кўпчилик» деб ном олган чаласавод, чалавиждон «халқ ноиблари» бақир-чақир қилишиб унинг сўзларини бир неча марта бўлиб қўяди, нотиқни адаштириб юборадилар.

Устига устак, съездни бошқариб бораётган М.С.Горбачёв ҳам маданиятсиз кимсаларга ўхшаб ўзбошимчалик билан Сахаровга ноўрин луқма ташлайди, «регламент»га амал қилишини талаб этади.

Ваҳоланки, депутат Сахаров ҳам «индамас кўпчилик» каби ўзига ажратилган вақт мобайнида истаган мавзусида гапириш ҳуқуқига эга эди.

Энг ёмони — Сахаров ўз нутқини тугатиб, минбардан тушиб кетганидан кейин рўй беради.

Бирдан ўзбекистонлик депутат Казаковага сўз берилади. Турсуной Жумабоевна исмли комсомол тарбиялаган, партия чиниқтирган аёл минбарга кўтарилади:

— Мен сизни лаънатлайман! — дейди у йиғламсираб. — Мен сизга лаънатлар ёғилишини тилайман! — деб ростакамига йиғлаб юборади.

Залда гулдурос қарсаклар янграйди…

Ана холос!

Нима деяётганини, нима қилаётганини англамаётган, тутқаноқ дардига йўлиққан битта хотин академик Сахаровни лаънатласа-ю, «индамас кўпчилик» бундан хурсанд бўлиб, жазаваси тутиб қарсак чалиб ўтирса!

Ахир, бу қандай бедодлик?!

Телевизордан бошини елкалари орасига қисиб, ўриндиққа чўкиб ўтирган Сахаровнинг аянчли ҳолатини бир неча марта экранга яқин келтириб кўрсатадилар.

Назаримда, ҳатто Марказий телевидениенинг техник ходимлари-ю, операторлари ҳам шу тобда бутун дунё академик Сахаров томонида эканини билишарди.

Ўзбекистондан СССР халқ депутати бўлиб сайланган «қонун чиқарувчи» хотин бўлса, жумлаи жаҳонга нафақат ўзини, балки бутун республикамизни шарманда қилиб ўтирибди!

Одатда, бундай ҳолат ҳақида «ўтириб қўйди» дейилади. Ҳа, Казакова хоним расмона «ўтириб қўйганди»…

Ўша куни негадир «Лужники»га бормагандим. Эҳтимол, Борис Ельцин билан учрашганимдан сўнг митингбозликдан ҳафсалам пир бўлган бўлса ажаб эмас.

Сахаров сўзлаган пайтда мен «Россия» меҳмонхонасининг ўзимга хатлаб берилган шинамгина хонасида телевизорга тикилиб ўтирган эдим. Бояги хонимнинг дод-фарёдини эшитганимдан сўнг бошимдан аланган чиқиб кетди. Ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Соатга қарасам, икки бўляпти. Демак, депутатлар ҳадемай тушликка чиқишади.

Қандай қилиб бўлса ҳам Сахаровга учрашмоғим ва ундан узр сўрамоғим керак. Ҳа, темирни иссиғида босиш керак. Кейин кеч бўлади. Кейин… Сахаровнинг кўнглида ўзбек халқига нисбатан қандайдир нохуш таассурот ўрнашиб қолиши мумкин.

Шундай ўй-хаёллар билан пастга югуриб тушдим. Ажаб, жанговар академикнинг мухлислари аллақачон Кремлдан то «Россия» меҳмонхонасигача «жонли девор» ҳосил қилишиб, қўлларида гул билан ул зоти шарифнинг келишини кутиб турардилар.

Ўша пайтларда Съезд иши тўғридан тўғри телевизор орқали олиб кўрсатилар, Кремлнинг атрофидаги майдон ва кўчаларда, депутатлар яшайдиган «Россия» меҳмонхонасининг фойе ва залларида ҳам катта катта экранлар қўйилган бўлиб, одамлар халқ ноибларининг ҳар бир айтаётган сўзини кўриб, эшитиб туриш имконига эга эдилар.

Ўзбек депутати томонидан ҳақоратланган ва лаънатланган академикни халқ чексиз меҳр ва муҳаббат билан кутиб олишга шай турар эди.

Ўнлаб телекамералар, юзлаб фотоаппаратлар шай қилиб қўйилганди.

Маҳаллий ва хорижлик журналистлар ниҳоятда бетоқат эдилар. Ҳамма Сахаровни интизорлик билан кутмоқда эди…

Ниҳоят олисдан Кремлнинг қўш табақали каттакон дарвозалари очилиб, ҳориган депутатлар тушлик қилиш учун «Россия» меҳмонхонасининг сон саноқсиз ресторанлари томон оқиб кела бошлашди.

Ниҳоят уларнинг орасидан рафиқаси Елена Боннэр ҳамроҳлигида тушлик учун меҳмонхонага келаётган академик Сахаров кўринди. Одамлар қўлларидаги гулларини академикнинг оёқлари остига отдилар. Оқ-қорани таниб қолган, виждони уйғонган халқ вакиллари «лаънатланган» зотни инсоний меҳр-муҳаббат билан кутиб олди.

— Андрей Дмитриевич, азизим, асло хафа бўлманг!

— Раҳмат сизга!

— Бахтимизга доимо омон бўлинг!

Сахаров боши билан одамларга миннатдорлик изҳор қилиб, аста-секин «жонли девор» орасидан ўтди-да рафиқаси билан меҳмонхона ресторани томон бурилди. Худди шу пайт, оломон сафини ёриб ўтиб, мен уларнинг йўлини тўсдим:

— Андрей Дмитриевич, мен «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасиданман! Илтимос, Сиз бизни кечиринг! Бизнинг депутатимиз нонкўрлик қилди. У аҳмоқ хотин, оғзига кучи етмайдиган, кимларнингдир ноғорасига ўйнайдиган аҳмоқлар ҳамма жойда ҳам топилади-ку! — дедим-у, бирдан ўпкам тўлиб йиғлаб юбордим.

— Сизга нима бўлди? Ўзингизни босинг… Э-э, парво қилманг, ахир, мен умр бўйи бунақа гапларни эшитяпман-ку! — деб менга таскин берган бўлди Андрей Дмитриевич.

Кейин мен бошқа гапира олмадим, кўзларимдан дув-дув ёш тўкиларди, холос.

Биз Сахаров билан юзма-юз турганимизда журналистлар атрофимизни қуршаб олишган эди. Бир нечта фотоаппаратлар дарҳол ишга туширилди.

Зийрак мухбирлар бизнинг ўртамизда қандай гап-сўз бўлиб ўтганини ҳам аллақачон ён дафтарларига ёзиб олишганди.

Во ажаб, Москванинг оқшомги газеталарида Сахаров билан менинг юзма-юз турган суратимиз босилиб чиқди! Барча суратлар остида: «Ўзбек журналисти академик Сахаровдан кечирим сўраяпти», деган изоҳ (тагсўз) бор эди ( Суърат берилади).

Ўша куни кечаси Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг иккинчи секретари Андрей Петрович Анишчевичнинг кўрсатмасига биноан мени «Россия» меҳмонхонасидан ҳайдаб чиқаришди.

Академик Сахаровдан кечирим сўраганимни Ўзбекистон раҳбарияти кечирмади…

Эртаси куни Тўлқин Омонов мени топиб: «Ислом ака, кечалари келиб ётиб юраверсин, лекин раҳбарларнинг кўзига кўринмасин, дедилар», деб Ислом Абдуғаниевичнинг омонат гапини етказди…

(давоми бор)

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *