— Сизнинг шеърларингизда ҳали шовқин кўп. Бу, ёшликка хос ҳолат, бу тириклик қувватининг керагидан ортиқ даражадалигидан далолат. Ўз-ўзича бу шовқин гўзал, гарчи санъатга алоқаси бўлмаса-да. Аксинча! Шовқин маънодорликка халал беради. Бироқ мен танқидчи эмасман. Мен тезда бошқа қиёфага киролмайман, сўнг ўз аслимга қайтиб ва оралиқни аниқ мувофиқлаштириб юборолмайман. Такрор айтаман, мен танқидчи эмасман. Мен маҳкум ва томошабинман, холос.
— Ҳакам ким?
— Тўғри, мен яна судда хизматчи ҳамман, бироқ ҳакамларни билмайман. Мен судда кичик муваққат ходимман, чоғи. Ботинимда ҳеч қандай барқарор нарса йўқ. Барқарор фақат изтироб. Сиз қай маҳалда ёзасиз?
— Кечқурун, оқшомда. Камдан-кам ҳолларда кундуз куни. Мен кундузлари ёзолмайман.
— Кундуз — буюк сеҳргар.
— Менга ёруғ, фабрика, уйлар, рўпарадаги дераза халал беради. Айниқса, ёруғ. Ёруғ диққатни чалғитади.
— Эҳтимол, у ботиндаги зулматдан чалғитар. Ёруғ одамдан устун келганда яхши, албатта. Агар бу даҳшатли, уйқусиз тунлар бўлмаганида эди, мен умуман ёзмасдим. Ҳозирги ҳолимда эса мен мудом ўзимнинг аянчли якка маҳкумлигимни ҳис этаман.
* * *
— Сиз шоирни Ғаройиб паҳлавондай тасвирлайсиз: унинг оёқлари заминда, боши эса булутлар орасида кўринмай кетган. Албатта, бу мешчанларча шартлилик нуқтаи назаридан айни рисоладаги образ. Бу — воқелик билан ҳеч қандай алоқаси йўқ, соҳир майллар сароби. Аслида шоир ўртаҳол одамдан-да хийла майда ва кучсиз. Шунинг учун у тириклик юкини бошқалардан кўра кескинроқ ва кучлироқ туяди. Унинг ўзига қолса қўшиқлари — фиғон, холос. Санъаткор учун ижод — изтироб, бу восита орқали у юрагини янги изтироблар учун бўшатиб олади. У сиймо эмас, ўз вужуди-қафасига қамалган ола-чипор қуш, холос.
— Сиз ҳамми?
— Мен мутлақо бесўнақай қушман. Мен — Kavka**, зағчаман. Тайнхофдаги кўмирчида шунақаси бор. Сиз уни кўрганмисиз?
— Ҳа, у дўкон олдида учиб-қўниб юради.
— Менинг бу туғишганим мендан кўра яхши яшайди. Тўғри, унинг қанотлари қирқиб қўйилган. Мени бундай қилишга ҳожат йўқ, чунки менинг қанотларим қуриб қолган. Энди менда на осмонга, на узоқ жойга парвоз қилиш имкони бор. Одамлар орасида саросималаниб йўртиб юраман. Улар менга шубҳаланиб қараб қўйишади. Ахир, мен хавфли паррандаман, мисоли ўғри хотиндай, зағчаман мен. Бироқ бу сиртдан қараганда шундай. Аслида мен ялтироқ буюмларга ўч эмасман. Шунинг учун менда ялтироқ қора пар-патлар ҳам йўқ. Ранг-қутим ўчган, кулдайман. Жон-жаҳди билан тошлар орасига бекинишга уринаётган зағчаман. Бу гаплар шунчаки, ҳазил… Бугун ёмон аҳволдалигимни сезиб қолманг, деб айтяпман бу гапларни.
* * *
«Жазо колонияси» китобчасининг илк нусхаси олингани муносабати билан:
— Ҳар қандай чалама-чатти қораламаларимнинг нашр этилиши доим юрагимга ғулғула солади.
— Нега уларни нашрга берасиз?
— Ҳамма гап шунда-да! Макс Брод, Феликс Велч, дўстларимнинг бари ёзганларимни сўраб-нетиб ўтирмай олиб қўйишади, кейин менга тайёр нашриёт шартномаларини олиб келишиб бошимни қотиришади. Мен уларга ножўя гап айтишни истамайман, охир-оқибатда иш қўлёзмаларимнинг нашр этилишигача боради, ахир, булар, очиғини айтай, ўта шахсий ёзишмалар ёки кўнгилли эрмаклар. Менинг одам сифатидаги кучсизлигимнинг шахсий далолатномлари эълон қилинади ва ҳатто сотилади. Чунки дўстларим Макс Брод бошчилигида бундан нима қилиб бўлса ҳам адабиёт ясашни хоҳлашади, менда эса ёлғизликнинг бу далолатномаларини йўқ қилишга етарли куч йўқ… Менинг ҳозир айтаётган бу гапларим, албатта, бўрттириш ва дўстларимга майда таъна-дашномлар. Аслида эса, мен шу қадар одобсиз ва уятсизманки, бу нарсаларни нашр этишда ўзим уларга ёрдамлашаман. ўзимнинг кучсизлигимни оқлаш учун атай атроф-муҳитни аслидан кўра кучли қилиб тасвирлайман. Бу, албатта, алдов. Мен, ахир, юристман. Шунинг учун ҳам ёмонликдан қочиб қутулиб кетолмайман.
* * *
«Ўтёқар»нинг Милена Есенская таржимасида чех тилидаги нашри муносабати билан Г.Яноух шундай деди:
— Повестда қуёш ва хуш кайфият тасвирлари жуда кўп. Унда гарчи бу ҳақда гапирилмаса ҳам.
— Бу повестда эмас, аксинча, ҳикоя қилинаётган объектда, навқиронликда. Ёшлик қуёш ва севгига тўлуғ. Ёшлик бахтиёр, чунки у гўзалликни кўриш лаёқатига эга. Бу лаёқат йўқотилганда ночор қарилик, руҳан сўниш, бахтсизлик бошланади.
— Демак, кексалик бахтнинг ҳар қандай имконини инкор этаркан-да?
— Йўқ, бахт кексаликни инкор этади. Кимки ўзида гўзалликни кўриш лаёқатини сақласа, қаримайди.
— Демак, «Ўтёқар»да сиз жуда ёш ва бахтиёрсиз.
— Узоқдаги нарсалар ҳақида яхши гапиришади. Улар яхши кўринади. «Ўтёқар» — аллақандай туш ҳақидаги хотиралар, ҳеч қачон рўй бермаган нимадир ҳақида. Карл Россман яҳудий эмас. Биз яҳудийлар эса, қариб туғиламиз.
* * *
Ўн олти ёшли Карл Россманнинг реал тимсоли бўлганмиди, деган саволга:
— Тимсоллар кўп бўлган ва бирорта ҳам бўлмаган. Бироқ булар бари энди ўтмишда қолди.
— Навқирон Россманнинг образи ўтёқарнинг образидай жуда жонли.
— Бу қўшимча маҳсулот, холос. Мен одамларни чизмайман. Мен воқеаларни ҳикоя қиламан. Булар картиналар, фақат картиналар.
— Демак, уларнинг тимсоллари бўлган. Картиналар асосида киши кўрган, кузатган нарсалар ётади.
— Нарсаларни, онгдан чиқариб ташлаш учун, фотосуратга туширишади. Менинг ёзганларим — кўрганимларимдан кўз юмишга уриниш.
* * *
«Ҳукм» ҳақида:
— Мен бу асарни ёзишингизда сизга нима туртки берганини билишни хоҳлардим. «Ф.га» бағишлов — оддий расмиятчиликмас. Сиз, албатта, бу китоб билан кимгадир ниманидир айтишни истагансиз.
— … «Ҳукм» — бир оқшом шарпаси.
— Бу қанақаси?
— Бу — шарпа.
— Бироқ сиз уни ёзгансиз.
— Бу — шарпадан ҳимояланишни кўзда тутиб ёзилган далолатнома, холос.
“Эврилиш” ҳақида:
— … Замза Кафканинг айнан ўзи эмас. “Эврилиш” иқрорномамас, бироқ у — маълум маънода — беадаблик… Ахир, ўз оилангда кана тарқагани ҳақида гапириш одобданми?
— Албатта, бу одобли жамиятга ёт ҳолат.
— Кўряпсизми, мен нечоғли одобсизман.
— Ўйлашимча, бу жойда “одобли” ёки “одобсиз” каби аниқловчилар ўринсиз. “Эврилиш” — қўрқинчли туш, даҳшатли шарпа.
— Туш ҳар қандай ваҳимали шарпадан ҳам даҳшатли бўлган воқелик устидаги пардани кўтарди. Ҳаётнинг фожеаси — ва санъатнинг қудрати ҳам шунда.
* * *
Г. Яноух ўқишни мўлжаллаган бир даста китобга қараб, Кафка шундай деди:
— Сиз ўткинчи нарсалар билан жуда кўп машғул бўласиз. Бу замонавий китобларнинг аксарияти — бугунги куннинг “йилт” этган акси, холос. Улар жуда тез сўнади. Сиз кўпроқ эски китобларни ўқиганингиз маъқул. Классикларни. Гётени. Эскиси ўзининг сирини — кўпга чидамлилигини намоён этади. Фақат янгилиги учун қадрлангани билан, барибир, бу китобларнинг умри қисқа. Бугун ажойиб туюлади-ю, эртага бемаънилигини рўй-рост фош этиб қўяди. Ўзи, адабиётнинг йўли шунақа.
— Поэзия-чи?
— Поэзия ҳаётни ўзгартириб юборади. Баъзи вақтда бу янада ёмон.
* * *
Кафкага Г. Яноух дўсти шоир Эрнст Ледерер1 ўзининг шеърларини махсус оч-ҳаворанг сиёҳда қандайдир ажойиб қоғозга ёзишини айтди.
— Ҳар қайси афсунгарнинг ўз тантана маросими бўлади. Гайдн, мисол учун, гўё тўй-томошага чоғлангандай, упали парикда мусиқа ижод қилган. Ижод – бир ҳисобдан руҳлар афсуни.
* * *
Г. Яноухнинг ҳикоялар тўпламини ўқигандан сўнг:
— Сизнинг ҳикояларингиз кўнгилда шафқат қўзғайдиган даражада ғўр. Ҳикояларингиз ҳодисалар ва нарсаларнинг ўзидан кўра, кўпроқ сизда улар уйғотган таассуротлар ҳақида сўзлайди. Бу лирика. Сиз борлиқни маҳкам тутиш ўрнига силаб-сийпалайсиз… Бу ҳали саънат эмас. Бу таассуротлар ва туйғулар ифодаси – очиғини айтганда, борлиқни тортиниб, журъатсиз пайпаслаш. Кўзлар ҳали орзу-ҳаваслар пардаси билан бекик. Бироқ бу аста-секин ўтади. Пайпаслаб қидиринаётган қўл, эҳтимол, гўё оловга теккандай, илкис тортилади. Эҳтимол, сиз чинқириб юборарсиз, пойма-пой сўзлаб ғудуранарсиз ёки тишни тишга босиб, кўзингизни мошдай жуда катта очарсиз. Бироқ булар бари сўзлар, холос. Санъат доимо кишидан бутун борлиғини бағишлашни талаб этадиган иш. Шунинг учун ҳам у туб моҳияти билан фожеали.
* * *
Кафка “Прагер пресс”нинг якшанбадаги адабий иловасида, афтидан Отто Пик уюштирган адабиёт ҳақидаги сўровномани кўрсатди. Бармоғи билан “Сиз ўзингизнинг келгусидаги адабий режаларингиз ҳақида нима дейсиз?” деган саволга ишора қилиб кулди:
– Бу аҳмоқона савол. Унга жавоб бериб бўлмайди. Ахир, яқин орада юрак қандай уришини айтиб бўларканми? Қалам юракнинг сейсмографик грифели, холос. У билан тебранишларни қайд қилиш мумкин, уларни олдиндан айтиб беришнимас.
* * *
Г. Яноух Кафкага иккита бир пардали – Валтер Хазенклевер ва Артур Шницлернинг2 Янги немис театрида қўйилган пиесалари ҳақида гапирди. “Томоша яхши чиқмади, — деди Г. Яноух. — Бир пиесанинг экспрессионизми иккинчисининг реализмига қоришиб кетади ва аксинча. Афтидан, репитиция қиёмига етмаган”.
— Эҳтимол. Прагадаги немис театрининг аҳволи жуда хароб. Умуман, бу молиявий, инсоний мажбуриятларнинг бутун бир мажмуи билан боғлиқ масала, кутилган томошабинлар эса йўқ. Бу пойдеворсиз эҳром. Актёрлар режиссёрларга бўйсиндирилган, режиссёрларни театр бирлашмаси қўмитаси олдида жавобгар маъмурият бошқаради. Уларнинг барисини бир бўғинга боғлаб бошқариб турадиган тизим йўқ. Бу ерда ҳақиқий немислар йўқ, шунинг учун ишончли, доимий томошабин ҳам йўқ. Ахир, ложа ва партерлардаги немисча гапирадиган яҳудийлар немислармас, айвонларда орқа ўриндиқлардаги Прагага келиб турадиган немис талабалари — ҳокимиятнинг олдига тушиб олган қўриқчилар тўдаси, душманлар, бироқ тингловчилармас. Бундай шароитда, албатта, жиддий ижодий натижаларга эришиб бўлмайди. Кучлар майда нарсаларга сарф этилади. Уринишлар, зўр беришлар беҳуда кетади, бу ҳаракатлар ҳеч қачон мақсадга — яхши спектакл намойишига олиб келмайди, Шунинг учун ҳам мен театрга тушмайман. Бу жуда қайғули.
* * *
Немис театрида Валтер Хазенкливернинг «Ўғил» драмасини намойиш қилишди.
— Ўғилнинг отага исёни — адабиётнинг қадим мавзуи ва дунёнинг энг кўҳна муаммоларидан. Унга драмалар ва трагедиялар бағишланган, аслида эса, бу комедиянинг материали. Буни ирландиялик Синг3 тўғри англаган. Унинг «Ғарб қаҳрамони» драмасида ўғил — отасини ўлдиргани билан мақтанадиган ғўр маҳмадана. Бироқ кейин саҳнада қария пайдо бўлади ва ота обрўсини тўккан оқпадарни фош этади.
— Назаримда, сиз ёшликнинг кексаликка қарши курашига умидсизлик билан қарайсиз.
— Менинг умидсиз қарашим бу курашнинг моҳиятан сохта кураш эканини ўзгартирмайди-ку… Кексалик — ёшликнинг келажаги, эртами, кечми у бунга эришади. Курашнинг нима кераги бор? Эртароқ қариш учунми? Тезроқ кетиш учунми?
* * *
Г.Яноух болалик чоғида онаси билан Полшанинг Пшемисл шаҳарчасидаги яҳудийлар яшайдиган мавзега боришганини эслайди. Ўшанда эски уйлардан, Ғира-шира дўкончалардан одамлар югуриб чиқиб келишганини, йиғлашиб, кулишиб онасининг қўлларини, кўйлагининг этагини кўзларига суртишиб ўпишганини, бунинг сабабини — онаси бир пайтлар кўплаб яҳудийларни уйига яшириб талончиликдан асраб қолганини — кейинчалик билганини айтиб беради.
— Мен ҳозир бу камбағал яҳудийларнинг геттосига чопиб бориб, жимгина, чурқ этмай уларнинг этагини ўпгим келаётир. Агар улар менинг ўзларига яқинлигимга индамасдан бардош билан тоқат қилишса, мен жуда бахтли бўлардим.
— Сиз шунчалик ёлғизмисиз?
Кафка бош ирғаб маъқуллади.
— Худди Каспар Гаузердай?4
— Каспар Гаузердан ҳам ортиқроқ. Мен ёлғизман, худди… Франц Кафкадай.
* * *
Макс Броднинг «Товламачи» пиесаси ҳақидаги суҳбатда Г.Яноух спектакл режиссурасини ўзи қандай тасаввур этишини айтади. Гап аёлларнинг пайдо бўлиши билан дарҳол вазият бутунлай ўзгариб кетган саҳнага кўчади; Г.Яноухнинг фикрига кўра, саҳнадаги персонажлар пайдо бўлаётган аёл олдида секин-аста чекинишлари керак эди; Кафка бу фикрни маъқулламайди.
— Худди яшин ургандай ҳамма ўзини орқага ташлаши керак.
— Унда жуда ҳам театрлашиб-сунъийлашиб кетарди.
— Ўзи шундай бўлиши керак. Актёр театрлашган бўлиши керак. Унинг туйғулари ва уларнинг юз ифодалари томошабиннинг туйғулари ва юз ифодаларидан кучлироқ бўлиши даркор, бу томошабинга кучли таъсир ўтказишга эришиш учун зарур. Театр ҳаётга таъсирини ўтказа олиши учун кундалик оддий турмушдан юқорироқ туриши, воқеалар шиддатлироқ кечиши лозим. Ўқ узаётганда мўлжални нишондан юқорироқ олган маъқул.
* * *
Эрнст Вайснинг «Таня»5 драмаси қўйилиши муносабати билан.
— Унда энг яхши жойи — Танянинг гўдаги иштирокидаги фантастик саҳна. Театр нореал нарсаларни реал қилиб намойиш этганда кучли таъсир кўрсатади. Шунда саҳна инсон қалбининг дурбинига айланади. Воқеликка ичдан туриб қараш имконияти туғилади.
* * *
Г.Яноух Кафкадан Казимир Эдшмиднинг «Икки бошли нимфа»6 («Теадор Дойблер ва маънисизлик мактаби» боби) китобида ўзи ҳақида айтилган фикрларга қандай қарашини сўрайди.
— Эдшмид мен ҳақимда шундай гапирадики, гўё мен конструкторман. Аслида эса, мен ўртамиёна, уқувсиз нусхакашман. Эдшмиднинг таъкидлашича, мен оддий кундалик воқеалар орасига мўъжиза-ю кароматларни тиқиштираман. Бу, шубҳасиз, унинг жиддий хатоси. Кундалик оддий воқеалар — ўз ҳолича мўъжиза! Мен фақат уларни қайд этаман. Эҳтимол, мен нарсаларни бироз ёритарман, нимқоронғу саҳнадаги ёритқичдай. Бироқ бу нотўғри! Ҳаёт саҳнаси умуман қоронғи эмас. У кундузнинг ёруғига тўла. Шунинг учун ҳам одамлар кўзларини қисиб қарашади ва кам нарсани кўришади.
— Дунёқараш билан ҳаёт орасидаги оғриқли номувофиқликка тез-тез дуч келинади.
— Ҳаммаси курашдан, жангдан иборат. Яшаш ва севилишга — уларни деб — ҳар куни жангга кирган инсонгина муносибдир7 , деган Гёте… Бу билан Гёте биз одамларга алоқадор деярли ҳамма гапни айтиб қўйган.
— Менинг дўстим Алфред Кемпф менга Освалд Шпинглер ўзининг Ғарб дунёсининг инқирози ҳақидаги таълимотини бутунисича Гётенинг «Фауст»идан олган деди.
— Жуда тўғри бўлиши мумкин-да. Олим деганларнинг аксарияти шоир оламини бошқа, илмий соҳага кўчиришади ва шу йўл билан шон-шуҳрат ва мартабага эришишади.
* * *
Кафка Г.Яноухнинг қўлида Кристиан Моргенштерннинг8 «Дорга осилган одам қўшиқлари» китобини кўриб қолиб сўради:
— Сиз унинг жиддий шеърларини ўқиганмисиз? «Вақт ва абадият»ни? «Поғоналар»ни?
— Йўқ, мен унинг жиддий шеърлари борлигидан ҳатто бехабар эканман.
— Моргенштерн ўта жиддий шоир. Унинг шеърлари шу қадар жиддийки, у ўзининг инсонга хос бўлмаган даражадаги жиддийлигидан «Дорга осилган одам қўшиқлари»да жон сақлашга мажбур.
* * *
Якоб Вассерманнинг «Каспар Гаузер ёхуд юрак танбаллиги» романи ҳақида:
— Вассерманнинг Каспар Гаузери энди ташлаб кетилган бола эмас. У қонуний, ҳаётда қўним топган, полицияда рўйхатга олинган, солиқ тўловчи. Тўғри, у ўзининг эски исмини ўзгартирди. Энди у Якоб Вассерман, немис ёзувчиси ва виллалар хўжайини. Зимдан у ҳам юрак танбаллигидан изтироб чекади, шу боис виждон азоби хуруж қилиб туради. Бироқ у изтиробу азобларни яхшигина ҳақ тўланадиган прозага айлантиради ва … шу билан ҳаммаси ҳал.
* * *
Г.Яноух отаси Алтенбергнинг9 насрдаги шеърларини яхши кўриб ўқишини ва газеталардан унинг кичик-кичик ҳикояларини қирқиб олиб йиғиб юришини айтди.
— Петер Алтенберг чиндан ҳам шоир. Кичик ҳикояларида унинг бутун ҳаёти акс этади. Унинг ҳар қадами, ҳар бир хатти-ҳаракати сўзининг ҳаққонийлигини тасдиқлайди. Петер Алтенберг — анчайин гений, кам учрайдиган идеалистки, қаҳвахона кулдонларидаги папирос қолдиқларидан дунё гўзалликларини топа билади.
* * *
Густав Майринкнинг «Голем»10 романи ҳақида:
— Асарда эски Праганинг яҳудийлар мавзеи муҳити яхши илғанган. Бизда ҳали ҳам жин кўчалар, махфий йўлаклар, қоп-қоронғи деразалар, кир-чир ҳовлилар, сершовқин ва сирли ишратхоналар бор. Биз янгидан қурилган шаҳарнинг кенг кўчалари бўйлаб юрамиз. Бироқ бизнинг қадамларимиз ва назаримиз қатъиятли эмас. Худди эски вайрона кўчаларда юргандай, ҳануз ич-ичимиздан қалтираймиз. Юрагимиз ҳали ободончиликни ҳис этмайди. Носоғлом кўҳна яҳудийлар мавзеи, атрофимиздаги тоза-озода янги шаҳардан кўра, миямизда мустаҳкамроқ ўрнашиб қолган. Уйғоқ ҳолимизда тушдагидай кезинамиз — ўзимиз ўтган замонларнинг шарпаларимиз, холос.
* * *
— Керкегор ҳаётдан эстетик завқ туймоқ керакми ёки маънавият қонунлари бўйича яшаган маъқулми, деган муаммо қаршисида туради. «Унисими — бунисими» деган муаммо Сёрен Керкегорнинг бошидагина мавжуд. Аслида эса, ҳаётдан завқ туйишинг мумкин, фақат маънавият қонунлари бўйича итоаткорона яшасанг. Бироқ бу менинг айни дақиқадаги фикрим, холос, бу фикрдан мен, эҳтимол, мулоҳаза қилиб кейинчалик воз кечарман.
* * *
— Сиз мендан маслаҳат олишни истайсиз. Бироқ мен ёмон маслаҳатчиман. Мен учун маслаҳат бериш, моҳиятан, доим хиёнат қилишни англатади. Маслаҳат — бизнинг бугунимизнинг кўзгуси бўладиган келажак олдида қўрқоқларча ортга тисарилишдир. Бироқ синовдан виждони тоза бўлмаган одамгина чўчийди. Яъни ўз даври зиммасига юклаган вазифани бажармаган одам. Лекин ўз зиммасидаги вазифани ким ҳам мукаммал билади? Ҳеч ким. Шунинг учун ҳам бизнинг бирортамизнинг виждонимиз тоза эмаски, бундай виждондан узоқроққа қочгинг — тезроқ уйқуга кетиб қутулгинг келади.
(Davomi bor) Ahmad Otaboy tarjimasi