• Вт. Янв 21st, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

ТОШКЕНТДА ЯНГИ БОЕИНГ -787-8 ДРЕАМЛИНЕР

Июн 2, 2012

Янги Боеинг-787-8 Дреамлинер самолёти дунё бўйлаб тақдимот парвозлари доирасида пойтахтимизга келиб қўнди.

…Халқаро аеропортнинг учиш майдонида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг раҳбарлари ва мутахассислари, АҚШнинг “Боеинг” корпорацияси вакиллари, кўплаб меҳмонлар ва журналистлар ҳозир бўлди. Карнай-сурнай садолари янграйди, байрамона кийинган қизлар қўлида гул билан учрашувга тайёргарлик кўрмоқда. Чиройли авиалайнер деярли шовқинсиз қўниб, тўхташ жойи томон бурилмоқда. Люк очилиб, ҳаво кемаси командири Ренди Невилл трапга чиқди, қўлида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи ҳилпирарди. Уни гулдурос қарсаклар билан кутиб олишди.

– Аҳил жамоамизга узоқ масофали парвоз давомида ажойиб мамлакатингизга қўниб ўтиш имконияти берилганидан бағоят хурсандман, – дейди Ренди Невилл. – Тошкентга келгунимизча Австралия ва Янги Зеландияда тўхтаб ўтдик. Парвоз харитасида Саудия Арабистони, Марокаш, Бирлашган Араб Амирликлари ҳам бор.

Боеинг-787-8 Дреамлинер – АҚШнинг “Боеинг” корпорацияси томонидан Боеинг-767 русумидаги авиалайнерларни алмаштириш учун қатор хорижий компаниялар билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган кенг фюзеляжли, икки маторли реактив йўловчи ташиш самолётидир.

– Ажойиб эксплуатация хусусиятлари ва йўловчилар учун барча зарур қулайликларни ўзида мужассам этган В-787 Дреамлинер келажак самолётига айланди, – дейди “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси бош директори Валерий Тян. – Йўловчиларимиз узоқ мамлакатларга парвоз пайтида бир самолётдан иккинчисига ўтмасдан манзилга етиб олишни истайди. В-787 Дреамлинер эса уларнинг бу истагини бажара олади.

Боеинг-787-8 ноёб композицион материалдан ишлаб чиқарилгани уни бошқа самолётлардан ажратиб турадиган ўзига хос хусусиятдир. Дунёдаги кўплаб замонавий ҳаво кемалари айнан ушбу материалдан тайёрланади. Бу самолёт вазнини енгиллаштириш, унинг парвоз пайтидаги барча хусусиятларини яхшилаш имконини беради. Шунингдек, ушбу самолётни ишлаб чиқаришда уни авиасаноатнинг ўзига хос инновация маҳсулоти бўлишига ёрдам берадиган замонавий материаллар, технологиялар, электроника ва компютер техникасидан самарали фойдаланилган.


Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *