Исмат ХУШЕВ: ТАРИХГА КИРГАН ВИЦЕ ПРЕМЬЕРЛАР (2-китоб, 28-боб) (1-5 қисмлар)
ПОДШО ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ
Иккинчи китоб, 28-боб
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Суратда: “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев Бош вазир ўринбосари Қаюм Ҳаққулов билан Ўзбекистон Олий Кенгашининг мажлислар залида, 1992 йил. Тошкент шаҳри.
Йигирма саккизинчи боб
ТАРИХГА КИРГАН ВИЦЕ ПРЕМЬЕРЛАР
(Қаюм Ҳаққулов, Бахтиёр Ҳамидов, Козим Тўлаганов ва Алишер Азизхўжаевларнинг сиёсий портретига шарҳ)
Чорак асрлик давр ичида Ўзбекистондаги Бош вазир ўринбосарлиги лавозимига кўпдан кўп мулозимлар келиб кетди. Агар ҳозир хотирада буларни мукаммал санаймиз десангиз, саноқдан адашиб кетасиз.
Лекин ғалвирни сувдан кўтарганда, менинг назаримда, бош вазир ўринбосарларидан кўп эмас, атиги уч –тўрт мулозим, ғалвирнинг устида қолса керак.
Қолганларининг эса келиб, кетганини биров билди, биров билмади…
Бу мулозимларни мен кўп жиҳатдан бир-бирига ўхшатаман. Улар ниҳоятда ишчан, талабчан, касбини пухта биладиган, малакали мутахассис, Президентга садоқатли инсонлар (эди).
Лекин уларнинг мулозимлик тақдири, Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги сиёсий карьераси мен кутгандан ҳам тамомила бошқача якун топди…
Суратда: Бош вазир ўринбосари Қаюм Ҳаққулов Бош муҳаррир Исмат Хушев билан…
1. Қаюм Ҳаққулов
Эсингизда бўлса, Қаюм Ҳаққулов Қарши шаҳар партия комитетининг биринчи секретари бўлиб ишлаётган пайтда мен Ислом аканинг тавсияси билан у кишининг олдига бориб: “Қаюм ака, мен область комсомол комитетига биринчи секретарь бўлмоқчиман!” деган эдим. “Кечирасиз, мен фақат шаҳар комсомол комитети биринчи секретарлиги лавозимини олиб беришим мумкин, обком комсомол тақдирини бошқа киши ҳал қилади”, деб Қаюм ака мени Отажонов ҳузурига бошлаб борган эди.
Бу ҳақда биз бафуржа биринчи китобда ҳикоя қилган эдик. Алихон Раҳматович ўша пайтда Қашқадарё обкомининг биринчи секретари эди.
Бу воқеадан кўп ўтмай Қаюм Ҳаққулов газ ва нефт комплекси бўйича Бош вазирнинг ўринбосари вазифасига тайинланади. Шуни айтишим керакки, Қаюм ака ҳамиша мен билан яқин муносабатда бўлиб келган. Ўша Қаршига борганимда менга ўзим истаган лавозимни олиб беролмаганидан хижолат бўлгани учунми, билмадим, ҳар қалай, у кишининг менга муносабати жуда илиқ эди.
Агар Қашқадарёдан кимки у кишининг ҳузурига киришни истаса, кўпинча менга учрашарди, сўнг Қаюм ака қабул қиларди. Кабинетимдаги “вертушка” дан у кишига телефон қилсам, маъқул кўрган кишини: “Олиб келинг” дерди. Маъқул кўрмаса: “Йўқотинг, керак эмас!” дерди.
Айрим кишиларни Қаюм ака умуман қабул қилмасди, қабул қилса ҳам жуда ҳушёрлик билан қабул қиларди. Тепадагиларнинг «Маҳаллийчилик қиляпти» деб ўйлашларидан қўрқарди. Хусусан, Қарши пединститутининг профессорлари Обод Жўрақулов, Малла Очилов ва Даврон Шодиевлар Ҳаққуловга мен орқали йўл топишган эди.
Кейинчалик Даврон Шодиев Қаршидан Тошкентга – Бешёғочдаги Педагогика илмий текшириш институтига директор бўлиб ишга ўтади. Бу ғоя менинг таклифим билан амалга ошган бўлиб, унда асосан Бош вазирнинг яна бир муовини Муҳаммаджон Қорабоев билан академик Пўлат Ҳабибуллаевларнинг хизматлари катта бўлган.
Гап шундаки, бу учала олим ҳам физика фани бўйича мутахассис эди. Муҳаммаджон Қорабоев Пўлат акани жуда ҳурмат қиларди, Даврон ака эса Ҳабибуллаевнинг яқин шогирдларидан эди. Хуллас, Пўлат Қирғизбоевичнинг тавсияси ва Муҳаммаджон Қорабев билан Қаюм Ҳаққуловларнинг қўллаб – қувватлаши оқибатида Даврон ака Қаршидан Тошкентга кўтарилиб келган эдилар…
Қаюм Ҳаққуловнинг қизиқ одатлари бор эди. Гоҳида мен у кишининг ҳузурига бориб қолсам: “Исматжон, Мавлон аканинг мен ҳақимдаги фикри қалай?” деб сўрарди. Жуда ҳушёр одам эди. У киши ҳар доим Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчисининг ўзи ҳақидаги фикрларини билиб туришни истарди.
“Албатта, жуда яхши, ака”, деб жавоб берардим. Баъзан: “Мавлон ака Сиз ҳақингизда ундай деди, бундай деди”, дердим. Аслида, Мавлон ака Бош вазир ўринбосари бўлган Қаюм Ҳаққуловдан чўчирди: Президентга уни яқинроқ деб ўйларди. Қаюм Ҳаққулов эса Мавлон акадан чўчирди: Президентга уни яқинроқ деб ўйларди.
Сиёсатнинг мана шунақанги ажабтовур томонлари ҳам бўларкан…
Қаюм ака бошқаларга ҳам, шу жумладан шахсан менга ҳам кўп яхшиликлар қилган, мурувватли, бағри кенг инсон. Бир куни Президент девонидаги Содиқ Сафоев раҳбар бўлган ташқи алоқалар бўлимидан телефон қилиб, вазирлик ва компания раҳбарлари Германияга йигирма кунлик расмий сафарга кетишяпти, лекин яна битта ўрин бор, деб хабар қилишди.
— Сиз ҳам бормайсизми? Бор-йўғи уч кун вақт қолди. Ўйлаб кўрсак, Исмат ака, Сизнинг имкониятингиз яхшироқ экан. Агар ҳаракат қилсангиз, улгуришингиз мумкин. Ўқув машғулотлари ҳам ўтказилади, яхшилаб дам олиб келасиз, – дейишди.
Мен табиатан ҳам, журналист сифатида ҳам — чет эл сафарларига боришга жуда ишқивоз эдим. Дарҳол Бахтиёр Ҳамидовнинг қабулхонасига бордим. У киши ўша пайтларда “Госкомпрогнозстат”нинг бошлиғи ва айни чоғда Бош вазир ўринбосари ҳам ҳисобланар эди. Бизнинг журналимиз эса “Госкомпрогнозстат”нинг органи бўлиб, Бахтиёр Ҳамидов бевосита раҳбаримиз (“Госплан” кейинчалик “Госкомпрогнозстат”га айлантирилган) эди.
Баҳодир Шоикромов деган у кишининг ёрдамчиси бўларди, жуда яхши йигит. Бориб, ундан илтимос қилдим.
— Бир пас шошмай туринг, ҳозир, деб у киши дарҳол Бахтиёр Ҳамидовнинг ҳузурига кириб кетди. Чиққанидан кейин: – Рухсат бермадилар. Шу ерда бўлиб турар экансиз, Исмат ака, узр, – деди Баҳодир хижолатомуз…
Бу дегани – “ўзингизни ҳадеб у ёқдан-бу ёққа уравермасдан, жимгина ишлаб ўтирар экансиз!” деган маънони англатар эди. Демак, Бахтиёр ака мени унчалик ёқтирмас экан. Аксига олиб Мавлон ака ҳам шу кунларда Исмоил Жўрабеков билан ҳоким алмаштириш учун қайсидир вилоятга кетиб қолишган эди. Равшанки, асабим бузилди. «Шошма», дедим ичимда, «сени бир боплаб қўймасам бўлмайди, шекилли».
Бахтиёр Ҳамидов Қаюм Ҳаққулов билан Ҳукумат уйи (СовМин) нинг битта қаватида ўтиришарди, иккови ҳам Бош вазирнинг ўринбосарлари эди. Мен тўппа-тўғри Ҳаққуловнинг ҳузурига кирдим. Ёрдамчи ва котибалар мени яхши танир, шу боисми, билмадим, йўлимни тўсишга журъат этолмадилар. Қолаверса, ҳамиша мен уларнинг рухсати билан ичкарига кирардим. Лекин бу гал шиддатимни кўриб, улар ҳеч бир қаршиликсиз мени ичкарига ўтказиб юборишди.
— Қаюм ака, шунақа-шунақа гаплар, дедим дадил. Агар соя-и давлатингиздан Германияга бориб келсам, яхши бўларди. Лекин бу масалани Бахтиёр Ҳамидов ҳал қилар экан, – дедим.
Аммо у кишининг ҳузурига кирганимни айтмадим.
— Бўпти, ҳозир гаплашамиз, – деб Қаюм ака шартта телефон гўшагини кўтарди.
Уларнинг Бахтиёр ака билан ўзаро ҳал этадиган қандайдир масаласи ҳам бор экан. Аввало, ўша масала юзасидан гаплашиб олишди. Сўнг:
— Исматжонни Германияга юборинг энди, бир ўйнаб келсин! – деди тўсатдан Қаюм ака.
— Бўлди, гап йўқ! – деб жавоб беради ўша заҳотиёқ Бахтиёр ака ҳам.
Қаранг, ҳозиргина “ўзини ҳар ёққа урмай, Тошкентда жуфтлаб ўтирсин!” деган одам бир пасда ўз қарорини ўзгартирди-қўйди.
Мен дарҳол унинг қабулхонасига бориб, яна Баҳодир акага учрадим.
— Э-э, қаёқларда юрибсиз, Исмат ака! Одамни шарманда қилдингиз-ку! Қани, зудлик билан ҳужжатларингизни расмийлаштиринг! Акс ҳолда сафардан қолиб кетасиз! – деб Баҳодир Шоикромов қувонч билан аризамга имзо чектириб чиқади.
Шундай қилиб уч кундан сўнг Германияга учиб кетганман.
Германияга кетишда бизга, чамаси, беш юз доллардан пул ҳам беришган. Ўшанда Рустам Азимов эндигина Ўзбекистон миллий банкига раҳбар этиб тайинланганди. Мен ундан илтимос қилганман, унинг ёрдами билан пулларни ҳам тезда алмаштириб, делегация аъзолари билан бир вақтда Германияга жўнаб кетишга улгурганман.
Суратда: “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (биринчи қаторда чапдан иккинчи) Ўзбекистон расмий делегация билан Германияда
Дарвоқе, Германияда биз меҳмонхонада эмас, балки ҳукумат Канцлерининг кўл бўйидаги шинам қароргоҳида яшаганмиз ва немис мулозимлари билан ҳар кунги расмий учрашув ва музокаралардан сўнг ўқув-машғулотларида қатнашганмиз.
Шу ерда айтиб ўтиш керак, ўшанда биз Германияга расмий сафар билан – давлат ҳисобидан борганимиз учун ҳам, йўл кира харажатлари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганмиз. У ерда йигирма кун яшаш, овқатланиш ва беш юлдузли қимматбаҳо меҳмонхоналарда туриш – аламижон пул бўлишини балмаганмиз.
Кейин ишдан урилиб, ўз ҳисобимиздан у ёки бу давлатга боришга тўғри келганидагина – мулозимлик даврининг чет эл давлатларига бўлган расмий сафарлари – раҳбарлик ҳаётимизнинг энг ёруғ ва нурли кунлари бўлганини ширин бир армон билан эслаб қўярдик…
Умуман, Қаюм Ҳаққулов боис эришган Германия сафари менда катта ва ёруғ таассурот қолдирган. Бу ҳақда ҳам бир кун ёзилар. Лекин ҳозир мавзудан чалғимайлик.
Ўшанда мен Германиядан бир дона галстук олиб қайтгандим. Ажаб, бу галстук жуда арзон ва “мода”дан қолган экан. Мен бундан бехабар, Тошкентга келиб, ўша галстукни Қаюм акага киритиб бердим. У киши:
— Овора бўлиб, бунақа нарсаларни кўтариб юрманг, Исматжон! – деди-ю, мен келтирган матоҳни дам олиш хонасидаги кийим жавонининг ичига отиб юборди…
Жуда мулзам бўлдим. Бош вазир ўринбосарининг кўнглини бир дона оддий галстук билан олмоқчи бўлган эканман мен содда. Кейинчалик галстукларнинг фарқига борадиган бўлдим.
Хуллас, Қаюм ака ўшанда менга бир яхшилик қилган эди…
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Қаюм Ҳаққулов Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари лавозимига тасодифий кўтарилган одам эмас. У киши даставвал, Тошкент политехника институтининг “горный” факультетини битириб, иқтисод фанлари номзоди бўлган. Кейин ўн йилдан зиёд – “Ўзбекнефтегазгеология” ва “Ўзбекнефт” ишлаб чиқариш бирлашмаларига раҳбарлик қилган.
Ислом Каримов Нормўмин Туроповнинг ўрнига Қашқадарё обкомининг биринчи секретари бўлиб келганларидан кейин Қаюм Ҳаққуловни ҳам Тошкентдан Қаршига ишга чақириб олади.
Мен биринчи китобимда ёзганимдек, Қарши шаҳар партия комитетининг биринчи секретари Валерий Александрович Лозицкий (бу ҳақда алоҳида боблар битилган) шаҳар партия комитетининг биринчи секретарлигидан Ислом аканинг ташаббуси билан қувилгандан кейин бу лавозимга Қаюм Ҳаққулов муносиб кўрилган. У киши Қарши горкомининг биринчи миллий раҳбари бўлганлар.
Бу ерда Ислом Каримовнинг миллийликка эҳтиромли бўлган принципиал позициясини ҳам алоҳида таъкидлиб ўтмоқ жоиз.
Қаюм ака асли Ғузорда туғилган. У кишининг оталари Жалил ака Қашқадарёда кўзга кўринган обрў-эътиборли, кайвони одам бўлган. Умр бўйи элим ва юртим деб яшаб ўтган бу заҳматкаш ва халқпарвар инсонни Ислом Каримов ҳам яхши билган ва ҳурмат қилган.
Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистон раҳбарлигига кўтарилиб кетганларидан кейин шу ва бошқа шахсий фазилатлари боис Қаюм Ҳаққуловни Қарши горкомининг биринчи секретарлигидан Бош вазир ўринбосари қилиб Тошкентга чақириб олганлар.
Бу нуфузли лавозимда Қаюм ака роппа-роса саккиз йил ишлади. Ҳукумат раҳбарининг ўринбосари бўлиб шунча муддат бу юксак лавозимда ишлаш озми ё кўп? У кишининг бошқа ҳамкасблари қисматини, уларнинг “ҳукуматдаги умри”ни ҳисобга олсак, бу муддат кам эмас.
Биз бу нозик масалага ҳали қайтамиз…
Бош вазир ўринбосари бўлиш билан бирга Қаюм Ҳаққулов “Ўзбекнефтегаз” корпорациясининг бошлиғи ҳам ҳисобланган. 1998 йилдан эътиборан “соғлиги ёмонлашгани туфайли” кутилмаганда ишдан четлатилган…
Қаюм ака, буғдойранг, қадди-қомати келишган, истараси иссиқ йигит эди. Юзидан доимо нур ёғилади. У кишининг кўринишиёқ катта амалдор эканидан далолат берар, лекин юзидаги нур ва меҳр бу салобатни бир оз чекинтириб, кўнглингизга ажиб бир самимият олиб киради. Суҳбатдошини ўзига жуда тез ром эта олиш фазилати бор эди у кишида.
Мен юқорида Қаюм ака ҳақидаги илиқ ва ёруғ таассуротларимни эсладим.
Лекин бу хотираларнинг “хира” томонлари ҳам бор. Бир куни у киши Даврон Шодиевни ҳузурига чақириб: “Президентнинг атрофида Исматжон ҳақида ҳар хил гап-сўзлар юрибди. Яқинда қаттиқ қоқилади” дейди.
Бироқ, бу ҳақда на унинг ўзи, на Даврон Шодиев менга бир оғиз ҳам айтишмади. Аслида, мени огоҳлантириб қўйишлари лозим эди…
Кейин мен қамалиб кетдим. Озодликка чиққанимдан сўнг Даврон Шодиев ўша гапни менга етказди:
— Аммо, Қаюм ака, бу ҳақда Исматнинг ўзига айтманг, балога қолиб кетасиз, деб тайинлаган эди, – деганди Даврон ака. Мен шунчалик ваҳимали бўлган эканман. Менга бу гапни айтмаганлари учун ўшанда улардан бир оз ранжидим.
Кейинчалик Қаюм ака ишдан четлатилган бир пайтда, Жўрабеков ҳақида “ББС” га интервью берарканман, негадир Исмоил Ҳакимовичга қўшиб Қаюм акани ҳам “уриб “ кетдим.
Билмадим, мени ўшанда огоҳлантирмагани учунми, ундан ўзимча ўч олмоқчи бўлдим, шекилли…
Лекин, ҳақиқат ҳаққи-ҳурмати, гина-кудуратларни унутиб, очиқ кўнгил ва соф виждон билан айтганда Қаюм Ҳаққуловнинг ҳам ўша пайтларда у киши билан бирга ишлаган бошқа ҳукумат аъзолари каби, мустақил Ўзбекистон давлатчилигининг ташкил этилишида ўзининг муносиб ўрни ва унутилмас хизмати бор.
Лекин кейинги пайтларда у киши ҳақида ҳам анча гап-сўзлар пайдо бўлди, қўл остидаги ходимларига нисбатан ўта қўпол ва кескин муносабат ўрнатганликда айбланди ва ҳоказо.
Шахсан мен Қаюм Ҳаққулов ҳақида яхши фикрдаман. Чунки у киши бу юксак лавозимда ўз номига доғ туширмай ишлади. Хуллас, Қаюм аканинг ҳукумат аъзоси бўлиб ўтказган амалдорлик даври шу билан якунланди.
Бугун яхшилаб ўйлаб қарасам, бошқа Бош вазир ўринбосарларининг аянчли тақдирига теранроқ разм солсам, кўнглимдан бир фикр ўтади. Назаримда Ислом ака ўзи ишониб Қаршидан олиб келган кадрни бошқалардек беобрў қилиб юборишни истамаган, уни аяган.
Йўқса, ҳукуматдаги бошқа ҳамкасблари каби, Қаюм аканинг ҳам ҳолига маймунлар йиғлаши мумкин эди.
Биз бу масалага ҳали қайтамиз…
2. Бахтиёр Ҳамидов
Энди Бош вазир ўринбосари лавозимида катта ва ўзига хос из қолдирган яна бир мулозим – Бахтиёр Ҳамидов (суратда) тўғрисида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.
У 1990 йил Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг ижтимоий-иқтисодий бўлими мудирлигидан “Госплан”га раҳбар ҳамда Бош вазир ўринбосари этиб тайинланади.
Илгари бу лавозимда ишлаган Шукрилла Мирсаидов бу пайтга келиб Бош вазир бўлиб сайланган эди.
Мен “Ҳаёт ва иқтисод” журналига Бош муҳаррир бўлиб юрган пайтларимда Бахтиёр Ҳамидов ўтказадиган “летучка”ларда доимо қатнашар эдим. У киши мажлисларда қўл остидаги ходимларини очиқчасига сўкаверади, жуда кўп қўполлик қилади. Шу йўсинда ҳаммани титратиб-қақшатарди.
Мен бўлсам, ўшанақа мажлисларда ундан рухсат сўрамасдан бемалол чиқиб кетаверар эдим. У менга қаттиқ гапира олмасди. Жаҳли чиқаётганини билиб турардим-у, лекин барибир индамасдан ўрнимдан туриб мажлисдан чиқиб кетаверардим.
Бу билан мен унинг қўпол гап-сўзларига ўзимча “байкот” эълон қилган бўлардим…
Раҳбарлар қўполлик қилса менга ёқмайди. Бахтиёр Ҳамидов жуда қўпол одам, у залда ўтирганларга қўполлик қилаверади. Биламанки, менга нисбатан ундай қилолмасди, лекин бошқаларга қилаётган қўполлиги ҳам менга оғир ботарди. Кўпинча қуюшқондан чиқиб кетарди.
Бахтиёр ака мажлисларни асосан рус тилида олиб борарди.
Лекин жонини ачитиб ишлайди. Унинг ишчанлик қобилиятига тан бериш керак. Ишчанлик масаласида у ҳам Жўрабековга ўхшайди. Уни бир пайтлар “сантехник” бўлиб ишлаган дейишади. Арманистонда зилзила рўй берганда Ўзбекистоннинг қурилиш командасига Бахтиёр Ҳамидов бошлиқ бўлиб бориб, Спитак шаҳрини қайта тиклашда қатнашган экан…
Қисқаси мен у кишининг қўполлигини ёқтирмасдим. У ҳам ичида мени ёмон кўрарди. Бироқ, юзма-юз келиб қолсак, эҳтиром билан муомила қиларди. Мени “каттанинг одами” деб чўчиб турарди…
Лекин нигоҳларидан, муомиласидан, қарашларидан мени ёқтирмаслигини яширолмасди. Умуман, ўша пайтдаги Олий раҳбарият мулозимлари орасидан менга ўхшаб қишлоқдан келганларга нисбатан ўз кибру ҳавосини яширолмаган «тошкентликлар» орасида Алишер Азизхўжаев билан Бахтиёр Ҳамидов анчайин ажралиб туришарди…
Агар эсингизда бўлса, “Аргументы и факты” сабоқлари» номли бобда ёзганимдек, Москвадан келган «АиФ» газетаси мухбирлари билан Президентнинг ёзги қароргоҳида Ислом ака билан учрашиб, биргаликда тушлик қилган эдик. Ўшанда мен аҳмоқлик қилиб: “Ислом ака, мен “и.о.” бўлиб юравераманми?” деб эркалик қилганман. Шунда Ислом Абдуғаниевич бу ишни ҳал этишни Зелемхон Ҳайдаровга топширади. Зелемхон ака эса қароргоҳдан тўппа-тўғри Бахтиёр Ҳамидовга қўнғироқ қилиб: “Президентнинг топшириғини ёзиб олинг!” деб кўрсатма беради…
Бахтиёр ака эртаси куниёқ мени уйимдан топтириб келиб, коллегия мажлисида Бош муҳаррир лавозимига тасдиқлаб юборади. У киши мана шунақа одам. Ўзи мени ёқтирмагани учун анчадан бўён бу лавозимга тасдиқламай юрган экан.Битта телефон билан зир югуриб қолади.
Бу Бахтиёр Ҳамидов портретига икккинчи штрих…
Лекин мен Бахтиёр Ҳамидовнинг яхши томонларини ҳам биламан. Акам ва онам бирин-кетин вафот этганларида у киши аввало уйимга қўнғироқ қилиб: “Исматжон, начора, бандалик экан. Энди бу ёғига бардам бўлинг!” деб таъзия билдирган. Кейин хонадонимизда ўтказилган маъракаларга шахсан ташриф буюрган. Бахтиёр аканинг одамгарчилигини ўшанда кўрганман.
Биз иш юзасидан ёки бошқа бирор-бир масалада Бахтиёр Ҳамидов билан ҳеч қачон тўқнаш келмаганмиз. Фақат бир марта Германия сафари масаласида Қаюм Ҳаққулов унга мурожаат қилганида дарҳол бир юз-у саксон градусга ўзгариб, боягина ўзи қабул қилган рад қарорини бекор қилган эди. Бу ҳақда юқорида батафсил ҳикоя қилдим.
Ўқувчиларда Бахтиёр ака ҳақида янада тўлароқ ва мукаммалроқ фикр пайдо бўлиши учун у киши билан боғлиқ яна бир воқеани ҳам айтиб ўтишим керак.
Журнал Бош муҳаррири вазифасида ишлаб юрган вақтимда бир куни хизмат машинамда “Вуз городок” томондан келаётган эдим. Пишиқчилик палласи бўлган жазирама ёз ойлари. Шундоққина йўл четида жойлашган Собир Раҳимов район милиция бўлимига етмай туриб, йўлнинг ўнг тарафида қовун-тарвузлар туширилган экан.
У пайтларда Бахтиёр Ҳамидов Бош вазирнинг муовини бўлиш билан бирга, Молия вазири ҳам эди, “20-04” рақамли “Волга”да юрарди. Мундоқ қарасам, ўша жойда “20-04” рақамли “Волга” турибди. Мен машинани анча олдинроққа ўтқазиб тўхтатдим-да, аста машинадан тушиб қовун-тарвуз тўкилган жойга бордим. Ўзимни харидордек кўрсатиб разм солсам, битта аёл куйиб-пишиб тарвузфурушга бир нималар деяпти. Қизиқиб қулоқ солдим:
— Ахир шунчалик ҳам инсофсиз бўласизми?! Биз ойликка яшайдиган одам бўлсак. Боягина сиздан иккита тарвуз олиб кетган эдим, иккови ҳам хом чиқди-ку! Мана ишонмасангиз, ўзингиз кўринг! – деб ўша аёл ўртасидан бўлинган хом тарвузларни машинадан тушириб берди.
Мен қорачадан келган, ўрта бўйли, кўҳликкина бу жувонни дарҳол танидим. У Бахтиёр Ҳамидовнинг аёли эди…
Мен Бош муҳаррир бўлсам-да, қассоблар билан, суякни кўп тиқворса, ҳанузгача уришиб-жанжаллашиб юрардим. Бу одат менда ҳам бор эди. Мен ҳозир Бахтиёр Ҳамидов хотини сиймосида ўзимга ўхшаш – адолатсизликка муросасиз одамни кўриб турганимдан шодланиб кетдим. Чунки мен раҳбаримнинг оиласи тимсолида – кутилмаганда ўз ҳамкасбимни учратиб қолган эдим…
Қарангки, Бахтиёр аканинг рафиқаси ҳам ўзимизнинг тоифадан экан. Олий раҳбариятдаги бундай мулозимлар хонадонига қовун-тарвуз, мева- чева, қўйингки, ўзбек бозоридаги барча ноз неъматлар аслида ўз оёғи билан келиши керак эди.
Лекин Бош вазир ўринбосари ва Молия вазирининг бундай имтиёзлардан фойдаланмаслиги мени ўшанда ажиб ҳайратларга ошно этганди.
Майли, яна Бахтиёр аканинг хом тарвузни эгасига қайтариб берган жасоратли хотинига қайтсак.
Равшанки, пули ошиб-тошиб ётган одам бундай қилмайди. Боз устига, бир томондан мўмай даромад оқиб келаётган бўлса ҳам одам арзимас пул учун талашиб-тортишиб, асабини бузиб юрмайди. Ҳатто ўзи бозорга бориб юрмайди – хизматкор ёллайди-қўяди.
Хуллас, мана шу воқеа туфайли Ҳамидовга ҳурматим бир қадар ошди. Бахтиёр аканинг оиласи ҳалол ва ойликка яшайдиган одам бўлиб кўринди менга. Аслида Ҳамидов ҳақида бошқа гаплар ҳам кўп эди. Масалан, айрим кишилар унинг “порахўр” лигига, қўли нопоклигига имо ишора қилган пайтлар ҳам бўлган…
Ким билади дейсиз, агар Бош вазир ўринбосарида пул ошиб-тошиб ётган бўлса, унинг хотини хизмат машинасида атайлаб хом тарвузни эгасига қайтариб оборадими?! У ўша тарвузларни отиб юборади, вассалом!
Агар пули кўп, бойлиги беҳисоб бўлса – қандайдир тарвуз учун олишиб тортишиб юрардими…
Бу – Бахтиёр Ҳамидов портретига ижобий бир штрих (эди).
Лекин менинг бу қувончим кўпга бормади.
Шу ўринда китобхонларга тушунарли бўлиши учун мен Ўзбекистон ҳукуматидаги гуруҳ ва “клан”лар хусусида ҳам икки оғиз айтиб ўтишим лозим.
Маълумки, Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбарлигига келганидан сўнг бу ҳолни “самарқандликлар” клани ўзларининг катта ютуғи деб қабул қилган эди. Чунки шу пайтга қадар Ўзбекистонни бошқариб келган Шароф Рашидов – “Жиззах” кланига, Иномжон Усмонхўжаев – “Фарғона” кланига ва Рафиқ Нишонов – “Тошкент” кланига мансуб кўриларди.
“Самарқандликлар” клани етакчиси сифатида кўрилган – Исмоил Жўрабеков умр бўйи ҳукумат тизимларида ишлаган. Шароф Рашидов даврида сув ва қишлоқ хўжалиги вазири бўлган. Усмонхўжаев ва Нишонов даврларида ҳам юқори давлат лавозимларини эгаллаб келган.
Ислом Каримов даврида эса Исмоил Жўрабеков ўзбек ҳукуматининг “серый кардинал”и – қоғозда иккинчи, аслида, баъзилар назарида, ҳатто биринчи ҳукмдори ҳисобланган. Биз бу масалага – Исмоил Жўрабековнинг сиёсий портретига шарҳ берилган навбатдаги бобда ҳали бафуржа қайтамиз. Лекин ҳозир Бахтиёр Ҳамидов фаолиятига аниқлик киритиш учун бу воқеаларни эслаётган эдик.
Хуллас, 2000 йилга келиб Ўзбекистон ҳукуматида Бахтиёр Ҳамидов асосий рол ўйнай бошлади. Одамлар уни бугун ё эрта ҳукумат бошлиғи бўлиши мумкинлиги хусусида гапира бошладилар. Ислом Каримовнинг 2000 йил 28 февраль кунги Фармони билан Бахтиёр Ҳамидов Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинлангандан сўнг эса бу гап сўзлар янада янгича тус олиб урчий бошлади.
Худди шу ерда Бахтиёр Ҳамидовга унинг “тошкентликлар” кланига мансублиги панд берди. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари бўлганидан атиги беш ой ўтиб-ўтмас, Бахтиёр Ҳамидов кутилмаганда Қашқадарё вилоятига ҳоким этиб жўнатилди.
Ҳукумат тизимидаги бу “рокировка” “самарқандликлар” клани учун катта ғалаба эди. Бу ғалаба бошида, одатдагидек “клан” раҳбари Исмоил Жўрабеков турарди…
Мен ҳукумат тизимида бораётган бу “кўрпа остидаги жанг”лар энг авж нуқтасига чиққан ўша суронли пайтда Элёр Ғаниев раҳнамолигидаги ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг нашри бўлмиш – “Деловой партнёр Узбекистана” газетасида Бош муҳаррир эдим.
Бошқаларни билмадим-у, лекин мен Бахтиёр Ҳамидов Қашқадарёга ҳоким этиб тайинланганиданоқ унинг сиёсий фаолияти бир қадар инқирозга юз тутганини пайқаган эдим. Кимлардир уни олдинга силжиш деб билгандир, лекин мен бу бир қадар сўниш эканини, уни атайлаб Марказдан узоқлаштириш эканини билган эдим.
Вилоятнинг биринчи раҳбари – Ўзбекистон шароитида – шубҳасиз, сиёсий майдондаги катта ва мустақил вазифа ҳисобланади. Лекин барибир, Бахтиёр Ҳамидов Қашқадарёда қанақа «жаҳаннам»га тушганлигини мен дарҳол пайқаган эдим:
Қашқадарё – кечагина Ислом Каримов ишлаб келган жой. Уни Тошкентга учирма қилган воҳа. Бу ерда вилоятнинг барча раҳбарлари бевосита Ислом ака билан катта ва кичик томирчалар билан чамбарчас боғланган. Бу вилоятга ишга бориш – дўзах эшигини ўз ихтиёри ила очиш билан баробар эди.
Бахтиёр Ҳамидов Тошкентда – ҳукумат осмонида учиб юрганда балки унинг ҳатти ҳаракатларини нозик ва нуфузли идоралар сезмаслиги мумкин эди. Қашқадарёда эса унинг босган ҳар бир қадами ва ҳар бир сўзини Президентга кечаю кундуз етказиб турадиганлар борлигини у эҳтимол дарҳол сезмагандир.
Ваҳоланки, Қашқадарё ўзининг тўпори ва исёнкор табиати билан раҳбарлар учун ниҳоятда қалтис сиёсий майдон саналади. Бу майдондан ҳозирга қадар фақат Ислом Каримовгина соғ омон чиқиб кетганини мен то ҳануз ажиб бир ҳайрат билан эслаб юраман…
Чунки, Ўзбекистон шароитида, сурункали узоқ йил давомида, Шавкат Мирзиёевдан бошқа ҳали ҳеч ким вилоят ҳокимлигидан обрўй олиб юқорига кўтарилган эмас…
Майли, хаёлларни фаромуш қилмай, мавзуга қайтсак.
Бахтиёр Ҳамидов Қашқадарёда ҳоким бўлиб ишлаган кезларда бир кун йўлим тушиб она юртим – Китобга борганимда туман ҳокимига учрашим лозим бўлиб қолди. Уни излаб ҳокимиятга борсам: “Селектр-сим орқали мажлисда қатнашяптилар”, дейишди. Қизиқсиниб, ичкарига мўраладим. Кирсам, ҳокимиятнинг мажлислар залида кўпчилик раҳбарлар ўтиришган экан. Селектр-карнайда эса Бахтиёр Ҳамидов шунақаям болохонадор қилиб сўкиняптики, ҳатто деворлар ҳам қизариб кетгандек туюлди.
Тасодифан эшитиб қолдим:
— Ассалому алайкум Бахтиёр Султонович! – деди битта туманнинг ҳокими.
— Салом… Хўш, неча гектар ер ҳайдалди? – деб сўради Ҳамидов такаббурларча.
— Фалон гектар…
— Ўша фалон гектарингни фалон қилай! Нега имиллайсан, шашвар?! Ё ўзингни ҳам…
Мен залда ортиқ ўтира олмадим, уялганимдан дарҳол ташқарига чиқиб кетдим. Агар унинг сўкинишларини бир эшитсангиз, ундан сизнинг ҳам кўнглингиз қолиб кетади. У одамларни одам ўрнида кўрмайди, нуқул ҳақорат қилади, кишининг иззат-нафсига тегади. Мен ҳайрон қолдим. Бош вазир ўринбосари пайтида ҳам бунчаликка бормаган эди, одамларни уришгани билан, беҳаё гап айтмасди, бунақа сўкинмасди…
Ёнимдаги бир-иккита раҳбарлар: “Энди шунақа қилиб сўкмаса, ҳеч ким ишламайди-да!” дейишди. Бироқ, менинг назаримда, вилоят раҳбари, Президент сиёсатини вилоятда тарғиб қилаётган одам – маданиятли ва эҳтиёткор бўлиши керак.
Мен – шўрлик ҳамюртларимнинг янги раҳбари бунақа сўконғич бўлишини тасаввуримга ҳам сиғдира олмасдим!
Тўғри, ишни талаб қилиш керак. Лекин бутун вилоят сенинг гапларингни эшитиб ўтирган бўлса, айниб-алжираш шартмикан?! Ахир, залда аёллар бор, қизлар бор! Агар шу аёлларнинг орасида тасодифан ўзининг хотини ва ё қизи ҳам ўтирган бўлса, нима бўлади?!
Биргина Китоб тумани ҳокимиятининг мажлислар залида ўша куни беш юзга яқин одам ўтирган эди. Хўш, ўн учта туманда беш юзтадан одам ўтирган бўлса, қанча бўлади? Олти ярим мингта!!! Демак, олти ярим мингта одам вилоят раҳбарининг бу бепарда гапларини эшитади, сўнг уни бир пасда бутун вилоятга тарқатади. Йўқ, бу жудаям нотўғри! Қўполликнинг ҳам чек-чегараси бўлиши керак!
— Ўтир! Тур! Падарингга лаънат! Ифлос!!!
Унинг оғзидан беҳаё сўзлар ҳам чиқиб кетяпти. Хуллас, залдан қочиб чиқдим. Бир пайтлар менга шу одам раҳбар бўлганидан уялиб кетдим. Эҳтимол, бу нарсалар у кишининг салбий томонларини андак ошириб юборар, лекин буни айтмаслик, жамоатчиликка етказмаслик мумкин эмас.
Шу ўринда яна бир мулоҳазани айтиб ўтишим керакка ўхшаяпти. Шундай ҳолларда кўпчилик: “Раҳбарлар бундай сўкинишни Президентдан ўрганган” деган фикр юради. Мен беш йил давомида Ислом Каримов ўтказган аксар йиғилишларда иштирок этганман. Тўғри, талаб қилиш, кези келганда қаттиқроқ изза қилиш ҳоллари бўлган Ислом акада ҳам. Лекин у киши бу даражада чегарадан чиқмасди…
Вилоятга биринчи раҳбар бўлган одам Ўзбекистонда фақат бир кишининг талаб ва истаги билан кўтарилиши мумкинлигини бугун ҳамма билса керак. Менинг Бахтиёр Ҳамидов ҳақидаги башоратим ўзини узоқ куттирмади.
Орадан икки йилгина ўтар ўтмас, Президентнинг қ Давлат маслаҳатчиси Исмоил Жўрабеков Қаршига бориб, Бахтиёр Ҳамидовни – Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимидан бўшатиб келди.
Бу воқеа 2002-йил декабрининг сўнгги кунларида рўй берган эди…
Шунадай қилиб Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосарлигидан, яъни салкам ҳукумат раҳбарлигидан Қашқадарёга ҳоким бўлиб кетган Бахтиёр Ҳамидов энди Тошкентга келиб бор-йўқлигини ҳам биров билмайдиган “Ўзуйжойжамғармабанк”ка раҳбарлик қила бошлади. Лекин энди бу лавозим ҳам вақтинча эканлигини Бахтиёр аканинг ўзи ҳам, бошқалар ҳам аллақачон англаб етган эдилар…
Орадан кўп ўтмай қатор чет эл радиоэшиттиришларида бирин-кетин Бахтиёр Ҳамидовнинг ҳибсга олингани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади. Ана шундай кунларнинг бирида “ББС” да ишловчи дўстларимдан бири – Паҳлавон менга телефон қилиб, собиқ раҳбарим ҳақида сўраб қолди:
— Исмат ака, шу кунларда халқ орасида Бахтиёр Ҳамидов ҳақида турли гап-сўзлар юрибди. Шуни текшириб кўришнинг иложи йўқмикан, биласиз, биз исботланмаган маълумотларни беролмаймиз…
Хуллас, Паҳлавон иккимиз Бахтиёр Ҳамидов ҳақидаги миш-мишларни аниқлаш мақсадида у киши истиқомат қиладиган маҳаллага боришга қарор қилдик. Мен ўша пайтларда “Деловой партнёр Узбекистана” газетасининг Бош муҳаррири эдим.
Хизмат машинасини шахсий “Нексия”га алмаштириб, Бахтиёр ака яшайдиган маҳаллага йўл олдик. Ички ойналари қорайтирилган янги машинада “разведка”га чиқиш жуда қулай эди. 64-автобус қатнайдиган кўчадан “Октябрь” массиви томон буриларканмиз, икки табақали нақшинкор дарвозалари олдида анвойи гуллар ўсиб ётган баланд ва кўркам уйлар бошланди.
— Отаназар Орипов ҳам шу маҳаллада яшайдилар, – деб қолди Паҳлавон.
Мен “ЭРК” партияси Бош котиби бўлган бу таниқли олимни шахсан танимасам-да, лекин у киши ҳақида кўп эшитган, ўзлари физик олим эканларини, институтда дарс беришларини яхши билардим.
— Олим одам шундай обод маҳаллада яшаса, ярашади, – дедим қувониб.
Бахтиёр Ҳамидов яшайдиган кўчага бурилганимизда рўпарамизда соя ташлаб турган баланд узум ишкомларига кўзимиз тушди. Ишкомлар остидан оҳиста ўтиб борарканмиз, муюлишдаги кўримсиз бўткадаги постда турган милиция ходимларини кўриб олдинига ҳайрон қолдик. Кейин маълум бўлишича Козим Тўлаганов ҳам шу маҳаллада яшаркан. Ўшанда Козим ака Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари эди, шекилли.
Суратда: Икки дўст ва қадрдон, икки сафдош ва қисматдош Вице-премьерлар Бахтиёр Ҳамидов ва Козим Тўлагановлар Ўзбекистон Олий Кенгаши залида
Козим ака билан Бахтиёр акалар азалдан яқин дўст ва биродар эдилар.
Уларнинг ёнма-ён қурилган виқорли ва данғиллама уйлари ҳам бир-бирига туташиб кетган. Бир кўришдаёқ бу сўлим гўша олий табақали, бахтиёр мулозимларга тааллуқли эканини сезиш мумкин.
Худди шу пайт йўл четидаги дарвозалардан бири очилиб, ичкаридан узун бўйли ва салобатли Козим Тўлаганов чиқиб келди-да, хизмат машинасига ўтириб, жўнаб кетди. Ҳеч ким уни кузатиб қўймади. Козим Носировичнинг қовоқлари осиқ, ўйчан ва паришонхотир эди…
Сурат берилади
Мен Тошкентда шунча йил яшаб, умримда кўрмаган сўлим ва осойишта кўчаларни сайр этиб, данғиллама уйларни кўриб юрарканман, беихтиёр, раҳбарлик ва унинг битмас-туганмас имтиёзлари, олди-бердилари ҳақида ўйлардим.
Нега бундай имконият ўз юрти ва халқининг виждони, ор-номуси ҳисобланмиш журналист, шоир ва ёзувчиларга – адабиёт ва санъат вакилларига насиб этмайди-ю, чала савод бир мулозим ва ё сўконғич бир амалдорга насиб этиши мумкин? Нега?!
Беихтиёр ёнимиздан ўтиб кетган яп – янги шахсий номерли “Волга” автомашинаси боягина Козим ака чиққан ҳовлининг ёнгинасига бориб тўхтади. Ҳайдовчининг ёнида ўтирган Бахтиёр Ҳамидов галстуксиз, ёқалари бўшатилган бир алфозда машинадан тушиб, ичкарига кириб кетди…
Демак, у қамалмаган, миш-мишлар исботланмади. Лекин барибир терговга тортилди, устидан жиноий иш очилди. Бу Ўзбекистон сиёсий ҳаётида ва ҳукуматида сўнгги йиллар ичида рўй берган энг катта резонансли воқеа эди.
Бахтиёр Ҳамидов Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари сифатида озмас, кўпмас – ўн тўрт йил ишлабди. Ўй тўрт йил! Қаттиққўл ва талабчан Ислом Каримов раҳбарлигидаги ҳукумат тизимида бунча кўп муддат ишлаш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.
Бахтиёр Султонович Ислом Абдуғаниевичга нимаси биландир ёққан, унга садоқатли бўлган. Ҳукумат тизимининг қайси соҳасига масъул бўлмасин, қатьий назар, у ҳамиша вазифани уддалаб келган.
Лекин шу билан бирга у ўзини ҳам унутмаган. Президент билан бўлган дўстона ва самимий муносабат уни ҳам бошқалардек сиёсий сургун ва урилишлардан, тергов суриштирувларидан сақлаб қолади деб ўйлаган.
Президент ва унинг сиёсатига садоқатли бўлиш, шу Ватан ва халқ учун кеча-ю, кундуз тиним билмай ишлаш – яна узоқ муддат Ислом Каримов командасида мулозим бўлиб қолиш учун кифоя деб ўйлаган.
Бу ерда Бахтиёр Султонович фақат бир нарсани ҳисобга олмаган. Мамлакат раҳбари менга ишонади деб, ўз мансабини суистеъмол қилса, қайси “клан”га алоқадорлигидан қатьий назар, бир кун келиб у ҳам бошқалар каби Президентнинг назаридан қолиши мумкинлигини унутган…
3. Козим Тўлаганов
Бахтиёр Ҳамидов ҳақидаги ғамгин ҳикоямизни шу ерда якунлаб, “Тошкент” кланининг яна бир вакили – Козим Тўлаганов хусусида ҳам икки оғиз айтиб ўтсак.
Козим Носировични мен “Главташкентстрой” қурилиш бирлашмасининг раҳбарлигидан эътиборан яхши билардим. Мен у кишини ҳукумат йиғилишларида, Ислом ака ўтказган турли анжуманларда тез-тез кўриб турардим. Биз саломлашардик, холос. Лекин яқин ва дўстона муносабат ўрнатмагандик.
У киши оғир, камгап ва мулоҳазали одам эди. Бир куни ҳукумат биносидаги қайсидир йиғилишда Ислом Абдуғаниевич Козим акани ўрнидан турғизиб, қандайдир савол бердилар. Йиғин иштирокчиларининг кайфияти кўтаринки, Ислом ака ҳаммага яхши гапириб, ҳазилкашлик билан мажлисни олиб бораётган эдилар. Шунда Козим ака ўрнидан туриб:
— Ислом ака, худо ҳаққи, шу саволингизга жавоб беришдан кўра, мен учун бир қурилиш иншоотини битириб, ишга тушириб бериш осонроқ, – деб жавоб берганида Ислом ака ҳам, у кишига қўшилиб ҳукумат залидагилар ҳам кулиб юборишган эди…
“Главташкентстрой” раҳбарлигидан сўнг, 1994-йилда Козим Тўлаганов кутилмаганда Тошкент шаҳар ҳокими этиб тайинланди. Асли касби қурувчи – инженер бўлган бу ғайратли одам раҳбарлик қилган 2001 йилгача — Тошкент шаҳри таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди.
Европа андозаларига мослаб қурилган турар жой бинолари, бизнес ва спорт иншоотлари, ҳукумат ва давлат идоралари, кенг ва равон йўллар, кўприк ва бозорлар – буларнинг барчаси қурувчи Козим Тўлагановни ўз ўрнига муносиб раҳбар эканидан далолат эди.
Рус тилида бундай кишиларни “Человек на своём месте” деб аташади…
Тошкентдаги улкан ва ҳайратли қурилишлар, ободончилик бобидаги шижоатли хизматлари эвазига – оғир, вазмин ва ишбилармон пойтахт ҳокимига Президент томонидан – Бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозими муносиб кўрилди.
Бу аслида тўғри танлов эди.
Козим ака 2001 йилдан , чамамда, 2004 йилга қадар Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлади. Бир пайтлар у кишининг қўлида Куйбишев, сўнг Мирзо Улуғбек район ҳокими бўлиб ишлаган Шавкат Мирзиёев бу пайтга келиб, не тонгки, Ўзбекистон ҳукуматининг раҳбари – Бош вазири эди.
Козим ака ёш ва ғайратли, лекин ўта талабчан ва қаттиққўл Шавкат Миромоновичнинг қўл остида икки ё уч йил ишлай олди, холос. 2004-йилга келиб у киши ҳам ҳукуматдаги бу юқори лавозимидан четлатилиши керак бўлиб қолди.
“Тошкентликлар” кланига алоқадорлиги худди Бахтиёр Ҳамидов каби, Козим акага ҳам қаттиқ панд берди, шекилли…
Бу ерда Ислом аканинг подшолик сиёсати ва сарой ўйинларини яхши ва яқиндан билган йигит сифатида шуни айтишим керакки, у киши ўз атрофида жуда тез обрў-эътибор қозона олган раҳбарларни тезлик билан алмаштира олиш, шахмат тили билан айтганда – зудлик билан рокировка қилиш тажрибасини яхши эгаллаган эдилар.
Эҳтимол, айнан шунинг учун ҳам у киши узоқ вақтдан бўён Ўзбекистондек каттакон ва ташвишли бир давлатни бировга бермай, эсон омон бошқариб келаётган бўлсалар ажаб эмас…
Икки мингинчи йилларда Тошкентда ана шундай обрў-эътибор қозонган икки Вице-премьер Бахтиёр Ҳамидов ва Бахтиёр Олимжоновлар Ўзбекистоннинг энг узоқ ва хатарли провинциялари – Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига “бадарға” қилинган эдилар.
Энди навбат Козим Тўлагановга келган эди.
Бош вазирлик лавозимига соя сола бошлади, шекилли, 2004 йилдан эътиборан Козим Носировични ҳам Тошкент вилоятига “сургун” қилишди. Бахтиёр Ҳамидовнинг аччиқ тажрибасидан хулоса чиқарган йигит сифатида мен аллақачон Козим аканинг ҳам сиёсий карьераси якун топаётганини англаб етган эдим.
Айтганимдек, орадан бир йил ўтар-ўтмас у киши ҳам вилоят ҳокимлигидан олиниб, жиноий жавобгарликка тортилди.
Бахтиёр Ҳамидов ва Козим Тўлагановларнинг ишдан олиниб, “мансаб ваколатларини суистемол қилганликда” айбланиб, терговга тортилиши – Ўзбекистон сиёсий ҳаётида кучли “портлаш” бўлди.
Тўғри, бунга қадар ҳам Ўзбекистон Бош вазирлари, Олий Кенгаш раислари ва уларнинг қанчадан қанча ўринбосарлари, Президентнинг Давлат маслаҳатчилари, вазир ва корпарация раҳбарлари, вилоят ҳокимлари ишдан олинган. Лекин уларнинг бирортаси – Ўзбекистон сиёсий ҳаётида бу қадар катта акс-садо бериб янграмаган эди.
Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқов ҳибс этилгандан кейинги юқори даражали давлат мулозимига алоқадор бўлган иккинчи шов-шувли ҳолат эди бу…
Биз Козим Тўлаганов хусусида гапираётган эдик.
Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосарлигидан Тошкент вилояти ҳокимлигига ўтказилган бу мулозимнинг тақдири ҳам – ҳукуматдаги айни лавозимдан Қашқадарёга «сургун» қилинган Бахтиёр Ҳамидовникига ўхшаб, аччиқ ва аянчли якун топди.
2004 йилнинг январида вилоят ҳокими этиб тайинланган Козим Носирович бу лавозимда атиги бир – бир ярим йилга яқин ишлади, холос. 2005 йилнинг ноябридан эътиборан ишдан бўшатилган Тўлаганов орадан роппа роса бир йил ўтиб, 2006 йилнинг ноябрида – Тошкент шаҳар суди қарори билан 20 йилга шартли равишда озодликдан маҳрум этилди.
Тергов жараёнида Козим Носирович ноҳақ ўзлаштирган бир ярим миллиард сўм (бир ярим миллион америка долларидаги) пулни ўз ихтиёри билан давлатга қайтариб берди…
Бир ярим миллиард сўм! Шунча пулни бу одам қандай қилиб ўзлаштирди экан? Бу ҳали топширилгани. Топширилмай, яшириб қолингани қанча экан? Нега энди қонуний давлат қуришни даъво этиб келаётган Ўзбекистон бошқа оддий фуқароларга эмас, балки шунча пулни ноқонуний ўзлаштирган, аниқроқ айтсак – ўғирлаган айнан Козим Тўлагановга нисбатан “ғамхўрлик” қилди, уни қамамади. Нега?
Тошкент шаҳрини ободонлаштиргани ва Европа стандартлари даражасига чиқаргани учунми? Ёки қачонлардир ҳукуматнинг энг юқори мансаб пиллапояларини эгаллагани ва давлатнинг талай сирларини билгани учунми?
Ё бу ерда бошқа гап борми?
Тошкентдан келаётган хабарларга қараганда Козим Тўлагановга фақат эрталабки тўй ошларига бориш рухсат берилган, шекилли, бошқа пайтда кўчаларда уни ҳеч ким кўрганини эслолмайди. ..
“Тошкентликлар” кланига берилган бу аёвсиз зарбалар ортида, табиийки, “самарқандликлар” ва уларнинг уддабурон раҳбари Исмоил Жўрабеков турарди.
Лекин, Ўзбекистон сиёсий саҳнасидаги “ўйинлар”дан яхши хабардор одам учун, содир бўлаётган бу воқеалар ортида Ислом Каримовнинг ўта ҳушёр ва синчков нигоҳлари кузатиб турганини сезиш қийин эмас.
Гап шундаки, Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбарлигига келган илк кунданоқ унга қадар ҳам ҳукумат тизимида турли-туман гуруҳ ва “кланлар” ўзаро мусобақа ўйнаганини яхши биларди. Энди у ҳукмронлик пайтида ҳам бу анъана расмий бўлмаса-да, норасмий бир тарзда бўй кўрсатиб келаётган эди.
Лекин, шуни айтиш керакки, Ислом Каримов ҳеч қачон бирор бир кланнинг ёнида турмаган ва уни ҳимоя қилмаган.
Ислом Каримовни “самарқандликлар” клани, хусусан, Исмоил Жўрабеков ҳокимиятга олиб келди деган гаплар мутлақо асоссиз. Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистон раҳбарлигига келган пайтда ҳам, ҳозир ҳам ҳеч бир “клан”га алоқадор бўлмаган.
Аксинча, у киши ҳамиша “клан” ва турли гуруҳбозликка қарши бўлган.
Лекин ҳушёр ва тажрибали раҳбар сифатида “клан”ларни вақти – вақти билан бир-бирига гиж- гижлатиб, жўжахўроздай ўзъаро чўқиштириб, ҳаммасини теппа тенг “тозалаб” турган. Шунинг учун ҳам Каримовни ҳозиргача ҳеч ким “клан”парасликда айблай олмайди.
Унинг ўзи алоқадор деб билинган “самарқандликлар” клани етакчиси Исмоил Жўрабековнинг кутилмаганда сиёсий саҳнадан чиқарилиши бунинг яққол далилидир.
Демак, бизнинг навбатдаги бобимиз – ўзбек жамиятидаги кейинги йигирма йиллик қудратини кутилмаганда қўлдан бой берган, ҳукуматда “серий кардинал” номини олган бетакрор сиёсатчи ва истеъдодли раҳбар Исмоил Жўрабеков ҳақида бўлади…
4. Алишер Азизхўжаев
Ҳадисларда: “Марҳумлар ҳақида гапирсанг – фақат яхши томонларини гапир” деган доно бир ҳикмат бор.
Алишер Азизхўжаев ҳақида икки хил фикр мавжуд. Бир тоифа уни мард, чапани, дангалчи деса, иккинчи тоифа – уни ҳамма иқтидорини фақат ўз манфаатини ўйлаб иш тутганликда айблайди.
Икки маротаба Ўзбекистон Бош вазирига ўринбосар бўлиб, ижтимоий соҳаларни бошқарган ва назорат қилган Алишер Азизхўжаев ҳақидаги гап сўзларни – кейинги авлод ва тарихчилар ҳукмига қолдирамиз.
Бунинг ўрнига эса – Алишер Аббосовичнинг кутилмаган вафоти муносабати билан журналист Исмат Хушевнинг «Озодлик» радиосига берган интервьюсини ўқувчилар ҳукмига ҳавола этишни лозим топдик.
5. Сўнг сўз ўрнида
Биз юқорида сиёсий портретига шарҳ берган Вице-премьерлар – Ўзбекистон давлатчилиги қурилишида ва мустақил мамлакат сиёсатида ўзига хос из қолдирган таниқли мулозимлардир.
Хусусан, Қаюм Ҳаққулов бевосита саккиз йил бошқарган «тахт майдони» – Ўзбекнефт ва газ саноати комплекси – жуда қалтис майдон эди.
Бу соҳада, одатда, жуда ҳам олғир ва юлдузни бенарвон урадиган чаққонлар ва жамиятнинг эркаси бўлган, қўлини қаерга узатса етадиган – қўли узун арбоблар ғиж ғиж эди. Уларнинг каттароқ ва олғирроқларини қўяверинг, ҳатто айрим майдароқ тармоқ раҳбарлари билан ҳам унча мунча одам гаплаша олмасди.
Биргина Чиноздаги Нефть идорасининг раҳбари бўлиб ишлаган Самандар Қўқоновни олиб кўрайлик. Олий Совет депутати, Бош вазир Мирсаидов билан улфатчилик қиладиган, керак бўлса Президент билан ҳам довлашадиган – у билан олишишдан ҳам ҳайиқмайдиган одам эди. Ўзи эса аслида бор йўғи — шу соҳанинг оддий бир тармоқ нефть корхонасига бошлиқ эди, холос.
Яна бир Мўминов деган одам – Ўзбекистонда нефт маҳсулотлари вазири эди. Шу билан бирга у Мирсаидовнинг ўнг қўли ҳисобланарди. Мирсаидов ва Каримовнинг биринчи тўқнашувидан кейин Шукрилла Раҳматович илдизларини қирқишга топшириқ бўлади. Мирсаидовга яқин бўлган – Мўминовнинг аризасини бир ҳафта Олий раҳбарият аъзоларидан ҳеч ким ололмади. Алал оқибат – аризасиз бўшатиб юборилди.
Кейин унинг ўрнига Ислом ака органдан одам қўйиш лозимлигини айтган.
Ўшанда Бухорода УВД бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган, сўнг Олий раҳбарият Админотделида фаолият юритган полковник Анвар Ҳусаинов тайинланади. Ўз вақтида Тошкентдаги Милиция Академиясини битирган бухоролик Анвар Ҳусаинов шу тариқа кутилмаганда бу қалтис ва ғавғоли соҳага – министр этиб тайинланган эди.
Ана шунақа – куч ишлатар соҳасига алоқадор бўлган ҳушёр ва масъулиятли одамлар бошқаришга мажбур бўлишган эди бу соҳани. Ҳа, Қаюм Ҳаққулов ишлаган соҳани бошқариш осон эмас эди. Қаранг, соҳа вазирини ҳатто Президент ҳам бўшатаолмаган. Шу даражада система ишдан чиқиб кетган эди.
Бу – бензин ва нефтдаги гап сўзлар. Энди – газда бўладиган ҳангомаларни айтмаса ҳам бўлаверади…
Хуллас, содда қилиб, бир сўз билан айтганда – Қаюм Ҳаққулов ёниб турган жуда катта жанг майдонига раҳбарлик қилган эди. У мана шундай оғир ва қалтис соҳани — саккиз йил беталофат бошқарди. Бу соҳада кейинги йилларда бўлган ўпирилишларни ҳисобга олсак, Қаюм аканинг беқиёс хизматини аниқ тиниқ кўриш ва ҳис қилиш мумкин.
Ана шуларни ўйлаганимда, Қаюм Ҳаққуловда катта раҳбарлик фазилати мужассам эканлиги аён бўлади. Қолаверса у киши билан шахсий яқинлигим ҳам юрагимда ўчмас хотира бўлиб қолган.
Қаюм Жалилович Бош вазир ўринбосарлиги лавозимида катта ва ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтди. Бу лавозимда ишлаб, обрў эътибор билан кетганлар негадир жуда кам бўлди.
Бугун ҳам Қаюм Ҳаққулов ҳақида илиқ гаплар эшитиб тураман. Ўз даврасида, гап ва гаштак гурунгларида обрў эътибори баландлигини биламан. Уни кўрганда ҳамманинг қўли кўксида.
Мана шуларни ўйлаганда давлатимиз ва ҳукуматимиз Қаюм Ҳаққулов тимсолида ўзининг мукаммал ва катта тажрибага эга бўлган бебаҳо кадрларини йўқотганини сезиш мумкин. Ҳа, Қаюм акадек виждонли ва диёнатли арбобларнинг сиёсий майдонда юлдузи ўчгани – ўзбек ҳукумати учун катта йўқотиш бўлганини армон билан эслайман.
Юқорида номи тилган олинган бошқа Вице премьерлар ҳақида ҳам шу гапларни айтиш мумкин.
Негаки, ҳар қандай ҳукуматнинг ҳам қуёш салтанати ва олами – ўзининг Вице премьерлари – порлоқ юлдузлари билан билангина мукаммалдир. Уларнинг бирин кетин асоссиз сўниши – табиийки салтанатнинг ҳам секин аста сўнишига олиб келади.
Бугун биз бунинг тасдиғини яққол кўриб турибмиз.
Қаюм Ҳаққуловдан кейин бу ўринда ишлаганлар қаторасига қамалиб кетди…
Суратда: Вице-премьерлар (ўнгдан биринчи – Козим Тўлаганов, Бахтиёр Ҳамидов, Тўлқин Мирёқубов, Ички Ишлар вазири Зокиржон Алматов ва Олий таълим вазири Жўра Абдуллаевлар Ўзбекистон Олий Кенгашининг мажлислар залида
У кишининг бошқа ҳамкасблари Бахтиёр Ҳамидов ва Козим Тўлагановларнинг Вице премьерлик қўёши ҳам тезда сўнди, ўзлари эса терговга тортилди.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ. Ўзбекистон Бош вазирига ўринбосар бўлиб, ижтимоий соҳаларни, жумладан пул олди бердиси гуллаган – Олий ўқув юртларини назорат қилган Ҳамидулла Караматов ва профессор Рустам Қосимовларнинг порахўрлиги элга ошкор бўлса ҳам, улар терговга тортилмай, қамалмай, сувдан қуруқ чиқиб кетишди.
Нега шундай бўлди. Нега бу икки инсоф диёнатни йўқотган Олий тоифали мулозим ўз соҳасини разолат ва қабоҳат ботқоғига ботирсалар ҳам, жазоланмай, эсон омон бўшатилди-ю, бутун бир пойтахтни янгилаган, яшартириб, гуллатган – Ўзбекистонни қурган бошқа икки Вице-премьер терговга тортилди. Қани бу ерда адолат?
Президент атрофидагиларнинг ҳам бола чақаси ва қариндош уруғлари бор. Улар ҳам ўқиши, мамлакатнинг энг нуфузли олий даргоҳларида талаба бўлиши шарт. Бу ишни амалга оширган Вице премьерларни шунинг учун ҳам жазолаш мумкин эмас. Юртни қурган, ободонлаштирган мулозимларни эса иш битгандан кейин бемалол жазолаш мумкин.
Қурилишларнинг тили йўқ, гапирай деса. Уларни қурган ва охир оқибат жазоланган Вице-премьерлардан Олий Раҳбариятдагилар олган пораларни айтай деса қурилишларда забон йўқ…
Яна бир гап: Ислом Каримов – халқ орасида обрў эътибори ошиб бораётган мулозимларни вақти вақти билан ҳамиша попугини пасайтириб туришга одатланган. Биз бугун тилга олган Вице премьерлар айнан ана шу тоифага мансуб арбоблар эди…
Мен Бахтиёр Ҳамидов ва Козим Тўлагановларнинг ашаддий порахўрлигига ишонмайман. Негаки, ўзбек ҳукуматида пора олмаган мулозимнинг ўзи йўқ. Агар Президент истаса, Ўзбекистондаги ҳар бир арбобни – уччига чиққан порахўр ва мансаб ваколатини суистеъмол қилган раҳбар сифатида муқаррар жазога тортиши мумкин. Майли, бу энди алоҳида мавзу бўлади…
Бир сўз билан айтганда, сиёсат осмонида ҳар бир катта-кичик юлдузнинг порлаш ва ниҳоят – сўниш даври бўлиши табиий. Шу жиҳатдан қараганда Қаюм Ҳаққулов, Бахтиёр Ҳамидов, Козим Тўлаганов ва Алишер Азизхўжаевларнинг сиёсат осмонидаги парвози порлоқ ва эсда қоларлик бўлди деб ўйлайман.
Файзулла Хўжаев замонидан ҳисоб китоб қилсангиз, давлатчилигимиз тарихида ўтган бош вазир ўринбосарларининг сон саноғи йўқ.
Бизнинг давримизда – Ислом Каримов номи билан боғлиқ бўлган Мустақиллик замонида – биз билган ва кўрган Вице премьерларнинг юлдузи чиндан ҳам ёруғ ва эсдан чиқмас бўлди.
Улар бизнинг кўз ўнгимизда тирик тарихга айландилар…
R.S. Исмат Хушевнинг шахсий архивидаги бу суратлар матбуотда биринчи маротаба эълон қилинмоқда
10 январь, 2015 йил,
Торонто шаҳри, Канада