Исмат ХУШЕВ: ЎЗБЕКИСТОНДА РЎЗА ОЙИ БОШЛАНДИМИ?
2015 йил — қарияларни эъзозлаш йили деб эълон қилинган президент Фармони мамлакатда шоду- хуррамлик билан кутиб олинган эди. Лекин бу қувонч узоққа чўзилмади. Нега?
Қарияларни эъзозлаш йилида уларга рўза тутиш тавсия қилинмоқда…
Муҳожиротдаги ўзбек журналисти шарҳи
1.
Маълумки, ўтган йилнинг охирги ойида Ўзбекистон Президенти томонидан 2015 -йил қарияларни эъзозлаш йили деб эълон қилинган эди.
Бундан ўн йил бурун ҳам «Қарияларни қадрлаш йили» нишонланган бўлишига қарамай, марҳаматли Президентимиз унинг натижасидан кўнгли тўлмаган шекилли, 2015 — йилда ҳам қарияларнинг астойдил кўнглини овлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган кўринади.
Биринчидан, 2015 йил — Президент сайлови йили. Бу сайловга муҳтарам Президентимиз тўртинчи бор белни маҳкам боғлаб тушаётирлар. Ҳолбуки, бу майдонда паҳлавон отахонимиз билан беллашадиган азаматнинг ўзи йўқ. Бори ҳам, жамики куч ғайратини тилига тўплаб, отамизнинг ўзларига овоз беришга бел боғлаб туришибди.
Иккинчидан, қайта қайта Президент бўлаверишдан ҳориб чарчамаган, чорак асрдан бўён халқ тавиши билан куйиб ёниб келаётган юртбошининг ўзлари ҳам аллақачон қариялар сафига ўтганлари сир эмас.
Куни кеча Ислом отамиз муборак 78 ёшни ҳам омон эсон қарши олдилар.
Энди у кишининг пенсия пулига эҳтиёжлари борми йўқми, мен буни айтолмайман. Бироқ, мамлакатда уч миллиондан ортиқ одам фақат пенсия пулига кўз тикиб яшашини яхши биламан.
Президент отамиз уларни – яна Президент бўлиб сайланадиган шу муборак йилда бир шоду хуррам қилиб — кўнглини олишни юракка туккан бўлсалар, не ажаб?
Бироқ, яхши ният ярим мол деганлар. Бу гапда ҳам маъно бисёр кўринади. Ўлгур ярим молнинг калласи бўлса, думи йўқ, думи бўлса, оёғи йўқ.
Президент орзу қилади, ўйлайди.
Лекин – Бош вазир буни хоҳласа қилади, хоҳламаса – йўқ…
2.
2015 йилда – Президент отамизнинг яна ўз жойларига қайта сайланишларига зинҳор шубҳа бўлмаса-да, у кишига ворисликни аллақачон кўнгилга тугиб олган Бош вазир – янги йилнинг дастлабки ойидаёқ ўз креслосини омон эсон сақлаб қола олди.
Энди бу — сал кам уч миллионлик дардисар пенсионерлар билан у кишининг қанчалик иши бор?
Ҳолбуки, пенсионерларнинг ярмидан кўпи, асосан қишлоқ регионидагилари — ҳали ўтган йилги пенсияларини ҳам ололганлари йўқ.
Ўтган йили эса — соғлом болалар йили эди. «Соғлом» боланинг эса — шалпайган қария билан нима иши бор?
Бироқ, қарияларни эъзозлаш йилининг ҳам мана иккинчи ойи ўтиб боряпти. Ваъда қилинган эъзоздан эса ҳануз дарак йўқ. Ҳатто унинг шамоли ҳам эсмаяпти.
Қариялар пенсияни сўроқлаб, идоралар эшигини қайта қайта тақилатган билан фойдаси йўқ. Бош вазирга бу тақиллатишлар етиб бормайди.
Унинг эшиклари қават қават…
3.
Айтишларича, кексаларни эъзозлаш йилида қарияларга биринчи ғамхўрлик сифатида – уларга рўза тутиш тавсия қилинган эмиш.
Хуллас, пенсияси ўлда жўлда қолган отахон ва онахонларга сабр-тоқат тилашдан ўзга чорамиз йўқ. Чунки, пенсия таъминоти — социал таъминот вазирлигидан аллақачон олиб ташланиб, Молия вазирлиги ихтиёрига ўтказилган. Энди уни «Пенсия фонди» деб атайдилар.
Фонднинг вазифаси эса фақат пул тарқатиш эмас, аксинча пул йииғшдан иборат. Пул қаёқдан келади?
Асосий пул мамлакатнинг ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ. Ишлаб чиқаришнинг бугунги аҳволи эса ҳаммамизга маълум. Буни муҳтарам қарияларнинг ўзлари ҳам яхши билишади.
Хуллас, пенсия пули ҳам ўлиб бўлди.
Пахта планини ошириб бажардик — деҳқонда пул йўқ.
Пилла, ғалла планлари ҳам оширилиб бажарилди — лекин банкда пул йўқ.
Маржонбулоқ тилло кони талон тарож қилиняпти – давлат хазинасида пул йўқ.
Пули бор соҳа эгалари, бизнес оламининг жамики пулдор «хўжайин» ва «соҳиб»лари хонавайрон қилинди. Энди навбат тиш духтирларига келди.
Бугун куч ишлатар соҳа ходимлари Ўзбекистоннинг жамики тиш духтирларининг «тишини суғиряпти» Нега?
Негаки – энди улар давлат хазинасини тўлдириши керак…
4.
Қанчадан қанча завод фабрикаларни сотиб еб бўлишди. Ишлаб турганлари эса – аллақачон казо казолар томонидан бўлиб олинган.
Масалан, мамлакат хазинасига пул туширадиган энг йирик корхоналардан бири – Асака автомобиль заводи бўлса, уни автомобилчилар «шайкаси» аллақачон эгаллаб улгурган. Бу уларнинг онасининг маҳрига тушган: Ҳохласа — сотади, хоҳламаса — йўқ.
Олти ой, бир йил олдин пулини тўлаб қўйсангиз ҳам — машинадан дарак йўқ. Хоҳласалар — берадилар, хоҳламасалар — йўқ.
Мана Сизга бир мисол: Ўзбекистонда қанча ҳувиллаб қолган майдон бўлса, дарвозасигача пломбаси олинмаган янги автомашиналар тирбанд қилиб териб ташланган.
Уни нега сотмайсизлар деб юқоридан сўрашса — олувчи йўқ дейишади, пастдан сўрасалар — аввал шапкасини чўзинг дейишади.
Бундан давлат хазинаси – ўпирилаяпти…
5.
Антон Чехов бобо қаҳрамони бир ҳикоясида таъкидлаганидек, унинг ўзи тугул, ҳатто ити ҳам: пирашка ейми, колбаса ейми? – деб турган бир пайтда бизда одамлар қандай яшаяпти деб бош қотирадиган одамнинг ўзи йўқ.
Бу ерда халқ бармоғини сўриб ётибди…
6.
Бу можародан биринчи навбатда пенсионер қариялар озор чекишаётгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Бундай маш-машалар эса бугун жонажон Ўзбекистонимизда жуда кўп.
Президентимиз ўз сайлов ташвишлари билан овора. Президент сайлови – бир киши қайта қайта сайланишидан қатъий назар — катта ўйин, катта синов!
Пенсиялар учун асосий жавобгар бўлган Бош вазир жаноблари эса — ўз ғалабасининг тантанаси билан маст.
Тантана қилмай бўладими? Мамлакатнинг ярми оч ва ялонғоч юрган бир пайтда у киши яна Бош вазир этиб сайланди, ахир!
Хуллас — оч билан тўқнинг нима иши бор?!
Бир сўз билан айтганда — қариялар йилида қариялар учун рўза тутишдан ўзга чора қолмади.
Бу ҳам ўзбекона ғамхўрликнинг бир кўриниши бўлса, ажаб эмас…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири
Торонто шаҳри, Канада
15 февраль, 2015 йил.
Исмат ака, сизни ортикча макташга хожат йук дейману АММО, МАРДЛИГИНГИЗ ХАЛК ВА ВАТАН МАНФААТИНИ УЗ МАНФААТИНГИЗДАН УСТУН ТУТАЁТГАНИНГИЗ, ЮУЗДАГИ ЁШ ВА ЮРАК КОНИ БИЛАН ЁЗГАН ДАРДЛИ МАКОЛАНГИДАН КЕЙИН МАКТАМАЙ, БОШ ЭГМАЙ БУЛАДИМИ? УША МИРЗИЁЕВ ВА ГУРУХИ СИЗГА АЙТГАН МАНСАБИНГИЗНИ БЕРИШГА ТАЙЁР, АММО СОТКИНЛИК СИЗНИНГ ТОМИРИНГИЗДА ХАМ ЙУК, ПАЛАК ТОЗА “АЙБ” СИЗДА ЭМАС! МЕНИНГ БУРИТОШ АКАМ ХАМ АСЛ ХОЛИГА КАЙТДИЛАР, УFРИЛАР БАЗМИ АВЖИДА “САТАНИНСКИЙ БАЛ” ТУГАШИ КЕРАК-КУ! НАХОТКИ БУ ЎЗБЕКИСТОН ОЛИЙ РАҲБАРИЯТИДА БИРОН БИР ВИЖДОНИ БОРИ ВА ТОЗАСИ ҚОЛМАГАН БЎЛСА?