Исмат ХУШЕВ: ЎЗБЕК МУХОЛИФАТИНИНГ БИР ОЙЛИК ҚУВОНЧИ ТУГАБ, ЭНДИ ЎЗИ «КОМА»ГА ТУШДИ — КАРИМОВ СОППА-СОҒ ЭКАН…
Ислом Карим «тирилди» яна,
Ғанимларни қолдириб доғда.
Бўлиб ўтди катта тантана
Қарши, Термиз аталган боғда…
1.
Кейинги пайтларда «Ўзбекистон Халқ ҳаракати» ўзининг «Ўзбекистон Олий раҳбарияти ва Президент атрофидаги ишончли манбалари» га таяниб, бир неча маротаба Ислом Каримовнинг ногаҳоной «инсульт олгани» ва «комада ётгани»ни, бир сўз билан айтганда — унинг эрта индин муқаррар «ўлим» топишини башорат қилиб, мақолалар эълон қилди.
Ҳар гал бундай мақолалардан кейин дунё матбуотида Ислом Каримовнинг орзиқиб кутилган «ўлими» муносабати билан кўз кўриб, қулоқ эшитмаган турли шов шув ва ваҳималар, Ўзбекистон ҳаётига оид ҳар хил тахмин ва башоратлар ёмғирдан кейинги қўзиқориндай кўпайиб кетади.
«Озодлик» ва «ББС» да Муҳаммад Солиҳ жаноблари бу «хабар»га ўзича шарҳ берган бўлади. Бутун дунё сиёсатчи ва таҳлилчилари бу ташвишли хабарга ўз муносабатларини билдира бошлашади.
2013 йилнинг март ойи охирларида ҳам ЎХҲ айни мазмундаги мақолани эълон қилган эди. Мана энди орадан икки йил ўтар ўтмас, 2015 йилнинг январь ва февраль ойларида навбатдаги «башорат» эълон қилинди.
Ислом Каримов «ўлими» нинг аянчли манзараси ва ундан кейинги ҳокимият учун бўлажак беомон жанг тафсилотлари – Ўзбекистон Президентининг у ёки бу йиғилишдаги соғлом кўриниши, ўктам ва дадил руҳдаги маърўзасидан сўнг тақа-тақ тўхтайди.
Олдин ҳам шундай бўлган, ҳозир ҳам шундай бўлди.
Кечагина ЎХҲ манбасига таяниб, Ислом Каримовни у гўрдан олиб, бу гўрга солган дунё ахборот воситалари ўша заҳотиёқ Ўзбекистон Президентининг соғ-саломат эканлигини чексиз афсус ва надомат билан тан олишга мажбур бўлишди.
Лекин бирор киши Ислом Каримовни «кома»га туширган ва яқин кунларда ўлимини башорат қилган «Ўзбекистон Халқ Ҳаракати» ва унинг «ишончли манбалари» шаънига бир оғиз ҳам муносабат билдирмади…
2.
Муқаддас Ҳадисларимизда: «Бировга ўлим тилагунча – ўзингга умр тила!» деган ҳикматли сўз бор.
Ислом дунёси ва Муҳаммад Пайғамбар асарлари билимдони Муҳаммад Солиҳ жаноблари наҳот буни билмаса?
Яхши билади. Лекин ўз сиёсий амбицияси йўлида, нафақат ўз принципларига, балки Муқаддас Ҳадис оятларига ҳам тупуришга тайёр у…
3.
Муҳаммад Солиҳ менга бир пайтлар «Подшо эркатойининг саргузаштлари» номли сиёсий хотираларимни нашр қилиши муносабати билан ёзган хатида: «Сиёсатчи одам ўз рақиблари ҳақида ҳам фақат тўғри ва рост гапларни ёзиши керак. Ҳеч қачон — нафақат дўстингизга, ҳатто душманингизга ҳам тўҳмат қилманг!» деб яхши ва ибратли сўзларни битган эди.
Лекин «Домланинг айтганини қилу, қилганини қилма» деганларидек, ҳаёт бошқа, таълимот бошқа экан…
4.
Муҳаммад Солиҳнинг навбатдаги «башорати»га муносабат билдирган Россиядаги «Росбалт» ахборот агентлиги Ислом Каримов ўлими – Ўзбекистон учун Сталиннинг ўлими каби оламшумул аҳамият касб этишини башорат қилган…
Бу — Ислом Каримов нафақат Ўзбекистон учун, балки дунё лидерлари орасида ҳам тан олинган катта шахс эканини билдиради.
Балки Сталиндан кейин бу кишининг ўлими ростдан ҳам кейинги энг катта воқеа бўлиши мумкин…
5.
Аслида дунё тан олган таниқли давлат арбобларининг ҳаёти — бутун дунё учун алоҳида аҳамият касб этади. Президент ва Давлат раҳбарларининг дам олишга кетган кун ва соатларигача эълон қилинади. Уларнинг қачон ётиб, қачон туришигача, ҳар бир қадамини халқ кузатиб туради. Бу табиий ҳодиса.
Шулар ҳақида ўйлар эканман, Рим папасининг ҳаётига оид бир воқеа ёдимга тушади.
Ўтган асрдаги Рим папасининг оғир бетоблигини билган дунёдаги энг пешқадам ахборот воситаси вакиллари у ҳақдаги хабарни биринчи бўлиб дунёга ёйиш учун унинг деразаси остида туну кун навбатчилик ташкил қилишади.
Саройга кириб чиқиб юрган бир журналист Рим папаси ҳамшираларидан бирини қўлга олади: «Агар бир форточкани очсанг, ҳаммаси жойида, биратўла иккала форточкани ҳам очиб юборсанг, у ўлган бўлади» деб ҳамшира билан келишиб олишади.
Рим папаси ётган палатани тозалаб юрган фаррош билмай иккала форточкани ҳам очиб юборганини кўрган журналист ўша заҳотиёқ бу тун дунёга унинг ўлимини эълон қилиб юборган.
Шунда бу хабарни ўқиган Рим папаси: «Мен дунёда ўз некрологини ўқиган якаю ягона папаман!» деб ҳазиллашганини то ҳануз ҳамксбларимиз ҳазил билан айтиб юришади…
Худди шундай бўлгани каби, Ислом Каримов ҳам ўзининг « комада ётганлигини» ўзи ўқиб, унчалик хурсанд бўлмаган бўлса керак…
6.
Хуллас, давлат раҳбарининг «кома»да ётганини эълон қилиш — бу жуда жиддий масала.
Агар сиёсатни бир четга қўйиб, Мусулмончиликдан келиб чиқадиган бўлсак ҳам, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати бировга ўлим тилаб, аслида ўз ўлимини топди.
Ёки бошқача айтадиган бўлсак, улар Президентга ўлим тилаб — катта хато қилишди, ютқазишди.
Ҳақиқий сиёсатчилар – бундай қилмаслиги керак. Улар ўз сиёсий рақибларига ўлим тилаш ўрнига, улар билан ҳалол ва мардона курашишлари керак эди…
7.
«Дунё ўзбеклари»нинг ҳам Президентни безовта қилган, уни ранжитган жойлари йўқ эмас.
«Афлотун менинг дўстим, лекин ҳақиқат ундан азизроқ»деганларидек, Бизга ҳам Президент жуда яқин. Лекин адолат ундан устунроқ ва азизроқдир.
Шу маънода биз шахсан Президент кандидатураси бўлмиш — Бош вазир Шавкат Мирзиёев ҳақида унинг ажабтовур жиноятлардан иборат бўлган сиёсий портретини эълон қилаяпмиз…
8.
Хуллас, Ўзбекистон Либерал Демократик партия йиғилишида сўзга чиқиб, сўнг Қарши ва Термизда элга кўриниш берган Ислом Каримов ўзининг ҳар доимгидан кўра ҳам тетик эканини намойиш қилди.
Бу воқеа образли қилиб айтганда — Минг қарғага бир тош бўлди. Қарға қарғанинг аслида кўзини ҳам чўқимайди…
Шу билан қарғалар батамом учиб, даф бўлдими? Йўқ, улар ўзларининг тор ва қоронғу катагига кириб кетдилар.
Энди улар бу катакдан мўлтираб, Ислом Каримовнинг ниҳоят ҳақиқий ва муқаррар ўлим топишини кутаётирлар…
9.
Ислом ака.
Сиз душманларингизни бир ой қувонтирдингиз.
Яна бир ой «кома»да ётганингизда яхши бўларди.
Унда нафақат мухолифатни, балки атрофингиздаги шогирдларингизни, хусусан Бош вазир жаноблари билан ёнингиздаги баъзи Давлат маслаҳатчиларингизни ҳам яхшилаб элакдан ўтказиб олган бўлардингиз…
10.
Энди икки оғиз сўз – Президент матбуот хизмати хусусида.
Балки қарғалар хоҳишини бажо қилиб, «ўлишни истамаган» Ислом Каримовга сиҳат саломатлик тилаймиз, қарғаларга қасдма қасд — узоқ умр кўришини Яратгандан сўраб қоламиз.
Бироқ шу муносабат билан Президент хизмати доирасидаги вас-васага керосин сепган айрим масъул шахсларга айтадиган гапларимиз бор: Эй, Сиз — Президент ҳаётига ва ахборотига жавобгар бўлган жаноблар.
Сиз отнинг калласидай ойликни аслида нимаган оласиз?
Президент Девонининг яп янги ва ярақлаган энг сўнгги русумдаги «Мерседес» машиналарида шаҳарни гумбурлатиб юришинингизнинг боиси нимада?
Қайси жойга борсангиз ёки телефон қопсангиз: «Мен президентнинг палончисиман» деб ўкиришни биласиз.
Хориждаги аламзада мухолифат «Президентнинг ҳаёти хавф остида, у комада ётибди!» деб бор овози билан дунёга жар солса, Сиз нега уларга жавоб беришга ожизлик қиласиз?
11.
Аслида Президент бу ерда ўз «служба»сидан хафа бўлиши керак.
Улар ҳатто «Озодлик» радиосининг қўнғироғига ҳам: «Бу бизга тааллуқли хабар эмас!» деб жавоб беришибди.
Наҳотки мамалакат раҳбарига оид ҳодиса – Сизларга тааллуқли бўлмаса?
Бу аслида Президент ва Ўзбекистон ахбороти соҳасининг мутасаддиси бўлган Давлат маслаҳатчисининг аллақачон абадий «комада» ётганлигини кўрсатади.
Наҳотки Президент матбуот хизматининг вазифасини «комада ётиб» ҳам бажаравериш мумкин бўлса?
Сиз бу мунофиқлик ва лоқайдлик «кома»сидан қачон кўзингизни очасиз?
12.
Мухолифат берган гувоҳлик,
Бугун ёлғон, эртага ростдир.
Бу дунёдан бир кун кетмоқлик,
Яратгандан — бизга меросдир…
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ва унинг орзуманд лидери бир кун келиб ўз орзусига етади албатта.
Ҳеч ким ва ҳеч нарса бу дунёда мангу эмас.
Бу бевафо дунёни эрта бир кун нафақат Ислом Каримов, балки ҳаммамиз ҳам бирин кетин ташлаб кетамиз.
Биров эрта, биров кеч.
Ҳамма гап бу дунёда қандай ном қолдириш ва яшаб ўтишга боғлиқ.
Яширмайман, Ислом Каримовнинг хато ва камчиликлари кўп: Адолат ва диёнат оёқ ости бўлди. Мухолифат ҳибс ва хорижга қувғин қилинди. Бунинг оқибатида коррупция ва порахўрлик давлат тизимини тамомила чирмаб олди.
Матбуот манқуртлашди.
Ҳақиқий ва эркин сайловларни энди фақат туш кўргандагидай орзу қилиш мумкин, холос…
Лекин шунда ҳам давлат раҳбарига ўлим тиламай, у билан — унинг тоталитар тузуми ва сиёсати билан очиқ ва ошкора курашиш керак.
Шу маънода мен Ислом Каримовга ҳам, Муҳаммад Солиҳга ҳам фақат узоқ умр тилаб қоламан.
Вақт ва Яратган Эгам ўзи ҳамма нарсага ва ҳар бир ҳаракатга муносиб жавоб бергувчидир…
Исмат Хушев,
Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
19-20 февраль, 2015 йил,
Торонто шаҳри, Канада
ЭПИКУР: — ФАҚАТ, ЙИҚИЛГАННИ ТУРҒАЗИШ УЧУНГИНА ЭГИЛ…
100 foiz haqsiz, qoyil!
Борини бордек, йугини эса йукдек курсатгансиз! Ушбу булаётган «уйинлар», сохта комалар, сохта садокатлар, сохта бош вазир ва хокозолар беш кунлик дунёда хаммадан кура сизнинг жонингизга купрок тегаяпди, юрагингизни конга ботирмокда! Юртнинг казолари эса «СЕН БУЛМАСАНГ БОШКАСИ» ашуласига жур булишмокда. Шавкат Рахмон ёзганидек «ЖАЛЛОД КИЛИЧИН КАЙРАЁТГАН ЧОF, ХАЛОЙИК ЁТАРДИ ШИРИН УЙКУДА»! Милиция яна халкни якинлаштирмаяпди, одамлар учрашувга тайёрланаяпди, сохта сайловлар! Аслида ХАЛК комада! ОФАРИН ЮРАГИНГИЗГА!
Ҳурматли Исмат Хушев! Ўзингиз буларни қўлидан байроқни олмасангиз булмайди. Улар ўз ёғига ўзи қоврилиб қолди.
Хақиқатдан хам бу хабар чекка қишлоқларга етиб келганди. Биз хам эшитиб хавотирда эдик. Президентни илк твда чиқишини эса эски маълумот деб ўзини оқламоқчи бўлди, айрим ОАВлар. Сиз хақиқатни айтгансиз Исмат ака узбек матбуоти шу хабарларга изоҳ берганда буларди. Мухолифатга келсак бундан олдин ҳам бир шунақа гап қилганди. Ўзбекистонда уларни кўпчилик билмайди хам. Лекин Сизни яхши биламиз, Исмат ака!
Ismat aka, sizga koeil, juda ajoeib inson ekansiz, xakikat yuilida xech kimni ayamasdan tankid kilar ekansiz, kani endi barcha muholifatchilarimiz siz kabi bulishganda edi, eki sizdan ozgina bulsa xam urnak olishganda edi, uzbek xalkining va uzbek davlatining takdiri umuman boshkacha bulgan bular edi, bugungi kuniga nisbatan. Ismat aka siz M.Solih xakida mutlok xakikatni ezgansiz, man sizni barcha gaplarizga 100% kushilaman, aeniksa mana bu ezgan gaplariz juda urinli:
( Лекин ўз сиёсий амбицияси йўлида, нафақат ўз принципларига, балки Муқаддас Ҳадис оятларига ҳам тупуришга тайёр у… ), mana shu gaplariz juda xakikat, gap uz egasini juda tugri topgan. Ismat aka uzbek xalkini va uzbek davlatini mana shu bugungi axvolga tushishiga aksariyat muholifatchilar shu jumladan M.Solih ham sababchidar, bu mani shaxsiy fikrim. ezae desam gap kop Ismat aka, siz doimo sog va omon buling, ilojisi boricha xar doim achchik hakikatni ezib turing. Raxmat sizga Ismat aka.