• Сб. Ноя 8th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон Президентига мактублар (2)

Июн 10, 2012
Ўзбекистон Президентига мактублар (2)
Ўзбекистон Президентига мактублар (2)

Исмат Хушев

Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!

Тошкент шаҳрида прописка тизимининг йўлга қўйилиши муносабати билан пойтахтда содир бўлаётган кўзбўямачилик ва лўттибозликлардан Сизни хабардор қилиш ниятида номингизга ушбу мактубни битишга мажбур бўлдим.

Вазирлар Маҳкамасининг Қарори асосида Ички Ишлар вазири Буйруғига биноан шу йилнинг 14 майидан эътиборан Тошкент шаҳрига прописка қилиш ишлари бошлаб юборилганидан хабарингиз бўлса керак.

Лекин мамлакат хавфсизлигига масъул ёрдамчиларингиз ҳукумат қабул қилган бу Фармойиш боис фуқаролар кўнглида Президентга нисбатан пайдо бўлаётган норозиликлардан Сизни огоҳ этишмаётган бўлса керак деган хавотир бор менинг кўнглимда.

Ҳукумат қабул қилган бу Қарорга кўра энди пойтахтда прописка қилиш икки штамп яъни муҳр асосида амалга оширилар экан. Биринчи муҳр – азалий тошкентликлар ҳужжатига қўйиларкан. Иккинчи муҳр эса Тошкентга янги келган яшовчилар паспортига босиларкан.

Миршаблар истаган одамнинг паспортига қараб, унинг пойтахтликми ё бу ерга яқинда келганми — дарҳол аниқлаб олишлари ва шунга қараб у билан икки хил муомалада бўлишлари мумкин.

“Азалий тошкентлик” деган мақомни ёки бошқача айтганда “асли тошкентликсан!” деган муҳрни Ўзбекистон фуқароларига бериш ҳуқуқига эга Ички ишлар вазирлигининг паспорт бўлимидаги мулозимларингиз бугун салкам ҳукумат ва давлат раҳбарига айланиб қолишди десам, “Исматжон яна маҳоват қиляпти” деб ўйламанг…

Ислом ака!

Ўзингиз очиқкўнгил ва тўғри гапни эркакча шартта юзга айтадиган жўмард одамсиз. Мен ҳам Сизга гапни айлантирмай тўғрисини очиқ ойдин айта қолай: Шундоғам порахўрлик урчиб кетган бу вазирлик идорасига ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига яна бир — энг катта порахўрлик имконини бериш керакмиди?

Умуман, Ўзбекистон фуқароларини икки хил сортга ажратиш давлатимизга нега керак бўлиб қолди?

Бугун “Дунё ўзбеклари” газетасига етиб келаётган хат хабарлар кишини ажиб ҳайрат ва ҳасратларга ошно этади.

Биз уларнинг ялиниб ёлворишларини инобатга олиб, ном ва аниқ манзилларини ошкор этиш имконидан маҳруммиз.

Лекин бугун бизда кўнгилга таскин ва умид берадиган якка-ю, ёлғиз бошқа бир имкон бор: Уларнинг бу арз-у, додларини Сизга – Ўзбекистон Президентига етказишдек масъулиятли ва шарафли, айни пайтда – хайрли ва савобли бир имкон!

Ислом Абдуғаниевич!

Мен ҳали хорижга кетмай туриб мамлакатда кузатган бир ҳолатни Сизга айтиб бермоқчиман.

Ўзбекистондаги ҳар бир туман, шаҳар ва вилоят пойтахтидаги мулозимларингизнинг аксарияти ўзлари ва фарзандлари учун Тошкентдан аллақачон уй — жой сотиб олиб қўйганларидан хабарим бор эди.

Бу борада Тошкентдаги – ҳукумат ва давлат идораларидаги амалдорларни айтмай қўяверсам ҳам бўлаверади.

Буни ўзингиз ҳам мендан яхшироқ билсангиз керак деган умиддаман.

Мен ўзим билган қатор мулозимларнинг бу каби ҳатти ҳаракатларини бугун элга ошкор этиб, уларнинг ўринли маломатларига нишон бўлиш фикридан йироқман.

Фақат демоқчиманки, мен хорижга кетган беш олти йил ичидан уларнинг сони ошса ошганки, асло камаймаган.

Ростини айтсам, Ислом ака, мен баъзан тошкентликларнинг сабру қаноатига, асаб ва бардошига қойил қоламан, тасаннолар айтаман…

Ким пойтахтга ҳоким бўлса, энг аввал ўзини ўйлайди, тошкентликлар ва Тошкент ҳисобидан бойишни ўйлайди.

То ҳануз бирортаси ҳам обрў эътибор топмаган бу ҳоким ва ҳокимчалар Тошкент ва унинг атрофидаги ерларни, энг сўлим гўшаларни сотиб пул қилишганини бугун халқ билмайди деб ўйлаш соддалик бўлур эди.

Еб тўймас бу ҳокимлар пойтахтдаги не-не савдо иншоот (обьект) ларни, машина тўхташ жойи (автостоянка) ва бензин қўйиш шоҳобчалари (заправка) ларни сотишмади дейсиз.

Лекин барибир тўйишмабди, шекилли, мана энди пул топишнинг яна бир янги ва антиқа усулини (прописка ёрдамида) ўйлаб топишибди.

Наҳот улар ўзларининг бу жиноий ишлари, бу ножўя ҳатти ҳаракатлари эрта бир кун ошкор бўлишидан қўрқмасалар?

Наҳот шу каби қинғир ишлари боис кўп йиллик фаолияти бешон ва бенишон бўлиб, ҳибс ва маҳкамага юз тутган собиқ Тошкент ҳокимларининг аччиқ ва аламли қисмати янги келган раҳбарларни ҳам ҳушёрроқ бўлишга ундамаса?

Тошкентдан ўзи тугул, бола-чақаси ва қуда-андаларигача уй-жой (баъзилар ҳатто бутун бир квартал ва маҳалларгача) сотиб олган бойваччалар борлигини мен яхши биламан.

Хўш, ана энди ўйлаб кўрайлик. Мен юқорида тилган олган мулозимлар шунча миллион сўмлик ҳовли жой ва уйни сотиб олишган бўлса, энди бу турар жойнинг қонуний мақоми бўлган лаънати ва аслида умуман кераксиз “пропискаси” учун пулни аяшлари мумкинми?

Йўқ, албатта!

Яна ким куйиб, хонавайрон бўлади? Шўринг қурғур оддий фуқаро!

Яна бир гап, Ислом ака!

Мен Сизга мурожаат қилишдан олдин Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан боғланиб, бу борада уларнинг ҳам фикрларини билишга ҳаракат қилдим.

Бунинг учун Тошкентдаги “Дунё ўзбеклари” мухбирларидан шаҳар ҳокимияти телефонларини менга топиб беришларини илтимос қилдим. Мен мурожаат қилган манбалар биласизми нима деб жавоб қилишди? “Тошкент шаҳар ҳокимиятининг телефон рақамлари фуқаролар учун берилмас эмиш!”

Ростини айтсам, Ислом ака, мен бир пайтлар шунга ўхшаш хабарларни “Озодлик” радиосидан эшитганимда унга ишонмаган, хориж радиосидаги ҳамкасбларим бир оз маҳоват қилишяпти деб ўйлаган эдим.

Лекин ўзим Тошкентдаги ўз мухбирларимдан эшитган бу хабардан даҳшатга тушдим!

Шаҳар ҳокимлиги ким учун хизмат қилади?

Унинг телефон рақамлари фуқароларга берилмаса, шикоят қилиб борганлар учун унинг эшиклари очилмаса, оддий халқни қабул қилиш йўлга қўйилмаган бўлса, бу нима деган гап?!

Наҳот Сиздек талабчан ва қаттиққўл юртбоши Президент бўлган мамлакатда шундай ҳол юз бериши мумкин бўлса? Рус тилида буни “абсурд!” ёки “нонсенс!” дейишади-ку!

Биз яшаган ва билган Ўзбекистонда бундай адолатсизлик ва ноҳақликларга йўл қўйилмас эди-ку! Бундай бемаъни ва шармандали ҳоллар йўқ эди-ку! Сизга нима бўлди, Ислом ака?!

Биламан, мен бугун Канададан туриб номингизга “Дунё ўзбеклари”да эълон қилган мақола, эртаси куниёқ Сизнинг столингизда пайдо бўлади. Сиз хориждаги мухолифат сайтларини кузатиб бораётган хавфсизлик тизимидаги мулозимларингизга бу каби топшириқларни аллақачон бериб қўйганингизни яхши биламан.

Тошкентдан етиб келаётган маълумот ва манбаларга таянган ҳолда бу гапни бугун комил ишонч билан Сизга айтарканман, хавфсизлик хизмати ходимлари столингизга қўйиб қўйган мақоладаги ушбу башоратларимни ўқиб, ҳатто мийиғингизда беихтиёр жилмайиб қўйишингизни ҳам тасаввур қилаяпман…

Ислом ака! Тошкентга “прописка” аслида керак эмас эди. Майли, биз ҳали Канада давлатичалик ривожланиш босқичига етганимиз йўқ.

Модомики, уни жорий қилган экансиз, марҳамат қилиб энди уни амалга ошираётган мулозимлар фаолиятини ҳам назорат қилиш керак бўлади.

Куни кеча порахўрлик қилиб қамалган Шаҳрисабз ҳокими Ўктам Хидиров, Жиззах вилоят адлия Бошқармаси бошлиғи Шавкат Ҳақназаров, Элёр Ғаниев бош бўлган вазирликнинг қатор мулозимлари (бу ҳақда негадир матбуот жим) ва бошқа кун ора ҳибсга олинаётган амалдорларнинг аччиқ қисмати Тошкент шаҳрига прописка қилувчи амалдорларни ҳам ҳушёрроқ бўлишга чорлашини, улар Президент ва давлат ишончини оёқ ости қилиш оқибати ёмон бўлишини тезроқ англаб етишларини истардим…

Сизга ҳурмат ва эҳтиром билан, олис Канададан Исмат Хушев.

10 июнь, 2012 йил, Торонто шаҳри.

4 комментария к «Ўзбекистон Президентига мактублар (2)»
  1. В вольчем стае волчьи законы закон джунгли скоро съедят старого вожака вокруг шакали только и ждут

  2. Ҳурматли Исмат Хушев! Сизни тушуниш мумкин, бир пайтлар диктатор Каримовга яқин бўлгансиз. Аммо шуни унутмангики, балиқ бошидан сасиган. Яъни, Сиз Ислом ака дея қуллуқ қилаётган шахс Ўзбекистондаги бутун ёмонликларнинг асосий сабабчисидир. Бу диктаторнинг зулм тузуми ўзгармасдан ватанимизда ҳеч бир ижобий ўзгариш бўлмайди….

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *